ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш /

Аграр соҳадаги олий таълим муассасалари қошидаги академик лицейларнинг битирувчиларини ушбу олий таълим муассасаларига якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 14.11.2023 й. 3476-сон билан рўйхатга олинган қишлоқ хўжалиги вазирининг 19.10.2023 й. 218-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2023 йил 14 ноябрда 3476-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

қишлоқ хўжалиги вазирининг

2023 йил 19 октябрдаги

218-сон буйруғига

ИЛОВА



Аграр соҳадаги олий таълим муассасалари қошидаги

академик лицейларнинг битирувчиларини ушбу олий

таълим муассасаларига якка тартибда суҳбат ўтказиш

орқали ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги аграр соҳадаги олий таълим муассасалари (бундан буён матнда олий таълим муассасалари деб юритилади) қошидаги академик лицейларнинг битирувчиларини (бундан буён матнда абитуриентлар деб юритилади) ушбу олий таълим муассасаларига якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш суҳбат натижаларига кўра рейтинг тизими бўйича тўпланган баллар асосида амалга оширилади.


2. Абитуриентлар учун суҳбат:

академик лицей дастурлари доирасида чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар бўйича абитуриентнинг билим савияси ва ўзлаштириш даражасини;

аграр соҳани танлашда абитуриентнинг мотивациясини (аграр соҳанинг моҳияти ва ижтимоий аҳамиятини тушуниш, унга доимий қизиқишини кўрсатиш):

абитуриентнинг ўз фикрини равон ифода этиш ва танқидий фикрлаш салоҳиятига эга эканлигини;

абитуриентнинг умумий дунёқараши шаклланганлиги, ўз устида ишлаш ва ижодкорлик қобилиятини аниқлаш бўйича ўтказилади.


3. Абитуриентларни саралаш тадбирлари қуйидаги босқичлардан иборат:

абитуриентларга якка тартибда суҳбатга тавсиянома бериш учун уларнинг академик лицейдаги умумий ўзлаштириш кўрсаткичларини ўрганиб чиқиш;

абитуриентлар билан якка тартибда суҳбат ўтказиш.



2-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ БАКАЛАВРИАТИГА

ЎҚИШГА КИРИШ УЧУН ЯККА ТАРТИБДАГИ СУҲБАТДА

ҚАТНАШИШ ИСТАГИДАГИ АБИТУРИЕНТЛАРГА

ТАВСИЯНОМА БЕРИШ


4. Олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга кириш учун якка тартибдаги суҳбатда қатнашиш истагидаги абитуриентларга тавсиянома бериш учун олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан Саралаш комиссияси ташкил этилади.


5. Саралаш комиссияси таркиби ҳар йили 10 июндан кечикмасдан олий таълим муассасаси ва академик лицей ходимлари орасидан камида беш кишидан иборат ва тоқ сонли таркибда шакллантирилади.

Бунда, олий таълим муассасасининг ўқув ишлари бўйича проректори - академик лицей директори Саралаш комиссияси раиси ҳамда академик лицей масъул ходими Саралаш комиссияси котиби ҳисобланади.


6. Саралаш комиссияси унинг аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Саралаш комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

Берилган овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда, Саралаш комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


7. Саралаш комиссияси котиби томонидан саралаш тадбирлари ўтказилишидан камида бир ой олдин академик лицейнинг расмий веб-сайтида тавсиянома олиш учун мурожаат қилиш вақти ҳақида эълон жойлаштирилади.

Абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида академик лицейга кириш жойларида тавсиянома олиш учун мурожаат қилиш вақти ҳақида ахборот стендлари мажбурий тартибда жойлаштирилиши лозим.


8. Абитуриентлар Саралаш комиссиясига эълон жойлаштирилган пайтдан бошлаб ўн кун ичида мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.


9. Саралаш комиссияси абитуриент ариза билан мурожаат қилган кундан эътиборан беш кун ичида абитуриентнинг академик лицейдаги умумий ўзлаштириш кўрсаткичини унинг рейтинг дафтарчаси асосида ўрганиб чиқади.


10. Саралаш комиссияси томонидан абитуриентни дастлабки ўрганиш натижаларига кўра унга тавсиянома бериш ёки бермаслик тўғрисидаги қарор қабул қилинади. Бунда, абитуриентнинг академик лицейдаги умумий ўзлаштириш кўрсаткичи:

71 ва ундан юқори баллни ташкил этган тақдирда абитуриентга тавсиянома берилади;

71 баллдан паст баллни ташкил этган тақдирда абитуриентга тавсиянома бериш рад этилади.


11. Саралаш комиссияси дастлабки ўрганиш натижаларига кўра тавсиянома бериш ёки бермаслик тўғрисидаги қарор ҳақида абитуриентларни ушбу қарор қабул қилинган куннинг ўзида ёзма ёки электрон равишда хабардор қилади.

Абитуриентларга берилган тавсияномалар икки йил давомида амал қилади.


12. Саралаш комиссияси қарор қабул қилинган куннинг ўзида тавсиянома берилган абитуриентлар рўйхатини Суҳбат комиссияси котибига тақдим этади.



3-БОБ. АБИТУРИЕНТ БИЛАН ЯККА

ТАРТИБДАГИ СУҲБАТ ЎТКАЗИШ


13. Олий таълим муассасаси бакалавриатига абитуриентларни ўқишга қабул қилиш учун якка тартибдаги суҳбат ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг буйруғи билан Суҳбат комиссияси ташкил этилади.


14. Суҳбат комиссияси таркиби ҳар йили 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, олий таълим муассасаси ходимлари орасидан камида етти кишидан иборат ва тоқ сонли таркибда шакллантирилади.

Бунда, олий таълим муассасаси ректори Суҳбат комиссияси раиси ҳамда олий таълим муассасаси масъул ходими Суҳбат комиссияси котиби ҳисобланади.

Саралаш комиссияси таркибига киритилган шахсларнинг Суҳбат комиссияси аъзоси бўлишига йўл қўйилмайди.


15. Суҳбат комиссияси унинг аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Суҳбат комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

Берилган овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда, Суҳбат комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


16. Суҳбат комиссияси томонидан ушбу Низомнинг 2-бандидан келиб чиқиб шакллантирилган якка тартибдаги суҳбатда бериладиган саволлар суҳбат бошланишидан камида ўн беш кун олдин Суҳбат комиссияси раиси томонидан тасдиқланади ва олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.


17. Суҳбат комиссияси котиби якка тартибдаги суҳбат ўтказилишидан камида ўн кун олдин якка тартибдаги суҳбат ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тавсиянома олган абитуриентларни ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.


18. Якка тартибдаги суҳбат давлат тилида, шунингдек абитуриентнинг сўровига кўра у танлаган хорижий тилда ўтказилиши мумкин.


19. Абитуриент якка тартибдаги суҳбат ўтказиладиган хонага ўзининг биометрик паспорти ёки идентификация ID-картасини кўрсатган ҳолда киритилади.


20. Якка тартибдаги суҳбатнинг ошкора ва холис ўтказилишини таъминлаш мақсадида якка тартибдаги суҳбат онлайн режимда овозли видеотранслация қилиниши лозим. Бунда, видеотранслация ташкиллаштирилиши учун олий таълим муассасаси ректори масъул ҳисобланади.


21. Якка тартибдаги суҳбат ўтказиладиган хонага абитуриентлар томонидан мобил алоқа воситаси, компьютер ёки бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоб, луғат, шпаргалка ва бошқа материаллар олиб кирилиши ҳамда фойдаланилиши тақиқланади.

Бунда, ушбу тақиқланган материалларни олиб кирган ёки улардан фойдаланган абитуриент якка тартибдаги суҳбатни ўтказиш тартибини бузган деб ҳисобланади ҳамда далолатнома асосида якка тартибдаги суҳбатдан четлаштирилади.


22. Абитуриентнинг якка тартибдаги суҳбатдаги натижалари 20 баллик тизимда баҳоланади.

Бунда, абитуриентга 4 та савол берилади ҳамда ушбу саволларнинг ҳар бири беш баллик тизимда баҳоланади.

Абитуриент якка тартибдаги суҳбат натижалари бўйича 11 баллдан кам балл тўплаган ҳолларда унинг билими "кониқарсиз" деб баҳоланиб, якка тартибдаги суҳбатдан ўтмаган деб ҳисобланади.


23. Суҳбат комиссияси абитуриентларни қуйидаги мезонларга асосан баҳолайди:

берилган саволларга тўлиқ ва аниқ, шунингдек асослаб жавоб бериши, аграр фаолият соҳаси билан боғлиқ тазимли билимларга эга бўлиши, улардан мустақил фойдаланишни билиши, ижтимоий муаммолар ва жараёнларни мустақил таҳлил қила олиши - 5 балл;

берилган саволларга аниқ жавоб бериши, бироқ жавобни асослаб беролмаслиги, аграр фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга эга бўлиши, улардан мустақил фойдаланишни билиши, ижтимоий муаммолар ва жараёнларни таҳлил қила олиши - 4 балл;

берилган саволларга тўлиқ жавоб беролмаслиги, аграр фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга эга бўлиши, улардан фойдаланишни билиши - 3 балл;

берилган саволларга ноаниқ жавоб бериши, аграр фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга эга бўлиши, улардан фойдаланишни билмаслиги - 2 балл;

берилган саволларга жавоб бера олмаслиги, аграр фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга етарли даражада эга эмаслиги - 1 балл;

берилган саволларга умуман жавоб бера олмаслиги, аграр фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга умуман эга эмаслиги - 0 балл.


24. Якка тартибдаги суҳбат натижаларини аниқлаш учун Суҳбат комиссияси аъзолари мустақил равишда ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги баҳолаш варақаларини тўлдиради ва уларни Суҳбат комиссияси котибига тақдим этади.

Бунда, Суҳбат комиссияси котиби абитуриентга суҳбат комиссияси аъзолари томонидан қўйилган балларни ҳисоблаб чиқиб, ўртача баллни чиқаради.


25. Якка тартибдаги суҳбат натижалари у ўтказилган куннинг ўзида абитуриентларга эълон қилинади ва Суҳбат комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланадиган, комиссия раиси томонидан тасдиқланадиган йиғилиш баённомасида қайд этилади.



4-БОБ. АБИТУРИЕНТЛАРНИНГ АПЕЛЛЯЦИЯ

ШИКОЯТЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


26. Абитуриентларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосарининг буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва олий таълим муассасасининг камида беш нафар мутахассисларидан иборат таркибда Апелляция комиссияси ташкил этилади.

Бунда, саралаш тадбирлари ва якка тартибдаги суҳбатни ўтказишга масъул бўлган шахсларнинг Апелляция комиссияси таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.


27. Саралаш тадбирлари ва якка тартибдаги суҳбат натижаларидан норози бўлган абитуриент ушбу натижалар эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикояти бериши мумкин.


28. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини, у келиб тушган кундан бошлаб беш кун муддат ичида кўриб чиқади.

Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган абитуриентни шикоят кўриб чиқилишидан икки кун олдин уни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида огоҳлантиради. Бунда, апелляция шикояти билан мурожаат қилган абитуриент мазкур шикоятни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.


29. Апелляция комиссияси унда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.


30. Апелляция комиссияси томонидан апелляция шикоятини кўриб чиқиш давомида абитуриентга уни қайта баҳолашга қаратилган саволлар берилишига йўл қўйилмайди.


31. Шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича Апелляция комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

саралаш тадбирлари ва (ёки) якка тартибдаги суҳбат натижаларини ўзгаришсиз колдириш;

саралаш тадбирлари ва (ёки) якка тартибдаги суҳбат натижаларига ўзгартириш киритиш.

Апелляция шикоятини кўришда абитуриентнинг якка тартибдаги суҳбат натижасида олган баллини пасайтиришга йўл қўйилмайди.


32. Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган абитуриентга ўз қарорини у қабул қилинган куннинг ўзида маълум қилиши керак.


33. Апелляция комиссияси қарори устидан абитуриент юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


34. Суҳбат комиссиясининг якка тартибдаги суҳбатдан муваффақиятли ўтган абитуриентлар ҳақидаги якуний қайдномаси асосида Ўзбекистон Рсспубликаси қишлоқ хўжалиги вазирининг олий таълим муассасаси бакалавриат таълим йўналишларига тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этиш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинади.


35. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.






Низомга

1-ИЛОВА


Саралаш комиссияси раиси

_______________________га

(Ф.И.О)

______________________дан

(абитуриентнинг Ф.И.О (тўлиқ ёзилади))

АРИЗА

Менга


бакалавриатига якка тартибдаги


(олий таълим муассасасининг номи)


суҳбатдан ўтиш учун тавсиянома беришингизни сўрайман.

Маълумотим


,



(ўрта махсус)


(таълим муассасасининг номи)


йўналишини ________ йилда тугатганман.

(йўналиш номи)


Таълим тўғрисидаги ҳужжат (диплом): серия ________ ________

Туғилган вақтим ва жойим;


йил,



(кун, oй, йил)


(туғилган жойи)

Доимий яшаш манзилим:



(вилоят, шаҳар, туман, қишлоқ, кўча, уй рақами тўлиқ)

Биометрик паспорт (идентификация ID-картаси) маълумоти:

,

,


(серия)


(рақам)


(қачон ва ким томонидан берилган)

 


(абитуриентнинг Ф.И.О.)


(имзо)


(ариза бериш санаси)

           





Низомга

2-ИЛОВА

           

(олий таълим муассасасининг номи)

бакалавриатига қабул қилиш бўйича якка тартибдаги

суҳбатдан ўтган абитуриентнинг жавобларини

БАҲОЛАШ ВАРАҚАСИ

Сана



(кун, ой. йил)

Абитуриентнинг Ф.И.О.


Т/р

Баҳолаш мезонлари


Баллар


1.

Академик лицей дастурлари доирасида чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар бўйича абитуриентнинг билим савияси ва ўзлаштириш даражаси



2.

Аграр соҳани танлашда абитуриентнинг мотивацияси (аграр соҳанинг моҳияти ва ижтимоий аҳамиятини тушуниш, унга доимий қизиқиши)



3.

Абитуриентнинг ўз фикрини равон ифода этиш ва танқидий фикрлаш салоҳиятига эга эканлиги



4.

Абитуриентнинг умумий дунёқараши шаклланганлиги, ўз устида ишлаш ва ижодкорлик қобилиятининг мавжудлиги



Изоҳ

             

Суҳбат ўтказиш бўйича комиссия аъзоси:

 


(Ф.И.О)


(имзо)

          


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 17 ноябрь















































Время: 0.0057
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск