ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Бошқа масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.02.2024 й. ПҚ-54-сон "Таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

02.02.2024 й.

N ПҚ-54



ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИ

ЖАДАЛЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш, таълим ташкилотлари фаолиятини илғор хорижий амалиётлар асосида ташкил этиш, педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида:


1. Таълим соҳасидаги кадрлар салоҳиятини ошириш, таълим ташкилотларида ўқув жараёнлари ва хизматлар кўрсатишни янги тамойиллар асосида ташкил этиш, таълим хизматлари сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, ислоҳотларни янада жадаллаштириш мақсадида давлат муассасаси шаклида "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси (кейинги ўринларда - Лойиҳа офиси) ташкил этилсин.

"Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офисининг асосий фаолият йўналишлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Лойиҳа офиси 2024 йилда қуйидагиларни амалга оширсин:

педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини таҳлил қилиш, ўқитувчиларнинг билими ва қизиқишига мос бўлган табақалаштирилган таълим дастурларини жорий қилиш, мазкур жараёнга нодавлат ва халқаро ташкилотларни жалб қилиш;

педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим ташкилотларини тизимли ривожлантириш ва уларда бошқарув фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг таълим дастурларини умумий ўрта таълим ташкилотлари ўқув дастурлари билан уйғунлаштириш;

профессионал таълимдан сўнг олий таълимни давом эттириш имкониятларини янада кенгайтириш, уч йиллик таълим дастурлари асосида амалий бакалавриат бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш;

ўқувчилар ривожланишига психологик-педагогик жиҳатдан ташхис қўйиш, уларнинг қобилияти ва мойилликларини аниқлаш бўйича замонавий усулларини жорий қилиш ҳамда ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш фаолиятини такомиллаштириш;

таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органларининг айрим функцияларини (таълим ташкилотлари рейтингини аниқлаш, таълим дастурларини аккредитациядан ўтказиш ва бошқалар) нодавлат, шу жумладан халқаро ташкилотларга аутсорсингга бериш бўйича таклифлар тайёрлаш;

таълим соҳасида хусусий сектор улушини янада ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, жумладан уни молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий қилиш.


3. Таълим соҳасини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича "йўл харитаси" 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Белгилансинки:

Лойиҳа офиси директори Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Лойиҳа офиси директорига тегишинча мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари учун белгиланган ваколатлар берилади;

Лойиҳа офиси директори икки нафар ўринбосарга эга бўлади;

Лойиҳа офиси штат бирликлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизими ташкилотларининг амалдаги штатлари доирасида шакллантирилади;

Лойиҳа офиси ҳар ойда таълим соҳасини ислоҳ қилиш ҳолати, амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва уларни бартараф этиш йўллари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб боради;

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, улар ҳузуридаги ташкилотлар ҳамда бошқа давлат органлари Лойиҳа офиси томонидан ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларнинг белгиланган муддатларда сифатли амалга оширилишини таъминлайди;

давлат органлари раҳбарлари Лойиҳа офисига ҳар томонлама кўмаклашади, шу жумладан унинг сўровига кўра ўз ходимларининг ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни сақлаб қолган ҳолда эксперт сифатида юборилишини таъминлайди;

таълимга оид масалаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Лойиҳа офиси билан келишилиши шарт.


5. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Лойиҳа офиси фаолиятини мувофиқлаштириб, унинг самарали фаолиятини таъминлаш чораларини кўрсин.


6. Лойиҳа офисини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

2024 йилда - Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар, 2025 йилдан бошлаб - Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар;

2024 йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 5 миллиард сўм ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 5 миллиард сўм миқдоридаги ажратмалар;

Лойиҳа офисининг асосланган таклифларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;

халқаро молия ташкилотлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳалар доирасида жалб қилинадиган грант маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


7. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бир ой муддатда Лойиҳа офисининг низомини, шунингдек, унинг тузилмаси, штат бирликлари сони, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари ва уларни моддий рағбатлантириш шартларини тасдиқласин.


8. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази Лойиҳа офиси, халқаро молия институтлари ва ташкилотлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

а) 2024 йил 1 сентябрга қадар ўқувчилар (талабалар)нинг эгаллаган билимини ва педагогларнинг малакаларини баҳолаш тизимини халқаро тажрибалар асосида такомиллаштирсин;

б) 2024 йил якунига қадар 3-иловада белгиланган муассасалар фаолиятини қайта кўриб чиқсин ва улардаги таълим сифатини ошириш бўйича зарур чоралар кўрсин;

в) 2024-2025 йилларда:

Профессионал таълим йўналишлари, мутахассисликлари ва касблари классификаторини - Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига, таълим дастурларини эса - янгиланган касбий стандартлар ва малака талабларига мослаштирсин;

камида 14 та профессионал таълим муассасаларининг фаолиятига тажриба-синов тариқасида халқаро таълим дастурларини, камида 10 та олий таълим муассасаси фаолиятига - замонавий бошқарув усуллари ва таълим сифатининг юқори стандартларини жорий қилсин;

педагогика, қишлоқ ва сув хўжалиги, техника, ахборот технологиялари ҳамда иқтисодиёт соҳасига оид таълим йўналишларининг халқаро аккредитациядан ўтказилишини таъминласин.


9. Лойиҳа офисига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

тегишли вазирлик ва идоралар, уларнинг тизимидаги муассасалар, нодавлат таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали мутахассисларини шартнома асосида Лойиҳа офиси фаолиятига жалб қилиш;

ишлаб чиқилган лойиҳаларни таълим ташкилоти, туман (шаҳар) ёки ҳудуд мисолида тажриба-синовдан ўтказиш;

давлат органлари ва ташкилотларидан зарур статистик, таҳлилий ҳамда бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг электрон ахборот тизимларидан бепул фойдаланиш.


10. Лойиҳа офиси директорига хорижий мутахассислар, эксперт, консультант ва маслаҳатчиларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида жалб этиш, ишга қабул қилиш ва уларга иш ҳақини миллий ёки чет эл валютасида, шу жумладан маблағларни уларнинг хориждаги ҳисобварақларига ўтказиш орқали тўлаш, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар, уларнинг таркибий тузилмалари мутахассисларини ислоҳотларни амалга ошириш жараёнларига жалб қилиш, улар иштирокида эксперт комиссиялари ва ишчи гуруҳларни тузиш ҳуқуқи берилсин.


11. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

бир ой муддатда Лойиҳа офиси фаолиятини ташкил этиш, шу жумладан уни жиҳозлаш, зарур моддий-техник воситалар ва алоқа турлари билан таъминлаш чораларини кўрсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


12. Ушбу қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.У. Умарова ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов белгилансин.

Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                          Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 2 февралдаги

ПҚ-54-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа

офисининг асосий фаолият йўналишлари


Қуйидагилар "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офисининг асосий фаолият йўналишлари ҳисобланади:


а) таълим соҳасини ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирлар ва истиқболли ташаббусларни ишлаб чиқиш;


б) халқаро ташкилотлар, молия институтлари, консалтинг компаниялари ва мутахассисларнинг тавсияларини таҳлил қилиш ва умумлаштириш, мақбул ташаббусларнинг самарали имплементация қилинишини таъминлаш;


в) етакчи экспертлар, консультантлар, маслаҳатчилар ва жамоатчиликни кенг жалб қилган ҳолда таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;


г) таълим турлари ва даражалари ўртасида узвийликни ва узлуксизликни таъминлаш, давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқишда вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамжиҳатликдаги фаолиятини йўлга қўйиш;


д) таълим ташкилотларида таълим сифати маданиятини шакллантириш, ўқув дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказишда вазирлик ва идораларга ҳар томонлама кўмаклашиш;


е) таълим сифатини назорат қилиш йўналишида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, хорижий ва халқаро баҳолаш ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш.

          

           




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 2 февралдаги

ПҚ-54-сон қарорига

2-ИЛОВА



Таълим соҳасини такомиллаштиришнинг устувор

йўналишларини амалга ошириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"


Т/р

Чора-тадбирлар

номи

     

Амалга ошириш

механизми

      

Ижро

муддати

     

Молиялаштириш

манбалари

      

Масъул

ижрочилар

       

       

I. МАКТАБГАЧА ВА МАКТАБ ТАЪЛИМИ СОҲАСИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ

        

1.

Битирувчиларнинг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини унификация қилиш.


1. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича битирувчиларнинг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини унификация қилиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш.


2024 йил

июнь


-

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К.Шарипов), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова), Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази (В.Хамидов), "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси


2. Ишлаб чиқилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2024 йил

июль


2.

Педагог кадрлар тайёрлаш тизимининг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлаш.


1. Педагог кадрларни тайёрлайдиган олий таълим муассасаларининг ўқув режа ва ўқув дастурларини таҳлил этиш.


2024 йил

август


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига республика бюджетидан ажратилган маблағлар, халқаро ташкилотларнинг грант маблағлари


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К.Шарипов), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова), Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази (В.Хамидов), "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси


2. Олий таълим муассасаларининг ўқув режа ва ўқув дастурларини ҳамда улардаги таълим жараёнини умумий ўрта таълим ташкилотлари дастурлари асосида қайта ишлаб чиқиш.

Бунда, педагогика таълим йўналишлари ўқув режаларида талабаларнинг методик тайёргарлиги бўйича ажратилган фанлар улушини камида 50 фоизга етказишни таъминлаш.


2025 йил

январь


3. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини таҳлил қилиш ва уни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2025 йил

январь


3.

Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.


1. Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказлари фаолиятини, профессор ўқитувчилар таркибини, ўқув режа ва дастурларини таҳлил қилиш.


2. Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказларини трансформация қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2024 йил

июль


-

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова), Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази (В.Хамидов), "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси


4.

Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш механизмларини жорий этиш.


1. Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ўқувчилар тарбияси ва одоб-ахлоқи ҳамда уларда ватанпарварлик туйғуларини тарбиялашнинг вертикал тизимини ишлаб чиқиш.


2. Ўқувчиларни тарбиялаш ва уларнинг давоматини яхшилаш бўйича "маҳалла еттилиги" билан биргаликда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш.


2024 йил

давомида

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига республика бюджетидан ажратилган маблағлар


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова), Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси (К.Куранбаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари


5.

Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг ўз ҳаёт йўлларини танлашига кўмаклашувчи тизим яратиш.


1. Умумий ўрта таълим муассасаларида психологлар фаолиятини таҳлил этиш.


2024 йил

июль


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига республика бюджетидан ва маҳаллий бюджетлардан ажратилган маблағлар


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова), Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази (В.Хамидов), "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси


2. Психологларнинг сифат таркибини яхшилаш бўйича тренинглар ташкил этиш.


2024 йил

давомида


3. Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис марказини трансформация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2024 йил

август


4. Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларининг қобилияти ва мойилликларини аниқлаш, уларнинг ривожланишига психологик-педагогик жиҳатдан ташхис қўйиш ҳамда уларни келажакда долзарб бўладиган касбларга йўналтиришнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш.


2024 йил

сентябрь


6.

Нодавлат таълим соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича самарали механизмларни жорий қилиш.


1. Нодавлат таълим соҳасида маъмурий тартиб-таомилларни қисқартириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.


2. Нодавлат таълим соҳасида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш.


3. Тавсия ва таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2024 йил

август


-

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова), Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази (В.Хамидов), "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси


      

II. ПРОФЕССИОНАЛ ВА ОЛИЙ ТАЪЛИМ СОҲАСИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ

       

7.

Профессионал таълим муассасаларининг ўқув жараёнига ривожланган хорижий давлатларнинг таълим дастурлари (curriculum) асосида ишлаб чиқилган дастурларни жорий қилиш.


1. Халқаро таълим дастурларини жорий этиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва битим имзолаш.


2024 йил

сентябрь


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига республика бюджетидан ажратилган маблағлар


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К.Шарипов), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (И.Норқулов)


2. Халқаро таълим дастурлари жорий қилинадиган касб ва мутахассисликларни танлаб олиш.


2024 йил

ноябрь


3. Ижодий гуруҳларни шакллантириш ва халқаро таълим дастурларини таржима қилиш.


2025 йил

февраль


4. Таржима қилинган халқаро таълим дастурлари асосида мазмунига миллий сегментни сингдирган ҳолда янги таълим дастурларини ишлаб чиқиш.


2025 йил

апрель


5. Халқаро таълим дастурлари талабларидан келиб чиқиб таълим дастурларининг ўқув юкламаларини қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш.


2025 йил

май


6. Ўқувчиларга бериладиган малакалар асосида Профессионал таълим йўналишлари, мутахассисликлари ва касблари классификаторига тегишли ўзгартиришлар киритиш.


2025 йил

июнь


7. Ишлаб чиқилган таълим дастурларини профессионал таълим муассасаларида жорий этиш.


2025/2026

ўқув

йилидан

бошлаб


8.

Профессионал таълим муассасалари ўқувчиларининг ўз таълимини олий таълим муассасаларида давом эттириш имкониятларини янада кенгайтириш

.

1. Касб-ҳунар таълимининг олий таълим билан интеграциясини кучайтириш, жумладан таълим муассасаларида кадрлар тайёрлашни "2+2", "1+3" ва бошқа схемалар асосида ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлаш.


2024 йил

1 сентябрь


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига республика бюджетидан ажратилган маблағлар


"Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К.Шарипов), олий ва профессионал таълим ташкилотлари, тегишли вазирлик ва идоралар


2. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва ҳузуридаги профессионал таълим муассасаларида TESOL, TEFL ўқув курслари ва Миллий малакалар рамкасининг 3-5-даражадаги малакаларни беришга йўналтирилган қўшма таълим дастурларини жорий қилиш ва уларнинг тегишли бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциясини таъминлаш.


2024/2025

ўқув

йилидан

бошлаб


3. Тошкент архитектура ва қурилиш университетида ва ҳузуридаги профессионал таълим муассасаларида Миллий малакалар рамкасининг 3-5-даражаларига мос бўлган қўшма таълим дастурларини жорий қилиш ва уларнинг тегишли бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциясини таъминлаш.


2024/2025

ўқув

йилидан

бошлаб


9.

Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш тартибини белгилаш.


Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонда фаолият юритиш тартибини белгиловчи Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Бунда, қарор лойиҳасида:

таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро ташкилотларга қўйиладиган талабларни;

таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтиши ва фаолият юритиши тартибини назарда тутиш.


2024 йил

август

-

"Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К.Шарипов), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Х.Умарова)


10.

Миллий олий таълим муассасаларининг таълим дастурларини халқаро рейтинг ташкилотларининг биринчи 300 талик рўйхатига кирган олий таълим ташкилотларининг таълим дастурлари асосида такомиллаштириш.


1. Таълим дастурлари такомиллаштириладиган таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхатини шакллантириш.


2024 йил

май


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига республика бюджетидан ажратилган маблағлар

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К.Шарипов), "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси, олий таълим ташкилотлари, тегишли вазирлик ва идоралар


2. Таълим дастурларини такомиллаштириш ва тасдиқланишини таъминлаш.


2024 йил

август


3. Такомиллаштирилган таълим дастурларини олий таълим муассасалари амалиётига жорий этиш.


2024 йил

сентябрь


11.

Олий таълимдаги ўқув жараёни ва баҳолаш тизимини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш.


1. Олий таълимда талабалар билимини баҳолаш ва назорат қилиш тартибини такомиллаштириш.


2024/2025

ўқув йили

давомида


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига республика бюджетидан ажратилган маблағлар


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К.Шарипов), "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси, олий таълим ташкилотлари, тегишли вазирлик ва идоралар


2. Мустақил таълимни ташкил этишнинг илғор тажрибаларини жорий этиш.


2025 йил

сентябрь


3. Барча олий таълим ташкилотларида антиплагиат дастурларини жорий этиш.


2025 йил

сентябрь

ойидан

бошлаб


4. Олий таълимдаги ўқув жараёни ва баҳолаш тизимига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш.


2025 йил

август


12.

Олий таълимда таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари экспортини ошириш мақсадида халқаро меҳнат бозори талаблари асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш.


1. Халқаро меҳнат бозорларининг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжини ўрганиш.


2024 йил

декабрь


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига республика бюджетидан ажратилган маблағлар


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К.Шарипов), "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси, олий таълим ташкилотлари, тегишли вазирлик ва идоралар


2. Ўрганиш натижалари асосида олий маълумотли кадрларни тайёрлаш бўйича таклифларни тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2025 йил

апрель


3. Халқаро меҳнат бозорларидаги эҳтиёж ва талаблардан келиб чиқиб кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш.


2025/2026

ўқув

йилидан

бошлаб


13.

Олий таълимда профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашнинг замонавий механизмларини жорий этиш.


1. Профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича дунёдаги етакчи университетлар тажрибасини ўрганиш ва натижаси бўйича амалдаги тартибни такомиллаштириш юзасидан таклифларни шакллантириш.


2024 йил

июнь


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига республика бюджетидан ажратилган маблағлар


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К.Шарипов), "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси, олий таълим ташкилотлари, тегишли вазирлик ва идоралар


2. Таклифларни олий таълим ташкилотлари мутахассислари ва хорижий экспертлар иштирокида муҳокамадан ўтказиш.


2024 йил

декабрь


3. Профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича янги тартибни жорий этиш.


2025/2026

ўқув

йилидан

бошлаб


14.

Олий таълим тизимининг меҳнат бозори талабларига мувофиқлиги таъминлаш.


1. Кадрлар тайёрлаш жараёнига иш берувчиларни жалб этиш механизмларини такомиллаштириш.


2024 йил

июль


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига республика бюджетидан ажратилган маблағлар


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К.Шарипов), "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси, олий таълим ташкилотлари, тегишли вазирлик ва идоралар


2. Таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришда иш берувчиларнинг иштирокини кенгайтириш, манфаатдорлигини ошириш ва жавобгарлигини белгилаш юзасидан таклифларни тайёрлаш.


2024 йил

декабрь


3. Талабалар амалиётини ташкил этиш ҳамда таълим дастурларини ишлаб чиқишда кадрлар буюртмачилари масъулиятининг аниқ чегараларини белгилаш.


2025 йил

май


15.

Муҳандислик-техника йўналишида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ташкилий-бошқарув фаолиятини такомиллаштириш.


1. Муҳандислик-техника йўналишидаги 33 та давлат олий таълим муассасаларининг фаолиятини комплекс таҳлил қилиш бўйича ишчи гуруҳини ташкил этиш.


2024 йил

май


Тегишли олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари, тармоқ ишлаб чиқариш корхоналари маблағлари


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К.Шарипов), Энергетика вазирлиги (Ж.Мирзамаҳмудов), Транспорт вазирлиги (И.Махкамов), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (И.Норқулов), "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси, тармоқ ишлаб чиқариш корхоналари


2. Муҳандислик-техника йўналишидаги олий таълим муассасаларида:

кадрлар тайёрлаш йўналишлари ва қабул параметрларининг соҳа тармоқларининг кадрларга бўлган реал эҳтиёжларига мувофиқлигини;

моддий-техник база (замонавий лабораториялар ва асбоб-ускуналарнинг мавжудлиги) ҳолатини;

амалдаги ўқув дастурларининг ишлаб чиқариш технологиялари ва иш берувчиларнинг талабларига мувофиқлигини;

талабаларнинг соҳадаги ишлаб-чиқариш ташкилотларида амалий билим олишини;

профессор-ўқитувчиларнинг билим даражаси ва ўқув адабиётларининг амалиётга йўналтирилганлигини ўрганиш.


2024 йил

июнь-август


3. Ўрганиш натижалари бўйича асосланган амалий таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2024 йил

сентябрь


16.

Олий таълим ташкилотларининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш.


1. Нуфузли халқаро аккредитация ташкилотлари рўйхатини шакллантириш ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқлаш.


2024 йил

май


Тегишли олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К.Шарипов), "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси, олий таълим ташкилотлари

2. Олий таълим ташкилотларида таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш.


2024 йил

июнь


3. Халқаро ташкилотлар билан таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш бўйича шартномалар тузиш ва аккредитацияни белгиланган тартибда амалга ошириш.


2024 йил

июлдан

бошлаб


4. Таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш жараёнларининг мониторингини юритишни йўлга қўйиш.


2024 йил

сентябрь


17.

Олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчиларининг хорижий давлатларда малака ошириши ва стажировкадан ўтишини ташкил қилиш.


1. Олий таълим ташкилотларининг 40 ёшгача бўлган профессор-ўқитувчиларини хорижий мамлакатларга малака ошириш ёки стажировкага юбориш учун саралаб олиш.


2024 йил

июнь


Тегишли олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К.Шарипов), "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси, олий таълим ташкилотлари


2. Саралаб олинган профессор-ўқитувчиларни хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш.


2024 йил

июль-

сентябрь


3. Малака ошириш ёки стажировка ўташ давомида ўрганилган илғор хорижий тажрибани олий таълим ташкилотида амалда жорий этилишини таъминлаш.


2024 йил

сентябрь-

декабрь


             

           




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 2 февралдаги

ПҚ-54-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа

офиси томонидан биринчи босқичда фаолияти

такомиллаштириладиган муассасалар

РЎЙХАТИ*

         

Т/р


Муассаса номи

     

Вазирлик (идора)дан бириктирилган масъул ходим

        

   

I. МАКТАБГАЧА ВА МАКТАБ ТАЪЛИМИ

ВАЗИРЛИГИ ТИЗИМИДАГИ МУАССАСАЛАР

          

1.

Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 9-сон умумий ўрта таълим  муассасаси


Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари У.Шарифходжаев


2.

Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази


Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Ф.Боқиев


3.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети


Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Т.Комилов


4.

Тошкент шаҳар Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази


Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари С.Раджабов


5.

Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 129-сон умумий ўрта таълим муассасаси


Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази директори В.Хамидов


       

II. ОЛИЙ ТАЪЛИМ, ФАН ВА ИННОВАЦИЯЛАР

ВАЗИРЛИГИ ТИЗИМИДАГИ МУАССАСАЛАР

           

6.

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари К.Каримов


7.

Тошкент гидрометеорология техникуми


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари С.Бузрукхонов


8.

Тошкент молия институти ҳузуридаги академик лицей


Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари Ш.Турдикулова


       

*) "Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази" лойиҳа офиси томонидан биринчи босқичда фаолияти такомиллаштириладиган муассасалар рўйхатига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

      

    

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 5 февраль






















































































Время: 0.0081
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск