ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Спортнинг алоҳида турлари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.11.2023 й. ПҚ-356-сон "Каратэ (WKF) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

03.11.2023 й.

N ПҚ-356



КАРАТЭ (WKF) СПОРТ ТУРИНИ

ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Каратэ (WKF) спорт тури ёшлар орасида катта оммалашув билан фойдаланаётганлигини ҳисобга олиб уни янада ривожлантириш, каратэ бўйича замонавий спорт объектлари ва иншоотларини барпо этиш, шунингдек, миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар 2023-2026 йилларда каратэ (WKF) спорт турини (кейинги ўринларда - каратэ) ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

иқтидорли ёшларни, шу жумладан қизларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция), уларни спорт мактаблари ва клубларининг секциялари ва тўгаракларига жалб этиш;

аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг каратэ билан шуғулланиши учун ҳудудларда "Каратэ ҳамма учун" дастурини амалга ошириш;

мактабгача ёшдаги болаларда каратэнинг "Ката" йўналишига қизиқиш уйғотиш орқали нафас олиш, хотира ва концентрацияни сақлаш, вестибуляр аппаратни чиниқтириш каби соғломлаштириш ишларини олиб бориш, техник кўмак лойиҳаларини жалб этиш орқали "Кидс каратэ" (kids karate) лойиҳасини амалга ошириш;

каратэ бўйича замонавий спорт объектларини барпо этиш, мавжудларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлаш;

каратэ бўйича профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг барча босқичларини рақамлаштириш;

каратэга ўқитишнинг замонавий методикаларига асосланган илмий-услубий ва ўқув адабиётлар билан таъминлаш ҳамда тиббий хизматни ривожлантириш;

ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида соғлом турмуш тарзининг муҳим таркибий қисми ва болаларни баркамол инсон этиб тарбиялашга хизмат қиладиган спорт тури сифатида каратэни тарғиб қилишга йўналтирилган янги ва самарали усулларни жорий қилиш.


2. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасининг:

Ўзбекистон каратэ миллий федерациясини Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси (кейинги ўринларда - Каратэ ассоциацияси) этиб қайта ташкил қилиш;

жойларда ишларни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, услубий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш мақсадида Каратэ ассоциациясининг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш;

жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида паракаратэни ривожлантириш ва уларнинг бу борадаги иқтидорини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси тузилмасида паракаратэ бўлимини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Белгилансинки, Каратэ ассоциацияси:

Ўзбекистон каратэ миллий федерациясининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Халқаро каратэ федерацияси (WKF) томонидан ўрнатилган талаб ва қоидалар асосида Ўзбекистонда каратэ бўйича барча федерация ва ассоциациялар фаолиятини бирлаштиради ҳамда улар ўртасида ўзаро ҳамкорликни ташкил этади.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари уч ой муддатда Каратэ ассоциациясининг ҳудудий бўлимлари учун тегишли шарт-шароитлар яратиш, молиявий ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш учун уларга ҳудудий йирик ташкилотлар ва ҳомийларни бириктирсин ҳамда уларни жойлаштириш учун бино ва иншоотлар ажратилишини таъминласин.


4. Қуйидагилар:

2023-2026 йилларда каратэ (WKF) спорт турини ривожлантириш дастури 1-иловага мувофиқ;

2023-2026 йилларда каратэ (WKF) спорт турини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2023-2026 йилларда каратэ (WKF) спорт турини ривожлантириш дастурини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида назарда тутиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига Давлат бюджети ва ҳомийлар томонидан ажратиладиган маблағлар;

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

Каратэ ассоциациясига унинг уставидаги йўналишлар бўйича юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушадиган бадал пуллари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. 2026 йил Дакар шаҳрида (Сенегал) бўлиб ўтадиган IV ёзги Ёшлар олимпия ўйинлари, шунингдек, Бутунжаҳон спорт ўйинлари, Осиё ва Параосиё ўйинларига (кейинги ўринларда - комплекс мусобақалар) Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлашнинг устувор вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

каратэ бўйича клуб, секция ва тўгараклар тармоғини кенгайтириш, уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш;

илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ҳамда инновацион технологияларни кенг жорий қилиш орқали ҳудудларда каратэ бўйича зарур спорт инфратузилмасини яратиш;

каратэ бўйича Халқаро каратэ федерацияси (WKF) томонидан тасдиқланган норма ва қоидаларда белгиланган ёш тоифалари бўйича миллий терма жамоа таркибларини шакллантириш, шунингдек, нуфузли халқаро ва минтақавий мусобақаларда уларнинг иштирокини таъминлаш.


6. Белгилаб қўйилсинки, каратэ бўйича комплекс мусобақаларга спортчиларни тайёрлаш, уларнинг натижадорлигини ошириш ҳамда Каратэ ассоциацияси фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида (республика ва халқаро спорт мусобақалари, ўқув-машғулот йиғинлари, Осиё ҳамда жаҳон чемпионатлари ва кубоклари, Каратэ ассоциациясининг сақлаш харажатлари учун) 2024 йилдан бошлаб ҳар йили 5 миллиард сўмдан маблағ ажратиб борилади.

Бунда, ушбу маблағларнинг 3 миллиард сўми спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режаси ҳамда қолган қисми Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига Давлат бюджети ва ҳомийлар томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланади.


7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2024 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда:

республиканинг барча ҳудудларида 7 октябрь куни - Бутунжаҳон каратэ кунига бағишланган Каратэ фестивали;

каратэ ва паракаратэ бўйича нуфузли "Uzbekistan Open" халқаро турнири;

каратэ бўйича Халқаро каратэ федерациясининг (WKF) тасдиқланган норма ва қоидаларида белгиланган ёш тоифалари бўйича уч босқичли (туман/шаҳар, ҳудудий ва республика) чемпионатлар ва кубоклар;

каратэ бўйича давлат спорт-таълим муассасалари ўртасида "Ўзбекистон чемпионати" мусобақаси ўтказилади.


8. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (А. Икрамов):

а) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ва Каратэ ассоциацияси билан биргаликда:

икки ой муддатда мазкур қарорнинг 7-бандида кўрсатилган мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш ва уларни юқори савияда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин;

республикада ўтказиладиган халқаро турнирларда маҳаллий каратэчилар билан биргаликда юқори рейтингга эга бўлган халқаро каратэчилар, тренерлар ва ҳакамларнинг иштирокини таъминласин;

мазкур қарорнинг 7-бандида кўрсатилган Каратэ фестивали ва халқаро турнирни 2024 йил 1 январдан бошлаб спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасига киритсин;

мазкур мусобақаларни ўтказиш жараёнини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа коммуникация манбаларида кенг ёритсин;

б) ҳудудий терма жамоаларнинг асосий тайёргарликни олиб бориши учун уларга ҳудудий спортнинг яккакураш турларига ихтисослаштирилган спорт мактабларининг иншоотларини асосий база сифатида бириктирсин.


9. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х. Умарова) Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Каратэ ассоциацияси билан биргаликда уч ой муддатда ўз маблағлари ҳисобидан зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлган умумий ўрта таълим мактабларида спорт мактаблари ва клубларининг тренерларини жалб этиш орқали дарсдан ташқари алоҳида каратэ секциялари ва тўгаракларини ташкил этсин.


10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари каратэни оммалаштириш мақсадида:

ёшлар ўртасида туман (шаҳар) ва ҳудуд миқёсида мусобақаларни мунтазам равишда ташкил қилсин;

маҳаллий ўқув-машғулот йиғинлари ва спорт мусобақаларида ҳудудий спорт жамоалари иштирок этишини таъминласин.


11. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимида Ўзбекистон каратэни ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда - Каратэ маркази) ташкил этилсин.

Белгилансинки, Каратэ маркази фаолияти Каратэ ассоциацияси томонидан Халқаро каратэ федерацияси (WKF) билан ҳамкорликда Марказий Осиёда янги "етакчи" (lidership) имиджни яратишга йўналтирилади.


12. Қуйидагилар Каратэ марказининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

каратэ, шу жумладан паракаратэ бўйича юқори малакали профессионал спортчилар, тренерлар, тренер-селекционерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларни илғор хорижий тажриба асосида тайёрлаш;

каратэ, шу жумладан паракаратэ бўйича спортчилар, тренерлар, тренер-селекционерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларнинг касбий маҳорати ва малакасини ошириш;

каратэ бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш ва мамлакатимизда жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида хорижий мамлакатларнинг етакчи муассасаларини жалб этиш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш;

каратэ, шу жумладан паракаратэ бўйича ўқув дастурлари ва методологияни янгилаш, спортчи ва мутахассисларнинг тайёргарлик жараёнига илғор инновацион технологияларни жорий этиш;

маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида семинар-тренинглар, мастер-класслар, ўқув машғулотлари ташкил этиш.

Белгилансинки, Каратэ маркази барча ёш тоифалари бўйича терма жамоаларнинг ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш учун асосий спорт базаси ҳисобланади.


13. Каратэ маркази фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Давлат бюджети маблағлари;

Каратэ ассоциацияси маблағлари;

фаолият ихтисослиги бўйича хизматларни реализация қилишдан ва марказнинг уставидаги вазифаларга мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

асосий машғулотлар ўтказилмайдиган вақтда бўш турган мол-мулкни ижарага беришдан тушган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ва бошқа халқаро ташкилотлар грантлари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


14. Белгилансинки:

Каратэ маркази Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимидаги Тошкент шаҳар олий спорт маҳорати мактаби фаолиятини мақбуллаштириш ҳисобига унинг ўрнида ташкил этилади;

Тошкент шаҳридаги спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабининг Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Саккокий кўчаси, 4-"Б" уй манзилида жойлашган бино-иншоотлари тегишли ҳудуди билан бирга Каратэ марказига оператив бошқарув ҳуқуқи билан ўтказиб берилади;

Каратэ маркази биноси ва зарур инфратузилмасини барпо этиш 2024-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилади.

Бунда, Каратэ маркази учун зарур бўладиган қўшимча бино ва иншоотлар инновацион технологияларга асосланган, қиммат бўлмаган, энергия тежовчи ва тез барпо этиладиган енгил конструкция ва материаллардан барпо этилади.

Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда Каратэ маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.


15. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги (М. Исмаилов) Каратэ ассоциацияси (Р. Талипов) билан биргаликда 2024 йил 1 мартга қадар:

жойларда каратэ билан шуғулланаётган, шунингдек, мусобақаларда қатнашувчи барча спортчилар тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ рақамлаштирсин;

республика ҳудудларидаги барча турдаги давлат ва нодавлат таълим муассасалари, клуб, секция ва тўгаракларда каратэ билан шуғулланаётган, шунингдек, спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг вилоят ва республика календарь режаларига киритилган мусобақаларда қатнашувчи каратэчилар тўғрисидаги ягона маълумотлар базасини шакллантирсин.

Бунда, ягона маълумотлар базасини яратиш, ишга тушириш ва кейинчалик техник қўллаб-қувватлаш Каратэ ассоциациясига ҳар йили ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


16. Мудофаа вазирлиги (Б. Курбанов) Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Каратэ ассоциацияси билан биргаликда Қуролли Кучлар тизимида каратэни оммалаштириш ва ривожлантириш ишларини амалга оширсин, шу жумладан ҳарбий хизматчилар ва ходимлар ўртасида турнирлар ҳамда мусобақаларни ташкил қилсин, уларни спорт захираси ва терма жамоалар таркибига жалб қилсин.


17. Белгилаб қўйилсинки, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида каратэ бўйича бакалавриат таълим йўналишига ва магистратура мутахассислигига амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари жорий ўқув йилига нисбатан икки бараварга оширилади;

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус ва Фарғона филиалларида каратэ бўйича ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари назарда тутилади.


18. Вазирлар Маҳкамаси (А.Н. Арипов):

йирик халқаро спорт мусобақаларига спортчиларни тайёрлаш бўйича комиссияларнинг кенгайтирилган йиғилишларида мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, вазифаларнинг сўзсиз бажарилиши ва юзага келаётган муаммо ва масалалар ечимини муҳокама қилиб борсин;

икки ой муддатда каратэ бўйича комплекс мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Каратэ ассоциациясига тегишли шарт-шароитлар яратиш учун ҳомий ташкилот бириктирсин.


19. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И. Икрамов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби О.О. Қосимов ҳамда Каратэ ассоциацияси раиси Р.А. Талипов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари О.Қ. Абдурахманов зиммасига юклансин.

          

         

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 3 ноябрдаги

ПҚ-356-сон қарорига

1-ИЛОВА



2023-2026 йилларда каратэ (WKF)

спорт турини ривожлантириш

ДАСТУРИ

           

N

    

Чора-тадбирлар

     

Амалга ошириш механизмлари

      

Амалга

ошириш

муддатлари

      

Молиялаштириш

манбалари

    

Масъул ижрочилар

         

1.

Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси ҳузурида каратэ (WKF) спорт тури бўйича (кейинги ўринларда - каратэ) республика профессионал клубини ташкил этиш.


1. Каратэ бўйича республика профессионал клуби фаолиятини самарали ташкил қилиш.


2024 йил

январь


Ижрочилар ва ҳомийлар маблағлари


Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги


2. Каратэ бўйича нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этадиган спортчилар билан индивидуал ишлаш ва уларнинг пухта тайёргарлигини ташкил этиш.


2023-2026

йиллар

давомида


2.

Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси йўлланмаси асосида ҳудудларга тренерларни ва мутахассисларни маълум бир муддатга илғор тажрибани жорий этиш мақсадида юбориш (ротация қилиш).


1. Каратэ ривожланмаётган ва натижадорлиги паст бўлган ҳудудларга тренерлар ва тегишли мутахассисларни юбориш (ротация қилиш), уларни бириктириш, режа ва шартларни ишлаб чиқиш.


2. Тажриба сифатида Жиззах ва Навоий вилоятларини танлаш.


2024 йил

март

Ижрочилар ва ҳомийлар маблағлари


Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари


3.

Ҳудудларда каратэ бўйича иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ишларини такомиллаштириш.


1. Иқтидорли ёшларни ҳудудлардаги селекционерларни жалб қилган ҳолда аниқлаш.


2. Саралаб олиш (селекция) йўли билан аниқланган иқтидорли ёшларни келажакда олий маҳоратли каратэ бўйича спортчи бўлиб шаклланиши учун спорт мактабларига йўналтириш.


3. Таълим муассасаларида ушбу ёшларнинг ўқиш ва шуғулланиш жараёнини доимий назоратга олган ҳолда мониторинг олиб бориш.


4. Олимпия ва жаҳон чемпионлари, машҳур спортчилар ҳамда бошқа халқаро даражадаги мутахассислар томонидан ёш каратэчилар билан маҳалла, туман ва шаҳарларда доимий равишда маҳорат дарсларини ташкил қилиш.


5. Туман (шаҳар) саралаш босқичларининг узлуксиз ўтказилишини жорий этиш.


6. Ҳудудлардаги селекционерлар томонидан туман (шаҳар) спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаси асосида ўтказилаётган мусобақаларда иқтидорли ёшлар рўйхатини шакллантириш ҳамда уларнинг ҳаракатланиш мониторингини юритишни йўлга қўйиш.


2023-2026

йиллар

давомида

Ижрочилар ва ҳомийлар маблағлари

Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


4.

Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган спорт муассасаларининг каратэ бўйича бўлимларини қўллаб-қувватлаш.


1. Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган спорт муассасаларининг каратэ бўйича бўлимларини қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи чора-тадбирларни белгилаш.


2. Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган спорт муассасаларининг каратэ бўйича бўлимлари фаолиятини таҳлил қилиш ва натижадорликни баҳолаш.


2024 йил

февраль

Ижрочилар ва ҳомийлар маблағлари


Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


5.

Мактабгача ёшдаги болаларда каратэнинг "Ката" йўналишига қизиқишни уйғотиш.


1. Мактабгача таълим ташкилотларида "Кидс каратэ" (kids karate) лойиҳасини ишга тушириш.


2024 йил

апрель


Ижрочилар, ҳомийлар, грант ва Давлат бюджети маблағлари


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси


2. Лойиҳа доирасида танланган мактабгача таълим ташкилотларини каратэ бўйича инвентарь ва кийимлар билан таъминлаш.


2024 йил

сентябрь


6.

Каратэчиларнинг спорт тиббиёти ҳақидаги билим даражасини ошириш.


1. Тошкент тиббиёт академияси, Самарқанд давлат тиббиёт университети, Андижон ва Бухоро давлат тиббиёт институтлари спорт тиббиёти кафедралари билан ҳамкорликда семинар-тренинглар ташкил этиш.


2. Семинар-тренингларни спорт кардиологияси, травматологияси ва ортопедияси, фармакологияси, спортчиларнинг соматик касалликларини даволаш, иммунитетни коррекциялаш (тузатиш), функционал ташхис (диагностика), спорт жароҳатидан кейинги реабилитацияси ҳамда спортчиларнинг машғулотлар ва мусобақа юкламаларидан кейинги реабилитацияси каби мавзуларда ўтказиш.


2024 йил

мартдан бошлаб

Ижрочилар

маблағлари

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси


7.

"Каратэ ҳамма учун" дастурини амалга ошириш.


1. Каратэни таълим муассасалари, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш орқали оммалаштириш, аҳолининг ушбу спорт турига қизиқишини ошириш.


2. Таълим муассасалари, маҳаллаларда каратэ бўйича тўгаракларни ташкил қилиш.


3. Каратэ бўйича спорт клублари фаолиятини янада кенгайтириш, уларни қўллаб-қувватлаш.


4. Ҳудудларда каратэ инфратузилмасини кенгайтириш мақсадида инвестиция ва грант маблағларини жалб қилиш.


2024 йил

февраль

Ижрочилар ва ҳомийлар маблағлари


Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


5. Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг шахсларнинг каратэ билан бепул шуғулланишлари учун қулайликлар яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш.



"Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари" жамғармалари маблағлари


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


8.

Ўзбекистон каратэни ривожлантириш маркази учун спорт базасини барпо этиш.


1. Тошкент шаҳридаги спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабининг Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Саккокий кўчаси, 4-"Б" уй манзилида жойлашган бино-иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Ўзбекистон каратэни ривожлантириш маркази тасарруфига ўтказиб бериш.


2023 йил

декабрь


-


Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги


2. Ажратилган объектда Ўзбекистон каратэни ривожлантириш маркази фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш учун зарур бўладиган бино-иншоотларга бўлган эҳтиёжни ўрганиш.


2024 йил

март



Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси


3. Ўзбекистон каратэни ривожлантириш марказида зарур бино ва иншоотларни (замонавий меҳмонхона, тренажёр зали, назарий машғулотлар хоналари, тиббиёт ва реабилитация маркази, ошхона биноларини) қуриш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.


2024 йил

сентябрь

Давлат бюджети

маблағлари

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси


9.

Спорт-таълим муассасаларида каратэ бўйича ўқув режа ва дастурларини такомиллаштириш ва уни ривожлантиришнинг илмий-методик таъминотини йўлга қўйиш.


1. Ўқув режа ва дастурларини илғор хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқиш.


2024 йил

февраль


Ижрочилар ва ҳомийлар маблағлари


Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси


2. Халқаро стандартларга жавоб берадиган ўқув режа ва дастурлари, махсус таълим дастурларини ишлаб чиқиш.


3. Ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурларини амалга ошириш.


2024 йил

апрель

10.

Каратэ бўйича тренер ва мутахассислар салоҳиятини ошириш.


1. Тренер ва ҳакамлар учун ўқув-семинар ташкил этиш ва ўтказиш бўйича режа график ва ўқув дастурини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш.

2. Режа-график асосида салоҳиятли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқишларни босқичма-босқич ташкил этиш.


2024 йил

январдан бошлаб

ҳар йили


Ижрочилар ва ҳомийлар маблағлари


Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси


3. Ўқув-семинарлар якуни бўйича тегишли тренер ва ҳакамларни аттестациядан ўтказиб, унинг натижасидан келиб чиқиб йил давомида уларга спорт мусобақаларида қатнашиши юзасидан хулоса бериш амалиётини йўлга қўйиш.


2024 йил

март


11.

Каратэ билан шуғулланишга қизиқишни оширишга йўналтирилган адабиётларни яратиш.


1. Спорт қаҳрамонлари ҳаётини жозибали баён этиш орқали адабиётларни яратиш.


2. Машҳур спортчилар тажрибасини кўрсатиб берувчи ўқув адабиётлар яратиш ва машғулотларда фойдаланишни йўлга қўйиш.


2024-2025

йиллар

давомида

Ижрочилар,

ҳомийлар, Давлат бюджети маблағлари


Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси


12.

Каратэ бўйича электрон таълим ресурсларида машқ жараёнини ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан методик тавсияларнинг республика очиқ маълумотлар базасини яратиш.


1. Каратэ бўйича электрон дарсликлар, машқ жараёнларини видеолавҳаларда акс эттирувчи электрон методик қўлланмалар яратиш.


2. Электрон дарслик ва қўлланмаларнинг ягона республика очиқ маълумотлар базасини яратиш.


2024 йил

апрель

Ижрочилар ва ҳомийлар маблағлари

Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт университети, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси


13.

Ўқув-машқ жараёнига жаҳоннинг етакчи мутахассисларини тизимли асосда жалб этиш ҳамда кадрларни тажриба алмашиш мақсадида каратэ ривожланган етакчи хорижий давлатларга юбориш.


1. Каратэ бўйича етакчи хорижий давлатларнинг (Япония, Корея, Франция, Италия, Туркия, Эрон, Хитой ва бошқалар) илғор тажрибасини ўрганиш.


2024 йил

июнь-декабрь


Ижрочилар ва ҳомийлар маблағлари


Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси


2. Мутахассисларни хорижий давлатларга тажриба алмашишга юбориш ҳамда уларнинг юртимизга тажриба алмашиш мақсадида келиш режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2024 йил

декабрь


14.

Халқаро каратэ федерацияси (WKF), Осиё каратэ федерацияси (АKF) ҳамда етакчи хорижий мамлакатларнинг каратэ федерация (ассоциация)лари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш.


Каратэ бўйича жаҳон рейтингларида юқори ўринларни эгаллаган давлатлар, шу жумладан Япония, Корея, Франция, Италия, Туркия, Эрон, Хитой давлатларининг илғор тажрибасини ўрганиш ва амалиётга жорий қилиш, уларнинг спорт федерация (ассоциация)лари билан ҳамкорликни кучайтириш.

Бунда, ёшларни спортга жалб этиш, спортчилар билан ишлаш ва халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш.


2024 йил

январдан бошлаб


Ижрочилар ва ҳомийлик маблағлари


Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси


15.

Каратэ бўйича маҳоратли спортчиларни тайёрлаш.

1. Каратэ бўйича спортчиларга даража (белбоғ) бериш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш орқали такомиллаштириш ҳамда бу борада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш.


2. Спортчиларга даража (белбоғ) бериш, уланинг салоҳиятини баҳолаш бўйича республика ва ҳудудий комиссиялар фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг мажбуриятларини белгилаш.


3. Жойларда спортчилар салоҳиятини баҳолаш ва уларга даража (белбоғ) бериш бўйича синовларни қабул қилиш жараёнларини ягона режа-график асосида ўтказишни йўлга қўйиш.


2023 йил

декабрь

Ижрочилар ва ҳомийлик маблағлари


Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси


16.

Ўзбекистонда анъанавий тарзда каратэ бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида (олимпия ва халқаро вазн тоифалари бўйича) халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш.


1. Республиканинг барча ҳудудларида 7 октябрь куни - Бутунжаҳон каратэ кунига бағишланган каратэ фестивалини ўтказиш.


2024 йилдан

бошлаб

ҳар йили

октябрь


Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасига ажратилган маблағлар доирасида


Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


2. Каратэ ва паракаратэ бўйича "Uzbekistan Open" халқаро турнирини республика ҳудудларида ўтказиш.


2024 йилдан

бошлаб

ҳар йили

апрель


3. Мазкур мусобақалар ғолиб ва совриндорларини муносиб рағбатлантириш.


Мусобақалар

якунлари

бўйича


17.

Оммавий ахборот воситалари, шу жумладан Интернет орқали каратэни кенг тарғиб қилиш.


Қуйидагиларни назарда тутувчи медиа-режани ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш:


Ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш -

2024 йил

апрель


Ижрочилар

маблағлари


Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Спорт" телеканалида каратэ бўйича маҳаллий ва халқаро мусобақалар, спортчиларимиз томонидан эришилган ютуқларни мунтазам ёритиб бориш мақсадида "Каратэ WKF" махсус рукнини ташкил қилиш;

ҳудудий телеканаллар ва оммавий ахборот воситаларида каратэни кенг ёритиш ишларини доимий равишда ташкиллаштириб бориш;

машҳур спортчилар билан давра суҳбатлари, мулоқотлар ва маҳорат дарсларини ўтказиш;

таниқли спортчилар иштирокида ижтимоий реклама роликларини ишлаб чиқиш ва намойиш этиш;

спорт журналистларининг каратэ ютуқлари таҳлилига бағишланган кўрсатувларини оммавий ахборот воситаларида доимий ёритиб бориш.


Амалга

ошириш -

2024-2026

йиллар

давомида



          

               




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 3 ноябрдаги

ПҚ-356-сон қарорига

2-ИЛОВА



2023-2026 йилларда каратэ (WKF)

спорт турини ривожлантиришнинг

МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАРИ

               

N

    

Кўрсаткичлар


Ўлчов

бирлиги


Йиллар кесимида

        

Масъул ижрочилар

    

2023

     

2024

        

2025

     

2026

       

1.

Ўзбекистонда каратэ (WKF) билан доимий шуғулланувчилар


Сон

40 000

45 000

50 000

55 000

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси


2.

Спорт-таълим муассасаларида каратэ (WKF) билан доимий шуғулланувчилар


Сон

23 200

24 000

25 000

26 000

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси


3.

Мактабгача таълим муассасаларида каратэ тўгараклари


Сон

10

20

30

40

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси


4.

Спорт-таълим муассасаларидаги каратэ (WKF) бўйича тренерлар


Сон

1 175

1 250

1 300

1 350

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси


5.

Каратэ (WKF) бўйича халқаро тоифадаги ҳакамлар


Сон

4

8

15

20

Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги


6.

Спорт-таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган каратэ (WKF) мусобақалари


Сон

14

18

20

22

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси


7.

Каратэ (WKF) бўйича терма жамоаларнинг халқаро спорт мусобақаларида иштироки


Сон

6

10

14

18

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси


            

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 4 ноябрь
























































































Время: 0.2215
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск