ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.12.2023 й. 684-сон "140 та илғор саноат корхонаси" дастурини амалга ошириш ва "саноат ипотекаси" тизимини жорий қилишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

26.12.2023 й.

N 684



"140 ТА ИЛҒОР САНОАТ КОРХОНАСИ" ДАСТУРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ВА "САНОАТ ИПОТЕКАСИ"

ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШГА ДОИР

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 18 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, ҳудудларда импорт ўрнини босувчи, экспортбоп ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган йирик саноат лойиҳаларини амалга оширишни янада рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 4 сентябрдаги ПҚ-292-сон қарорига мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг саноат соҳаларида "140 та илғор саноат корхонаси" дастурини амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланганлиги;

"140 та илғор саноат корхонаси" дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун хорижий валютада йиллик 4 фоиз, миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкада 10 йил муддатгача кредит маблағлари ажратилиши белгиланганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан йирик саноат лойиҳаларини тадбиркорлик субъектларига очиқ танлов асосида таклиф қилишга мўлжалланган Электрон платформа (кейинги ўринларда - платформа) яратилганлиги ва ишга туширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар:

"140 та илғор саноат корхонаси" дастури доирасида тадбиркорлик субъектларига очиқ танлов асосида таклиф қилинадиган йирик саноат лойиҳаларининг тақсимоти 1-иловага мувофиқ;

"140 та илғор саноат корхонаси" дастури (кейинги ўринларда - Дастур) доирасида йирик саноат лойиҳаларини амалга оширувчи ташаббускор тадбиркорларни очиқ танлов асосида танлаб олиш ва молиялаштириш схемаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Қуйидагилар йирик саноат лойиҳаларини очиқ танлов асосида танлашнинг асосий мезонлари этиб белгилансин:

лойиҳа доирасида камида 100 та янги иш ўринлари яратилиши;

ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ички бозордаги импорт улуши 50 фоиздан юқори бўлиши;

ишлаб чиқариш технологик асбоб-ускуналарининг янги (янги авлодга мансуб) бўлиши;

лойиҳа амалга ошириладиган туманнинг тоифасидан келиб чиқиб, лойиҳага афзаллик берилиши (тоифаси паст туманларга юқори афзаллик берилиши);

халқаро брендлар билан ҳамкорлик шартномасига асосан ишлаб чиқариш лойиҳаларига афзаллик берилиши.


4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Дастур доирасида:

танлов ғолиблари платформага келиб тушган таклифлардан энг яхшиларини очиқ танлов асосида танлаш орқали Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан аниқланади;

очиқ танлов иштирокчилари ва ғолибларини танлашга асос бўлган асосий мезонлар тўғрисидаги маълумотлар ҳар чорак якунида платформада эълон қилиб борилади;

танлов ғолиби бўлган ташаббускор тадбиркорларга Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан лойиҳаларнинг бизнес режаси ва техник-иқтисодий асосларини тайёрлашда услубий жиҳатдан ёрдам берилади;

танлов ғолибларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан тижорат банкларига хорижий валютада йиллик 4 фоиз ва миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкада 10 йил муддатгача, шундан 3 йилгача имтиёзли давр билан бир лойиҳа қийматининг 25 фоизи миқдорида, бироқ 10 миллион АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда кредитлар ажратилади.

Бунда ушбу кредитлар бўйича тижорат банкларининг маржаси хорижий валютада 2 фоиз ва миллий валютада 4 фоиз миқдорида белгиланади.


5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бир ой муддатда тегишли тармоқ ташкилотлари билан биргаликда ҳар бир йўналишда йирик саноат лойиҳалари тўғрисидаги таклифлар платформага жойлаштирилишини таъминласин.


6. Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни тезкорлик билан ишга туширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларни ўз ичига олувчи "саноат ипотекаси" тизими жорий этилсин:

тадбиркорлик субъектларига ер участкалари (ишлаб чиқариш майдонлари) қурилиш учун тегишли рухсатномалар ва лойиҳа ҳужжатлари расмийлаштирилган ҳолда, "тайёр бизнес" шаклида аукцион савдоларига чиқарилади;

ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида бино ва иншоотлар харид қилиш учун Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан тижорат банкларига 7 йил муддатга, 2 йилгача имтиёзли давр билан миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкада кредитлар ажратилади. Бунда тижорат банкининг маржаси 4 фоиз миқдорида белгиланади.


7. "Саноат ипотекаси" доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларга қуйидаги шартлар мажбурий этиб белгиланади:

лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичининг "С" бўлимида қайта ишлаш саноати бўйича назарда тутилган фаолият йўналишларига (тамаки ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятидан ташқари) тааллуқли бўлиши;

"саноат ипотекаси" тизимида харид қилинган бино ва иншоотларнинг камида 50 фоиз майдонидан бевосита ишлаб чиқариш фаолияти учун фойдаланиш;

тадбиркорларга ўзининг аффилланган шахсларидан бино ва иншоотлар сотиб олмаслик.


8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда "саноат ипотекаси" тизимини амалга ошириш тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Дастур доирасида платформага жойлаштирилган лойиҳалар бўйича ишлаб чиқариш қувватларининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш мақсадида танлаб олинган ташаббускорлар зиммасига қуйидаги мажбуриятлар юкланиши белгилаб қўйилсин:

атроф-муҳитга таъсири бўйича I тоифага мансуб хўжалик юритувчи субъектларни атмосфера ҳавосига асосий турғун манбалардан ташланмаларни ва сув объектларини ифлослантириш манбаларидан ташланмаларни таҳлил қилувчи автоматик тизимлар билан жиҳозлаш;

сув таъминотининг айланма босқичи кенг жорий этилишини таъминлаш;

атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбаларда самарадорлиги 99,5 фоиздан паст бўлмаган чанг ва газларни тутиб қолувчи қурилмалар қўлланилишини таъминлаш;

атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага мансуб хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўзининг ва туташ ҳудудларда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишилган ҳолда "яшил белбоғ"лар барпо этиш.


10. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Дастур доирасида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар бўйича белгиланган тартибда давлат экологик экспертизаси хулосалари берилишини таъминласин ҳамда табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига қатъий риоя этилиши юзасидан давлат назоратини ўрнатсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги:

бир ой муддатда Дастур ғолиблари билан икки томонлама мажбуриятларни аниқ белгилаш бўйича намунавий инвестиция шартномаси лойиҳасини ишлаб чиқсин;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда мазкур қарор билан жорий этилаётган Дастур ва "саноат ипотекаси" тизими тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали тадбиркорлик субъектларини кенг хабардор қилиш чораларини кўрсин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 26 декабрдаги

684-сон қарорига

1-ИЛОВА



"140 та илғор саноат корхонаси" дастури доирасида

тадбиркорлик субъектларига очиқ танлов асосида

таклиф қилинадиган йирик саноат лойиҳаларининг

ТАҚСИМОТИ

Т/р

Саноат йўналишлари


Лойиҳалар сони


1.

Электротехника


20

2.

Тўқимачилик


20

3.

Чарм-пойабзал


10

4.

Машинасозлик


10

5.

Заргарлик


10

6.

Қурилиш материаллари


20

7.

Мебелсозлик


10

8.

Полимер, кимё


20

9.

Озиқ-овқат


20

Жами


140

           

Изоҳ. Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси зарур ҳолларда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда тармоқ ташкилотлари таклифларидан келиб чиқиб, лойиҳалар тақсимотига ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга.






Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 26 декабрдаги

684-сон қарорига

2-ИЛОВА



"140 та илғор саноат корхонаси" дастури доирасида

йирик саноат лойиҳаларини амалга оширувчи

ташаббускор тадбиркорларни очиқ танлов

асосида танлаб олиш ва молиялаштириш

СХEМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Ижро муддати










1-босқич

Ташаббускор


Дастур доирасида танлов эълон қилинган лойиҳаларга www.loyiha.miit.uz электрон платформаси орқали таклифларни юбориш.


Заруратга кўра










2-босқич

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги


Платформа орқали келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш ҳамда таққослаш ва таҳлилий материалларни Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига (кейинги ўринларда - Ҳукумат комиссияси) киритиш.


Ҳар ойнинг ўнинчи санасига










3-босқич

Ҳукумат комиссияси


Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан киритилган таклифларни кўриб чиқиш ва танлов ғолибларини аниқлаш бўйича Ҳукумат комиссиясининг қарорини қабул қилиш.


Беш иш кунида










4-босқич

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги


Танлов ғолибларини www.loyiha.miit.uz электрон платформасида эълон қилиш ва лойиҳа ғолиби билан инвестиция шартномасини имзолаш.


Беш иш кунида










5-босқич

Ташаббускор


Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш учун "Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУКга киритиш.


Икки ой муддатда










6-босқич

"Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК


Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини экспертизадан ўтказиш ҳамда ижобий хулоса ёки эътирозлар бериш.


Ўн беш иш кунида










7-босқич

Ташаббускор


Ижобий хулоса олинган лойиҳа бўйича техник-иқтисодий асослари билан бирга тижорат банкига Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан кредит олиш учун мурожаат қилиш.


Беш иш кунида














8-босқич

Тижорат банки


Лойиҳа ҳужжатларини ўрганиб чиқиш ҳамда Саноатни ривожлантириш жамғармасига ресурс ажратиш ҳақида талабнома киритиш.


Ўн беш иш кунида










9-босқич

Саноатни ривожлантириш жамғармаси


Тижорат банкининг талабномасига асосан ресурс ажратиш.


Икки иш кунида










10-босқич

Тижорат банки


Лойиҳани молиялаштириш учун кредит ажратиш.


Икки иш кунида



 

11-босқич

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги


Лойиҳаларнинг амалга оширилиши бўйича мониторинг юритиш.


Лойиҳани амалга ошириш давомида



          


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 27 декабрь




































Время: 0.0054
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск