ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Спортни молиялаштириш ва унинг моддий техник базаси /

Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги стипендиясини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 04.12.2023 й. 3479-сон билан рўйхатга олинган ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг 10.11.2023 й. 18-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2023 йил 4 декабрда 3479-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг

2023 йил 10 ноябрдаги

18-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги стипендиясини

тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг стипендиясини (бундан буён матнда стипендия деб юритилади) тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Стипендия ҳар ойлик тўлов шаклида Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари асосий ёки захира таркибига (бундан буён матнда спорт терма жамоалари таркиби деб юритилади) киритилган, мазкур Низомнинг иловасида белгиланган мезонларга мос келувчи спортчилар ҳамда Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) Олимпия ва Паралимпия коллежи ўқувчи-спортчиларига (бундан буён матнда ўқувчи-спортчилар деб юритилади) тайинланади.

2. Мазкур Низом қоидалари Олимпия ва Паралимпия ўйинларида совриндор бўлганлиги учун умрбод ойлик тўловлар тайинланган спортчиларга нисбатан татбиқ этилмайди.



2-БОБ. СТИПЕНДИЯ КОМИССИЯСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


3. Ўзбекистон Республикаси спорт вазири буйруғи билан стипендияни тайинлаш ва тўлаш бўйича Стипендия комиссияси (бундан буён матнда Стипендия комиссияси деб юритилади) тузилади ва у стипендияга номзод спортчиларнинг рўйхатини шакллантириш ҳамда стипендия тайинлашга масъул ҳисобланади.

4. Стипендия комиссияси таркиби Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) марказий аппарати ва Вазирлик тизимидаги ташкилотларнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалий иш тажрибасига эга бўлган ходимлари орасидан камида етти кишидан иборат таркибда шакллантирилади.

5. Стипендия комиссиясига юкланган асосий вазифалар ва функцияларга мувофиқ Стипендия комиссияси фаолиятини ташкил этиш, шунингдек комиссия йиғилишларини ўтказиш ва уларга раҳбарлик қилиш вазир ўринбосари - Стипендия комиссияси раиси томонидан амалга оширилади.


6. Стипендия комиссияси фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш унинг котиби зиммасига юкланади.


7. Стипендия комиссияси стипендияга номзод спортчилар маълумотларини кўриб чиқиш ва уларнинг рўйхатини шакллантириш бўйича қуйидаги вазифаларни бажаради:

Спорт турларини ривожлантириш республика марказлари, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (бундан буён матнда масъул ижрочилар деб юритилади) ҳамда Марказ томонидан тақдим қилинадиган стипендияга номзод спортчилар ва ўқувчи-спортчиларнинг рўйхатини (сонини) кўриб чиқиш;

стипендияга номзод спортчилар рўйхатидаги спортчилар тўғрисидаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини ва мазкур Низомнинг иловасида белгиланган мезонларга мослигини текшириш;

ўзига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш учун масъул ижрочилардан зарур ахборотларни сўраб олиш;

стипендия тайинлаш учун барча зарур ҳужжатлар ва маълумотларнинг масъул ижрочилар томонидан ўз вақтида тақдим этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари асосий ёки захира таркибига киритилган спортчилар рўйхатини доимий равишда мониторинг қилиб бориш;

спортчиларга стипендия тайинлаш ёки стипендия тўлашни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш.


8. Стипендия комиссияси йиғилишлари ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Йиғилишларда кун тартибига киритилган масалалар юзасидан коллегиал тарзда қарорлар қабул қилинади.


9. Стипендия комиссияси йиғилишлари аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.


10. Стипендия комиссияси қарорлари йиғилишда иштирок этаётган аъзоларнинг камида учдан икки қисми томонидан маъқулланган тақдирда, қабул қилинган ҳисобланади.



3-БОБ. СТИПЕНДИЯГА НОМЗОД СПОРТЧИЛАР

РЎЙХАТИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ, УЛАРНИНГ

МАЪЛУМОТЛАРИНИ ТЕКШИРИШ

ВА СТИПЕНДИЯ ТАЙИНЛАШ


11. Ҳар чорак биринчи ойининг 5-санасига қадар мазкур Низом иловасида белгиланган мезонлар асосида масъул ижрочилар спорт терма жамоалари таркибидаги спортчилардан, Марказ ўқувчи-спортчилардан стипендияга номзодлар рўйхатини тузади ва Стипендия комиссиясига тақдим қилади.

Бунда, мазкур Низомнинг иловасида белгиланган мезон талабларига мос келувчи ҳамда спорт терма жамоалари таркибига киритилган барча спортчилар, шунингдек ўқувчи-спортчилар стипендияга номзодлар рўйхатига тўлиқ киритилганлиги ва улар ҳақидаги маълумотлар тўғрилигига тегишлилигига кўра масъул ижрочилар ва Марказ жавобгар ҳисобланади.

12. Масъул ижрочилар стипендияга номзод спортчилар рўйхати билан биргаликда Стипендия комиссияси кўриб чиқиши учун мазкур Низомнинг иловасида белгиланган мезонлар асосида спортчиларнинг мусобақаларда эришган натижаларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилади.


13. Стипендия комиссияси стипендияга номзод спортчилар ҳақида бошқа зарур маълумотларни (шахсига оид маълумотлар, спорт терма жамоалари таркибидаги ҳолати бўйича маълумотлар ва бошқалар) "ERP Sport" ягона электрон бошқарув тизими орқали олади.


14. Стипендия комиссияси масъул ижрочилар томонидан тақдим қилинган стипендияга номзод спортчилар рўйхатини ва уларнинг мусобақаларда эришган натижаларини тасдиқловчи ҳужжатларни 15 кун ичида кўриб чиқади.


15. Ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида Стипендия комиссияси масъул ижрочилар томонидан тақдим қилинган стипендияга номзод спортчилар рўйхатидаги спортчиларнинг ҳақиқатдан ҳам спорт терма жамоалари таркибида эканлигини ва уларнинг мусобақаларда эришган натижаларини тасдиқловчи ҳужжатлари ҳақиқийлигини, шунингдек мазкур Низомнинг 2-бандида кўрсатилган ҳолатларни текширади.


16. Стипендия комиссияси йиғилишида умумий овоз бериш йўли билан стипендия тайинлаш ва тўлаш тўғрисида ёки стипендия тайинлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича спорт терма жамоалари таркибига киритилган ҳамда мазкур Низомнинг иловасида белгиланган мезонларга мос келувчи спортчилар ҳамда ўқувчи-спортчиларга стипендия тайинланади.

Бунда, ўқувчи-спортчилар орасидан спорт терма жамоалари таркибига киритилмаган ўқувчи-спортчиларга стипендия бериш бўйича таклиф Марказ томонидан тўғридан-тўғри Стипендия комиссиясига тақдим қилинади.

Стипендиялар стипендия тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган ойдан бошлаб спорт терма жамоалари таркибига киритилган спортчиларга бир йил муддатга, ўқувчи-спортчиларга мазкур Низомнинг 38-банди иккинчи хатбошисида белгиланган муддатга тайинланади.

17. Стипендия комиссияси қарори баённома билан расмийлаштирилади.


18. Стипендия комиссияси қарори Вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.



4-БОБ. СТИПЕНДИЯ КОМИССИЯСИ ҚАРОРИ ЮЗАСИДАН

БЕРИЛГАН МУРОЖААТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


19. Ўзбекистон Республикаси спорт вазирининг буйруғи билан Стипендия комиссияси қарори юзасидан берилган мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича апелляция комиссияси (бундан буён матнда апелляция комиссияси деб юритилади) тузилади.

Апелляция комиссияси таркибига Вазирликнинг Стипендия комиссияси фаолиятида иштирок этмаган масъул ходимлари киритилади.

Апелляция комиссияси аъзолари сони тоқ сонда ҳамда камида беш кишидан иборат таркибда шакллантирилади.


20. Стипендия комиссияси қароридан норози бўлган масъул ижрочилар ёки стипендияга номзод спортчилар ёхуд уларнинг қонуний вакиллари (бундан буён матнда мурожаатчи деб юритилади) Стипендия комиссиясининг қарори қабул қилинган кундан бошлаб, беш кун давомида Апелляция комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


21. Апелляция комиссияси йиғилишлари аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.


22. Апелляция комиссияси қарорлари йиғилишда иштирок этаётган аъзоларнинг камида учдан икки қисми томонидан маъқулланганда, қабул қилинган ҳисобланади.


23. Апелляция комиссияси томонидан келиб тушган мурожаатлар уч иш куни ичида кўриб чиқилади.


24. Апелляция комиссияси йиғилишларида ёки қарор қабул қилинаётган вақтда мурожаатчининг иштирок этиш ҳуқуқи таъминланади.


25. Апелляция комиссияси мурожаатчининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича мурожаатчининг талабларини қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


26. Апелляция комиссияси тегишли қарор нусхасини мурожаатчига бир кун муддатда почта орқали ёки электрон шаклда унинг электрон почта манзилига етказилишини, агар мурожаатчи Апелляция комиссияси қарори қабул қилинаётган вақтда иштирок этган бўлса, шахсан ўзига топширилишини таъминлайди.



5-БОБ. СТИПЕНДИЯНИ ТАЙИНЛАШ ВА ТЎЛАШ

БИЛАН БОҒЛИҚ ХАРАЖАТЛАР


27. Стипендия тўловлари учун маблағлар "спортчи" лавозими учун белгиланган иш ҳақи, терма жамоалар ва уларнинг захираси, спортчилар энергия сарфини қоплаш ва жисмоний ресурсларини тиклаш учун ажратиладиган мақсадли тўловларни мақбуллаштириш ҳисобидан қопланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Вазирликнинг харажатлари сметасида инобатга олинади.


28. Стипендия тўловлари учун маблағлар ҳисоби Вазирликда очиладиган махсус шахсий ғазна ҳисобварағида юритилади.


29. Вазирлик Стипендия комиссиясининг стипендия тайинлаш ва тўлаш ҳақидаги қарори асосида стипендия тўлови учун талаб этиладиган маблағларни Вазирликнинг харажатлар сметасида стипендия тўлови учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан масъул ижрочиларнинг харажатлар сметасига ўзгартириш киритиш орқали ажратади.


30. Стипендияни тўлаш масъул ижрочилар томонидан спортчиларнинг банк карталарига ёки депозит ҳисобварақларига молиявий маблағларни ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Бунда, молия йили якуни бўйича фойдаланилмай қолган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилади.


31. Спортчилар учун стипендия тўловлари Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси - сўмда амалга оширилади.


32. Стипендия миқдори стипендияга номзод спортчиларнинг охирги бир йилда Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича халқаро мусобақаларида эришган натижаларига асосан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 бараваригача миқдорда мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ белгиланади.

Бунда, ўқувчи-спортчилар спорт мусобақаларида мазкур Низомнинг иловасида белгиланган натижаларга эришганда уларга ушбу иловада кўрсатилган миқдорда, белгиланган натижаларга эришмаган тақдирда эса меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,5 баравари миқдорида стипендия тайинланади.

33. Стипендия комиссиясининг стипендия тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган ойдан бошлаб спортчига стипендия ҳисобланади ва тўлаб борилади.


34. Стипендия тайинланган спортчилар ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида эътироф этилиш ҳуқуқига эга бўлади.


35. Масъул ижрочилар ҳар ярим йилда стипендия тайинланган спортчиларнинг спорт натижаларини мониторинг қилиб боради ва Стипендия комиссиясига ахборот киритиб боради.



6-БОБ. СТИПЕНДИЯ ТЎЛАШНИ ТЎХТАТИШ

АСОСЛАРИ ВА ТАРТИБИ


36. Стипендия тайинланган спортчиларга стипендия тўлаш қуйидаги асосларга кўра тўхтатилишига йўл қўйилади:

1) стипендия тайинланган спортчилар спорт терма жамоалари таркибидан чиқарилганда;

2) стипендия тайинланган спортчиларга Олимпия ва Паралимпия ўйинларида совриндор бўлганлиги учун умрбод ойлик тўловлар тайинланганда;

3) ўқувчи-спортчилар ўқувчилар сафидан чиқарилганда ёки Марказнинг Олимпия ва Паралимпия коллежини тўлиқ тамомлаганда.

Бунда, ўқувчи-спортчилар спорт терма жамоалари таркибидан чиқарилганда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,5 баравари миқдорида стипендия олишни давом эттиради.

37. Мазкур Низомнинг 36-бандида келтирилган ҳолатлар аниқланган вақтдан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан Стипендия комиссияси мазкур Низомнинг 8 - 10-бандларида белгиланган тартибда стипендия тўлашни тўхтатиш тўғрисида қарор чиқаради.


38. Стипендия тўловларини тўлаш Стипендия комиссиясининг стипендия тўлашни тўхтатиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган ойнинг охирги санасидан тўхтатилади.

Ўқувчи-спортчиларга стипендия тўлаш Марказ директорининг уларни ўқувчи-спортчилар сафидан чиқариш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинган ёки Марказнинг Олимпия ва Паралимпия коллежини тамомлаганлиги тўғрисидаги давлат намунасидаги диплом берилган ойнинг охирги санасидан тўхтатилади.


7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


39. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг

стипендиясига номзод спортчиларнинг охирги бир йилда

Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари

дастурига киритилган спорт турлари бўйича халқаро

мусобақалардаги иштирокига оид асосий

МЕЗОНЛАР

Т/р

Мусобақалар номи


Ўринлар


Меҳнатга ҳақ тўлаш

энг кам миқдори


Олимпия ва Паралимпия ўйинлари дастурига

киритилган спорт турлари бўйича

1.

Олимпия ва Паралимпия ўйинлари (ўсмирлар)


1 - 3 ўрин


3,0 баравари

4 - 6 ўрин


2,5 баравари

2.

Осиё ва Параосиё ўйинлари (катталар)


1 - 2 ўрин


3,0 баравари

3 - 4 ўрин


2,5 баравари

3.

Осиё ва Параосиё ўйинлари (ёшлар)


1 - ўрин


2,5 баравари

2 - 3 ўрин


2,0 баравари

4.

Жаҳон чемпионати (ўсмирлар, ёшлар, катталар)

1 - 3 ўрин


3,0 баравари

4 - 6 ўрин


2,5 баравари

5.

Осиё чемпионати (ўсмирлар, ёшлар, катталар)*

1 - ўрин


2,5 баравари

2 - 3 ўрин


2,0 баравари

6.

Марказий Осиё чемпионати (катталар)**


1 - ўрин


2,0 баравари

Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган

ноолимпия спорт турлари бўйича

7.

Осиё ва Параосиё ўйинлари (катталар)


1 - 2 ўрин


3,0 баравари

3 - ўрин


2,5 баравари

8.

Жаҳон чемпионати (ўсмирлар, ёшлар, катталар)


1 - 3 ўрин


2,5 баравари

9.

Осиё чемпионати (ёшлар, катталар)


1 - 3 ўрин


2,0 баравари

              

Изоҳлар:

Спорт вазирлиги стипендияси 16 ёш ва ундан катталар учун татбиқ этилади.

Ёпиқ иншоотлар ва жанг санъатлари бўйича Осиё ўйинлари мусобақаларида иштирок этган спортчилар ҳамда ўқувчи-спортчиларнинг эришган натижалари учун Спорт вазирлиги стипендияси тайинланмайди.


*) Осиё-Океания чемпионати учун ҳам татбиқ этилади.


**) Мусобақаларда камида 5 та мамлакатнинг вакиллари ва (ёки) терма жамоалари қатнашган бўлиши керак.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 5 декабрь














































Время: 0.0107
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск