ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя / Ижтимоий хизмат кўрсатиш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.12.2023 й. ПҚ-410-сон "Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

27.12.2023 й.

N ПҚ-410



ЎЗГАЛАР ПАРВАРИШИГА МУҲТОЖ

КЕКСАЛАР ВА НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН

ШАХСЛАРГА ИЖТИМОИЙ ХИЗМАТ ВА ЁРДАМ

КЎРСАТИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматларни кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, уларни қўллаб-қувватлаш, жамиятга интеграция қилиш ва мустақил ҳаёт кечиришлари учун зарур шароитлар яратиш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнини рақамлаштириш, кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини ошириш мақсадида:


1. Қуйидагилар ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатишнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни (кейинги ўринларда - ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар) аниқлаш тартиб-таомилларини оптималлаштириш ва рақамлаштириш;

ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида ташкил этиш орқали мазкур хизматлардан фойдаланиш қамровини кенгайтириш;

ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахсларнинг саломатлиги ва турмуш сифатини яхшилаш орқали уларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш;

ижтимоий ҳимоя тизимида парваришлаш иқтисодиётини шакллантириш орқали хусусий сектор иштирокини кенгайтириш;

ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий аҳволидан келиб чиқиб табақалаштирилган ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизимини жорий этиш.


2. Белгилансинки:

а) ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни аниқлаш, уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўналишида:

"Инсон" ижтимоий хизматлар маркази томонидан "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестри (кейинги ўринларда - реестр) юритилади;

ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни аниқлаш ва уларнинг мурожаатларини қабул қилиш маҳалла даражасида амалга оширилади;

"Инсон" ижтимоий хизматлар маркази томонидан ўзгаларнинг парваришига муҳтожлик даражасини баҳолаш натижалари ҳамда индивидуал тартибдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш режаси (кейинги ўринларда - Индивидуал ижтимоий хизматлар режаси) тасдиқланади;

ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг йўқотилган биометрик паспортлари (идентификация ID-карталари) улар реестрга киритилгунига қадар "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази буюртмаси асосида давлат божи ундирилмаган ҳолда алмаштириб берилади;

реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотлар "Электрон ҳукумат" тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тегишли ижтимоий хизматлар ва ёрдамни кўрсатиш учун бошқа давлат органларига тақдим этилади;

реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг яшаш шароити индивидуал ижтимоий хизматлар режасига мувофиқ мослаштириб берилади;

б) 2024 йил 1 февралдан бошлаб реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар ва ёрдам ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси асосида кўрсатилади;

в) 2024 йил 1 мартдан бошлаб:

индивидуал ижтимоий хизматлар режасига мувофиқ ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, мустақил равишда ҳаракатланиш ва мўлжал олиш имконияти чекланган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ходимлар ассистентларининг "соатбай" асосда ҳафтанинг барча кунлари хизмат кўрсатиши учун қонунчиликка мувофиқ мослашувчан иш тартиби жорий этилади;

васийликдаги шахснинг мол-мулкини тақсимлаш ва унинг тақдирини ҳал этишга қаратилган бошқа битимлар нотариал тасдиқлашдан аввал "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари билан келишилади;

г) 2024 йил 1 апрелдан бошлаб:

"Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) тизимидаги тиббий-ижтимоий муассасаларда шартнома асосида пуллик хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилади. Бунда, "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларда шартнома асосида кўрсатиладиган пуллик хизматлар рўйхати Агентлик томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади;

реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ва уларга бевосита ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахсга бир йилда бир марта темир йўл ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталар (бориш ва қайтиш учун) ажратилади.


3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2024 йил 1 мартдан бошлаб:

а) ҳар ойда бир маротаба ижтимоий ходим ассистентларининг фаолияти ёлғиз кексаларнинг ўзлари, маҳалладаги ижтимоий ходимлар ва махсус дастур томонидан баҳоланади ҳамда баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ижтимоий ходим ассистентларини рағбатлантиради.

Бунда, ижтимоий ходим ассистентларининг ходимларни моддий рағбатлантириш махсус фонди меҳнат ҳақи фондининг 50 фоизига етказилади;

б) ҳар олти ойда бир маротаба ижтимоий хизматлар сифати ҳамда индивидуал ижтимоий хизматлар режаси натижалари "Инсон" маркази ходими, ижтимоий ходим, туман тиббиёт бирлашмасининг махсус мониторинг гуруҳи вакили ҳамда фуқаролар йиғини раиси томонидан мониторингдан ўтказилади. Бунда:

ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг оддий ва мураккаб ҳаракатларни амалга ошириш имконияти баҳолаб борилади;

индивидуал ижтимоий хизматлар режасида белгиланган хизматларнинг масъул ходим томонидан кўрсатилган муддати, натижаси, сифати, самарадорлиги, бехатарлиги баҳоланади ва мониторинг маълумотлари "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимига киритиб борилади;

ижтимоий хизматдан фойдаланувчи томонидан хизматдан қониқиш ҳосил қилганлиги даражаси баҳоланади;

в) нотариуслар томонидан "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларига умрбод рента шартномаси тўғрисидаги маълумотлар юборилади.

Бунда, "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларининг ижтимоий ходимлари томонидан рента тўловчи томонидан умрбод рента шартномаси шартларига риоя этилиши мониторинг қилиб борилади;

г) ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш дастурлари бўйича ахборот тарғиботи йўналишида:

Агентлик буюртмасига асосан Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш дастурлари бўйича маълумотлар мобиль алоқа операторлари ва контент-провайдерлар орқали аҳолининг мобиль алоқа воситаларига СМС-хабар кўринишида юборилади;

Агентлик буюртмаси бўйича мобиль алоқа операторлари ва контент-провайдерларнинг СМС-хабарни фойдаланувчига узатиш билан боғлиқ харажатлари юридик шахсларнинг солиқ базасига киритилмайди.

Бунда, ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар тўғрисидаги маълумотлар мобиль алоқа операторлари ва контент-провайдерлар томонидан узатилиши учун СМС-хабар лимити ажратилади.


4. Агентликнинг "Саховат" кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатини Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази сифатида қайта номлаш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.


5. Белгилансинки:

а) Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида:

ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш мақсадида ижтимоий-меҳнат реабилитация хоналари ташкил этилади;

истиқомат қилувчи ҳар 100 кишига Агентлик тизимидаги муассасаларнинг амалдаги штат бирликлари доирасида бир нафардан ижтимоий ходим, реабилитолог ва меҳнат йўриқчиси штат бирликлари жорий этилади;

истиқомат қилувчиларнинг ўз хоҳишига кўра меҳнат фаолияти билан шуғулланишига рухсат берилади;

б) 2024 йил 1 апрелдан бошлаб Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида эксперимент тариқасида:

уларда жойлаштирилган шахсларга уларнинг эҳтиёжи ҳамда хоҳишига кўра қисқа ва узоқ муддат қолиш ҳамда интернат уйидан бутунлай чиқиш имконияти яратилади;

улар томонидан мобил, кундузги қатнов шаклидаги, қисқа ва узоқ муддатли ижтимоий ва реабилитация хизматлари кўрсатилади. Бунда, мазкур хизматлардан:

"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" АТга киритилган оилаларнинг ўзгалар парваришига муҳтож кексалари ва ногиронлиги бўлган шахслари бир йилда бир марта бепул;

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари жойлашган ҳудуддаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар шартнома асосида фойдаланади.

Агентлик 2024 йил 1 декабрга қадар эксперимент натижаларидан келиб чиқиб мазкур тартибни бошқа ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларига ҳам татбиқ этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритсин.


6. 2024 йил 1 майдан бошлаб реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойлик уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий гигиена товарлари учун ҳар ойда қўшимча пул тўловлари ўрнига ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида моддий ёрдам жорий этилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси - Агентлик директори М.П. Оллоёров Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров билан биргаликда 2025 йил 1 январга қадар Агентлик тизимидаги кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар фаолиятини такомиллаштириш ҳамда имтиёзли тоифа шахсларни санатория муассасаларида даволаш тизимини янада ривожлантиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин.


8. Ижтимоий ҳимояга муҳтож кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича "Йўл харитаси" иловага мувофиқ тасдиқлансин.


9. Агентлик икки ой муддатда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматларни кўрсатиш шартномасининг намунасини ҳамда ёлғиз ва ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни аниқлаш, уларга ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш регламентини тасдиқласин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси - Агентлик директори М.П. Оллоёров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 27 декабрдаги

ПҚ-410-сон қарорига

ИЛОВА



Ижтимоий ҳимояга муҳтож кекса ва ногиронлиги

бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини

янада такомиллаштириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Чора-тадбирлар номи


Амалга ошириш механизми


Ижро

муддати


Молиялаштириш

манбалари


Масъул ижрочилар


1.

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тартибини белгилаш.


1. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни аниқлаш, реестрга киритиш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш, мониторинг қилиш ва реестрдан чиқариш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиш.


2. Тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2024 йил

январь

-

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги


2.

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар қариндошларини кўриб келишлари учун уларга ва уларни кузатувчи шахсга бир йилда бир маротаба темир йўл ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталар (бориш ва қайтиш учун) ажратиш тартибини белгилаш.


Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар қариндошларини кўриб келишлари учун уларга ва уларни кузатувчи шахсларга бепул чипталар ажратиш тартибини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш.


2024 йил

март

-

Транспорт вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги


3.

Реестрга киритилган ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни шаҳар йўловчилар транспортида (йўналишли ва йўналишсиз таксидан ташқари) бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталари бериладиган шахслар тоифасига киритиш.


Реестрга киритилган ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёзли транспорт карталарини бериш тартибини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш.


2024 йил

март


-

Транспорт вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги


4.

Реестрга киритилган ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг яшаш шароитини мослаштириб бериш.


"Инсон" ижтимоий хизматлар маркази буюртмаси асосида Реестрга киритилган ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Якка тартибдаги дастур талабларига мувофиқ яшаш шароитини мослаштириш (пандус, тутқичлар, ҳожатхона, ошхона, ётоқхона ва ванналарни мослаштириш).


Доимий

равишда


"Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси маблағлари, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги


5.

Уйда ижтимоий-маиший хизматларни кўрсатишга нодавлат нотижорат ташкилотлари ва волонтёрларни жалб этиш.


Қуйидаги тадбирларни амалга ошириш:

"Инсон" ижтимоий хизматлар марказларида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга тьюторлик (замонавий технология ва онлайн хизматлардан фойдаланишга ўргатиш) ҳамда ижтимоий кузатув (тиббиёт ва спорт муассасасига олиб бориш ва кўрикдан ўтказиш) хизматларини кўрсатишга нодавлат нотижорат ташкилотлари ва волонтёрлар жалб этиш;

босқичма-босқич волонтёрлар жалб этиладиган ижтимоий хизматлар турларини кенгайтириб бориш.


Доимий равишда

-

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон волонтерлар ассоциацияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси


6.

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан ижтимоий ёрдам беришда касаба уюшмалари иштирокини кенгайтириш.


1. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда Касаба уюшмалари ҳудудий бирлашмалари билан биргаликда чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш.


2. Реестрга киритилган ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларининг ижтимоий буюртмалари асосида касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан ижтимоий ёрдам беришни (озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, уй-жойни таъмирлаш, коммунал хизматларга ҳақ тўлаш ва шу кабилар) йўлга қўйиш.


2024 йил

апрелдан

бошлаб ҳар чоракда бир марта

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси маблағлари, "Саховат ва кўмак" жамғармаси

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги


7.

"Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишда ижтимоий шериклик, хайрия ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликнинг бошқа шаклларини амалга ошириш платформасини яратиш.


"Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимида қуйидагиларни назарда тутувчи платформани ишга тушириш:

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ижтимоий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ташаббус киритиш;

нодавлат нотижорат ташкилотларини ва волонтёрларни танлаб олишга танлов мезонларини белгилаш;

муваффақиятли ижтимоий шериклик лойиҳалари ҳақидаги маълумотларни тарғиб қилиш;

ҳомийлар, волонтёрлар ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ижтимоий шериклик лойиҳаларини амалга ошираётган субъектлар реестри;

тижорат субъектлари, волонтёрлик ҳаракатлари ва бошқа шахсларни ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш ва бошқалар.


2024 йил

март


Ҳисоб-китобларга мувофиқ

Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ва бюджет маблағлари ҳисобидан

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси


8.

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг парвариши билан банд бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини ташкил этиш.


Илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг парвариши билан банд бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш.


2024 йил

август


-

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


9.

Имтиёзга эга бўлмаган шахслар учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида кўрсатиладиган хизматларни шартнома асосида пуллик хизмат кўрсатиш имкониятини яратиш.


Туман (шаҳар) "Инсон" марказлари ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларда шартнома асосида пуллик асосда кўрсатиладиган хизматлар рўйхатини тасдиқлаш.


2024 йил

апрель


-

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси


10.

Реестрга киритилган ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш тизимини такомиллаштириш.


Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни "Инсон" ижтимоий хизматлари марказлари томонидан "Ижтимоий карта" орқали имтиёзли дори воситалари билан таъминлаш бўйича таклифларни киритиш.


2024 йил

сентябрь


-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Марказий банк, Адлия вазирлиги


11.

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш бўйича уларнинг оила аъзоларини ўқитиш.


1. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш бўйича уларнинг оила аъзоларини ўқитиш тизимини йўлга қўйиш.


2. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш бўйича видео-ролик, қўлланмалар яратиш ва мазкур шахсларнинг оила аъзоларига тарқатиш ва электрон платформага жойлаштириб бориш.


2024 йил

апрелдан

бошлаб

доимий

равишда


Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Нодавлат нотижорат ташкилотлари


12.

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун жойларда ижтимоий хизматларни кенгайтириш.


1. Нуронийлар масканлари ва маҳалла гузарларида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳафтанинг бир кунини "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази томонидан тасдиқланган график асосида туман (шаҳарда)ги:

- спорт мактабларини жалб қилган ҳолда спорт тадбирларини (шахмат, шашка, фитнес ва бошқалар);

- мусиқа мактабларини жалб қилган ҳолда мусиқа тўгаракларини;

- ҳунармандчилик йўналишида тўгаракларни;

- нодавлат нотижорат ташкилотлари ва кўнгиллилар билан ҳамкорликда зарур хизматлардан (электрон давлат хизматларидан фойдаланиш, товар (иш, хизмат) буюртма қилиш ва бошқалар) фойдаланиш кўникмаларини шакллантирувчи тьюторлик хизматларини йўлга қўйиш.


2. Режа-график тасдиқлаган ҳолда ҳар бир тўгарак учун ҳафтанинг бир кунида тўгарак соатларини белгилаш.


2024 йил

апрель








Доимий равишда

"Нуроний" жамғармаси маблағлари,

масъул вазирлик ва идораларнинг маблағлари,

ҳомийлик хайриялари

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, "Нуроний" жамғармаси, "Ҳунарманд" уюшмаси


13.

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган шахсларга қилинган ҳомийлик фаолиятини рағбатлантириш.


Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига Реестрга киритилган шахсларга қилинган ҳомийлик хайрияларини фойда солиғи базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажатларга киритиш бўйича қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш.


2024 йил

май


-

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги

14.

Ҳаракат фаоллиги тўлиқ чекланган руҳий касаллик билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг оила аъзоларига мазкур шахсларни парваришлаш бўйича кўмаклашиш.


Ҳаракат фаоллиги тўлиқ чекланган руҳий касаллик билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг оилаларга ҳафтада бир марта патронаж ҳамшира парвариш хизматини ташкил этишни назарда тутувчи соғлиқни сақлаш вазири буйруғини ишлаб чиқиш.

Бунда, оилавий шифокор ва психиатрнинг бемор ҳолатини баҳолаш натижасига мувофиқ зарур ҳамширалик парвариш (ётоқ яралар профилактикаси, даволовчи машқлар, буюрилган дори воситаларни қабул қилиниши устидан назорат) тартибини назарда тутиш.


2024 йил

март


-

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

15.

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни зўравонликдан ҳимоя қилишни тарғиб қилиш.


Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни қийноққа солиш, зўравонлик, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этиш ҳолатларининг олдини олиш масаласида оммавий ахборот воситаларида тушунтириш-тарғибот ишларини ташкил этиш.

Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари фаолиятини жадаллаштиришга оид давра суҳбатларини ташкил этиш.


медиа-режа асосида


-

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


16.

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш йўналишида илмий тадқиқотлар олиб бориш.


Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг долзарб муаммоларини тадқиқ қилиш бўйича фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни амалга ошириш бўйича грант эълон қилиш.

2024 йил

сентябрь


Илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижаларига кўра ажратиладиган грантлар


Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги


Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини таҳлил қилиш, сўровномалар ўтказиш ва илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш


2024 йил

октябрь


Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағлари

Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди


17.

Реестрга киритилган ёлғиз кекса ва ёлғиз яшовчи кексаларнинг турар жойларига нисбатан ворислик ва эгасиз деб топилган турар жойлар бўйича қонунчиликни такомиллаштириш.


Реестрга киритилган ёлғиз кекса ва ёлғиз яшовчи кексаларнинг вафотидан сўнг ворислик масалаларини белгилашда ёлғиз яшовчи кексаларга давлат томонидан кафолатланган ҳолда кўрсатилган тиббий ва ижтимоий хизматлар харажатларини қоплаш, шунингдек турар жойларини эгасиз деб топиш тартибини белгилаш юзасидан хорижий тажрибани ўрганган ҳолда қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


2024 йил

ноябрь


-

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги, Олий суд, Давлат активларини бошқариш агентлиги


18.

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг йўқотилган биометрик паспортлари (идентификация ID-карталарини) улар Реестрга киритилгунига қадар "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази буюртмаси асосида алмаштириб беришда давлат божидан озод қилиш.


1. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божи тўғрисида"ги Қонунига ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг йўқотилган биометрик паспортлари (идентификация ID-карталарини) улар Реестрга киритилгунига қадар "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази буюртмаси асосида алмаштириб беришда давлат божидан озод қилиш бўйича ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишиш.


2. Қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2024 йил

май


-

Ички ишлар вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


19.

Нуронийлар масканлари, маданият марказлари ва маҳалла гузарларида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт, мусиқа, ҳунармандчилик йўналишида тўгаракларни йўлга қўйиш.


Қуйидагиларни назарда тутувчи амалиётни йўлга қўйиш:

"Инсон" ижтимоий хизматлар маркази томонидан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳаллалар кесимида ижтимоий буюртмани шакллантириш;

ижтимоий буюртмадан келиб чиқиб Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, "Нуроний" жамғармаси ва "Ҳунарманд" уюшмасининг ҳудудий бўлинмалари ва "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази, Нуронийлар масканлари, маданият марказлари ва маҳалла гузарларида тўгаракларни режа-график асосида ташкил этиш.


2024 йил

1 майдан

бошлаб

доимий

равишда


Масъул ташкилотларнинг маблағлари, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси, "Ҳунарманд" уюшмаси


20.

Ота-онасини қаровсиз қолдирган вояга етган меҳнатга лаёқатли шахсларнинг ота-оналарига ғамхўрлик қилиш бўйича масъулиятини ошириш.


1. Ота-онасини қаровсиз қолдирган вояга етган меҳнатга лаёқатли шахслардан қаровсиз қолдирилган ота-онасига ижтимоий ходимлар томонидан кўрсатилган уйда парвариш хизматлари учун компенсация ундириш бўйича миллий қонунчилик ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш.


2. Ўрганиш натижалари бўйича таҳлилий маълумотномани Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш.


2024 йил

июль


-

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура


21.

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматларни кўрсатиш жараёнига нодавлат секторни жалб этиш юзасидан таклиф тайёрлаш.


Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида нодавлат ташкилотлар орқали ижтимоий хизматларни (кундузги қатнов, транспорт хизмати, уйда кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар, бошпана (шелтер) ва бошқалар) кўрсатиш юзасидан таклифлар киритиш.


2024 йил

июнь

-

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги


22.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар фаолиятини такомиллаштириш.


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар фаолиятини такомиллаштириш ҳамда имтиёзли тоифадаги шахсларни санатория муассасаларида даволаш тизимини янада ривожлантириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш.


2024 йил

декабрь


-

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси


23.

"Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимига оила таркиби бўйича маълумотларни киритиб бориш.


Оила таркиби бўйича маълумотларни "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимига интеграция қилиш ва доимий равишда киритиб бориш.


2024 йил

январдан

бошлаб

доимий

равишда


-

Адлия вазирлиги


             


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 29 декабрь














































Время: 0.0094
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск