ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Конституциялар ва кодекслар / Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини /

Ўзбекистон Республикасининг 25.12.2023 й. ЎРҚ-889-сон "Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 15.08.2023 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 27.10.2023 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.12.2023 й.

N ЎРҚ-889



СУД ҚАРОРЛАРИНИНГ ҚОНУНИЙЛИГИ

ВА АСОСЛИЛИГИНИ ТЕКШИРИШ ТАРТИБИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МАЪМУРИЙ СУД

ИШЛАРИНИ   ЮРИТИШ   ТЎҒРИСИДАГИ   КОДЕКСИГА

ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 15 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2023 йил 27 октябрда маъқулланган



Кейинги йилларда "Янги Ўзбекистон - янги суд" принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга, инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, мамлакатимизда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, шунингдек фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга бугунги кунда суд қарорларини қайта кўриш институтининг таҳлили мазкур институтни такомиллаштириш орқали амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ишларни кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам бериш, фуқароларнинг олис ҳудудлардан судга келиб сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда ишлар апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўрилишини, ишлар тафтиш тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ва алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида кўрилишини ҳамда юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилинишини, шунингдек ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларни маъмурий судлар томонидан кўришда прокурор иштирок этиши шартлигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мазкур Қонун фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган суд орқали ҳимоя қилиниш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада оширишга, уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини кенгроқ ҳимоя қилишга, одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин - вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга, шунингдек фуқароларнинг судлардаги ортиқча харажатлари тежалишига хизмат қилади.


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 25 январда қабул қилинган ЎРҚ-462-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 3-илова, N 10, 672-модда; 2019 йил, N 5, 261-модда, N 9, 592-модда, N 11, 791-модда, N 12, 880-модда; 2020 йил, N 1, 1-модда, N 3, 198-модда; 2021 йил, N 1, 9-модда, 4-сонга илова, N 8, 800, 803-моддалар, N 9, 903-модда; 2022 йил, N 8, 787-модда, N 12, 1188-модда; 2023 йил, N 3, 185-модда, N 4, 269-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 5-модда биринчи қисмининг учинчи хатбошисидаги "апелляция ва кассация инстанцияси" деган сўзлар "апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанциялари" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


2) 7-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Апелляция, кассация ва тафтиш шикоятларини (протестларини) кўриш натижалари бўйича апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари судлари томонидан қарорлар қабул қилинади";


3) 17-модданинг:

иккинчи қисмидаги "апелляция ва кассация" деган сўзлар "апелляция, кассация ва тафтиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ишни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида кўриш ҳайъатда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати аъзоларининг кўпчилиги иштирокида амалга оширилади";


4) 20-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси суди томонидан бекор қилинган бўлса, шу ишни биринчи инстанция судида янгидан кўришда иштирок этиши мумкин эмас, бундан янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни кўриш ҳоллари мустасно.

Ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья шу ишни апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни апелляция инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, кассация ёки тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ёки тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида кўришда, шунингдек ишни юқори турувчи суд томонидан тафтиш тартибида қайта кўришда иштирок этиши мумкин эмас";


5) 30-модданинг тўртинчи қисми чиқариб ташлансин;


6) 46-модданинг еттинчи қисми "суд мазкур ишда прокурор иштирок этиши зарур деб топган ҳолларда" деган сўзлардан кейин "ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларда" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


7) 112-модданинг учинчи қисмидаги "апелляция, кассация шикоятларига" деган сўзлар "апелляция, кассация ва тафтиш шикоятларига" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


8) 115-модданинг еттинчи қисмидаги "апелляция, кассация шикояти" деган сўзлар "апелляция, кассация ва тафтиш шикояти" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


9) 120-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Процессуал муддатни тиклаш ҳақидаги ёки тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин";


10) 126-3-модданинг бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Келишув битими апелляция ёки кассация, тафтиш инстанцияси суди томонидан тасдиқланган тақдирда, ажрим чиқарилиб, иш бўйича илгари қабул қилинган барча суд ҳужжатлари ушбу ажрим билан бекор қилинади ва иш юритиш тугатилади. Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанцияси суди томонидан кўриб чиқишда тегишли суд ҳужжатининг қонунийлиги ва асослилиги текширилмайди";


11) 126-4-модданинг иккинчи қисмидаги "Апелляция ёки кассация инстанцияси" деган сўзлар "Апелляция ёки кассация, тафтиш инстанцияси" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


12) 144-модданинг тўртинчи қисмидаги "апелляция ва кассация" деган сўзлар "апелляция, кассация ва тафтиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


13) 201-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"201-модда. Апелляция шикоятларини

(протестларини) кўрувчи судлар


Апелляция шикоятлари (протестлари):

туманлараро маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилганда - Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан;

ҳудудий ҳарбий судларнинг ҳал қилув қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилганда - Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилганда - Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади";


14) 203-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси судининг судьяси томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин";


15) 207-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки уни қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади";


16) 209-модда:

биринчи қисмининг 2-бандидаги "қонунчиликка" деган сўз "қонунга" деган сўз билан алмаштирилсин;

тўртинчи қисмидаги "кассация шикояти (протести)" деган сўзлар "тафтиш шикояти (протести)" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


17) 210-модданинг тўртинчи қисмидаги "кассация шикояти (протести)" деган сўзлар "тафтиш шикояти (протести)" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


18) 213-модданинг учинчи қисмидаги "кассация тартибида" деган сўзлар "тафтиш тартибида" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


19) 214-модда:

биринчи қисмининг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"1) апелляция шикояти (протести) ушбу Кодексга мувофиқ апелляция тартибида шикоят қилинмайдиган суд ҳужжати устидан берилган ва хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса";

тўртинчи қисмидаги "кассация тартибида" деган сўзлар "тафтиш тартибида" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


20) 215-модданинг иккинчи қисми "бундан ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриш ҳоли мустасно" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


21) 219-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича:

1) ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга;

3) ҳал қилув қарорини ўзгартиришга;

4) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд аризани (шикоятни) тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;

5) ушбу Кодекс 220-моддаси бешинчи қисмининг 7-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда, ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга ҳақли.

Ушбу Кодекс 220-моддаси бешинчи қисмининг 2, 3 ва 6-бандларида назарда тутилган асослар аниқланганда апелляция инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради. Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш ҳақида ажрим чиқарилиб, унда бажарилиши лозим бўлган ҳаракатлар кўрсатилади.

Суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинмаганлиги ёки нотўғри ҳал қилинганлиги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди. Бу ҳолда қарорнинг хулоса қисмида суд харажатлари ушбу Кодекснинг 115-моддасида назарда тутилган тартибда тақсимланиши тўғрисида кўрсатилади";


22) 220-модданинг:

тўртинчи қисми қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

"Суднинг ҳал қилув қарори қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин, агар:

1) суд иши юритилаётган тил тўғрисидаги қоида ишни кўриш чоғида бузилган бўлса;

2) суд мажлиси баённомаси имзоланмаган ёки ушбу Кодекс 176-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганидан бошқа шахслар томонидан имзоланган ёхуд, агар суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилган бўлса, аудио- ва видеоёзувнинг электрон ёки бошқа ташувчилари суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилмаган бўлса;

3) судьялар маслаҳатининг сир сақланиши тўғрисидаги қоида бузилган бўлса.

Қуйидаги процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги ҳар қандай ҳолда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади:

1) ишнинг суд томонидан ноқонуний таркибда кўрилганлиги;

2) ишнинг ишда иштирок этувчи, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир шахс йўқлигида кўрилганлиги;

3) ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги;

4) ҳал қилув қарорининг судья ёки, агар иш судьялар ҳайъати таркибида кўрилган бўлса, судьяларнинг бири томонидан имзоланмаганлиги ёхуд ҳал қилув қарорида кўрсатилганидан бошқа судьялар томонидан имзоланганлиги;

5) ишда суд мажлиси баённомасининг мавжуд эмаслиги;

6) билдирилган талаб бўйича суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинмаганлиги;

7) ишнинг судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда кўрилганлиги";

бешинчи қисми олтинчи қисм деб ҳисоблансин;


23) 221-модда:

иккинчи қисмининг 13-банди чиқариб ташлансин;

тўртинчи қисми чиқариб ташлансин;

бешинчи ва олтинчи қисмлари тегишинча тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


24) 223 - 226-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"223-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими

устидан апелляция шикояти (протести)


Биринчи инстанция судининг ажрими устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда апелляция тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Биринчи инстанция судининг ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича берилган апелляция шикояти (протести) ушбу бобда суднинг ҳал қилув қарорлари устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) кўриш учун назарда тутилган тартибда апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилади.

Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ажрими устидан берилган шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:

1) ажримни ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;

2) ажримни тўлиқ ёки қисман ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга ва масалани мазмунан ҳал қилишга;

3) аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш, аризани (шикоятни) қайтариш, иш юритишни тўхтатиб туриш, иш юритишни тугатиш, аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажримни бекор қилишга ва аризани (шикоятни), ишни биринчи инстанция судига кўриб чиқиш учун юборишга;

4) ажримни бекор қилишга ва аризани (шикоятни), ишни кўриб чиқиш учун тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга.


224-модда. Кассация шикояти бериш

(протести келтириш) ҳуқуқи


Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти, прокурор эса кассация протести беришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган ва апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти беришга ҳақли, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан тўлиқ ёки қисман шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.


225-модда. Кассация шикоятларини

(протестларини) кўрувчи судлар


Кассация шикоятлари (протестлари):

туманлараро маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилганда -Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан;

ҳудудий ҳарбий судларнинг ҳал қилув қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилганда - Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилганда - Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.


226-модда. Кассация шикоятини

(протестини) бериш тартиби


Кассация шикояти (протести) кассация инстанцияси судига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни кассация инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт";


25) 227-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин";


26) 228-модданинг биринчи қисмидаги "кассация инстанцияси судига" деган сўзлар "судга" деган сўз билан алмаштирилсин;


27) 230-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Аризани (шикоятни) қайтариш тўғрисидаги, аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан берилган кассация шикоятига (протестига) қайтарилган ариза (шикоят) ва уни судга тақдим этиш чоғида унга қўшиб берилган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак";


28) 230-1-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари ушбу Кодекс 224-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда ёки прокурор иштирокида кўрилган ишлар бўйича кассация протести киритиш тўғрисидаги масаласини ҳал қилиш учун тегишли суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли";


29) 231-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"231-модда. Кассация шикоятини (протестини)

иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги масалани

ҳал этиш тартиби ва муддати


Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисидаги масала шикоят (протест) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай кассация инстанцияси суди судьяси томонидан якка тартибда ҳал қилинади.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади";


30) 232-модда иккинчи қисмининг 5-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"5) суд мажлисининг вақти ва жойи";


31) 233 ва 234-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"233-модда. Кассация шикоятини (протестини)

иш юритишга қабул қилишни рад этиш


Судья кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:

1) кассация шикояти (протести) ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

2) кассация шикояти (протести) қонунга мувофиқ кассация тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

3) кассация шикояти (протести) кассация тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

4) кассация шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш рад этилган бўлса;

5) кассация шикоятидан (протестидан) уни берган шахс воз кечганлиги (чақириб олганлиги) сабабли кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим мавжуд бўлса.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари кўрсатилади, кассация шикоятини бериш чоғида тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш шикояти (протести) берилиши мумкин.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, кассация шикояти (протести) судга дастлаб мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.


234-модда. Кассация шикоятини (протестини) қайтариш


Кассация шикояти (протести) судья томонидан қуйидаги ҳолларда қайтарилади, агар:

1) кассация шикояти (протести) имзоланмаган бўлса ёхуд уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёки мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

2) кассация шикоятининг (протестининг) шаклига ва мазмунига нисбатан ушбу Кодекснинг 228-моддасида белгиланган талабларга риоя этилмаган ёки кассация шикоятига (протестига) ушбу Кодекс 230-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса;

3) кассация шикоятига (протестига) унинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга юборилганлигига доир далиллар илова қилинмаган бўлса;

4) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат кассация шикоятига илова қилинмаган бўлса, қонунда давлат божини тўлаш муддатини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

5) кассация шикояти (протести) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса;

6) шикоят (протест) берган шахсдан уни қайтариб олиш (чақириб олиш) тўғрисида кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида суд ажрими чиқарилгунига қадар ариза келиб тушган бўлса;

7) шикоят (протест) ҳал қилув қарорини қабул қилган суд четлаб ўтган ҳолда юборилган бўлса.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримда кассация шикоятини (протестини) қайтариш асослари кўрсатилади, кассация шикоятини бериш чоғида тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси шикоятни (протестни) берган шахсга шикоят (протест) ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга юборилади.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш шикояти (протести) берилиши мумкин.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, кассация шикояти (протести) дастлаб судга мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.

Шикоят (протест) берган шахс ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин кассация шикояти (протести) билан судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли";


32) 234-1-модда чиқариб ташлансин;


33) 236-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, кассация инстанцияси суди (судьяси) биринчи инстанция судида қабул қилинган ҳал қилув қарорининг ижросини кассация инстанциясида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туради.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда суд ҳужжатининг ижроси тўхтатиб турилиши ҳақида кўрсатилади";


34) 237-модда:

биринчи қисмидаги "ёхуд" деган сўз "ёки" деган сўз билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги суд ажрими устидан тафтиш шикояти (протести) берилиши мумкин";

учинчи қисми тўртинчи қисм деб ҳисоблансин;


35) 238-модда:

биринчи қисмининг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"1) кассация шикояти (протести) ушбу Кодексга мувофиқ кассация тартибида шикоят қилинмайдиган (протест келтирилмайдиган) суд ҳужжати устидан берилган ва у хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса";

учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади";

қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш шикояти (протести) берилиши мумкин";

тўртинчи қисми бешинчи қисм деб ҳисоблансин;


36) 239-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кассация инстанцияси суди ишни суд мажлисида ушбу бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда, биринчи инстанция судида кўриш қоидалари бўйича кўради.

Кассация инстанцияси судида: ишларни битта иш юритишга бирлаштириш тўғрисидаги; талабнинг предметини ёки асосини ўзгартириш ҳақидаги; ишга учинчи шахсларни жалб этиш тўғрисидаги қоидалар, шунингдек ушбу Кодексда биринчи инстанция судида ишни кўриш учун белгиланган бошқа қоидалар қўлланилмайди, бундан ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриш ҳоли мустасно.

Суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикояти (протести) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг кассация инстанцияси судининг суд мажлисига келмаганлиги ишни улар йўқлигида кўришга тўсқинлик қилмайди";


37) 240-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Кассация шикоятидан воз кечилганлиги, протест чақириб олинганлиги сабабли кассация шикояти (протести) бўйича иш юритиш тугатилганлиги, агар суд ҳужжати устидан бошқа шахслар томонидан шикоят қилинган бўлса, бошқа шахсларнинг кассация шикоятини кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди";


38) 241-модданинг биринчи ва иккинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Суд ишни кассация инстанциясида кўриш чоғида биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослилигини текширади. Суд янги далилларни текшириши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.

Кассация инстанциясининг суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текшириши шарт";


39) 242-модданинг:

номидаги "муддатлари" деган сўз "муддати" деган сўз билан алмаштирилсин;

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан берилган кассация шикоятини (протестини) уни иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқади";


40) 243 ва 244-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"243-модда. Кассация инстанцияси судининг ваколатлари


Кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:

1) ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга;

3) ҳал қилув қарорини ўзгартиришга;

4) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд аризани (шикоятни) тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;

5) ушбу Кодекс 244-моддаси бешинчи қисмининг 7-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда, ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва иш материалларини тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга.

Ушбу Кодекс 244-моддаси бешинчи қисмининг 2, 3 ва 6-бандларида назарда тутилган асослар аниқланганда кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради. Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш ҳақида ажрим чиқарилиб, унда бажарилиши лозим бўлган ҳаракатлар кўрсатилади.

Суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинмаганлиги ёки нотўғри ҳал қилинганлиги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди. Бу ҳолда қарорнинг хулоса қисмида суд харажатлари ушбу Кодекснинг 115-моддасида назарда тутилган тартибда тақсимланиши кўрсатилади.


244-модда. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув

қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари


Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги;

2) суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;

3) ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги;

4) моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги.

Моддий ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши қуйидагилардан иборат:

1) қўлланилиши лозим бўлган қонуннинг ёки бошқа қонунчилик ҳужжатининг қўлланилмаганлиги;

2) қўлланилиши мумкин бўлмаган қонун ёки бошқа қонунчилик ҳужжати қўлланилганлиги;

3) қонун ёки бошқа қонунчилик ҳужжати нотўғри талқин қилинганлиги.

Процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги, агар бу нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган бўлса ёки олиб келиши мумкин бўлса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.

Суднинг ҳал қилув қарори қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин, агар:

1) суд иши юритилаётган тил тўғрисидаги қоида ишни кўриш чоғида бузилган бўлса;

2) суд мажлиси баённомаси имзоланмаган ёки ушбу Кодекс 176-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганидан бошқа шахслар томонидан имзоланган ёхуд, агар суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилган бўлса, аудио- ва видеоёзувнинг электрон ёки бошқа ташувчилари суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилмаган бўлса;

3) ҳал қилув қарорини қабул қилиш чоғида судьялар маслаҳатининг сир сақланиши тўғрисидаги қоида бузилган бўлса.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) суд томонидан ишнинг қонунга хилоф таркибда кўрилганлиги;

2) ишнинг суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир ишда иштирок этувчи шахс йўқлигида кўрилганлиги;

3) суд томонидан ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги;

4) ҳал қилув қарорининг судья ёки, агар иш судьялар ҳайъати таркибида кўрилган бўлса, судьяларнинг бири томонидан имзоланмаганлиги ёхуд ҳал қилув қарорида кўрсатилганидан бошқа судьялар томонидан имзоланганлиги;

5) ишда суд мажлиси баённомасининг мавжуд эмаслиги;

6) билдирилган талаб бўйича суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинмаганлиги;

7) ишнинг судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда кўрилганлиги.

Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, агар тарафлар ўртасида келишув битими тузилган ва у кассация инстанцияси суди томонидан тасдиқланган бўлса, бекор қилади";


41) 245-модда:

иккинчи қисмининг 14-банди чиқариб ташлансин;

тўртинчи қисми чиқариб ташлансин;

бешинчи ва олтинчи қисмлари тегишинча тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


42) 246-модда чиқариб ташлансин;


43) 247 ва 248-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"247-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими,

қарори устидан берилган кассация шикояти (протести)


Биринчи инстанция судининг апелляция инстанциясида кўрилмаган ажримлари, қарорлари устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда кассация тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Биринчи инстанция судининг ажрими, қарори устидан ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича берилган кассация шикояти (протести) ушбу бобда суднинг ҳал қилув қарори устидан берилган кассация шикоятини (протестини) кўриш учун назарда тутилган тартибда кассация инстанцияси суди томонидан кўрилади.

Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ажрими, қарори устидан берилган шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижаларига кўра қуйидагиларга ҳақли:

1) ажримни, қарорни ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;

2) ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга ва масалани мазмунан ҳал қилишга;

3) аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш, аризани (шикоятни) қайтариш, иш юритишни тўхтатиб туриш, иш юритишни тугатиш, аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажримни бекор қилишга ва аризани (шикоятни), ишни биринчи инстанция судига кўриб чиқиш учун юборишга;

4) ажримни бекор қилишга ва аризани (шикоятни), ишни кўриб чиқиш учун тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга.


248-модда. Кассация инстанцияси судининг ажрими

устидан шикоят қилиш (протест келтириш)


Кассация инстанцияси судининг ушбу Кодексда устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) назарда тутилган ажримлари устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин";


44) 248-1-модда чиқариб ташлансин;


45) қуйидаги мазмундаги 28-боб билан тўлдирилсин:


"28-БОБ. СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ТАФТИШ ТАРТИБИДА

ҚАЙТА КЎРИШ БЎЙИЧА ИШ ЮРИТИШ


249-модда. Тафтиш тартибида шикоят қилиш

(протест келтириш) ҳуқуқи


Туманлараро маъмурий судларнинг, ҳудудий ҳарбий судларнинг қонуний кучга кирган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича ҳал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори, ажрими устидан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига қуйидаги шахслар томонидан тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин:

ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, ушбу судлар тафтиш инстанциясининг суд ҳужжатлари ва ушбу судлар томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига қуйидаги шахслар томонидан тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин:

ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахслар томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари томонидан.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, шунингдек тафтиш тартибида қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан қуйидаги шахслар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига тафтиш тартибида протест келтириши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси - ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг мурожаатига асосан;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори - прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек бошқа ишлар бўйича ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда.


250-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятларни

(протестларни) кўрувчи судлар


Тафтиш тартибидаги шикоят (протест):

ушбу Кодекс 249-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган суд ҳужжатлари устидан берилганда - Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан;

ушбу Кодекс 249-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган суд ҳужжатлари устидан берилганда - Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Бош прокурорининг ушбу Кодекс 249-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган суд ҳужжатлари устидан киритилган протести Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати томонидан кўрилади.


251-модда. Тафтиш тартибида шикоят

(протест) бериш тартиби


Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ишни тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди номига йўлланади, лекин ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни ишни тафтиш тартибида кўрадиган судга иш билан бирга юбориши шарт.

Мазкур Кодекс 249-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган суд ҳужжатлари устидан тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади.


252-модда. Тафтиш тартибида шикоят

(протест) бериш муддати


Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати кассация инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилингунига қадар ўтган тақдирда, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) кассация инстанцияси суди қарор қабул қилган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати ишни тафтиш тартибида кўриш якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди қарор қабул қилгунига қадар ўтган бўлса, шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Бош прокурорининг протести ушбу Кодекс 249-моддаси биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай келтирилиши мумкин.

Тафтиш тартибида шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва шикоят (протест) бериш муддатининг ўтказиб юборилиши сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) кўриб чиқилмайди.


253-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятнинг

(протестнинг) мазмуни


Тафтиш тартибидаги шикоятда (протестда) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) шикоят (протест) йўлланаётган тафтиш инстанцияси судининг номи;

2) шикоят (протест) бераётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг жойлашган ери (почта манзили ёки яшаш жойи);

3) устидан шикоят (протест) берилаётган ҳал қилув қарорини, қарорни қабул қилган суднинг номи;

4) ишнинг рақами, ҳал қилув қарори, қарор қабул қилинган сана;

5) шикоят (протест) бераётган шахснинг талаблари ва шикоят (протест) бераётган шахс суд ҳужжатини қонунларга ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларига, иш ҳолатларига ҳамда далилларга ҳавола қилган ҳолда нотўғри деб ҳисоблашига оид асослар;

6) шикоятга (протестга) илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

Ишда иштирок этмаган шахснинг тафтиш тартибидаги шикоятида устидан шикоят қилинаётган, қонуний кучга кирган суд ҳужжати билан унинг қандай ҳуқуқлари, эркинликлари ёки қонуний манфаатлари бузилганлиги кўрсатилиши керак.

Тафтиш тартибидаги шикоятда (протестда) шикоятни (протестни) берган шахснинг ёхуд унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Тафтиш тартибидаги шикоят шикоятни бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланган бўлиши керак. Протест уни келтирган мансабдор шахс томонидан имзоланган бўлиши керак.


254-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятнинг

(протестнинг) кўчирма нусхаларини юбориш


Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) бераётган шахс ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга тафтиш тартибидаги шикоятнинг (протестнинг) ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориши ёки тилхат олиб шахсан топшириши керак.


255-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятга (протестга)

илова қилинадиган ҳужжатлар


Тафтиш шикоятига қуйидагилар илова қилинади:

1) давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

2) ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга тафтиш шикоятининг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

3) тафтиш тартибидаги шикоят вакил томонидан имзоланган тақдирда, унинг шикоятни имзолашга бўлган ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат.

Тафтиш тартибидаги протестга ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга протест ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Апелляция ёки кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ёхуд апелляция ёки кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги суд ажрими устидан берилган тафтиш тартибидаги шикоятга (протестга) қабул қилиниши рад этилган ёки қайтарилган шикоят (протест) ва уни судга тақдим этиш чоғида унга қўшиб берилган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ёки қайтариш тўғрисидаги ажрими устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига берилган тафтиш тартибидаги шикоятга (протестга) қабул қилиниши рад этилган ёхуд қайтарилган шикоят (протест) ҳамда уни судга тақдим этиш чоғида унга қўшиб берилган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.


256-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни)

иш юритишга қабул қилишни рад этиш


Тафтиш инстанцияси судининг судьяси тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:

1) шикоят (протест) суд ҳужжати устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

2) шикоят (протест) қонуний кучга кирмаган ёки қонунга мувофиқ тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

3) шикоят (протест) Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига апелляция ёки кассация тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

4) шикоят (протест) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

5) шикоят (протест) ишни тафтиш тартибида кўраётган суд томонидан илгари кўрилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

6) шикоятни (протестни) бериш муддати ўтказиб юборилган ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад этилган бўлса;

7) тафтиш тартибида шикоят (протест) берган шахс ундан воз кечганлиги, протест чақириб олинганлиги сабабли шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим мавжуд бўлса, бундан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг шикоятдан воз кечилганлиги, протест чақириб олинганлиги сабабли тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрими устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида берилган шикоят (протест) мустасно.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари кўрсатилади, шикоятни бериш чоғида тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, шикоят (протест) судга дастлаб мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.


257-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни

(протестни) қайтариш


Тафтиш инстанцияси судининг судьяси тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:

1) шикоят (протест) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси ва исми- шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

2) шикоятнинг (протестнинг) мазмунига нисбатан ушбу Кодекснинг 253-моддасида белгиланган талабларга риоя этилмаган ёки шикоятга (протестга) ушбу Кодекс 255-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса;

3) шикоятга давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса, қонунда давлат божини тўлаш муддатини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган ҳолларда эса, бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

4) шикоят (протест) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса;

5) шикоят (протест) берган шахсдан уни қайтариб олиш (чақириб олиш) тўғрисида шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинганлиги ҳақида суд ажрими чиқарилгунига қадар ариза келиб тушган бўлса;

6) шикоят (протест) ушбу Кодекс 251-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган тақдирда ҳал қилув қарорини қабул қилган суд четлаб ўтилган ҳолда юборилган бўлса.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш тўғрисидаги ажримда шикоятни (протестни) қайтариш асослари кўрсатилади, тафтиш тартибидаги шикоятни бериш чоғида тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси шикоят (протест) берган шахсга шикоят (протест) ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга юборилади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, шикоят (протест) дастлаб судга мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.

Шикоят (протест) берган шахс ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин тафтиш тартибидаги шикоят (протест) билан судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.


258-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни)

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва

Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси

Ҳарбий суди томонидан иш юритишга қабул қилиш

тўғрисидаги масалани ҳал этиш тартиби ва муддати


Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки уни қайтариш тўғрисидаги масала шикоят (протест) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай судья томонидан якка тартибда ҳал қилинади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки уни қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.


259-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни)

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва

Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси

Ҳарбий суди томонидан иш юритишга қабул қилиш


Ушбу Кодексда шакл ва мазмунга нисбатан белгиланган талабларга риоя қилинган ҳолда берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинади ва суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинланади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ажрим чиқарилган сана ва жой;

2) ажрим чиқарган судьянинг фамилияси ва исми-шарифининг бош ҳарфлари;

3) шикоятни (протестни) берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

4) устидан шикоят берилган (протест келтирилган) суд ҳужжатлари;

5) суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи.


260-модда. Ишни талаб қилиб олиш


Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича ишни тегишли суддан талаб қилиб олишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари ушбу Кодекс 249-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда ёки прокурор иштирокида кўрилган ишлар бўйича тафтиш тартибида протест киритиш масаласини ҳал этиш учун тегишли суддан ишни ўз ваколатлари доирасида талаб қилиб олишга ҳақли.


261-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг

судьяси томонидан тафтиш тартибидаги шикоятни

(протестни) ўрганиш


Ушбу Кодекснинг 249 - 255-моддаларида белгиланган қоидаларга мувофиқ берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси томонидан ўрганилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) унга илова қилинган материаллар билан бирга, зарур бўлган тақдирда эса ишни талаб қилиб олган ҳолда ўрганади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) ўрганиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси:

1) тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни ушбу Кодекснинг 256-моддасида назарда тутилган асосларга кўра рад этиш тўғрисида;

2) тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) ушбу Кодекс 257-моддаси биринчи қисмининг 1 - 6-бандларида назарда тутилган асосларга кўра қайтариш тўғрисида;

3) агар суд ҳужжатларини тафтиш тартибида текшириш асослари мавжуд бўлмаса, тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисида;

4) тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш ва уни кўриб чиқиш учун иш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида беш кундан кечиктирмай ажрим чиқаради, тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисида ёки тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш ва уни кўриб чиқиш учун иш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисида эса шикоят (протест) Ўзбекистон Республикаси Олий судига келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ажрим чиқаради.

Ажримнинг кўчирма нусхаси тафтиш тартибида шикоят (протест) берган шахсга ва ишда иштирок этувчи шахсларга ажрим чиқарилганидан кейинги кундан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.


262-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий

ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун

ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажрим


Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ажрим чиқарилган сана ва жой;

2) ажрим чиқарган судьянинг фамилияси ва исми-шарифининг бош ҳарфлари;

3) шикоят берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

4) устидан тафтиш тартибида шикоят берилган суд ҳужжатлари;

5) суд ҳужжатлари қабул қилинган иш мазмунининг қисқача баёни;

6) тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш асослари.

Тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилганда шикоят ва унга илова қилинган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Олий судида қолади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ёки унинг ўринбосари судьянинг тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримига қўшилмасликка ҳамда тафтиш тартибидаги шикоятни берган шахснинг аризасига асосан уни бекор қилиш ва шикоятни кўриб чиқиш учун иш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш ҳақида ажрим чиқаришга ҳақли.

Тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримни бекор қилиш ҳақидаги ариза суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида шикоят қилиш учун белгиланган муддат доирасида берилиши мумкин.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган ариза кўриб чиқилмайди.


263-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни)

иш юритишга қабул қилиш ва уни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон

Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича

судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисидаги ажрим


Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш ва уни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисидаги ажримида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ажрим чиқарилган сана ва жой;

2) ажрим чиқарган судьянинг фамилияси ва исми-шарифининг бош ҳарфлари;

3) шикоят (протест) берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

4) устидан тафтиш шикояти (протест) берилган суд ҳужжатлари;

5) суд ҳужжатлари қабул қилинган иш мазмунининг қисқача баёни;

6) тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш асосларининг асослантирилган баёни;

7) суд мажлисининг вақти ва жойи.


264-модда. Тафтиш тартибидаги шикоят (протест)

юзасидан ёзма фикр билдириш


Ишда иштирок этувчи шахс тафтиш тартибидаги шикоятнинг (протестнинг) кўчирма нусхаларини олгач, унинг юзасидан ёзма фикрини ҳамда ёзма фикрнинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ёзма фикр тафтиш тартибидаги шикоят (протест) кўриб чиқиладиган кунга қадар етиб боришини таъминлайдиган муддатда судга юборишга ҳақли.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) юзасидан ёзма фикр ишда иштирок этувчи шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга унинг ишни юритишга бўлган ваколатини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.


265-модда. Тафтиш тартибидаги шикоят (протест)

бўйича суд ҳужжатларининг ижросини тўхтатиб туриш


Ишни тафтиш тартибида кўраётган суд (судья) ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, суд ҳужжатининг ижросини тафтиш тартибида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туришга ҳақли.

Судья тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда суд ҳужжатининг ижросини тўхтатиб туриш тўғрисида ёки унинг ижросини тўхтатиб туриш рад этилиши ҳақида кўрсатади.


266-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларни

хабардор қилиш


Тафтиш тартибида шикоят (протест) берган шахс, шунингдек ишда иштирок этувчи шахслар ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодекснинг 124-моддасида белгиланган тартибда хабардор қилинади. Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни тафтиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида иш тафтиш тартибида кўрилганда ишда иштирок этувчи шахслар тушунтиришлар бериш учун чақиртирилиши мумкин. Бу ҳолда уларга ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабарнома юборилади. Бироқ иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.


266-1-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни

(протестни) кўрмасдан қолдириш


Агар тафтиш тартибидаги шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг унинг имзоланмаганлиги ёхуд уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки мансаб мавқеи ёки фамилияси ва исми-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланганлиги аниқланса, ишни тафтиш тартибида кўраётган суд шикоятни (протестни) кўрмасдан қолдиради.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўрмасдан қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин шикоят (протест) ушбу Кодексда белгиланган тартибда судга янгидан берилиши мумкин.


266-2-модда. Тафтиш тартибидаги шикоят

(протест) бўйича иш юритишни тугатиш


Ишни тафтиш тартибида кўраётган суд тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритишни қуйидаги ҳолларда тугатади, агар:

1) шикоят (протест) суд ҳужжати устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

2) шикоят (протест) Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига апелляция ёки кассация тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан берилган, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига эса Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тафтиш тартибида кўрилмаган ёки ушбу Кодексга мувофиқ тафтиш тартибида шикоят қилинмайдиган (протест келтирилмайдиган) суд ҳужжати устидан берилган ва хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса;

3) шикоят (протест) тафтиш тартибида ушбу суд томонидан кўрилган суд ҳужжати устидан берилган ва хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса;

4) шикоят берган шахс томонидан шикоятдан воз кечиш тўғрисида шикоят иш юритишга қабул қилинганидан кейин ариза келиб тушган бўлса ва воз кечиш тафтиш инстанцияси суди томонидан қабул қилинган бўлса;

5) протест келтирган прокурордан ёки юқори турувчи прокурордан протестни чақириб олиш тўғрисида протест иш юритишга қабул қилинганидан кейин ариза келиб тушган бўлса;

6) ишда тараф бўлган юридик шахс шикоят (протест) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар тугатилган бўлса;

7) ишда тараф бўлган фуқаро шикоят (протест) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар вафот этса, низоли ҳуқуқий муносабат эса ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритиш тугатилган тақдирда, айни бир шахснинг айни шу асослар бўйича тафтиш тартибидаги шикоят (протест) билан судга такроран мурожаат қилишига йўл қўйилмайди.


266-3-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни

(протестни) кўриш муддатлари


Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тафтиш тартибидаги шикоят (протест) тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибидаги шикоят (протест) у кўриб чиқиш учун ўтказилган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Алоҳида ҳолларда, тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўриб чиқиш муддати ишни кўраётган судлов ҳайъати томонидан кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига келиб тушган тафтиш тартибидаги протест у Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига келиб тушган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмай кўрилиши керак.


266-4-модда. Ишни тафтиш инстанцияси

судида кўриш тартиби


Иш ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича, мазкур бобда назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда тафтиш тартибида кўрилади.

Ишни тафтиш тартибида кўриш раислик қилувчининг ёки судьялардан бирининг маърузаси билан бошланади.

Маърузачи ишнинг ҳолатларини, иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларининг мазмунини, тафтиш тартибидаги шикоятда (протестда) келтирилган важларни, унга доир келиб тушган ёзма фикрларни баён қилади. Шундан сўнг суд мажлисида ҳозир бўлган ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари эшитилади.

Дастлаб тафтиш тартибида шикоят берган шахс ёки унинг вакили тушунтириш беради, агар иш прокурорнинг протести бўйича кўрилаётган бўлса, дастлаб прокурор сўзга чиқади. Суд ҳужжати устидан ҳар иккала тараф томонидан шикоят берилган тақдирда, биринчи бўлиб аризачи сўзга чиқади.

Ушбу Кодекснинг 47-моддасида назарда тутилган тартибда ишда иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа шахслар, агар улар суд ҳужжати устидан шикоят бермаган бўлса, судда тарафлар ва учинчи шахслардан кейин сўзга чиқади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари эшитилганидан кейин тафтиш инстанцияси суди қарор қабул қилиш учун маслаҳатхонага киради.

Тафтиш инстанцияси судининг қарори ишни кўриш тугаши биланоқ дарҳол қабул қилинади.

Алоҳида ҳолларда асослантирилган қарорни тайёрлаш беш кунгача бўлган муддатга кечиктирилиши мумкин, бироқ суд унинг қарор қисмини суд муҳокамаси тамомланган мажлиснинг ўзидаёқ эълон қилиши керак.

Судьялар маслаҳатлашуви, қарор чиқариш ва уни ўқиб эшиттириш ушбу Кодексда белгиланган тартибда амалга оширилади.


266-5-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятдан воз кечиш.

Тафтиш тартибидаги протестни чақириб олиш


Тафтиш тартибида шикоят берган шахс ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати чиқарилгунига қадар ундан воз кечишга ҳақли.

Протест келтирган шахс ёки юқори турувчи мансабдор шахс ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати чиқарилгунига қадар протестни чақириб олишга ҳақли.


266-6-модда. Тафтиш инстанцияси судининг

ишни кўриш доираси


Суд ишни тафтиш тартибида кўриш чоғида қуйи инстанцияларнинг судлари томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини ва процессуал қонун талабларига риоя этилганлигини иш материаллари бўйича текширади.

Тафтиш инстанцияси суди биринчи инстанция судида кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талабларни қабул қилмайди ва кўриб чиқмайди.

Тафтиш инстанциясининг судида: ишларни битта иш юритишга бирлаштириш тўғрисидаги; талабнинг предметини ёки асосини ўзгартириш ҳақидаги; ишда иштирок этишга учинчи шахсларни жалб қилиш ҳақидаги қоидалар, шунингдек ушбу Кодексда фақат биринчи инстанция судида ишни кўриш учун белгиланган бошқа қоидалар қўлланилмайди.


266-7-модда. Тафтиш инстанцияси судининг ваколатлари


Суд шикоятни (протестни) тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:

1) ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга;

3) ушбу Кодекс 244-моддаси бешинчи қисмининг 3 ва 6-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган апелляция ёки кассация инстанцияси судига юборишга;

4) ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга;

5) ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд аризани (шикоятни) тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;

6) айрим суд ҳужжатларини бекор қилишга ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга;

7) ушбу Кодекс 244-моддаси бешинчи қисмининг 7-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда, ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга.

Суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинмаганлиги ёки нотўғри ҳал қилинганлиги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди. Бу ҳолда қарорнинг хулоса қисмида суд харажатлари ушбу Кодекснинг 115-моддасида назарда тутилган тартибда тақсимланиши кўрсатилади.


266-8-модда. Суд ҳужжатини ўзгартириш ёки

бекор қилиш асослари


Суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни ёки ажримни тафтиш тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.

Суднинг мазмунан тўғри бўлган ҳал қилув қарори, қарори ёки ажрими фақат юзаки асослар бўйича бекор қилиниши мумкин эмас.


266-9-модда. Тафтиш инстанцияси судининг қарори


Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича суд қарор қабул қилади, қарор ишни кўрган судьялар томонидан имзоланади.

Ишни тафтиш тартибида кўрган суднинг қарорида қуйидагилар кўрсатилади:

1) қарорни қабул қилган суднинг номи ва таркиби, суд мажлисининг котиби;

2) иш рақами, қарор қабул қилинган сана ва жой;

3) шикоят (протест) берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг процессуал ҳолати;

4) ишда иштирок этувчи шахсларнинг, шунингдек улар вакилларининг ва суд процесси бошқа иштирокчиларининг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми);

5) шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) суд ҳужжатлари мазмунининг қисқача баёни;

6) шикоятда (протестда) келтирилган суд ҳужжатларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тўғрисида талаб арз қилинишига сабаб бўлган асослар;

7) шикоят (протест) юзасидан ёзма фикрда баён қилинган важлар;

8) ишда иштирок этувчи ва суд мажлисида ҳозир бўлган шахсларнинг тушунтиришлари;

9) суд томонидан аниқланган иш ҳолатлари;

10) ишни кўрган суд қайси сабабларга кўра ўз хулосаларига келган бўлса, ўша сабаблар ҳамда ўзи амал қилган қонунларга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳавола;

11) шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича суд хулосалари;

12) агар иш янгидан кўриш учун юборилаётган бўлса, суд томонидан бажарилиши керак бўлган ҳаракатлар.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарори Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати мажлисида раислик қилувчи томонидан имзоланади.

Ишни тафтиш тартибида кўрган суднинг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарори якуний ҳисобланади ва унинг устидан шикоят қилинмайди (протест келтирилмайди).


266-10-модда. Тафтиш инстанцияси суди

кўрсатмаларининг мажбурийлиги


Ишни тафтиш тартибида кўрган суднинг қарорида баён этилган кўрсатмалар мазкур ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир.

Ишни тафтиш тартибида кўраётган суд ҳал қилув қарорида, қарорда аниқланмаган ёхуд рад этилган ҳолатларни аниқлашга ёки исботланган деб ҳисоблашга, у ёки бу далилнинг ишончлилиги ёки ишончсизлиги, бир далилнинг бошқаларидан устунлиги, ишни янгидан кўришда қандай қарор қабул қилиниши кераклиги тўғрисидаги масалаларни олдиндан ҳал этишга ҳақли эмас.


266-11-модда. Суднинг ажрими, қарори устидан

берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест)


Суднинг ажрими, қарори устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Ушбу Кодекснинг 249-моддасида назарда тутилган ажрим, қарор устидан мазкур Кодексда белгиланган қоидалар бўйича берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ушбу бобда тафтиш тартибидаги шикоятларни (протестларни) кўриш учун назарда тутилган тартибда тафтиш инстанцияси суди томонидан кўрилади.

Тафтиш инстанцияси суди ажрим, қарор устидан берилган шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:

1) ажримни, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман ўзгартиришга ёки бекор қилишга ва масалани мазмунан ҳал қилишга ёхуд илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга;

3) ажримни, қарорни бекор қилишга ва аризани (шикоятни), ишни мазмунан кўриш учун тегишли инстанция судига юборишга;

4) ажримни бекор қилишга ва аризани (шикоятни), иш материалларини кўриб чиқиш учун судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга.


266-12-модда. Тафтиш инстанцияси судининг ажримлари

устидан шикоят қилиш (протест келтириш)


Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш, қайтариш, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатиш, тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажримлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ушбу Кодексда суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) беришнинг белгиланган муддати ичида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьясининг тафтиш тартибидаги шикоятни иш юритишга қабул қилишни рад этиш, тафтиш тартибидаги шикоятни қайтариш тўғрисидаги ажрими ушбу Кодексда тафтиш тартибида шикоят бериш учун белгиланган муддат ичида шикоят берган шахснинг илтимосномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ёки унинг ўринбосари томонидан бекор қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьясининг тафтиш тартибидаги протестни иш юритишга қабул қилишни рад этиш, тафтиш тартибидаги протестни қайтариш тўғрисидаги ажрими устидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига ушбу Кодексда белгиланган тартибда суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида протест бериш муддати ичида протест келтирилиши мумкин.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатиш, тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим, шунингдек ушбу Кодексда устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг бошқа ажримлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига ушбу Кодексда белгиланган тартибда суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати ичида протест келтирилиши мумкин";


46) 268-модданинг иккинчи қисмидаги "апелляция ёки кассация инстанциясининг" деган сўзлар "апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси судининг" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ушбу Қонун 1-моддасининг 1 - 5, 7 - 46-бандлари 2024 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                Ш. Мирзиёев

         

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 27 декабрь







































































Время: 0.0062
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск