ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Ўрта махсус таълим /

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг футбол академиялари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.09.2023 й. 458-сон карорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 9 сентябрдаги

458-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон футбол ассоциациясининг

футбол академиялари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

   

1. Ушбу Низом Ўзбекистон футбол ассоциациясининг футбол академияларининг (кейинги ўринларда - футбол академияси) мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Футбол академияси юридик шахс бўлган спорт-таълим муассасаси ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон футбол ассоциациясига ҳисобот беради.


3. Футбол академияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда ўз уставига амал қилади.


4. Футбол академияси Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва ҳудудий футбол ассоциацияларининг идоравий мансуб ташкилоти ҳисобланади, ўз уставига, мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларида шахсий ҳисобварақларига, ўз номи кўрсатилган муҳрга, штампга ҳамда бланкаларга эга бўлади.


5. Футбол академиясининг фаолияти болалар, ўсмирлар ва ёшларни жисмоний тарбия ва футбол билан мунтазам шуғулланишга жалб этишга, футбол захираси ва юқори маҳоратли футболчилар тайёрлаш бўйича ўқув-машқ жараёнини ташкил этишга, шунингдек, спортнинг футбол тури бўйича спорт тайёргарлиги мутахассислари ўртасида касбий тажрибани алмашишга йўналтирилади.



2-БОБ. ФУТБОЛ АКАДЕМИЯСИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

         

6. Қуйидагилар футбол академиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

зарур спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозланган, замонавий халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган моддий-техника ҳамда ўқув-машғулот базаларини яратиш ва турли даражадаги халқаро мусобақалар - жаҳон ва Осиё чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинлари, универсиадалар ҳамда бошқа халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган халқаро даражадаги футболчиларни тайёрлаш;

халқаро даражадаги футболчиларни тайёрлаш учун юқори малакали мутахассисларни - тренерлар, психологлар, диетологлар, фармоколог, таҳлилчи, селекционер ва шу жумладан, хорижий мамлакатлардан етакчи мутахассисларни кенг жалб этиш орқали футбол академиясида тренерлар таркибини мустаҳкамлаш;

футболчиларнинг ўқув-машғулот жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, ўқув-машқ жараёнларига илғор илмий-услубий технологияларни жорий этиш йўли билан уларни назарий ва амалий жиҳатдан тайёрлаш сифатини мунтазам ошириб бориш;

ёш истиқболли футболчиларни танлаш ва тарбиялаш масалалари бўйича футбол мактаблари ва бошқа спорт ташкилотлари билан узлуксиз ҳамкорликни амалга ошириш, уларга ўқув-методик ҳамда меъёрий-ахборот ёрдами кўрсатишни таъминлаш;

футбол академияси базасида терма жамоалар ва уларнинг захиралари иштирокида ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий спорт мусобақаларини ташкил этиш ва мунтазам равишда ўтказиб бориш, тренерлар ҳамда футболчиларнинг касб маҳорати даражасини ошириш учун тажриба алмашиш бўйича спорт ташкилотлари, хорижий футбол академиялари ва клублари билан ҳамкорликни ривожлантириш.


7. Футбол академияси ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги функцияларни бажаради:

манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда захира ва юқори маҳоратли футболчиларни танлаш ва тайёрлашнинг методик ва тиббий таъминотини амалга оширади;

ўқитишнинг барча босқичларида футболчиларнинг спорт тайёргарлигининг ишлаб чиқилган ўқув режалари ва ўқув дастурларига мувофиқ ўқув-машқ жараёнининг ташкил этилиши ва ўтказилишини, унга илғор илмий технологиялар ва методикалар жорий этилишини ташкил этади;

ўқув-машқ жараёни натижаларини, спортчиларнинг жисмоний фазилатлари ривожланишининг якка тартибдаги кўрсаткичларининг ўсиш динамикасини, спорт тури техникасининг асослари ўзлаштирилишини таҳлил қилади;

футболчиларнинг ўқув-машқ йиғинларида, туман, вилоят, республика ва халқаро спорт тадбирларидаги иштирокини таъминлайди;

футболчиларнинг спорт мусобақаларида, чемпионатларда, кубок ўйинларида, турнирларда, фестивалларда, конференцияларда, симпозиумларда, семинарларда, йиғинларда ҳамда бошқа жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда, шу жумладан, халқаро тадбирларда иштироки орқали спортчиларнинг спорт маҳоратини, футбол академиясининг мураббийлари ва бошқа мутахассисларининг малакасини ошириш тадбирларини ўтказади;

футболда илғор жаҳон илмий-методик тавсияларини ва технологияларини қўллаган ҳолда, кучли спортчилар - республиканинг миллий терма жамоаларига номзодларни ва уларнинг захираларини тайёрлайди.



3-БОБ. ФУТБОЛ АКАДЕМИЯСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ

        

8. Футбол академияси қуйидги ҳуқуқларга эга:

тайёрлаш даври ва босқичига қараб ўқув-машқ жараёнининг йиллик, ойлик ва ҳафталик режимини белгилаш;

ўқитиш ва тарбиялашнинг қонунчиликка зид бўлмаган шаклини, воситаларини ва усулларини танлаш;

юкланган вазифаларни бажариш юзасидан тадбирларни амалга ошириш учун академияга бириктирилган моддий-техника базаси ва мол-мулкидан фойдаланиш;

футболга доир халқаро фаолиятни амалга ошириш, футбол академияси тренерлари ва футболчиларининг трансфери бўйича хорижий спорт ташкилотлари билан шартномалар тузиш, биргаликда спорт тадбирлари, байрамлар, кўриклар, семинарлар ўтказиш.

Футбол академияси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Футбол академияси:

ўқув-машқ ва тарбия жараёнини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини, ходимлар ва футболчилар томонидан ўз мажбуриятлари, ўқув дастурлари ва топшириқлар бажарилишини таъминлаши;

футбол бўйича тасдиқланган ўқув дастурлари асосида футбол академиясининг йиллик ўқув режасини, ўқув жадвалини ва ўқув-машқ машғулотлари жадвалини ишлаб чиқиши;

футбол бўйича ўқув дастурлари талабларига ва ўқув режаларига мувофиқ ўқув-машқ ва тарбия жараёнини амалга ошириши;

ўқув-машқ жараёнини амалга ошириш даврида футбол академиясининг спортчилари ва ходимларининг хавфсизлигини таъминлаши;

ўқув-машқ ва тарбия жараёнини амалга ошириш юзасидан жорий назоратни, футболчиларни синовдан ўтказиш ва улар томонидан назорат нормативлари топширилишини таъминлаши;

футбол академиясининг моддий-техника базаси ва мол-мулки сақланишини ва улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаши шарт.

Футбол академиясига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.


10. Футбол академияси қонунчиликда белгиланган тартибда:

ўқув-машқ жараёнининг қўлланиладиган шакллари, усуллари ва уни ташкил этиш воситаларининг футболчиларнинг ёши билан боғлиқ руҳий-жисмоний хусусиятлари, қобилиятлари, қизиқишлари, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш талабларига муқобиллиги;

футболчилар ва ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиниши;

ўзига юкланган вазифаларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ФУТБОЛ АКАДЕМИЯСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

        

11. Футбол академиясида футболчиларни тайёрлаш бўйича ҳар йилги ўқув режалари ва дастурлари, футболчилар учун назорат нормативлари Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ўқув йили бошида тасдиқланади.


12. Футбол академиясида футболчиларни тайёрлаш сифати юзасидан назорат Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан амалга оширилади.



5-БОБ. ФУТБОЛ АКАДЕМИЯСИНИ БОШҚАРИШ

      

13. Футбол академиясига Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳудудий бўлинмалари тавсиясига биноан Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.

Директорнинг спорт ишлари бўйича ўринбосари Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан келишилган ҳолда директор томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Директорнинг ўқув ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ҳудудий бўлинмаси билан келишилган ҳолда директор томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


14. Директор олий маълумотга ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида камида беш йил иш стажига эга бўлган мутахассислар орасидан тайинланади.


15. Директор футбол академиясига умумий раҳбарлик қилади, унинг фаолияти юзасидан тўлиқ жавоб беради, тренерлар жамоаси билан биргаликда футбол академиясини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайди, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда нодавлат ташкилотларда унинг манфаатларини ифодалайди, футбол академияларининг хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган барча масалаларни ҳал қилади, ходимларни, шу жумладан, тренерларни лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.


16. Директорнинг спорт ишлари бўйича ўринбосари жисмоний тарбия ва спорт соҳасида олий маълумотга ҳамда жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларида тренер ёки жисмоний тарбия ўқитувчисидан паст бўлмаган лавозимда камида уч йиллик иш стажига ҳамда камида Осиё футбол конфедерациясининг "А" лицензиясига эга бўлган тажрибали мутахассислар орасидан тайинланади.


17. Директорнинг ўқув ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари олий маълумотга ва уч йиллик иш тажрибасига эга бўлган мутахассислар орасидан тайинланади.


18. Директорнинг спорт ишлари бўйича ўринбосари:

футбол бўйича тренерлар малакасини ошириш ишлари юзасидан жавоб беради;

академияда спорт мусобақаларининг ўтказилишини ҳамда футбол академияси футболчиларининг туман, шаҳар ва бошқа спорт мусобақаларида чиқишларини таъминлайди;

футболчиларни ўқитиш ва машқ қилдириш методикасини такомиллаштириш чораларини кўради, ўқув-машқ машғулотларининг сифати, ўқув-машқ режаларининг ва машғулотлар жадвалининг бажарилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

ўқув-машқ машғулотларининг ўтказилиши, спорт турлари бўйича дастурлар, ўқув-машқ режалари ва машғулотлар жадвалининг бажарилиши, ўқув-методик ҳужжатларнинг юритилиши, футбол академиясининг разрядчилари ва спорт рекордларининг ҳисобга олиниши юзасидан назоратни амалга оширади;

футбол академиясининг методик кабинети ишларига раҳбарлик қилади, тиббиёт муассасалари ва футбол бўйича бошқа ташкилотлар билан алоқани таъминлайди.


19. Директорнинг ўқув ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари:

ўқув жараёни ва тарбиявий ишларнинг ташкил этилиши, умумтаълим фанларини ўзлаштириш, ўқув режаларнинг бажарилиши, футбол академиясининг ички тартиб қоидаларини ишлаб чиқиш ва назорат қилиш, ўқувчи-футболчиларнинг манавий-марифий томондан ривожланишига кўмаклашиш, ўқувчи-ёшлар ўртасида турли ҳил маданий тадбирлар ўтказиш каби масалаларга раҳбарлик қилади;

таълим муассасалари ва ўқув-тарбия жараёни масалалари бўйича бошқа ташкилотлар билан алоқани таъминлайди.


20. Директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари олий маълумотга ва маъмурий-хўжалик фаолияти соҳасида тажрибага эга бўлган мутахассислар орасидан тайинланади.

Директорнинг хўжалик ишлари бўйичи ўринбосари ўқув-машқ жараёни учун моддий-техник шароитларнинг яратилиши, футбол академиясининг мол-мулки ва анжомларининг сақланиши ҳамда соз ҳолатда бўлиши, бино ва хоналардан фойдаланиш, уларни зарур даражада санитария ҳолатида бўлиши, транспортни сақлаш ва ундан фойдаланиш юзасидан жавоб беради.


21. Футбол академиясининг тренерлари таркиби олий ёки ўрта махсус, профессионал маълумотга ҳамда камида Осиё футбол конфедерациясининг "В" лицензиясига, 13 ёшгача бўлган ёшлар билан ишлаш учун Осиё футбол конфедерациясининг "С" лицензиясига эга бўлган мутахассислар орасидан тўлдирилади.

Тренерлар ўқув гуруҳларини танлаш ва тўлдириш, футболчилар билан тарбиявий ва ўқув-машқ ишларини амалга оширади, футболчиларнинг тиббий ва диспансер кўригидан ўз вақтида ўтишини назорат қилади, футболчиларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда улар учун ўқув-машқ режаларини ишлаб чиқади, ўқув-машқ жараёнига энг самарали ҳамда замонавий шакллар ва методларни жорий этиш ҳамда уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади.


22. Футбол академиясида Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан келишилган ҳолда тренерлар кенгаши ташкил этилади, кенгаш ўқув-машқ ва тарбиявий ишлар, футболчиларни тайёрлашни якка тартибда режалаштириш, футбол академиясининг спорт тадбирларидаги иштироки масалаларини, шунингдек, футбол академиясининг уставида назарда тутилган бошқа масалаларни кўриб чиқади.


23. Футбол академияси бошқарув, ёрдамчи, хўжалик ва тиббиёт ходимлари билан белгиланган тартибда тасдиқланган нормативларга мувофиқ тўлдирилади.


24. Футболчиларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) футбол академиясида ўтказиладиган ўқув-машқ ва тарбия жараёни билан танишиш, шунингдек, футбол академиясининг уставида назарда тутилган тартибда унда қатнашиш ҳуқуқига эга.



6-БОБ. ТИББИЙ НАЗОРАТ

    

25. Футбол академиясида футболчилар соғлиғи юзасидан тиббий назорат футбол академиясининг тиббиёт ходими томонидан амалга оширилади.


26. Футбол академияси ўқувчиларини пухта тиббий текширувлардан ўтказиш футбол академияси жойлашган жойдаги тегишли соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан таъминланади.


27. Футбол академиясининг тиббиёт ходими ўқув-машқ жараёнини, спорт мусобақаларини ва спорт-соғломлаштириш лагерини тиббий жиҳатдан таъминлашни, машқлар юкламаларининг ҳажми ва интенсивлигини назорат қилади, футболчиларни тайёрлашнинг якка тартибдаги режаларини тузишда ва тасдиқлашда қатнашади, уларнинг пухта тиббий текширишдан ўтишини ташкил қилади.


28. Футбол академиясининг ўқувчилари учун белгиланган намунадаги тиббий-назорат картаси тўлдирилади, унда футболчилар соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади ва футбол академиясининг тиббиёт кабинетида ёки футбол академияси жойлашган жойдаги соғлиқни сақлаш ташкилотида сақланади.



7-БОБ. ФУТБОЛ АКАДЕМИЯСИНИНГ МОДДИЙ

ТАЪМИНОТИ, УНИНГ МОЛИЯЛАШТИРИЛИШИ

ВА ҲИСОБОТЛАРИ

       

29. Футбол академияси ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур мол-мулкка эга бўлади.


30. Футбол академияси ўзида мавжуд бўлган ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ унга ажратилган маблағлар ҳисобидан сотиб олинган мол-мулкни тасарруф этади.


31. Футбол академиясининг спорт асбоб-ускуналари, анжомлари, методик адабиётлари ва кўргазмали қўлланмаларини, спорт кийимлари ва формаларини сотиб олиш, шунингдек, футболчиларнинг уч маҳал овқат ҳамда спорт тадбирларида ва ўқув-машқ йиғинларида қатнашишини таъминлаш футбол академиясига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади.

Тасдиқланган йиллик режада назарда тутилмаган тадбирлар ўтказиладиган тақдирда, улар бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ташкил этилади.


32. Қуйидагилар футбол академияси фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг маблағлари;

асосий машғулотлардан бўш вақтда мол-мулкни ижарага беришдан тушадиган даромадлар;

футболчиларнинг трансфер савдоларидан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


33. Айрим ходимларга ва тренерларга иш ҳақи ҳамда ҳар ойлик қўшимча ҳақ ва устамаларни ҳисоблаб чиқиш ва тўлашнинг тўғрилиги ҳамда асосланганлиги юзасидан жавобгарлик ушбу футбол академиясининг раҳбари ва бош ҳисобчиси зиммасига юкланади.


34. Футбол академиясининг айрим ходимларига ва тренерларига қўшимча ҳақ ва устамалар уларнинг иш ҳақи билан бир вақтда тўланади.


35. Футбол академиясининг айрим ходимларига ва тренерларига иш ҳақи ҳамда ҳар ойлик қўшимча ҳақ ва устамаларни ҳисоблаш ва тўлашнинг тўғрилиги, холислиги юзасидан назорат белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.


36. Футбол академияси Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан келишилган ҳолда ўзининг молия-хўжалик фаолиятини режалаштиради, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов миқдорини мустақил равишда белгилайди.


37. Футбол академияси белгиланган тартибда молия ва статистика ҳисоботини юритади, оператив ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширади.


38. Футбол академиясининг молия-хўжалик фаолияти ва молия интизомига риоя қилиши юзасидан назорат қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА

      

39. Футбол академиясини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

         

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 12 сентябрь







































































Время: 0.0055
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск