ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Крипто активлар /

Майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 29.09.2023 й. 3461-сон билан рўйхатга олинган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 20.09.2023 й. 68-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2023 йил 29 сентябрда 3461-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Истиқболли лойиҳалар миллий

агентлиги директорининг

2023 йил 20 сентябрдаги

68-сон буйруғига

ИЛОВА



Майнинг фаолиятини амалга ошириш учун

рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш ҳамда фаолиятни ташкил этиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

         

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


аноним крипто-актив - анонимлик принципи асосида ишловчи (амалга оширилган операциялар ҳақидаги маълумот яширин бўлган) крипто-актив;


майнинг фаолияти (бундан буён матнда майнинг деб юритилади) - ҳисоблаш операцияларини бажариш орқали маълумотларнинг тақсимланган реестрини юритиш, блокларнинг яхлитлигини яратиш ва тасдиқлаш фаолияти;


майнер - майнинг билан шуғулланиш мақсадида рухсатнома олган юридик шахс;


майнинг ускуналари - майнингни амалга оширишга имкон берувчи дастурий-аппарат ва (ёки) техник воситалар;


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги;


рухсатнома - ваколатли орган томонидан майнерга майнингни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат;


яширин майнинг - махсус дастурий таъминотдан фойдаланиш орқали учинчи шахсларнинг ҳисоблаш қувватларида, уларга билдирмаган ҳолда ёки розилигисиз майнингни амалга ошириш бўйича фаолият;


"Рўйхатга олиш" ахборот тизими (бундан буён матнда ахборот тизими деб юритилади) - ваколатли орган томонидан майнерларни масофавий рўйхатга олиш ва рухсатномани тақдим этишга мўлжалланган ахборот тизими;


талабгор - майнинг билан шуғулланиш мақсадида рухсатнома олиш учун мурожаат қилувчи юридик шахс;


майнингни (майнерларни) рўйхатдан ўтказиш - рухсатнома олиш тўғрисидаги аризани топшириш, қабул қилиш ва кўриб чиқиш, рухсатномани бериш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, қайта расмийлаштириш, амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш жараёни билан боғлиқ тадбирлар мажмуи.


2. Майнинг фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Майнерлар истеъмол қилинган электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиб, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ягона электр энергетика тизимига уланиши мумкин.


3. Майнерларга рухсатнома бериш, рухсатномани қайта расмийлаштириш, унга ўзгартириш киритиш ҳамда унинг амал қилиш муддатини узайтириш, рухсатноманинг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш фақат ахборот тизими орқали электрон шаклда мазкур Низомнинг иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


4. Рухсатнома олиш, уни қайта расмийлаштириш ва ўзгартириш киритиш, рухсатномани амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш, тугатиш ҳамда бекор қилиш жараёнида талабгор номидан иш юритиш ваколатига эга бўлган шахслар иштирок этади ҳамда ариза ва бошқа ҳужжатларни ваколатли органга тақдим этади.


5. Майнер унга рухсатнома берилган вақтдан бошлаб майнингни амалга ошириши мумкин.


6. Рухсатнома беш йил муддатга берилади.


7. Майнерлар ўз фаолиятини фақат рўйхатга олинган пайтда кўрсатилган манзилда, ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқига эга.


8. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:

яширин майнингни;

аноним крипто-активлар майнингини;

рўйхатга олинган пайтда кўрсатилган манзилга мос келмайдиган манзилда майнингни амалга ошириш;

майнингни рухсатномасиз амалга ошириш тақиқланади.


9. Майнерлар амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотларни ваколатли органнинг сўровига асосан электрон шаклда тақдим этишлари шарт.


10. Майнерлар майнингни амалга ошириш натижасида олинган крипто-активларни Ўзбекистон Республикасида крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган крипто-биржалар (бундан буён матнда крипто-биржалар деб юритилади) орқали сотишга ҳақли.


11. Рухсатномани майнингни амалга ошириш учун бошқа юридик шахсга бериш тақиқланади.



2-БОБ. РУХСАТ БЕРИШ ТАЛАБЛАРИ

ВА ШАРТЛАРИ

          

12. Қуйидагилар майнингни амалга ошириш учун рухсат бериш талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) майнингни амалга ошириш учун қуёш фотоэлектр станцияси орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланиш, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

б) майнинг ускуналарини ўрнатиш учун мўлжалланган алоҳида жойнинг мавжудлиги;

в) крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

г) майнингни фақат рўйхатга олинган пайтда кўрсатилган манзилда амалга ошириш;

д) майнинг ускуналарини ўрнатиш учун мўлжалланган жойнинг ёнғин хавфсизлиги, санитария нормалари ва қоидалари ҳамда техник хавфсизлик талабларини инобатга олган ҳолда, электр энергияси таъминоти тизимининг техник созлигини таъминлаш;

е) майнинг ягона электр энергетика тизимига уланган ҳолда амалга оширилган тақдирда, истеъмол қилинадиган электр энергияси алоҳида ҳисобланишини таъминлаш мақсадида Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (ЭҲНАТ) уланиш имкониятига эга бўлган, рўйхатдан ўтказилган электр энергиясини ҳисобга олиш асбобининг мавжудлиги;

ж) яширин майнинг, аноним крипто-активлар майнингини ҳамда муқаддам муомалада бўлган крипто-активларни муомалага киритишни амалга оширмаслик;

з) майнинг тўғрисидаги маълумотларни ваколатли органнинг талабига мувофиқ бепул тақдим қилиш;

и) майнингни амалга ошириш учун қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган йиғимларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлаш.



3-БОБ. РУХСАТНОМА ОЛИШ УЧУН ТАҚДИМ

ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР

         

13. Талабгор рухсатнома олиш учун ахборот тизимига Ягона идентификация тизими (OneID) орқали кириб, аризани қуйидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда электрон равишда тўлдиради:

а) солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);

б) юридик шахснинг тўлиқ номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли;

в) юридик шахснинг жойлашган ери (почта манзили), телефон рақами, электрон почта манзили;

г) майнинг ускуналарини ўрнатиш учун мўлжалланган жойнинг манзили;

д) юридик шахсга хизмат кўрсатадиган банк муассасасининг номи ва хисобрақами;

е) мурожаатнинг мақсади (янги рухсатнома олиш, рухсатномани қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки унга ўзгартириш киритиш);

ж) майнингни амалга ошириш учун қуёш фотоэлектр станцияси томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси манбалари тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар ва ҳужжатлар:

талабгорга тегишли бўлган қуёш фотоэлектр станциясидаги фотоэлектр панелларининг сони ҳамда улар орқали ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг умумий миқдори, қуёш фотоэлектр станциясидан фойдаланиш бўйича йўриқнома нусхаси ва унинг техник хусусияти;

қуёш фотоэлектр станцияси талабгорга тегишли бўлмаган тақдирда, электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартнома ҳамда қуёш фотоэлектр станцияси орқали ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг умумий миқдори тўғрисидаги тўлиқ маълумот;

з) майнинг ускуналари тўғрисидаги маълумот (ускуна модели, ишлаб чиқарувчининг номи, ускуналар сони, ускунанинг техник йўриқномасига мувофиқ истеъмол қилинадиган электр энергияси миқдори, божхона юк декларацияси (БЮД)нинг ёки майнинг ускуналарига эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг нусхаси);

и) майнинг натижасида олиниши мўлжалланаётган крипто-активлар рўйхати ҳамда мазкур крипто-активларнинг крипто-ҳамён манзиллари.

Мазкур банднинг "ж" ва "з" кичик бандларида назарда тутилган ҳужжатлар аризага илова қилинади ҳамда улар ўқиш мумкин бўлган юқори сифатда "PDF", "PNG" ёки "JPEG" форматларда бўлиши лозим.

Талабгор ариза бериш вақтида амалга оширмоқчи бўлган фаолиятининг рухсат беришга оид талаб ва шартларга мослигини ва уларга риоя этишини тасдиқлаши лозим.


14. Талабгорнинг aризада электрон почта манзилини кўрсатиши унинг барча хабарнома ва қарорларни электрон ҳужжат шаклида олишга розилигини англатади.



4-БОБ. РУХСАТНОМА БЕРИШ ЁКИ

РУХСАТНОМА БЕРИШНИ РАД ЭТИШ

ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ

          

15. Ваколатли орган томонидан аризани кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.


16. Ваколатли орган томонидан рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза ва мазкур Низомнинг 13-бандида кўрсатилган маълумотлар ҳамда ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган кундан эътиборан йигирма кун ичида қабул қилинади.


17. Таркиби ваколатли орган раҳбари томонидан тасдиқланган эксперт комиссияси (бундан буён матнда эксперт комиссияси деб юритилади) тақдим этилган аризани ўн беш кун ичида кўриб чиқади ҳамда рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида хулоса тайёрлайди.


18. Ваколатли орган эксперт комиссиясининг хулосаси асосида беш кун ичида рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


19. Ваколатли орган тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир кун ичида бу ҳақда талабгорни электрон тарзда хабардор қилади.


20. Рухсатнома ваколатли орган томонидан қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир кун ичида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда электрон ҳужжат тарзида расмийлаштирилади.

Рухсатнома расмийлаштирилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Рухсатнома расмийлаштирилган куннинг ўзида ахборот тизимида майнер учун шахсий кабинет яратилади.

Рухсатнома майнер томонидан қоғоз кўринишида чоп этилиши мумкин ҳамда қоғоз кўринишида чоп этилган рухсатнома электрон шаклда берилган ҳужжатга тенглаштирилади.

Рухсатнома рухсатнома эгасининг аризасида кўрсатилган электрон почта манзилига автоматик тарзда юборилади.


21. Рухсатнома ахборот тизимига ва ваколатли органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ҳамда танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.

Рухсатноманинг ҳақиқийлиги ваколатли органнинг расмий веб-сайти орқали текширилиши мумкин.


22. Қуйидагилар рухсатнома беришни рад этиш учун асос ҳисобланади:

мазкур Низомнинг 13-бандида рухсатнома бериш учун зарур бўлган маълумотлар ва (ёки) ҳужжатларнинг тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги;

талабгорнинг мазкур Низомнинг 12-бандида белгиланган рухсат бериш талаблари ҳамда шартларига мувофиқ эмаслиги;

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ва (ёки) бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;

талабгорнинг мансабдор шахслари ва (ёки) таъсисчиларнининг иқтисодий жиноятларда, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм, оммавий қирғин қуролларини тарқатиш, уларни молиялаштириш, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси, коррупция ва ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятларда иштирок этганлиги ёки иштирок этишда гумонланаётганлиги ҳақида маълумотлар мавжудлиги.

Рухсатнома беришни мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан ёки мазкур бандда назарда тутилмаган асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.


23. Мазкур Низомнинг 22-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳоллар аниқланганда, агар аризада бартараф этиш мумкин бўлган камчиликлар мавжуд бўлса, ваколатли орган уларни бартараф этиш учун талабгорга муддат беради.


24. Камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисидаги хабарнома, тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш усуллари, шунингдек камчиликларни бартараф қилиб, аризани такроран тўлдириши ҳамда тегишли ҳужжатларни тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда талабгорнинг электрон почта манзилига электрон ҳужжат тарзида бир кун ичида юборилади.

Хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўладиган вақтга мутаносиб бўлиши, лекин ушбу муддат ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.


25. Камчиликларни бартараф этиш тўғрисида хабарнома юборилган тақдирда, рухсатнома олиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати тўхтатиб турилади.


26. Хабарномада кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаган ёки ҳужжатлар хабарномада белгиланган муддатда тақдим этилмаган тақдирда, ваколатли орган рухсатнома беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли. Бунда, рухсатнома беришни камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.


27. Рухсатнома бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома талабгорга рад этиш сабаблари, қонунчиликнинг аниқ нормалари ва талабгор мазкур сабабларни бартараф этиб, аризани такроран тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда электрон ҳужжат тарзида юборилади.

Талабгор рад этиш сабабларини бартараф этишга ва аризани такроран кўриб чиқиш учун тўлдиришга ҳақли бўлган муддат рухсатнома бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.


28. Талабгор рухсатнома беришни рад этиш учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этган ҳолда аризани такроран тақдим этганда, унинг аризаси олинган кундан эътиборан етти кундан ошмайдиган муддат ичида ваколатли орган томонидан кўриб чиқилади ҳамда рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Талабгорнинг аризасини такроран кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.


29. Аризани такроран кўриб чиқишда ваколатли орган томонидан талабгорга илгари баён қилинмаган рад этиш сабабларини келтиришга йўл қўйилмайди, бундан илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар ва (ёки) ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши ҳамда мазкур Низомнинг 22-банди бешинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатлар мустасно.


30. Рухсатнома бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин талабгор томонидан берилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва ваколатли орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.



5-БОБ. РУХСАТНОМАНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

УНГА ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИШ ВА УНИНГ АМАЛ

ҚИЛИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ

         

31. Рухсатномани қайта расмийлаштириш ахборот тизимида электрон тарзда амалга оширилади.


32. Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти ёхуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин беш иш куни ичида шахсий кабинети орқали, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи маълумотлар ва (ёки) ҳужжатларни тақдим этган ҳолда, рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Рухсатномани қайта расмийлаштириш беш иш куни ичида амалга оширилади.


33. Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида рухсатномаси мавжуд бўлган юридик шахслар қўшиб юборилган тақдирда, рухсатномани мазкур Низомнинг 32-бандида белгиланган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.


34. Рухсатномани қайта расмийлаштириш учун ҳужжатлар майнер томонидан мазкур Низомнинг 13-бандида белгиланган тартибда тақдим этилади.


35. Майнер рухсатнома қайта расмийлаштирилгунига қадар, унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган рухсатнома асосида амалга оширади.


36. Рухсатномани қайта расмийлаштиришда ахборот тизимига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Рухсатнома қайта расмийлаштирилганидан сўнг, рухсатнома эгасининг шахсий кабинетига ва аризада кўрсатилган электрон почта манзилига автоматик тарзда юборилади.


37. Рухсатномани қайта расмийлаштириш учун йиғим ундирилмайди.


38. Рухсатноманинг амал қилиш муддати талабгорнинг аризаси асосида узайтирилади.


39. Рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза мазкур Низомнинг 13-бандида белгиланган тартибда рухсатноманинг амал қилиш муддати тугашидан камида бир ой олдин ваколатли органга юборилиши лозим.


40. Рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш мазкур Низомнинг 3 ва 4-бобларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


41. Рухсатнома майнернинг аризасига мувофиқ ваколатли орган томонидан қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши мумкин:

а) майнингни амалга ошириш манзилининг ўзгариши;

б) илгари келтирилган маълумотлар (майнинг ускуналарининг модели ва сони, алоқа маълумотлари (электрон почта ва телефон рақами), фотоэлектр панеллар сонининг кўпайиши ёки камайиши) ўзгарган тақдирда.


42. Рухсатномага ўзгартириш киритиш мазкур Низомнинг 3 ва 4-бобларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



6-БОБ. РУХСАТНОМАНИНГ АМАЛ

ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ,

ТУГАТИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ

           

43. Рухсатноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:

майнер томонидан рухсат бериш талаблари ва шартларининг бузилганлиги аниқланганида;

майнер томонидан ваколатли органнинг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини унинг зиммасига юкловчи қарори унда белгиланган муддатда бажарилмаганда.


44. Рухсатноманинг амал қилишини ўн кунгача муддатга тўхтатиб туриш ваколатли орган томонидан, ўн кундан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга эса суд томонидан амалга оширилади.


45. Ваколатли орган рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар майнер томонидан бартараф этиш муддатини белгилаши шарт.

Бунда, кўрсатилган муддат майнер рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.


46. Ваколатли органнинг рухсатномани амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори майнерга рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш сабаблари ва қонунчиликнинг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай шахсий кабинет орқали юборилади ҳамда шахсий кабинет ва ахборот тизимида рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақидаги маълумот жойлаштирилади.


47. Белгиланган муддат ичида рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш учун асос бўлган сабаблар ва камчиликлар майнер томонидан бартараф қилинмаса, ваколатли орган рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддатини узайтириш ёки рухсатномани бекор қилиш ҳақида судга даъво ариза киритади.


48. Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар майнер томонидан бартараф этилган тақдирда, ваколатли орган ҳолатлар бартараф этилганлиги тўғрисида шахсий кабинет орқали тасдиқнома олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида рухсатноманинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.


49. Ваколатли орган рухсатноманинг амал қилиши қайта тикланганлиги тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг бир иш кунидан ошмаган муддатда шахсий кабинет ва ахборот тизимида рухсатноманинг амал қилиши қайта тикланганлиги ҳақидаги маълумотни жойлаштиради.


50. Агар ваколатли орган тасдиқнома олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида рухсатноманинг амал қилишини қайта тиклаш ёки қайта тиклашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, майнер мазкур муддат ўтганидан сўнг ваколатли органни шахсий кабинет орқали хабардор қилган ҳолда ўз фаолиятини давом эттириши мумкин.


51. Майнер ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб турган тақдирда, рухсатноманинг амал қилишини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш ҳақида ваколатли органга ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Агар майнер рухсатноманинг амал қилиши тўхтатиб турилганидан кейин олти ой ичида рухсатноманинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида ваколатли органга ариза билан мурожаат этмаган бўлса, рухсатноманинг амал қилиши тугатилади.


52. Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш тўғрисидаги ахборот тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш куни ичида ваколатли органнинг расмий веб-сайтига ва ахборот тизимига жойлаштирилиши керак.


53. Рухсатноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

рухсатнома бериш тартиби бекор қилинганда;

рухсатноманинг амал қилиш муддати тугаганда;

майнер томонидан ваколатли органга рухсатноманинг амал қилишини олти ойгача тўхтатиб туриш тўғрисида ариза билан илгари мурожаат этилган бўлиб, мазкур муддат ичида рухсатноманинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида ваколатли органга ариза билан мурожаат қилинмаган тақдирда.

Рухсатноманинг амал қилиш муддати тугатилган ҳолларда ваколатли орган томонидан рухсатноманинг амал қилиши тугатилганлиги тўғрисида қарор қабул қилиш талаб этилмайди.


54. Рухсатнома қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

майнер рухсатномани бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат этганда;

юридик шахс тугатилганда - тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда - қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши, шунингдек янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қайта ташкил этилаётган юридик шахсда амалдаги рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда қўшиб юборилиши мустасно;

майнер рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туришига олиб келган ҳолатларни ваколатли орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда;

ваколатли органнинг рухсатномани бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;

майнер томонидан мазкур Низомнинг 58-бандида белгиланган рухсат бериш талаблари ва шартлари мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузилганда;

рухсатнома қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.


55. Рухсатномани бекор қилиш мазкур Низомнинг 54-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида белгиланган ҳолларда ваколатли органнинг қарорига биноан амалга оширилади.

Рухсатнома суд томонидан мазкур Низомнинг 54-банди тўртинчи - еттинчи хатбошиларида белгиланган ҳолларда бекор қилинади.

Ваколатли орган томонидан судга рухсатномани бекор қилиш тўғрисида ариза юборилган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай майнерга шахсий кабинет орқали судга рухсатномани бекор қилиш тўғрисида юборилган аризанинг асослари, қонунчиликнинг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда етказилади.


56. Рухсатнома мазкур Низомнинг 54-банди еттинчи хатбошисида кўрсатилган асос сабабли бекор қилинган тақдирда, рухсатнома берилган санадан бошлаб бекор қилинган ҳисобланади.


57. Ваколатли орган рухсатномани бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан, бир иш кунидан кечиктирмай майнерга шахсий кабинет орқали рухсатномани бекор қилиш тўғрисидаги қарорнинг асосларини, қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда етказади.

Ваколатли орган рухсатномани бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай бу ҳақдаги маълумотни ахборот тизимига жойлаштиради.


58. Мазкур Низом билан белгиланган рухсат этиш талаблари ва шартларини бир маротаба қўпол равишда бузилишларига қуйидагилар киради:

а) яширин майнинг, аноним крипто-активлар майнингини ҳамда муқаддам муомалада бўлган крипто-активларни муомалага киритишни амалга ошириш;

б) рўйхатга олинган пайтда кўрсатилган манзилдан бошқа манзилда майнингни амалга ошириш;

в) майнингни амалга ошириш учун қуёш фотоэлектр станцияси орқали ишлаб чиқарилмаган электр энергиясидан фойдаланилганда, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

г) ягона электр энергетика тизимига уланган ҳолда майнинг учун истеъмол қилинган электр энергиясини ҳисобга олишни таъминлаш мақсадида Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (ЭҲНАТ) мос келадиган алоҳида ҳисобга олиш асбобининг мавжуд эмаслиги.

Мазкур банднинг "а" - "г" кичик бандларида кўрсатилмаган ушбу Низомнинг 12-бандида белгиланган рухсат бериш талаблари ва шартларининг бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба бузилишлари мунтазам равишда бузилишлар деб ҳисобланади.



7-БОБ. РУХСАТ БЕРИШ ТАЛАБЛАРИ

ВА ШАРТЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ

         

59. Майнер томонидан рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат ваколатли орган томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


60. Ваколатли орган майнер томонидан рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишда ўз ваколатлари доирасида қуйидагиларга ҳақли:

майнердан крипто-активлар айланмаси тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини талаб қилиш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ҳолда майнер томонидан рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш;

рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан майнердан зарур ахборотни шахсий кабинет орқали сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида майнер томонидан рухсат бериш талаблари ва шартларига доир қоидабузарликларни кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

майнерга аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

мазкур Низомга мувофиқ рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки рухсатномани бекор қилиш масаласи бўйича қарор чиқариш ва (ёки) судга мурожаат қилиш;

рухсатномасиз майнинг амалга оширилаётганлиги тўғрисида аниқланган фактлар ҳақидаги маълумотларни белгиланган тартибда тегишли органларга қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган чоралар кўриш учун юбориш.


61. Рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда ваколатли орган ҳодимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси майнерга берилади, иккинчи нусхаси ваколатли органда қолади.



8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

          

62. Ваколатли органнинг рухсатнома беришни рад этиш, амал қилишини тўхтатиб туриш, бекор қилиш ҳақидаги қарорлари, шунингдек ваколатли орган мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиниши мумкин.


63. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.

           

         




Низомга

ИЛОВА



Майнинг фаолиятини амалга ошириш

учун рухсатнома бериш

СХЕМАСИ

              

       

Босқич

       


      

Субъектлар

       


        

Чора-тадбирлар

     


      

Муддатлар

       











1-босқич


Талабгор - юридик шахс


       

1. Майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги Низомда назарда тутилган талабларга мувофиқ рухсатнома олиш учун тегишли ҳужжатларни, барча техник ва бошқа воситаларни, жойни тайёрлайди.


2. Майнинг амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 13-бандида назарда тутилган барча зарур маълумотларни кўрсатиб ўтган ҳолда электрон тизим орқали рўйхатдан ўтади (онлайн ариза тўлдиради).

         


Талабгорнинг

ихтиёрига кўра











2-босқич


Ваколатли орган


    

Рухсатнома олиш учун барча керакли маълумотлар мавжудлигини (барча майдончаларни тўлдирилишини) тасдиқлайди.

       


Тақдим этиган кунда











3-босқич


Ваколатли орган


     

Аризани ва тегишли ҳужжатларни кўриб чиқади ва рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

         


20 кун муддатда






Ваколатли орган


         

1. Таркиби ваколатли органнинг раҳбари томонидан тасдиқланган эксперт комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва улар асосида рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги хулоса тайёрлайди.



         

14 кун муддатда


2. Эксперт комиссиясининг хулосаси асосида рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

         


5 кун муддатда



3. Рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги хабарнома талабгорга электрон почта манзилига электрон ҳужжат тарзида юборади.

         


1 кун муддатда








4-босқич


Ваколатли орган


          

Рухсатнома QR-код (матрик штрихли код) билан электрон ҳужжат тарзида расмийлаштиради ва электрон тизимда талабгор учун шахсий кабинет яратади.

     


1 иш куни ичида











5-босқич


Ваколатли орган


      

Рухсатнома бериш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг талабгор томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилган тақдирда, агар бартараф этиш мумкин бўлган камчиликлар мавжуд бўлса, рухсатнома талабгорига 30 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисида хабарнома юборади.

        


1 иш куни ичида











6-босқич


Талабгор


    

Ваколатли органга камчиликларни бартараф этиб тегишли ҳужжатларни тақдим қилади.

       


хабарномада кўрсатилган

муддата











7-босқич


Талабгор


        

Рухсатнома бериш рад этилган тақдирда, рад этиш учун асос бўлган камчиликларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайтадан тақдим этади

Қайта қўриб чиқиш учун аризани муддати рухсатнома беришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома олинган кундан бошлаб 10 иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

         


рад этилганлиги ҳақидаги

хабарномада кўрсатилган

муддатда











8-босқич


Ваколатли орган


        

Талабгор томонидан қайта тўлдирилган аризани кўриб чиқади ва рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

         


7 кун муддатда











9-босқич


Майнер


         

Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти ўзгартирилганда, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти ёхуд унинг ҳуқуқий вориси шахсий кабинет орқали, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи маълумотлар ва (ёки) ҳужжатларни тақдим этган ҳолда, рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза беради.

         


қайта рўйхатдан ўтганидан

кейин 5 иш куни ичида











10-босқич


Майнер


          

1. Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида рухсатномаси мавжуд бўлган юридик шахслари қўшиб юборилган тақдирда, рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида шахсий кабинет орқали, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи маълумотлар ва (ёки) ҳужжатларни тақдим этган ҳолда, рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза беради.



        

қайта рўйхатдан

ўтганидан кейин 5

иш куни ичида




2. Рухсатнома қайта расмийлаштирилгунига қадар, унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган рухсатнома асосида амалга оширади.

         


рухсатномани қайта

расмийлаштирилгунига қадар








11-босқич


Ваколатли орган


     

1. Рухсатномани қайта расмийлаштиради.


2. Электрон реестрга тегишли ўзгартиришлар киритади.

         


5 иш куни ичида











12-босқич


Майнер


      

Рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида ариза йўналтиради.

        


Рухсатноманинг амал қилиш

муддати тугашидан 1 ойдан

кам бўлмаган муддат ичида











13-босқич


Ваколатли орган


Аризани ва тегишли ҳужжатларни кўриб чиқади ва рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги хулоса тайёрлайди.


        

рухсатнома бериш

тўғрисидаги аризани кўриб

чиқиш учун назарда тутилган

муддатларда

        











14-босқич


Майнер


         

Рухсатномага ўзгартириш киритиш учун қуйидаги ҳолларда ариза йўналтиради:

а) фаолиятни амалга ошириш учун манзилнинг ўзгариши;

б) илгари келтирилган маълумотларга (майнинг ускуналарининг модели ва сони, алоқа маълумотлари (электрон почта ва телефон рақами), фотоэлектр панеллар сонининг кўпайиши ёки камайиши) ўзгартириш киритилган тақдирда.

        


муайян асослар юзага

келган тақдирда











15-босқич


Ваколатли орган


Аризани ва тегишли ҳужжатларни кўриб чиқади ва рухсатномага ўзгартириш киритиш тўғрисидаги хулоса тайёрлайди.


         

рухсатнома бериш

тўғрисидаги аризани кўриб

чиқиш учун назарда тутилган

муддатларда

       











16-босқич


Ваколатли орган


         

1. Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилади.



        

муайян асослар юзага

келган тақдирда



2. Рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади.

           


доимий равишда

          

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 3 октябрь





















































































Время: 0.0294
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск