ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Шартномаларнинг айрим турлари / Олди-сотди тўғрисида умумий қоидалар. Чакана олди-сотди /

Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли итларни умумий бўйсунувчанлик ва ҳимоя-қоровул кўникмалари бўйича тайёрлаш учун пуллик хизматлар кўрсатиш, шунингдек наслчилик питомнигида етиштирилган ва ички ишлар органларининг эҳтиёжидан ортиқ бўлган ҳамда хизматга яроқсиз деб топилган итларни сотиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 05.12.2023 й. 3480-сон билан рўйхатга олинган ички ишлар вазирининг 02.11.2023 й. 602-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2023 йил 5 декабрда 3480-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

ички ишлар вазирининг

2023 йил 2 ноябрдаги

602-сон буйруғига

ИЛОВА



Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли итларни

умумий бўйсунувчанлик ва ҳимоя-қоровул кўникмалари

бўйича тайёрлаш учун пуллик хизматлар кўрсатиш,

шунингдек наслчилик питомнигида етиштирилган

ва ички ишлар органларининг эҳтиёжидан ортиқ

бўлган ҳамда хизматга яроқсиз деб топилган

итларни сотиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом жисмоний ва юридик шахсларга тегишли итларни умумий бўйсунувчанлик ва ҳимоя-қоровул кўникмалари бўйича тайёрлаш учун пуллик хизматлар кўрсатиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари хизмат итлари наслчилик питомнигида (бундан буён матнда наслчилик питомниги деб юритилади) етиштирилган ва ички ишлар органларининг эҳтиёжидан ортиқ бўлган ҳамда хизматга яроқсиз деб топилган итларни сотиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


буюртмачи - Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари кинология бўлинмаларига (бундан буён матнда кинология бўлинмалари деб юритилади) итларни умумий бўйсунувчанлик ва ҳимоя-қоровул кўникмалари бўйича тайёрлаш, шунингдек наслчилик питомнигида етиштирилган ва ички ишлар органларининг эҳтиёжидан ортиқ бўлган ҳамда хизматга яроқсиз деб топилган итларни сотиб олиш учун ўз ихтиёрига кўра мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахслар;


пуллик хизматлар - кинология бўлинмалари томонидан шартнома асосида ҳақ эвазига итларни умумий бўйсунувчанлик ҳамда ҳимоя-қоровул кўникмаларига тайёрлаш бўйича кўрсатиладиган хизмат;


тест-синови - итларнинг умумий бўйсунувчанлик ва ҳимоя-қоровул кўникмалари бўйича тайёрлашга мойиллигини аниқлаш учун аппортировка (буюмларни олиб келиш), қидирув реакциясини яққол намоён қилиши, эгасига яхши муносабатда бўлиши ва унга бўйсуниши, ҳаракатчанлиги (тўсиқларни енгиб ўтишда), ҳид билиши ривожланганлиги, ўзига нисбатан таҳдидли ҳаракатларга жаҳлдорликни юзага чиқариши, отилган ўқ овози ва бошқа кучли қўзғатувчиларга нисбатан хотиржам муносабатда бўлиши каби кўрсаткичлар бўйича итнинг иш қобилиятини текшириш;


умумий бўйсунувчанлик ва ҳимоя-қоровул кўникмалари - итларни бошқариш, йўналтириш ва бирор ҳолатни қабул қилиши учун зарур бўлган бўйсунувчанлик, шунингдек ҳимоялаш ва қоровуллик кўникмаларини ҳосил қилиши;


2. Пуллик хизматлар кўрсатиш ва ички ишлар органларининг эҳтиёжидан ортиқ бўлган ҳамда хизматга яроқсиз деб топилган итларни сотишдан тушадиган маблағлар тўлиқ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Махсус бюджетдан ташқари жамғармасига йўналтирилади ва улардан ички ишлар органларининг кинология бўлинмалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ходимларни моддий рағбатлантириш учун фойдаланилади.


3. Пуллик хизматлар прейскуранти (нархлари) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Молия ва моддий-техника таъминоти департаменти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари - Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи томонидан тасдиқланади.



2-БОБ. КИНОЛОГИЯ БЎЛИНМАЛАРИДА

ПУЛЛИК ХИЗМАТ КЎРСАТИШ


4. Буюртмачи пуллик хизматлардан фойдаланиш учун кинология бўлинмаларига бевосита ёки ахборот-коммуникация технологиялари воситасида электрон тарзда мурожаат қилади.


5. Итларни умумий бўйсунувчанлик ва ҳимоя-қоровул кўникмалари бўйича тайёрлаш учун клиник соғлом бўлган ва саккиз ойдан ошган мазкур Низомнинг 1-иловасида кўрсатилган итлар қабул қилинади.

Буюртмачи томонидан келтирилган ит ушбу Низомнинг 1-иловасида кўрсатилган итлар тоифасига кирмаган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан тасдиқланадиган Кинология бўлинмаларида итларни умумий бўйсунувчанлик ҳамда ҳимоя-қоровул кўникмалари бўйича тайёрлашга яроқлилигини аниқлаш комиссияси томонидан тест-синови ва ўрганиш ўтказилиши ҳамда унинг ижобий хулосаси асосида умумий бўйсунувчанлик ёки ҳимоя-қоровул кўникмаси бўйича тайёрлаш учун лойиқ деб топилиши ва истисно тариқасида қабул қилиниши мумкин.


6. Буюртмачининг мурожаати келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида кинология бўлинмалари томонидан итни дастлабки клиник кўрикдан ўтказиш учун олиб келиш санаси маълум қилинади.


7. Буюртмачи томонидан белгиланган санада келтирилган ит ва унинг ветеринария паспорти кинология бўлинмаларига тақдим этилади.

Буюртмачи томонидан эмлаш тадбирлари итни кинология бўлинмаларига олиб келишдан камида йигирма бир кун олдин ёки ўн бир ойдан ошмаган ҳолда амалга оширилган бўлиши шарт.


8. Буюртмачи томонидан келтирилган ит кинология бўлинмаларининг ветеринария хизмати шифокорлари томонидан дастлабки клиник кўрикдан ўтказилади ва натижаси бўйича мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда ветеринария хулосаси тузилади.

Ветеринар шифокор хулосасига кўра:

ит соғлом деб топилса, кинология бўлинмалари томонидан қабул қилинади;

ит носоғлом деб топилса, у кинология бўлинмалари томонидан қабул қилинмайди.


9. Буюртмачи томонидан келтирилган ит соғлом деб топилганда, буюртмачи ва кинология бўлинмалари ўртасида икки нусхада пуллик хизматлар кўрсатиш бўйича шартнома тузилади.


10. Кинология бўлинмаларига умумий бўйсунувчанлик ва ҳимоя-қоровул кўникмалари бўйича тайёрлаш учун қабул қилинган итлар ўн кун давомида дастлабки ветеринария ва карантин назоратида сақланади.


11. Қабул қилиш пайтида итларда юқумли касалликлар яширин (инкубацион) даврида бўлиб, карантин ёки кейинги даврда юқумли касаллик белгилари юзага чиққанда кинология бўлинмаларининг ветеринар шифокорлари томонидан хулоса тузилади ва давлат ветеринария хизматининг ҳудудий бўлинмалари хабардор қилинган ҳолда итлар буюртмачига қайтарилади.


12. Умумий бўйсунувчанлик ва ҳимоя-қоровул кўникмалари бўйича тайёрланаётган итлар ветеринар шифокорлари хулосаси асосида қайтарилган (четлаштирилган) ҳолларда тўланган маблағлар кинология бўлинмалари томонидан сарфланган озуқа ва дори-дармон харажатлари чегирилган ҳолда ўн беш иш куни ичида буюртмачига қайтарилади.


13. Умумий бўйсунувчанлик ва ҳимоя-қоровул кўникмаларига тайёрлаш бўйича икки ойлик курснинг сўнггида итлар буюртмачи иштирокида тест синовидан ўтказилади.

Бунда тест-синовидан ўтган итлар далолатнома асосида буюртмачига топширилади, тест-синовидан ўта олмаган итлар эса буюртмачининг хоҳишига кўра кинология бўлинмалари томонидан қўшимча бепул тайёрлашдан ўтказиб берилади.



3-БОБ. НАСЛЧИЛИК ПИТОМНИГИДА ЕТИШТИРИЛГАН

ВА ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИНИНГ ЭҲТИЁЖИДАН

ОРТИҚ БЎЛГАН ҲАМДА ХИЗМАТГА ЯРОҚСИЗ

ДЕБ ТОПИЛГАН ИТЛАРНИ СОТИШ


14. Наслчилик питомнигида етиштирилган ва ички ишлар органларининг эҳтиёжидан ортиқ бўлган ҳамда хизматга яроқсиз деб топилган итларни буюртмачиларга сотиш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.


15. Итларнинг ички ишлар органларининг эҳтиёжидан ортиқлиги ва хизматга яроқсизлиги Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг буйруғи билан тасдиқланадиган Наслчилик питомнигида етиштирилган, эҳтиёждан ортиқ бўлган ва хизматга яроқсиз итларни аниқлаш комиссияси (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) томонидан аниқланади.


16. Комиссия итларни кўздан кечириш ва ўрганиш давомида мазкур Низомнинг 3-иловасида келтирилган Итларни хизматга яроқсиз деб топиш учун асос бўлувчи жисмоний камчиликлар, касалликлар ва нуқсонлар рўйхати асосида уларни хизматга яроқсиз деб топади.


17. Сотилаётган хизматга яроқсиз итлар кинология бўлинмалари ва наслчилик питомниги томонидан барча юқумли касалликларга қарши даволаш-профилактика тадбирларидан ўтказилиши лозим.


18. Клиник соғлом, жисмонан нуқсонсиз, лекин феъл-атворида тахминий-жинсий ва суст-мудофаа реакциясининг устунлиги ҳамда асаб фаолияти асосий типологик хусусиятларининг камчиликлари ўта юқори ёки жуда паст қўзғалувчанлиги мавжуд бўлган итлар комиссия томонидан хизматга яроқсиз деб топилади ҳамда мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклда далолатнома тузилиб, сотувга қўйилади.


19. Наслчилик питомнигида етиштирилган ва ички ишлар органларида хизматга яроқсиз деб топилган итлар тегишли лицензияга эга бўлган баҳоловчи ташкилотлар томонидан баҳоланади.


20. Баҳоловчи ташкилотлар томонидан итнинг баҳоланганлиги бўйича ҳужжатлар қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида кинология бўлинмалари ва наслчилик питомниги томонидан оммавий ахборот воситаларига итни сотиш бўйича эълон берилади.

Эълонда сотувга қўйилган итнинг фотосуръати ва лақаби, ёши, зоти, жинси, нархи, шунингдек, тўловларни амалга ошириш учун ички ишлар органларининг банк реквизитлари ҳамда қўшимча маълумотлар учун телефон рақами, ит сотиб олиш учун мурожаат этишнинг охирги муддати (кун ва соат) ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.


21. Итни сотиб олиш учун буюртмачилар кинология бўлинмалари ва наслчилик питомнигига бевосита ёки ахборот-коммуникация технологиялари воситасида электрон тарзда мурожаат қилади.


22. Кинология бўлинмалари ва наслчилик питомниги томонидан итни сотиб олиш бўйича тушган мурожаат уч иш куни ичида кўриб чиқилади.

Кинология бўлинмалари ва наслчилик питомниги итни сотиб олиш тўғрисидаги мурожаат асосида буюртмачи билан шартнома расмийлаштиради.

Агарда, бир нечта буюртмачилар бир вақтнинг ўзида сотувга қўйилган айнан бир итни сотиб олиш бўйича мурожаат қилганида, биринчи бўлиб мурожаат қилган буюртмачи билан шартнома расмийлаштирилади.


23. Хизматга яроқсиз деб топилган итлар белгиланган тартибда шартнома асосида пул ўтказиш йўли билан сотилади.


24. Буюртмачи шартнома имзолангунга қадар сотувга қўйилган итни кўздан кечириши мумкин.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


25. Мазкур Низом талабларини қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


26. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор деб топилган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Кинология бўлинмалари томонидан умумий

бўйсунувчанлик ҳамда ҳимоя-қоровул кўникмалари

бўйича тайёрлаш учун қабул қилинадиган итлар

РЎЙХАТИ

Т/р

Итнинг зоти


I. Майда зотли итлар

1.

Рус овчи спаниельи


2.

Англия коккер спаниельи


3.

Фокстерьер


4.

Ягдтерер


5.

Такса


II. Ўрта зотли итлар

6.

Немис овчаркаси


7.

Бельгия овчаркаси


8.

Шарқий Европа овчаркаси


9.

Лабрадор


10.

Ирланд сеттери


11.

Курцхаар


12.

Дратхаар


13.

Шотланд сеттери


III. Йирик зотли итлар

14.

Ўрта Осиё овчаркаси


15.

Кавказ овчаркаси


16.

Ротвейлер


17.

Ризеншнауцер


18.

Қора терьер


             





Низомга

2-ИЛОВА



_______-сонли ветеринария хулосаси

20__ йил "__" _________

_______тумани (шаҳар)

Биз,



(кинология бўлинмалари)

ветеринар шифокори (катта шифокори, шифокори) _______________________, ветеринария хизматининг масъул ходимлари___________________, 20_ йил "__" ______ куни

          

(кинология бўлинмалари)


томонидан

(ит эгасининг Ф.И.О. ва паспорти (идентификация ID-картаси) маълумотлари, агар юридик шахс бўлса, унинг тўлиқ номи ва раҳбарининг Ф.И.О.)


_____________________________ тайёрлашга қабул қилиш учун ______________ лақабли, ____________ зотига мансуб бўлган, ________ йилда туғилган, ранги _________, жинси _____________ бўлган итни ветеринария кўриги, клиник ва лаборатория текширувларидан ўтказиб, қуйидагиларни аниқладик:

а) итнинг семизлиги _____________;

б) кўзларида ўзгаришлар _____________;

в) тишлари _____________;

г) тана ҳарорати _____________;

д) юнги ялтироқлигида ўзгариш _____________;

е) эшитиш қобилияти _____________;

ж) итнинг қон таҳлили кўрсаткичи _____________.


Юқоридагиларга асосланиб, итнинг клиник аҳволи ветеринария хизмати шифокорлари хизмати ходимлари томонидан ______________ деб топилди.



Ветеринария хизмати бошлиғи

(катта шифокори, шифокор) _____________________________


Ветеринар шифокор _____________________________






Низомга

3-ИЛОВА



Итларни хизматга яроқсиз деб топиш учун асос бўлувчи

жисмоний камчиликлар, касалликлар ва нуқсонлар

РЎЙХАТИ


1. Скелет ва мушакларнинг умумий жисмоний ўсишдан тўхтаб қолганлиги, нозиклиги, кичиклиги, жуда семизлиги ёки озғин (ориқ)лиги.


2. Ташқи кўринишининг асосий ва яққол кўзга ташланадиган камчиликлари:

тишларнинг эмаль қатлами бутунлай емирилганлиги, жағдаги битта ёки иккита тишларнинг йўқлиги;

ингичка, заиф мушакли бўйин ёки бурмакли, осилиб тушган терили бўйин;

ҳаддан ташқари осилиб турган ёки букри қомат;

синиб турган ёки букри (эгик), ингичка, етилмаган мушакли бел;

жуда қийшайган сағри;

думалоқ, бўртма, эгри-бугри қовурғали, олд томонидан номутаносиб, кенг ёки жуда тор ёхуд кичкина кўкрак қафаси;

осилиб қолган ёки ҳаддан ташқари ичига ботиб кетган қорин;

олдинги оёқларнинг тор вазияти (ҳолати), ташқарига ёки ичкарига қийшайган тирсаклар, яққол кўзга ташланадиган маймоқлик ёки оёқларнинг жуда кенг қўйилиши, орқа оёқларнинг қиличсимон вазияти, сакраб юришига ёрдам берувчи бўғинларнинг яқинлашуви ёки қийшайганлиги, ясси, ёйилган оёқ панжалари.


3. Ҳаракатнинг издан чиқишига сабаб бўлувчи марказий асаб тизими (мия ва унинг пардалари)нинг бузилиши ва зарарланиши.


4. Аъзоларнинг тузалмайдиган функционал бузилишини келтириб чиқарувчи периферик (сиртқи) асаб касалликлари.


5. Елка ва сон мушакларининг қуриши (атрофияси) оқибатида пайдо бўлган чўлоқлик, шунингдек пай, пайчалар ва бўғинларнинг сурункали яллиғланиши.


6. Оғир, сурункали касалликлар, заҳарланишлар оқибатида пайдо бўладиган ҳазм қилиш аъзоларининг узоқ давом этадиган, яққол кўзга ташланадиган, даволанмайдиган бузилишлари (касалликлари).


7. Нафас қисиш, йўтал, хириллаш, шиллиқ пардаларнинг цианози каби аниқ ташқи белгиларга эга бўлган нафас йўллари, ўпка, ўпка пардасининг сурункали касалликлари. Бурун шиллиқ пардаси ёки ўсимталарининг ўзгариши, айниши оқибатида нафас олишнинг бузилиши.


8. Юрак ва йирик қон томирларининг сурункали касалликлари.


9. Қаттиқ оғриқ, оқсоқлик ва ҳаракатларнинг йўқолиши билан кечадиган мушаклар ва бўғинларнинг сурункали ревматизми.


10. Эркин ҳаракатга тўсқинлик қилувчи бўғинлар, пайлар ва юмшоқ тўқималарнинг деформацияси (шаклининг ўзгариши).


11. Йиринглаш, тешик оқма яраларни келтириб чиқарувчи лимфатик безларнинг сурункали шикастланиши.


12. Ҳаракатларни чеклайдиган нотўғри битган суяклар.


13. Бўйинбоғ ва кўкракбанд тақилишини қийинлаштирадиган, йўқотиб бўлмайдиган ўсмалар, шишлар ёки сурункали, зўраядиган касалликлар.


14. Хавфли ўсмалар, шишлар (саратон).


15. Чурранинг (дабба) ичак-човоқлар ва қорин билан тушиб кетиши.


16. Эркин ҳаракатланиш имконини йўққа чиқарувчи бармоқлар ва тирноқларнинг бедаво касаллиги.


17. Эшитиш қобилиятини қисман йўқотиш билан кечадиган қулоқ ички қисми (лабиринти) ва пардаси функциясини ўзгартириб юборадиган қулоқнинг сурункали йирингли яллиғланиши.


18. Кучсиз сезиш қобилияти.


19. Кўз шиш қопчиғи ва шиллиқ пардасининг сурункали яллиғланиши, кўз ёши оқмаяраси, кўздан доимий равишда ёш оқиши, кўриш қобилиятининг қисман йўқолиши.


20. Бичилган (ахта қилинган) итлар (комиссия томонидан ит хизматга яроқли деб топилса хизматда фойдаланиш мумкин).


21. Иш қобилияти бутунлай йўқолишига сабаб бўладиган ва даволаниш учун сарфланадиган харажатларни оқламайдиган травматик касалликлар (яралар, жароҳатлар, урилган, лат еган жойлар ва бошқалар) рўйхатда кўрсатилмаган касалликлар).


22. Даволанмайдиган, сурункали паразитар касалликлар (қирма темиратики, мой хўрак, қўтир) тананинг асосий қисмига тарқалган чилла яра (экзема).


23. Хизмат итларидан самарали фойдаланишга имкон бермайдиган ва йўл қўймайдиган бошқа жисмоний камчилик, касаллик ва нуқсонлар.


24. Қарилиги сабабли (тўққиз ёш) хизматдан фойдаланишини чеклайдиган итнинг организмдаги ўзгаришлар.


25. Ўта жахлдор ва қўрқоқ итлар.






Низомга

4-ИЛОВА



"ТАСДИҚЛАЙМАН"

Комиссия раиси, ___________

Қорақалпоғистон Республикаси

Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар

ва Тошкент вилояти ички ишлар бош

бошқармалари, вилоятлар ички ишлар

бошқармалари бошлиғининг жамоат

хавфсизлиги бўйича ўринбосари

___________________________



Хизмат итининг яроқсизлиги ҳақида

ДАЛОЛАТНОМА

20__ йил "__"________

_________ тумани (шаҳар)

_____________ Наслчилик питомнигидаги итларнинг хизматга яроқсизлигини аниқловчи комиссия раиси

        

(лавозими, Ф.И.О.)

ва қуйидаги аъзолар



(лавозими, Ф.И.O.)

иборат комиссия, кинолог ____________________________ га бириктирилган, __________________ лақабли, ________________________ зотли, ______________ жинсига мансуб, __________________ да туғилган, _______________ рангли хизмат итини текширувдан ўтказиб (сана), қуйидагиларни аниқлади:

          

(итнинг камчилиги, касаллиги ёки нуқсони кўрсатиб ўтилади)

     

Комиссия хулосаси


"______________" лақабли ити ёки кучук боласи Наслчилик питомнигида итларни хизматга яроқсиз деб топиш учун асос бўлувчи жисмоний камчиликлар, касалликлар ва нуқсонлар рўйхатининг _______-бандига мувофиқ:

белгиланган тартибда сотувга қўйилсин;



Комиссия раиси:


Комиссия аъзолари:



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 7 декабрь















































Время: 0.0054
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск