ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Ўрта таълим /

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги футбол мактаблари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.09.2023 й. 458-сон карорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 9 сентябрдаги

458-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги

футбол мактаблари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

         

1. Ушбу Низом Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги футбол мактабларининг (кейинги ўринларда - футбол мактаби) мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Футбол мактаби спорт йўналишидаги мактабдан ташқари спорт-таълим муассасаси ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон футбол ассоциациясига ҳисобот беради.


3. Футбол мактаби ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда ўз уставига амал қилади.


4. Футбол мактаби Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва ҳудудий футбол ассоциацияларнинг идоравий мансуб ташкилоти ҳисобланади, ўз уставига, мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларида шахсий ҳисобварақларига, ўз номи кўрсатилган муҳрга, штампга ҳамда бланкаларга эга бўлади.


5. Футбол мактабининг асосий фаолияти болалар, ўсмирлар ва ёшларни жисмоний тарбия ва футбол билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, футбол захираси ва юқори маҳоратли футболчилар тайёрлаш бўйича спорт жараёнини ташкил этиш, шунингдек, спортнинг футбол тури бўйича спорт тайёргарлиги мутахассислари ўртасида касбий тажрибани алмашишга йўналтирилади.



2-БОБ. ФУТБОЛ МАКТАБИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ

       

6. Футбол мактабининг фаолияти Ўзбекистон футбол ассоциацияси муассислигида спорт йўналишидаги мактабдан ташқари спорт-таълим муассасаси шаклида ташкил этилади ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.


7. Футбол мактаби ўзининг спорт базаси, спорт жараёнини амалга ошириш учун зарур анжомлар, жиҳозлар, маъмурий, ёрдамчи хоналари, малакали раҳбарлар ва тренерлар таркибига эга бўлади.


8. Футбол мактабида футболчиларни тайёрлаш сифати юзасидан назорат Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан амалга оширилади.


9. Футбол мактабида спорт турлари бўйича бўлимлар сони тегишли молия йили учун ажратилган маблағлар доирасида футбол мактаби директори томонидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳудудий бўлинмалари билан келишилган ҳолда белгиланади.



3-БОБ. ФУТБОЛ МАКТАБИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

        

10. Қуйидагилар футбол мактабининг асосий вазифалари ҳисобланади:

юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни саралаб олиш (селекция) тизимини йўлга қўйиш, болалар ва ўсмирларни футбол билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш;

болалар ва ўсмирлар ўртасида уларнинг соғлиғини мустаҳкамлашга, ҳар томонлама жисмоний камол топиши ва соғлом турмуш тарзига интилишини шакллантиришга йўналтирилган спорт ва тарбиявий ишларни амалга ошириш;

болалар ва ўсмирларда футбол билан шуғулланиш қобилиятини эрта аниқлаш ва уларда футболга бўлган барқарор қизиқишни ривожлантириш;

футбол машғулотларини ўтказиш учун малакали тренерлар таркибини танлаш, ўқув-тарбия тизимини ташкил этишнинг энг янги усулларини қўллаган ҳолда, спорт захираси ва юқори маҳоратли футболчилар тайёрлаш юзасидан ўқув-машқ жараёнини йўлга қўйиш;

барча ёш тоифалари бўйича футбол академиялари ва клубларига маҳоратли спортчиларни етказиб бериш;

тажриба алмашиш мақсадида турли футбол ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, футболчиларнинг спорт маҳоратини, шунингдек, тренерлар ва бошқа мутахассисларнинг касб малакасини ошириш.



4-БОБ. ФУТБОЛ МАКТАБИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ

         

11. Футбол мактаби белгиланган тартибда:

ўқитиш ва тарбиялашнинг қонунчиликка зид бўлмаган шаклини, воситаларини ва усулларини танлаш;

юкланган вазифаларни бажариш юзасидан тадбирларни амалга ошириш учун мактабга бириктирилган моддий-техника базаси ва мол-мулкдан фойдаланиш;

футболга доир халқаро фаолиятни амалга ошириш, футбол мактаби тренерлари ва футболчиларининг трансфери бўйича хорижий спорт ташкилотлари билан шартномалар тузиш, биргаликда спорт тадбирлари, байрамлар, кўриклар, семинарлар ўтказиш ҳуқуқига эга.

Футбол мактаби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12. Футбол мактаби:

ўқув-машқ ва тарбия жараёнини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини, ходимлар ва футболчилар томонидан ўз мажбуриятлари, ўқув дастурлари ва топшириқлар бажарилишини таъминлаши;

футбол бўйича ўқув дастурлари талабларига ва ўқув режаларига мувофиқ ўқув-машқ ва тарбия жараёнини амалга ошириши;

ўқув-машқ жараёнини амалга ошириш даврида футбол мактабининг спортчилари ва ходимларининг хавфсизлигини таъминлаши;

ўқув-машқ ва тарбия жараёнини амалга ошириш юзасидан жорий назоратни, футболчиларни синовдан ўтказиш ва улар томонидан назорат нормативлари топширилишини таъминлаши;

футбол мактабининг моддий-техника базаси ва мол-мулки сақланишини ва улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаши шарт.

Футбол мактабига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.


13. Футбол мактаби қонунчиликда белгиланган тартибда:

ўқув-машқ жараёнида қўлланиладиган шакллари, усуллари ва уни ташкил этиш воситаларининг футболчиларнинг ёши билан боғлиқ руҳий-жисмоний хусусиятлари, қобилиятлари, қизиқишлари, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш талабларига муқобиллиги;

футболчилар ва ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиниши;

ўзига юкланган вазифаларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши учун жавоб беради.



5-БОБ. ФУТБОЛ МАКТАБИНИНГ СПОРТ

ГУРУҲЛАРИНИ ТЎЛДИРИШ

         

14. Футбол мактабига соғлиғида чекланишлари ва футбол билан шуғулланиш учун тиббий нуқсонлари бўлмаган болалар, ўсмирлар ва ёшлар қабул қилинади ва уларга ўқув машғулотлари учун тенг шароитлар яратилади.


15. Футбол мактабига ўқишга кираётган спортчининг аризаси ва унинг ота-онаси (ёки уларнинг ўрнини босадиган шахсларнинг) ёзма розилиги, яшаш жойи бўйича тиббиёт ташкилоти томонидан берилган унинг соғлиғи тўғрисидаги тиббий маълумотнома мавжуд бўлганда, мактаб директорининг буйруғи билан спортчи қабул қилинади.


16. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тайёргарлик босқичларига кўра футбол мактабига қабул қилиш учун спортчиларнинг энг кичик ёш нормативи тасдиқланади.


17. Футбол мактабида қуйидаги бўлимлар очилиши мумкин:

спорт-соғломлаштириш гуруҳлари ва бошланғич тайёргарлик гуруҳлари;

бошланғич тайёргарлик гуруҳларида камида бир йил зарур футбол тайёргарлигидан ўтган ҳамда спорт дастурларида белгиланган умумий ва махсус жисмоний тайёргарлик бўйича қабул учун норматив талабларни бажарган иқтидорли ва футбол билан шуғулланишга қодир бўлган болалар ва ўсмирлардан иборат футбол гуруҳлари;

футбол гуруҳларида тайёргарлик босқичидан ўтган ҳамда махсус жисмоний тайёргарлик бўйича қабул учун норматив талабларни бажарган ва тегишли футбол разрядига эга бўлган футболчилардан иборат футболда камолотга эришиш гуруҳлари.


18. Тайёргарлик босқичларига кўра футбол мактабидаги футбол гуруҳларининг энг кам сонини ва уларда шуғулланадиган спортчилар сонини (гуруҳнинг тўлиқлигини) белгилайдиган нормативлар, шунингдек, тайёргарлик босқичлари бўйича футболчиларнинг спорт маҳорати даражасига қўйиладиган талаблар Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан тасдиқланади.


19. Футболчиларнинг рўйхатдаги таркиби ва спорт тайёргарлиги босқичлари бўйича футбол мактабидаги спорт гуруҳлари сони ҳар йили (ўқув йили бошлангунга қадар) мактаб директори томонидан тасдиқланади. Ушбу ҳужжатлар маълумотлари асосида футбол мактаби раҳбарияти спорт ишлари режимининг йиллик соатлар ҳисобини амалга оширади ва мактаб ишларининг йиллик машғулот режасини тузади.

Футбол мактабининг спортда камолотга эришиш гуруҳлари сони, шунингдек, улардаги футболчилар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг ҳудудий ёшлар сиёсати ва спорт бошқармалари билан келишилади.


20. Футбол мактабининг ўқувчилари кейинги йилда юқори спорт тайёргарлиги босқичига машғулот муддатлари, улар томонидан умумий ва махсус жисмоний тайёргарлик бўйича назорат-ўтказиш нормативлари бажарилиши, соғлиғининг тиббий-биологик кўрсаткичлари асосида, шунингдек, тегишли футбол разряди мавжуд бўлганда, мактаб тренерлар кенгашининг қарори билан белгиланган тартибда ўтказилади.

Белгиланган талабларни бажармаган ўқувчилар юқори спорт тайёргарлиги босқичига ўтказилмайди. Шу билан бирга, уларга футбол мактаби директори ва тренерлар кенгашининг қарори билан спорт тайёргарлигининг айнан шу босқичида машғулотни давом эттириш имконияти берилиши мумкин.


21. Юқори гуруҳга ўтказиш учун белгиланган ёшга етмаган, бироқ машғулотнинг олдинги йилги дастурий талабларини бажарган айрим ўқувчилар тренерлар кенгашининг қарори билан ва шахсий тиббий рухсатнома асосида спорт гуруҳларининг юқори босқичига ўтказилиши мумкин. Ўтказиш футбол мактаби директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.


22. Ўқувчилар ўқув машғулотининг ҳар бир босқичидан кейин тегишли футбол гуруҳларига ўтказилади.


23. Ўқувчилар бошқа футбол мактабларига уларнинг аризаси асосида, шуғулланаётган футбол мактаблари раҳбариятининг ва унинг ота-оналари (ёки уларнинг ўрнини босадиган шахсларнинг) ёзма розилиги билан ўтказилади.



24. Ўқувчилар мактабдан қуйидаги тартибда чиқарилади:

бошқа спорт-таълим муассасасига, шу жумладан, ўқувчининг ўзининг ташаббуси билан ўтказилганда;

тиббиёт ташкилотларининг тегишли хулосалари билан тасдиқланган жисмоний юклама ва футбол билан шуғулланиш учун тиббий нуқсонлар аниқланганда;

тегишли спорт нормативлари талаблари бажарилмаганда, футбол натижаси пасайганда;

ўқув интизоми ва футбол мактабининг ички тартиб-қоидалари бузилганда, шу жумладан, маънавий ахлоқсизлик содир этилганда, спорт одоб-ахлоқи бузилганда;

спорт тайёргарлиги режими бузилганда, шу жумладан тақиқланган фармокологик ва наркотик воситалар қўлланилганда.

Ўқувчиларни соғлиғи вақтинча ёмон бўлган даврда ўқишдан четлатишга йўл қўйилмайди.

25. Футбол тайёргарлигининг барча босқичларидан ўтган ва белгиланган тартибда битирув нормативларини топширган ўқувчилар футбол мактаби битирувчилари ҳисобланади.

Футбол мактаби битирувчиларига уларнинг жисмоний сифатлари даражаси кўрсатилган ва келгусида спортда камолотга эришишга доир тавсиялар берилган футболчи картаси ҳамда спорт тайёргарлиги даражаси кўрсатилган ҳолда, белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади.



6-БОБ. МАШҒУЛОТ ЖАРАЁНИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ

          

26. Футбол мактабида машғулотлар ҳар йили 1 январдан бошланади.

Машғулот йилининг қанча вақт давом этиши футбол турининг хусусиятига, футбол мусобақалари тақвимига, футбол тайёргарлигининг даврийлаштирилишига боғлиқ бўлади ва футбол мактаби раҳбарияти томонидан спортнинг футбол тури учун якка тартибда белгиланиши мумкин.


27. Футболчилар билан спорт машғулотлари белгиланган тартибда тасдиқланган ва футбол тури бўйича тегишли спорт гуруҳи учун мўлжалланган машғулот дастурлари ва йиллик машғулот режаси бўйича ўтказилади.


28. Спорт машғулотлари жадвали болаларнинг ёш хусусиятлари ва белгиланган санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари ҳисобга олинган ҳолда, машқларнинг қулайроқ режимини, спортчиларнинг дам олишини, уларнинг таълим ташкилотларида ўқишини белгилаш мақсадида тренернинг тақдимномаси бўйича футбол мактаби маъмурияти томонидан тузилади.


29. Спорт машғулотларининг мазмуни тасдиқланган машғулот дастурларига мувофиқ бўлиши керак.


30. Спорт жараёни ўқитишнинг техник воситалари кенг қўлланилган, тиклаш тадбирлари ўтказилган ҳолда, футбол машқларини бажаришнинг замонавий методикаси асосида тренерлар томонидан амалга оширилади ҳамда машқлар ва мусобақаларда қатнашиш бирга қўшиб олиб борилиши негизида ташкил этилади.


31. Қуйидагилар футбол мактабида машғулот жараёнининг асосий шакллари ҳисобланади:

гуруҳларда ва якка тартибда спорт машғулотлари ва назарий машғулотлар;

спорт йиғинлари;

тиклаш, профилактика ва соғломлаштириш тадбирларини амалга ошириш, футболчиларни тиббий-биологик текшириш, психологик тест синовидан ўтказиш;

футболчиларнинг турли даражадаги мусобақалар ва ўйинли учрашувларда иштирокини ташкил этиш;

спорт-соғломлаштириш оромгоҳларида футболчилар билан машқ ўтказиш;

етакчи футболчилар иштирокида ўқув видеоёзувларини, кино дастурларни ҳамда футбол мусобақаларини кўриш ва таҳлил қилиш;

футболчиларнинг инструкторлик ва ҳакамлик амалиётини ўтказиш.


32. Спорт-соғломлаштириш йўналишидаги ва бошланғич тайёргарлик гуруҳларида бир спорт машғулотининг қанча давом этиши (машқ юкламаси ҳажми) икки академик соатдан ортиқ бўлмаслиги, футбол гуруҳларида эса - бир ҳафтада камида тўрт марта спорт машғулотлари ўтказилган ҳолда уч академик соатдан ортиқ бўлмаслиги керак. Юклама бир ҳафтада 24 соатни ва ундан кўпни ташкил этган гуруҳларда - тўрт академик соатни, бир кунда икки марта спорт машғулотлари ўтказилганда - уч академик соатни ташкил этади.


33. Футбол мактабида тренерлар таркибидан бригадалар ташкил этилиши мумкин. Бригадалар футболчиларни танлаш, футболчилар тайёрлашнинг замонавий талабларига мувофиқ кўп йиллик режали спорт ва тарбия жараёни амалга оширилишини ташкил этиш масалаларини ҳал этади.

Ўқув юкламаси, шунингдек, футболчиларнинг спорт натижалари бригаданинг барча аъзолари учун ҳисобланади. Бригаданинг ҳар бир аъзоси учун миқдор кўрсаткичлари бригада аъзоларининг умумий йиғилиши қарори билан белгиланади.


34. Республика ва халқаро мусобақаларда қатнашишга қўйилган жамоалар ва футболчиларни тайёрлаш мақсадида футбол мактаби спорт ишларига ажратилган маблағлар доирасида спорт йиғинларини ўтказиш ҳуқуқига эга.


35. Спорт йиғинларини ташкил этиш ва ўтказиш футбол мактабининг спорт-оммавий тадбирлар тақвими режасига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.


36. Спорт йиғинларининг вазифалари туман, вилоят, республика ва халқаро спорт тадбирлари тақвим режаси ҳисобга олинган ҳолда, футбол мактабларининг тренерлар кенгаши томонидан белгиланади. Спорт йиғинлари футболчиларнинг спорт маҳорати ошишини таъминлаши керак ҳамда муайян шароитларда ва машқ циклининг муайян даврларида ўтказилади.


37. Футбол мактаби турли футбол мусобақаларида ва жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда, шу жумладан, турли ташкилотлар томонидан ўтказиладиган халқаро мусобақалар ва тадбирларда тасдиқланган тақвим режага биноан ҳамда уларнинг регламентларига, низомларига ёки расмий таклиф этилишига мувофиқ қатнашади.


38. Спорт жараёни изчиллигини, футболчиларнинг спорт тайёргарлиги ва фаол дам олишини таъминлаш мақсадида таътил даврида футбол мактабида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари ташкил этади.


39. Спорт машғулотлари жараёнида футбол мактаби директори томонидан тасдиқланган режага мувофиқ футболчилар билан тарбиявий ишлар ташкил этилади. Футбол мактабининг тарбиявий ишлари спортчининг баркамол бўлишига кўмаклашади ва футболчиларда ватанпарварлик туйғуси, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга эҳтиёжни, ўз билимлари, малака ва кўникмаларини доимо тўлдириб боришни шакллантиришга йўналтирилади.



7-БОБ. ФУТБОЛ МАКТАБИНИ БОШҚАРИШ

           

40. Футбол мактабига Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳудудий бўлинмалари тавсиясига биноан Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.


41. Футбол мактаби директори олий маълумотли ҳамда жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларида камида беш йил иш стажига эга бўлган мутахассислар орасидан тайинланади.


42. Директор футбол мактаби ишларига умумий раҳбарлик қилади, унинг фаолияти юзасидан тўлиқ жавоб беради, тренерлар жамоаси билан биргаликда футбол мактабини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайди, давлат ва жамоатчилик ташкилотларида унинг манфаатларини ифодалайди, футбол мактаби хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган барча масалаларни ҳал қилади, ходимларни, шу жумладан тренерларни лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.


43. Футбол мактаби директорининг спорт ишлари бўйича ўринбосари ҳамда хўжалик ишлари бўйича ўринбосари футбол мактаби директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


44. Директорнинг спорт ишлари бўйича ўринбосари жисмоний тарбия соҳасида олий маълумотли ҳамда жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларида камида уч йил иш стажига ва Осиё футбол конфедерациясининг камида "В" лицензиясига эга бўлган тажрибали мутахассислардан тайинланади.


45. Директорнинг спорт ишлари бўйича ўринбосари машғулот жараёни ва тарбиявий ишлар ташкил этилиши, футбол бўйича тренерлар малакаси оширилиши учун жавоб беради, мактабда футбол мусобақалари ўтказилиши ҳамда мактаб футболчиларининг туман, шаҳар мусобақаларида ва бошқа футбол мусобақаларида қатнашишини таъминлайди, футболчиларнинг машқ қилиш методикасини такомиллаштириш чораларини кўради, спорт машғулотлари сифатини, машғулотлар жадвали бажарилишини назорат қилади.


46. Директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари маъмурий-хўжалик фаолияти бўйича тажрибага эга бўлган мутахассислардан тайинланади.

Директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари спорт жараёни учун моддий-техник шарт-шароитлар яратилиши, мактабнинг мол-мулки, жиҳозларининг сақланиши ва созлиги, бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш, уларни зарур санитария ҳолатида сақлаш, транспорт таъминоти ва ундан фойдаланиш учун жавоб беради.


47. Футбол мактабининг тренерлар таркиби олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар жисмоний тарбия маълумотига эга бўлган ва камида Осиё футбол конфедерациясининг "С" лицензиясига эга мутахассислар билан тўлдирилади.

Тренерлар спорт гуруҳларини танлайди ва тўлдиради, футболчилар билан тарбиявий ва спорт ишларини олиб боради, футболчилар тиббий кўрикдан ва диспансер кўригидан ўз вақтида ўтишини назорат қилади, футболчилар учун уларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда спорт режаларини ишлаб чиқади, спорт жараёнини такомиллаштириш ва унга энг самарали ва замонавий шакллар ва усулларни жорий этиш бўйича таклифлар киритади.


48. Футбол мактабининг футбол бўйича бўлимларида мактаб директорининг буйруғи билан етакчи тренерлардан, агар уларнинг ҳар бирининг раҳбарлиги остида камида икки нафар тўлиқ юкламали тренер, футбол бўйича тренер лавозимида иш стажига ва Осиё футбол конфедерациясининг "В" лицензиясига эга футбол бўйича бош тренер тайинланади.

Катта тренерлар ҳам футбол мактабининг футбол бўйича бўлимига, ҳам футбол бўйича алоҳида спорт гуруҳларига раҳбарлик қилиш учун тайинланиши мумкин.

Футбол бўйича бош тренер бошқа тренерлар учун назарда тутилган функциялар билан биргаликда тренерлар иши сифатини назорат қилади, спорт жараёни ташкил этилиши, спорт гуруҳлари тўлиқ тўлдирилиши, машғулот режалари ва дастурлари бажарилиши, футболчиларнинг қабул ва назорат синовлари ўтказилиши, юқори даражали футболчилар тайёрлашнинг якка тартибдаги ва истиқболли режалари ишлаб чиқилиши, бўлимларнинг тренерлар кенгашлари ўтказилиши, тренерлар малакасини ошириш тадбирлари ташкил этилиши учун жавоб беради.


49. Футбол мактабида тренерлар кенгаши ташкил этилади. Кенгаш спорт ва тарбиявий ишлар, футболчиларни танлаш ва ўтказиш, футболчилар тайёрлашни якка тартибда режалаштириш, футбол мактабининг футбол тадбирларида иштирок этиши, спорт жараёнини ўтказиш методикаси такомиллаштирилиши масалаларини, шунингдек футбол мактаблари уставида назарда тутилган бошқа масалаларни кўриб чиқади.


50. Футбол мактабини бошқарув, ёрдамчи, хўжалик ва тиббиёт ходимлари билан белгиланган тартибда тасдиқланган нормативларга мувофиқ тўлдирилади.


51. Футбол мактабининг барча ходимларига қўйиладиган малака талаблари, лавозим мажбуриятлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан тасдиқланади.


52. Футболчиларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босадиган шахслар) футбол мактабида ўтказиладиган спорт ва тарбиявий жараён билан танишиш, шунингдек унда футбол мактабларининг уставида назарда тутилган тартибда иштирок этиш ҳуқуқига эга.



8-БОБ. ФУТБОЛ МАКТАБИНИНГ МОДДИЙ

ТАЪМИНОТИ, УНИНГ МОЛИЯЛАШТИРИЛИШИ

ВА ҲИСОБОТИ

         

53. Футбол мактаби ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган мол-мулкка эга бўлади.


54. Спорт ускуналари, жиҳозлар, методик адабиётлар ва кўргазмали қўлланмалар, спорт кийимлари ва формаларини сотиб олиш, шунингдек, футболчиларнинг спорт тадбирлари ва спорт йиғинларида қатнашишини таъминлаш футбол мактаби томонидан унга ажратиладиган бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тушумлар доирасида амалга оширилади.


55. Футбол мактабида ўзининг спорт иншоотлари ва асбоб-ускуналари мавжуд бўлмаган тақдирда, мактабнинг харажатлар сметасида тузилган шартномага мувофиқ миқдорда уларни ижарага олиш харажатлари учун маблағлар назарда тутилади.


56. Қуйидагилар футбол мактаби фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари маблағлари;

фаолият ихтисослиги бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан ва мактабнинг уставидаги вазифаларга мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

асосий машғулотлар ўтказилмайдиган вақтда бўш турган мол-мулкни ижарага беришдан тушган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


57. Футбол мактаби қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган ва тасдиқланган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.


58. Футбол мактаби ходимларининг иш ҳақи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


59. Футбол мактаби Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан келишилган ҳолда ўз молия-хўжалик фаолиятини режалаштиради.

Футбол мактаби жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган хизматлар учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳақ миқдорини мустақил белгилайди.


60. Футбол мактаби белгиланган тартибда молия ва статистика ҳисоботини юритади, тезкор ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширади.


61. Футбол мактабининг молия-хўжалик фаолиятини ва молия интизомига риоя этилишини назорат қилиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.



9-БОБ. ТИББИЙ НАЗОРАТ

       

62. Футбол мактабида футболчилар соғлиғининг ҳолати юзасидан тиббий назорат мактабнинг тиббиёт ходимлари томонидан, улар бўлмаганда эса белгиланган тартибда мактабга бириктирилган тегишли ҳудудий тиббиёт ташкилоти томонидан амалга оширилади.


63. Футбол мактаби футболчиларни чуқурлаштирилган тиббий текширишдан ўтказишни футбол мактаби жойлашган жойдаги тегишли тиббиёт ташкилоти таъминлайди.


64. Футбол мактабининг тиббиёт ходимлари белгиланган тартибда спорт жараёнини, футбол мусобақалари ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳини тиббий таъминлайди, машқ юкламаларининг ҳажмини назорат қилади, футболчиларни тайёрлашнинг якка тартибдаги режаларини тузиш ва тасдиқлашда қатнашади, чуқурлаштирилган тиббий текшириш ўтказилишини ташкил этади.


65. Футбол мактаби футболчиларининг соғлиғи ҳолати тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда, белгиланган намунадаги даволаш-назорат картаси тўлдирилади. Ушбу карта мактабнинг тиббиёт хонасида ёки футбол мактаблари жойлашган жойдаги тиббиёт ташкилотида сақланади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА

        

66. Футбол мактабини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

       

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 12 сентябрь














































































Время: 0.0101
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск