ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Сейсмология /

Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.09.2023 й. 513-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 29 сентябрдаги

513-сон қарорига

ИЛОВА



Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга

тайёрлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур низом аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


зилзила - ер қобиғининг ёки ер устки қатламининг тўсатдан рўй берган силжиши, емирилиши ёки ўпирилиши оқибатида вужудга келган, узоқ масофаларга тарқаладиган тўлқинсимон тебранишлар тарзидаги ер ости силкинишлари ва тебранишлари;


комплекс ўқув машқлари - объектлар раҳбарларини, қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари аъзоларини, улар таркибига кирмаган ишчи ва хизматчиларини, ишлаб чиқариш фаолиятини тўхтатмаган ҳолда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш ҳамда фуқаро муҳофазаси бўйича комплекс тадбирларни бажаришга тайёрлашнинг асосий шакли;


кучли зилзила - магнитудаси (зилзила қуввати) Рихтер ўлчови бўйича 5,0 ва ундан юқори бўлган зилзила;


махсус-тактик ўқув машқлари - қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларини кутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни бажаришга ҳамда фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлашнинг асосий ва самарали шакли;


миллий электрон платформа - масофавий таълим технологияси асосида, мустақил тарзда зилзилада тўғри ҳаракат қилишни ўрганишга мўлжалланган, махсус ўқув дастурий таъминот тизими;


мобил илова - маълум бир платформа (iOS, Android, Windows Phone ва бошқалар) учун ишлаб чиқилган смартфонлар, планшетлар ва бошқа мобил қурилмаларда ишлашга мўлжалланган дастур;


сейсмик хавф - муайян ҳудудда муайян вақт оралиғида аҳолининг ҳаётига таҳдид солувчи ҳамда бинолар ва иншоотларга зарар етказувчи зилзилалар юз бериши эҳтимоли;


сейсмик хавфсизлик - сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги давлат органлари ва ташкилотлари томонидан аҳоли ҳаётини ва инфратузилма объектларини зилзилалар натижасида келиб чиқадиган хавфлардан ҳимояланганлик ҳолати;


қўмондонлик-штаб ўқув машқлари - Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг (кейинги ўринларда - ФВДТ) барча даражалардаги раҳбарларини ва бошқарув органларини фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва улар содир бўлганда бартараф этиш ишларига раҳбарлик қилишга ҳамда фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш;


ФВДТнинг функционал қуйи тизими - аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича белгиланган функцияларни бажарувчи вазирликлар ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотларни ўз ичига олган қуйи тизим;


ФВДТнинг ҳудудий қуйи тизими - тегишли ҳудудда аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш бўйича белгиланган функцияларни бажарувчи маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини ўз ичига олган қуйи тизим;


экстернат тартибидаги таълим - ўқув дастурларини мустақил равишда ўзлаштиришни ўз ичига олиб, унинг якунлари бўйича таълим олувчилардан давлат таълим муассасаларида якуний ва давлат аттестацияларидан ўтишни талаб этадиган таълим тури.


3. Қуйидагилар аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, масъул мутахассислари, қутқарув хизматлари, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, ишчи ҳамда хизматчиларини зилзиладан олдин, зилзила вақтида ва зилзиладан кейин ўзини тутиш қоидалари, кучли зилзилаларга олдиндан тайёргарлик кўриш ҳамда улардан талафотларсиз чиқиш бўйича билимларини изчил ошириб бориш ва кўникмаларини ҳосил қилиш бўйича тегишли чора-тадбир комплексини амалга ошириш;

мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари ва профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ҳамда олий таълим ташкилотлари талабаларининг зилзиладан олдин, зилзила вақтида ва зилзиладан кейин ўзини тутиш қоидалари, шунингдек, кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш қоидалари ва усулларига ўргатиш;

қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари ҳамда фуқаро муҳофазаси тузилмаларини кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишга олдиндан тайёрлаш;

ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган, жисмоний имконияти чекланган, шунингдек, фаолият туридан қатъи назар, барча фуқароларни зилзиладан олдин, зилзила вақтида ва зилзиладан кейин тўғри ҳаракатланишга ўргатиш.



2-БОБ. АҲОЛИНИ ЗИЛЗИЛА ШАРОИТИДА

ҲАРАКАТЛАНИШГА ТАЙЁРЛАШ ТАРТИБИ


4. Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:


а) ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган аҳоли, шунингдек, республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, масъул мутахассислари, кутқарув хизматлари, кутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, ишчи ва хизматчилари:

республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари - ФВДТнинг аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича йиллик режага мувофиқ ҳар йили ўтказиладиган кучли зилзила ва унинг оқибатларидан муҳофазаланишга оид йиғинлар ва ўқув машқлари доирасида;

республика ва вилоят миқёсидаги ташкилотларнинг раҳбарлари ва масъул мутахассислари, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари - уч йилда бир маротаба аҳолининг барча қатламларини зилзилага тайёрлашга мўлжалланган миллий электрон платформа (кейинги ўринларда - миллий электрон платформа) орқали малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларида;

туманлар ва шаҳарлар миқёсидаги ташкилотларнинг раҳбарлари, масъул мутахассислари, қутқарув хизматлари, қутқарув тузилмалари, фуқаро муҳофазаси тузилмалари бошлиқлари ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари раислари - уч йилда бир маротаба миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларида;

ташкилотларнинг ишчи ҳамда хизматчилари - доимий равишда иш ва хизматдан ажралмаган ҳолда, иш ва хизмат жойларида ташкил этиладиган ўқув машғулотларида, Интернет ахборот тармоғида кучли зилзила ва унинг оқибатларидан муҳофазаланишга оид маълумотлардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, мобил иловалар ҳамда миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида тайёргарликдан ўтказилади;


б) мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, профессионал таълим ташкилотлари ўкувчилари ҳамда олий таълим ташкилотлари талабалари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ташаббусларига асосан:

мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари - ҳар йили таълим-тарбия жараёнида кучли зилзила ва унинг оқибатларига оид муаммоли-вазиятли ўйинлар ва машғулотларда;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари - ҳар ўқув йили давомида, дарслардан ташқари вақтда ташкиллаштириладиган кучли зилзила ва ундан муҳофазаланиш бўйича машғулотлар доирасида, шунингдек, ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармалари Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув марказлари (кейинги ўринларда - худудий ўқув марказлари) ходимлари иштирокида;

олий таълим ташкилотлари талабалари - ҳар ўқув йили давомида, дарслардан ташқари вақтда ташкиллаштириладиган кучли зилзила ва ундан муҳофазаланиш бўйича машғулотлар доирасида, Интернет ахборот тармоғида зилзила ва унинг оқибатларидан муҳофазаланишга оид маълумотлардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, мобил иловалар ҳамда миллий электрон платформа орқали, шунингдек, ҳудудий ўқув марказларининг аҳолини зилзилада ҳаракат қилишга тайёрлашга мўлжалланган машғулотларида тайёргарликдан ўтказилади.

Таълим ташкилотларида зилзила вақтида тўғри ҳаракатланиш қоидаларини ўргатишга мўлжалланган дарсдан ташқари машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг (кейинги ўринларда - Фавқулодда вазиятлар вазирлиги) ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда олиб борилади;


в) ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахслар ҳамда Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган туристлар:

ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан жисмоний имконияти чекланган шахслар - мунтазам равишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ташкил этилган ўқув-маслаҳат пунктларида маърузалар ўқиш, ўқув фильмларини намойиш этиш, ўқув машқлари ва машғулотларга жалб этиш, шунингдек, қўлланмалар ва эслатмалар тарқатиш, махсус радио ва теледастурларни эфирга узатиш мобил иловалар ва миллий электрон платформа орқали малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш курсларида;

ҳолини зилзилага тайёрлаш ҳафталиги" доирасида ҳар йили режа-график асосида зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўтказиладиган қўмондонлик-штаб, махсус-тактик ва объект ўқув машқларида;

Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган туристлар - ташриф давомида, уларга хизмат кўрсатувчи жисмоний ва юридик шахслар томонидан зилзилада тўғри ҳаракат қилиш бўйича суҳбатлар, йўриқнома ўтказиш, буклет ва эслатмаларни тарқатиш, махсус мобил иловалардан фойдаланиш орқали тайёргарликдан ўтказилади.


5. Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлашда назарий билимларни ўзлаштириш, инновацион технологияларни уйғунлаштирган ҳолда масофадан ўқитиш услублари ҳамда замонавий педагогик ва рақамли технологиялар асосида яратилгаи махсус электрон таълим платформаси, шунингдек, мобил иловадан мустақил ўрганиш орқали амалга оширилади.


6. Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, ФВДТ функционал ва ҳудудий қуйи тизими хизматларини кучли зилзиланинг муддатли прогнозларига мувофиқ ҳаракатланишга тайёрлаш, куч ва воситаларнинг кучли зилзила оқибатларини камайтиришга қаратилган ҳамкорликдаги ҳаракатларини такомиллаштириш, шунингдек, уларнинг кучли зилзилада ҳаракатланишга тайёргарлик даражасини баҳолаш жойларда ўтказиладиган қўмондонлик-штаб, махсус-тактик ва комплекс ўқув машқлари орқали амалга оширилади.


7. Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



3-БОБ. АҲОЛИНИ ЗИЛЗИЛА ШАРОИТИДА

ҲАРАКАТЛАНИШГА ТАЙЁРЛАШГА МЎЛЖАЛЛАНГАН

МИЛЛИЙ ЭЛЕКТРОН ПЛАТФОРМА ОРҚАЛИ МАЛАКА

ОШИРИШ ВА ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ МАСОФАВИЙ

КУРСЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлашга мўлжалланган масофавий ўқув курслари республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва ходимлари билан йиллик жамлаш режаси асосида, шунингдек, фуқаролар билан ихтиёрий равишда миллий электрон платформа орқали ташкил этилади.


9. Миллий электрон платформа дастурий таъминотини серверда сақлаш, тизимнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва унга техник хизмат кўрсатиш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилади.


10. Миллий электрон платформага маълумотларни киритиш, тўлдириш ва янгилаб бориш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институти (кейинги ўринларда - Фуқаро муҳофазаси институти) томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институти билан ҳамкорликда амалга оширилади.


11. Миллий электрон платформа ўқув режа ва дастурларига ҳар уч йилда бир маротаба, соҳадаги инновацион ёндашувларни инобатга олган ҳолда ўзгартиришлар киритиб борилади.


12. Амалдаги ўқув режа ва дастурларни янгилаш зарурати пайдо бўлганда ўқув курслари кўпи билан 15 кун муддатга вақтинчалик тўхтатилади ва ушбу муддатда ўқув курси ўқув ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилади.


13. Миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёргарлик ўқув курсларида тайёргарликдан ўтиш кетма-кетлиги қуйидаги тартибда амалга оширилади:

1) республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, масъул мутахассислари ва ходимлари учун:

Фуқаро муҳофазаси институти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ҳудудий ўқув марказлари томонидан тегишли республика ижро этувчи ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотларни тайёргарликдан ўтиш бўйича автоматик равишда хабардор қилиш;

миллий электрон платформадан фойдаланиш учун логин ва паролни тақдим этиш;

белгиланган ўқув гуруҳига қўшилиш;

ўкув модуллари бўйича тақдим этилган мавзуларни мустақил ўзлаштириш;

ўқув курси якуний назорат синовида иштирок этиш;

2) ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган, жисмоний имконияти чекланган, шунингдек, фаолият туридан қатъи назар, барча фуқаролар:

миллий электрон платформадан фойдаланиш учун мустақил тарзда рўйхатдан ўтиш ҳамда логин ва парол олиш;

белгиланган ўқув гуруҳига қўшилиш;

ўқув модуллари бўйича тақдим этилган мавзуларни мустақил ўзлаштириш;

ўқув курсининг якуний назорат синовида иштирок этиш.


14. Республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарларини, масъул мутахассислари ва ходимларини миллий электрон платформа орқали малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш учун рўйхатга олиш Фуқаро муҳофазаси институти ва ҳудудий ўқув марказлари томонидан амалга оширилади.

Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган, жисмоний имконияти чекланган, шунингдек, фаолият туридан қатъи назар, барча фуқаролар миллий электрон платформада мустақил тарзда рўйхатдан ўтиш учун шахсга доир қуйидаги маълумотларни киритади:

фамилияси, исми ва отасининг исми;

туғилган йил, ой ва куни;

телефон рақами;

яшаш жойи (ҳудуд номи).

Бунда, аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлашга мўлжалланган малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларига ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган, жисмоний имконияти чекланган фуқароларни жалб қилиш мақсадида Фуқаро муҳофазаси институти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги худудий бошқармалари, худудий ўқув марказлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига (барчасига) аниқ режа-график асосида ҳар уч йилда таклиф киритади.


15. Миллий электрон платформа орқали ўқув курсларига жалб этилган ҳар бир тингловчи учун алоҳида логин ва парол берилади.

Логин ва парол орқали миллий электрон платформага боғланган тингловчи учун унинг тоифаси бўйича виртуал аудитория фаоллашади ва дастур бўйича мавзулар тақдим этилади.

Тингловчи экстернат тартибидаги таълим шаклида ҳар бир мавзуни мустақил ўзлаштириб боради, мавзу бўйича билимларини "Кутубхона" бўлими ёрдамида янада мустаҳкамлайди ва ўқув курси якуни бўйича 20 та саволдан иборат тест синовини топширади.

Тест синови натижалари 5 баллик тизимда баҳоланади:

18-20 тўғри жавоб - "5" - аъло;

14-17 тўғри жавоб - "4" - яхши;

11-13 тўғри жавоб - "3" - қониқарли;

10 та ва ундан кам бўлган тўғри жавоб - "2"- қониқарсиз.


16. Тест синови натижалари дастурий таъминот орқали автоматик тарзда баҳоланади.


17. Тест синовини қониқарсиз баҳога топширган тингловчиларга қайта синовдан ўтиш учун бир кун муддат берилади.

Қайта синов натижаларига кўра қониқарсиз баҳо олган тингловчилар тўғрисидаги маълумотлар администраторга автоматик тарзда юборилади ва тингловчи ўқув курсидан ўтмаган ҳисобланади.


18. Ўқув курсини муваффақиятли якунлаган тингловчиларга электрон шаклдаги гувоҳнома тақдим этилади.


19. Ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган тингловчининг қайта тайёргарликдан ўтиш муддати уч йилни ташкил этади.


20. Миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёргарлик ўқув курсларига қўйиладиган талаблар:

малака ошириш ва қайта тайёргарлик ўкув курслари материаллари тингловчиларнинг қуйидаги билим ва малакаларга эга бўлишини таъминлаши лозим:

зилзила ва уни юзага келтирувчи омиллар;

зилзилага қадар амалга ошириладиган чора-тадбирлар;

зилзила вақтида амалга ошириладиган чора-тадбирлар;

зилзиладан сўнг амалга ошириладиган чора-тадбирлар.

Миллий электрон платформада малака ошириш ва қайта тайёргарлик ўқув курслари материаллари орқали тингловчиларда қуйидаги кўникмалар шаклланиши керак:

кучли зилзила вақтида тўғри ҳаракатланиш, ўз хавфсизлигини таъминлаш;

ўзига ва жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш;

объектлар ва аҳоли турар жойларида зилзилага қадар амалга ошириладиган чора-тадбирларни бажариш.


21. Миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёргарлик ўқув курслари дастурлари Фуқаро муҳофазаси институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири томонидан тасдиқланади.

Ўқув дастурлари тингловчилар билим ва кўникмаларига қўйилган малака талаблари асосида тингловчиларнинг тоифаларига мувофиқ алоҳида-алоҳида ишлаб чиқилади.


22. Миллий электрон платформадаги ўқув курсларини режалаштириш, ташкил этиш ва юритиш учун Фуқаро муҳофазаси институти ва ҳудудий ўқув марказлари ходимлари таркибидан администратор ва ҳар бир ташкил этилган гуруҳга алоҳида тютор (мувофиқлаштирувчи) тайинланади.

Администраторнинг вазифалари:

йиллик тасдиқланган тингловчилар жамлаш режасига мувофиқ ўкув курси гуруҳларини ташкил этиш;

тингловчиларга миллий электрон платформа гуруҳларига кириш учун логин ва парол берилишини ташкил этиш;

ўқув курси тингловчилари фаолияти бўйича ташкилий ва ўқув-услубий ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда ўқув жараёнига татбиқ этиш;

тингловчиларнинг ўқув материалларини ўзлаштириш кўрсаткичларини мониторинг қилиш;

тайёргарликдан ўтган фуқаролар рўйхатини юритишдан иборат.

Тютор (мувофиқлаштирувчи)нинг вазифалари:

гуруҳларга жамланган тингловчиларнинг ўкув модулларини ўзлаштириши, синовларни топширишини назорат қилади;

тингловчиларга ташкилий, услубий ва техник жиҳатдан ёрдам беради;

ўқув курси якуний назорат синовларини ўтказиш ва ҳужжатларини расмийлаштиришда иштирок этади.



4-БОБ. РЕСПУБЛИКА ИЖРО ЭТУВЧИ ВА МАҲАЛЛИЙ

ИЖРО ЭТУВЧИ ҲОКИМИЯТ ОРГАНЛАРИ ҲАМДА БОШҚА

ТАШКИЛОТЛАРНИНГ АҲОЛИНИ ЗИЛЗИЛА ШАРОИТИДА

ҲАРАКАТЛАНИШГА ТАЙЁРЛАШ СОҲАСИДАГИ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


23. Республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасида:

раҳбарлар, масъул мутахассислар, қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари бошлиқлариии белгиланган тартибда кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланиш бўйича тайёргарликдан ўтишини таъминлайди;

ўқув машқлари ва машғулотларга жалб этилган раҳбарлар, масъул мутахассислар, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари ходимлари, ишчи ва хизматчиларнинг ўртача иш ҳақи сақланишини таъминлайди;

белгиланган дастурлар асосида қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари масъул мутахассислар, ходимлар, ишчи ҳамда хизматчиларни ўқитилишини, шунингдек, кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга шайлигини таъминлайди;

ўқув жараёнини ташкил этишда кучли зилзиланинг бирламчи ва иккиламчи оқибатларидан муҳофазаланиш, кучли зилзила ҳамда унинг оқибатларига оид замонавий ўқув-моддий база (ўқув хонаси, зарур кўргазмали ўқув қуроллари ва дарсликлар) билан таъминлайди;

қайта тайёргарлик ва малака ошириш ўқув курсларида тайёргарликдан ўтиши лозим бўлган раҳбарлар, масъул мутахассислар, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари бошлиқлари рўйхатини Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тақдим этади.


24. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасида:

ташкилий-методик раҳбарликни амалга оширади, тадбирларни мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

ташкилий кўрсатмалар ва ўқув дастурларини ишлаб чиқади;

тингловчилар билан жамлаш режаларини тегишли давр учун шакллантиради ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири - Фуқаро муҳофазаси бошлиғига киритади;

ўқув машқлари, машғулотлар, семинарлар ва бошқа тадбирларни ташкил этади ҳамда ўтказади;

аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасига замонавий рақамли технологияларни жорий қилади ва ундан кенг фойдаланишни ташкил этади;

аҳолини зилзилалар вақтида ўзини тутиш қоидалари билан таништиради, уларга тайёргарлик кўришга доир тегишли услубий қўлланмалар ва тавсиялар ишлаб чиқилиши ҳамда тарқатилишини таъминлайди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасида қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


25. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасида:

ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳолини, жисмоний имконияти чекланган шахсларни, шунингдек, ўз тизимидаги ташкилотларнинг раҳбарлари, ишчи ва хизматчиларини зилзиладан олдин, зилзила вақтида ва зилзиладан кейин ҳаракатланишга тайёрлаш тадбирларини ташкил этади ҳамда назорат қилади;

зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича ўқув-амалий тадбирларни ташкил этади ва ўтказади, уларга маҳаллий аҳоли жалб этилишига кўмаклашади;

аҳолини кучли зилзилалар вақтида тегишли ҳаракатларни бажаришга ва тадбирларни амалга оширишга тайёрлаш бўйича сейсмик фаол зоналарда семинар, тренинг ва ўқув машқлари ташкил этилишига бевосита кўмаклашади;

аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасида ўқув-услубий ва тарғибот материаллари чоп этилишини ҳамда аҳолига тарқатилишини ташкил этади;

аҳолини кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар хавфи тўғрисидаги тегишли ахборот ва маълумотлар билан таъминлайди.



5-БОБ. ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ

ОРГАНЛАРИ, НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ

ҲАМДА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИНИНГ

АҲОЛИНИ ЗИЛЗИЛА ШАРОИТИДА ХАРАКАТЛАНИШГА

ТАЙЁРЛАШ СОҲАСИДАГИ ИШТИРОКИ


26. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасида:

ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан жисмоний имконияти чекланган шахсларни зилзила шароитида харакатланишга тайёрлаш бўйича махсус электрон платформадаги курсларда ихтиёрий равишда ўқишлари юзасидан тарғибот ва ташвиқотларни ташкил этади;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ташкилий тузилмасига кирувчи ташкилотлар томонидан кучли зилзила ва унинг оқибатларидан муҳофазаланишга оид тайёрланган методик қўлланмалар ва бошқа тарғибот материалларини тарқатади;

зилзила шароитида харакатланишга тайёрлаш бўйича ўқув машқлари ва машғулотларга маҳаллий аҳолини жалб этишга кўмаклашади.


27. Нодавлат нотижорат ташкилотлари республика ижро этувчи ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан биргаликда аҳолини зилзила шароитида харакатланишга тайёрлаш бўйича ўқув-амалий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишга, уларга маҳаллий аҳоли жалб этилишини таъминлашга кўмаклашади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонунчиликка мувофиқ аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлашга оид бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.


28. Оммавий ахборот воситалари ваколатлари:

зилзила шароитида харакатланишга доир тадбирларни ёритади;

зилзила шароитида харакатланишга доир тадбирларда иштирок этади;

зилзила шароитида ҳаракатланиш соҳасидаги билимларни тарғиб қилишда иштирок этади.



6-БОБ. ФУҚАРОЛАРНИНГ ЗИЛЗИЛА ШАРОИТИДА

ХАРАКАТЛАНИШГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ

СОҲАСИДАГИ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


29. Фуқаролар зилзила шароитида харакатланишга тайёргарлик кўриш соҳасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланиш бўйича билим олиш ҳамда ўқув машқларида иштирок этиш;

ўқув машқлари ва машғулотлар давомида ўзлари дуч келиши мумкин бўлган сейсмик хавф тўғрисида хабардор бўлиш.


30. Фуқароларнинг зилзила шароитида харакатланишга тайёргарлик кўриш соҳасидаги мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

зилзиладан муҳофазаланишнинг асосий усулларини билиш, кучли зилзила оқибатида жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсата олиш ҳамда ўз билим ва амалий кўникмаларини ошириб бориш;

кучли зилзилалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар хавфи туғилганда ёки содир бўлганда огоҳлантириш сигналларини, ҳаракат қилиш тартибини билиш.


31. Фуқаролар зилзила шароитида харакатланишга тайёргарлик кўриш соҳасида қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



7-БОБ. АҲОЛИНИ ЗИЛЗИЛА ШАРОИТИДА

ҲАРАКАТЛАНИШГА ТАЙЁРЛАШ

ТАДБИРЛАРИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


32. Аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш тадбирлари республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларга ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


33. Фуқаро муҳофазаси институти ва ҳудудий ўқув марказлари томонидан давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар талабномаларига мувофиқ, шартнома асосида зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича қўшимча машғулотлар ташкил этилиши мумкин.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


34. Аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича тегишли маълумотлар республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг сўровлари асосида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тақдим этилиши тақиқланмайди, давлат сирлари билан боғлиқ бўлган маълумотлар бундан мустасно.

Давлат сирларига оид маълумотларни умумлаштириш ва бериш тартиби ҳамда шартлари қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


35. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.






Низомга

ИЛОВА



Аҳолини зилзилада харакатланишга тайёрлаш

СХЕМАСИ

Субъектлар

Масъуллар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари








Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган аҳоли, раҳбарлар, масъул мутахассислар, қутқарув хизматлари, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, ишчи ва хизматчилар

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар


1. Кучли зилзила ва унинг оқибатларидан муҳофазаланишга оид йиғинлар ва ўқув машқлари ўтказиш.



Режага мувофиқ ҳар йили





2. Миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларини ташкил этиш.



Уч йилда бир маротаба


3. Иш ва хизматдан ажралмаган ҳолда, иш ва хизмат жойларида гашкил этиладиган ўқув машғулотларида, шунингдек, мобил иловалар ҳамда миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта гайёрлаш курсларида тайёргарликдан ўтказиш.



Доимий







Таълим ташкилотлари

Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар, Фавқулодда вазиятлар ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари


1. Таълим-тарбия жараёнида кучли зилзила ва унинг оқибатларига оид муаммоли-вазиятли ўйинлар ва машғулотларни ўтказиш.



Ҳар йили


2. Дарслардан ташқари вақтда ташкиллаштириладиган кучли зилзила ва ундан муҳофазаланиш бўйича машғулотлар доирасида, шунингдек, ҳудудий ФВБлар Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув марказлари ходимлари иштирокида тайёргарликдан ўгказиш.



Ўқув йили давомида


3. Мобил иловалар ва миллий электрон платформа орқали, шунингдек, ҳудудий ўқув марказларининг аҳолини зилзилада ҳаракат қилишга тайёрлашга мўлжалланган машғулотларида тайёргарликдан ўгказиш.



Ўқув йили давомида







Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳоли, жисмоний имконияти чекланган шахслар ва туристлар

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Туризм қўмитаси, нодавлат нотижорат ташкилотлар, туристларга хизмат кўрсатувчи жисмоний ва юридик шахслар


1. Ўқув-маслаҳат пунктларида маърузалар ўқиш, ўқув фильмларини намойиш этиш, ўқув машқлари ва машғулотларга жалб этиш, шунингдек, қўлланмалар ва эслатмалар тарқатиш, махсус радио ва теледастурларни эфирга узатиш мобил иловалар ва миллий электрон платформа орқали малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш.



Мунтазам равишда


2. "Аҳолини зилзилага гайёрлаш ҳафталиги" доирасида қўмондонлик-штаб, махсус-гактик ва объект ўқув машқларини ўтказиш.



Ҳар йили режа-график асосида


3. Зилзилада тўғри ҳаракат қилиш бўйича суҳбатлар, йўриқнома ўтказиш, буклет ва эслатмаларни тарқатиш, махсус мобил иловалардан фойдаланиш орқали тайёргарликдан ўтказиш.


Доимий

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 29 сентябрь









































Время: 0.2012
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск