ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Деҳқон хўжаликлари. Шахсий қўшимча хўжаликлар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.02.2024 й. 62-сон "Аҳолига деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

01.02.2024 й.

N 62




АҲОЛИГА ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИНИ

ТАШКИЛ  ЭТИШ  УЧУН  ИЖАРА  ҲУҚУҚИ

АСОСИДА АЖРАТИЛАЁТГАН ЕР МАЙДОНЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимиз ҳудудларида деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ер майдонлари ажратилиши аҳоли даромадларининг ошишига ва турмуш тарзини сезиларли даражада яхшилаш имконини бермоқда.

Айни пайтда янги ташкил этилган деҳқон хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини экишда "бир контур - бир маҳсулот" тамойилига амал қилинмаслиги, сифатли уруғлик материаллари, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари, кимёвий воситалар ва сув етказиб бериш ҳамда агроном хизматларини кўрсатиш, шунингдек, етиштирилган маҳсулотларни сотишда барқарор бозор яратиш ва экспорт бозорига кириб бориш учун билим ва кўникмаларнинг етарли эмаслиги ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш имконини бермаяпти.

Шу муносабат билан ижара ҳуқуқи асосида берилган ер майдонларида экспортбоп маҳсулотлар етиштириш учун шароит яратиш, ушбу ер майдонларини доимий даромад келтирувчи активларга айлантириш ва бу соҳада қўшилган қиймат занжирини яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2024 йил 18 январдаги ПФ-15-сон Фармони, "Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 14 сентябрдаги ПҚ-306-сон ҳамда "2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури тўғрисида" 2024 йил 9 январдаги ПҚ-7-сон қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Марказий банк, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг:

мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда аҳолига ижара ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонларида маҳсулот етиштиришдан бошлаб уни сотишгача бўлган занжирни яратишни назарда тутувчи "кооператив" ва "агрегатор" тизимига асосланган камида биттадан лойиҳани тажриба тариқасида Кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари (кейинги ўринларда - марказлар) орқали амалиётга жорий этиш;

деҳқон хўжаликлари ва юридик шахсларнинг бирлашиб эгалик қиладиган, пай усулига асосланган ҳамда аъзоларининг моддий ва бошқа эҳтиёжларини қондириш учун қишлоқ хўжалигида фаолият юритувчи "кооператив" ва улар томонидан етиштирилган маҳсулотни сотиб олувчи, қайта ишловчи ва экспортга чиқарувчи "агрегатор" тизимини йўлга қўйиш;

марказларда "агрегатор" тизими доирасида кичик тадбиркорлик субъектларини, шунингдек, маҳсулот етиштириш, йиғиш ва сотиш ҳамда "бир контур - бир маҳсулот" тамойили асосида экин майдонининг бизнес режаси ва лойиҳасини ишлаб чиқиш, суғориш тизимини модернизация қилиш ва сувдан самарали фойдаланиш бўйича ўқитишни ташкил қилиш учун хорижий ва маҳаллий экспертларни, халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг кўмагида малакали амалиётчи мутахассисларни жалб этиш;

"Бизнесни ривожлантириш банки" АТБ (кейинги ўринларда - Бизнесни ривожлантириш банки) ва марказлар томонидан мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ажратилаётган ер майдонлари контурларида қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва агрегаторлар фаолиятини йўлга қўйишда АТ "Халқ банки", "Агробанк" АТБ ва "Микрокредитбанк" АТБни ҳамкор банклар этиб белгилаш тўғрисидаги таклифлари маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар "кооператив" ва "агрегатор" тизимига асосланган лойиҳаларни амалга оширишнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил қилиш ва фаолиятини ривожлантириш, деҳқон хўжаликларининг маҳсулотни сотиб олувчи, қайта ишловчи ва экспортга чиқарувчи агрегаторлар билан ҳамкорлигини кенгайтириш;

қишлоқ хўжалиги кооперативига бирлашган деҳқон хўжаликлари билан агрегаторлар ўртасида "буюртмалар портфели"ни шакллантириш орқали шартнома институтини ривожлантириш;

деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларига уруғлик материаллари, минерал ўгитлар, кимёвий воситаларни етказиб бериш ҳамда агроном хизматларини кўрсатишнинг яхлит тизимини яратиш;

деҳқон хўжаликларининг ер майдонларида халқаро сифат ва стандартларга жавоб берадиган маҳсулотларни етиштириш;

халқаро ва маҳаллий экспертларни кенг жалб этган ҳолда, қишлоқ хўжалиги кооперативи аъзолари ва деҳқонларнинг малакасини доимий ошириб бориш;

агроном маслаҳати ва хизматларини кўрсатиш марказларини ташкил этиш;

маҳсулотларнинг барқарор бозорини шакллантириш;

маҳсулотларни халқаро сертификатлашдан ўтказувчи ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва агрегаторларга халқаро сертификатлар (Global G.A.P, organic ва бошқалар) олиши учун ҳар томонлама кўмаклашиш.


3. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

а) Бизнесни ривожлантириш банки ва ҳамкор банклар билан биргаликда 2024 йилда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда, кейинчалик республиканинг барча ҳудудларда аҳолига ижара ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонларида "кооператив" ва "агрегатор" тизимига асосланган камида биттадан лойиҳани тажриба тариқасида марказлар орқали амалиётга жорий этсин;

б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда деҳқон хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш лойиҳасини ишлаб чиқсин. Бунда:

"кооператив" ва "агрегатор" тизими жорий қилинадиган ер майдонлари ҳажмини контурлар кесимида аниқлаш;

экин майдонининг ҳолати, уруғларнинг униб чиқиши, экинларни ҳимоя қилиш, озиқлантириш ва бошқа агротехник тадбирларнинг ўтказилиши, ҳосилдорлик ва табиат омилларининг таъсири ҳамда маҳаллий ҳокимликлар томонидан зарур инфратузилма билан таъминланганлигини ўрганиш;

сув таъминотини яхшилаш, жумладан, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш, вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш ва ишга тушириш ишларини молиялаштириш;

маҳаллаларнинг ихтисослашуви, ер эгаларининг хоҳишлари ва мавжуд тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларининг "бир контур - бир маҳсулот" тамойили асосида экилишини таъминлаш чораларини кўрсин;

в) ҳамкор банклар билан биргаликда деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонларида бизнес лойиҳаларни амалга оширсин. Бунда:

деҳқон хўжаликларининг қишлоқ хўжалиги кооперативларига бирлашишига ҳар томонлама кўмаклашиш;

ҳудудда фаолият кўрсатаётган маҳсулотни сотиб олувчи, қайта ишловчи ва экспортга чиқарувчи ташкилотлар билан қишлоқ хўжалиги кооперативлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш ва агрегаторлик фаолиятига кенг жалб этиш;

"агрегатор" тизими жорий қилинадиган ер майдонларининг контурларида қишлоқ хўжалиги кооперативлари фаолиятини йўлга қўйиш учун ҳар бир контурга ҳоким ёрдамчиларини масъул этиб белгилаш;

маҳаллий ҳокимликлар ва ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда аҳоли ва агрегаторлар ўртасида муносабатларни ўрнатиш учун учрашув ва тарғибот тадбирларини ташкил этиш;

ҳудудларда органик маҳсулот етиштириш имкониятларини ўрганиш, органик маҳсулотлар етиштириш ва уларнинг барқарор бозорини топиш орқали "органик маҳаллалар"ни шакллантириш чораларини кўрсин.


4. Белгилансинки:

қишлоқ хўжалиги кооперативини ташкил этиш мақсадида яхлит контурлар асосида ер майдонларининг ер тузиш лойиҳалари ишлаб чиқилади ва электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижарага берилади;

деҳқон хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалиги кооперативини ташкил этиш учун ер майдонларини ижарага бериш бўйича "E-auksion" электрон савдо платформасида алоҳида тоифа (категория) очилади. Бунда ер майдони ҳажми камида 5 гектар бўлган яхлит контурлар танлаб олинади;

мазкур тизим асосида ер майдонларини ижарага олган ердан фойдаланувчиларни ихтиёрий равишда деҳқон хўжаликлари томонидан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативларининг аъзолари сифатида рўйхатдан ўтказиш тавсия этилади;

қишлоқ хўжалиги кооперативи шартномасида белгиланган шартларнинг деҳқон хўжаликлари томонидан бажарилмаслиги, уларга нисбатан ер ва сув солиқлари ставкаларининг икки коэффициентга оширилган ҳолда қўлланилишига ёки қишлоқ хўжалиги кооперативи уставида белгиланган тартибда кооператив хулосаларига асосан қишлоқ хўжалиги кооператив аъзолигидан чиқарилишига асос бўлади.


5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда:

икки ой муддатда электрон онлайн аукцион савдолари орқали ажратилган ер майдонларида деҳқон хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш ва уларга ердан фойдаланувчиларни аъзоликка қабул қилиш, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва агрегаторлар ўртасида тузиладиган шартномаларда томонларнинг мажбуриятларини белгилаш тартибларини назарда тутувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқилишини ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритилишини;

аҳоли, деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва агрегаторлар ўртасида тузиладиган намунавий шартнома лойиҳасини ишлаб чиқиб, ҳудудларга етказилишини ҳамда ўзларининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилишини таъминласин.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Кадастр агентлиги ҳамда Солиқ қўмитаси билан биргаликда:

а) бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2022 йил 10 сентябрдаги ПҚ-373-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида танловда турган ва талабгор чиқмаган ер майдонларини аҳоли пунктларига яқин ва сув таъминоти яхши бўлган ерларга алмаштириб, шунингдек, экспортбоп сабзавот экинлари экса бўладиган ерларни 1 гектаргача бўлган лотларга ажратган ҳолда, деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш учун ер майдони ҳажми камида 5 гектар бўлган яхлит контурларни электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилишини таъминласин. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига деҳқон хўжалигини юритиш учун талаб юқори бўлган туманларда бўш турган ер участкаларини белгиланган тартибда электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш ҳуқуқи берилади;

б) қишлоқ хўжалиги ер майдонларини ижарага олиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ернинг норматив қийматидан келиб чиқиб, ер участкасининг ижара муддатига ҳисобланадиган қўшимча тўловларни амалга оширмаган деҳқон хўжаликларидан ер майдонларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда туман ҳокимлигининг давлат захирасига қайтариш ва электрон онлайн аукцион савдоларга чиқариш чораларини кўрсин;

в) Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида бўш турган лалми ерлардан самарали фойдаланиш орқали юқори қийматли маҳсулот етиштириш мақсадида, истисно тариқасида, икки гектаргача бўлган ўлчамдаги ер участкалари электрон онлайн аукцион савдолари орқали деҳқон хўжаликларига ижарага берилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш мақсадида ер участкаларини ижарага бериш бўйича "E-auksion" электрон савдо платформасида алоҳида тоифа (категория) очилишини ва белгиланган тартибда электрон онлайн аукцион савдолари ўтказилишини ташкил этсин.


8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ қишлоқ хўжалиги кооперативларига бирлашган деҳқон хўжаликлари ва агрегаторларга:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 14 сентябрдаги ПҚ-306-сон қарорига 3-иловада белгиланган "Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш" комплекс дастури иштирокчиларини молиявий ва консультатив қўллаб-қувватлаш воситалари татбиқ этилади;

"Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш" комплекс дастури доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қишлоқ хўжалиги техникалари ва асбоб-ускуналарини харид қилиш, кичик ҳажмдаги совиткичли омборхоналарни қуриш учун 100 млн сўмгача кредитларни гаровсиз, 150 млн сўмгача кредитларни гаров талаби 50 фоизгача пасайтирилган ҳолда ажратиш имконияти назарда тутилади. Бунда лойиҳалар Бизнесни ривожлантириш банки ва ҳамкор банкларнинг ресурс маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонларида пакана ва ярим пакана усулда боғлар, узумзорлар, кўчатхоналар ҳамда енгил типдаги иссиқхоналарни "бир контур - бир маҳсулот" тамойили асосида ташкил этишга рухсат берилади. Бунда ушбу тартибларни жорий этиш бўйича мезон ва талаблар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан белгиланади ва унинг хулосаларига асосан амалга оширилади;

сув таъминоти оғир ҳамда лалми ерларда ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативи устав фондига улуш сифатида киритиш учун ижарачиларга ҳоким ёрдамчисининг хулосасига асосан Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача субсидия ажратилади. Бунда қишлоқ хўжалиги кооперативи устав фондига киритилган маблағлар сув қудуқларини бурғилаш, насос агрегатларини сотиб олиш, электр тармоқларини тортиш ва бошқа агротехник тадбирларга йўналтирилади.


9. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2024 йил 1 сентябргача Шаҳрисабз тумани "Наврўз" МФЙ ҳудудидаги Мираки насос станциясини тиклаш ва 13 км узунликда металл қувур тортиш орқали фойдаланишга киритиладиган 500 гектар ер майдонида "кооператив" ва "агрегатор" тизимини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини ишга туширсин.

Ушбу тажриба-синов лойиҳасини амалга оширишга Германия халқаро ҳамкорлик ташкилотининг (GIZ) грант маблағлари жалб этилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Кадастр агентлиги ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда икки ой муддатда:

деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижарага берилган ер майдонлари ҳисоби ва мониторингини юритиш учун тегишли ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилсин;

деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилган ер майдонлари контурларига ҳоким ёрдамчиларини бириктириб, "Online mahalla" электрон платформаси орқали ушбу ер майдонларида экилган экинларнинг ҳолатини мониторинг қилиш ва улардан кутилаётган ҳосил ҳисобини юритиш тизимини йўлга қўйсин;

деҳқон хўжаликлари ва агрегаторларнинг қишлоқ хўжалиги кооперативига ихтиёрийлик асосида аъзо бўлишда ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативида етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш, ички бозорга етказиб бериш ва экспорт қилиш ишларида ҳоким ёрдамчилари ва марказлар томонидан ёрдам кўрсатиш тизимини жорий қилсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги Хитой Халқ Республикасининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини электрон савдолар орқали сотиш ва хизматлар кўрсатиш тажрибасидан келиб чиққан ҳолда 2024 йил 1 сентябрга қадар "E-agrosavdo" электрон агросаноат бозори портали ишга туширилишини таъминласин. Бунда:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи деҳқон, фермер ва бошқа қишлоқ хўжалиги субъектларида, шунингдек, маҳсулотни сотиб олувчи, қайта ишловчи ва экспортга чиқарувчи ҳамда хизмат кўрсатувчи ташкилотларда "E-agrosavdo" электрон агросаноат бозори порталидан фойдаланиш бўйича тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар билан маҳсулотни сотиб олувчи, қайта ишловчи ва экспортга чиқарувчи агрегаторлар ўртасида онлайн шартнома тузиш, томонларнинг мажбуриятларини белгилаш ҳамда маҳсулотлар сотувини йўлга қўйиш;

тегишли электрон платформаларни интеграция қилиш орқали электрон маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, жумладан "Online mahalla" электрон платформасида ҳоким ёрдамчиларига деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижарага берилган ер майдонларида етиштирилган маҳсулотларни сотиш бўйича таклифлар киритиш имкониятини яратиш;

"E-agrosavdo" электрон агросаноат бозори порталини ишга тушириш учун халқаро молия институтлари маблағларини жалб этиш ва ундан самарали фойдаланиш чораларини кўрсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, "Агробанк" АТБ ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда халқаро сифат ва стандартларга жавоб берадиган маҳсулотларни етиштириш бўйича аҳоли ва деҳқонларнинг малакасини ошириш мақсадида ҳудудлар кесимида ўқув дастурларини ишлаб чиқиб, тасдиқласин;

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази таркибидаги илмий-тадқиқот институтлари ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги "Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази" олимлари иштирокида ҳудудларнинг эҳтиёжлари учун зарур бўлган ва экспортбоп экинларни интенсив усулда экиш ва етиштириш бўйича даврий равишда график асосида ўқув-семинарларини ташкил этсин;

қишлоқ хўжалиги кооперативларини ривожлантириш мақсадида деҳқон хўжаликлари ва агрегаторларни ўқитиш ҳамда малакасини ошириш учун "Агробанк" АТБнинг "Фермерлар мактаби"ни жалб этсин;

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида илмий ёндашувлар асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ҳосилдорликни ошириш мақсадида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти филиали очилишини таъминласин.


13. Қуйидагилар:

Аҳолига деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида берилган ер майдонларининг электрон ҳисобини юритиш ва мониторинг қилиш, маҳсулотни етиштиришдан бошлаб уни ташқи бозорда сотишгача бўлган жараённи ўз ичига олган "кооператив" ва "агрегатор" тизимини жорий этиш бўйича республика Ишчи гуруҳи таркиби 1-иловага мувофиқ;

Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда 2022-2023 йилларда деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ажратилган ер майдонларида "кооператив" ва "агрегатор" тизимига асосланган лойиҳаларни жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳамда "маҳаллабай" ишлаш бўйича ҳудудларга бириктирилган ишчи гуруҳ аъзоларига ҳудудларда "кооператив" ва "агрегатор" тизимини самарали жорий этиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


14. Белгилансинки:

сув таъминоти оғир ҳудудларда катта ҳажмдаги вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни бир қисмини қоплаш учун деҳқон хўжаликларига Вазирлар Маҳкамасининг "Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2020 йил 24 февралдаги 109-сон қарорида белгиланган тартибда субсидиялар ажратилади. Бунда субсидия ажратиш бўйича манзилли рўйхат ҳар ярим йилда шакллантирилади ҳамда субсидиялар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари доирасида ажратилади;

битта контурда жойлашган камида учта деҳқон хўжалигига қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида битта катта ҳажмдаги вертикал суғориш қудуғини бурғилаш ва ишга тушириш учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банкларидан кредит олишга рухсат берилади.


15. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

бир ой муддатда деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилган ер майдонларини сув билан таъминланганлик даражасини ўрганиб чиқсин;

деҳқон хўжаликларига ва улар томонидан сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинган майдонларга вегетация даврида сувни кафолатли етказиб бериш мақсадида сув лимитлари белгиланишини таъминласин.


16. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Кадастр агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

бир ой муддатда 3-иловага мувофиқ дастлабки босқичда деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ажратилган ер майдонларини ижарага бериш шартномаларига ижара муддатини 10 йилдан 30 йил муддатга узайтириш бўйича ўзгартириш киритган ҳолда уларни қайта расмийлаштирилишини таъминласин;

Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тасарруфидаги бўш турган яйловлар чорва молларини алмашлаб боқиш ва маҳсулдорликни ошириш шарти билан чорва моллари мавжуд бўлган аҳолига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда 10 гектаргача ўлчамда электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижарага берилишини ташкил этсин.


17. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши икки ой муддатда республика ҳудудлари бўйича деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун қўшимча ер майдонларини ажратиш ҳамда ушбу ер майдонларида юқори даромадли экинларни етиштириш орқали самарадорликни ошириш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


18. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ўн кун муддатда деҳқон хўжаликларига деҳқон бозорларининг қулай жойларида етиштирилган маҳсулотларни сотиш учун алоҳида расталар ташкил этиб, шароитлар яратиб берсин.


19. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.


20. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


21. Ушбу қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори М.М. Убайдуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А. Ходжаев ва Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 1 февралдаги

62-сон қарорига

1-ИЛОВА



Аҳолига деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун

ижара ҳуқуқи асосида берилган ер майдонларининг

электрон  ҳисобини  юритиш ва мониторинг қилиш,

маҳсулотни етиштиришдан бошлаб уни ташқи бозорда

сотишгача  бўлган  жараённи  ўз  ичига  олган

"кооператив" ва "агрегатор" тизимини жорий

этиш бўйича республика Ишчи гуруҳи

ТАРКИБИ

          

1. М. Убайдуллев

-

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори, Ишчи гуруҳ раҳбари


2. Ш. Атабоев

-

АТ "Халқбанк" раиси, Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари


3. С. Аннакличев

-

"Бизнесни ривожлантириш банки" АТБ раиси


4. Р. Маматқулов

-

"Агробанк" АТБ раиси


5. О. Бутаев

-

"Микрокредитбанк" АТБ раиси


6. И. Норқулов

-

иқтисодиёт ва молия вазири биринчи ўринбосари


7. А. Шукуров

-

қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари


8. Қ. Юлдашев

-

қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари


9. Р. Қаршиев

-

сув хўжалиги вазири ўринбосари


10. Н. Хусанов

-

Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари


11. М. Мирмақсудов

-

Кадастр агентлиги директорининг ўринбосари


12. Т. Рапиқов

-

Бош вазир ўринбосари котибияти мудири


13. З. Мустафоқулов

-

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раисининг ўринбосари


14. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, вилоятлар ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари


15. Лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари


16. Лавозимига кўра

-

"Маҳаллабай" ишлаш бўйича ҳудудларга бириктирилган, Ишчи гуруҳ аъзолари

           

Изоҳ. Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.

Ишчи гуруҳ ўзига юклатилган вазифаларни амалга оширишда, зарур ҳолларда, бошқа тегишли вазирлик ва идораларнинг мутасадди раҳбар ва масъул ходимларини жалб этиши мумкин.

          

         




Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 1 февралдаги

62-сон қарорига

2-ИЛОВА



Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда

2022-2023 йилларда деҳқон хўжалигини ташкил этиш

учун ажратилган ер майдонларида "кооператив" ва

"агрегатор" тизимига асосланган лойиҳаларни

жорий қилишнинг

ПРОГНОЗ КЎРСАТКИЧЛАРИ

          

Т/р

Ҳудудлар номи

Туманлар номи

Аҳолига ижарага берилган ер майдони,

гектар

        


Жами:

         

57 319

1.

Қорақалпоғистон Республикаси

Беруний


1 470

2.

Нукус


871

3.

Элликқалъа


838

4.

Тўрткўл


980

5.

Андижон вилояти

Андижон


975

6.

Асака


910

7.

Булоқбоши


457

8.

Хўжаобод


392

9.

Бухоро вилояти

Бухоро


1 376

10.

Бухоро ш.


31

11.

Жиззах вилояти

Бахмал


962

12.

Ғаллаорол


1 260

13.

Зомин


1 465

14.

Янгиобод


752

15.

Қашқадарё вилояти

Китоб


1 567

16.

Шахрисабз


885

17.

Яккабоғ


1 589

18.

Қамаши


1 288

19.

Чироқчи


1 037

20.

Навоий вилояти

Хатирчи


2 789

21.

Наманган вилояти

Косонсой


973

22.

Чортоқ


665

23.

Янгиқўрғон


999

24.

Тўрақўрғон


1 046

25.

Самарқанд вилояти

Булунғур


1 553

26.

Жомбой


634

27.

Самарқанд


506

28.

Тойлоқ


625

29.

Ургут


1 808

30.

Сурхондарё вилояти

Ангор


910

31.

Денов


1 185

32.

Олтинсой


961

33.

Сариосиё


1 313

34.

Термиз


533

35.

Сирдарё вилояти

Мирзаобод


3 939

36.

Ховос


2 734

37.

Тошкент вилояти

Зангиота


448

38.

Оҳангарон


1 328

39.

Паркент


771

40.

Тошкент


391

41.

Янгийўл


1 141

42.

Қибрай


635

43.

Фарғона вилояти

Қувасой ш.


785

44.

Ўзбекистон


1 142

45.

Олтиариқ


2 664

46.

Риштон


745

47.

Фарғона


1 372

48.

Фарғона ш.


177

49.

Хоразм вилояти

Боғот


1 275

50.

Урганч


1 288

51.

Хива


880

          

            




Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 1 февралдаги

62-сон қарорига

3-ИЛОВА



Деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун

ажратилган ва ижара муддати 10 йилдан 30 йил

муддатга узайтириладиган ер майдонлари

ҲАЖМЛАРИ

           

Т/р

Ҳудудлар номи

Деҳқон хўжаликлари

(лотлар) сони

       

Ер майдони ҳажми,

гектар

        

1.

Қорақалпоғистон Республикаси


14 118

5 192

2.

Андижон вилояти


43 675

4 418

3.

Бухоро вилояти


36 781

5 600

4.

Жиззах вилояти


13 908

7 102

5.

Қашқадарё вилояти


19 054

8 692

6.

Навоий вилояти


15 517

4 922

7.

Наманган вилояти


48 092

5 801

8.

Самарқанд вилояти


29 657

6 183

9.

Сурхондарё вилояти


27 965

5 614

10.

Сирдарё вилояти


9 541

4 732

11.

Тошкент вилояти


19 332

5 510

12.

Фарғона вилояти


35 624

4 989

13.

Хоразм вилояти


29 875

4 667

Жами:


343 139

73 422

          

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 2 февраль








































































Время: 0.0350
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск