ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя / Ижтимоий таъминот ва ижтимоий сугуртани бошқариш ва молиялаштириш /

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.12.2023 й. 687-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 28 декабрдаги

687-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий

ҳимоя давлат жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) директорининг буйруқлари ҳамда ушбу Низомга амал қилади.


3. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, шахсий ғазна ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган бланка ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.


4. Жамғарманинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси;

қисқартирилган номи - Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Государственный фонд социальной защиты Национального агентства социальной защиты при Президенте Республики Узбекистан;

қисқартирилган номи - Государственный фонд социальной защиты;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - State Fund for Social Protection of the National Agency for Social Protection under the President of the Republic of Uzbekistan

қисқартирилган номи - State fund for social protection.


5. Жамғарма Давлат мақсадли жамғармаси ҳисобланади.


6. Жамғарманинг жойлашган жойи (почта манзили) - Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси, 3-уй, почта индекси 100060.


7. Жамғарма ўз фаолиятида Агентликка ҳисобдордир.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


8. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети таркибига киради ва унинг ҳисоби белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ғазна ижроси орқали юритилади.


9. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

Давлат бюджетига тушадиган тушумлардан (жарималар, йиғим ва бошқа даромадлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдордаги ажратмалар. Бунда ажратмалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тақсимотга мувофиқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси томонидан белгиланган миқдорларда бир вақтнинг ўзида Жамғармага ҳамда Давлат бюджетига йўналтирилади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган трансфертлар. Бунда трансфертлар ҳар бир мақсадли харажат йўналиши бўйича алоҳида ғазна шахсий ҳисобварақларида ҳисоби юритилади;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан фоиз шаклида олинадиган даромадлар;

халқаро молия институтлари грантлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ва жамғармалар, жисмоний ва юридик шахслар ва бошқа донорларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағлари солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ БОШҚАРИШ


10. Агентлик Жамғарма маблағларини тасарруф этувчи ҳисобланади.


11. Агентлик:

ҳар йили Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишларини, Жамғарма даромадлари ва харажатлари баланси прогноз кўрсаткичларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғарма фаолияти ҳақидаги ҳисоботларни даврий равишда эшитиб боради ва тасдиқлайди;

Жамғармага юкланган вазифаларнинг ижросини ташкил қилиш, тегишли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалиётга татбиқ этиш ва зарур тавсиялар тайёрланишини таъминлаш мақсадида эксперт-таҳлил гуруҳ (лар)ини ташкил қилади;

Жамғарма томонидан аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда молиялаштириш тартиби ва қоидаларини белгилайди;

Жамғарма фаолияти, шу жумладан, маблағларнинг белгиланган йўналишлар бўйича мақсадли йўналтирилиши, ижтимоий соҳага доир қарорларнинг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан назоратни амалга оширади;

Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси (кейинги ўринларда - Дирекция) штатлар жадвали ва харажатлар сметасини зарур ҳолларда тасдиқланган сметаларга киритиладиган тегишли ўзгартиришларни тасдиқлайди;

Агентликнинг умумий бошқарув ходимлари сони доирасида Жамғарманинг Дирекцияси штатлар сони ва тузилмасига ўзгартириш киритади;

Жамғарма Ижрочи директори ва унинг ўринбосарини лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимдан озод этади.


12. Жамғарма Жамғарманинг Ижрочи директори, унинг ўринбосари, шунингдек, тегишли таркибий тузилмаларининг раҳбар ва ходимларидан иборат таркибдаги Жамғарманинг ижро этувчи органи ҳисобланувчи Дирекция томонидан бошқарилади.


13. Дирекция:

Ўзбекистон Республикасининг навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети асосий параметрлари билан боғлиқ ҳолда, Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари бўйича Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ҳар йилги прогноз кўрсаткичларини шакллантиради ҳамда кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Агентликка киритади;

Жамғарма маблағларини шакллантириш манбаларини кенгайтириш ва харажатлар самарадорлигини оширишга доир таклифларни ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун Агентликка киритади;

Жамғарма олдига қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши учун зарур қўшимча маблағларни жалб этиш бўйича амалий чоралар кўради;

Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасининг ижроси юзасидан ҳисоботни Агентликка тақдим этади;

Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши юзасидан белгиланган тартибда мониторинг юритилишини таъминлайди ҳамда мониторинг натижасида аниқланган ҳолатларни таҳлил қилади ва тегишли қарор қабул қилиш учун Агентликка таклиф киритади;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


14. Агентлик буйруғи билан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Ижрочи директор Жамғарма дирекциясининг раҳбари ҳисобланади.

Ижрочи директор:

Жамғарма жорий фаолиятини оператив бошқаради;

Жамғармага юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ Жамғарма фаолиятини ташкил этади;

Жамғарма номидан вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш, молиявий, хўжалик ҳамда бошқа шартномаларни имзолайди;

бажарилган ишлар ҳамда келгуси чорак учун иш режалари тўғрисида ҳар чоракда Агентликка ҳисоб беради;

Жамғарма ходимларини ишга қабул қилиш, рағбатлантириш, уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш ҳамда уларни ишдан бўшатиш ҳақида буйруқлар чиқаради;

Жамғарма фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа буйруқ ва қарор қабул қилади;

Жамғарма номидан суд идораларига ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилади;

ички меҳнат тартиби қоидалари, таркибий бўлинма низомлари, лавозим йўриқномаларини ва бошқа ички ҳужжатларни тасдиқлайди;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Жамғарма ходимлари белгиланган тартибда Агентлик билан келишилган ҳолда ишга қабул қилинади ва улар билан меҳнат шартномалари тузилади.


15. Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда бошқа донорларнинг ҳомийлик хайрияларидан тушадиган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган ижтимоий дастурларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Жамоатчилик кенгаши томонидан тасдиқланади ҳамда мониторинг қилинади.


16. Хорижий валютадаги маблағлар Жамғарманинг чет эл валютасида шахсий ғазна ҳисобварақларига тушади. Жамғарманинг чет эл валютасида шахсий ғазна ҳисобварақларига тушган хорижий валютадаги маблағлар заруратга кўра қонунчиликда белгиланган тартибда сотилиб (мазкур Низомда кўзда тутилган ҳолатлар ва алоҳида харажатлардан ташқари), Жамғарманинг асосий ҳисобварағига ўтказилади ва ушбу Низомга мувофиқ фойдаланилади.

Жамғарманинг чет эл валютасидаги шахсий ғазна ҳисобварақларидаги маблағлар импорт шартномалари, хорижий маслаҳатчиларни жалб этиш ва чет элда ўтказиладиган тадбирларни ташкил қилиш билан боғлиқ харажатлар учун ушбу Низомда белгиланган тартибда ишлатилиши мумкин.


17. Жамғарманинг бошқарув ходимлари штат бирликлари Агентликнинг марказий аппарати ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг бошқарув штат бирликлари доирасида ажратилади, шунингдек, Дирекция ходимларига Агентлик марказий аппаратининг ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.

Бунда меҳнатга ҳақ тўлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари бўйича Дирекциянинг ижрочи директори бошқарма бошлиғига, Дирекция директорининг ўринбосари Агентликнинг бошқарма бошлиғи ўринбосарига, Дирекциянинг бўлим бошлиғи Агентликнинг бўлим бошлиғига, Дирекциянинг бош мутахассиси Агентликнинг бош мутахассисига, Дирекциянинг етакчи мутахассиси Агентликнинг етакчи мутахассисига ҳамда Дирекциянинг техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлари Агентликнинг техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига тенглаштирилади.

Хизмат вазифаларини бажаришда фойдаланиш учун Жамғармага 1 та навбатчи автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратилади. Жамғарма ходимларини қўшимча рағбатлантириш ва мукофотлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун Жамғарма маблағлари Агентлик билан келишилган ҳолда сарфланади.

Дирекцияни сақлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан молиялаштирилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


18. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадлар учун фойдаланилади:

"Мурувват" интернат-уйлари, Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар ҳамда пансионатларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари (қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш ва бошқа) харажатларини молиялаштириш;

ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш марказларининг моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари (қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш ва бошқа) харажатларини молиялаштириш;

аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш;

протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш дастурлари ва лойиҳаларини молиялаштириш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг имтиёзли ҳамда бепул стационар, шу жумладан, чет давлатларидаги тиббиёт муассасаларида даволанишини таъминлаш;

ногиронлиги бўлган шахсларни ўқув, дидактик ва бошқа муқобил материаллар билан таъминлаш;

ногиронлиги бўлган шахсларни маданий тадбирлар ва спортга жалб этиш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг транспорт, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармон воситаларини сотиб олиш харажатларини қисман қоплаш;

ногиронларни иш билан таъминловчи корхоналарни субсидиялаш;

ногиронлиги бўлган шахслар учун ихтисослаштирилган иш жойларини ташкил этиш харажатларини қисман қоплаш;

ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятлар ва қулай муҳит яратишга қаратилган дастур ва чора-тадбирларни молиялаштириш;

ногиронларнинг функционал имкониятларини баҳолаш хизматини ташкил этиш, шу жумладан, уларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда автотранспорт ва бошқа зарур жиҳоз ва ускуналар харид қилиш бўйича лойиҳа ва дастурларни молиялаштириш;

ёлғиз ва ёлғиз яшовчи кексаларни қўллаб-қувватлаш бўйича тадбирларни молиялаштириш;

меҳрибонлик уйлари ва болалар уйларининг моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари (қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш ва бошқа) харажатларини молиялаштириш;

вояга етмаган болаларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш хизматларини молиялаштириш;

етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, шу жумладан, "Меҳр дафтари"га киритилганларга ёрдам кўрсатиш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг иқтидорли болаларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирлар харажатларини қоплаш;

етим ва чин етим болаларнинг соғлигини сақлаш, саломатлигини тиклаш, уларни ҳаётга тайёрлаш, уларга таълим бериш, касб-ҳунарга йўналтириш ва ишга жойлаштириш тадбирларини ташкил этиш;

жиноят содир этган ва жиноий жавобгарликнинг энг кичик ёшига етмаган болаларга психологик ёрдам кўрсатиш, уларни касбга ўқитиш ва тарбиялаш тадбирларини ташкил этиш;

қаровсиз ва бошпанасиз қолган болалар, зўравонлик қурбони бўлган болалар, жиноят қурбонлари ва гувоҳлари, жиноят содир этган ва жиноий жавобгарлик ёшига етган ҳамда фуқаролик процессида иштирок этаётган болаларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини ташкил этиш;

вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари ва республика таълим муассасаларининг лойиҳа ҳамда дастурларини молиялаштириш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандларига давлат таълим ташкилотлари хизматлари учун ҳақ тўлаш харажатларини қоплаш;

эҳтиёжманд аҳоли қатламига тиббий (жумладан, хорижий давлатларда), психологик ва бошқа хизматлар кўрсатиш;

оилавий шароити оғир бўлган уйсиз фуқароларни вақтинча бошпана (ижтимоий уйлар) билан таъминлаш;

одам иммунитети танқислиги вируси, орттирилган иммунитет танқислиги синдроми ва бошқа ҳаёт учун хавфли ва сурункали ноёб (орфан) касалликлар билан касалланган 18 ёшгача бўлган болаларга моддий ёрдам кўрсатиш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам ва субсидиялар бериш, уларнинг куз-қиш мавсумида коммунал тўловлари ва иситиш ёқилғисини харид қилиш харажатларини қисман қоплаш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг ўқиш ва даволаниш билан боғлиқ харажатларини қисман қоплаш;

зўравонликдан жабр кўрган шахсларни ҳимоя ва реабилитация қилиш билан боғлиқ лойиҳа ва тадбирларни молиялаштириш;

паллиатив ёрдам кўрсатиш марказлари ва шелтерлар, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларининг моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари (қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш ва бошқа) харажатларини молиялаштириш;

алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган шахсларнинг ҳаёт тарзини яхшилаш ва уларга хизмат кўрсатиш мақсадида кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, "Имкон" реабилитация марказига эга кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар, имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаблари ҳамда Агентлик тизимидаги бошқа ташкилотларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари (қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш ва бошқа) харажатларини молиялаштириш;

туну-кун фаолият кўрсатадиган Call-марказ хизматини ташкил этиш ва такомиллаштириш;

"Ижтимоий карта"ларни жорий этиш бўйича тадбирларни молиялаштириш;

ногиронлиги бўлган шахслар ва ҳаракатланиш имконияти чекланган шахслар учун, шунингдек, аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига "Ижтимоий такси" хизматини ташкил этиш ва такомиллаштириш;

"Инсон" ижтимоий хизмат марказлари ва маҳаллалардаги ижтимоий ходимларга фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичини (KPI) баҳолаш асосида рағбатлантириш тўловларини жорий этиш;

жойларда ижтимоий хизматларни ташкил этиш;

ижтимоий ҳимоя соҳасини автоматлаштириш ва рақамлаштириш тадбирларини молиялаштириш, шу жумладан, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, техник ускуна ва воситаларни сотиб олиш ҳамда ахборот технологияларини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа тадбирларни молиялаштириш;

ахборот-маълумот ва реклама, мақолалар, брошюралар, қўлланмалар ҳамда бошқа ахборот материалларини тайёрлаш ва нашр этиш, шу жумладан, видео ва аудио роликлар ҳамда фильмлар яратиш, илмий-амалий тадқиқотлар ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда ижтимоий хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тадбирларни ташкил этиш учун ҳақ тўлаш;

аҳолига ижтимоий ёрдам ва хизматларни кўрсатиш соҳасида тажриба-лойиҳаларини молиялаштириш;

халқаро маслаҳатчилар, консалтинг ва тадқиқот компанияларини ёллаш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий этиш чора-тадбирларини молиялаштириш;

Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шартнома асосида жалб қилинадиган юқори малакали, шу жумладан, хорижий мутахассисларнинг харажатларини (меҳнатга ҳақ тўлаш, яшаш, транспорт харажатлари ва бошқалар) молиялаштириш, ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирлар, шу жумладан, чет элда ўтказиладиган тадбирларни ташкил қилиш билан боғлиқ бошқа тадбирларни молиялаштириш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан тақдим этилган ижтимоий мавзудаги лойиҳаларни молиялаштириш;

фуқаролар, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда тадбиркорлик субъектларини "Ижтимоий ҳимоя фидойиси" идоравий кўкрак нишони билан тақдирлаш, мукофотлаш ва бошқа харажатларни молиялаштириш;

Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизимдаги ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш;

ижтимоий ҳимоя соҳасига ҳомийлик қилиш истаги бўлган юридик ва жисмоний шахслар билан амалга ошириладиган лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш;

Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизимдаги ташкилотлар томонидан жалб қилинган волонтерларни рағбатлантириш мақсадида кийим-бош, сумка ва бошқа харажатларни қоплаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармон ва қарорлари билан белгиланган миқдорларда Агентлик ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтириш;

Агентлик ва унинг таркибий бўлинмалари ва хизматларининг моддий-техник базасини такомиллаштириш, шу жумладан, асбоб-ускуналар, жиҳозлар, автотранспорт воситалари, диагностика воситалари, ихтисослаштирилган тиббий-реабилитация ускуналари ҳамда ўқув материаллари ва бошқаларни харид қилиш;

Агентликнинг ахборот-коммуникация тизимларини ривожлантириш ва бошқа соҳалар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун "Ахборот технологиялар маркази" давлат муассасасини молиялаштириш;

ҳомийлардан мақсадли жалб қилинган маблағларни келишувга кўра ҳомийлар томонидан белгиланган ижтимоий лойиҳаларга йўналтириш.


19. Қуйидаги харажатлар Агентлик ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари орқали алоҳида шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали молиялаштирилиб, Жамғарма харажатлари билан қўшилган ҳолда ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағлар ҳисоботларида акс эттирилади:

кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдамлар тўлаш;

бир марталик ёрдам пулларини тўлаш;

ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик нафақаларини тўлаш;

ногиронлиги бўлган болаларни вояга етказаётган оналар учун нафақаларни тўлаш;

бола туғилиши учун бериладиган нафақалар (суюнчи пули)ни тўлаш;

дафн маросими харажатларини қоплаш;

етим ва чин етим болаларни уй-жой билан таъминлаш;

оилаларда (ҳомийликка олинган) тарбияланаётган ҳар бир етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини ташкил этиш.


20. Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари бўйича буюртмачи этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компаниялари белгиланади.


21. Қонунчиликда ишлатиш тартиби белгиланмаган Жамғарма харажатлари Агентлик директори томонидан тасдиқланадиган тартибга асосан амалга оширилади.


22. Мазкур Низомда кўзда тутилган харажатларни молиялаштиришда тадбир ташаббускори бўлган Агентликнинг тегишли таркибий бўлинмалари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда тизим ташкилотлари томонидан талабномалар шакллантирилади ва Агентлик директорига киритилади.

Бунда Дирекция томонидан талабномаларда кўзда тутилган тадбирларни манбаи бўйича Агентлик директорига хулоса киритилади.

Агентлик директорининг рухсати билан Жамғармадан тегишли харажатлар амалга оширилади.


23. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда тизимдаги ташкилотлар орқали айрим харажатларни амалга ошириш учун уларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига Жамғармадан тегишли маблағлар ўтказиб берилиши мумкин.


24. Жамғарма томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Жамғарма харажатлари ҳамда маблағлари ҳисобидан бажарилган ишлар ҳақидаги ҳисоботлар ҳар чоракда Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштириб борилади.


25. Жамғарманинг йил якуни бўйича маблағлари қолдиғи олиб қўйилмайди ва кейинги молия йили учун даромадлар ва харажатлар сметасини тузишда инобатга олинади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ТУШУМИ

ВА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ҲАМДА ЖАВОБГАРЛИК


26. Агентлик, Дирекция, Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ва тизимдаги ташкилотлар Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ҳисобланади.


27. Жамғарма маблағларидан тўғри ва мақсадли фойдаланилиши Агентлик ҳамда Ҳисоб-палатаси томонидан назорат қилинади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


28. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


29. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.


30. Жамғарма қонунчиликда белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 29 декабрь

















































Время: 0.0047
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск