ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ер қонунчилиги / Ер муҳофазаси /

Ўзбекистон Республикасининг 02.02.2024 й. ЎРҚ-903-сон "Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 15.08.2023 й. қабул қилинган, Cенат томонидан 24.11.2023 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

02.02.2024 й.

N ЎРҚ-903



ТУПРОҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВА УНИНГ

УНУМДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 15 августда қабул қилинган

Cенат томонидан 2023 йил 24 ноябрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг

унумдорлигини ошириш тўғрисидаги қонунчилик


Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ерларни рекультивация қилиш - бузилган тупроқ қопламини тиклаш, уни фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш;


тупроқ - ер юзасининг табиий ёки антропоген омиллар таъсири натижасида шаклланадиган, ўсимликларнинг яшаши учун зарур унумдорлик хусусиятларига эга бир нечта қатламдан иборат бўлган устки қисми;


тупроқнинг бузилиши - фойдали қазилмаларни қазиб олиш, геология-қидирув, геодезия, қурилиш ишларини ва бошқа ишларни амалга ошириш жараёнида тупроқ қопламининг физик жиҳатдан бузилиши, қисман ёки тўлиқ йўқ қилиниши;


тупроқ деградацияси - табиий ёки антропоген омиллар таъсири натижасида тупроқ унумдорлигининг пасайишига, тупроқнинг экологик-мелиоратив ҳолати ёмонлашишига, шунингдек тупроқнинг миқдор ва сифат жиҳатидан салбий ўзгаришларига олиб келадиган жараёнлар мажмуи;


тупроқнинг ифлосланиши - тупроқнинг сифатини ёмонлаштирадиган ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган зарарли кимёвий ва радиоактив моддаларнинг, нефтнинг, нефть маҳсулотларининг ҳамда микроорганизмларнинг тупроққа тушиши ва тўпланиши;


тупроқни муҳофаза қилиш - тупроқдан оқилона фойдаланишга ва уни сақлашга, унинг ифлосланиши, бузилиши ҳамда деградациясининг олдини олишга, шунингдек табиий ва техноген таъсирлардан ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий, хўжалик тадбирлари ва бошқа тадбирлар мажмуи;


тупроқ сифати - тупроқ унумдорлигини белгилайдиган хусусиятлар;


тупроқ сифатини баҳолаш (тупроқ бонитировкаси) - тупроқнинг сифати ва табиий унумдорлик қобилиятини 100 балли шкала бўйича қиёсий баҳолаш;


тупроқни тиклаш - тупроқнинг ҳолатини, сифатини яхшилашга ва унумдорлигини оширишга қаратилган тадбирлар;


тупроқ унумдорлиги - тупроқнинг ўсимликларни озиқли моддалар, иссиқлик, намлик, ҳаво ва бошқа яшаш фаолияти омиллари билан таъминлайдиган хусусиятлари;


тупроқнинг унумдор қатлами - тупроқнинг ўсимликлар ўсиши учун қулай хусусиятларга эга бўлган устки қатлами;


тупроқ эрозияси - тупроқнинг ёғингарчиликлар, суғориш ва шамол таъсирида емирилиш жараёни;


тупроқнинг ҳолати - тупроқнинг таркибини, тузилишини ва хусусиятларини тавсифловчи кўрсаткичлар мажмуи.



4-модда. Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини

ошириш соҳасидаги асосий принциплар


Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

инсон соғлиғининг ва атроф-муҳит хавфсизлигининг устуворлиги;

очиқлик ва шаффофлик;

ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ер участкалари ижарачилари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларининг устуворлиги.



5-модда. Тупроқни муҳофаза қилиш объекти


Тупроқни муҳофаза қилиш объекти ер фондининг барча тоифаларидаги тупроқнинг унумдор ва тупроқ ҳосил қилувчи қатламларидан иборатдир.



6-модда. Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг

унумдорлигини ошириш тадбирлари


Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тадбирлари жумласига қуйидагилар киради:

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни амалга ошириш;

ифлосланган, бузилган ёки бошқача тарзда деградацияга учраган тупроқни тиклаш;

тупроқ мониторингини юритиш;

ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг, ер участкалари ижарачиларининг тупроқ муҳофазасини таъминлашга, ундан оқилона фойдаланишга ҳамда тупроқ унумдорлигини сақлашга доир тегишли мажбуриятларини белгилаш;

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш бўйича иқтисодий тадбирларни амалга оширишда манфаатдорлик механизмини қўллаш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш чоғида тупроқ ва сув манбаларининг шўрланишини, ботқоқланиши ҳамда ифлосланишини истисно этадиган усуллардан фойдаланиш;

шўрланган ерларда мелиоратив тадбирларни амалга ошириш;

ерларни даврий равишда текислаш;

иҳота дарахтзорларини барпо этиш, қум кўчишининг олдини олиш ва уни мустаҳкамлаш;

ҳудудий шароитлардан келиб чиққан ҳолда иқтисодий жиҳатдан самарали деҳқончилик тизимларидан фойдаланиш;

қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланиш;

қияликларда сув эрозиясига қарши курашиш учун кўп йиллик ўтлар, буталар ва дарахтлар экиш;

шамол эрозиясига қарши тадбирларни қўллаш;

коллектор-дренаж ва суғориш тармоқларини, шунингдек сув ҳавзаларини тозалаш чоғида олинган тупроқдан фойдаланган ҳолда қумли, қумлоқ ва енгил қумоқ тупроқларнинг механик таркибини яхшилаш;

суғориладиган ерларда илмий асосланган тавсияларга мувофиқ эрозияга қарши тадбирларни қўллаш, суғориш режимларига ва нормаларига риоя этиш;

тупроқнинг техноген зичланишининг олдини олиш;

минерал, органик, органик-минерал, бактериал ўғитлар ҳамда бошқа ўғитларни, шунингдек компост ва сидератларни тупроққлим шароитлари ва ўсимликларнинг эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда қўллаш.

Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тадбирлари қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.



7-модда. Шаҳарсозлик фаолиятини ёки қишлоқ хўжалигига

оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида

тупроқни муҳофаза қилишга ва ундан оқилона

фойдаланишга доир талаблар


Шаҳарсозлик фаолиятини ёки қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида тупроқни муҳофаза қилишга ва ундан оқилона фойдаланишга қўйиладиган талаблар қуйидагилардан иборат:

объектларни жойлаштириш ва уларни қуриш лойиҳаларида - тупроққа оид тадқиқотлар натижаларини ҳисобга олган ҳолда табиатни муҳофаза қилиш ҳамда санитария талабларига риоя этишга ва тупроқ унумдорлигини сақлашга қаратилган тадбирларни назарда тутиш;

объектларни қуриш лойиҳаларида - ер участкаларидаги мавжуд тупроқни сақлаб қолиш устуворлигини белгилаш;

объектларни лойиҳалаштириш чоғида лойиҳа ҳудудига кирмайдиган туташ ҳудудларда - тупроқ ифлосланишининг, бузилишининг ёки бошқача тарздаги деградациясининг олдини олиш чораларини кўриш;

объектларни лойиҳалаштириш чоғида - тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш тадбирларини белгилаш;

лойиҳалаштирилган объектлар қурилиши чоғида - тупроқни муҳофаза қилиш талабларига риоя этиш.

Шаҳарсозлик фаолиятини ёки қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бошқа талаблар ҳам белгиланиши мумкин.



8-модда. Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг

унумдорлигини ошириш ишларини молиялаштириш


Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш ишларини молиялаштириш қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг, ер участкалари ижарачиларининг, шунингдек корхоналар ва ташкилотларнинг маблағлари;

ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.



2-БОБ. ТУПРОҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВА УНИНГ

УНУМДОРЛИГИНИ ОШИРИШ СОҲАСИНИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ


9-модда. Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини

ошириш соҳасидаги фаолиятни давлат томонидан

қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари


Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш бўйича инвестиция фаолиятини рағбатлантириш;

тупроққа оид хизматлар инфратузилмасини ривожлантириш;

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасида илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-синов ишларини ташкил этиш;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг сифати яхшиланган (бонитет балли ошган) тақдирда солиқ тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ер солиғини тўлашга доир имтиёзлар бериш.



10-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини

ошириш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди ҳамда уларнинг амалга оширилишини ташкил этади, шунингдек уларнинг бажарилишини назорат қилади;

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида қабул қилади;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг тупроқни муҳофаза қилиш ҳамда унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш устидан давлат назорати амалга оширилишини таъминлайди;

тупроқ мониторингини амалга ошириш тартибини, тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



11-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги

вазирлигининг тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг

унумдорлигини ошириш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

давлат дастурларини ва бошқа дастурларни, стратегияларни ишлаб чиқади, амалга оширади ҳамда назорат қилади;

тупроқни муҳофаза қилишга ва унинг унумдорлигини оширишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ҳамда уларни ўз ваколатлари доирасида қабул қилади;

тупроққа оид ва агрокимёвий тадқиқотлар олиб боради, илмий жиҳатдан асосланган тавсиялар ишлаб чиқади;

деградацияга учраган ерларнинг ҳисобини юритади ва уларни мувофиқлаштиради;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан мақсадли фойдаланилиши, алмашлаб экишнинг ташкил этилиши, ривожлантирилиши ва олиб борилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

тупроқдан оқилона фойдаланилишини ва унинг муҳофаза қилинишини иқтисодий жиҳатдан рағбатлантиришни қонунчиликка мувофиқ амалга оширади;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тупроқнинг бузилишига ёки йўқ қилинишига олиб келадиган ҳаракатлар содир этилган, шунингдек тупроқни тиклаш бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда чоралар кўриш тўғрисида таклифлар киритади;

тупроққа оид тадқиқотлар асосида ўсимликлар учун минерал ўғитлар ва бошқа турдаги ўғитларнинг мақбул бўлган нормаларини белгилайди;

қишлоқ хўжалиги ерларининг рекультивация қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



12-модда. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги

вазирлигининг тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг

унумдорлигини ошириш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:

ерларни суғоришнинг сувни тежайдиган, тупроқни ҳимоялайдиган технологияларини жорий этади;

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, барқарорлигини таъминлаш ва деградациянинг олдини олиш чораларини кўради;

коллектор-дренаж тармоқлари ва иншоотларининг ишлаш қобилиятини таъминлаш бўйича чоралар кўради, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолайди ва ҳисоботини юритади;

илмий-техника ютуқларини, шунингдек сувни тежайдиган замонавий технологияларнинг инновацион усулларини ҳамда илғор тажрибани жорий этади.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



13-модда. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг тупроқни

муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш

соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги:

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисидаги қонунчилик талабларининг юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини, уларнинг ўсишини тезлаштирувчи моддаларни, минерал ўғитларни, бошқа кимёвий моддалар ва препаратларни транспортда ташиш, сақлаш ҳамда қўллаш чоғида тупроқни ифлосланишдан муҳофаза қилишни амалга оширади;

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини оширишга оид тадбирларнинг ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ер участкалари ижарачилари томонидан бажарилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

вақтинча фойдаланишга берилган ҳамда қурилиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва бошқа таъсирлар натижасида бузилган ерларнинг тикланиши, улар фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтирилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

чўлланишнинг олдини олиш, ўрмонларни тиклаш ҳамда иҳота дарахтзорларини барпо этиш тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

тоғ ёнбағирларида, жарликларда, ташландиқ, яйлов ва фойдаланишдан чиқарилган ерларда эрозияга қарши кўчатзорлар (дарахтзорлар) яратилишини ташкил этади;

ўрмон мелиоратив деҳқончилик тизимига илмий ютуқларни ва илғор тажрибани жорий этади;

ўрмон фонди ерларининг рекультивация қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



14-модда. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг

упроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини

ошириш соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасида қабул қилинган давлат дастурларининг ҳамда бошқа дастурлар ва стратегияларнинг амалга оширилишини ташкил этади;

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги ҳудудий дастурларни амалга оширади;

шаҳарсозлик фаолиятини, геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, шунингдек қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида тупроқнинг сидириб олинган унумдор қатламини сақлаш учун жойларни белгилайди. Бунда жойлар бузилган ва унумдорлиги паст бўлган қишлоқ хўжалиги ерларидан белгиланади;

маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тупроқни муҳофаза қилишга ва унинг унумдорлигини оширишга қаратилган тадбирларни белгилайди.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ТУПРОҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВА УНИНГ

УНУМДОРЛИГИНИ ОШИРИШ. ТУПРОҚДАН

САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ


15-модда. Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг

унумдорлигини ошириш соҳасидаги давлат назорати


Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги давлат назорати қуйидагиларга нисбатан амалга оширилади:

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш, тупроқ ҳолатининг сақланиши соҳасидаги талаблар ва нормаларнинг бажарилишига;

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш, тупроқнинг ҳолатини яхшилаш, шунингдек тупроқ деградациясининг, бузилиши ва ифлосланишининг олдини олишга доир тадбирларнинг амалга оширилишига;

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги камчиликларни бартараф этишга доир чоралар кўришга;

тупроқнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотнинг ишончлилигига.

Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.



16-модда. Ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг ва ер

участкалари ижарачиларининг тупроқни муҳофаза қилиш

ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги ҳуқуқлари


Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ер участкаларининг ижарачилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз маблағлари ҳамда жалб қилинадиган бошқа маблағлар ҳисобидан тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш, тупроқнинг ҳолатини яхшилаш, унинг деградацияси, бузилиши ва ифлосланишининг олдини олишга доир тадбирларни мустақил равишда амалга ошириш;

тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш чоғида илм-фан, техника ва технология ютуқларидан фойдаланиш;

жисмоний ва юридик шахслар томонидан тупроққа етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтидан (бундан буён матнда Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти деб юритилади) ўзига тегишли ер участкасидаги тупроқнинг сифатини баҳолаш тўғрисида ахборот олиш;

механизациялаштириш, кимёвий ишлов бериш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, шунингдек уруғлик материалининг тупроқ ҳолатига таъсири тўғрисида тегишли давлат органларидан ёки хўжалик юритувчи субъектлардан маълумотлар олиш.

Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ер участкаларининг ижарачилари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



17-модда. Ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг ва ер

участкалари ижарачиларининг тупроқни муҳофаза қилиш ва

унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги мажбуриятлари


Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ер участкаларининг ижарачилари ўзига тегишли ер участкасида:

ерлардан фойдаланиш чоғида тупроқни муҳофаза қилишни, унинг унумдорлигини сақлаш, тиклаш ҳамда оширишни таъминлаши, шунингдек тупроқнинг ифлосланишига ва унумдорлиги пасайишига олиб келадиган ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) йўл қўймаслиги;

тупроққлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда деҳқончиликнинг илмий жиҳатдан асосланган агротехник тадбирларига риоя этиши;

тупроқнинг зичланишига олиб келадиган техника ва технологиялардан фойдаланмаслиги;

тупроққа оид тадқиқотларни ўтказишда ҳамкорлик қилиши;

тупроқнинг ифлосланишига йўл қўймаслиги;

тупроқнинг шўрланишига қарши агротехник тадбирларни амалга ошириши;

суғориладиган, ҳайдаладиган ерларнинг даврий равишда текисланишини амалга ошириши;

суғориш режимига ва нормаларига риоя этиши;

тупроққлим шароитларини ва ўсимликлар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда минерал ўғитлардан табақалаштирилган тарзда фойдаланиши;

тупроқ деградациясига қарши тадбирларни амалга ошириши, тупроқ деградацияси ҳоллари тўғрисида тегишли давлат органларини хабардор қилиши;

шаҳарсозлик фаолиятини, геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, шунингдек қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида тупроқнинг мавжуд унумдор қатламини сидириб олиши ва сақлаши шарт.

Ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг ва ер участкалари ижарачиларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



18-модда. Тупроқнинг унумдор қатламини сақлаш

ва ерларни рекультивация қилиш


Шаҳарсозлик фаолиятини, геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, шунингдек қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида мазкур фаолият турларини амалга оширувчи субъектлар томонидан тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олинади ва сақланади.

Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш чоғида сидириб олинган тупроқнинг унумдор қатламини қурилиш ташкилотлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан белгиланган жойларга сақлаш учун олиб чиқади.

Шаҳарсозлик фаолияти, геологик қидирув ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш, шунингдек қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолият учун ерларни ажратиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш чоғида тупроқнинг унумдор қатлами Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти томонидан лойиҳа ижрочиларининг буюртмасига асосан аниқланади.

Шаҳарсозлик фаолиятини, геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, шунингдек қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олинмаганлиги ва сақланмаганлиги факти аниқланган тақдирда, етказилган зарарнинг ўрни белгиланган тартибда маҳаллий бюджетга қопланади. Мазкур пул маблағларидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун фойдаланилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ҳамда ўрмон фонди ерларида геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, шунингдек қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга оширувчи субъектлар мазкур ерларни ўз маблағлари ҳисобидан рекультивация қилиши шарт.



19-модда. Тупроқнинг ҳолатини ва сифатини баҳолаш нормалари


Тупроқнинг ҳолатини ва сифатини баҳолаш нормалари Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тегишли вазирликлар билан келишилган ҳолда тасдиқланади.



20-модда. Тупроқни ўрганиш


Тупроқни ўрганиш тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш мақсадида тупроқнинг ҳолатини ўрганиш, унинг сифатини баҳолаш ҳамда тупроқ деградацияси даражасини аниқлаш орқали амалга оширилади.

Тупроқни ўрганиш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг, Сув хўжалиги вазирлигининг, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ваколатли ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ер участкаларининг ижарачилари ўзига тегишли ер участкаларида тупроқни ўрганишни амалга ошириши мумкин.

Ўрганиш давомида танлаб олинган тупроқ намуналарини таҳлил қилиш аккредитация қилинган лабораторияларда амалга оширилади.

Тупроқни ўрганиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан белгиланган тегишли шакллар бўйича расмийлаштирилади.



21-модда. Тупроқ хариталари


Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг, шунингдек туманларнинг (шаҳарларнинг) тупроқ хариталарида тупроқнинг турлари бўйича географик жойлашуви, механик таркиби, шўрланиш, эрозия даражаси, ўзлаштирилиш даври ва тупроқ ҳосил қилувчи жинслар акс эттирилади.

Тупроқ харитаси тупроқ қопламини ўрганишга, тупроқ мониторингига оид маълумотлардан ва тупроқ тўғрисидаги бошқа ахборотдан фойдаланиш асосида тузилади.

Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг, шунингдек туманларнинг (шаҳарларнинг) тупроқ хариталарини тузади ҳамда улар асосида Ўзбекистон Республикасининг тупроқ харитасини тузишни ва янгилашни ташкил этади.

Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти томонидан тупроқни ўрганиш натижалари асосида тупроқ сифатини баҳолаш (бонитировка), шўрланиш, эрозия хариталари, агрокимёвий, экологик ва бошқа тематик тупроқ хариталари тузилади.

Тупроқ хариталарини тузиш ва янгилаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланади.



22-модда. Тупроққа оид маълумотлар фонди


Тупроқни ўрганиш ва тупроқ мониторинги натижасида олинган тупроқнинг ҳолати ва сифати тўғрисидаги маълумотлар (материаллар) тупроққа оид маълумотлар фондини ташкил этади.

Тупроққа оид маълумотлар фонди қуйидагиларни ўз ичига олади:

Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг, шунингдек туманларнинг (шаҳарларнинг) тупроқ хариталари;

тупроқнинг сифатини баҳолаш (бонитировка), шўрланиш, эрозия хариталари, агрокимёвий, экологик ва бошқа тематик тупроқ хариталари;

тупроқни ўрганишга оид маълумотлар;

тупроқ мониторинги маълумотлари.

Тупроққа оид маълумотлар фонди Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти тасарруфида бўлади.

Тупроққа оид маълумотлар фондини ҳисобга олиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан белгиланади.



23-модда. Тупроқ мониторинги


Тупроқ мониторинги тупроқдаги ўзгаришларни даврий кузатиб бориш тизими бўлиб, у ерлар мониторингининг таркибий қисмидир.

Табиий ва антропоген омиллар таъсирида тупроқнинг кимёвий, биологик, физикавий ҳамда бошқа хусусиятлари ўзгаришини аниқлаш тупроқ мониторинги объектидир.

Тупроқ мониторинги Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти томонидан амалга оширилади.

Тупроқ мониторинги натижаларига кўра тупроқнинг ҳолатидаги салбий жараёнларни прогноз қилиш, уларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. Тупроқ мониторинги натижалари ва тавсиялар тегишли давлат органларига тақдим этилади.



24-модда. Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини

ошириш соҳасидаги илмий тадқиқотлар


Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги илмий тадқиқотлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, тегишли соҳага оид илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим ташкилотлари, шунингдек бошқа илмий ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасида қуйидаги илмий тадқиқотлар амалга оширилади:

тупроқнинг экологик, мелиоратив ҳолатини ва биологик фаоллигини яхшилаш;

тупроқнинг ҳолатини ва сифатини баҳолаш;

агротехник, агрокимёвий, мелиоратив ва эрозияга қарши технологияларни ишлаб чиқиш;

тупроқ деградациясининг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш;

тупроқнинг ҳолатини масофадан туриб зондлашни, замонавий геоахборот тизимларини ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


25-модда. Низоларни ҳал этиш


Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



26-модда. Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини

ошириш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



27-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



28-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



29-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 3 февраль


"Халқ сўзи", 2024 йил 2 февраль












































Время: 0.0045
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск