Юрист Предприятия
Корхона юристи / Қонунчиликдаги энг муҳим янгиликлар тўғрисида маълумот /2024 йил учун қонунчиликдаги янгиликлар
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
2024 ЙИЛ УЧУН ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР
2024 йил 1 декабрдан бошлаб:
Белгиланишича, умумий овқатланиш корхоналари жисмоний шахслардан нақд пулга харид қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар электрон шаклда солиқ органлари маълумотлар базасида акс эттирилиши солиқ солиш мақсадларида кирим ҳужжатларига тенглаштирилади.
(Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 7 ноябрдаги 745-сон "Умумий овқатланиш, мехмонхона ва туроператорлик хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш ва уларнинг қонуний ишлаши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори)
Миграция агентлиги томонидан таълим ташкилотларида хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш бўйича буюртмалар жойлаштириш тартиби жорий этилади.
Бунда Агентлик буюртмалари асосида:
касбий таълим ташкилотларида хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқаролар учун давлат гранти асосида алоҳида қабул параметрлари белгиланади;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларни ўқитиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан грантлар ажратилади.
Агентликнинг электрон платформасида касбий таълим муассасалари ва касбий кўникмалар марказларида фаолият юритаётган чет тили фани ўқитувчиларининг рейтинги тузилади.
Бунда инглиз, корейс, немис ва япон тиллари бўйича камида B1 ёки унга тенглаштирилган даражадаги халқаро сертификат олган битирувчилари сони энг кўп бўлган 50 нафар ўқитувчига Жамғарма ҳисобидан 50 миллион сўмдан субсидия тўланади;
Хусусий бандлик агентликларига чет элда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда ушбу жараёнга ҳамкор хорижий иш берувчиларни жалб қилиш ҳуқуқи берилади.
Хусусий бандлик агентликлари томонидан лицензия олиш учун захира қилинадиган маблағлар миқдори БҲМнинг 8 500 бараваридан 4 000 бараваригача туширилади.
Агентлик томонидан хорижий иш берувчилар ва рекрутинг ташкилотларидан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича олинган таклифларни хусусий бандлик агентликлари ўртасида очиқ танлов йўли билан тақсимлаш тартиби жорий этилади.
2026 йил 1 январга қадар Агентликнинг фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда танлаш, хорижга ишга юбориш ва ишга жойлаштириш билан боғлиқ функциялари босқичма-босқич хусусий бандлик агентликларига ўтказилади.
(2024 йил 17 октябрдаги ПҚ-367-сон "Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарори)
Фермер ва деҳқон хўжаликларининг нуфузини ошириш, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи корхоналарга кўмаклашишга қаратилган "мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчиларни баҳолаш" тизими жорий этилади.
(2024 йил 30 сентябрдаги ПФ-151-сон "Республикада агросаноат соҳасига янги бозор механизмларини жорий этиш ҳамда саноатлашган боғ ва токзорларни барпо қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармони)
"Маҳалла еттилиги" томонидан камбағал оилаларнинг ижтимоий шароити ва камбағалликка тушиш сабабларини ўрганиш натижасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Камбағал оилалар реестри шакллантирилади.
(2024 йил 23 сентябрдаги ПФ-143-сон "Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида"ги Президент Фармони)
Белгиланишича, бир календарь йил давомида икки ва ундан ортиқ марта тазйиқ ва зўравонлик ҳолати аниқланганда, профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери ташаббус тартибида берилади.
(Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 августдаги 529-сон "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарори)
Янгидан тайинланадиган ижтимоий тўловлар, хизматлар ва имтиёзлар, шу жумладан протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ваучерлар қийматида харид қилиш бўйича қўллаб-қувватлаш чоралари "Ижтимоий карта" АТдан фойдаланган ҳолда ижтимоий карта орқали тақдим этилади.
(2024 йил 18 июлдаги ПҚ-267-сон "Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги Президент қарори)
Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш билан боғлиқ мурожаатларни Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси, расмий веб-сайти, "Call" маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юбориш ва тўловларни онлайн амалга ошириш жорий этилади.
(Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 июлдаги 429-сон "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарори)
Ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида тегишли йўналишдаги нодавлат ташкилотлар орқали Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маблағлари ҳисобидан ижтимоий хизматлар кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади.
(2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги Президент Фармони)
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминловчи "Мажбуриятлар реестри" институти жорий этилади. Бунда:
Реестр Мажбурий ижро бюроси томонидан юритилади;
қарздор мол-мулки йўқлиги сабабли ундирув амалга ошириш имконияти бўлмаганда, у ҳақидаги маълумотлар мажбурий тартибда Реестрга киритилади;
қарздор ҳақида маълумот Реестрга киритилгандан кейин унга нисбатан ижро иши доирасида қўлланилган барча чекловлар сақлаб қолинади;
Реестрга киритилган қарздорнинг мол-мулки ва пул маблағлари аниқланганда мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилади;
қарздор ижро ҳужжати бўйича мажбуриятини бажарганда, у вафот этганда, ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганда ёхуд ижро ҳужжати бўлган ҳужжат бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, қарздорнинг 10 йил давомида мол-мулки ёки пул маблағлари ҳақида маълумот аниқланмаганда ёки қарздор банкрот деб топилганда, ундирувчининг аризасига кўра, у ҳақидаги маълумотлар Реестрдан чиқарилади.
(2024 йил 3 январдаги ПФ-1-сон "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент Фармони)
2024 йил 15 декабрдан бошлаб:
Белгиланишича, спорт билан шуғулланиш истагидаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг мурожаатига кўра уларга "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари томонидан давлат мулкида бўлган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида спорт билан бепул шуғулланиш учун йўлланмалар берилади.
(2024 йил 8 ноябрдаги ПҚ-389-сон "Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарори)
2024 йил 31 декабрдан бошлаб:
Объектларнинг лойиҳаларини белгиланган тартибда келишмасдан ва ҳудудий инспекциялар рўйхатидан ўтказмасдан қурилиш-монтаж ишлари бажарилган (қисман ёки тўлиқ) бино ва иншоотлар бўйича инструментал техник текширув хулосасини олган ҳолда, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ва ҳудудий инспекциялар рўйхатидан ўтказиш ҳамда шу асосда фойдаланишга рухсат бериш ишлари тўхтатилади.
(Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 июндаги 326-сон "Вазирлар Маҳкамасининг "Шаҳарсозлик фаолиятида рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида" 2023 йил 23 ноябрдаги 619-сон қарорига ўзгартириш киритиш ҳақида"ги қарори)
2024 йил 1 ноябрдан бошлаб:
Фойдаланиш майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифасини аниқлаш учун "А", "В", "С", "D", "Е", "F" ва "G" белгилари жорий этилади. Бунда "А" тоифаси энергия самарадорлиги энг юқори бўлган бино ва иншоотларни белгилаш ва тегишли равишда "G" тоифаси энергия самарадорлиги энг кам бўлган бино ва иншоотларни белгилаш учун қўлланилади.
(Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 19 октябрдаги 690-сон "Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини ҳамда бино ва иншоотларни энергия истеъмолини энергия аудитидан ўтказиш тартибларини белгилаш тўғрисида"ги қарори)
Белгиланишича:
- хорижий иш берувчилар томонидан таклиф қилинаётган иш ўринлари ҳақидаги барча маълумотлар Миграция агентлигининг электрон платформаси, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда очиқ эълон қилиб борилади;
- Агентликнинг электрон платформасида фуқароларга ўзининг резюмесини шакллантириш ва жойлаштириш ҳамда эълон қилинган иш ўринлари бўйича танловларда эркин иштирок этиш имконияти яратилади;
- Агентликнинг ҳудудий филиаллари томонидан фуқароларнинг хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ, шу жумладан, "ишчи виза"га оид ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича бепул консалтинг хизматларини кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади.
(2024 йил 17 октябрдаги ПҚ-367-сон "Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарори)
Белгиланишича, аэро ва космик суратлар ҳамда уларнинг ҳосилаларидан фойдаланиш ва тарқатиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- фазовий ўлчам аниқлиги 0,5-1 метр/пикселгача бўлган суратлар ва уларнинг ҳосилалари суратга олинган вақтдан бошлаб 5 кун ичида "Хизмат доирасида фойдаланиш учун" грифи асосида, 5 кун ўтгандан кейин эса очиқ;
- фазовий ўлчам аниқлиги 1 метр/пиксель ва ундан ортиқ бўлган суратлар ва уларнинг ҳосилалари ўта муҳим, режимли ва ҳарбий объектларни акс эттиришидан қатъи назар назорат кўригидан ўтказилмайди ва очиқ фойдаланилади.
(2024 йил 14 октябрдаги ПФ-155-сон "2024-2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармони)
Белгиланишича, қуйидаги талаблар бажарилган тақдирда, товар-хомашё биржалари фаолиятини лицензиялашга йўл қўйилади:
- мулк ҳуқуқи асосида лицензияланган электрон биржа савдолари тизимининг мавжудлиги;
- умумий ҳисобда хотираси камида 100 ТВ бўлган сервер ускуналари ҳамда алоҳида маълумотларни қайта ишлаш марказига эга бўлиш;
- электрон биржа савдолари тизимининг узлуксиз ҳамда ташқи аралашувлардан ҳимояланган ҳолда фаолият кўрсатиши;
- республиканинг ҳар бир ҳудудида юқори тезликдаги ҳимояланган интернет тармоғи орқали биржа савдоларида иштирок этиш имкониятининг яратилгани;
- тегишли хизмат кўрсатувчи тижорат банки ахборот тизими билан интеграциялашган савдо операциялари бўйича маблағлар кирим ва чиқим амалиётларини инсон омилисиз амалга оширувчи дастурий таъминотнинг мавжудлиги.
Биржа савдоларида иштирок этадиган тадбиркорлик субектларининг маблағларини молиявий хавф-хатарлардан кафолатли ҳимоялаш учун товар-хомашё биржалари устав капиталининг энг кам миқдори 100 миллиард сўм ҳамда 2025 йил 1 июлдан бошлаб 200 миллиард сўм этиб белгиланади. Бунда:
- товар-хомашё биржаларининг устав капитали фақат маблағлар кўринишида шакллантирилади;
- 2024 йил якуни ва келгусида ҳар йил якуни бўйича товар-хомашё биржалари молиявий фаолияти юзасидан катта тўртлик ("Big four") аудиторлик ташкилотларидан бири томонидан мустақил аудитдан ўтказиш тартиби жорий этилади;
- амалда фаолият кўрсатаётган товар-хомашё биржалари ўз устав капиталини тегишли равишда шакллантирмаган тақдирда, уларнинг лицензияси ваколатли орган ёки суд қарорига асосан тўхтатиб турилиши мумкин.
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ:
- экспорт-импорт операциялари доирасида Республика биржаси орқали тузилаётган "форвард" битимлар бўйича маҳсулот нархларини етказиб бериш муддатидан келиб чиқиб, халқаро ахборот агентликларининг индекс ва республика товар-хомашё биржалари котировкалари асосида шаклланади;
- юқори ликвидли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари томонидан маҳсулотларни тўғридан-тўғри сотишда маҳсулот нархи мазкур товар бўйича амалдаги Республика биржаси ўртача нархидан (котировка) паст бўлмаслиги таъминланади.
(Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги 570-сон "Биржа савдоларига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда соҳада рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори)
Барча учун очиқ ҳолатда юритиладиган Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестри жорий қилинади. 2025 йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиб туришга фақатгина Реестрга киритилган омиллар асосида йўл қўйилади, бундан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини суд тартибида ҳамда қонунда белгиланадиган асослар бўйича тўхтатиб туриш ҳолатлари мустасно.
(2024 йил 30 августдаги ПФ-132-сон "Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармони)
Чет элда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларини, башарти улар бўйича божхона тўловлари амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, сотувга қўйиш ва чакана савдода реализация қилиш ман этилади. Бунда ушбу тартиб бухгалтерия ҳисоби қонунчилигига мувофиқ 2024 йил 1 сентябрга қадар расмийлаштирилган (кирим қилинган) заргарлик буюмларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Қимматбаҳо металларнинг ҳамда қимматбаҳо металлар билан қопланган металларнинг чиқиндилари ва парчалари лицензия асосида экспорт қилинадиган махсус турдаги товарлар рўйхатига киритилади.
Асиллик инспекциясининг хулосаси бўлмаган ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш ман этилади.
Жисмоний шахсларга оғирлиги 200 граммгача бўлган кумушдан ҳамда 65 граммгача бўлган олтин ва бошқа қимматбаҳо металлардан ясалган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, ушбу миқдорлардан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади.
2027 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган тайёр заргарлик буюмларига нисбатан импорт божхона божлари 20 фоиздан 10 фоизгача камайтирилади.
Қимматбаҳо металларнинг ҳамда қимматбаҳо металлар билан қопланган металларнинг чиқиндилари ва парчаларини (ТИФ ТН коди 7112) Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб киришда лицензия олиш талаб этилмайди.
(2024 йил 23 июлдаги ПФ-104-сон "Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармони)
Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан текширувлар текширув бошланган пайтдан бошлаб Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда ўтказилади.
(2024 йил 4 октябрдаги ПҚ-347-сон "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори)
2024 йил 1 октябрдан бошлаб:
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ:
давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари Давлат бюджети, бюджетдан ташқари маблағлар ва ҳомийлик хайриялари ҳисобидан протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминланган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни доимий равишда «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига мажбурий тартибда киритиб боради;
муҳтож шахслар протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан ҳомийлик хайриялари ҳисобига таъминланганлиги ҳомийлик субъектлари (жисмоний ва юридик шахслар) томонидан «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимларга маълум қилинганда, улар томонидан ҳомийлик субъектларига муҳтож шахсларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларидан фойдаланиши, таълим ва спортга жалб этилиши, уларнинг ижтимоийлашуви ҳолати юзасидан маълумот тақдим этиб борилади.
(2024 йил 27 февралдаги ПҚ-88-сон «Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори)
Ишлаб чиқарилган ва четдан олиб кириладиган хавфлилик даражаси юқори бўлган маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби жорий этилади. Бунда республика ҳудудига олиб кирилаётган маҳсулотлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома божхона ҳудудига келишидан аввал «Ягона дарча» божхона ахборот тизимига ва Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига импорт қилувчи томонидан жойлаштирилиши шарт.
(2024 йил 27 февралдаги ПФ-41-сон «Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқарувини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони)
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун қуйидаги таъсир чоралари қўлланилади:
- техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқ маҳсулотни муомаладан чиқариш ёки маҳсулотнинг камида 60 фоизини чақириб олиш тўғрисидаги кўрсатмаларни бажармаганлик учун – юридик шахсларга реализация қилинган маҳсулот қийматининг 100 фоизи миқдорида молиявий жарима қўллаш;
- техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқ маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳолатлари тасдиқланганда, ушбу маҳсулотларга расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатини Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан тўхтатиб туриш;
- сертификатлаштириш органининг қоидаларга риоя этмаганлиги (шу жумладан, маҳсулот барча мажбурий кўрсаткичларга мувофиқлиги баҳоланмаганлиги) натижасида сифатсиз маҳсулотлар реализация қилинганлиги ҳолатлари аниқлаганда, мазкур органнинг сертификатлаш фаолиятини Инспекция томонидан тўхтатиб туриш.
(2024 йил 28 февралдаги ПҚ-91-сон «Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори)
Қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилган ҳолда, «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг «Қурилишда давлат назорати» электрон платформаси орқали расмийлаштирилади.
(2024 йил 29 апрелдаги ПҚ-165-сон «Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнларини самарали ташкил этишнинг қўшимча чоралари тўғрисида»ги Президент қарори)
Тазйиққа учраган, руҳий-асабий зўриқиш ҳолатида бўлган шахсларга бирламчи тиббий хизматлар кўрсатиш тизимини жорий этиш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида шошилинч қабул бўлимларида сутка давомида ишлайдиган бирламчи ёрдам хоналари ташкил этилади.
Ҳар бир ҳимоя ордери берилган ҳолатда тазйиқ ва зўравонликни содир этган ёки содир этишга мойил шахсларнинг зўравон хулқ-атворини ўзгартиришга қаратилган тузатиш дастури «Инсон» марказлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
(2024 йил 10 майдаги ПҚ-175-сон «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори)
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ:
жисмоний шахслар томонидан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги махсус ахборот тизимига юборилган ер қаъридан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, уларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Бунда фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувлардаги ҳуқуқбузарларнинг шахсини аниқлаш Инспекциянинг сўровига асосан ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади;
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг расмий веб-сайтида тоғ-кон саноати ва геология соҳасида хизмат кўрсатиш бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бўйича «Геомониторинг» ахборот тизими доирасида «Кон-геология хизматлари» модули жорий этилади ва унда ушбу соҳада фаолият юритувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг рейтинги юритилади. Бунда:
- кавлаб олинган фойдали қазилмалар ҳажми тўғрисидаги электрон ҳисоботларни ахборот тизимлари орқали тасдиқлашга фақат «Кон-геология хизматлари» модулида рейтинги юритиладиган маркшейдерлик фаолиятини юритувчи ташкилотларга рухсат этилади;
- қаттиқ фойдали қазилмалар конлари ва истиқболли участкаларини ўрганиш юзасидан мониторинг Инспекция томонидан амалга оширилади, мазкур тадбирлар эса Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Инспекциянинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
- ер қаъридан фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик талабларини бузган, кавлаб олинган фойдали қазилмалар ҳажми тўғрисидаги маълумотларни сохталаштиришга йўл қўйган ер қаъридан фойдаланувчилар ҳамда маркшейдерлик ташкилотлари, шунингдек, уларнинг раҳбарлари ва таъсисчиларига нисбатан Ер қаъридан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни бузувчилар реестри юритилади ва «Кон-геология хизматлари» модулида жойлаштириб борилади;
- Реестрга киритилган ташкилотлар унга киритилган кундан бошлаб бир йил давомида қонунчиликни бузиш ва маълумотларни сохталаштиришга такроран йўл қўймаган тақдирда, уларга оид маълумотлар Реестрдан чиқарилади.
(2024 йил 25 майдаги ПҚ-187-сон «Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори)
Жами даромади календарь йил давомида 100 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган IT-парк резидентлари учун экспортнинг минимал кўрсаткичлари ҳамда мазкур кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда улар томонидан IT-парк дирекциясига жами даромадидан ўтказиладиган ажратмаларнинг табақалаштирилган миқдори жорий этилади. Бунда хизмат (товар)лар экспортидан тушган даромадлар чорак якунлари бўйича мазкур давр учун жами даромаднинг 10 фоизини ташкил этса, ўтказмалар 1 фоиз миқдорида белгиланади. Агар даромадлар кўрсатилган миқдорга етмаса, ўтказмалар 2 фоиз миқдорида белгиланади.
(Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 майдаги 303-сон «Рақамли технологиялар соҳасидаги истиқболли стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва соҳадаги йирик ташкилотлар фаолиятини экспортга йўналтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори)
2025 йил 1 апрелгача республика ҳудудида темир йўл транспортида юк ташишда тақдим этилаётган чегирмалар бериш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинади.
Темир йўл орқали юкларни ташишда экспорт ва импорт ташиш хизматлари учун тарифларни 2030 йилгача босқичма-босқич бирхиллаштириш жорий этилади.
(2024 йил 3 июндаги ПФ-85-сон «Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони)
Ўзбекистон ҳудудига янги сўйилган, совитилган ёки музлатилган уй паррандаси гўшти ва қўшимча озуқабоп маҳсулотлари (бутун гўшт, қанот, бел, бўйин, окорочек, голен, сон, қийма ва тери) олиб кирилганда белгиланган божхона божи бўйича берилган имтиёз бекор қилинади.
(2024 йил 27 июндаги ПҚ-238-сон «Паррандачилик соҳасини янада қўллаб-қувватлаш, замонавий генетик технологиялар ва кооперация тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори)
Шундай тартиб ўрнатилиб, унга мувофиқ:
Ёшлар ишлари агентлиги ҳар йили хусусий ўқув марказларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимидаги рейтингини тузади ҳамда расмий веб-сайтида эълон қилиб боради;
рейтинг натижаларига кўра олис ва чекка ҳудудларда фаолият кўрсатувчи энг юқори кўрсаткичга эга 100 та хусусий ўқув марказининг таълим жараёнида фойдаланадиган бино ва иншоотлар учун ижара тўлови харажатларининг бир қисми Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади.
...