ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ёқилғи-энергетика комплекси / Нефть ва газ маҳсулотларини реализация қилиш (етказиб бериш). Ҳисоб-китобларни амалга ошириш /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.10.2023 й. 567-сон "Иссиқхона хўжаликлари ва мева-сабзавотларни экспорт қилувчи корхоналарнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.10.2023 й.

N 567




ИССИҚХОНА ХЎЖАЛИКЛАРИ

ВА МЕВА-САБЗАВОТЛАРНИ ЭКСПОРТ

ҚИЛУВЧИ КОРХОНАЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш, иссиқхона хўжаликлари томонидан маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш, иссиқхоналарнинг муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга ўтишини рағбатлантириш, шунингдек, маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 16 февралдаги ПҚ-57-сон қарорига мувофиқ кўмир ёқилғисига ўтказиш белгиланган иссиқхона хўжаликларига 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумида табиий газ қуйидаги талабларга қатъий риоя этган ҳолда етказиб берилади:

иссиқхона хўжалигининг табиий газ ҳисоблагичлари Табиий газ назорати ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига (кейинги ўринларда - ГНҲОАТ) уланган ҳамда табиий газ истеъмоли бўйича маълумотлари ГНҲОАТга онлайн равишда узатиладиган бўлиши;

иссиқхона хўжалигининг табиий газдан юзага келган дебитор қарздорлигини сўндириши ҳамда табиий газ учун белгиланган тўловни олдиндан тўлаши;

аҳолининг газ таъминоти тизимида фавқулодда ҳолатлар юзага келганда, иссиқхона хўжалигида етарли миқдорда муқобил ёқилғи захирасининг мавжудлиги.

Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда бир ой муддатда иссиқхона хўжаликларининг ГНҲОАТга уланганлигини мониторинг қилсин ҳамда мониторинг натижаларига кўра ГНҲОАТга уланмаган иссиқхона хўжаликларини "Инсофсиз истеъмолчилар рўйхати"га киритган ҳолда, уларга табиий газ етказиб бериш бўйича шартномаларнинг бекор қилинишини таъминласин.


2. Белгилансинки, 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумидан бошлаб ҳар йили "Ҳудудгазтаъминот" АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда иссиқхона хўжаликлари ўртасида уч томонлама келишувлар тузиш амалиёти жорий этилади. Бунда ушбу келишувларда:

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда иссиқхона хўжаликларига ёқилғи маҳсулотларини (кўмир ва табиий газ) узлуксиз етказиб бериш кафолати;

иссиқхона хўжалигининг табиий газ ҳисоблагичлари ГНҲОАТга уланган ва газ истеъмоли бўйича маълумотлари ГНҲОАТга онлайн равишда узатилган тақдирда, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар юридик шахслар учун Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 сентябрдаги 475-сон қарорида белгиланган тарифларда табиий газни етказиб беришнинг йўлга қўйилиши;

иссиқхона хўжаликларининг табиий газ ҳисоблагичлари ГНҲОАТга уланганлигини мониторинг қилиш натижаларига кўра ГНҲОАТга уланмаган иссиқхона хўжалигини "Инсофсиз истеъмолчилар рўйхатига" киритган ҳолда, унга табиий газ етказиб бериш бўйича шартноманинг бекор қилиниши;

иссиқхона хўжалигининг табиий газдан юзага келган дебитор қарздорлигини сўндирилиши ва табиий газ учун белгиланган тўловни олдиндан тўланиши;

аҳолининг газ таъминоти тизимида фавқулодда ҳолатлар юзага келганда, иссиқхона хўжалигида етарли миқдорда муқобил ёқилғи захирасининг мавжудлиги;

ҳар бир иссиқхона хўжалигининг 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумидаги эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, унга етказиб бериладиган табиий газ ҳажмлари аниқ кўрсатилиши;

иссиқхона хўжалигининг етказиб берилган ёқилғи учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда ички ва ташқи бозорга чиқариш бўйича мажбурияти;

янги ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликларига табиий газ ёки иссиқлик энергия марказларига уланиш ва техник шартлар бериш тақиқланиши назарда тутилади.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги "Ҳудудгазтаъминот" АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсуми учун иссиқхона хўжаликлари билан уч томонлама келишувлар тузиш ишларини якунласин.


3. Табиий газдан кўмир ёқилғисига ўказиладиган иссиқхона хўжаликларини давлат томонидан рағбатлантиришнинг қуйидаги механизмлари жорий этилсин:

а) 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб иссиқхона хўжаликларига кўмир қозонини харид қилиш харажатларининг 20 фоизи Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағи ҳисобидан қоплаб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 25 млрд сўм ажратилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда кўмир ёқилғисига ўтказиладиган иссиқхона хўжаликларига кўмир қозонини харид қилиш харажатларининг 20 фоизини қоплаб бериш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) тижорат банклари томонидан иссиқхона хўжаликларига қуйидаги мақсадлар учун кредитлар ажратилади:

кўмир сақлаш омборларини қуриш харажатлари учун 3 йил муддатга 1 йиллик имтиёзли давр билан;

ёқилғи сотиб олишга айланма маблағ учун 1 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан.

Мазкур банднинг "б" кичик банди учинчи хатбошисида назарда тутилаётган рағбатлантириш чораси табиий газда фаолият юритаётган иссиқхона хўжаликларига ҳам татбиқ этилади.


4. Белгилансинки, ташқи бозорларда мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва сотишга мўлжалланган йирик савдо омборларини (кейинги ўринларда - йирик савдо омборлари) ижарага олишни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) маблағлари ҳисобидан молиялаштиришнинг қуйидаги янги тартиби жорий этилади:

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари билан биргаликда йирик савдо омборларини ижарага олиш ва трейдер компанияларга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин фойдаланиш учун бериш бўйича таклифларни Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига (кейинги ўринларда -Ҳукумат комиссияси) киритади;

Агентлик Ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланган рўйхатга асосан йирик савдо омборларининг ижарага олинишини таъминлайди ҳамда трейдер компанияларга текин фойдаланиш ҳуқуқи билан топширади;

Агентлик йирик савдо омборларининг рўйхати, улардаги бўш жойлар ҳамда трейдер компанияларнинг контактлари тўғрисидаги маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтига доимий жойлаштириб боради;

йирик савдо омборларида экспорт қилувчи корхоналарнинг текин сақланадиган мева-сабзавот маҳсулотлари рўйхати Ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланади;

йирик савдо омборларини ижарага олиш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 10 январдаги ПФ-2-сон Фармонининг 3-бандига мувофиқ Агентликка Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳукумат комиссияси бир ой муддатда ташқи бозорларда мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва сотишга мўлжалланган йирик савдо омборларини ижарага олиш ҳамда трейдер компанияларга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин фойдаланиш учун бериш тартибини тасдиқласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари таклифларига асосан икки ой муддатда, биринчи навбатда, мева-сабзавот маҳсулотларига талаб юқори бўлган Россия Федерациясининг Москва, Оренбург, Уфа ва Новосибирск шаҳарларида йирик савдо омборларини ижарага олиш ва трейдер компанияларга топшириш чораларини кўрсин.


6. Белгилансинки, сердаромад янги экин турларини етиштириш ҳамда ҳосилдорлик ва даромадни ошириш мақсадида иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали агроном, энтомолог ва лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ бир ойга 1 нафар мутахассис учун 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигига ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Бунда юқори малакали агрономлар "яшил реестр"ини юритиш ҳамда расмий веб-сайтларда эълон қилиб бориш тизими йўлга қўйилади.


7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

икки ҳафта муддатда иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали агроном, энтомолог ва лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

иссиқхона хўжаликларига малакали хорижий агрономларни танлаш, баҳолаш ва жалб қилиш бўйича "Малакали агроном - юқори даромад гарови" дастурини амалга оширсин;

2024 йил 1 августга қадар Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги билан биргаликда салоҳиятли ташаббускорни жалб қилган ҳолда Бухоро вилоятида тажриба тариқасида Италия технологияси асосида қадоқлашга мўлжалланган ва намликка чидамли қоғоз қутиларни ишлаб чиқариш, мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш ва қадоқлаш бўйича логистика марказини ташкил этиш лойиҳасини амалга оширсин;

2024 йил якунига қадар Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳузурида Корея технологияси асосида "ақлли қишлоқ хўжалиги" саноат технологиялари инновацион марказини ҳамда унинг Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ўқув-тажриба ақлли иссиқхоналарини ташкил этсин.

Бунда кореялик мутахассислар томонидан дастурий таъминотлар билан ишлаш бўйича IT-мутахассислар ва юқори малакали маҳаллий тренерлар тайёрлашни йўлга қўйсин, шунингдек, иссиқхона қуришда фойдаланиладиган асосий жиҳозларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда Корея Республикасида мутахассисларнинг малакасини ошириш чораларини кўрсин.

Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги ҳамда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти иссиқхона хўжаликларида сердаромад янги экин турлари (гул, брокколи, кўкатлар, резаворлар ва бошқалар) навларини танлаш ҳамда етиштиришни ташкил этишга масъул этиб белгилансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

икки ой муддатда кўмир ёқилғисига ўтказиладиган иссиқхона хўжаликларига кўмирни узлуксиз етказиб бериш мақсадида ҳар бир вилоятда камида битта марказлашган кўмир сақлаш омборларини ташкил этсин;

2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида иссиқхона хўжаликларига туташ ҳудудларда иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар жойлаштирилишини ҳамда иссиқхона хўжаликларини узлуксиз иссиқлик ёки электр энергияси билан таъминлаш тажрибасини жорий қилсин;

2024 йил 1 июнга қадар мазкур банднинг учинчи хатбошисидаги тажриба натижаларини таҳлил қилган ҳолда, уни республиканинг бошқа ҳудудларида жорий этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Ушбу қарорга иловага мувофиқ тижорат банклари:

кредит маблағлари ҳисобидан иссиқхона хўжалигини ташкил қилган ҳар бир мижознинг молиявий аҳволини инобатга олган ҳолда, уларнинг кредитларини қайтариш муддатларини узайтириш;

ушбу қарорнинг 3-банди "б" кичик бандида назарда тутилган шартларда иссиқхона хўжаликларига кўмир сақлаш омборларини қуриш харажатлари ҳамда ёқилғи сотиб олишга айланма маблағ учун кредитлар ажратиш чораларини кўрсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда кредит маблағларининг қайтмаслик хатарини суғурта қилиш ва ҳосилни хавф-хатардан суғурта қилиш бўйича суғурта полиси харажатларининг 50 фоизини қоплаш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги икки ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасининг "Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш ишларини янада жадаллаштириш тўғрисида" 2023 йил 15 июлдаги 294-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига киритсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Ж.Т. Мирзамахмудов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                       А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 27 октябрдаги

567-сон қарорига

ИЛОВА



Иссиқхона хўжаликларининг кредитларини

қайтариш муддатлари узайтириладиган

тижорат банклари

РЎЙХАТИ

         

1. "Азия Альянс банк" АТБ


2. "Ҳамкор банк" АТБ


3. "Микрокредитбанк" АТБ


4. "Алоқабанк" АТБ


5. "Турон банк" АТБ


6. АТ "Халқ банки"


7. "Ипак йўли банк" АТБ


8. "Ипотека банк" АТБ


9. "Бизнесни ривожлантириш банки" АТБ


10. "Асака банк" АТБ


11. "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ


12. "Агробанк" АТБ


13. "Миллий банк" АЖ


        

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 28 октябрь











































































Время: 0.0065
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск