ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Турли соҳалар бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари ва Қарорлари / 2023 й. /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.11.2023 й. ПФ-188-сон "Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

07.11.2023 й.

N ПФ-188



ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ ҚАБУЛ

ҚИЛИНГАНЛИГИ   МУНОСАБАТИ   БИЛАН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

АЙРИМ ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА

ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Юртимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши орқали Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари яратилиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Шу муносабат билан амалдаги қонуности ҳужжатларни янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштириш талаб этилмоқда.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини тўлақонли амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда самарали йўлга қўйиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ уларни янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

Судьялар олий кенгаши раиси ва аъзоларини, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорини ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг раисини Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан сайлаш тартибини белгилаш;

янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланишига оид талабдан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатлардаги бундай чекловларни бекор қилиш;

меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш заруратини ҳисобга олиш.


2. Вазирликлар, Бош прокуратура ва Олий суд 2024 йил 1 январга қадар ўзларига бириктирилган соҳа ва тармоқлар кесимида қонуности ҳужжатларни пухта хатловдан ўтказган ҳолда уларни янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мазмунан мувофиқлаштириш бўйича Адлия вазирлигига таклиф киритсин, бунда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратсин:

мулк ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини таъминлаш, шу жумладан, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги конституциявий нормадан келиб чиқиб, ушбу масалаларни фақат қонунлар билан белгилаш;

инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ чекланиши мумкинлиги тўғрисидаги конституциявий талаб асосида барча қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш;

давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги тўғрисидаги конституциявий нормадан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатларидаги ҳуқуқий таъсир чораларини қайта кўриб чиқиш;

уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқини таъминлаш, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслигига оид конституциявий нормалардан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши тўғрисидаги конституциявий нормага мувофиқ қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш.


3. Адлия вазирлиги 2024 йил 1 февралга қадар киритилган таклифлар асосида қонуности ҳужжатларини янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


4. Вазирлик ва идоралар 2024 йил 1 январга қадар ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштириш бўйича зарур чораларни кўрсин.

Адлия вазирлиги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мослаштириш бўйича ишларни мувофиқлаштириб борсин ҳамда заруратга кўра вазирлик ва идораларга ушбу масала бўйича тақдимномалар киритиб борсин.


5. Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги Конституциявий Қонунига мувофиқ, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кучга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар унга зид бўлмаган қисмида қўлланилиши маълумот учун қабул қилинсин.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари қуйидаги масалалар учун шахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилсин:

ўзларига бириктирилган соҳа ва тармоқларда янги таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш;

амалдаги ва янги ишлаб чиқиладиган қонуности ҳужжатларида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зид нормалар аниқланганда, уларни бартараф этиш бўйича ўз вақтида зарур чоралар кўриш;

ўзларига бириктирилган соҳа ва тармоқларда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фақат қонунлар билан тартибга солиниши назарда тутилган масалалар юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ўз вақтида ишлаб чиқиш ва Ҳукуматга киритиш.


6. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларини қонуности ҳужжатларида ривожлантириш, аниқлаштириш ва амалга ошириш механизмларини белгилаш бўйича ишларни ахборот-таҳлилий ҳамда экспертлик жиҳатдан таъминлаб борсин.


7. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қонун билан тартибга солиниши белгиланган масалаларни қонуности ҳужжатларидан чиқариш ва қонун даражасига кўтариш бўйича ишларни амалга оширишда вазирлик ва идораларга услубий кўмаклашиш тавсия этилсин.


8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 7 ноябрдаги

ПФ-188-сон Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар

         

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-4966-сон Фармонининг 6-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"6. Белгилансинки, Кенгаш раиси, раис ўринбосари, Кенгаш аъзолари ва котиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан сайланади".


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги "Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги ПФ-5060-сон Фармонининг муқаддимасидаги "93" рақами "109" рақами билан алмаштирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги "Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5268-сон Фармони муқаддимасининг саккизинчи хатбошисидаги "83" рақами "98" рақами билан алмаштирилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги "Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги ПФ-5439-сон Фармонининг муқаддимасидаги "93" рақами "109" рақами билан алмаштирилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 майдаги "Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги ПФ-5723-сон Фармони 2-бандининг "а" кичик банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади ҳамда минимал истеъмол харажатлари қийматидан кам бўлиши мумкин эмас";


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрдаги "Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПФ-5876-сон Фармонида:


6-банднинг учинчи хатбошисидаги "шахсий ва" сўзлари чиқариб ташлансин;


1-илова 2-бандининг учинчи хатбошисидаги ва 5-бандининг иккинчи хатбошисидаги "шахсий ва" сўзлари чиқариб ташлансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6013-сон Фармони 1-бандининг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланадиган директор томонидан бошқарилади".


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги "Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6127-сон Фармонининг 4-бандида:

иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

учинчи - тўққизинчи хатбошилар тегишлича иккинчи - саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 1 июлдаги ПФ-6255-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича 2021-2026 йилларга мўлжалланган миллий стратегиясида:


а) муқаддиманинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, хавфсизликнинг бўлинмаслиги, ўз хавфсизлигини бошқа давлатлар хавфсизлиги ҳисобига мустаҳкамлашга йўл қўйилмаслиги, халқаро мажбуриятларни виждонан бажариш принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принциплари ва нормаларига асосланади";


б) 1-боб 2-параграфининг тўққизинчи ва ўнинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида "Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар" деб кафолатланган.

Шу билан бирга, Конституцияда "инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт" деб таъкидланган".


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 февралдаги "Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-21-сон Фармони 7-бандининг тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги ПҚ-2896-сон қарори билан тасдиқланган Ички ишлар органлари таянч пункти тўғрисидаги низомнинг 22-банди биринчи ва олтинчи хатбошиларидаги "(оқсоқоллари)" сўзи чиқариб ташлансин.


12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сон қарори билан тасдиқланган Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомнинг 11-бандида:

иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

учинчи - бешинчи хатбошилар тегишлича иккинчи - тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 январдаги "Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-4126-сон қарори 3-бандининг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланади, унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади, мақоми, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича тегишли равишда вазир ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади".


14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 апрелдаги ПҚ-5089-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомнинг 9-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

          

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 8 ноябрь









































































Время: 0.1850
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск