язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Норматив-ҳуқуқий актларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.10.1997 й. 469-сон "Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

09.10.1997 й.

N 469



ВАЗИРЛИКЛАР, ДАВЛАТ ҚЎМИТАЛАРИ ВА ИДОРАЛАР

МЕЪЁРИЙ ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ ҚОНУНИЙЛИГИНИ

ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Белгилансинки:

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи, мазкур бошқарув органи тизимига кирмайдиган ташкилотлар учун мажбурий кучга эга бўлган ёки идоралараро тусдаги (умумий мажбурий тусдаги) ҳуқуқий ҳужжатлари (кейинги ўринларда "меъёрий ҳужжатлар" деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши керак ва улар расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради, агар ҳужжатнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса;

давлат рўйхатидан ўтказилмаган меъёрий ҳужжатлар кучга кирмаган ҳужжат сифатида ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди ҳамда тегишли ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, ундаги кўрсатмалар бажарилмаганлиги учун фуқаролар, мансабдор шахслар, ташкилотларга бирор-бир жазо қўллаш учун асос бўлиб хизмат қилмайди;

тадбиркорлик субъектларига нисбатан уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинмаган тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга солувчи норматив ҳужжатлар бузилганлиги учун жавобгарлик чораларини қўллаш тақиқланади;

меъёрий ҳужжатнинг давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб рақами ва санаси кўрсатилмаган ҳолда тарқатилиши ва эълон қилиниши тақиқланади.

Юқорида кўрсатиб ўтилган қоидалар вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мазкур қарор қабул қилингунча Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтган меъёрий ҳужжатларига татбиқ этилмайди.

Давлат рўйхатидан ўтказилган меъёрий ҳужжатлар "Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами" - "Собрание законодательства Республики Узбекистан"да ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилиниши керак.

2. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Кўрсатиб ўтилган Низомни қўллашга доир тушунтиришлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан берилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига:

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг меъёрий ҳужжатлар қабул қилиш ва қўллаш, шунингдек қабул қилинган меъёрий ҳужжатларни эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказиш бўйича ишини назорат қилиш;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларга ўн кун муддатда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш ёки давлат рўйхатидан ўтмаган ҳужжатларни бекор қилиш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш, етказилган зарарларни қоплаш тўғрисидаги даъволар билан суд органларига мурожаат қилиш, шунингдек айбдор мансабдор шахсларни тегишли жавобгарликка тортиш масаласини ҳукумат олдига қўйиш ҳуқуқи берилсин.

Кўрсатиб ўтилган даъволар судга берилганда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат божи тўлашдан озод қилинсин.


4. Адлия вазирлигига юкланган вазифаларни таъминлаш учун Адлия вазирлиги марказий аппаратининг вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг меъёрий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими негизида Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси ташкил этилсин.

Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида ташкил этилаётган Бошқарма учун зарур маблағлар ажратсин.

6. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:

Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг умумий-мажбурий тусдаги норматив ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизаси ва уларни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” 1993 йил 17 июндаги 294-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1993 й., 6-сон, 25-модда);

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг умумий-мажбурий тусдаги норматив ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизаси ва уларни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” 1993 йил 17 июндаги 294-сон қарорига қўшимча киритиш тўғрисида” 1994 йил 15 июндаги 300-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1994 й., 6-сон, 29-модда).


7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ҳафта муддатда:

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

Вазирликка юкланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда Вазирлик тўғрисидаги низомни ва марказий аппарат тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрласин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 9 октябрдаги

469-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар

томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий

ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ва давлат

рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги

НИЗОМ


Ушбу Низом вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар (кейинги ўринларда вазирликлар ва идоралар деб аталади) томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини, шунингдек уларга қўйиладиган асосий талабларни белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Вазирликлар ва идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни (кейинги ўринларда меъёрий ҳужжатлар деб аталади) уларнинг амал қилиш муддатидан (доимий ёки вақтинча) ҳамда улардаги маълумотларнинг хусусиятидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказади.

Ушбу Низом мақсадлари учун идоралар деганда вазирлик ёки давлат қўмитаси ҳисобланмаган, ижро этиш ва (ёки) фармойиш бериш функциялари, шунингдек умумий мажбурий тусдаги меъёрий ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқи берилган давлат бошқаруви республика органлари ёхуд махсус ваколатли бошқарув органлари (агентликлар, комиссиялар, марказлар, бошқармалар ва бошқалар) тушунилади.

2. Вазирликлар ва идоралар томонидан қабул қилинадиган умумий мажбурий тусдаги:

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи;

идоралараро тусга эга бўлган;

мазкур бошқарув органи тизимига кирмайдиган ташкилотлар учун мажбурий кучга эга бўлган меъёрий ҳужжатлар ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

2-1. Ушбу Низомга мувофиқ:

техник регламентлар;

стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар;

санитария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормалари;

экологик нормалар ва қоидалар;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги бошқа ҳужжатлар Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилмайди.

Ушбу банднинг олтинчи хатбошида назарда тутилган ҳужжатларни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга тегишли деб топиш Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

3. Вазирликлар ва идоралар меъёрий ҳужжатлар қабул қилишда ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун уларни ўн кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этадилар.

Давлат рўйхатидан ўтмаган меъёрий ҳужжатлар қўлланилганлиги аниқланган тақдирда Адлия вазирлиги тегишли вазирлик ёки идорага ушбу ҳужжатни бекор қилиш ва бажаришдан чақириб олиш тўғрисида тақдимнома киритади. Вазирликлар ва идоралар ўн кун муддатда Адлия вазирлигининг талабини бажаришлари шарт. Адлия вазирлиги "Халқ сўзи" - "Народное слово" газеталарида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида мазкур меъёрий ҳужжатнинг ноқонунийлиги тўғрисидаги ахборотни эълон қилишга ҳақлидир.

4. Бир нечта вазирлик ва идора қабул қилган меъёрий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказишга тақдим этиш ҳужжатни тасдиқлаганлар орасида биринчи бўлиб кўрсатилган органга юкланади



II. МЕЪЁРИЙ ҲУЖЖАТЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


5. Норматив ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунчиликка, мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар мақсадлари ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.

Норматив ҳужжатларга:

коррупция, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида бошқа ҳуқуқ бузилишларининг содир этилиши учун шарт-шароитлар яратувчи;

тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни киритувчи, тадбиркорлик субъектларининг асосланмаган харажатлари юзага келишига олиб келувчи қоидалар ва нормалар киритилиши тақиқланади.

Норматив ҳужжатлар Идоравий норматив ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидалари талабларига мувофиқ тайёрланиши ва қабул қилиниши керак.

6. Вазирликлар ва идоралар ўз ваколатлари доирасида меъёрий ҳужжатларни буйруқлар ва қарорлар шаклида қабул қиладилар. Ушбу ҳужжатларнинг таркибий қисми ҳисобланган низомлар, қоидалар, йўриқномалар шаклида қабул қилинадиган меъёрий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар буйруқлар ва қарорлар билан тасдиқланиши мумкин.

Ҳуқуқий нормаларни ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмаган ҳужжатларга (хат, телефонограмма, хусусий масалалар бўйича тушунтиришлар ва бошқалар), шунингдек якка тартибдаги хусусиятга эга бўлган ҳужжатларга киритилишига йўл қўйилмайди.

Вазирликлар ва идоралар ҳуқуқий тартибга солишни талаб қиладиган масалалар пайдо бўлган тақдирда, агар ушбу масалаларни меъёрий тартибга солиш ўз ваколатларига кирса, тегишли меъёрий ҳужжатларни ўз вақтида қабул қилишлари керак. Адлия вазирлиги вазирликлар ва идораларга тегишли меъёрий ҳужжатни қабул қилиш зарурлиги, уни ишлаб чиқиш муддати ҳақида тақдимнома киритишга ҳақлидир.

Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини бажариш юзасидан меъёрий ҳужжат қабул қилиш муддати, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, бир ойдан ошмаслиги керак.

7. Меъёрий ҳужжатда мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг қайси қонунини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қайси қарорини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қайси фармонини, қарорини ёки фармойишини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қайси қарорини (уларнинг моддалари ёки бандларини) бажариш юзасидан ёки улар асосида чиқарилаётганлиги мажбурий тартибда кўрсатилади.

8. Меъёрий ҳужжат тузилмаси ҳуқуқий тартибга солиш мавзуси изчил ривожлантирилишини, шунингдек бўлажак ҳужжат бир хилда тушунилиши ва қўлланилишини таъминлаши керак.

Меъёрий ҳужжат ўз мазмунига мос қисқача номланиши керак.

Агар меъёрий ҳужжат қабул қилиниши мақсадлари ва сабаблари тушунтирилиши талаб этилса, унга кириш қисми - муқаддима киритилади. Ҳуқуқий норма бўлган қоида муқаддимага киритилмайди.

Меъёрий ҳужжат қоидалари лўнда, оддий ва равон тилда баён қилиниши керак. Фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади. Зарур ҳолларда махсус атамалар ва тушунчаларнинг қисқача таърифи берилади, умумий қабул қилинган қисқартмалар қўлланади ва бошқа қисқартмаларга тушунчалар берилади. Эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар қўлланилишига йўл қўйилмайди.

Зарурият бўлган тақдирда меъёрий ҳужжатда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ҳавола қилинган ҳолда ундан айрим қоидалар такрорланади.

Меъёрий ҳужжатда, қоидага кўра, олдин вазирликлар ва идоралар томонидан қабул қилинган норматив ҳужжатлардаги ҳуқуқий нормалар айнан қайта такрорланмайди.

Меъёрий ҳужжатлар матнига қонун ҳужжатларига ҳаволалар киритишга фақат истисно ҳолларда йўқ қўйилади.

Мазкур меъёрий ҳужжатнинг бошқа бандларига, шунингдек вазирликлар ва идоралар томонидан илгари қабул қилинган меъёрий ҳужжатларга ҳавола қилиш уларнинг ўзаро алоқасини кўрсатиш ёки такрорга йўл қўймаслик зарур бўлган ҳоллардагина қўлланилади.

Меъёрий ҳужжатнинг ҳар бир бандида битта ҳуқуқий норма бўлиши керак. Ҳужжатнинг ҳар бир мустақил банди тўлиқ ва тугалланган мазмунга эга бўлиши керак.

Агар меъёрий ҳужжатда рўйхатлар, жадваллар, графиклар, формулалар, методикалар, хариталар, схемалар, ҳужжатлар, бланкалар намуналари келтирилса, улар, одатда, иловаларда берилиши керак. Меъёрий ҳужжатнинг тегишли бандларида ушбу иловаларга ҳавола қилинади.

Амалдаги меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш йўли билан ҳал этиш мумкин бўлган масалалар бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш шаклидаги ҳужжатлар қабул қилинади.

9. Меъёрий ҳужжатда қуйидаги реквизитлар бўлиши керак:

ҳужжат турининг белгиланиши;

тартибга солиш мавзусини белгиловчи ном;

ҳужжатнинг тартиб рақами, қабул қилинган санаси ва жойи;

вазирлик ёки идора раҳбарининг ёхуд унинг вазифаларини бажарувчи шахснинг лавозими, ушбу органнинг муҳри билан тасдиқланган имзоси, исмининг бош ҳарфи ва фамилияси.

10. Агар меъёрий ҳужжатнинг қабул қилиниши мазкур орган томонидан илгари қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ўз кучини йўқотиши эътироф этилишини ёки уларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини талаб этса, ундай ҳолда ушбу қоидалар тақдим этилган меъёрий ҳужжатда ёхуд бошқа ҳужжатда акс эттирилиши керак.


11. Меъёрий ҳужжатга:

меъёрий ҳужжатни қабул қилиш учун асослар (вазирлик ва идора ваколати, меъёрий ҳужжатга кирган масалаларни ҳал этишни топшириш ёки бундай ҳуқуқ бериш юзасидан юқори органнинг қарори, ҳужжат қабул қилиниши учун асос бўлиб хизмат қилган бошқа ҳолатлар);

мазкур орган томонидан ушбу масала бўйича илгари қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар;

ушбу масала бўйича илгари бошқа органлар томонидан қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ва давлат рўйхатидан ўтказишга тақдим этилган ҳужжат қабул қилиниши муносабати билан уларни ўзгартириш ёки ўз кучини йўқотган деб эътироф этиш тўғрисида таклифлар тайёрлаш ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган маълумотнома илова қилинади.


12. Тайёрланган меъёрий ҳужжат вазирлик ёки идора раҳбари томонидан имзолангунга қадар ушбу вазирлик ёки идоранинг юридик хизмати томонидан ўтказиладиган ҳуқуқий экспертизадан ўтиши керак.

Тақдим этилган меъёрий ҳужжатга ушбу органнинг юридик хизмати раҳбари томонидан виза қўйилган, илова қилинган маълумотнома эса имзоланган бўлиши керак.



III. ҲУҚУҚИЙ ЭКСПЕРТИЗАДАН ВА ДАВЛАТ

РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тақдим этилган меъёрий ҳужжатни олинган кундан бошлаб 30 кун ичида ҳуқуқий экспертизадан ўтказади.

Агар тақдим этилган ҳужжат, шу жумладан малакали мутахассисларни жалб этиш йўли билан қўшимча ўрганишни талаб этган ҳолларда, ҳужжатни кўриб чиқиш муддати 20 кунгача узайтирилиши мумкин.

14. Зарурат бўлса, ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда Адлия вазирлиги қўшимча ҳужжатларни талаб этиш, шунингдек меъёрий ҳужжатлар бўйича хулосалар бериш учун мутахассислар ва илмий ходимларни штатдан ташқари экспертлар сифатида жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

15. Агар тақдим этилган меъёрий ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлган ва мазкур Низомнинг II бўлимида кўрсатилган талабларга жавоб берган тақдирда, Адлия вазирлиги уни давлат рўйхатидан ўтказади.

Меъёрий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказиш Адлия вазирининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Меъёрий ҳужжат, агар ҳужжатнинг ўзида янада кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради ва бажарилиши керак.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги мажбуриятларни юклашни назарда тутувчи, шунингдек тадбиркорлик субъектлари жавобгарлигининг янги чораларини белгиловчи норматив ҳужжатда унинг (ёки унинг бир қисмининг) кучга кириши муддати кўрсатилган бўлиши керак. Бунда норматив ҳужжатнинг кучга кириши муддати у расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ойдан кам бўлмаслиги керак.

16. Агар меъёрий ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлса, мазкур Низомнинг II бўлими талабларига жавоб бермаса, ёхуд манфаатдор органлар билан келишиш мажбурий ҳисобланганда бундай органлар билан келишилмаган бўлса, меъёрий ҳужжатни рўйхатдан ўтказиш рад этилиши мумкин.

Давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган меъёрий ҳужжатлар Адлия вазирлиги томонидан тегишли хулосалар билан уларни тақдим этган органга қайтарилади.

Давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган меъёрий ҳужжатлар Адлия вазирлигининг хулосалари ҳисобга олинган ҳолда пухта ишланган тақдирда давлат рўйхатидан ўтказиш учун такроран тақдим этилиши мумкин. Бунда қонунларни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини бажариш юзасидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тақдимномасига кўра қабул қилинган меъёрий ҳужжатларни мукаммаллаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказишга такрорий тақдим этиш муддати бир ойдан ошмаслиги керак.

17. Давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин меъёрий ҳужжатнинг асл нусхасининг бир нусхаси унга берилган рўйхатдан ўтказиш тартиб рақами билан биргаликда уни тақдим этган органга қайтарилади, асл нусханинг бир нусхаси ҳисобга олиш ва эълон қилиш учун Адлия вазирлигида қолади.


IV. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


18. Қонун ҳужжатлари ўзгарган тақдирда вазирликлар ва идоралар давлат рўйхатидан ўтказилган ўз норматив ҳужжатларини қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириши ҳамда ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этишлари керак. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вазирликлар ва идоралардан уларнинг давлат рўйхатидан ўтказилган норматив ҳужжатларини қонунчиликка мувофиқ ҳолга келтиришни талаб қилишга ҳақлидир.

Вазирликлар ва идоралар ушбу ҳолда ўн кун муддатда ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўзлари қабул қилган меъёрий ҳужжатлардаги ўзгартириш ва қўшимчаларни Адлия вазирлигига тақдим этишга мажбурдир. Ушбу қоида бажарилмаган тақдирда Адлия вазирлиги меъёрий ҳужжатни давлат реестридан чиқаришга ҳақлидир, бу меъёрий ҳужжатни юридик кучга эга эмас деб ҳисоблаш учун асос бўлади.

Меъёрий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ушбу ҳужжатни қабул қилган орган томонидан, ёхуд бунга вакил қилинган орган томонидан мазкур ҳужжат қабул қилинган тартибда амалга оширилади.

Низоли масалалар пайдо бўлган, шунингдек меъёрий ҳужжатни қўллаш билан боғлиқ бўлган янги ҳолатлар аниқланган тақдирда, Адлия вазирлиги масала белгиланган тартибда ҳал этилишигача меъёрий ҳужжатнинг (ёки унинг тегишли қисмининг) амал қилишини тўхтатишга ҳақлидир. Меъёрий ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш ҳамда уни қайта кучга киритиш Адлия вазирининг буйруғи билан расмийлаштирилади, унинг нусхаси тегишли органга жўнатилади.

19. Вазирликлар ва идоралар қайта ташкил этилган, тугатилган ёки номи ўзгартирилган тақдирда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ҳуқуқий ворислик қонунда белгиланади.

20. Давлат рўйхатидан ўтказилган меъёрий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари ҳамда зарур бўлган тақдирда уларга тегишли ахборот-таҳлилий материаллар электрон шаклда юбориладиган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг рўйхати бўйича давлат органлари ва ташкилотларга юборилади.

Вазирликлар ва идоралар, ўз ваколатлари доирасида ўзлари томонидан қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар матнлари тарқатилишини таъминлаши шарт.

Вазирликлар ва идоралар ўзлари томонидан қабул қилинган меъёрий ҳужжатларни (зарур бўлган тақдирда, ахборот-таҳлилий материаллари билан бирга) улар расман эълон қилингандан кейин бир кундан кечикмай ўзларининг расмий веб-сайтларида жойлаштиришга мажбурдир.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан қабул қилинган меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар "Халқ сўзи" - "Народное слово" газеталарида мунтазам равишда эълон қилиб борилиши шарт.

21. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тегишли органларга улар қабул қилган меъёрий ҳужжатларнинг расмий шарҳлаш зарурлиги тўғрисида тақдимномалар киритишга ҳақлидир.

Расмий шарҳ бериш тўғрисидаги буйруқ ёки қарор фақат у Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилгандан кейин бажариш учун юборилади.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 1997 йил, 10-сон, 33-модда.