ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Пахтачилик /

Пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатларини ҳамда пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китобини кредитлаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.12.2023 й. 680-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 25 декабрдаги

680-сон қарорига

1-ИЛОВА



Пахта хом ашёсини етиштириш

ва пахта йиғим-терими харажатларини ҳамда

пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний

ҳисоб-китобини кредитлаш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатларини ҳамда пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китобини кредитлаш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


"Агроплатформа" АТ - Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг "Рақамли қишлоқ хўжалиги" ягона интеграция платформаси таркибига кирувчи ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун имтиёзли кредитларни ажратиш, маҳсулот етиштирувчиларга шаффофлик тамойилида хизмат кўрсатиш имкониятларини таъминлаб берадиган ахборот тизими;


Жамғарма - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма);


қарз олувчи - пахта-тўқимачилик кластерлари билан фьючерс шартномаси тузган пахта хом ашёсини етиштирувчилар (фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги субъектлари), уруғчилик хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари;


фьючерс шартномаси - пахта хом ашёсини етиштирувчилар ва пахта-тўқимачилик кластерлари ўртасида тегишли йил ҳосилининг йиғим-терими даврида пахта хом ашёсини етказиб бериш шарти билан икки томонлама тузилган ҳамда "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржа" АЖнинг алоҳида "пахта хом ашёси секцияси" орқали рўйхатдан ўтган шартнома;


кредит буюртманомаси - қарз олувчилар томонидан пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йигим-терими харажатларини ҳамда пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китоби учун кредит ажратиш мақсадида тижорат банки филиалларига "Агроплатформа" АТ орқали тақдим этилган буюртманомалар асосида тижорат банклари томонидан умумлаштирилган кредит буюртманомалари;


эълон қилинадиган нарх - Нью-Йорк биржасида пахта толаси фьючерс котировкаларининг охирги 12 ойдаги ўртача котировкаси тўғрисида "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖнинг расмий веб-сайтига жойлаштириладиган маълумот;


пахта хомашёси қиймати - тупроқнинг бир бонитет баллига нисбатан норматив ҳосилдорлиги (центнер/гектар) ҳамда эълон қилинган нарх асосида ҳисобланган қиймат;


молия йили - биринчи январдан ўттиз биринчи декабрнинг охиригача бўлган вақтни ўз ичига олган давр.


3. Пахта хом ашёси учун эълон қилинган нарх асосида молия йилидан олдинги йилнинг 1 октябригача (2024 йил ҳосили учун 2024 йил 1 февралгача) пахта хом ашёсини етиштирувчилар ва пахта-тўқимачилик кластерлари ўртасида фьючерс шартнома тузилади.


4. Жамғарманинг кредит ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан пахта хом ашёсини етиштирувчиларнинг пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатларини ҳамда пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китоби учун имтиёзли кредитлар ажратилади.

Бунда пахта хом ашёсини етиштириш харажатлари учун ажратиладиган кредитларнинг миқдори агротехник тадбирлар учун зарур бўладиган минерал ўгитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва кимёвий воситаларнинг нархлар динамикасини таҳлил қилиб, шунингдек, агротехник хариталардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Жамғарма томонидан ойма-ой белгиланади.


5. Жамғарма ва тижорат банки ўртасида:

пахта хом ашёсини етиштириш харажатларини кредитлаш тўғрисида тегишли молия йилидан олдинги йилнинг 1 октябрига қадар;

фьючерс шартномаси асосида пахта хом ашёсини етиштирувчилардан харид қилинган пахта хом ашёсининг якуний ҳисоб-китобини кредитлаш тўғрисида тегишли молия йилининг 20 августига қадар битим тузилади.


6. Жамғарма ўзининг кредит ресурсларини тижорат банкига пахта хом ашёси учун эълон қилинган нарх асосида жойлаштиради.


7. Тижорат банки Жамғармага:

пахта хом ашёсини етиштириш харажатларини кредитлаш мақсадида агротехник тадбирларга мувофиқ ҳар ойда;

пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китобини (пахта йиғим-терими харажатларини) кредитлаш учун пахта йиғим-терими мавсумида кредит буюртманомаларини тақдим этади.

Жамғарма тақдим этилган кредит буюртманомаларига мувофиқ тижорат банкига кредит ресурсларини жойлаштиради.

Жамғарма томонидан жойлаштирилган кредит ресурслари тижорат банки томонидан белгиланган муддатда қайтарилмаганда, муддати ўтган қарздорликлар тижорат банкининг вакиллик ҳисобварақларидан қайтарилади.


8. Тижорат банки Жамғарманинг кредит ресурслари ҳисобидан қарз олувчига пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йигим-терими харажатларини ҳамда пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китобини кредитлаш учун муддатлилик, қайтаришлилик, тўловлилик, таъминланганлик ва мақсадли фойдаланиш шарти асосида кредит линиясини очади.

Пахта хом ашёсини етиштириш харажатларини кредитлаш агротехник тадбирларнинг муддатларига мувофиқ тегишли молия йилидан олдинги йилнинг 1 октябридан молия йилининг 1 сентябрига қадар амалга оширилади.

Пахта йигим-терими харажатларини ва пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китобини кредитлаш молия йилининг 1 сентябридан бошланади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА КРЕДИТ РЕСУРСЛАРИНИ

ТИЖОРАТ БАНКИГА ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


9. Жамғарма тижорат банки билан тузилган битимга асосан кредит ресурсларини:

а) пахта хом ашёсини етиштирувчилар ва уруғчилик хўжаликларининг пахта хом ашёсини етиштириш харажатларини кредитлаш учун 14 ой муддатга, шундан 12 ойлик имтиёзли давр билан, пахта хом ашёси қийматининг 60 фоизигача, йиллик 8 фоизда, кредит ресурсларини қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз жойлаштиради;

б) ер участкасига эгалик ҳуқуқи бўлган пахта-тўқимачилик кластерларининг пахта хом ашёсини етиштириш харажатларини кредитлаш учун 24 ой муддатга (бунда кредитни қайтариш 19-ойдан бошланади), 18 ойлик имтиёзли давр ва сўнгги 6 ойда тенг улушларда қайтариш шарти билан, пахта хом ашёси қийматининг 60 фоизигача, йиллик 8 фоизда, кредит ресурсларини қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз жойлаштиради;

в) уруғчилик хўжаликларининг пахта йиғим-терими харажатларини кредитлаш учун 3 ой муддатга, пахта хом ашёси қийматининг 20 фоизигача, йиллик 8 фоизда, кредит ресурсларини қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз жойлаштиради;

г) ер участкасига эгалик ҳуқуқи бўлган пахта-тўқимачилик кластерларининг пахта йиғим-терими харажатларини кредитлаш учун 12 ой муддатга, 3 ойлик имтиёзли давр ва сўнгги 9 ойда тенг улушларда қайтариш шарти билан, пахта хом ашёси қийматининг 20 фоизигача, йиллик 8 фоизда, кредит ресурсларини қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз жойлаштиради;

д) пахта-тўқимачилик кластерларининг пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китобини кредитлаш учун 10 ой муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр ва сўнгги 4 ойда тенг улушларда қайтариш шарти билан, пахта хом ашёси қийматининг 80 фоизигача (шундан, 20 фоизи пахта йиғим-терими харажатлари учун), йиллик 8 фоизда, кредит ресурсларини қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз жойлаштиради.


10. Тижорат банки томонидан кредитлар битимда белгиланган муддатда қайтарилмаса, кредитларнинг қайтарилмаган қисмига фоизлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасига 1,5 баравар қўшилган миқдорда ҳисобланади.

Кредитларнинг мақсадсиз ишлатилган қисмига қўлланиладиган жарима миқдори Жамғарма ва тижорат банки ўртасида тузиладиган битимда белгиланади.

Тижорат банкига жойлаштирилган кредит ресурсларининг ишлатилмаган қисми тижорат банки томонидан кейинги иш кунидан кечиктирилмасдан Жамғармага қайтарилади.



3-БОБ. ТИЖОРАТ БАНКИ ТОМОНИДАН

ҚАРЗ ОЛУВЧИНИНГ АРИЗАСИНИ КЎРИБ

ЧИҚИШ ТАРТИБИ


11. Қарз олувчи кредит олиш учун унинг асосий талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган тижорат банкига "Агроплатформа" АТ орқали ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) пахта хом ашёсини етказиб бериш бўйича фьючерс шартномаси;

б) пахта хом ашёсини етиштирувчилар, уруғчилик хўжаликлари ҳамда ер участкасига эгалик ҳуқуқи бўлган пахта-тўқимачилик кластерлари:

ер участкасига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат (ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси);

туман (Қувасой шаҳар) ҳокимининг ғўза экинини жойлаштириш тўғрисидаги электрон рақамли имзо билан тасдиқланган маълумотномаси.

Бунда туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимлари томонидан тасдиқланган тупроқнинг бир бонитет баллига нисбатан норматив ҳосилдорлиги (центнер/гектар) тўғрисидаги маълумотнома ҳамда туман (Қувасой шаҳар) ҳокимининг ғўза экинини жойлаштириш тўғрисидаги электрон рақамли имзо билан тасдиқланган маълумотномаси "Агроплатформа" АТ жойлаштирилади ҳамда тижорат банклари ва Жамғарма ушбу маълумотномалардан фойдаланади.

в) пахта-тўқимачилик кластерлари пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китоби учун:

пахта хом ашёсини етказиб бериш бўйича фьючерс шартномаси;

пахта йигим-терими мавсумида электрон тарозидан қабул қилинган пахта хом ашёсини мажбурий ҳисобга олиш тизими орқали расмийлаштирилган электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳужжат.


12. Ҳар йили 15 сентябрга қадар келгуси йил пахта ҳосили учун қуйидаги маълумотномалар "Агроплатформа" АТга жойлаштирилади:

туман (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари томонидан тегишли туман (Қувасой шаҳар) ҳокимининг ғўза экинини жойлаштириш тўғрисидаги маълумотномаси;

туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимлари томонидан тегишли ҳудуддаги тупроқнинг бир бонитет баллига нисбатан норматив ҳосилдорлиги (центнер/гектар) тўғрисидаги маълумотнома.


13. Қарз олувчининг тўлов интизоми ва кредит тарихидан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги таъминот турларидан бири қабул қилинади:

қарз олувчи томонидан олинган кредитни қайтармаслик хатарининг тижорат банки фойдасига суғурта қилинганлиги ёки қарз олувчининг бўлажак ҳосил суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси;

мол-мулклари (қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ундирувга қаратилмайдиган мол-мулклар бундан мустасно);

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган кафиллик ёки бошқа таъминот турлари.


14. Ушбу Низомнинг 11-бандида қайд этилган барча зарур ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг тижорат банки томонидан қарз олувчининг аризаси 3 иш куни ичида кўриб чиқилади.

Қарз олувчининг аризаси бўйича ижобий хулоса қилинганда, тижорат банки филиали ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномаси тузилади.

Бунда фьючерс шартнома "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖнинг алоҳида "пахта хом ашёси секцияси" орқали рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, тижорат банки томонидан кредит шартномаси тузилмайди.

Кредит бериш рад этилганда, тижорат банки қарз олувчини 2 иш куни ичида рад этиш сабабларини асослантирган ҳолда ёзма равишда хабардор қилади.


15. Кредит қарз олувчининг асосий талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган тижорат банки томонидан берилади.



4-БОБ. ҚАРЗ ОЛУВЧИГА КРЕДИТ

АЖРАТИШ ТАРТИБИ

       

16. Кредит миқдори ҳар йили эълон қилинадиган нарх асосида тупроқнинг бир бонитет баллига нисбатан норматив ҳосилдорлигини (центнер/гектар) ҳисобга олган ҳолда белгиланади.


17. Кредит шартномаси кучга киргандан сўнг кейинги иш кунидан кечиктирилмасдан, қарз олувчига кредит ҳисобварағи очилади.


18. Тижорат банки қарз олувчи билан пахта хом ашёсини етиштириш харажатларини кредитлаш бўйича тузган кредит шартномасига асосан:

а) пахта хом ашёсини етиштирувчилар ва уруғчилик хўжаликларининг пахта хом ашёсини етиштириш харажатларини кредитлаш учун 14 ой муддатга, шундан 12 ойлик имтиёзли давр билан, пахта хом ашёси қийматининг 60 фоизигача, йиллик 10 фоизда (шундан банк маржаси 2 фоиз) кредит ажратади;

б) ер участкасига эгалик ҳуқуқи бўлган пахта-тўқимачилик кластерларининг пахта хом ашёсини етиштириш харажатларини кредитлаш учун 24 ой муддатга (бунда кредитни қайтариш 19-ойдан бошланади), 18 ойлик имтиёзли давр ва сўнгги 6 ойда тенг улушларда қайтариш шарти билан, пахта хом ашёси қийматининг 60 фоизигача, йиллик 10 фоизда (шундан банк маржаси 2 фоиз) кредит ажратади;

в) уруғчилик хўжаликларининг пахта йиғим-терими харажатларини кредитлаш учун 3 ой муддатга, пахта хом ашёси қийматининг 20 фоизигача, йиллик 10 фоизда (шундан банк маржаси 2 фоиз) кредит ажратади;

г) ер участкасига эгалик ҳуқуқи бўлган пахта-тўқимачилик кластерларининг пахта йиғим-терими харажатларини кредитлаш учун 12 ой муддатга, 3 ойлик имтиёзли давр ва сўнгги 9 ойда тенг улушларда қайтариш шарти билан, пахта хом ашёси қийматининг 20 фоизигача, йиллик 10 фоизда (шундан, банк маржаси 2 фоиз) кредит ажратади;

д) пахта-тўқимачилик кластерларининг пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китобини кредитлаш учун 10 ой муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр ва сўнгги 4 ойда тенг улушларда қайтариш шарти билан, пахта хом ашёси қийматининг 80 фоизигача (шундан 20 фоизи пахта йигим-терими харажатлари учун), йиллик 10 фоизда (шундан банк маржаси 2 фоиз) кредит ажратади.

Бунда пахта-тўқимачилик кластерлари пахта хом ашёсини етиштирувчилардан қабул қилинган пахта хом ашёси қиймати учун тўловларни, шундан пахта хом ашёси қийматининг 80 фоизини пахта хом ашёси қабул қилинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан, қолган қисмини молия йилининг 31 декабрига қадар ўз маблағлари, шунингдек, тижорат кредитлари ҳисобидан амалга оширади.


19. Кредитнинг мақсадсиз ишлатилган қисмига қўлланиладиган жарима миқдори кредит шартномасида белгиланади.

Қарз олувчи томонидан муддатидан олдин сўндирилган кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловлари тижорат банки томонидан кейинги иш кунидан кечиктирилмасдан Жамғармага қайтарилади.



5-БОБ. КРЕДИТЛАР МОНИТОРИНГИ

ВА УЛАРНИ СЎНДИРИШ ТАРТИБИ


20. Агар кредит ажратишда таъминот сифатида суғурта полиси қабул қилинганда, тижорат банки тегишли суғурта ташкилотлари билан биргаликда Жамғарманинг кредит ресурслари ҳисобидан ажратилган кредитларни ҳар ойда камида бир маротаба жойига чиққан ҳолда мониторинг, шунингдек, доимий масофавий мониторинг қилади. Бунда:

масофавий мониторингни ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги "Агроплатформа" АТни белгиланган тартибда сунъий йўлдошга (учувчисиз учадиган аппаратларга) интеграция қилиш орқали тижорат банклари ва суғурта ташкилотларига кўмаклашади;

тижорат банки тегишли суғурта ташкилотлари билан биргаликда ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар кредит мониторинги натижалари бўйича маълумотларни "Агроплатформа" АТга жойлаштириб боради.


21. Кредит мониторинги:

а) ҳар бир пахта хом ашёсини етиштирувчи, уруғчилик хўжалиги ва ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқи бўлган пахта-тўқимачилик кластери бўйича ғўза экинининг ҳолатини, бўлажак ҳосилнинг берилган кредитларни қайтариш учун етарлигини, шу жумладан, пахта хом ашёсини етиштириш учун агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва тўғри амалга оширилганлигини аниқлаш мақсадида;

б) ҳар бир пахта-тўқимачилик кластери бўйича пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китоби учун ажратилган кредитлар ҳисобидан харид қилинган пахта хом ашёсини кредит олиш учун тижорат банкига аввал тақдим этилган электрон тарозидан ўтганлиги ва қабул қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжатга мослигини ҳамда сақлаш қоидаларига амал қилинаётганлигини ўрганиш мақсадида ўтказилади.


22. Кредит мониторинги натижаларига кўра:

а) пахта хом ашёсини етиштириш харажатлари учун ажратилган кредит:

чигит (тўлиқ ёки қисман) экилмаганлиги;

ғўза экини ҳолатининг қониқарсизлиги;

агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилмаганлиги оқибатида кутилган ҳосилни олишнинг имкони йўқлиги аниқланганда;

б) пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китоби учун ажратилган кредит ҳисобидан харид қилинган пахта хом ашёсининг миқдорини тижорат банкига аввал тақдим этилган ҳужжатларга мос келмаслиги, харид қилинган пахта хом ашёси сифатининг бузилганлиги, сақлаш қоидаларига амал қилинмаётганлиги аниқланганда, шунингдек, қарз олувчи томонидан мониторинг ўтказишга имкон берилмаганда, бу ҳақда тижорат банки, суғурта ташкилоти ва қарз олувчи ўртасида уч томонлама далолатнома тузилади.

Тузилган далолатнома асосида тижорат банки кредитлашни тўхтатади ва кредит ҳамда унга ҳисобланган фоизларни муддатидан олдин сўндириш бўйича тегишли чораларни кўради. Бу чоралар кредит шартномасида белгиланган бўлиши керак.



6-БОБ. КРЕДИТЛАРНИ СЎНДИРИШ ТАРТИБИ


23. Жамғарманинг кредит ресурслари ҳисобидан пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатларини ҳамда пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китоби учун ажратилган кредитлар ва унга ҳисобланган фоизларни сўндириш мақсадида пахта хом ашёсини етиштирувчилар, уруғчилик хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерларига тижорат банклари томонидан 23210 ҳисобварағи очилади.


24. 23210 ҳисобварағига тушган маблағлар ҳисобидан, биринчи навбатда:

а) пахта хом ашёсини етиштирувчилар пахта хом ашёсини етиштириш харажатлари учун Жамғарманинг кредит ресурслари ҳисобидан олинган кредитлар ва унга ҳисобланган фоиз тўловларини сўндиради;

б) пахта-тўқимачилик кластерлари ва уруғчилик хўжаликлари Жамғарманинг кредит ресурслари ҳисобидан пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатлари учун олинган кредитлар ва унга ҳисобланган фоиз тўловларини сўндиради.


25. Жамғарманинг кредит ресурслари ҳисобидан пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатларини ҳамда пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китоби учун ажратилган кредитлар ва унга ҳисобланган фоиз тўловлари тўлиқ сўндирилгандан сўнг тижорат банки 23210 ҳисобварағида қолган маблағларни қарз олувчининг асосий талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварағига мемориал ордер билан ўтказади.

Қарз олувчи ушбу маблағлардан қўшилган қиймат солиғидан ҳосил бўлган қарздорликни тўлиқ сўндиргандан сўнг эркин фойдаланиши мумкин.


26. Кредит ҳисобварағидан тўловлар қарз олувчининг тўлов топшириқномалари ва электрон тўлов воситалари асосида амалга оширилади.

Тўловлар товар ва хизматлар хариди бўйича расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактуралар мавжуд бўлгандагина амалга оширилади. Бунда харид қилинган товар ва хизматлар қайтарилганда, қайтариладиган маблағлар тўлов амалга оширилган ҳисобварақларга қайтарилади.


27. Қарз олувчи пахта хом ашёсини етиштириш билан боғлиқ агротехник тадбирлар учун кредитдан эркин фойдаланади ҳамда моддий ресурслар етказиб берувчиларни ва хизмат кўрсатувчиларни ихтиёрий танлайди.


28. Жамғарма маблағлари айланадиган ҳисобварақларга инкассо топшириқномалари қўйилишига, шунингдек, уларни ундириб олиш ва тақиқ қўйишга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ йўл қўйилмайди.


29. Қарз олувчи томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан олинган кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловлари муддатидан олдин сўндирилиши мумкин.


30. Кредитни қайтариш муддати келганда ва уни сўндириш учун қарз олувчининг маблағи етарли бўлмаганда, тижорат банки кредитни сўндиришни қуйидаги таъминот турларига қаратади ва сўндириш чораларини кўради:

суғурта полиси асосида суғурта ташкилотларига суғурта ҳодисаси рўй берганлиги тўғрисида мурожаат қилади;

қарз олувчининг мол-мулкларига (қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ундирувга қаратилмайдиган мол-мулклар бундан мустасно);

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган кафиллик ёки бошқа таъминот турларига қаратади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31. Кредитларнинг мақсадли сарфланиши бўйича мониторинг юритиш тижорат банклари, пахта хом ашёсини етиштирувчилар, уруғчилик хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари зиммасига юкланади.


32. Тижорат банкларига жойлаштирилган Жамғарманинг кредит ресурсларидан мақсадли фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан назорат қилинади.


33. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

         

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 25 декабрь







































































Время: 0.0302
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск