ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар / Маъмурий жавобгарлик /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.10.2023 й. 530-сон "Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жамоат тартибини сақлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

06.10.2023 й.

N 530



ОММАВИЙ ТАДБИРЛАРНИ ЎТКАЗИШДА

ФУҚАРОЛАР ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

ҲАМДА ЖАМОАТ ТАРТИБИНИ САҚЛАШ ТИЗИМИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ

АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА

ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Жаҳонда кучайиб бораётган турли хавф-хатар ва зиддиятлар, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигига тахдидлар, пандемия, табиий ва техноген офатлар масъул давлат тузилмаларига ўз фаолиятини "Барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун" деган устувор ғоя асосида янада такомиллаштириш вазифасини юкламоқда.

Республикада оммавий тадбирларни ташкил этишда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияси органларига юкланган бўлиб, ушбу жараёнларда масъул вазирлик ва идоралар куч ҳамда воситаларининг биргаликдаги ҳаракатларини самарали ташкил этиш ҳамда уларнинг ҳар бирининг аниқ вазифаларини белгилаб бериш муҳим ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳамда Ички ишлар вазирлигининг оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш вақтида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини аниқ белгилаб бериш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Қонунига 2-илованинг 101-бандида оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсат этиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги белгиланганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва ўни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сон Фармонининг 3-бандида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида оммавий тадбирларни ўтказишда ҳамда истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бозорларда жамоат тартибини сақлашни ташкил этиш бевосита Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмалари томонидан амалга оширилиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

оммавий тадбирларни, уларнинг аҳамияти, кўлами ва улар ўтказиладиган ҳудудга боғлиқ ҳолда алоҳида, биринчи ва иккинчи тоифалардаги тадбирларга бўлинишини белгилаш;

оммавий тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш комиссияларининг фаолиятини ички ишлар органлари ҳузурида ташкил этиш ҳамда уларнинг таркиби, мақоми ва ваколатларини белгилаш;

алоҳида ва иккинчи тоифалардаги оммавий тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш чора-тадбирлари ички ишлар органлари, биринчи тоифадаги оммавий тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмалари томонидан амалга оширилишини таъминлаш.


3. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони P.M. Джураев ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                       А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 6 октябрдаги

530-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларида:


а) 3-бандда:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"алоҳида тоифадаги оммавий тадбир - "Янги йил", "Наврўз байрами", "Мустақиллик куни", "Хотира ва қадрлаш куни", "Халқаро болаларни ҳимоя қилиш", "Рўза ҳайит" (Ийд ал-Фитр), "Қурбон ҳайит" (Ийд ал-Адҳа), "Рождество Христово", "Пасха" байрамларини нишонлашга доир тадбирлар, таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларини ўтказиш, умумтаълим мактабларида ўқув йилининг бошланиши ва тугашига бағишланган, сайлов ва референдумларни ўтказиш билан боғлиқ, шунингдек, халқаро ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат раҳбарлари иштирокида ўтказиладиган тадбирлар ҳамда футбол бўйича халқаро миқёсдаги учрашувлар";

тўртинчи - ўн иккинчи хатбошилар тегишлича бешинчи - ўн учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

бешинчи - еттинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"биринчи тоифадаги оммавий тадбир - Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказлари ҳудудида ўтказиладиган алоҳида тоифадаги оммавий тадбир тоифаларига кирмайдиган оммавий тадбир;

иккинчи тоифадаги оммавий тадбир - алоҳида ва биринчи тоифадаги оммавий тадбирлар тоифасига кирмайдиган оммавий тадбир;

оммавий тадбирни ўтказиш объекти - оммавий тадбирларни ўтказиш учун махсус мўлжалланган ёки мослаштирилган, ёнғинга қарши техник ҳимоя воситалари, тез тиббий ёрдам кўрсатиш, эвакуация қилиш, коммуникация, муҳандис-техник ҳимоя воситалари ва оммавий тадбир иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашнинг бошқа воситалари ва тизимлари билан жиҳозланган, алоҳида, биринчи ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатларига киритилган очиқ жой участкалари, бинолар, иншоотлар, шунингдек, оммавий тадбирлар ўтказишга қулай бўлган кенг майдонлар (маданият-маърифат муассасалари, спорт мажмуалари, тарихий обидалар, далалар, истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бошқалар)";

ўн иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ваколатли орган - Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)";


б) қуйидаги мазмундаги 5-1, 5-2 ва 5-3-бандлар билан тўлдирилсин:

"5-1. Рухсатномаларни бериш ёки рухсатномалар беришни рад этиш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш, амал қилишини тўхтатиш ёхуд рухсатномани бекор қилиш тўғрисидаги таклифларни тайёрлаш ва ваколатли органлар томонидан кўриб чиқишга киритиш, шунингдек, оммавий тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш тартибига риоя этилишини назорат қилиш ваколатли орган ҳузурида ташкил қилинадиган оммавий тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш комиссиялари (кейинги ўринларда - комиссиялар) томонидан амалга оширилади.

Комиссиялар таркибига Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, оммавий тадбирларнинг турига кўра бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари вакиллари ҳамда оммавий тадбирларни ўтказиш объекти маъмурияти (келишув асосида) киради.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузуридаги комиссиялар таркибига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳудудий бўлинмалари вакиллари киради.

Комиссиянинг таркиби ва унинг иш регламенти ваколатли орган томонидан тасдиқланади.

Комиссия йиғилишлари зарурат бўлганда ўтказилади.

Комиссияга ваколатли орган раҳбарининг ўринбосари раислик қилади.

5-2. Комиссия:

рухсатнома бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқади;

рухсатнома бериш ёки рухсатномалар беришни рад этиш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш, уларни тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги таклифларни тайёрлайди ва ваколатли органлар томонидан кўриб чиқишга киритади;

оммавий тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;

бевосита жойига чиққан ҳолда, оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмуриятида ва оммавий тадбирнинг ташкилотчисида уни ўтказиш учун талаб қилинадиган шароитларни текширади, бундай текширувларни амалга ошириш учун ишчи гуруҳлар ташкил қилади, зарур хулосалар ва маълумотларни тақдим этиш учун манфаатдор ташкилотларнинг малакали мутахассислари ва экспертларини келишилган ҳолда жалб қилади.

5-3. Ўз вазифаларини бажаришда комиссия бевосита жойига борган ҳолда, оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмуриятида ва оммавий тадбирнинг ташкилотчисида уни ўтказиш учун талаб қилинадиган шароитларни текшириш, бундай текширувларни амалга ошириш учун ишчи гуруҳлар ташкил қилиш, зарур хулосалар ва маълумотларни тақдим этиш учун манфаатдор ташкилотларнинг малакали мутахассислари ва экспертларини белгиланган тартибда жалб қилиш ҳуқуқига эга";


в) 15-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"15. Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш чора-тадбирлари:

алоҳида ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказишда - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан манфаатдор давлат органлари ҳамда ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилади;

биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказишда - Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Оммавий тадбирларни ўтказишда жамоат хавфсизлигини таъминлаш заруриятини инобатга олган ҳолда, ички ишлар ва Миллий гвардия органларининг асослантирилган сўровига асосан манфаатдор давлат органлари ва ташкилотларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур миқдордаги куч ва воситалари ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ва Миллий гвардиясининг ҳудудий бўлинмалари ўзларига бириктирилган алоҳида, биринчи ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказишда, жамоат тартибини сақлашни ташкил этиш мақсадида манфаатдор давлат органлари ва ташкилотларининг биргаликда қабул қилган қарорида белгиланган тартибда ҳамкорликдаги режалар (намунавий) ишлаб чиқиш ҳамда объектларда тадбир иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эвакуация қилиш, коммуникация, видеокузатув, замонавий муҳандис-техник ҳимоя воситалари, ёнғин ва техник хавфсизлиги ҳамда атрофни ёритиш тизимларидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир объектнинг хавфсизлигини таъминлаш паспортини ишлаб чиқади";


г) 38-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ишчи гуруҳ таркибига оммавий тадбирни ўтказиш объектининг тоифаси, хусусиятларини, унинг характерини ва иштирокчиларнинг сонини ҳисобга олган ҳолда ваколатли орган, ҳудудий ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, оммавий тадбир ташкилотчиси ва оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти, бошқа манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари киритилади. Ишчи гуруҳ таркибига, шунингдек, оммавий тадбирни ўтказиш вақтида зиммасига фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш юкланган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳудудий бўлинмаси ва ички ишлар органининг вакиллари киритилади";


д) 44-банддаги "ички ишлар органи ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг тегишли бўлинмасини" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳудудий бўлинмасини ва ҳудудий ички ишлар органини" сўзлари билан алмаштирилсин;


е) 58-банд "Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмалари" сўзларидан кейин "ҳарбий хизматчилари ва" сўзлари билан тўлдирилсин;


ж) 61-банднинг учинчи хатбошисидаги "ёнғин хавфсизлиги" сўзлари "ёнғин-қутқарув бўлинмалари" сўзлари билан алмаштирилсин;


з) 67-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"оммавий тадбирни ўтказиш объектининг кўринарли жойларида хавфсизлик ва ёнғин хавфсизлиги белгилари, эвакуация қилиш кўрсаткичларини, ҳаракатланиш қоидаларини, схемалари, режалари ва йўриқномаларини, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини жойлаштириш";


и) 69-бандда:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"69. Оммавий тадбирларни ўтказишда ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг мажбуриятлари:";

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"оммавий тадбирни тайёрлаш ва ўтказиш даврида фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини, йўл ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича ўзаро, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бўлинмалари, бошқа манфаатдор ташкилотлар, оммавий тадбир ташкилотчиси ва оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти билан ҳамкорликни амалга ошириш";

ўн иккинчи хатбошидаги "ёнғинга қарши" сўзлари "ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши" сўзлари билан алмаштирилсин;

ўн бешинчи хатбошидаги "Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси" сўзлари "ўзаро, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги" сўзлари билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги ўн олтинчи ва ўн еттинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"оммавий тадбирларни ўтказишда объектнинг кўрсатилган жойларида захира кучлари ва воситаларининг жанговар шай ҳолатини таъминлаш;

террорчиларни қўлга олиш, зарарсизлантириш ва йўқ қилиш тадбирларини амалга оширишда иштирок этиш";

ўн олтинчи хатбоши ўн саккизинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

ўн саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳудудий бўлинмалари ва ички ишлар органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажаришлари мумкин";


к) 70-бандда:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"70. Оммавий тадбирларни ўтказишда ички ишлар органларининг ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг ҳуқуқлари:";

еттинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"захира кучларини шакллантириш";

қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"оммавий тадбирни ўтказиш объектида фавқулодда вазиятлар юзага келганда, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда амалдаги махсус режаларга мувофиқ зарур чоралар кўриш";

саккизинчи хатбоши тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

тўққизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланишлари мумкин";


л) 70-1 ва 70-2-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


м) 70-5-бандда:

қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмуриятининг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилиш;

оммавий тадбирларни ўтказиш даврида фавқулодда вазиятлар хавфи юзага келганда ёки содир бўлганда улар тўғрисида оммавий тадбир иштирокчиларини ўз вақтида огоҳлантириш ва хабардор қилишни ташкиллаштириш";

бешинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин;


н) 70-6-бандда:

иккинчи хатбошидаги "объектини олдиндан текшириш" сўзлари "объектида белгиланган тартибда профилактик тадбирларни амалга ошириш" сўзлари билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"оммавий тадбирлар ўтказиладиган объектлар тўғрисида вазирлик зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жисмоний ва юридик шахслардан зарур маълумотлар ва ахборотларни сўраб олиш;

оммавий тадбирлар ўтказиладиган объектларда вазирлик фаолиятига оид ҳужжатлар талаблари бузилиши ҳолатлари аниқланганда, белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш ҳамда зарур ҳолларда камчиликлар аниқланган объектларда оммавий тадбирлар ўтказилишини тақиқлаш";

тўртинчи хатбоши олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин;


о) 70-11 ва 70-12-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"70-11. Оммавий тадбирларни ўтказишда қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг вазифалари ҳисобланади:

оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатини ўзининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш;

заруратга кўра Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари сўровига асосан ўз ходимларининг комиссия фаолиятида иштирокини таъминлаш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қонунчиликка мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

70-12. Оммавий тадбирларни ўтказишда қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ҳуқуқлари ҳисобланади:

оммавий тадбир ўтказиладиган объектни тегишли ҳудудда жойлашган биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатига киритиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш;

туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг таклифларига мувофиқ иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектларининг рўйхатини тасдиқлаш;

айрим оммавий тадбирларни алоҳида, биринчи ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектларининг рўйхатларига киритилмаган жойларда ўтказиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш;

ушбу Қоидаларнинг 9-бандида кўрсатилган оммавий тадбирларни ўтказиш объектларини (жойларини), уларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилаш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилиш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин";


п) куйидаги мазмундаги 70-13 ва 70-14-бандлар билан тўлдирилсин:

"70-13. Оммавий тадбирларни ўтказишда қуйидагилар туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг вазифалари ҳисобланади:

тегишли ҳудудда жойлашган оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатини ўзининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш;

заруратга кўра туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) сўровига асосан ўз ходимларининг комиссия фаолиятида иштирокини таъминлаш;

сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар ўтказиш ҳақида хабарномани олган куннинг ўзида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳудудий бўлинмасига (оммавий тадбир биринчи тоифадаги объектда ўтказилганда) ёки ҳудудий ички ишлар органига (оммавий тадбир иккинчи тоифадаги объектда ўтказилганда) билдиришнома юбориш.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари қонунчиликка мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

70-14. Оммавий тадбирларни ўтказишда қуйидагилар туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг ҳуқуқлари ҳисобланади:

оммавий тадбир ўтказиладиган объектни тегишли ҳудудда жойлашган алоҳида, биринчи ва иккинчи тоифалардаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатларига киритиш бўйича таклифларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этиш;

оммавий тадбирни ўтказиш объектларига туташ ҳудудларнинг чегараларини белгилаш.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин".


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 июлдаги 431-сон қарори билан тасдиқланган Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ягона электрон иш юритув тизими орқали маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритиш тартиби ҳақидаги низомда:


а) 31-бандда:

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ҳуқуқбузар унга маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг эллик фоизини ёки ўттиз кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади ва бу "E-ma`muriy ish" тизимида акс эттирилади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно";

қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Мазкур тартиб суд қарорларига асосан қўлланиладиган жарималарга нисбатан ҳам татбиқ этилади";


б) 58-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг эллик фоизини ёки ўттиз кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилиниши мумкинлиги".


3. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомга 11-иловада:


а) 4-позициянинг учинчи устуни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"а) Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари - биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш учун;

б) туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бўлимлари - иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш учун";


б) 10-позициянинг учинчи устуни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Мавжуд эмас";


в) 12-позициянинг учинчи устунида:

қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Алоҳида тоифадаги оммавий тадбир - "Янги йил", "Наврўз байрами", "Мустақиллик куни", "Хотира ва қадрлаш куни", "Халқаро болаларни ҳимоя қилиш", "Рўза ҳайит" (Ийд ал-Фитр), "Қурбон ҳайит" (Ийд ал-Адҳа), "Рождество Христово", "Пасха" байрамларини нишонлашга доир тадбирлар, таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларини ўтказиш, умумтаълим мактабларида ўқув йилининг бошланиши ва тугашига бағишланган, сайлов ва референдумларни ўтказиш билан боғлиқ, шунингдек, халқаро ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат раҳбарлари иштирокида ўтказиладиган тадбирлар ҳамда футбол бўйича халқаро миқёсдаги учрашувлар";

иккинчи - бешинчи хатбошилар тегишлича учинчи - олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

учинчи ва тўртинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"биринчи тоифадаги оммавий тадбир - Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказлари ҳудудида ўтказиладиган алоҳида тоифадаги оммавий тадбир тоифаларига кирмайдиган оммавий тадбир;

иккинчи тоифадаги оммавий тадбир - алоҳида ва биринчи тоифадаги оммавий тадбирлар тоифасига кирмайдиган оммавий тадбир".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 7 октябрь
















































Время: 0.0345
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск