язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Давлат кадастрлари/ Ер. Ер ости. Сув ресурслари/ Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.02.2005 й. 66-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2005 йил 16 февралдаги

66-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш

устидан давлат назорати тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом юридик ва жисмоний шахслар томонидан ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини, шунингдек ердан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи давлат органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилайди.


2. Юридик ва жисмоний шахслар, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ерга оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратининг асосий вазифаси ҳисобланади.

Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амалга оширилади.


3. Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширадиган давлат органлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, давлат бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа жамоат бирлашмалари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қиладилар, уларга методик ва бошқа ёрдам кўрсатадилар.


4. Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширадиган давлат органлари қонун бузилишининг олдини олиш мақсадида ерга оид қонун ҳужжатларини тушунтириш тадбирларини амалга оширадилар.



II. ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА УНИ МУҲОФАЗА

ҚИЛИШ УСТИДАН ДАВЛАТ НАЗОРАТИНИ

АМАЛГА ОШИРУВЧИ ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ


5. Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек махсус ваколатли давлат органлари томонидан оширилади.


6. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат бўйича махсус ваколатли давлат органлари ҳудудий бўлинмаларининг ерга оид қонун ҳужжатларига риоя қилиниши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитадилар, ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни текшириш бўйича комиссиялар ташкил этадилар, ушбу масала бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширадилар.


7. Қуйидагилар ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат бўйича махсус ваколатли давлат органлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (кейинги ўринларда "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси деб юритилади);

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Давлат экология қўмитаси).

Давергеодезкадастр Давлат экология қўмитасининг ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширади.

Давлат экология қўмитаси ерларнинг ишлаб чиқариш чиқиндилари ва бошқа чиқиндилар, кимёвий ва радиоактив моддалар, оқова сувлар билан ифлосланиши, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадидаги ерлардан, сув фонди ерларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширади.

8. Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси номидан "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.


9. "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати бўйича қуйидаги мансабдор шахслари:

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг раиси - ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг бош давлат инспектори;

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси раисининг ўринбосари - ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг бош давлат инспектори;

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бошқармаси ва ер тузиш бошқармаси бошлиқлари - ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг катта давлат инспекторлари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари бошлиқлари - ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг бош давлат инспекторлари;

туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари бошлиқлари - ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича тегишли туманлар (шаҳарлар)нинг бош давлат инспекторлари;

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўлимлари ҳамда ер тузиш бошқармаси бошлиқлари ва мутахассислари ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаларининг тегишли шўъбалари бошлиқлари ва мутахассислари, туманлар (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимларининг бош мутахассислари ҳамда етакчи мутахассислари - ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича давлат инспекторлари ҳисобланади.

10. Давлат экология қўмитаси номидан ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати Республика Давлат экология қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.

Тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича бош давлат инспекторлари ва уларнинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг катта давлат инспекторлари ва давлат инспекторлари ўз ваколатларига мувофиқ Давлат экология қўмитаси органларининг ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслари ҳисобланади.

11. Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширадиган давлат органларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.



III. ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА УНИ МУҲОФАЗА

ҚИЛИШ УСТИДАН ДАВЛАТ НАЗОРАТИНИ

АМАЛГА ОШИРУВЧИ ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ

ФУНКЦИЯЛАРИ, ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


12. Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи давлат органлари ўзларига юкланган вазифаларга мувофиқ белгиланган тартибда қуйидаги функцияларни амалга оширадилар:

а) ерларни муҳофаза қилиш бўйича комплекс тадбирлар бажарилишини устидан назорат қилиш, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

ҳудудни оқилона ташкил этиш;

тупроқ унумдорлигини, шунингдек ерларнинг бошқа хоссаларини қайта тиклаш ва ошириш;

ерларни сув ва шамол эрозиясидан, селлардан, сув босишидан, ботқоқланишдан, қайта шўрланишдан, қуриб қолишдан, зичлашишдан, ишлаб чиқариш чиқиндилари, кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишдан, емирилишнинг бошқа жараёнларидан муҳофаза қилиш;

қишлоқ хўжалиги экин майдонларини буталар ва майда дов-дарахтлар, бегона ўтлар ўсишидан ҳамда ерларнинг техник ҳолати ёмонлашишининг бошқа жараёнларидан муҳофаза қилиш;

агар бошқа усуллар билан тупроқ унумдорлигини тиклаш мумкин бўлмаса, унумсизланган қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш;

бузилган ерларни рекультивация қилиш, уларнинг унумдорлигини ва ерларнинг бошқа фойдали хоссаларини ошириш;

ер бузилиши билан боғлиқ ишларни бажаришда тупроқнинг унумдор қатламларини олиш, улардан фойдаланиш ва уларни сақлаш;

б) сувни муҳофаза қилиш зоналари ва қирғоқбўйи полосалари учун ер ажратилиши ҳамда улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш;

в) фойдали конларни қазиш, қурилиш ишлари ва бошқа ишлар учун берилган қишлоқ хўжалиги ерлари, ўрмон ерлари ва бошқа ерларнинг ушбу ишлар тугаллангандан кейин белгиланган мақсадда фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтирилиши устидан назорат қилиш;

г) қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан:

табиий-иқтисодий шарт-шароитларга мувофиқ илмий асосланган алмашлаб экишларни, деҳқончиликнинг энг самарали ва оқилона тизимини жорий этиш;

ҳайдаладиган ер майдонлари сақлаб қолинишини таъминлаш;

мелиоратив жиҳатдан нобоп бўлган суғориладиган ерларни комплекс реконструкция қилиш, пичанзорлар ва яйловларга сув чиқариш ва уларни яхшилаш тадбирлари бажарилишини назорат қилиш;

г-1) ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва ер участкалари мулкдорлари томонидан:

ердан белгиланган мақсадга мувофиқ оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқаришнинг табиатни муҳофаза қилувчи технологияларини қўллаш, ўз хўжалик фаолияти натижасида ҳудудда экологик вазиятнинг ёмонлашишига йўл қўймаслик;

бошқа ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва ер участкалари мулкдорлари ҳуқуқларига риоя қилиш;

фойдали қазилмалар конларини кавлаш чоғида, шунингдек, бошқа ишларни амалга оширишда ўзларига эгалик қилиш, фойдаланиш учун ва мулк қилиб берилган (реализация қилинган) ер участкаларидан ташқарида қишлоқ хўжалик экинзорлари, ўрмонлар ва бошқа ерларга салбий таъсир кўрсатишнинг олдини олиш ёки уни мумкин қадар чеклаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

ердан фойдаланиш ҳақида қонун ҳужжатларида белгиланган маълумотларни маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўз вақтида тақдим этиш;

ерни ўзбошимчалик билан эгаллашга ва (ёки) ўзбошимчалик билан иморат қуришга йўл қўймаслик, шунингдек, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасидаги қонунга хилоф қурилишни тўхтатиб туриш чораларини кўриш;

фойдали қазилмалар конларини кавлаш, қурилиш ва бошқа ишларни амалга ошириш учун берилган қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмонзорларни уларга эҳтиёж қолмаганидан кейин қишлоқ хўжалиги, ўрмон ёки балиқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқли ҳолга, ушбу ишлар бошқа ерларда амалга оширилган ҳолларда эса - белгиланган мақсадларда фойдаланиш учун ўз ҳисобидан яроқли ҳолатга келтириш бўйича вазифалар ва мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш;

д) давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги экин майдонларини ўлчаш.


13. Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширадиган давлат органлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни белгиланган тартибда текшириш;

ерга оид қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф этишга ва ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш билан боғлиқ тадбирларни амалга оширишга қаратилган, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

айбдор мансабдор шахсларни ва фуқароларни белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш, ерга оид қонун ҳужжатлари бузилиши натижасида етказилган зарарни қоплаш ҳақида даъволар киритиш, ерга оид қонун ҳужжатлари бузилишида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш учун тегишли корхоналар, муассасалар, ташкилотларга тақдимномалар йўллаш ва материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этиш;

ерга оид қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ер участкаларини тўлиқ ёки қисман олиб қўйиш тўғрисида тақдимномалар ҳамда ер участкаларининг унумсизланиб қолганлигини белгилаш ҳақида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифлар киритиш.



IV. ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА УНИ МУҲОФАЗА

ҚИЛИШ УСТИДАН ДАВЛАТ НАЗОРАТИНИНГ

АМАЛГА ОШИРИЛИШИ


14. Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

15. Ерга оид қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширадиган давлат органларининг ваколатли мансабдор шахслари қонун бузилишининг турларини, ерга оид қонун ҳужжатлари бузилиши туфайли етказилган зарарни, аниқ айбдор шахсларни аниқлайдилар ва қонун бузилиши тўғрисидаги материалларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирадилар.



V. ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА УНИ МУҲОФАЗА

ҚИЛИШ УСТИДАН ДАВЛАТ НАЗОРАТИНИ АМАЛГА

ОШИРУВЧИ МАНСАБДОР ШАХСЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


16. Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар ўз фаолиятининг тўғри ташкил этилиши ва амалга оширилиши учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 7-сон, 59-модда.