Внимание!

NB! Мазкур Вактинчалик низом Ўзбекистон Республикасининг "Махсус хукукий режим тўгрисида"ги Конуни кабул килингунга кадар амал килади.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Умумий қоидалар /

"Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш тартиби тўғрисида Вақтинчалик низом (ЎзР ВМ 23.11.2023 й. 617-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 23 ноябрдаги

617-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий

режимини жорий этиш тартиби тўғрисида

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

             

1. Мазкур Низом махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тартибини, бекор қилиш ва тугатиш асосларини, шунингдек, ваколатли органлар ҳамда махсус ҳуқуқий режим иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


махсус ҳуқуқий режим - Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 9 ноябрдаги ПФ-244-сон Фармонининг 1-иловасига мувофиқ соҳалар бўйича юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларининг замонавий технологияларга асосланган янги маҳсулот, хизмат ёки ишларни назорат қилинадиган чекланган муҳитда синовдан ўтказиш бўйича фаолиятини махсус тартибга солиш;


ариза берувчи - махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш учун мурожаат қилган юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти;


махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси - махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилишга рухсат берилган юридик шахс;


махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишув - ариза берувчи ва ваколатли орган ўртасида тузиладиган махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш шартлари ҳамда тартиби белгиланган ҳужжат.


3. Махсус ҳуқуқий режим қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат сири ва фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган йўналишлардаги фаолиятни ташкил этишга татбиқ этилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалардаги мажбуриятларига зид бўлган, шу жумладан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ келмайдиган янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим доирасида реализация қилишга йўл қўйилмайди.


4. Махсус ҳуқуқий режим қуйидаги мақсадларда жорий этилади:

иқтисодий фаолиятнинг янги турлари, шакллари ва усулларини шакллантириш;

рақобат муҳитини ривожлантириш;

янги маҳсулот, хизмат ва ишлар таркибини кенгайтириш, уларнинг сифати ҳамда фойдаланиш кўламини яхшилаш;

муайян соҳани тартибга солишнинг самарали усулларини аниқлаш, жорий қилиш ва бу борадаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш;

махсус ҳуқуқий режимни амалга ошириш натижалари бўйича умумий тартибга солишни такомиллаштириш;

янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш учун қулай шароитлар яратиш ҳамда ушбу йўналишлар бўйича инвестицияларни кенг жалб қилиш;

қонунчилик ҳужжатларидан фарқ қилувчи ва уларнинг айрим қоидалари қўлланилмайдиган махсус тартибга солиш режимини жорий этиш.


5. Ваколатли орган томонидан янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим доирасида реализация қилиш бўйича қарор қабул қилинганда, улар учун лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар махсус ҳуқуқий режимни қўллаш тўғрисидаги келишувда кўрсатилган муддатда талаб этилмайди.


6. Махсус ҳуқуқий режим қуйидаги талаблар асосида жорий этилади:

лойиҳанинг янгилиги, замонавий технологияларга асосланганлиги ҳамда амалдаги маҳсулот, хизмат ва ишларга нисбатан такомиллаштирилганлиги;

лойиҳани амалга оширишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги ёки қонунчилик ҳужжатларида лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ тақиқлар мавжудлиги;

махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилишда техник имкониятларнинг мавжудлиги;

махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш мазкур Низомнинг 4-бандида белгиланган мақсадларга эришишни таъминлаши;

махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш шахснинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига, шунингдек, давлат мудофааси ва хавфсизлигига зарар етказиш хавфи баҳолаганлиги ва бундай хавф-хатарларни юзага келтирмаслиги ёки уларни камайтириш чоралари кўрилганлиги.



2-БОБ. ВАКОЛАТЛИ ОРГАН ҲАМДА МАХСУС

ҲУҚУҚИЙ РЕЖИМ ИШТИРОКЧИСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

           

7. Ваколатли орган махсус ҳуқуқий режимни жорий этишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича махсус ҳуқуқий режимни жорий этишнинг мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги, унинг амал қилиш муддатини узайтириш ва уни муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувни кўриб чиқиш;

махсус ҳуқуқий режим доирасида лойиҳани амалга оширишнинг талаб ва шартлари, шу жумладан, унинг муддати, ҳудуди ва шахслар доираси, ташаббусларга татбиқ этилмайдиган қонунчилик ҳужжатлари рўйхати ҳамда лойиҳа натижаларини баҳолаш мезонлари (индикаторлари)ни белгилаш;

махсус ҳуқуқий режим иштирокчисининг фаолиятини мониторинг қилиб бориш;

янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш ҳамда унинг натижалари муваффақиятли ёки муваффақиятсизлиги тўғрисида қарор қабул қилиш.


8. Ваколатли орган қуйидагиларга мажбур:

махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича аризаларни ўз вақтида кўриб чиқиш;

махсус ҳуқуқий режим иштирокчисининг янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижаларини холисона баҳолаш;

махсус ҳуқуқий режим иштирокчисининг янги маҳсулот, хизмат ва ишларнинг янгилиги ҳамда замонавий технологияларга асосланганлигига доир интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш;

ташаббускорларга татбиқ этилмайдиган қонунчилик нормалари рўйхатини белгилаш;

махсус ҳуқуқий режим доирасида ариза берувчининг фаолиятини давлат органлари томонидан текширишлар келишув асосида ўтказилишини таъминлаш.

Ваколатли орган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувда белгиланган тартибда реализация қилиш;

ташаббускорларга татбиқ этилмайдиган қонунчилик нормалари рўйхатини белгилаш бўйича таклифлар бериш;

янги маҳсулот, хизмат ва ишларни синовдан ўтказиш ҳамда жорий қилиш йўналишларидаги фаолияти чекланган вақт, ҳудуд ва шахслар доирасида махсус тартибга солиш орқали айрим қонунчилик ҳужжатлари талабларига амал қилмаслик;

махсус ҳуқуқий режим муддатини узайтириш ёки уни муддатидан олдин бекор қилиш бўйича ваколатли органга мурожаат қилиш;

махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишув шартларини ўзгартириш бўйича асослантирилган сабабларни кўрсатган ҳолда ваколатли органга мурожаат қилиш;

махсус ҳуқуқий режим доирасида ваколатли орган томонидан қабул қилинган қарорлар устидан судга шикоят қилиш.


10. Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси қуйидагиларга мажбур:

махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишув шартларига риоя қилиш;

ваколатли органга махсус ҳуқуқий режим иштирокчисининг фаолияти билан боғлиқ бўлган ахборотларни олишда тўсқинлик қилмаслик;

истеъмолчиларни янги маҳсулот, хизмат ва ишлар махсус ҳуқуқий режим доирасида тақдим этилаётганлиги, улардан фойдаланишдаги эҳтимолий таваккалчиликлар тўғрисида хабардор қилиш ва шартномаларни ушбу режим муддатига мос равишда расмийлаштириш, бунда истеъмолчи янги маҳсулот, хизмат ва ишларнинг махсус ҳуқуқий режим доирасида реализация қилинаётганлиги ҳақида огоҳлантирилганлигини шартномада кўрсатиш;

махсус ҳуқуқий режим муддатидан олдин якунланган тақдирда, уч кун муддатда мижозларга хабар бериш;

истеъмолчиларга ўзининг айби натижасида етказилган зарарни сўзсиз қоплаб бериш;

ўз фаолиятини амалга оширишда экология, атроф-муҳит ва инсон саломатлигига зарар етказилишининг олдини олиш чораларини кўриш.

Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси ваколатли орган билан тузиладиган келишувга мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



3-БОБ. МАХСУС ҲУҚУҚИЙ РЕЖИМНИ

ЖОРИЙ ЭТИШ ТАРТИБИ

        

11. Махсус ҳуқуқий режим мазкур Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ жорий этилади.


12. Ариза берувчи махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси бўлиш учун тегишли ваколатли органга ЯИДХП орқали мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ сўровнома юборади.

Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

махсус ҳуқуқий режим доирасида янги ишлаб чиқариладиган маҳсулот, кўрсатиладиган хизмат ёки амалга ошириладиган иш тўғрисида мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ маълумот;

махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишув.

Ваколатли орган ариза берувчининг таъсис ҳужжатлари ва молиявий ҳисоботларини "Рақамли ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олади.

Сўровномани кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.


13. Махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

махсус ҳуқуқий режимнинг давомийлиги (бошланиш ва тугаш саналари);

махсус ҳуқуқий режим жорий этиладиган ҳудуд;

махсус ҳуқуқий режим доирасида амал қилинмайдиган умумий тартибга солишнинг алоҳида қоидалари (талаблар, кўрсатмалар, тақиқлар ва чекловлар);

ташаббускорларга татбиқ этилмайдиган қонунчилик нормалари рўйхати;

янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш учун зарур бўладиган жой, техник воситалар ва асбоб-ускуналар ҳақида маълумот;

янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш учун сарфланадиган маблағлар ва уларни молиялаштириш манбалари;

махсус ҳуқуқий режим иштирокчилари рўйхати ва улар бажариши лозим бўлган талаблар (агар махсус ҳуқуқий режим бир нечта иштирокчига татбиқ этилса);

махсус ҳуқуқий режимга бошқа субъектларни қўшиш тартиби;

махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси мақомини тўхтатиб туриш асослари ва муддатлари;

махсус ҳуқуқий режим шароитида янги ишлаб чиқариладиган маҳсулот, кўрсатиладиган хизмат ёки амалга ошириладиган ишлардан фойдаланиш тартиби;

махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш натижадорлигини баҳолаш тартиб-таомиллари, мезонлари ҳамда мақсадли индикаторлари (миқдор ва сифат кўрсаткичлари);

истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминловчи қоидалар.


14. Ваколатли орган ариза берувчининг махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича ЯИДХП орқали қабул қилган сўровномасини келиб тушган кундан бошлаб ўттиз кун ичида кўриб чиқади.

Ариза берувчи махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш учун етарли ресурс ва имкониятларга эга бўлиши зарур. Бунда махсус ҳуқуқий режим иштирокчисидаги мавжуд шарт-шароитлар тегишли соҳа йўналишидан келиб чиқиб, ваколатли орган томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилади.

Агар махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бошқа соҳалар билан ўзаро боғлиқ бўлган тақдирда, ваколатли орган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ушбу соҳалардаги ваколатли идоралар билан келишади.


15. Ваколатли орган сўровномани кўриб чиқишда маълумотларнинг тўлиқлигини таъминлаш мақсадида ўзининг тегишли таркибий бўлинмалари, шунингдек, келишувга кўра бошқа давлат органлари ва ташкилотлар мутахассислари иштирокида ишчи гуруҳ ташкил этиши мумкин.


16. Ваколатли орган ариза берувчининг ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёнида ариза берувчи иштирокида махсус ҳуқуқий режим жорий этилиши сўралаётган лойиҳанинг тақдимотини ўтказади.

Ваколатли орган тақдимот ўтказиладиган кун ва жой ҳақида ариза берувчини тақдимот ўтказиладиган кундан камида ўн кун олдин ЯИДХП орқали хабардор қилади.

Тақдимот жараёни ариза берувчининг розилиги билан видеотасвирга туширилади ва тақдимот видеоконференцалоқа орқали амалга оширилади.


17. Ваколатли орган ариза берувчининг махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш тўғрисидаги сўровномасини кўриб чиқиш натижаси бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича махсус ҳуқуқий режимни жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида;

янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича махсус ҳуқуқий режимни жорий этишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида.

Махсус ҳуқуқий режимни жорий этишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинганда, ушбу хулосага келишнинг сабаблари ва асослари қарорда акс эттирилиши лозим.


18. Қуйидаги ҳолларда ваколатли орган томонидан ариза берувчининг махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича лойиҳасини амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмас деб топилади:

таклиф этилаётган янги ишлаб чиқариладиган маҳсулот, кўрсатиладиган хизмат ёки амалга ошириладиган иш ушбу Низомнинг 3 ва 6-бандларида кўрсатилган талаб ва мезонларга зид бўлса;

таклиф этилаётган маҳсулот, хизмат ёки ишларни махсус ҳуқуқий режимни жорий этмасдан реализация қилиш имконияти мавжуд бўлса;

аризани кўриб чиқиш вақтида ариза берувчи қайта ташкил этиш ва тугатиш жараёнида эканлиги ёки банкрот деб топилган ва унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик бўйича иш қўзғатилган бўлса;

ариза берувчи махсус ҳуқуқий режим доирасида таклиф этилаётган фаолият бўйича илгари экология, атроф-муҳит ёки инсон саломатлигига жиддий зарар етказилганлиги аниқланган ва махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувда ушбу хавф-хатарни камайтириш чоралари кўзда тутилмаган бўлса;

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ва/ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлса;

махсус ҳуқуқий режимнинг жорий этилиши иқтисодий ва ижтимоий барқарорликка жиддий хавф туғдирувчи ҳолатларга олиб келиши аниқланса.


19. Ваколатли орган томонидан янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича махсус ҳуқуқий режимни жорий этишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги қарорда кўрсатиб ўтилган тақдирда, ариза берувчи рад қилиш асосларини бартараф қилган ҳолда сўровномани қайта юбориши мумкин.


20. Қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарнома ва қарор нусхаси қабул қилинган кундан эътиборан бир иш куни ичида ЯИДХП орқали ариза берувчига юборилади.

Махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинганда, хабарномага ваколатли орган томонидан тасдиқланган махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишув илова қилинади.

Махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувда ваколатли орган махсус ҳуқуқий режим жорий этилган йўналишнинг ўзига хос хусусиятлари (хавф-хатарлари)дан келиб чиқиб, махсус ҳуқуқий режим жорий этилган йўналишларда янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилишнинг баҳолаш индикаторларини белгилайди.


21. Ваколатли орган томонидан махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш муддати узоғи билан уч йил этиб белгиланади.

Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси белгиланган муддат давомида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни назорат қилинадиган чекланган муҳитда реализация қилади.


22. Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси ЯИДХП орқали махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувга ўзгартириш киритиш ҳақида ваколатли органга махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилиш муддати тугашидан камида бир ой олдин мурожаат қилиши мумкин.

Мазкур аризада махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувга ўзгартириш киритиш сабаблари кўрсатилиши лозим.


23. Ариза ваколатли органга келиб тушган кундан бошлаб ўн иш куни ичида кўриб чиқилади ва натижаси бўйича махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувга ўзгартириш киритиш ёки ўзгартириш киритишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинади.



4-БОБ. МАХСУС ҲУҚУҚИЙ РЕЖИМНИ

МУДДАТИДАН ОЛДИН БЕКОР ҚИЛИШ

         

24. Қуйидаги ҳолларда ваколатли орган томонидан махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси билан тузилган келшишувни муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин:

янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим доирасида реализация қилишни бекор қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинганда;

янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим доирасида реализация қилишда экология, атроф-муҳит ва инсон саломатлигига жиддий зарар етказилаётган ёки етказиш хавфи мавжуд бўлса, башарти ушбу зарарнинг олдини олиш ёки уни камайтиришнинг имконияти мавжуд бўлмаса;

махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси томонидан янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилишни муддатидан олдин бекор қилишни сўраб ваколатли органга мурожаат қилганда;

махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси томонидан янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилишни бошлаш махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувда белгиланган санадан олти ой муддатга кечикканда;

махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси томонидан махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишув шартлари янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш давомида икки ва ундан кўп маротаба бузилганда;

махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси томонидан мазкур Низомнинг 12-бандига асосан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки ҳақиқий бўлмаган маълумотлар мавжудлиги аниқланганда;

махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси қайта ташкил этилаётганда ёки тугатилаётганда;

махсус ҳуқуқий режим иштирокчисининг тўловга қобилиятсизлик ҳолатида эканлиги аниқланганда.


25. Ваколатли орган махсус ҳуқуқий режим муддатидан олдин бекор қилинганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида махсус ҳуқуқий режим иштирокчисига хабарнома ва қарор нусхасини юборади.

Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси қарорда кўрсатилган вақтдан бошлаб махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича шартномалар тузишни тўхтатиши шарт.


26. Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси махсус ҳуқуқий режим муддатидан олдин бекор қилинганлиги тўғрисидаги қарорни олган кундан бошлаб беш иш куни ичида мижозлар (истеъмолчилар)ни махсус ҳуқуқий режим доирасидаги фаолияти бекор қилинганлиги тўғрисида хабардор қилиши лозим.

Махсус ҳуқуқий режимнинг бекор қилиниши уни амалга ошириш жараёнида тузилган шартномалар бўйича тарафларнинг ўз мажбуриятларини бажаришдан озод этмайди. Бунда шартномавий мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ суд тартибида ҳал этилади.



5-БОБ. МАХСУС ҲУҚУҚИЙ РЕЖИМНИ ТУГАТИШ

          

27. Махсус ҳуқуқий режим унинг амал қилиш муддати якунланиши билан тугатилган ҳисобланади. Бунда махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилиш муддати якунлангандан сўнг беш иш куни ичида унинг иштирокчиси янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботни ваколатли органга тақдим этади.


28. Ваколатли орган махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси томонидан тақдим этилган ҳисоботни ва мониторинг давомида тўплаган маълумотларни ўттиз иш куни ичида кўриб чиқиб, махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш ҳолатини баҳолайди ва қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижасини муваффақиятли деб топиш тўғрисида;

махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижасини муваффақиятсиз деб топиш тўғрисида.


29. Ваколатли орган уч иш куни ичида қабул қилинган қарорни махсус ҳуқуқий режим иштирокчисига юборади.


30. Ваколатли орган бир ой муддатда махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижаси бўйича қабул қилинган қарордан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

             

31. Ваколатли орган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида ва ЯИДХПда махсус ҳуқуқий режим бўйича очиқ маълумотлар реестрини юритади ва унинг доимий равишда янгиланиб боришини таъминлайди.

Очиқ маълумотлар реестрида махсус ҳуқуқий режим жорий этилган соҳа, махсус ҳуқуқий режим даври ва иштирокчилари, янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижалари ҳамда уларни баҳолаш индикаторлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.


32. Махсус ҳуқуқий режим иштирокчисининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ушбу Низомда назарда тутилмаган бошқа асосларга кўра чекланишига ва фаолияти тугатилиши йўл қўйилмайди, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Муайян соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганда, махсус ҳуқуқий режим янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш муддати тугагунга қадар амалда бўлади.


33. Махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилишда солиқ, божхона ва меҳнат муносабатлари амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади ҳамда ушбу соҳадаги қонунчилик ҳужжатлари нормаларига амал қилмаслик бўйича имтиёзлар берилмайди.


34. Махсус ҳуқуқий режим иштирокчилари ваколатли органларнинг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари юзасидан белгиланган тартибда судга шикоят қилишлари мумкин.


35. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

           

          




Низомга

1-ИЛОВА



Махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш

СХЕМАСИ

            

     

Босқичлар

        


      

Субъектлар

     


       

Амалга ошириладиган тадбирлар

     


      

Бажариш муддатлари

        








1-босқич


Ариза берувчи


   

Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси бўлиш учун тегишли ваколатли органга ЯИДХП орқали сўровнома юборади.

       


Хоҳишига кўра









2-босқич


Ваколатли орган


                  

1. Ариза берувчи томонидан юборилган сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади ва натижаси бўйича қуйидагича қарор қабул қилади:

янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича махсус ҳуқуқий режимни жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида;

янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича махсус ҳуқуқий режимни жорий этишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида.



Ўттиз кун ичида



2. Қабул қилинган қарорни ариза берувчига юборади.



Бир иш куни ичида








3-босқич


Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси


      

1. Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни назорат қилинадиган чекланган муҳитда реализация қилади.



Белгиланган муддатда




2. Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботни ваколатли органга тақдим этади.

        


Белгиланган муддат

якунлангандан сўнг беш

иш куни ичида

   








4-босқич


Ваколатли орган


           

1. Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси томонидан тақдим этилган ҳисоботни ва мониторинг қилиш натижасида тўплаган маълумотларни кўриб чиқиб, махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижасини муваффақиятли ёки муваффақиятсиз деб топиш тўғрисида қарор қабул қилади.



Ўттиз иш куни ичида



2. Қабул қилинган қарорни махсус ҳуқуқий режим иштирокчисига юборади.



Уч иш куни ичида



3. Махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижаси бўйича қабул қилинган қарордан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.

       


Қарор қабул қилинган

кундан бошлаб бир

ой муддатда

        

            

                




Низомга

2-ИЛОВА



Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси бўлиш учун

СЎРОВНОМА

             

      

I. АРИЗА БЕРУВЧИ ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТ:

         

1. Юридик шахснинг СТИРи



2. Юридик шахснинг жойлашган жойи (почта манзили)



3. Асосий фаолият тури



4. Телефон рақами



5. Электрон почта манзили, расмий веб-сайти (агар мавжуд бўлса)



6. Махсус ҳуқуқий режим доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган фаолият (маҳсулот, хизмат ва иш)



                    

II. ИЛОВА ҚИЛИНАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР*:

        

1. Махсус ҳуқуқий режим доирасида янги ишлаб чиқариладиган маҳсулот, кўрсатиладиган хизмат ёки амалга ошириладиган иш тўғрисида маълумот.


2. Махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишув.

               

             

Изоҳ. *) Ҳужжатлар сўровномага "PDF" шаклда илова қилинади.

           

            




Низомга

3-ИЛОВА



Махсус ҳуқуқий режим доирасида янги

ишлаб чиқариладиган маҳсулот, кўрсатиладиган

хизмат ёки амалга ошириладиган иш тўғрисида

МАЪЛУМОТ

               

1.

Махсус ҳуқуқий режим бўйича масъул таркибий бўлинма номи



2.

Махсус ҳуқуқий режим бўйича масъул бўлинма раҳбари (Ф.И.О.)



3.

Махсус ҳуқуқий режим бўйича масъул бўлинма раҳбарининг телефон рақами



4.

Махсус ҳуқуқий режим шароитида янги маҳсулот, хизмат ва ишлар реализация қилинадиган жой



5.

Махсус ҳуқуқий режим доирасида реализация қилинадиган янги маҳсулот, хизмат ва ишлар ҳақида маълумот



6.

Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим шароитида реализация қилиш учун асос



7.

Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим шароитида реализация қилишда фойдаланиладиган технологиялар



8.

Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим шароитида реализация қилишни молиялаштириш манбалари



9.

Махсус ҳуқуқий режим шароитида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим шароитида реализация қилишда экология, атроф-муҳит ва инсон саломатлигига зарар етказилишининг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар тавсифи



10.

Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим шароитида реализация қилишнинг бизнес жараёни тавсифи



11.

Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим шароитида реализация қилишда хавф-хатарларни аниқлаш, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар тавсифи



12.

Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим шароитида реализация қилиш муваффақиятсизликка учраганда, истеъмолчилар ва бошқаларга етказилган зарарларни қоплаш ёки мажбуриятларни бажариш механизмлари



            

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 24 ноябрь













































































Время: 0.0056
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск