ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.12.2023 й. ПФ-209-сон "Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

21.12.2023 й.

N ПФ-209



МАҲАЛЛА ИНСТИТУТИНИНГ ЖАМИЯТДАГИ

РОЛИНИ ТУБДАН ОШИРИШ ВА УНИНГ АҲОЛИ

МУАММОЛАРИНИ ҲАЛ ЭТИШДА БИРИНЧИ

БЎҒИН СИФАТИДА ИШЛАШИНИ ТАЪМИНЛАШГА

ҚАРАТИЛГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш, маҳаллабай ишлашга масъул бўлган шахслар фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларнинг ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 127-моддасига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишда кўмаклашиш мақсадида:


1. Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг:

республика, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларини шакллантириш;

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасини (кейинги ўринларда - Уюшма), унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимларини ташкил этиш;

Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида 5 та штат бирлигидан иборат бўлган "Маҳалла еттилиги" фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлимини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


2. Уюшманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

маҳалланинг халқ билан давлат ўртасидаги "кўприк" вазифасини амалга оширувчи мустақил ва халқчил тузилмага айланишига кўмаклашиш;

маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, унинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, маҳалла бошқарувида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш;

ҳар бир фуқаро ўзи ва оиласининг келажаги, молиявий аҳволи ва фаровонлигини таъминлашда масъулиятни сезиши, боқимандаликка ўрганмаслик ҳиссини янада кучайтириш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш;

фуқароларни ўз уйи ва кўчасини озода сақлашга, миллий қадрият ва урф-одатларни ҳурмат қилишга чақириш, маънавий ва маърифий ишларда маҳалланинг ўрнини кучайтириш, аҳоли ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш чораларини кўриш;

"маҳалла еттилиги" томонидан маҳалланинг ички ресурсларини аниқлаш ҳамда уларни ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этишда кўмаклашиш;

маҳаллалардаги муаммоларнинг ўз вақтида ва самарали ечилишида давлат органлари ва ташкилотларининг маҳаллалардаги вакилларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, мувофиқлаштириш ва йўналтириш;

маҳалланинг молиявий имкониятларини ошириш, камбағал оилаларга ажратилаётган бюджет маблағлари ва бошқа маблағларнинг мақсадли ва манзилли йўналтирилишини таъминлаш;

маҳаллаларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш, уларга ажратиладиган маблағларни марказлашган тарзда тақсимлаш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

маҳалла масъулларининг малакасини ошириш, уларда замонавий бошқарув кўникмалари шаклланишига кўмаклашиш.


3. Белгилансинки:

Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашига Бош вазир, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларига тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва ҳокимлар раислик қилади;

Уюшма раиси мақоми, тиббий, транспорт ва маиший таъминот шароитлари бўйича Бош вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

Уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари мақоми, тиббий, транспорт ва маиший таъминот шароитлари бўйича тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосарига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарига тенглаштирилади.


4. Маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрнини ошириш ҳамда соҳада бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида:

а) маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори жамоатчилик асосида фаолият юритадиган "маҳалла еттилиги"ни ташкил қилади;

б) маҳалла раисига 1-иловадаги вазифаларни бажариш тавсия этилади;

в) қуйидагилар:

ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли - 2-4-иловаларида келтирилган вазифаларга;

профилактика инспектори - маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашишга;

ижтимоий ходим - оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилаларни аниқлаш, уларнинг эҳтиёжларига қараб, комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизмат кўрсатиш ва ёрдамларни ташкил этишга;

солиқ инспектори - тадбиркорларга солиқ хизматларини кўрсатиш, солиқ базасини кенгайтириш, солиқларни ундириш ва маҳалла бюджетининг даромадини шакллантиришга масъул бўлади.


5. 2024 йил 1 мартдан бошлаб "Темир дафтар", "Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари" (кейинги ўринларда - дафтарлар) орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратишда бюрократиядан холи ва маҳалланинг ҳамжиҳатлигини акс эттирувчи қуйидаги янги тартиб жорий этилсин:

жисмоний шахсларни дафтарларга киритиш, шунингдек, дафтарлар ҳамда Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш "маҳалла еттилиги"нинг коллегиал қарори асосида амалга оширилади;

ҳар ойнинг 5-санасига қадар дафтарлар учун маблағларни тақсимловчи масъул ташкилотлар томонидан жамғармаларда шаклланган маблағлар дафтарларга киритилган фуқаролар сонига мутаносиб равишда тегишлилиги бўйича ҳар бир маҳалла кесимида тақсимланади;

5-иловада келтирилган ижтимоий ёрдам турларини кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш "маҳалла еттилиги"нинг коллегиал қарорлари асосида амалга оширилади;

ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва ижтимоий ходим уларга юклатилган вазифалар юзасидан жисмоний шахсларни тегишли дафтарларга киритиш ва чиқариш ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш бўйича ҳужжатларни шакллантириб, маҳалла "еттилиги"нинг бошқа барча аъзоларига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритади;

"Темир дафтар" Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан юритилади;

"Саховат ва кўмак" жамғармаси томонидан кўрсатиладиган ёрдамлар фуқароларнинг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш ва шундай вазиятга тушганларни оғир вазиятдан чиқариш мақсадида ижтимоий ходим томонидан маҳалла "еттилиги"га кўриб чиқиш учун киритилган ҳолда кўрсатилади;

ижтимоий ёрдам ва субсидиялар аҳолининг камбағалликдан чиқишини таъминлаш учун мақсадли ва манзилли йўналтирилиши ҳамда қарорлар қабул қилинишида очиқлик, ҳаққонийлик, ижтимоий адолат ва шаффофлик тамойилларига риоя қилиниши учун "маҳалла еттилиги" масъул ва жавобгар бўлади;

"маҳалла еттилиги"нинг фаолияти асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича алоҳида баҳоланади. Бунда кўрсаткичлар мазкур ходимларнинг иш берувчилари томонидан Уюшма билан келишилган ҳолда тасдиқланади;

маҳалла раислари ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторлари фаолиятини KPI асосида баҳолашда 20 фоиз балл бериш ҳуқуқига эга бўлади.


6. Белгилансинки, 2024 йил 1 январдан бошлаб "маҳалла еттилиги" аъзоларининг иш ҳақини асосий иш жойидан бериш тартиби сақлаб қолинган ҳолда KPI асосида баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, улар моддий рағбатлантирилиб борилади.


7. 2024 йил 1 январдан бошлаб барча туман ва шаҳарларда "Маҳалла бюджети" тизими амалиётга жорий этилсин. Бунда:

а) ҳар бир маҳалладаги Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасига қуйидаги маблағлар йўналтирилади:

жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг (нотурар жойлар бўйича ундириладиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бундан мустасно) 10 фоизи;

маҳалла идоралари орқали кўрсатилган давлат хизматлари учун ундирилган йиғимнинг 10 фоизи;

маҳалладаги ҳудуди 2 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини ҳокими ёрдамчиси онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотишдан тушадиган маблағлар, баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилган ҳолда;

маҳалланинг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинадиган маблағлар;

Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси тўғрисидаги низомда белгиланадиган бошқа маблағлар;

б) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси маблағларини қайта тақсимлаган ҳолда иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда ортда қолаётган маҳаллаларга йўналтириши мумкин.


8. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 21 декабрдаги

ПФ-209-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Маҳалла раисининг асосий вазифалари


1. Маҳалла ободлигини таъминлаш, шу жумладан, "Обод маҳалла", "Обод кўча", "Обод хонадон" мезонларини жорий этишда аҳолининг фаол иштироки ва масъулиятини ошириш, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатлари экиш бўйича тарғибот ишларини амалга ошириш.

(Ҳар ойда бир маротаба маҳалладаги барча кўчаларда оммавий ҳашар уюштиради, камида 2 та эҳтиёжманд оилаларнинг таъмирталаб хонадонида қўни-қўшниларни жалб этган ҳолда, ҳашар ташкил этади)


2. Миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни тарғиб қилиш, соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни сақлаш, тўй-маросимларни исрофгарчиликларсиз ихчам ўтказилишини таъминлаш.

(Ҳар чоракда бир маротаба маданият ходимлари, ёзувчи ва шоирларнинг аҳоли билан миллий қадриятлар ва урф-одатларни сақлаш, тўй-маросимларни ихчам ўтказиш бўйича учрашувлари ташкил этилишини таъминлайди)


3. Маҳаллага бириктирилган давлат органлари вакилларини аҳоли муаммоларини ҳал этишга сафарбар этиш ва муаммоларга ечим топишини таъминлаш.

(Фуқаролар йиғинининг Кенгашида ҳар ойда камида 5 та маҳаллага бириктирилган давлат органлари вакилларининг маҳаллада амалга оширган ишлари юзасидан ахборотини эшитиб, муаммоларни ҳал этишда кўмаклашади)


4. Маҳаллада фаолият юритувчи ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика ва солиқ инспекторлари, ижтимоий ходим фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, маҳаллани ҳар томонлама ривожлантиришда улар имкониятларидан самарали фойдаланиш.

(Ҳар ҳафтада маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика ва солиқ инспекторлари, ижтимоий ходимлар ҳисоботини эшитади ва уларни ҳар бири ҳар ойда камида 10 тадан муаммоли масалаларни ҳал этишини назоратга олади)


5. Маҳалла ҳудудида қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, шу жумладан, таълим, тиббий хизмат, спорт, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш.

(Ҳар ҳафтада бир маротаба маҳалла ҳудудидаги таълим ташкилотида ўқувчиларнинг давомати, оилавий поликлиникаларда (қишлоқ врачлик пунктларида) аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат ва патронаж ҳамшираларининг оилаларга ташрифи, спорт ташкилотларининг аҳоли учун очиқлиги, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари атрофининг тозалиги ҳамда дарахтларни парваришлаш ҳолатини ўрганади)






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 21 декабрдаги

ПФ-209-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ҳоким ёрдамчисининг асосий вазифалари


1. Доимий даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда бандлигини таъминлаш чораларини кўриш.

(Ҳар ойда камида 10 нафар ишсизнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш чорасини кўради).


2. Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит ва субсидиялар ажратилишида кўмаклашиш.

(Ҳар чоракда бир маротаба кредит ёки субсидия ажратилган фуқароларнинг уйига бориб, тадбиркорлик ва даромад топишга қаратилган фаолиятини юриб кетишига кўмаклашади).


3. Ўзини ўзи банд қилган ҳамда ташаббускор фуқароларнинг тадбиркорликка қизиқишларини аниқлаш, уларнинг кичик бизнес субъектига айланишига ёрдам бериш.

(Ҳар чоракда камида 5 нафар ўзини ўзи банд қилган ҳамда ташаббускор фуқароларни якка тартибдаги тадбиркор ёки оилавий корхона сифатида иш бошлашига ёрдам беради).


4. Аҳолига ижара ҳуқуқи асосида ажратилган ер майдонлари ва томорқаларда экилган экинлар ва етиштирилган маҳсулотлар ҳисобини юритади, шунингдек, деҳқон хўжаликлари билан экспортёр, брокер ва қайта ишловчи корхоналарнинг ҳамкорлигини ташкил этади.


5. Маҳаллаларда кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича микролойиҳалар манзилли дастурини шакллантиради ва лойиҳаларни амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашади.


6. Маҳалладаги бўш турган бино-иншоотлар ва ер майдонларини аниқлаб, уларни белгиланган тартибда аукцион савдоларига чиқариш чораларини кўради.


7. Маҳалладаги камбағал оилаларнинг ҳар бири учун "индивидуал дастур" ишлаб чиқади ва уларнинг даромадини ошириш чора-тадбирларини белгилайди.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 21 декабрдаги

ПФ-209-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Ёшлар етакчисининг асосий вазифалари


1. Маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, жумладан уларни "Беш ташаббус олимпиадаси"да иштирок этишга жалб этиш.

(Ҳар ойда камида 20 нафар ёшларни спорт, мусиқа ва фан тўгаракларига жалб этади.

Ҳафтада бир маротаба спорт мусобақалари, мусиқа ва рақс танловларини ташкил этади).


2. Ишсиз ёшлар ва мактаб битирувчилари бандлигига кўмаклашиш, жумладан "Ёшлар бандлиги дастури"ни маҳаллада амалга ошириш.

(Маҳаллада ишсиз ёшлар ва мактаб битирувчиларининг рўйхатини шакллантиради ва ҳоким ёрдамчиси билан биргаликда уларнинг бандлигини таъминлайди.

Ҳар ойда бир маротаба мактабнинг битирувчи синф ўқувчилари билан учрашиб, олий таълим муассасаси ва мутахассислик йўналишини танлаш ҳамда кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўришга ёрдам беради).


3. Давлат кўмагига муҳтож "оғир" тоифадаги ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш.

(Маҳаллада "оғир" тоифадаги ёшларнинг яшаш манзили ва иш жойига ҳар ойда камида бир маротаба бориб, бириктирилган раҳбарлар билан биргаликда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашади).


4. Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан, шунингдек, профилактика инспектори билан биргаликда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган вояга етмаганлар билан тизимли ишлаш.

(Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар ва вояга етмаганларни ҳар бири билан индивидуал ишлайди).


5. "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, жумладан ёшларга кўрсатиладиган 30 та ёрдам турларидан самарали фойдаланиш.

(Ҳар чоракда бир маротаба ёрдам кўрсатилган ёшларнинг уйига бориб, лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашади).


6. Хориждаги ватандош ёшлар билан ишлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш.

(Ҳар ойда камида бир маротаба хориждаги ёш ватандошлар билан мулоқот қилиш орқали уларнинг фаолиятини ўрганади ҳамда Ватанга қайтиб фаолиятини юритиши учун "маҳалла еттилиги" билан зарур чораларни кўради).


7. Иқтидорли ёшларни излаб топиш, истеъдодини рўёбга чиқариш ва уларни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш.

(Ҳар ойда камида 1 нафар иқтидорли ёшларни аниқлайди, истеъдодини рўёбга чиқариш бўйича улар билан индивидуал ишлайди, мавжуд ёрдам турлари орқали уларни қўллаб-қувватлаш чораларини кўради).


8. Ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, жумладан ёшлар етакчисининг ўзи ҳар ойда камида 1 та китоб мутолаа қилиш орқали шахсий намуна кўрсатиши.

(Ҳар чоракда камида бир маротаба маънавият, маданият ходимлари, ёзувчи ва шоирларни жалб қилган ҳолда ёшлар ўртасида китобхонликка оид тадбирларни ташкил этади).


9. Шахсий ривожланиш мақсадида, жумладан "Ибрат фарзандлари" лойиҳаси доирасида камида 1 та хорижий тилни мукаммал ўрганиш.

(Маҳалла ёшларини хорижий тилларни ўрганишга доимий қизиқтириб боради).






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 21 декабрдаги

ПФ-209-сон Фармонига

4-ИЛОВА



Хотин-қизлар фаолининг асосий вазифалари


1. "Соғлом оила - соғлом жамият" тамойилларини тарғиб қилиш, хусусан яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни яхшилаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш.

(Ҳар ойда камида 20 та оилага кириб, оилавий қадриятларни тарғиб этади ва никоҳларнинг қонунийлигини таъминлайди.

Маҳаллада ҳар ойда ажрим ёқасига келиб қолган ва низоли оилаларнинг 5 тасини соғлом турмуш тарзига қайтаради).


2. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, таълим имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш.

(Ҳар ойда бир маротаба мактабдаги ўқувчи қизлар билан учрашиб, уларнинг таълим олишга қизиқишини оширади.

Ҳар ойда камида 5 нафар маҳалладаги хотин-қизларни тадбиркорлик, касаначилик ва ҳунармандчиликка жалб қилади).


3. Хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ушбу муаммолар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларга мурожаат қилиш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатишни ижтимоий ходим билан биргаликда ташкил этиш.

(Ҳар ойда камида 10 нафар оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатишни ташкил этади).


4. Хотин-қизлар ўртасида ижтимоий профилактика ва мослаштириш ишларида ҳамкорлик қилиш, тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратишда иштирок этиш.

(Ҳар ойда бир маротаба жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ва профилактик ҳисобда турган хотин-қизлар хонадонига бориб, муаммосини ўрганади.

Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини аниқлайди ва профилактика инспекторига хабар беради).






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 21 декабрдаги

ПФ-209-сон Фармонига

5-ИЛОВА



"Маҳалла еттилиги"нинг коллегиал қарорлари

асосида кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам

ва ажратиладиган субсидиялар

РЎЙХАТИ*

Т/р

Ижтимоий ёрдам ва субсидиялар тури**


Миқдори


I. ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИ ТОМОНИДАН

ШАКЛЛАНТИРИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР

1.

Томорқа ер эгаларига енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун субсидия ажратиш


Базавий ҳисоблаш миқдорининг (кейинги ўринларда - БҲМ) 30 бараваригача


2.

Томорқа ер эгаларига суғориш воситалари харид қилиш учун субсидия ажратиш


БҲМнинг 10 бараваригача

3.

Уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидия ажратиш


БҲМнинг 3 бараваригача

4.

Ишсиз фуқаролар, кам таъминланган оилалар аъзолари ва ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларга уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиш учун субсидия ажратиш


БҲМнинг 10 бараваригача

5.

"Ўзбекипаксаноат" уюшмаси таркибидаги қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчиларга 3 тадан кам бўлмаган иш ўрни яратиш шарти билан гилам ва ипак мато тўқиш дастгоҳини харид қилишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун субсидия ажратиш


БҲМнинг 10 бараваригача

6.

Яйлов хўжалигини ривожлантириш уюшмаси аъзоларига қўл меҳнати учун ускуналар харид қилиш бўйича харажатларни қоплаш учун камида битта иш ўрни яратиш шарти билан субсидия ажратиш


БҲМнинг 10 бараваригача

7.

Жисмоний шахсларнинг аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун бир марталик субсидия ажратиш


БҲМнинг 2 бараваридан ошмаган миқдорда

8.

Тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан, "Темир дафтар" ва "Аёллар дафтари"га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратиш


7 миллион сўмгача, хотин-қизларга 10 миллион сўмгача

9.

Тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган ишсиз фуқароларга тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг дастлабки уч ой мобайнида олинган бино ва иншоотнинг ижара тўловини тўлаш учун субсидия ажратиш


БҲМнинг 10 бараваригача

10.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида рўйхатдан ўтган, тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳлаётган ишсиз шахсларга - якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш учун, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун сарфланадиган харажатларни тўлашда бир марталик субсидия ажратиш


БҲМнинг 1 бараваригача

11.

Касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг ўқув хоналарида ўқитиш қийин бўлган касб йўналишларида "устоз-шогирд" анъаналари асосида ҳунар ўрганмоқчи бўлган ёшларга ёки ҳунар ўргатаётган (ёки ўргатмоқчи бўлган) усталарга шогирдлар тайёрлаш ёки шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш


Ҳар ойда БҲМнинг 4 бараваригача

12.

Касаначилик фаолиятини ташкил этган талабгорга ҳар бир касаначининг дастлабки уч ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир марталик субсидия ажратиш


Бир ойлик ўртача даромади миқдорида

13.

Тадбиркорлик субъектларига касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган, шунингдек, "Темир дафтар" ва "Аёллар дафтари" ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган фуқароларга асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш бўйича харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш


БҲМнинг 30 бараваригача

14.

Тадбиркорлик субъектларига касаначилик ёки ҳунармандчилик асосида уй шароитида ишлаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойини мослаштириш ҳамда мослаштирилаётган ҳар бир иш жойи харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш


БҲМнинг 40 бараваригача

15.

Тадбиркорлик субъектларига касаначиларни касб-ҳунарга ўқитишга сарфланадиган харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш


Ҳар бир касаначи учун ҳар ойда БҲМнинг 2 бараваригача

16.

Тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун жалб қилинган ҳар бир касаначи учун фоизсиз ссуда ажратиш


1 миллион сўмгача, бироқ 2 йилгача муддатга жами 150 миллион сўмгача

17.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар ажратиш


Жисмоний шахсларга 33 миллион сўмгача, юридик шахсларга 300 миллион сўмгача


18.

Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида туман (шаҳар)ларнинг тоифасига қараб қуйидаги мақсадлар учун:



"устоз-шогирд" анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга шогирдлар тайёрлаш, зарур хомашё сотиб олиш ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш учун;

БҲМнинг 2 бараваридан 5 бараваригача

Харажатларнинг


шогирдларга - мустақил фаолият бошлаши учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиш учун;

50-75 фоизи, бироқ БҲМнинг 30 бараваригача


усталарга - интернет сайтларини яратиш, ўз маҳсулотларини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқариш ва реклама харажатлари учун;

Харажатларнинг 50-75 фоизи, бироқ БҲМнинг 30 бараваригача


ҳунармандларнинг Ҳунарманд уюшмасига аъзолик бадали харажатлари учун субсидия ажратиш


БҲМнинг 5 бараваригача

II. ХОТИН-ҚИЗЛАР ФАОЛИ ТОМОНИДАН ШАКЛЛАНТИРИЛАДИГАН

ТОМОНИДАН ШАКЛЛАНТИРИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР

1.

Камида икки ҳафталик, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга, айрим ҳолларда эса Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан келишилган ҳолда, ўн бир ойгача муддатга банд бўлмаган аҳолини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш


Меҳнат шартномасига асосан белгиланадиган миқдорда

2.

Иш берувчиларга - аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун тўловни амалга ошириш


Ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда БҲМнинг 4 баравари

3.

Касб-ҳунарга эга бўлмаган ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларни малакаси ошириш курсларига жалб этиш


Ҳисоб-китобга кўра

4.

Тадбиркорлик субъектларига иш ўринлари ва шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун субсидия ажратиш


Ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи учун БҲМнинг 40 бараваригача


5.

Сектор раҳбари хулосаси асосида бир марталик моддий ёрдам бериш


БҲМнинг 2 баравари

6.

Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит ажратиш


33 миллион сўмгача

7.

"Аёллар дафтари"га киритилган тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизларни махсус ўқитиш дастури бўйича ўқитилишини таъминлаш


Ҳисоб-китобга кўра

8.

Бир марталик моддий ёрдам бериш


БҲМнинг 4 баравари

9.

Сектор раҳбари хулосаси асосида, оғир турмуш шароитидаги (уй-жойи таъмирлашга муҳтож, бироқ оиласининг моддий имконияти етмайдиган) хотин-қизларнинг уй-жойини таъмирлаш


БҲМнинг 30 бараваригача

10.

Турар жой ижараси учун компенсация тўлаш


Турар жой ижараси учун тўловларнинг 50 фоизи, лекин кўпи билан 500 минг сўмгача


11.

Ипотека кредити бўйича бошланғич бадални тўлаб бериш ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш


Бошланғич бадални тўлаш: 32 миллион сўм

12.

Ипотека кредити бўйича бошланғич бадални тўлаб бериш


Уй-жойнинг ҳисобланган қийматининг 10 фоизи


13.

Уй-жой билан таъминлаш


Ҳисоб-китобга кўра


14.

Сектор раҳбари хулосаси асосида, бир марталик моддий ёрдам бериш


БҲМнинг 2 баравари

15.

Янги ўзлаштирилган, лалми, фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш тизими (артезиан қудуқлар, томчилатиб суғориш тизими ва бошқалар) ва электр энергияси билан таъминлаш, берилган ерларни ўзлаштириш учун (ер ҳайдаш, уруғлик кўчат харид қилиш ва бошқалар) субсидия ажратиш


БҲМнинг 40 бараваригача

16.

Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган (таълим шаклидан қатъи назар) "Аёллар дафтари"га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизлар ёхуд уларнинг олий таълим ташкилотида таҳсил олаётган икки ва ундан ортиқ фарзандларининг бир нафарига бир маротаба тўлов-контракти тўлаб бериш


БҲМнинг 15 бараваригача

17.

Ўрмон фонди ерларини ижарага олган ижарачилар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида рўйхатдан ўтган ишсиз шахсларни ишга қабул қилган тақдирда, уларга иш ҳақи тўлаш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш


6 ой давомида ўртача иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, бироқ ҳар бир ой учун БҲМнинг 2 бараваридан ошмаган миқдорда


18.

Касб-ҳунар таълими ташкилотларига - банд бўлмаган шахслар, айниқса, меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар, кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун грант ажратиш


Ҳар бир ишсиз фуқаро учун БҲМнинг 4 бараваригача

19.

Касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, коллежлар ва олий таълим ташкилотларида касб-ҳунарга тайёрлаш, агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида фермер ва деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва ишчилари ҳамда томорқа ер эгаларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни молиялаштириш учун грант ажратиш


Ҳар бир ишсиз фуқаро учун БҲМнинг 4 бараваригача

20.

Тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати бўлганда, белгиланган тартибда тегишли бирламчи тиббий санитария муассасаси томонидан стационар ёки амбулатор даволаш


Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида

21.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифага кирадиган "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар, шунингдек уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандларининг ёшидан қатъий назар) фарзандларини ўрнатилган тартибда электрон навбатга қўйиш орқали вилоят ёки республика даражасида тиббий муассасаларда даволаш


Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида


22.

"Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар ва (ёки) уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандларининг ёшидан қатъи назар) фарзандларига даволаш, дори-дармон олиб бериш ёки мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун маблағ зарур бўлган ҳолатларда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси ва сектор раҳбари хулосалари билан тиббий муолажа харажатларини тўлаб бериш


Дори-дармон олиб бериш учун БҲМнинг 20 бараваригача;

мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун БҲМнинг 100 бараваригача


23.

"Аёллар дафтари"га киритилган оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларини реабилитация воситалари билан таъминлаш


Ҳисоб-китобга кўра

24.

"Аёллар дафтари"га киритилган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёки сурункали ҳамда юқумли касалликларга чалинган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг ва (ёки) уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандларининг ёшидан қатъи назар) фарзандларининг, лозим бўлганда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамроҳлик қилувчининг даволаниш амалиёти учун Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳудудида жойлашган тиббий муассасаларга бориш-келиш йўл харажатларини қоплаб бериш


Йўл харажатларини тасдиқловчи (чипта ва ҳоказо) ҳужжатларда кўрсатилган сумма;

Йўл ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда, ҳар бир километрга БҲМнинг 0,08 фоизи миқдорида;

Махсус транспорт воситаси учун сарфланган сумма


25.

"Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларидан келиб чиқиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан, туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва фуқаролик паспортини олиш, судга даъво аризаси киритгани учун ундириладиган давлат божи тўловлари ва бошқа харажатларни (адвокатларнинг хизмати учун тўловлар бундан мустасно) сектор раҳбари хулосасига асосан тўлаб бериш


Давлат божи сифатида белгиланган сумма

26.

"Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар учун маданий-маърифий, спорт ва бошқа тадбирлар ташкил этиш


Шакллантирилган харажатлар сметаси миқдорида

27.

"Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларнинг саёҳатларини ташкил этиш


Ҳисоб-китобга кўра

III. ЁШЛАР ЕТАКЧИСИ ТОМОНИДАН

ШАКЛЛАНТИРИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР

1.

Моддий аҳволи оғир ёшларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш


БҲМнинг 4 бараваригача

2.

Ёшларни тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўқитиш курслари харажатларини қоплаш


Ўқиш харажатларнинг 75 фоизигача қисми, бироқ мос равишда ҳар бир ой учун БҲМнинг 4, 8, 12 бараваридан кўп бўлмаган қисми


3.

Ёшларнинг давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ўқув курси харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш


БҲМнинг 4 бараваригача

4.

Деҳқончилик ва томорқа хўжалигини юритиш билан шуғулланаётган ёшларга уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун субсидия ажратиш


БҲМнинг 8 бараваригача

5.

Ёшларга тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилиш учун нотурар жойнинг ижара харажатларини қоплаш


12 ойгача ижара харажатларининг бир йилда 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган қисми


6.

Ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ёки меҳнат қуролларини харид қилишга субсидия ажратиш


БҲМнинг 40 бараваригача


7.

Профессионал ва олий таълим ташкилотлари ўқувчи-талабаларининг таълим тўлов-контракт суммасининг бир қисмини тўлаб бериш


Тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, бироқ БҲМнинг 50 баравари


8.

Ёшларга замонавий касбларни эгаллаши, ахборот технологияларини ўрганиши ва уларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш


6 ойгача ҳар ойда БҲМнинг 4 баравари

9.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож иқтидорли ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги ўқув курслари учун субсидия ажратиш


Ҳар ойда БҲМнинг бир бараваригача

10.

Ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олимпиада, танлов ва мусобақаларда қатнашиш харажатлари учун субсидия ажратиш


Маҳаллий босқичлар учун БҲМнинг 4 баравари,

халқаро босқичлар учун БҲМнинг 40 баравари


11.

Ёшларни таълим, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялари соҳасига ва фанларга ўқитишга ихтисослашган нодавлат таълим ташкилотининг нотурар жой ижара харажатларини қоплаш


Уч ой муддатгача БҲМнинг 50 баравари

12.

Бемор ёшларга даволаниш харажатлари учун субсидия ажратиш


БҲМнинг 50 баравари

13.

Психологик маслаҳатга муҳтож ёшларга пуллик психологик хизмат кўрсатилиши билан боғлиқ харажатларни қоплаш


БҲМнинг 4 баравари

14.

Ёшларнинг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўташ бадалини қоплаш учун субсидия ажратиш


Хизматни ўташ бадалининг тўлиқ қисми

15.

Янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратишга учун кафиллик бериш


Уй-жой қуриш учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратишда "Ёшлар дафтари" жамғармасининг кафиллиги


16.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларга турар жой ижараси учун субсидия ажратиш


12 ойгача ҳар ойда БҲМнинг 3 бараваридан ошмаган миқдорда


17.

Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, шунингдек, беш муҳим ташаббус доирасидаги тадбирларни молиялаштириш


Маҳалла даражасида бир календарь ой учун БҲМнинг 10 бараваригача

18.

Чекка қишлоқ ва овулларда илм-фан, спорт, санъат ва маданият, китобхонлик йўналишларидаги тўгаракларни ташкил этиш учун зарур жиҳозлар харид қилиш


БҲМнинг 50 бараваригача

19.

Ногиронлиги бўлган ёки бемор ёшларга зарур тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозларни ижтимоий ходим билан биргаликда харид қилиш


БҲМнинг 40 бараваригача

      

*) Ушбу рўйхатда кўрсатилган ёрдам ва субсидиялар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатлари билан белгиланган.


**) Ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидия ажратиш бўйича ҳужжатларни "маҳалла еттилиги"га кўриб чиқиш учун ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси тайёрлайди ва киритади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 25 декабрь


























Время: 0.0081
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск