ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим муассасаларини моддий-техник таъминлаш /

"IT talents" дастури доирасида нодавлат таълим ташкилотларига бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 12.02.2024 й. 86-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 12 февралдаги

86-сон қарорига

ИЛОВА



"IT talents" дастури доирасида нодавлат таълим

ташкилотларига бир марталик субсидия ажратиш

бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Регламент "IT talents" дастури доирасида нодавлат таълим ташкилотларига (кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълим тури бўйича) бир марталик субсидия (кейинги ўринларда - субсидия) ажратиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


"IT talents" дастури - "Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки" МЧЖ (кейинги ўринларда - IT-парк) резиденти бўлган IT-хизматларни экспорт қилувчи компанияларга юқори малакали мутахассисларни тайёрлаб берувчи нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш ҳамда кенгайтиришни рағбатлантиришга қаратилган лойиҳа;


битирувчи - талабгор ҳисобланган IT-парк резиденти бўлган нодавлат таълим ташкилотида таълим олган ва уни тамомлаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш гувоҳномасига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахс;


ишчи орган - Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Рақамли таълимни ривожлантириш маркази" давлат муассасаси;


компания - битирувчи ишга жойлашган, IT-хизматлар экспорти билан шуғулланувчи IT-парк резиденти бўлган ташкилот;


махсус тизим - нодавлат таълим ташкилотларини ва унда таълим олувчиларни рўйхатга олиш, улар ўртасида таълим олишга оид расмийлаштириладиган шартномаларни тузиш, ўқув жараёнларини кузатиб бориш, битирувчилар ишга жойлашганлигини мониторинг қилиб бориш ҳамда талабгорларнинг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали келиб тушган сўровномаларини кўриб чиқишга мўлжалланган ишчи органнинг ахборот тизими;


талабгор - "IT talents" дастурида иштирок этиш учун ушбу Регламентга мувофиқ ишчи органга мурожаат қилган, IT-парк резиденти бўлган нодавлат таълим ташкилоти. Ушбу нодавлат таълим ташкилотлари фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган бўлиши лозим.


3. Талабгорга бир нафар битирувчиси учун бир марталик субсидия мазкур Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ ажратилади.



2-БОБ. МАХСУС ТИЗИМДА РЎЙХАТДАН ЎТИШ,

МАЪЛУМОТЛАРНИ САҚЛАШ, УЛАРГА ИШЛОВ

БЕРИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


4. Талабгор махсус тизимда солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), ўқув йўналишлари, ҳисобварағи очилган банк ҳақидаги маълумотларни киритади ва "Электрон ҳукумат" тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими (OneID) орқали рўйхатдан ўтади.


5. Талабгор рўйхатдан жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини (ЖШШИР) киритиш орқали ўтади.


6. Битирувчи ёки унинг ота-онаси ёхуд қонуний вакили ҳамда талабгор ўртасида шартнома тузилади ёки улар томонидан имзоланган шартнома махсус тизимга юкланади.


7. Шартнома бўйича ўқув курсида таълим олиш учун белгиланган тўловларни битирувчи, унинг ота-онаси ёки қонуний вакили тўлайди.


8. Битирувчининг ўқув курсини тамомлаганини тасдиқловчи сертификат махсус тизимга жойлаштирилади.


9. Битирувчи компанияга ишга кирган кундан бошлаб олти ой давомида мазкур ташкилотда ишлаган тақдирда, махсус тизим орқали талабгорга хабарнома юборилади.

Хабарномада талабгорнинг тегишли битирувчи бўйича ЯИДХП орқали субсидия олишга ариза бериш имконияти маълум қилинади ҳамда ариза бериш учун ҳавола акс эттирилади.



3-БОБ. СУБСИДИЯ АЖРАТИШ БЎЙИЧА

ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


10. Талабгор субсидия олиш учун ЯИДХПда электрон рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилади.


11. Талабгор томонидан субсидия олиш учун мазкур Регламентга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ сўровнома тўлдирилади.

Бунда ҳар бир битирувчи бўйича алоҳида сўровнома юборилади ва талабгор томонидан давлат хизматидан фойдаланиш учун тўлов амалга оширилмайди.


12. Талабгор сўровномани тўлдириб, маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди.


13. Талабгор ЯИДХП орқали тақдим этилган ҳужжатлар ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.


14. Талабгор томонидан ЯИДХП орқали тасдиқланган сўровнома автоматик тарзда ишчи органга юборилади.


15. Ишчи орган икки иш кунида сўровнома тўғри ва тўлиқ тўлдирилганлигини текширади. Сўровномада камчиликлар аниқланган тақдирда, бу ҳақда бир иш кунида талабгорга ЯИДХП орқали камчиликларни бартараф этиш юзасидан хабарнома юборади.

Талабгор мавжуд камчиликларни бартараф қилиб, ўн кун ичида янги сўровнома билан такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


16. Сўровнома тўғри тўлдирилган тақдирда, ишчи органнинг масъул ходими томонидан ЯИДХП орқали талабгорга ҳужжатлар қабул қилинганлиги тўғрисида хабарнома юборилади.


17. Талабгор давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.

Талабгор давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади.


18. Талабгордан мазкур Регламентга 2-иловада келтирилган сўровномада кўзда тутилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.



4-БОБ. СУБСИДИЯ ОЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ

МУРОЖААТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


19. Ишчи орган ЯИДХП орқали махсус тизимга келиб тушган сўровнома бўйича қуйидаги маълумотларнинг мавжудлиги, тўлиқлиги ва тўғрилигини текширади:

нодавлат таълим ташкилоти IT-парк резиденти мақомига эга эканлигини - махсус тизимдан олинган маълумотлар асосида;

компания IT-парк резиденти эканлигини ҳамда компаниянинг йиллик экспорт хизматлари ҳажми ходимларга тўланган умумий йиллик иш ҳақи миқдоридан кам эмаслигини - махсус тизимдан олинган маълумотлар асосида;

нодавлат таълим ташкилоти ва таълим олувчи ўртасида тузилган шартномани - махсус тизимдан олинган маълумотлар асосида;

таълим олувчи ёки унинг қонуний вакили томонидан нодавлат таълим ташкилотига тўланган маблағларни (ҳомийлик хайриялари ва грант ҳисобидан битирган ўқувчилар бундан мустасно) - махсус тизимдан олинган маълумотлар асосида;

таълим олувчининг ўқув курсини муваффақиятли тугатганлиги ҳақидаги сертификатни - махсус тизимдан олинган маълумотлар асосида;

таълим олувчининг шахсини идентификация қилиш билан боғлиқ маълумотларни - "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинган маълумотлар асосида;

нодавлат таълим ташкилотининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасини - "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинган маълумотлар асосида;

таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни ёки тасдиқномани - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг электрон тизимидан олинган маълумотлар асосида;

битирувчининг иш фаолияти, давомийлиги ва ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар ҳамда битирувчи ишга жойлашган компаниянинг тўлаган солиқлари ҳақидаги маълумотлар - Солиқ қўмитаси тизимидан олинган маълумотлар асосида;

битирувчининг ишга жойлашгани ва лавозими тўғрисидаги маълумотлар - Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидан олинган маълумотлар асосида;

ногиронлиги бўлган битирувчиларнинг маълумотлари - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидан олинган маълумотлар асосида.

Бунда вазирлик ва идораларнинг ушбу бандда кўрсатилган маълумотлари "Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали махсус тизимнинг сўровига биноан олинади.


20. Талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ишчи орган томонидан етти иш кунида кўриб чиқилади.


21. Субсидия олиш юзасидан тўлдирилган сўровнома ишчи органга келиб тушган вақтига кўра рўйхатга олинган кетма-кетликка мувофиқ кўриб чиқилади.


22. Ишчи орган талабгорга бир марталик субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги қарорини беш иш кунида қабул қилади.

Ишчи орган субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги қарорларининг электрон реестрини юритади. Бунда реестрга қуйидаги маълумотлар киритилади:

субсидия берилган ёки бериш рад этилган нодавлат таълим ташкилотининг номи ва юридик манзили;

ташкилий-ҳуқуқий шакли;

раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми;

субсидия беришга асос бўлган талабгор ва битирувчи ўртасида тузилган шартноманинг рақами ва санаси;

битирувчининг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);

берилган субсидия миқдори;

субсидия бериш рад этилган ҳолда бунинг сабаблари.


23. Талабгорга субсидия ажратиш қуйидаги асосларга кўра рад этилади:

талабгор битирувчиси Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ўқув йўналишлари бўйича таълим олмаган бўлса;

талабгор битирувчиси компанияга хизмат кўрсатувчи ёки техник ходим сифатида ишга жойлашган бўлса;

солиқ органининг ахборот тизимида битирувчининг ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумот аниқланмаганда;

талабгор битирувчиси компанияда олти ойдан кам фаолият юритган бўлса;

битирувчи ўқишни битирганидан кейин уч ой муддатда компанияга ишга жойлашмаган бўлса;

талабгор битирувчиси ишга жойлашганидан сўнг бир йилдан кўпроқ муддат ўтиб, субсидия олиш бўйича сўровнома юборса;

таълим олувчи ва талабгор ўртасида шартнома имзоланган вақтдан бошлаб таълим олувчи компанияда ишлаб турган бўлса;

битирувчи талабгорда таълим олишидан олдин компанияда ишлаган бўлса;

компания томонидан битирувчига ойлик иш ҳақи миқдорларини белгилашда қалбаки ҳужжатлардан фойдаланишга ёки нотўғри ва ёлғон маълумотлар шакллантирилишига йўл қўйилган бўлса;

талабгор илгари субсидия олган битирувчи учун такрорий мурожаат қилса;

талабгорнинг таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия ёки хабардор қилиш тартибида фаолият юритиши учун берилган тасдиқномаси тугатилган бўлса;

бир нодавлат таълим ташкилоти бошқа нодавлат таълим ташкилоти томонидан битирувчи учун олинган субсидия юзасидан мурожаат қилса.


24. Субсидия ажратиш ёки уни рад этиш тўғрисида QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланган қарор электрон шаклда бир иш кунида ЯИДХП орқали талабгорга юборилади.


25. Субсидия ажратиш тўғрисидаги ижобий қарор қабул қилинган нодавлат таълим ташкилотларига мурожаатларнинг кетма-кетлигига қатъий амал қилган ҳолда субсидия ажратилади.


26. Ишчи орган субсидия ажратиш тўғрисидаги ижобий қарорга мувофиқ ажратилган суммани талабгорнинг банкдаги ҳисобварағига ўн беш иш кунида ўтказиб беради.

Бунда талабгор томонидан банкдаги ҳисобварақ маълумотлари нотўғри киритилгани аниқланган ҳолларда муддат ўтиши тўхтатилади ҳамда ишчи орган томонидан ҳисобварақ маълумотларини аниқлаштириш чоралари кўрилади.


27. Талабгорга тўланадиган субсидия битирувчисининг ўртача ҳисобланган ойлик иш ҳақи миқдори ҳамда фаолиятини бошлаган компания фаолият юритаётган ҳудудга қараб, мазкур Регламентга 3-иловада белгиланган миқдорларда бир марталик субсидия талабгорнинг банкдаги ҳисобварағига ўтказиб берилади.


28. ЯИДХП орқали белгиланган тартибда мурожаат қилган ва субсидия бериш рад этилмаган талабгорлар жорий молиявий йил доирасида субсидия ажратиш учун Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасининг бюджет параметрларида маблағлар етарли бўлмаганлиги сабабли субсидия олиш имкониятига эга бўлмаган тақдирда, кейинги чоракларда субсидия олувчилар рўйхатига автоматик равишда киритилади.



5-БОБ. АЖРАТИЛГАН СУБСИДИЯНИНГ

ҲИСОБИ ВА ҲИСОБОТИНИ ЮРИТИШ


29. Ишчи орган нодавлат таълим ташкилотларига берилган субсидияларнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг субсидия порталига жойлаштириш учун киритиб боради.


30. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялари вазирлиги ҳамда ишчи орган ҳар чоракда бир марта нодавлат таълим ташкилотларига субсидия ажратишга доир ҳисоботлар ҳақидаги маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштириб боради.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31. Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан талабгор томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.


32. Ушбу Регламентни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


33. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Маъмурий регламентга

1-ИЛОВА



"IT talents" дастури доирасида талабгорга

бир марталик субсидия ажратиш

СХЕМАСИ

        

    

Босқичлар

      


    

Субъектлар

    


    

Тадбирлар

    


    

Муддатлар

   











1-босқич


Талабгор


        

Махсус тизим орқали рўйхатдан ўтади ва ўзаро шартнома тузади.

        


Ўз хоҳишига кўра











2-босқич


Талабгор


      

1. Субсидия олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) рўйхатдан ўтади ва сўровнома тўлдиради.


2. Сўровномани Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги "Рақамли таълимни ривожлантириш маркази" давлат муассасаси (Ишчи орган)га юборади.

        


     

1. Ўз хоҳишига кўра



2. Автоматик тарзда











3-босқич


Ишчи орган


      

1. Сўровномани тўғри ва тўлиқ тўлдирилганлигини текширади.


2. Сўровнома тўғри тўлдирилганда ЯИДХП орқали талабгорга ҳужжатлар қабул қилинганлиги тўғрисида хабарнома юборади.


3. Ҳужжатларда камчиликлар аниқланганда, бу ҳақда талабгорга ЯИДХП орқали хабарнома юбориб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан тушунтириш беради.

     


      

1. Икки иш кунида





2. Бир иш кунида












4-босқич


Ишчи орган


    

Мавжуд маълумотлар базаси орқали сўровномани ўрганиб чиқади.

     


Етти иш кунида











5-босқич


Ишчи орган


         

1. Талабгорга субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


2. Субсидия ажратишни рад этиш ҳақидаги қарорни рад этишнинг сабабларини кўрсатиб, ЯИДХП орқали талабгорга юборади.

     


       

1. Беш иш кунида



2. Бир иш кунида











6-босқич


Ишчи орган


          

Белгиланган миқдордаги субсидияни ажратади ва талабгорнинг банкдаги ҳисобварағига ўтказади.

       


Ўн беш иш кунида







        

          




Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА



СЎРОВНОМА


_________________

_________________

(сана)

(рақам)

      

Нодавлат таълим ташкилоти тўғрисида маълумот:

     

1. Юридик шахснинг тўлиқ номи:



2. Давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами:



3. Битирувчининг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР):



4. Ташкилий-ҳуқуқий шакли:



5. Таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия ёки хабардор қилиш тартибида фаолият юритиши учун берилган тасдиқнома рақами:



6. Жойлашган жойи (почта манзили):



7. Хизмат кўрсатаётган банк номи:



8. Асосий фаолият тури:



9. Банкдаги ҳисобварағи:



10. Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР):



11. Банк коди (МФО):



12. Телефон рақами:



13. Электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса):



14. Юридик шахснинг раҳбари ёки ишончли вакили Ф.И.О ва ЖШШИР маълумотлари:



15. Юридик шахснинг раҳбари ёки ишончли вакилининг телефон рақами:



16. Битирувчи ногиронлигининг мавжудлиги (агар мавжуд бўлса):



         

       




Маъмурий регламентга

3-ИЛОВА



Битирувчиси IT-хизматларни экспорт қилувчи

ташкилотга ишга жойлашган нодавлат таълим

ташкилотларига ажратиладиган субсидия

МИҚДОРЛАРИ

          

Т/р

Битирувчининг 6 ой мобайнидаги

ўртача иш ҳақи



(меҳнатга ҳақ тўлашнинг

энг кам миқдорида)

        

Бир нафар битирувчи учун

ажратиладиган субсидия миқдори



(базавий ҳисоблаш миқдорида)

      

Бир нафар ногиронлиги бўлган

битирувчи учун ажратиладиган

субсидия миқдори


(базавий ҳисоблаш миқдорида)

     

     

I. Тошкент шаҳри бўйича

        

1.

10 баравардан юқори


75 баравар

105 баравар

2.

6 баравардан 10 бараваргача


50 баравар

75 баравар

3.

3 баравардан 6 бараваргача


25 баравар

50 баравар

       

II. Бошқа ҳудудлар бўйича

        

4.

6 баравардан юқори


75 баравар

105 баравар

5.

4 баравардан 6 бараваргача


50 баравар

75 баравар

6.

2 баравардан 4 бараваргача


25 баравар

50 баравар

           

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 13 февраль



































































Время: 0.2060
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск