ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / ғғғғғғғғғғғҒҒҒғғғқққ /

Ўзбекистон Республикасининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом озиқланишни таъминлашнинг 2030 йилгача мўлжалланган Стратегияси (ЎзР Президентининг 16.02.2024 й. ПФ-36-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 16 февралдаги

ПФ-36-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг

озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом озиқланишни

таъминлашнинг 2030 йилгача мўлжалланган

СТРАТЕГИЯСИ


УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, мавжуд ер, сув ва бошқа ресурслардан янада оқилона фойдаланиш, замонавий ва интенсив технологияларни қўллаш орқали қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар аста-секин ўз самарасини бермоқда.

Хусусан, экин майдонларидан йил давомида самарали фойдаланиш ҳисобига асосий, оралиқ ва такрорий экин сифатида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат экинлари экилиб, улардан юқори ҳосил етиштирилиб, нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорларда ҳам савдо ҳажмини оширишга имконият яратилди.

Аграр ва озиқ-овқат соҳаларининг ҳар бир тармоғини янги ва интеграциялашган ёндашув асосида бошқаришга ўтилиши, ушбу тармоқларнинг жадал ва барқарор ривожланишини таъминлаш билан бир қаторда, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва қўшимча қийматни ва маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг озиқ-овқат хавфсизлигини ва соғлом овқатланишини таъминлаш зарурати давлат сиёсатини янгича ва халқаро тан олинган илғор амалиётга ёндашган ҳолда юритишни талаб этмоқда.

Сабаби, бугунги кунда атроф-муҳит ва табиий ресурсларга инсонлар ва ҳайвонот оламининг таъсири кучайиб бориши, барқарор бўлмаган қишлоқ хўжалиги амалиётлари, исрофгарчилик, илғор ва ривожланаётган давлатлар ўртасидаги озиқ-овқат баланси бўйича фарқнинг ўсаётганлиги, иқлим исиши, сув танқислиги, биологик хилма-хилликнинг камайиб бориши, тупроқ унумдорлигининг пасайиб, деградацияга учраши бир қатор салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Бундан ташқари, 2025 йилга бориб Ўзбекистон ўртача даражадан юқори даромад оладиган мамлакатлар қаторига кириши мақсад қилинган. Бу истеъмолчиларнинг турмуш тарзи, хулқ-атвор андозалари, овқатланиш рациони тегишли тарзда ўзгаришига олиб келади.

Шуларни эътиборга олган ҳолда, овқатланиш меъёрларини жорий қилиш (шу жумладан, зарур нутриентлар мавжуд бўлиши, зарарли моддалар, турли қўшимчалар, ветеринария препаратлари, бўёқлар, таъм берувчилар, эмульгаторлардан фойдаланишни ҳамда маҳсулотларни тайёрлаш, ишлов бериш, ташиш ва сақлаш технологияларига риоя этилишини назорат қилиш), шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат қиймат занжиридаги барча жараёнларни такомиллаштириш учун янада самарали қўллаб-қувватлаш, назорат ва тартибга солиш механизмларини ишлаб чиқиш зарур.

Ўзбекистон Республикасининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлашнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) Ўзбекистон аҳолиси учун озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишнинг халқаро миқёсда тан олинган таърифларига мувофиқ - озиқ-овқат маҳсулотлари мавжудлиги, фойдалана олиш имконияти, истеъмол, барқарорлик ва доимийлигини таъминлашга қаратилган вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлашнинг стратегик мақсади - мамлакат аҳолисини етарли ҳажмда хавфсиз, сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда ҳозирги ва истиқболдаги истеъмол эҳтиёжлари ва рацион меъёрлари даражасида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом овқатланишни тарғиб қилишдан иборат.

Шу билан бирга, Стратегияда Ўзбекистоннинг турли халқаро ташкилотлар ва савдо келишувларига аъзо бўлишида мамлакат аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишини таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш зарурати ҳисобга олинган.

Озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш масаласи Ўзбекистон барқарор ривожланишининг ажралмас қисми бўлиб, унга тўртта мақсадни амалга ошириш орқали эришиш керак:


1-мақсад. Ўзбекистоннинг барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимини барча учун етарли даражада озиқ-овқат мавжуд бўлишини таъминлаш мақсадида мустаҳкамлаш. Қуйидагилар ушбу мақсадга эришиш учун энг муҳим вазифалар ҳисобланади:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш;

озиқ-овқат таъминоти занжирида маҳсулотлар йўқотилиши ва исрофгарчилигини камайтириш;

табиий ресурслар, ер, сув ва озиқ-овқат захираларини барқарор бошқариш;

трансчегаравий ҳайвонлар касалликлари ва ўсимликлар зараркунандаларига қарши курашиш;

қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги, чорва ҳайвонлари маҳсулдорлигини барқарор ошириш учун қишлоқ жойларда маслаҳат- ахборот тизимларини ва билимларни ошириш хизматларини такомиллаштириш.


2-мақсад. Ҳар бир инсонда озиқ-овқатдан фойдаланиш имконияти бўлиши учун инклюзив, самарали ва боғланган бозорларни яратиш. Қуйидагилар ушбу мақсадга эришиш учун энг муҳим вазифалар ҳисобланади:

кичик хўжаликларнинг қишлоқ хўжалигининг озиқ-овқат қиймат занжирларига кириш имкониятини яхшилаш;

қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш ва камбағалликни қисқартириш учун бозор рақобатини ва боғлиқлигини кучайтириш;

ички бозорларнинг халқаро савдо тизими билан боғлиқлигини мустаҳкамлаш.


3-мақсад. Соғлом озиқ-овқат муҳитида тўйимли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тананинг ўзлаштира олишини рағбатлантириш. Қуйидагилар ушбу мақсадга эришиш учун энг муҳим вазифалар ҳисобланади:

соғлом ва мувозанатли овқатланишни (диетани) тарғиб қилиш;

озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва мустаҳкамлаш;

озиқ-овқатлардан самарали фойдаланиш учун уларни ишлаб чиқариш муҳитини яхшилаш.


4-мақсад. Озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлашдаги барча жараёнларда барқарорликка эришиш. Қуйидагилар ушбу мақсадга эришиш учун энг муҳим вазифалар ҳисобланади:

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда улар бозорларининг табиий-техноген офатлар ва иқлим ўзгариши хавфларига чидамлилигини кучайтириш;

ишлаб чиқариш қувватлари ва бозор алоқаларини аниқ дастур ва "йўл хариталари" асосида тизимли ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларда озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш имкониятларини ошириш.

Мазкур Стратегия иккита асосий бўлимдан иборат:


I бўлим - Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўлими учта устувор йўналишни қамраб олади:


1. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда аҳолининг барча қатламлари соғлом ва фаол ҳаёт кечириши учун табиий ва моддий ресурслардан фойдаланишнинг самарали иқтисодий ва экологик бошқарув тизимларини жорий қилиш.


2. Фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун самарали бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган стратегик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг давлат назорати остидаги захирасини яратиш.


3. Табиий ва техноген офатлар, глобал сиёсий ва иқтисодий инқироз, пандемия, ҳарбий амалиёт ва бошқа ҳодисаларнинг салбий таъсирида юзага келадиган хавф-хатарларни мониторинг қилиш платформасини яратиш.


II бўлим - Соғлом овқатланишни таъминлаш бўлими иккита устувор йўналишни қамраб олади:


1. Аҳолининг барча қатламини етарли миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун ижтимоий ҳимоянинг миллий тизимларини такомиллаштириш ва уларнинг барқарорлигини таъминлаш;


2. Озиқ-овқат ва соғлом озиқланиш хавфсизлиги даражасини ошириш учун жамоатчиликни кенг жалб қилган ҳолда соғлом овқатланиш ва озиқланиш тамойиллари, озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлик кўрсаткичлари ва уларга риоя этиш амалиётларини тарғиб қилиш.


I бўлим. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш


Озиқ-овқат хавфсизлиги - аҳолининг барча қатламларини соғлом ва фаол ҳаёт кечиришлари учун жисмоний, ижтимоий, иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг истеъмол эҳтиёжларини тўлиқ қоплаш, хавфсизлик кўрсаткич меъёрларига мувофиқлигини таъминлаш, юқори озуқавий қийматга эга озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш шароитларини кафолатловчи давлатнинг иқтисодий ҳолати.


1.1. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда аҳолининг барча қатламлари соғлом ва фаол ҳаёт кечириши учун табиий ва моддий ресурслардан фойдаланишнинг самарали иқтисодий ва экологик бошқарув тизимларини жорий қилиш.

Мамлакатимизда йил сайин кўпайиб бораётган аҳолини етарли миқдорда озиқ-овқат маҳсулотларига эга бўлиш имконияти билан таъминлашда маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида 2016-2022 йилларда жами 329 минг гектар пахта ва ғалла ер майдонлари мақбуллаштирилиб, ўрнига юқори рентабелли озиқ-овқат ва озуқа экинлари жойлаштирилди.

Шу билан бирга, 2023 йилда яна қўшимча 93 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига деҳқон хўжаликларини юритиш учун озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга ер ажратилди.

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида эришилган ижобий натижалар билан бирга табиий ресурслардан мақбул ва барқарор фойдаланишда хавф-хатар солувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар юзага келган.

Бугунги кунда республикамиздаги жами 21,2 миллион гектар яйлов ерларнинг 16,9 миллион гектари (79,5%) фойдаланишда бўлиб, қолган 4,3 миллион гектари ўрмон ер фонди ва давлат захирасига олинган.

2023 йилгача 10,3 миллион гектар яйлов ерларда ўтказилган геоботаник тадқиқотларга кўра 703 минг гектар (7,7%) яйлов ерлар деградацияга учраб, қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз ҳолга келиб қолган.

Бугунги кунда 2,0 млн гектардан (65 %) ортиқ суғориладиган ерларнинг гумус миқдори 1 фоиздан паст даражага тушиб қолганлиги, 44 фоизи турли даражада, жумладан 14 фоизи ўрта ва кучли даражада шўрланганлиги экинлардан кўзланган ҳосилни олишга ва ушбу қишлоқ хўжалиги ерларидан барқарор фойдаланишга салбий таъсир кўрсатмоқда.


Ушбу масалаларни миллий даражада ҳал этиш учун қуйидагилар амалга оширилади:


1.1.1. Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш:

қишлоқ хўжалиги ерларини асраш, қайта тиклаш ва уларнинг унумдорлигини ошириш;

қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш ва оқилона фойдаланишда замонавий технологияларни татбиқ қилиш;

сув ресурсларининг ҳозирги ва келажакдаги шаклланиш манбалари ҳамда захирасини инобатга олган ҳолда фойдаланилмаётган ерларни қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритишни давом эттириш.


1.1.2. Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш:

суғориш учун сув ресурслари манбаларининг етишмовчилигини баҳолаш;

сув тежовчи технологияларни жорий этиш кўламини кенгайтириш, рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш;

глобал исиш ва иқлим ўзгариши натижасида юзага келадиган сув танқислиги ва қурғоқчиликка қарши ҳамда йўқотиладиган маҳсулотлар ўрнини альтернатив маҳсулотлар билан тўлдириш чораларини кўриш.


1.1.3. Инвестицияларни жалб этиш:

озиқ-овқат хавфсизлиги учун муҳим бўлган инфратузилмаларга инвестициялар йўналтиришни кучайтириш;

аҳолига кафолатланган озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш мақсадида чекка ҳудудларда транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш;

ишлаб чиқарувчилардан етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш учун агрологистика марказлари фаолияти ва хизматларини рақамлаштириш;

озиқ-овқат хавфсизлигига давлат ёрдамини кучайтириш мақсадида (барқарор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, сув ва энергия таъминотидан барқарор фойдаланиш, иқлимдан оқилона фойдаланиш, қайта ишлаш ва сақлаш учун мақбул ишлаб чиқариш амалиётлари ҳамда ҳосилдан кейинги йўқотишларни камайтиришга қаратилган) субсидиялар ажратиш бўйича ягона сиёсат олиб борилишини ва платформа ишлаб чиқилишини таъминлаш;


деҳқон бозорлари инфратузилмаларини замон талаблари асосида модернизация қилиш ва хусусий сармояларни жалб қилиш дастурини қабул қилиш.


1.1.4. Халқаро тажрибаларни қўллаш:

озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича амалдаги қонунчиликни халқаро стандартлар талабларига ва илғор тажрибаларга мувофиқлаштириш мақсадида "Ўзбекистон Республикасининг озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида" қонунини қабул қилиш;

озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида халқаро келишувлар ҳамда минтақалараро интеграцияни ривожлантириш;

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан тавсия этилган ва бошқа халқаро ҳамда миллий нормалар ва стандартларга мувофиқ аҳоли сонининг ўсишига нисбатан озиқ-овқат маҳсулотларининг мавжудлиги, фойдалана олиш имконияти, истеъмол, барқарорлиги ва доимийлигини таҳлил қилиш ҳамда таъминлаш чораларини кўриш.


1.1.5. Атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш:

иқлим ўзгариши, табиий ёки техноген офатларнинг (тошқинлар, қурғоқчилик, ҳарорат ўзгариши ва бошқа омиллар) атроф-муҳит ва экологияга таъсирини мунтазам баҳолаб бориш ҳамда уларни таҳлил қилиш натижаларига кўра зарур мослашиш ва салбий таъсирларни юмшатиш чораларини кўриш;

озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш ва ўрашда инсон саломатлиги учун хавфли бўлган моддаларни чиқармайдиган, маҳсулот хусусиятларининг яхши сақланиши ва хавфсизлигини таъминлайдиган, қайта ишланадиган ёки атроф-муҳитга зарар етказмасдан фойдаланиш ёки йўқ қилиш мумкин бўлган материалларни ишлатиш орқали экологик тизимга салбий таъсирни камайтириш;

ўсимликларни ҳимоя қилишнинг экологик хавфсиз (биологик ва табиий) усулларини кенг қўллаш ҳамда экинлар ҳосилдорлигини экологик ва илмий асосда ошириш;

иқлим ўзгаришига салбий таъсир этувчи CО2, метан ва бошқа чиқиндиларни камайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва ноқишлоқ хўжалиги корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнида юзага келувчи CО2, метан ва бошқа чиқиндиларни мониторинг қилиш ва босқичма-босқич камайтириш чораларини кўриш.


1.2. Фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун самарали бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган стратегик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг давлат назорати остидаги захирасини яратиш.

Ўзбекистонда бошоқли дон экинлари майдонининг кенгайиши (пахта майдонининг мос равишда қисқариши ҳисобига) ва ҳосилдорликнинг сезиларли даражада ошиши натижасида буғдой ишлаб чиқариш 2016 йилда 6,4 миллион тоннани, 2023 йилда эса 7,1 миллион тоннани ташкил қилди.

Буғдой етиштириш бўйича кўрсаткичлар сезиларли даражада ошганлигига қарамасдан, аҳоли сонининг ўсиши ҳисобига истеъмол учун мўлжалланган буғдойнинг 28 фоиз қисми хорижий давлатлардан импорт қилинади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига буғдой истеъмоли йилига ўртача 244 килограммни ташкил этиб, бу кўрсаткич аксарият мамлакатларга нисбатан сезиларли даражада юқори ҳисобланади.

Сўнгги йилларда буғдой уни импорти камайиб (2011-2012 йилларга нисбатан 2019-2020 йилларда 70 фоизга камайган), маҳаллий қайта ишлаш корхоналари сонининг ошиши ҳисобига дон сотиб олиш ҳажми кўпайди. Буғдой импорти йилига ўртача 3 миллион тоннани ташкил этмоқда.

Бу юқори сифатли буғдой унига бўлган ички эҳтиёжни қондириш билан бирга эҳтиёждан ортиқ қисмини қўшни мамлакатларга экспорт қилиш имкониятини яратди (асосан Афғонистон давлатига 970 минг тонна).

Шу билан бирга жами озиқ-овқат маҳсулотлари экспортига нисбатан импорти ҳам ошиб бормоқда (2022 йилда 20 фоиз).

Маҳсулотни сақлаш тизимларидан фойдаланган ҳолда, муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари захираларининг барқарорлигини таъминлай оладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг стратегик захирасини яратиш, шунингдек, табиий ва техноген офатлар зарарларининг олдини олиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, таъминот занжирида узилишларга йўл қўймаслик ҳамда аҳолига, айниқса жамиятнинг заиф қатламларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, ўз вақтида зарур маҳсулотларга эга бўлиш ва бу маҳсулотларнинг мавжудлигини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий қилиш талаб этилади.

Озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёси захирасини яратишнинг самарали бозор механизмларини жорий этишда қуйидагилар амалга оширилади:


1.2.1. Уруғчилик ва наслчиликни ривожлантириш:

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказига ўтказилган уруғлик дон тайёрлаш корхоналарини тўлиқ модернизация қилиш ҳамда фаолиятини хусусий сектор билан ҳамкорликда ташкил этиш;

юқори сифатли ғалла уруғлари етиштиришни янги, бозорга асосланган рағбатлантириш тизимлари орқали қўллаб-қувватлаш;

биофортификация технологияларини рағбатлантириш мақсадида дон, дуккакли, мева, сабзавот, шакарқамиш ва бошқа тегишли экинларда микроэлементларга бой мавжуд маҳаллий навларга йўналтирилган уруғчиликни ривожлантириш бўйича мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

чорвачилик тармоқларини барқарор ривожлантириш учун наслчилик ишларини жадаллаштириш.


1.2.2. Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш:

озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчиларнинг кооперативларини ихтиёрий равишда ташкил этиш ва ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича мақсадли дастурни қабул қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари қўшилган қийматини кўпайтириш ва йўқотишларни камайтириш мақсадида қайта ишлаш корхоналари "кооперация-кластер" усулидаги алоқаларни ривожлантириш;

интенсив усулда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари тури, нави, кўлами ва уларнинг экин майдонларини кенгайтириш;

қишлоқ хўжалиги бўйича мақсадли илмий лойиҳалар орқали мева-сабзавот, қанд лавлаги, картошка, мойли ва дуккакли экинларнинг маҳаллий маҳсулдор навларини кўпайтириш ва уларни фермерлар томонидан ўзлаштириш ва етиштиришни тарғиб қилиш;

буғдой унини тиббий меъёр доирасида табиий микроэлемент ва витаминлар билан бойитилган ҳолда ишлаб чиқариш;

мойли экинлар майдони ва ҳосилдорлигини ошириш орқали ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ҳамда муҳим витаминлар ва минералларга бой соғлом ва мувозанатли овқатланишнинг бир қисмини ташкил этадиган тўйимли ўсимлик ёғларини ишлаб чиқаришни рағбатлантириш;

бозор механизмларига мос рағбатлантириш тизимини жорий этиш ҳисобига чорва ва паррандалар сонини, гўшт, сут, тухум, балиқ ва асал ишлаб чиқариш ҳажмларини аҳоли сонининг ўсишига мутаносиб равишда ошириб бориш;

балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришда самарадорлиги юқори бўлган замонавий интенсив технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш, балиқчиликнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш, юқори малакали кадрларни жалб этишга ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;

озиқ-овқат маҳсулотларининг ўрим-йиғимдан кейинги жараёнлари, жумладан, тўғри сақлаш, ташиш, ишлов бериш ҳамда маҳсулотларнинг савдоси бўйича маҳсулот етиштирувчилар ва аҳолининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув семинарлари ва тренинглар ташкил этиш.


1.2.3. Озиқ-овқат маҳсулотлари миллий захираларини ва нархлари барқарорлигини таъминлаш:

озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички истеъмол бозорида стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат (картошка, пиёз, сабзи, гуруч, гўшт, сут, шакар, ўсимлик ёғи) маҳсулотлари нархлари кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида "баланс-захира-интервенция" тизимининг эркин бозорга асосланган самарали механизмларини жорий этиш. Бунда, уй хўжаликларининг озиқ-овқат захираси ва истеъмоли бўйича маълумотларини ҳар йили монографик тадқиқотлар олиб бориш орқали шакллантириш;

миллий инқироз ёки фавқулодда вазиятларда (табиий ва техноген офатлар, иқтисодий, соғлиқни сақлаш, ташқи сиёсат барқарорлиги бузилиши) етарли миқдорда озиқ-овқат захираларининг мавжудлигини таъминлаш мақсадида миллий стратегик ғалла ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини самарали бошқаришни йўлга қўйиш;

озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини яратиш ва бошқаришда коррупция ҳамда сиёсий аралашувга йўл қўймаслик;

барча асосий экспорт бозорларида ҳамда республикамиз ички бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлар динамикаси, етиштириш прогнозлари, уларнинг ўзгаришлари тўғрисида маълумотлар базаси (банки)ни шакллантириш.


1.2.4. Хорижий ҳамкорликни ривожлантириш:

аҳоли сонининг ўсиши, ер ва сув ресурслари чекланганлигини инобатга олиб, ғалла, мойли экинлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини ҳамкор қўшни давлатларда етиштириб, хомашё ва ҳосилни Ўзбекистонга олиб келиш, сақлаш ва қайта ишлаш чораларини кўриш;

зарур ҳолларда савдо таҳлиллари асосида озуқавий қиймати юқори бўлган ноанъанавий маҳсулотларга эҳтиёжни импорт ҳисобидан қоплаш;

халқаро ҳамкорлар ва экспертлар билан озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш масалаларида қўшма илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш.


1.3. Табиий ва техноген офатлар, глобал сиёсий ва иқтисодий инқироз, пандемия, ҳарбий амалиёт ва бошқа ҳодисаларнинг салбий таъсирида юзага келадиган хавф-хатарларни мониторинг қилиш платформасини яратиш.

Озиқ-овқат хавфсизлигида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш, баҳолаш ва бошқариш, огоҳлантириш ҳамда мониторинг қилиш бўйича ягона тизим яратилмаган.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича чораларни ишлаб чиқиш ва дастурларни мониторинг қилиш, маълумотларни ўз вақтида, ишончли ва сифатли тақдим этиш, қабул қилиш, таҳлил қилиш ва тарқатиш учун соҳанинг мавжуд ахборот тизимларини такомиллаштириш мақсадида қуйидагилар амалга оширилади:


1.3.1. Рақамли технологияларни жорий этиш:

озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш бўйича барча манфаатдор томонлар, шу жумладан уй хўжаликларида сўровлар ўтказиш орқали (асосий ва мониторинг кўрсаткичларига мувофиқ) озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича тегишли маълумотларни тўплаш, сақлаш, таҳлил қилиш ва мувофиқлаштириш;

озиқ-овқат хавфсизлигини баҳолаш учун идоралараро интеграциялашган рақамли тизимни яратиш орқали озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланиш бўйича Миллий ахборот платформасини ишга тушириш ҳамда ушбу платформа доирасида халқаро стандартлар ва усуллар асосида мониторинг ўтказиш;

Стратегияни амалга оширишда иштирок этувчи барча манфаатдор вазирлик ва идоралар учун тармоқ бошқарувида ахборот тизимлари мувофиқлигини такомиллаштириш;

минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини Миллий ахборот платформаси билан интеграция қилиш.


1.3.2. Халқаро кузатув маълумотларини таҳлил қилиш:

Халқаро даражада ишлаб чиқилган ҳисоблаш ва таҳлилий дастурлар (Global Food Systems Dashboard, FAOSTAT, UN COMTRADE, World Develop-ment Indicators, Global Food Security Indicators ва бошқа) маълумотларини тўплаш, таҳлил қилиш, хулоса ва таклифлар тайёрлаш ҳамда индикаторларни Миллий ахборот платформасида жорий этиш.


II бўлим. Соғлом овқатланишни таъминлаш


Соғлом овқатланиш (nutrition) - бу ёши, жинси, соғлиғи ва касбидан қатъи назар, ҳар бир инсонни мақбул яшаши интеллектуал ривожланиши, турли касалликларнинг олдини олиши учун зарур бўлган макро ва микроэлементлар озуқавий қийматининг оптимал нисбатини ўз ичига олган, хилма-хил озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли миқдорда таъминланиш.


2.1. Аҳолининг барча қатламини етарли миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун ижтимоий ҳимоянинг миллий тизимларини такомиллаштириш ва уларнинг барқарорлигини таъминлаш.

Сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни иш ўрни, даромад ва озиқ-овқатлар билан барқарор таъминлаш мақсадида алоҳида реестр юритиш ("темир дафтар", "аёллар дафтари", "ёшлар дафтари") тизими йўлга қўйилди.

Ижтимоий реестрларга кирган аҳолига қишлоқ ҳудудларда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун қарийб 200 минг гектар ер майдонлари ажратилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларнинг шароитларидаги ўзгаришларни кузатиш учун ягона ижтимоий ҳимоя маълумотлар тизимини яратиш мақсадида турли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари интеграцияси таъминланмаган.

Шу билан бирга аҳолига ер майдонлари ажратиш орқали ўз-ўзини сифатли ва турли хил озиқ-овқатлар билан таъминлаш имкониятларини янада кенгайтириш талаб этилади.

Хорижий тажрибалар асосида озиқ-овқат маҳсулотларининг тамғасида белгиланган яроқлилик муддати тугашига қисқа даврлар қолганда, маҳсулотни хайрия тарзида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига тарқатиш фаолиятини амалга оширувчи "Food Banking" тизими фаолияти йўлга қўйилмаган.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг гуруҳлар бўйича аҳоли жон бошига истеъмол қилиш даражаси таҳлилларига кўра, Ўзбекистонда ун ва нон маҳсулотлари, тўйинган ёғ, ош тузи, шакар ва гўшт истеъмол қилиш кўрсаткичлари Осиё ва дунё мамлакатларининг ўртача кўрсаткичидан юқорилиги, аксинча дуккакли ва дон маҳсулотлари, мева ва резаворлар, ёнғоқлар истеъмол кўрсаткичи талаб даражасидан пастлиги аниқланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан шакар, оддий углеводлар, тўйинган ва транс ёғлар истеъмолини чеклаш, бунинг ўрнига мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш тавсия этилмоқда.

Носоғлом овқатланиш ва тўйиб овқатланмаслик оқибатларининг глобал иқтисодиётга салбий таъсири йилига 3,5 трлн АҚШ долларини ёки аҳоли жон бошига 500 АҚШ долларини ташкил этади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури таҳлилларига кўра, Ўзбекистонда меъёрида овқатланмаслик оқибатида йўқотилган самарадорлик сабабли юзага келган яширин қўшимча харажатлар 3,5 баравар кўп бўлиб, 7,3 трлн сўмни ташкил этмоқда.

Ушбу масалаларни тизимли ҳал этиш ҳамда фуқароларнинг соғлом овқатланиши учун муҳим аҳамиятга эга асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришда қуйидагилар амалга оширилади:


2.1.1. Ижтимоий ҳимоя:

ижтимоий реестрларда рўйхатга олинган фуқароларнинг ўзини ўзи озиқ-овқатлар билан таъминлашини тизимли равишда ташкил этиш учун уларга ер майдонлари ажратиш бўйича ишларни кучайтириш;

аҳолига деҳқон хўжаликларини юритиш учун ажратишган ерларда ҳамда томорқа ерларида ўз эҳтиёжлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш имкониятини кенгайтириш, уларни юқори ва сифатли ҳосил берувчи озиқ-овқат экинлари уруғликлари билан таъминлаш;

бозор нархида озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш имконига эга бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож ва даромад манбаи чекланган фуқароларнинг энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш даражасини ошириб бориш, жумладан, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда озиқ-овқат маҳсулотлари банклари (Food Banking) пилот дастурини синовдан ўтказиш бўйича махсус мақсадли миллий дастурларни қабул қилиш.


2.1.2. Аҳоли саломатлигини мониторинг қилиш:

озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлиги ҳамда соғлом озиқланиш бўйича республика вазирлик ва идоралари маълумотларини Миллий ахборот платформасига интеграция қилиш;

Жаҳон овқатланиш ҳисоботи (Global Nutrition Report), жумладан гўшт, тўйинган ёғ, таркибида натрий ва шакар бўлган ичимликларни, айниқса, соғлом овқатланиш учун зарур бўлган мева-сабзавот, дуккакли ва дон маҳсулотларини истеъмол қилиш даражалари бўйича маълумотлар таҳлилларини амалга ошириш ва таклифлар ишлаб чиқиш;

озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини назорат ва мониторинг қилиш бўйича мутахассис кадрлар сонини, малакасини, билим ва кўникмаларини ошириш.


2.2. Озиқ-овқат хавфсизлиги учун жамоатчиликни кенг жалб қилган ҳолда соғлом овқатланиш тамойиллари, озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлик кўрсаткичлари ва уларга риоя этиш амалиётларини тарғиб қилиш.

Мамлакатимиз бугунги кунда озиқ-овқат истеъмоли билан боғлиқ юқумли бўлмаган касалликлар, жумладан, қандли диабет, саратон ва юрак-қон томир, ортиқча вазн, макро ва микроэлементлар етишмовчилиги каби касалликлар тарқалиши бўйича дунё мамлакатлари орасида юқори қаторлардан ўрин олган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда охирги 15 йилда тўртта асосий юқумли бўлмаган касалликларни даволаш учун 1,4 трлн сўм сарфланган.

Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш жараёнларида хавфсизликни бошқаришни назорат қилиш тизими ривожланмаганлиги ва хавфли бўлган озиқ-овқатларни сотиш учун жавобгарлик кучайтирилмаганлиги сабабли озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиш хавфи ортиб бормоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини назорат қилиш тизими бир неча давлат органлари Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан тайёр маҳсулотларга нисбатан хулоса бериш орқали амалга оширилмоқда.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, ҳайвонот дунёсини даволаш препаратлари устидан назорат қилишда, таркибида фаол моддалар бўлган пестицидларни рўйхатдан ўтказиш, сотиш ва улардан фойдаланиш каби муҳим соҳаларни тартибга солишда катта бўшлиқлар мавжуд.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини назорат қилиш бўйича билим ва тажрибага эга бўлган мутахассис кадрлар етишмайди. Лаборатория ходимлари етарли эмас ва улар халқаро аккредитациядан ўтиш учун зарур бўлган мунтазам малакани тасдиқлаш синовларидан ўтмайдилар.

Озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни тарғиб қилишни кучайтириш бўйича ташвиқот режасини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш лозим.

Соғлом овқатланиш тамойиллари, озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлик кўрсаткичларига риоя этишдаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича қуйидагилар амалга оширилади:


2.2.1. Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш:

озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги устидан давлат назоратини ягона тизим орқали бошқариш, бунда турли идоралардаги функцияларни ягона тизимга келтириб, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги инспекциясини ташкил этиш;

"даладан-истеъмолгача" занжирида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини назорат қилиш тизимини кучайтириш, халқаро талаблардан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги даражасини текшириш ва таҳлил қилиш бўйича лабораториялар тизимини ривожлантириш;

озиқ-овқат маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчиларга тўлиқ етказиш;

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида туз, қанд ва ёғ миқдорини инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсиз ҳамда зарарсиз бўлган меъёр кўрсаткичларини белгилаш;

биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш ва уларни рўйхатдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш;

импорт ва маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида генетик модификацияланган организмлар (ГМО) ва саноат трансёғлари бўлиши хавфини баҳолаш.


2.2.2. Соғлом овқатланишни тарғиб ва ташвиқот қилиш ишларини ташкил этиш:

Соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, бунда тўйинган ёғли маҳсулотлар, ош тузи, шакар ва ёғли маҳсулотларнинг ўрнини босувчи керакли микро-макроэлементлар ва оқсилга бой маҳсулотларнинг (мева-сабзавот, дуккакли, резавор, балиқ, сутли маҳсулотлар, асал ва бошқалар) истеъмолини оширишни тарғиб қилиш;

соғлом овқатланиш амалиётларини кўриб чиқиш ва аҳолининг тушунча ва билимларидаги бўшлиқларни аниқлаш борасидаги бирламчи тадқиқотлар ва изланишларнинг устувор йўналишларини белгилаш;

ёш болалар ва гўдакларнинг соғлом овқатланишини таъминлаш;

мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида соғлом овқатланиш тамойилларини тарғиб қилиш;

мактабгача ва мактаб таълими ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ҳудудида кучли газланиб ширинлаштирилган ва энергетик ичимликлар ҳамда ўта тузланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол ва реализация қилиш бўйича чекловларни жорий этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, барча даражадаги давлат муассасалари ва идораларида соғлом овқатланиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга қаратилган тадбирлар ташкил қилиш;

соғлом овқатланиш бўйича оммавий ахборот воситаларида махсус эшиттириш ва кўрсатувлар тайёрлаш.


Стратегияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар

Ушбу Стратегияда назарда тутилган тадбирларнинг ҳаётга жорий қилиниши натижасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш жадаллашади.

Хусусан, "Тўйиб овқатланмасликка барҳам бериш", "Соғлиқ ва фаровонлик", "Тоза сув ва санитария" ва бошқа шу каби мақсадлар бўйича қабул қилинган миллий мақсадларга эришилади, аҳоли фаровонлиги таъминланади.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун, биринчи навбатда, ички истеъмол талабидан келиб чиққан ҳолда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш доирасида:

асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг кафолатланган захиралари яратилади;

аҳолининг соғлом овқатланиши учун зарур бўлган оқсил ва микроэлементлар, витаминларга бой маҳсулотлар, жумладан мева-сабзавот, мева-резавор, полиз, дуккакли, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, балиқ ва балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўпаяди;

асосий қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ички селекцияси ривожлантирилади;

табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳисобига чорвачиликнинг табиий озиқа захираларини ҳимоя қилиш, сақлаш ва кейинги авлодга етказиш имконияти ошади;

халқаро индексларда, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги индексидаги (The Global Food Security Index) ва глобал очлик индексидаги (Global Hunger Index) кўрсаткичлар яхшиланади;

асосий турдаги озиқ-овқат экинлари ҳосилдорлиги 1 гектар майдонда буғдой - 100 центнер, шоли - 56,5 центнер, картошка - 222 центнер, сабзавотлар - 295 центнер, полиз экинлари - 200 центнер, мева ва резавор - 150 центнер, узум - 180 центнер, мойли экинлар - 22 центнерга етказилади;

2030 йилга қадар жами интенсив боғлар майдони 110 минг гектарга, интенсив усулда сабзавотлар етиштириладиган майдонлар 55,4 минг гектарга, шунингдек, озуқа экинлари майдонлари улуши 15 фоизга, мойли экинлар майдони улуши 5,7 фоизга етказилади;

аҳоли ўртасида тўйиб овқатланмайдиган фуқаролар улуши жами аҳоли сонига нисбатан 2,5 фоиздан 1,5 фоизга туширилади.

Бунинг натижасида қишлоқ хўжалиги экинлари, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик учун миллий уруғчилик ва экиш материаллари, шунингдек, наслчиликни ривожлантириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эришилади.

Озиқ-овқат хавфсизлигининг таъминланиши ва соғлом овқатланиш тизимининг тўлиқ жорий қилиниши, аҳоли ўртасида тўйиб овқатланмасликка барҳам берилиши - овқатланиш билан билвосита ёки бевосита боғлиқ касалликларнинг кескин камайишига асос бўлади ҳамда аҳолининг ўртача умр кўришини ҳозирги 72 ёшдан 78 ёшга узайтириш имкони яратилади.

Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари таъминотининг ривожланиши ва сифатининг ошиши ҳисобига халқаро инсонпарварлик ёрдамларида озиқ-овқат маҳсулотлари билан иштирок этиш имкони янада ортади.

Аҳолининг доимий фаол ва соғлом ҳаёт кечириши учун хавфсиз ва тўйимли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари мавжудлигига ва ундан тўғри фойдаланишга, таъминот барқарорлигига ҳамда жисмоний, иқтисодий ва харид қилиш имконияти ошишига эришилади.

                 

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 16 февраль








































































Время: 0.1983
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск