ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Педагог кадрлар. Ишга қабул қилиш. Аттестация /

Ўзбекистон Республикасининг 01.02.2024 й. ЎРҚ-901-сон "Педагогнинг мақоми тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 01.08.2023 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 29.09.2023 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

01.02.2024 й.

N ЎРҚ-901



ПЕДАГОГНИНГ МАҚОМИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 1 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2023 йил 29 сентябрда маъқулланган


1-модда. Педагогнинг мақоми тўғрисидаги қонунчилик


Педагогнинг мақоми тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг педагогнинг мақоми тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



2-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси


Ушбу Қонун педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва улар фаолиятининг асосий кафолатларини белгилайди.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошираётган давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг (бундан буён матнда таълим ташкилотлари деб юритилади) педагогларига нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонун 5-моддаси учинчи ва тўртинчи қисмларининг, 13-моддаси биринчи қисмининг, 14-моддаси учинчи ва ўн биринчи қисмларининг амал қилиши асосий иш фаолиятидан ташқари педагогик фаолият билан шуғулланувчи шахсларга ҳамда ҳарбий таълим муассасаларида педагогик фаолият билан шуғулланувчи ҳарбий хизматчиларга нисбатан татбиқ этилмайди.



3-модда. Педагогнинг мақоми


Таълим ташкилотида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузилган меҳнат шартномаси асосида таълим ва тарбия соҳасида касбий фаолиятни амалга оширувчи ҳамда тегишли маълумотга, касбий тайёргарликка ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган жисмоний шахс педагогдир.

Ўзбекистон Республикасида педагогнинг мақоми тан олинади. Педагогларнинг ўз касбий фаолиятини юритиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланади ва ҳуқуқлари амалга оширилиши учун кафолатлар берилади.

Педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлади.

Педагогик фаолият билан боғлиқ лавозимлар рўйхати тегишинча Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланади.

Таълим тизимида ишлаётган педагогнинг касбий даражасига доир талаблар Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида ҳамда педагогнинг касбий стандартларида белгиланади.

Агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, педагогик олий маълумотга эга бўлмаган шахсларга қайта тайёрлаш курсларидан ўтганидан кейин таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилиши мумкин.

Зарурат бўлганда профессионал таълим ташкилотлари ишлаб чиқариш таълими усталарини, шунингдек тегишли билим ҳамда амалий кўникмаларга эга бўлган, олий маълумоти бўлмаган бошқа мутахассисларни амалий ва қўшимча машғулотлар ўтказиш учун жалб этиши мумкин.

Ишлаб чиқариш таълими усталари қайта тайёрлаш курсларидан ўтмасдан профессионал таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланишга ҳақли.



4-модда. Мураббийлик


Умумий ўрта таълим ташкилотида илк бор касбий фаолиятини бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврига мураббийликни амалга ошириш учун тажрибали педагог бириктирилади.

Мураббийликни амалга оширганлиги учун педагогнинг базавий лавозим маошига қўшимча ҳақ тўланиши мумкин.

Мураббийликни амалга оширувчи педагогга қўйиладиган талаблар ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби қонунчилик ҳужжатларида белгиланади.



5-модда. Педагогнинг касбий фаолияти

амалга оширилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунчилигига асосан иш берувчи педагогнинг ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратади.

Қуйидагилар тақиқланади:

педагогнинг касбий фаолиятига аралашиш, унинг фаолиятини асоссиз равишда текшириш, педагог томонидан таълим олувчиларнинг билимларини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатиш, шунингдек унга ўз хизмат мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилиш;

педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш;

педагогдан унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, шу жумладан аҳолининг солиқлар, коммунал тўловлар, кредитлар ва бошқа қарздорлиги тўғрисидаги маълумотларни, битирувчиларнинг бандлиги таъминланганлиги ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш;

педагогни ишга жойлаштирилмаган, таълим билан қамраб олинмаган ва профилактика ҳисобида турган вояга етмаганлар ҳисобини юритиш ҳамда уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш ишларига жалб этиш;

педагогнинг зиммасига товар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан иш ҳақидан унинг ёзма розилигисиз товар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш.

Давлат умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагоглар давлат томонидан ўқув қўлланмалар билан бепул таъминланади.

Давлат таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагоглар таълим жараёнида фойдаланадиган бирламчи ўқув-услубий материаллар ва ўқув қуроллари билан давлат томонидан бепул таъминланади.

Педагогни унинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, лекин сиёсий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган тадбирларга (сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларида иштирок этишга, тест синовларида аудитория назоратчиси вазифасини бажариш, аҳолини рўйхатга олиш ишларида кўмаклашишга, таълим ташкилотларини текшириш ҳамда аттестациядан ўтказиш жараёнларида эксперт сифатида иштирок этишга ва бошқаларга) жалб қилиш унинг розилигига кўра, у билан тузилган шартномага асосан, қўшимча ҳақ тўлаш эвазига, ишдан бўш вақтида ёки иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда амалга оширилади.

Педагогни бирон-бир шаклда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш, шунингдек педагогнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки унинг ўз хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.



6-модда. Педагогнинг ҳуқуқлари


Педагог ўз касбий фаолиятини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

замонавий педагогик технологияларни, ўқитиш ва тарбия воситаларини ҳамда усулларини эркин танлаш ва улардан фойдаланиш;

белгиланган тартибда муаллифлик дастурларини ва ўқитиш услубиётини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ижодий фаоллик кўрсатиш, шунингдек тегишли ўқув фанлари, курслари ва модулларидан фойдаланиш;

касбий фаолиятни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиш;

ўқув, илмий ва услубий йўналишлардаги давлат ахборот-ресурс ҳамда ахборот-кутубхона марказларининг хизматларидан бепул фойдаланиш;

давлат таълим стандартларини, давлат таълим талабларини, малака талабларини, ўқув режалари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этиш;

илмий, илмий-тадқиқот ва ижодий фаолиятни амалга ошириш, тажриба-синов фаолиятида иштирок этиш, инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижодий таътил олиш;

таълим ташкилотини бошқаришда, шунингдек таълим ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиш;

ўз касбий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш учун педагогларнинг жамоат бирлашмаларига бирлашиш ва уларда иштирок этиш;

ўз касбий фаолиятига ғайриқонуний равишда аралашувдан ҳимояланиш;

педагогик фаолияти давомида ўзига бириктирилган синфдаги (гуруҳдаги, курсдаги) таълим олувчиларнинг билимини мустақил баҳолаш;

таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) томонидан педагогнинг касбига ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш;

давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтиш (давлат таълим ташкилотлари учун);

таълим олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этиш.

Педагог қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Педагог ўзининг касбий фаолиятини амалга ошириш давомида ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш учун судга даъво аризаси билан мурожаат қилган, шунингдек ўз ҳуқуқларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилган тақдирда давлат божини тўлашдан озод қилинади.

Таълим ташкилоти томонидан педагогнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки унинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, педагог маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмаган ҳолда, ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва унинг моҳияти тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатиб, судга бевосита мурожаат қилишга ҳақли.



7-модда. Педагогнинг мажбуриятлари


Педагог ўз касбий фаолиятини амалга оширишда:

таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши;

ўқув машғулотларини ўқув дастурлари ва давлат таълим стандартларига мувофиқ сифатли ўтказиши;

ўқув машғулотлари давомида таълим олувчиларнинг билим даражасини ошириш учун зарур чоралар кўриши;

ахборот-коммуникация технологияларидан, ўқитиш ва тарбиянинг илғор ҳамда инновацион шакллари ва усулларидан фойдаланиши;

таълим олувчиларнинг психологик ва ўзига хос хусусиятларини, жисмоний ва руҳий саломатлигини, физиологик ривожланишини ҳисобга олиши, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган шахсларни ўқитиш учун шарт-шароитлар яратилишига эътибор қаратиши ва уларни камситмаслиги;

вояга етмаган таълим олувчилар билан таълим-тарбия ишларини уларнинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари билан ҳамкорликда олиб бориши;

ўз малакасини мунтазам равишда ошириб бориши, эгаллаб турган лавозимига мувофиқлик жиҳатидан даврий аттестациядан ўтиши;

таълим ташкилотининг уставига ва (ёки) бошқа таъсис ҳужжатларига, ички меҳнат тартиби қоидаларига ва педагогик этика қоидаларига риоя этиши;

мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши шарт.

Педагогнинг зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.



8-модда. Педагогик этика қоидалари


Педагогик этика қоидалари педагог ўз касбий мажбуриятларини бажариши чоғида амал қилиши лозим бўлган қоидалар мажмуидан иборатдир.

Педагогик этика қоидалари таълим ташкилотлари учун тегишинча Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва белгиланган тартибда тасдиқланади.

Педагогик этика қоидаларини билиш ва уларга амал қилиш педагогнинг ўз касбий мажбуриятларини бажаришининг сифат кўрсаткичларини ҳамда педагогнинг меҳнат интизомини белгилайдиган мезондир.

Педагогик этика қоидаларининг педагог томонидан бузилиши уни меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка асосан интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.



9-модда. Педагогларни тайёрлаш


Педагогларни тайёрлаш олий таълим ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Педагогларни тайёрлаш қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, профессионал таълим ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Педагогика таълим йўналиши ҳамда мутахассислиги бўйича ўқувчи ва талабаларни профессионал ва олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш давлат гранти ва тўлов-шартнома асосида амалга оширилади.

Давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмасини шакллантиришда олий маълумотли педагог кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун давлат грантлари асосидаги мақсадли қабул кўрсаткичлари ажратилиши мумкин.



10-модда. Педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш


Педагогларни қайта тайёрлаш уларга қўшимча касбий билим, малака ва кўникмаларни эгаллаш ҳамда ўзининг таянч мутахассислиги ва касбига мувофиқ меҳнат фаолиятини олиб бориш имкониятини бериш мақсадида амалга оширилади.

Педагоглар малакасини ошириш уларга ўз касбий билим, малака ва кўникмаларини чуқурлаштириш ҳамда янгилаб бориш, шунингдек тоифасини (лавозимини) ошириш имкониятини бериш мақсадида амалга оширилади.

Педагогларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир фаолият кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таълим ташкилотлари (институт, марказ, факультет ва бошқалар) томонидан амалга оширилади.

Педагогларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш шакллари ҳамда муддатлари тегишли давлат таълим талаблари билан белгиланади.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнида педагог ўзининг касбий фанларидан ташқари қўшимча фанларни (чет тилини, ахборот технологияларини, ижтимоий-гуманитар фанларни ва бошқаларни) ихтиёрий равишда ўзлаштириши мумкин.

Ўқув режаси ва ўқув дастури ўзгарганда (янги фан киритилганда ёки мавжуд фан чиқариб ташланганда) давлат таълим ташкилотларининг педагогларини янги турдош фан бўйича қайта тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат таълим ташкилотлари педагогларининг малакасини белгиланган муддатларда ва ҳажмда ошириш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Нодавлат таълим ташкилотлари педагогларининг малакасини ошириш иш берувчи томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



11-модда. Педагогларнинг аттестацияси ва малака тоифалари


Давлат мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг педагоглари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда аттестациядан ўтади ҳамда унинг натижаларига кўра тегишли малака тоифаларини олиши мумкин.

Педагогларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



12-модда. Педагогнинг меҳнатига ҳақ тўлаш


Педагогнинг ойлик иш ҳақи маълумоти, малака тоифаси (лавозими) бўйича базавий тариф ставкаси, илмий даражаси, илмий унвони, давлат мукофотлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган устамалар инобатга олинган ҳолда ҳисобланади.

Давлат таълим ташкилотларининг педагогларига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан устама ҳамда компенсациялар тўланиши мумкин.

Нодавлат таълим ташкилотида касбий фаолиятни амалга оширувчи педагогнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ушбу ташкилотнинг муассислари ёки ваколатли шахслари томонидан белгиланади.



13-модда. Педагогларни рағбатлантириш


Касбий фаолиятда юқори натижаларга эришганлиги учун педагоглар "Давлат мукофотлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат мукофотларига, хусусан, "Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси", "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" ва "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими" фахрий унвонлари ҳамда бошқа давлат мукофотлари билан тақдирланиши мумкин.

Халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган педагогларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда мукофот пуллари тўланади.

Давлат таълим ташкилотларининг педагогларига бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ моддий рағбатлантиришнинг бошқа турлари белгиланиши мумкин.

Нодавлат таълим ташкилотларида педагогнинг лавозим маошига ҳар ойда ҳисобланадиган, рағбатлантириш хусусиятига эга бўлган қўшимча ҳақ ва устамалар ушбу ташкилотларнинг муассислари ёки ваколатли шахслари томонидан белгиланади.



14-модда. Педагогларни ижтимоий ҳимоя қилиш


Таълим ташкилотларининг педагогларини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат томонидан кафолатланади.

Таълим ташкилотларининг педагоглари учун қисқартирилган иш вақти белгиланади.

Давлат таълим ташкилотларининг педагогларига давомийлиги кўпи билан эллик олти календарь кундан иборат бўлган ҳақ тўланадиган ҳар йилги асосий узайтирилган меҳнат таътили кафолатланади.

Педагогларнинг тоифаларига (лавозимларига) мутаносиб бўлган, қисқартирилган иш вақтининг ва ҳар йилги асосий узайтирилган меҳнат таътилининг аниқ давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Республиканинг олис ҳудудларида жойлашган таълим ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жалб қилинган олий маълумотли педагогларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўланади.

Республиканинг олис ҳудудларида ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ишлайдиган педагогларга имтиёзлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Қўшимча ижтимоий ҳимоя чоралари ва кафолатлари мазкур Қонундан ташқари бошқа қонун ҳужжатларида, меҳнат ҳақидаги ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномаларида белгиланиши мумкин.

Педагогларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли тарзда қабул қилинади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари педагогларни маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан моддий ва ижтимоий рағбатлантириш чораларини кўриши мумкин.

Педагогларнинг соғлиқни сақлашга доир ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланади.

Педагогнинг касбий фаолияти давомида рўйхати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмлаш давлат томонидан таъминланади.

Давлат мактабгача, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг бевосита болаларга таълим ва тарбия бериш билан банд бўлган педагоглари давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтказилади.

Давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида давлат таълим ташкилотларининг педагогларини мажбурий бепул тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Педагогни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш иш берувчининг зиммасига юклатилади.

Мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш вақтида педагог ўз иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод қилинади.

Таълим ташкилотларининг педагогларини мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Нодавлат таълим ташкилотларида тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби мазкур ташкилотларнинг меҳнат ҳақидаги ҳуқуқий ҳужжатлари, шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномалари билан, ходимларнинг ундан ўтишда чиқимдор бўлмаслиги ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.



15-модда. Педагогик фаолият билан шуғулланишга оид чекловлар


Қуйидаги шахсларнинг педагогик фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди:

қонуний кучга кирган суд ҳукмига мувофиқ педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар;

қонунчиликда белгиланган тартибда суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари бўлган шахслар;

психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахслар.

Қасддан содир этилган жиноят учун илгари судланган шахсларни педагогик фаолият билан боғлиқ лавозимларга қабул қилиш ман этилади.

Педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Мактабгача таълим ва тарбия тизимида меҳнат фаолиятини амалга оширишга доир чекловлар "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланади.



16-модда. Низоларни ҳал этиш


Педагогнинг мақоми ва унинг касбий фаолияти билан боғлиқ низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



17-модда. Педагогнинг мақоми тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Педагогнинг мақоми тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



18-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш


1. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган "Давлат божи тўғрисида"ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 1, 1-модда, N 3, 201-модда, N 5, 298-модда, N 10, 593-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, N 1, 13-модда, 4-сонга илова, N 7, 661-модда, N 8, 800, 803-моддалар, N 10, 968-модда; 2022 йил, N 2, 76-модда, N 3, 214, 216-моддалар, N 4, 340-модда, N 5, 463, 464, 467-моддалар, N 12, 1186-модда; 2023 йил, N 2, 103-модда, N 3, 186-модда, N 4, 265, 269-моддалар, N 6, 444, 445-моддалар) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:


1) 8-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 5-2-банд билан тўлдирилсин:

"5-2) педагог ходимлар - касбий фаолиятини амалга ошириш давомида ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ишлар юзасидан";


2) 10-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 19-банд билан тўлдирилсин:

"19) педагог ходимлар - касбий фаолиятини амалга ошириш давомида педагог ходимларнинг ҳуқуқларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда".


2. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 23 сентябрда қабул қилинган "Таълим тўғрисида"ги ЎРҚ-637-сонли Қонунга (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 9, 538-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, N 10, 968-модда) қуйидаги қўшимчалар ва ўзгартириш киритилсин:


1) 26-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Қасддан содир этилган жиноят учун илгари судланган шахслар таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органларининг ҳамда улар ҳудудий бўлинмаларининг раҳбарлик лавозимларига тайинланиши мумкин эмас";


2) 28-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Қасддан содир этилган жиноят учун илгари судланган шахслар таълим ташкилотларининг раҳбарлик лавозимларига тайинланиши мумкин эмас";


3) 5-боб чиқариб ташлансин.



19-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



20-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



21-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                         Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 1 февраль









































Время: 0.2915
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск