ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суд ва бошқа органлар актларини амалга ошириш /

Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.01.2024 й. 39-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 20 январдаги

39-сон қарорига

ИЛОВА



Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни

шартнома-воситачилик шартлари асосида

реализация қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик асосида реализация қилиш, шунингдек, мол-мулкни қабул қилишдан сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низом ижро ҳужжатлари асосида хатланиб, электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ёки қонунчиликда белгиланган бошқа усулда сотилиши белгиланган мол-мулкка нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ахборот воситачиси - электрон тижоратда электрон ҳужжатлар ва электрон хабарлар айланиши билан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи юридик шахс;


Бюро органлари - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари;


интернет-дўкон - Интернет жаҳон ахборот тармоғида ташкил этилган, мол-мулкни (иш, хизмат) сотиш учун ахборот тизими орқали сотувчи ва харидорнинг ўзаро алоқаларини таъминловчи электрон савдо майдони;


мол-мулклар ҳаракати мониторингининг электрон тизими - мол-мулкни савдо ташкилоти томонидан қабул қилишдан уни сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизими;


савдо ташкилоти - шартнома-воситачилик асосида мол-мулкни реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик шахс;


электрон тижорат - ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузилган шартномага мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси;


Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестри - электрон савдо майдончалари орқали хизмат кўрсатиш, товарларни етказиб бериш, электрон ҳужжат ва хабарларни электрон тижоратда сақлаш билан шуғулланувчи юридик шахслар реестри.


4. Ижро ҳужжатларига асосан хатланган мол-мулкни реализация қиладиган савдо ташкилотлари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда - Бюро) томонидан юритиладиган Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулк сотилишини таъминлайдиган савдо ташкилотлари реестрида (кейинги ўринларда - Реестр) акс эттирилади.


5. Реестр электрон шаклда реал вақт режимида юритилади.


6. Реестрга ихтиёрий ва бепул асосда мол-мулклар ҳаракати мониторингининг электрон тизимини жорий этиш мажбуриятини олган юридик шахслар киритилади.


7. Давлат ижрочиси қуйидаги мол-мулкларни шартнома-воситачилик асосида реализация қилиш учун бошқа ташкилотларга бериши мумкин:

қимматли қоғозлар;

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо (ярим қимматбаҳо) тошлардан ясалган заргарлик буюмлари, шунингдек, қўшимча реставрация қилиш талаб қилинадиган қимматбаҳо металлар ва тошлар;

дори воситалари ва тиббий буюмлар;

нефть маҳсулотлари (автобензин, авиабензин, экстрабензин, дизель ёқилғиси, авиакеросин, мазут, печка қорамойи, нефть битуми, шунингдек техник мойлар ва мойлаш материаллари), бундан заводда идишларга қадоқланганлари мустасно;

маҳсулдор моллар ва иш моллари, асалари оиласи, ем-хашак, минерал ўгитлар ва пестицидлар;

наслдор ҳайвонлар (қорамоллар, қўйлар, эчкилар, отлар, туялар, чўчқалар, шунингдек, паррандалар, балиқлар, асаларилар, ипак қурти, қуёнлар, ёввойи ҳайвонлар) ва уларнинг наслли маҳсулотлари (материаллари);

жун, бўрдоқи моллар, паррандалар, қуёнлар, дон, каноп ва зиғир толаси ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари;

тери, момиқ-мўйна ва қоракўл хомашёси;

фойдаланиб бўлмайдиган, ишдан чиққан қора ва рангли металлар, шунингдек, ушбу металларнинг парчалари ва чиқиндилари;

фуқаровий қуроллар;

почта маркалари, шу жумладан, коллекция қилинадиган маркалар;

фойдаланилиши ёки сотилиши мумкин бўлмаган буюмлар, макулатура ва иккиламчи хомашёнинг бошқа турлари;

сотиш учун алоҳида рухсатнома ёхуд лицензия талаб қилинадиган бошқа маҳсулотлар;

кўп йиллик дов-дарахтлар (боғ, полиз ўсимликлари).

Қонунчиликда белгиланган ҳолларда мазкур бандда кўрсатилмаган бошқа мол-мулклар ҳам шартнома-воситачилик асосида реализация қилиш учун бошқа ташкилотларга берилиши мумкин.


8. Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулк шартнома-воситачилик шартлари асосида ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схемага асосан реализация қилинади.



2-БОБ. ИЖРО ҲУЖЖАТЛАРИ БЎЙИЧА ХАТЛАНГАН

МОЛ-МУЛКНИ ШАРТНОМА-ВОСИТАЧИЛИК ШАРТЛАРИ

АСОСИДА РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШГА ТАЛАБГОР САВДО

ТАШКИЛОТИГА ҚЎЙИЛГАН ТАЛАБЛАР


9. Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулк шартнома-воситачилик шартлари асосида Реестрга киритилган савдо ташкилотлари томонидан реализация қилинади.


10. Қуйидаги савдо ташкилотлари ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилишда талабгор сифатида иштирок этиши мумкин эмас:

қайта ташкил этиш, тугатиш ёки банкротлик арафасида бўлган;

фаолият юритмаётган бўлса ёки фаолият юритаётганига олти ой бўлмаган;

солиқдан қарздорлиги мавжуд бўлган;

зиммасига мол-мулклар ҳаракати мониторинги электрон тизимини жорий қилиш мажбуриятини олмаган;

охирги икки йил ичида ижро ҳужжатлари асосида хатланган мол-мулкни сотиш юзасидан тузилган шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаганлиги сабабли шартнома бекор қилинган;

Бюро органлари иш юритувидаги ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлигини қопламаган ёки мажбуриятини бажармаган;

раҳбари ёки муассислари (жисмоний шахс) муқаддам иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлардан бирини содир қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган ёки уларга нисбатан айблилик тўғрисидаги масала ҳал қилинмай жиноят иши тугатилган бўлса.


11. Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида сотиш истагида бўлган савдо ташкилоти (кейинги ўринларда - талабгор) ариза билан Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали Бюрога мурожаат қилади.

Аризада:

юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами;

юридик шахснинг савдо объектига нисбатан эгалик ҳуқуқи белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами;

мол-мулклар ҳаракатини мониторинг қилишнинг электрон тизимини жорий қилиш ва Бюро ахборот тизимига уланиш бўйича тегишли талабларни бажариш учун кафолат мажбуриятлари;

юкларни ташиш ва юклаш учун фойдаланиладиган хизмат кўрсатувчи, техник соз транспорт воситалари ёки бошқа махсус техника воситаларининг техник паспортлари рақами;

юридик шахснинг фуқаролик жавобгарлиги суғурта қилинганлиги тўғрисида суғурта полиси рақами ҳамда суғурта ташкилотининг солиқ тўловчи идентификация рақами кўрсатилиши лозим.

Талабгордан мазкур бандда кўрсатилмаган ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилиш тақиқланади.


12. Талабгор мазкур Низомнинг 10-бандида назарда тутилган талабларга жавоб бермаганда ёки унинг аризаси ушбу Низом 11-бандига мувофиқ бўлмаганда, ариза рад этилади ҳамда бу ҳақда талабгорнинг шахсий кабинетига хабарнома юборилади.

Ариза рад этилган тақдирда, талабгор камчиликларни бартараф этган ҳолда қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аризани кўриб чиқиш натижалари Бюро томонидан узоғи билан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан, Реестрда жойлаштирилади.

Агар талабгор Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрига киритилган бўлса, бунда аризада унинг Миллий реестрда рўйхатга олинган санаси, рақами ва солиқ тўловчи идентификация рақами кўрсатилади.


13. Бюронинг ҳудудий бошқармалари ва савдо ташкилоти беш иш куни ичида муддатини узайтириш ҳуқуқи билан бир йил муддатга мол-мулкни шартнома-воситачилик асосида сотиш учун хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома (кейинги ўринларда - шартнома) тузади.

Бюронинг марказий аппарати ўз иш юритувидаги ижро ҳужжатлари бўйича Реестрдаги ҳар қандай савдо ташкилоти билан шартнома тузишга ҳақли.



3-БОБ. МОЛ-МУЛКНИ СОТИШ УЧУН ТОПШИРИШ


14. Давлат ижрочиси шартнома имзоланган кундан бошлаб беш иш кунида ушбу Низомга 2-иловада келтирилган хатланган мол-мулкни сотишга топшириш ҳақидаги далолатнома (кейинги ўринларда - мол-мулкни топшириш ҳақидаги далолатнома) асосида мол-мулкни сотиш учун тегишли савдо ташкилотига топширади.

Бунда мол-мулкни топшириш ҳақидаги далолатномага қуйидагилар илова қилинади:

мол-мулк хатланганлиги тўғрисида далолатнома ёки банд солинганлиги тўғрисидаги қарор нусхаси;

мол-мулкни баҳолаш ҳақидаги ҳисобот ёки давлат ижрочисининг қарори ёхуд мол-мулкнинг баҳоланган қиймати кўрсатилган суд қарори нусхаси;

мажбурий сертификатланиши лозим бўлган мол-мулклар бўйича мувофиқлик сертификати.


15. Ижро ҳужжатлари бўйича олиб қўйилган мол-мулкни ҳисобга олиш ва сақлаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Ижро ҳужжатлари бўйича олиб қўйилган мол-мулкни қабул қилган савдо ташкилоти мол-мулклар ҳаракати мониторингининг электрон тизими ёрдамида махсус идентификация рақамини (QR-code ёки bar-Code) (кейинги ўринларда - махсус идентификация рақами) чиқариб, ҳар бир мол-мулкка алоҳида бириктиради.

Савдо ташкилоти томонидан мол-мулклар ҳаракати мониторингининг электрон тизимида мол-мулк тавсифи ҳамда унга оид барча маълумотлар (хатлаган орган номи, санаси, баҳоси ва бошқалар) киритилади.

Мол-мулкнинг белгиланган тартибда савдо ташкилоти томонидан қабул қилинганлиги, шунингдек, у билан боғлиқ бўлган ҳаракат (арзонлаштириш, сотиш, эгасига қайтариб бериш ва бошқалар) мол-мулклар ҳаракати мониторингининг электрон тизимида акс эттирилади.


16. Ижро ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида мол-мулк сотиш учун бир вақтнинг ўзида унинг сони, ҳажми ва тез сотилиш имкониятларидан келиб чиқиб, Реестрдаги бир нечта савдо ташкилотларига топширилиши мумкин.


17. Ижро ҳужжатлари бўйича сотиш учун топшириладиган барча мол-мулклар номи, нархи, шунингдек, савдога оид қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маълумотларни ифодаловчи товар ёрлиқлари билан таъминланади.

Шунингдек, товар ёрлиқларига қўшимча равишда махсус идентификация рақами ёпиштирилиб, у ижро ҳужжати рақами ва санаси, мол-мулк номланиши, нархи, рўйхатга олиш ёки қабул қилиш-топшириш далолатномасида назарда тутилган бошқа маълумотларни ўз ичига олади.

Сотиладиган мол-мулк ёрлиқларини тайёрлаш, шунингдек, сотувдан олдин тайёргарлик талаб қиладиган (майда таъмирлаш, тозалаш, дазмоллаш, ўраш, қадоқлаш ва бошқалар) мол-мулкни сотувга тайёрлаш уни қабул қилган савдо ташкилоти ҳисобидан амалга оширилади.


18. Мол-мулк уни баҳолаш ҳақидаги ҳисобот ёки давлат ижрочисининг қарори ёхуд суд қарорида кўрсатилган нархда сотувга қўйилади.

Ушбу Низомнинг 21-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳоллардан ташқари, мол-мулк қимматлаштирилган ёки арзонлаштирилган нархда сотилишига йўл қўйилмайди.

Савдо ташкилоти томонидан харидорга мол-мулкни унинг умумий қиймати тўлиқ қопланмагунга қадар, шунингдек, тўловни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари асосида топшириш ман этилади.


19. Савдо ташкилотлари мол-мулкни Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига мувофиқ реализация қилади.

Интернет-дўкон орқали мол-мулкни реализация қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 185-сон қарори билан тасдиқланган Электрон тижоратни амалга ошириш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Товарларни (хизматларни) реализация қилишда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу товарларни (хизматларни) сотиб олувчиларга ҳисобварақ-фактурани ёки чек тақдим этиши шарт.

Ҳисобварақ-фактура, қоида тариқасида, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида электрон шаклда расмийлаштирилади.


20. Сотиш учун топширилган мол-мулк, шунингдек, уни интернет-дўкон орқали сотуви Бюронинг ахборотлар тизимига уланган мол-мулклар ҳаракати мониторингининг электрон тизимида намоён бўлади.


21. Агар савдо ташкилотидаги мол-мулк топширилган кундан бошлаб ўттиз кун давомида сотилмаган бўлса, савдо ташкилоти мол-мулкни арзонлаштириш ёки сотувдан чиқариш ва қайтариш масаласини ҳал қилиш юзасидан давлат ижрочисини хабардор қилади.

Мол-мулк қонунда белгиланган тартибда арзонлаштирилганда, давлат ижрочиси савдо ташкилотига мол-мулкни арзонлаштирилган нархда сотиш учун қайта топширади.


22. Мол-мулкни шартнома-воситачилик асосида сотиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун савдо ташкилоти воситачилик ҳақи олади.

Воситачилик ҳақи миқдори савдо ташкилоти ва Бюронинг ҳудудий бошқармалари ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.

Воситачилик ҳақи ижро иши юритувига оид қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатларига киритилади.



4-БОБ. АЙРИМ ТУРДАГИ МОЛ-МУЛКЛАР

РЕАЛИЗАЦИЯСИНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ


23. Мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган мол-мулклар ушбу боб қоидаларига мувофиқ бир марта тузиладиган шартнома асосида сотиш учун ихтисослаштирилган савдо ташкилотларига топширилади.


24. Қимматли қоғозлар қимматли қоғозларнинг ташкил этилган биржадан ташқари бозорлари орқали сотилади.


25. Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари уларни реализация қилиш ҳуқуқига эга бўлган ихтисослаштирилган савдо корхоналари орқали Бюро ҳудудий бошқармаси ўртасида тузиладиган шартнома асосида сотилади.


26. Қўшимча реставрация қилиш талаб қилинадиган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлайдиган ихтисослаштирилган давлат корхоналари томонидан сотилади.


27. Дори воситалари ва тиббий буюмлар тегишли фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияси мавжуд ташкилотлар томонидан сотилади.


28. Нефть маҳсулотлари (автобензин, авиабензин, экстрабензин, дизель ёқилғиси, авиакеросин, мазут, печка қорамойи, нефть битуми, шунингдек, техник мойлар ва мойлаш материаллари) ушбу мол-мулкларни реализация қилиш учун лицензияси мавжуд ташкилотлар томонидан сотилади, заводда идишларга қадоқланганлари бундан мустасно.


29. Маҳсулдор ва иш моллари, бўрдоқи моллар, парранда, қуёнлар ва бошқа ҳайвонлар бозорлар орқали сотилади.


30. Асалари оиласи, ем-хашак, ғалла, каноп ва зиғир толаси ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шунингдек, минерал ўғитлар ва пестицидлар ихтисослаштирилган ташкилотлар орқали сотилади.


31. Тери, момиқ-мўйна ва қоракўл хомашёси уларни қайта ишлашга ихтисослаштирилган ташкилотларга тўлов эвазига берилади.


32. Давлат даромадига ўтказилган, таркибида рангли ва қора металлар мавжуд бўлган асбоб-ускуналар, фойдаланиб бўлмайдиган физик ишдан чиққан ва маънавий эскирган қора ва рангли металлардан ясалган буюмлар, шунингдек ушбу металлар парчалари ва чиқиндилари белгиланган тартибда "Ўзметкомбинат" АЖ ва "Ўзиккиламчиранглиметалл" АЖга тўғридан-тўғри шартномалар асосида шартномавий нархларда сотилади.


33. Почта маркалари, шу жумладан, коллекция қилинадиган маркалар ҳақи олиниб, почта алоқаси ташкилотларига берилади.


34. Фойдаланилиши ёки сотилиши мумкин бўлмаган буюмлар, шунингдек, макулатура ва иккиламчи хомашёнинг бошқа турлари иккиламчи хомашёни йиғиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи тегишли ташкилотлар томонидан сотилади.


35. Реализация қилиш учун алоҳида рухсатнома ёхуд лицензия талаб қилинадиган бошқа маҳсулотлар тегишли мулкни реализация қилиш учун лицензия ёки рухсатномаси мавжуд ташкилотларга топширилади.


36. Мол-мулк биржа савдосида сотиладиган тақдирда, Бюро органи ва брокер (инвестиция воситачиси) ўртасида шартнома тузилади.


37. Суд қарорига кўра мол-мулкни реализация қилиш муайян савдо ташкилотига юкланган бўлса, ушбу мол-мулк айнан шу савдо ташкилотига сотиш учун топширилади.



5-БОБ. САВДО ТАШКИЛОТИ ТОМОНИДАН

ШАРТНОМА ШАРТЛАРИ БАЖАРИЛИШИ,

МОЛ-МУЛКНИ РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИНИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


38. Савдо ташкилоти томонидан шартнома шартлари бажарилиши, шунингдек, мол-мулкни реализация қилиш тартибига риоя этилиши мол-мулкни шартнома-воситачилик асосида сотиш учун хизмат кўрсатиш тўғрисида шартномани тузган Бюро органлари, уларнинг юқори турувчи бўлинмалари томонидан назорат қилинади.


39. Шартнома шартлари ва ушбу Низом талаблари савдо ташкилоти томонидан бузилганда, савдо ташкилоти Бюро органи томонидан ўттиз кундан кечикмай огоҳлантирилиб, шартнома қуйидаги ҳолларда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бир томонлама бекор қилиниши мумкин:

савдо ташкилоти танловда иштирок этиш учун ёлғон ёки ишончсиз маълумотлар, сохта ҳужжатлар тақдим этса;

савдо ташкилоти мол-мулклар ҳаракати мониторингининг электрон тизими Бюронинг ахборот тизимига уланишини таъминламаса, шунингдек, ушбу тизим ва тегишли дастурий таъминот Бюро томонидан белгиланган талабларга жавоб бермаса;

савдо ташкилоти мунтазам равишда (икки марта ва ундан ортиқ) савдо соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари, 2016 йил 2 июндаги 185-сон қарори билан тасдиқланган Электрон тижоратни амалга ошириш қоидаларини бузса;

савдо ташкилоти унга сотиш учун топширилган мол-мулкни интернет-дўкон орқали савдога чиқармаса (икки марта ва ундан ортиқ) ёки ўз вақтида чиқармаса;

савдо ташкилоти мол-мулкни сотишдан тушган маблағларни Бюро органлари ҳисобварақларига ўз вақтида мунтазам (йил давомида икки марта ёки ундан ортиқ) ўтказмаса;

савдо ташкилоти сотиш учун топширилган мол-мулкни ёки сотувдан тушган маблағларни ўзлаштирса, йўқ қилса ёки шикаст етказса, шунингдек, мулк муҳофазасига виждонсиз муносабатда бўлса ёки мулкни сақлаш бўйича шартнома шартларини бузса;

савдо ташкилоти танлов ҳужжатларида кўрсатилган ўз мажбуриятларини, шу жумладан, мол-мулкларни сақлаш, ташиш, юклаш ва тушириш хизматларини мунтазам (йил давомида икки марта ёки ундан ортиқ) бажармаса;

қонунда ва шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Ушбу бандда кўрсатилган ҳолатлар шартнома муддатини узайтирмаслик учун ҳам асос ҳисобланади.


40. Шартнома бекор қилинган тақдирда, Бюро органи мол-мулкни ушбу Низом талабларига мувофиқ танлов асосида танланган бошқа савдо ташкилотига топшириш чораларини кўради. Бунда савдо ташкилоти мол-мулкни бошқа савдо ташкилотига топширгунга қадар уни сақлаш чораларини кўриши шарт.

Бюро органлари бир савдо ташкилотидан бошқа савдо ташкилотига мол-мулкларни топшираётганда, мол-мулклар бўйича зарур маълумотларнинг мол-мулклар ҳаракати мониторингининг электрон тизимида кўринишини таъминлайди.


41. Бюро органлари томонидан сотиш учун топширилган мол-мулклар ҳолати, шунингдек, савдо ташкилоти томонидан ўтказилган маблағлар даврий ўрганиб борилади.

Мол-мулкни сотишдан тушган маблағлар, мол-мулклар ҳолати ва сотилмаган мол-мулклар қолдиғи, уларнинг сотилмаганлиги сабаблари ҳақидаги маълумотлар ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар Бюро директорига киритилади.


42. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари савдо ташкилотларига мол-мулк сотилиши учун ярмаркалар, бозорлар ва савдо комплексларида жойлар ташкил этилишида кўмаклашадилар.

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш бўйича ҳудудий кенгашлар ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкларни сотиш учун туман ва шаҳарлардаги аҳоли гавжум бозорлар ҳамда савдо марказларида ярмаркалар ташкил этиш чораларини кўради.



6-БОБ. МОЛ-МУЛКНИ СОТИШДАН ТУШАДИГАН

МАБЛАҒЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ


43. Мол-мулкни сотишдан тушган маблағларни ўтказиш учун Бюро органлари томонидан банкларда депозит ҳисобварағи очилади.

Мол-мулкни сотишдан тушган маблағлар воситачилик ҳақини (сотилган нархдан 10 фоиздан кўп бўлмаган) ушлаб қолган ҳолда, савдо ташкилоти томонидан Бюро органи депозит ҳисобварағига уч кундан кечикмай, ижро ҳужжатининг тартиб рақами ва санаси кўрсатилган ҳолда ўтказилади.

Мол-мулкни сотишдан тушган маблағни ўтказиш муддати кечиккан тақдирда, савдо ташкилотидан кечиккан ҳар бир кун учун тўланадиган сумманинг 0,5 фоизи миқдорида пеня ундирилади.


44. Бюро органи депозит ҳисобварағига мол-мулкни сотишдан тушган маблағлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тақсимланади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


45. Мол-мулкни реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи савдо ташкилоти томонидан белгиланган савдо қоидаларини бузиш ҳолати аниқланганда, унга нисбатан назоратни амалга оширувчи органлар қонунда белгиланган чораларни қўллайди ва бу ҳақда Бюронинг тегишли органини хабардор қилади.


46. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.






Низомга

1-ИЛОВА



Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни

шартнома-воситачилик шартлари

асосида реализация қилиш

СХЕМАСИ

         

  

Босқичлар

      


    

Субъектлар

    


    

Амалга ошириладиган тадбирлар

  


    

Муддатлар

    











1-босқич


Савдо ташкилоти


   

Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилишда иштирок этиш юзасидан ариза билан зарур маълумотларни кўрсатган ҳолда, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига (кейинги ўринларда - Бюро) мурожаат қилади.

         


Заруратга кўра








2-босқич


Бюро


         

1. Аризани кўриб чиқади.


2. Талабгор Низомнинг 10-банди талабларга жавоб бермаганда ёки унинг аризаси Низом 11-бандига мувофиқ бўлмаганда аризани рад этади ҳамда бу ҳақда талабгорнинг шахсий кабинетига хабарнома юборади.




1 иш куни ичида



3. Аризани кўриб чиқиш натижаларини Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулк сотилишини таъминлайдиган савдо ташкилотлари реестрига (кейинги ўринларда - Реестр) жойлаштирилади.

       


Кейинги иш кунидан

кечиктирмай








3-босқич


Бюро (унинг ҳудудий

бошқармалари),

Савдо ташкилоти

Давлат ижрочиси


    

1. Мол-мулкни шартнома-воситачилик асосида реализация қилиш учун хизмат кўрсатиш бўйича муддатини узайтириш ҳуқуқи билан бир йил муддатга шартнома тузади.




5 иш куни ичида



2. Белгиланган шаклдаги хатланган мол-мулкни сотишга топшириш ҳақидаги далолатнома асосида мол-мулкни реализация қилиш учун савдо ташкилотига топширади.

        


5 иш куни ичида








4-босқич


Бюро


        

Савдо ташкилоти томонидан шартнома шартлари бажарилиши, мол-мулкни реализация қилиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилади.

       


Доимий

         

        




Низомга

2-ИЛОВА



Хатланган мол-мулкни сотишга топшириш ҳақидаги

ДАЛОЛАТНОМА

      

20___ й. "___" ____________




____________ туман (шаҳар)


Мен, Бюронинг


туман, (шаҳар) бўлими давлат ижрочиси


          

савдо ташкилоти вакили



(савдо ташкилоти вакилининг Ф.И.О., яшаш жойи ҳақидаги маълумотлар)

         

иштирокида


га мувофиқ,


(ижро ҳужжатининг номи)


       

қарздор


дан ундирувчи


(қарздорнинг Ф.И.О.)


       


фойдасига


(ундирувчи Ф.И.О.)



       


(ижро ҳужжатининг мазмуни)

        

ундириш ҳақидаги 20___ йил "___" _________да қўзғатилган ____-сон ижро иш юритуви бўйича "___" ___________ 20___ йилдаги далолатномага мувофиқ,

         

Т/р

Мол-мулкнинг номи

ва тавсифи

     

Миқдори

Нархи

Махсус идентификация рақами

(QR code ёки bar Code)

   

1.

   





2.

    





         

хатланган мол-мулкларни мазкур далолатномага асосан


          


савдо дўконига сотиш учун топширдим.

(савдо ташкилотининг номи)


          

Юқоридаги мол-мулкларни сотиш учун қабул қилиб олдим


         


(қабул қилиб олган шахснинг Ф.И.О., лавозими, унинг ваколатлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳақида маълумот)

         

Сотиш учун топширилган мулкнинг жами нархи



(сўз билан)

        

савдо чегирмаси


фоизни. яъни


сўмни ташкил этади.




(сўз билан)


         

Мол-мулкни сотишдан тушган


сўм


*ҳисобварағига


(сўз билан)


депозит ҳисобварағи ёки махсус ҳисобварақ кўрсатилади


            

ўтказилиши лозим.

         

Юқоридаги мол-мулклар


га топширилиб,


(қабул қилиб олаётган шахснинг Ф.И.О., лавозими)


           

у мол-мулкнинг сақланиши учун тегишли шарт-шароитларга риоя қилиши ва уларни таъминлаши шартлиги, мол-мулкни қонунга хилоф равишда ўзлаштириш, растрата қилиш, яшириш, нобуд қилиш ёки унга шикаст етказганлиги учун жавобгар бўлиши, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 233-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

          

        

Имзолар:

Давлат ижрочиси: _______________________

Савдо ташкилоти: _______________________


*) Бюро органининг депозит ҳисобварағи кўрсатилади, давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни сотишда эса махсус ҳисобварақ кўрсатилади.

         

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 22 январь















































































Время: 0.0368
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск