ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ёнғин хавфсизлиги. Ёнғинга қарши тадбирлар /

Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини мустақил баҳолаш (ёнғин аудити) тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.12.2023 й. 679-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 25 декабрдаги

679-сон қарорига

1-ИЛОВА



Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли

бўлган бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги

талабларига мувофиқлигини мустақил баҳолаш

(ёнғин аудити) тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ёнғин аудиторлик ташкилотлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг (кейинги ўринларда - ҳимояланадиган объектлар) ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини мустақил баҳолаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ёнғин аудиторлик ташкилоти - ҳимояланадиган объектларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини мустақил баҳоловчи, раҳбаридан ташқари ёнғин хавфсизлиги соҳасида амалий иш тажрибасига эга (камида беш йил) бўлган камида икки нафар ёнғин аудитори сертификатига эга бўлган олий маълумотли мутахассислар мавжуд бўлган, Фавқулодда вазиятлар вазирлигида аккредитациядан ўтган юридик шахс;


ёнғин аудитори - ёнғин хавфсизлиги соҳасида амалий иш тажрибасига (камида беш йил) ва олий маълумотга эга бўлган ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида ўқув дастурини тамомлаган ва белгиланган тартибда тест синовларидан муваффақиятли ўтган ва ёнғин аудитори сертификатига эга бўлган жисмоний шахс;


ёнғин аудитори сертификати - мутахассиснинг мувофиқликни баҳолаш соҳасида малакасини тасдиқловчи расмий ҳужжат;


хулоса - ёнғин аудитори томонидан берилган ва объектнинг ёнғин хавфсизлиги даражаси тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган расмий ҳужжат.


3. Ёнғин аудиторлик ташкилоти томонидан ўта муҳим, хавф-хатарлиги IV тоифага кирувчи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари билан боғлиқ объектларда ёнғин аудиторлик текширувлари ўтказилмайди.



2-БОБ. ЁНҒИН АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТИ


4. Ёнғин аудиторлик ташкилотига қуйидаги талаб ва шартлар қўлланилади:

ҳимояланадиган объектнинг мулкдори ва ёнғин аудиторлик ташкилоти ўртасидаги манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида ёнғин аудиторлик ташкилоти ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги ишлар ва хизматларни амалга оширишда фақатгина ҳимояланадиган объектнинг мувофиқлигини баҳолаш фаолияти билан шуғулланиш;

мулкий ҳуқуқ ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида ёнғин аудиторлик ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган тегишли бинолар ва иншоотлар, техник-технологик ва аппарат-дастурий воситаларига эга бўлиш;

ёнғин аудитори фақат битта аудиторлик ташкилотининг муассиси (иштирокчиси) бўлиши;

ёнғин аудиторлик ташкилотининг ёнғин аудитори томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда ёнғин аудитори сертификатини олмасдан туриб ёки ҳар уч йилда малакасини оширмасдан ёнғин аудитини ўтказишига йўл қўймаcлик;

ёнғин аудиторлик ташкилоти белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигида аккредитациядан ўтиши.


5. Ёнғин аудиторлик ташкилоти ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида мустақилдир.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, уларнинг мансабдор шахслари ёнғин аудиторлик ташкилотининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.



3-БОБ. ЁНҒИН АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ, МАЖБУРИЯТЛАРИ ҲАМДА

ЖАВОБГАРЛИГИ


6. Ёнғин аудиторлик ташкилоти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ҳимояланадиган объектнинг мувофиқлигини баҳолашга нисбатан ёнғин аудитини ўтказиш учун унинг кадастр ва таъсис ҳужжатлари, объектда ишлайдиган қурилма ва жиҳозлар ҳамда унда мавжуд бўлган моддий-товар бойликлар ҳақидаги ҳужжатлар билан олдиндан танишиш;

зарур ўлчовлар ўтказиш, намуналар олиш ва тадқиқот ўтказиш мақсадида аккредитацияланган лабораторияларда синовларни ўтказиш;

ёнғин аудитини ўтказиш давомида юзага келган масалалар бўйича ҳимояланадиган объектнинг ёнғин хавфсизлиги учун масъул бўлган шахслардан тушунтиришлар ва ёнғин аудити ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча маълумотлар олиш;

ёнғин аудити билан боғлиқ масалалар юзасидан маслаҳатлар бериш.


7. Ёнғин аудиторлик ташкилоти:

ёнғин аудиторлик фаолиятини амалга ошириш чоғида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низом талабларига риоя этиши;

ёнғин аудити хулосасида норматив-ҳуқуқий ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлар талабларининг бузилиш ҳолатини бартараф этиш бўйича тавсияларни акс эттириши;

ёнғин аудиторлик фаолиятини амалга оширишга доир тегишли ҳужжатларни ҳимояланадиган объект мулкдори талабига кўра тақдим этиши;

ёнғин аудиторлик хизматларини кўрсатиш чоғида олинган ахборотнинг махфийлигини таъминлаши шарт.


8. Ёнғин аудиторлик ташкилоти била туриб сохта тузилган ёнғин аудити хулосасини тузиши оқибатида етказилган зарар учун ҳимояланадиган объект мулкдори олдида жавобгар ҳисобланади.

Ёнғин аудиторлик ташкилотининг ёнғин аудитини ўтказмасдан туриб тузилган хулосаси ёки ёнғин аудити натижалари бўйича белгиланган тартибда сохта деб ҳисобланганда ёнғин аудиторлик ташкилоти жавобгар бўлади.



4-БОБ. ҲИМОЯЛАНАДИГАН ОБЪЕКТ МУЛКДОРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ, МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


9. Ҳимояланадиган объект мулкдори қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ёнғин аудитини ўтказиш учун ёнғин аудиторлик ташкилотини мустақил равишда танлаш;

ихтиёрий ёнғин аудитини ўтказиш вақтида ёнғин аудитининг йўналиши ва иш ҳажмини белгилаш;

ёнғин аудиторлик ташкилотидан ёнғин аудити хулосаси қайси қонунчилик ҳужжатлари нормаларига асосланганлиги тўғрисидаги зарур ахборотни олиш;

ёнғин аудити хулосасини олиш.


10. Ҳимояланадиган объект мулкдори:

ёнғин аудиторларига ёнғин аудитини ўтказиш учун тегишли шарт-шароитлар яратиши;

ёнғин аудитини ўтказиш учун зарур бўлган маълумотлар ва материалларни тақдим этиши;

ёнғин аудити режасини тасдиқлаши;

ёнғин аудиторлик хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ ёнғин аудитини ўтказиш хизматлари учун ҳақ тўлаши шарт.


11. Ҳимояланадиган объект мулкдори ёнғин аудиторлик ташкилотига берган ҳар қандай нотўғри маълумоти туфайли етказилган зарар учун жавобгар ҳисобланади.



5-БОБ. ҲИМОЯЛАНАДИГАН ОБЪЕКТНИНГ

МУВОФИҚЛИГИНИ БАҲОЛАШ ИШЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ


12. Мувофиқликни баҳолаш ишлари ёнғин аудиторлик ташкилоти ва ҳимояланадиган объект мулкдори ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.


13. Мувофиқликни баҳолаш учун тўлов миқдори ёнғин аудиторлик ташкилоти томонидан мустақил белгиланади.


14. Мувофиқликни баҳолаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

а) ҳимояланадиган объектнинг ёнғин хавфини тавсифловчи ҳужжатларни таҳлил қилиш;

б) ҳимояланадиган объектнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати, эвакуация чиқиш йўллари, ишчи-хизматчиларнинг билими, ёнғиннинг пайдо бўлиши, ривожланиши ва тарқалишини, инсонларга ва моддий бойликларга хавфли таъсири тўғрисидаги объектив маълумотлар олишни, шунингдек, ёнғин хавфсизлигига риоя қилиш учун шарт-шароитлар мавжудлигини, шу жумладан, объектда мавжуд бўлган ёнғиндан ҳимоя қилиш тизимларининг яроқлилиги ва ишчи ҳолатини аниқлаш;

в) ёнғин хавфсизлиги бўйича норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда зарур тадқиқотлар, синовлар, ҳисоб-китоблар ва экспертизаларни ўтказиш тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш;

г) ҳимояланадиган объектда ўтказилган мувофиқликни баҳолаш натижалари бўйича хулоса тайёрлаш;

д) ёнғин хавфсизлиги талабларини бажариш ва ёнғинга қарши режимга риоя қилиш ишлари бажарилмаган тақдирда, ҳимояланадиган объектга ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бериш учун чора-тадбирлар (талаблар рўйхатини) ишлаб чиқиш ва бажариш муддатларини белгилаш;

е) ҳимояланадиган объект томонидан мувофиқликни баҳолаш натижалари бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар белгиланган муддатларда бажарилганда якуний хулоса тайёрлаш.



6-БОБ. МУВОФИҚЛИКНИ БАҲОЛАШ

ҲУЖЖАТЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

ВА ЮБОРИШ


15. Мувофиқликни баҳолаш натижалари хулоса (кейинги ўринларда - хулоса) шаклида расмийлаштирилади ва мулкдорга қоғоз ёки электрон шаклда юборилади (тақдим этилади).


16. Мувофиқликни баҳолаш натижалари бўйича расмийлаштирилган хулосанинг амал қилиш муддати бир йилни ташкил этади.

Хулоса ёнғин аудиторлик ташкилотида 3 йил сақланади.


17. Хулосада қуйидагилар қайд этилади:

а) ёнғин аудиторлик ташкилотининг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили);

б) мувофиқликни баҳолаш бўйича тузилган шартноманинг санаси ва рақами;

в) мувофиқлигини баҳолаш ўтказилган объектининг тавсифи (ёнғин хавсизлиги талаблари бўйича барча тафсилотлари);

г) мувофиқликни баҳолаш ишларини ўтказган ёнғин аудитори (ёнғин аудиторларни) фамилияси, исми ва отасининг исми, ёнғин аудитори сертификати маълумотлари;

д) ўтказилган мувофиқликни баҳолашнинг натижалари, шу жумладан, ушбу Низомнинг 14-банди "а" ва "в" кичик бандларида назарда тутилган ишлар бўйича натижалар;

е) ёнғин хавфсизлиги талабларининг бажарилиши ва ёнғин хавфсизлиги режимига риоя этилиши тўғрисида хулоса, улар бажарилмаган ва (ёки) риоя этилмаган тақдирда, ушбу Низомнинг 14-банди "д" кичик бандида назарда тутилган чораларни кўриш бўйича тавсиялар.


18. Хулоса мувофиқликни баҳолашни ўтказган ёнғин аудитори томонидан имзоланади ва раҳбар томонидан ёнғин аудиторлик ташкилоти муҳри қўйилиб тасдиқланади.

Электрон ҳужжат шаклида тузилган хулоса QR-код қўйилган ёнғин аудитори ва ташкилот раҳбарининг электрон имзолари билан тасдиқланади.


19. Хулоса тасдиқланганидан кейин ёнғин аудиторлик ташкилоти кузатув хати билан 3 иш куни мобайнида хулосанинг нусхасини объект ҳудудий жиҳатдан бириктирилган давлат ёнғин назорати органига юборади.


20. Ҳимояланадиган объект мулкдори ёнғин аудиторлик ташкилотининг хулосасидан норози бўлган тақдирда, белгиланган тартибда судга шикоят қилишга ҳақли.


21. Ҳимояланадиган объектга нисбатан мувофиқликни баҳолаш натижалари бўйича ижобий хулоса қилинган тақдирда, ушбу объектда бир йил давомида давлат ёнғин назорати органлари томонидан текширувлар ўтказилмайди.


22. Ёнғин аудиторлик ташкилоти томонидан ҳимояланадиган объектга нисбатан ижобий хулоса қилинмаган тақдирда, давлат ёнғин назорати органлари ушбу объектни белгиланган тартибда текширувлар режасига киритади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

              

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 26 декабрь









































































Время: 0.0138
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск