ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим соҳасида бошқарув. Таълим муассасаларини лицензиялаш ва аттестациядан ўтказиш /

Мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини аттестациядан ҳамда давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.02.2024 й. 91-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 14 февралдаги

91-сон қарорига

1-ИЛОВА



Мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини

аттестациядан ҳамда давлат аккредитациясидан

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг давлат ва нодавлат мактабгача ҳамда умумий ўрта таълим ташкилотларини (кейинги ўринларда - таълим ташкилотлари) аттестациядан ва давлат аккредитациясидан (кейинги ўринларда - аккредитация) ўтказиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом психик ривожланиши суст бўлган болалар учун мактаб-интернатлар, ақли заиф болалар учун (ёрдамчи) мактаблар ва мактаб-интернатларга ҳамда кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.


2. Таълим ташкилоти аттестацияси (кейинги ўринларда - аттестация) ва аккредитацияси Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонунида ҳамда ушбу Низомда белгиланган талаблар асосида ўтказилади.

Таълим ташкилотлари аттестациядан ва аккредитациядан ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича ўтказилади.


3. Аттестация таълим ташкилотининг фаолиятини баҳолашда давлат назоратининг асосий шакли ҳисобланади ва унинг мақсади таълим ташкилотларида таълим сифатининг давлат таълим стандартлари ҳамда давлат таълим талабларига мувофиқлигини аниқлашдан иборат.

Таълим ташкилотлари аккредитациядан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) ёки таълим ташкилотларининг хоҳишига кўра республикада тан олинган халқаро аккредитация ташкилотлари томонидан аттестацияга асосан ўтказилади.


4. Қуйидагилар аттестациянинг асосий принциплари ҳисобланади:

мустақиллик;

холислик;

ошкоралик;

шаффофлик;

даврийлик;

мажбурийлик.


5. Аккредитация таълим ташкилотлари фаолиятининг давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига мувофиқлиги давлат томонидан эътироф этилиши ва ушбу ташкилотларга ўз битирувчиларига давлат намунасидаги маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни топшириш ҳуқуқини беришдан иборат.


6. Янги ташкил этилган давлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилган, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари эса лицензия берилган пайтдан бошлаб 5 йил муддатга, давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари ташкил этилган, нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари эса лицензия берилган пайтдан бошлаб 11 йил муддатга аккредитациядан ўтган деб ҳисобланади.

Бунда нодавлат таълим ташкилоти битирувчиларига давлат намунасидаги ҳужжат бериш ҳуқуқи унинг аризасига мувофиқ аккредитациядан ўтказилгандан сўнг берилади.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисига мувофиқ белгиланган муддатлар тугаганидан сўнг таълим ташкилотлари аккредитациядан ўтказилиши шарт.


7. Лицензияга эга бўлган нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари томонидан давлат намунасидаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат давлат таълим стандартлари асосида таълим олган битирувчиларга берилади.

Давлат таълим стандартларидан ташқари таълим дастурлари асосида таълим олган нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари битирувчиларига давлат намунасидаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат берилмайди.


8. Таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш қуйидаги босқичлардан иборат:

аттестациядан ўтказиш жараёнига тайёргарлик кўриш;

таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш ва унинг натижаларини таҳлил қилиш;

аттестация натижаларига кўра таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш бўйича қарор қабул қилиш;

аттестациядан ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини белгилаш;

аттестация натижалари бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ижросини назорат қилиш;

таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини амалга ошириш.


9. Таълим ташкилотлари аттестациядан ушбу Низомга 2-иловада белгиланган мезонлар асосида ўтказилади.



2-БОБ. ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИНИ

АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ


10. Аттестация мазкур Низомда белгиланган талаблар асосида Вазирлик томонидан ташкил этилади.

Аттестация таълим ташкилотларининг фаолиятини ички ва ташқи баҳолашдан иборат икки босқичда ўтказилади.

Таълим ташкилотларининг фаолиятини ички баҳолаш таълим ташкилотлари томонидан ўзини ўзи баҳолаш ҳисобланади.

Таълим ташкилотларининг фаолиятини ташқи баҳолаш ички баҳолаш ўтказилганидан кейин уларнинг фаолиятини Вазирлик ёки таълим ташкилотларининг мурожаатига кўра республикада тан олинган халқаро аккредитация ташкилотлари томонидан баҳолаш ҳисобланади.


11. Қуйидагилар таълим ташкилотлари фаолиятини ички баҳолашнинг асосий мақсади ҳисобланади:

таълим ташкилотлари фаолиятини аттестация кўрсаткичлари ва мезонлари асосида баҳолаш;

таълим ташкилотларида таълим сифати ва мазмунининг давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига мувофиқлигини аниқлаш;

таълим ташкилотларининг фаолиятидаги мавжуд муаммолар ва камчиликларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чораларини кўриш;

таълим ташкилотларини ташқи баҳолашга тайёрлаш.


12. Ички баҳолаш таълим ташкилотлари раҳбарларининг буйруғи билан ташкил этиладиган ички баҳолаш комиссиялари томонидан ушбу Низомда белгиланган баҳолаш мезонлари асосида амалга оширилади.


13. Таълим ташкилотлари фаолиятини ички баҳолаш ташқи баҳолашдан камида икки ой олдин ўтказилади. Ички баҳолаш жараёнлари 24 иш кунигача давом этиши мумкин.


14. Таълим ташкилотлари фаолиятини ташқи баҳолаш учун аттестация комиссиялари ташкил этилади.


15. Аттестация комиссиялари томонидан таълим ташкилотлари фаолиятини ташқи баҳолаш 3 иш кунигача муддатда амалга оширилади.


16. Мактабгача таълим ташкилотлари 5 йилда, умумий ўрта таълим ташкилотлари эса 11 йилда камида бир марта мажбурий тарзда аккредитация муддати келганда аттестациядан ўтказилади.

Бунда фаолият юритаётган мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари амалдаги аккредитация сертификатининг муддати тугаганидан сўнг мос равишда 5 ва 11 йил муддатга аккредитациядан ўтказилади.

Таълим ташкилотлари таркибидаги филиаллар аттестацияси таълим ташкилотлари аттестацияси билан бир вақтда ўтказилади.

Таълим ташкилотлари муддатидан олдин аттестация ва аккредитациядан шартнома асосида ўтиши мумкин.


17. Аттестация жараёнида таълим турлари бўйича таълим ташкилотларининг охирги икки йиллик фаолиятини комплекс таҳлил қилиш қуйидаги баҳолаш соҳалари бўйича ўрганилади:

1) мактабгача таълим ташкилотларида:

таълим-тарбия жараёни;

бошқарув сиёсати ва кадрлар салоҳияти;

ривожлантирувчи таълим муҳити;

жамоатчилик ва ҳамкорлик;

2) умумий ўрта таълим ташкилотларида:

ташкилий-бошқарув фаолиятининг самарадорлиги;

таълим сифати кўрсаткичлари;

ўқув жараёнини ташкил этиш ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги;

таълим таъминоти ва АКТ инфратузилмаси;

жамоатчилик билан ҳамкорлик ва тарғибот ишлари;

хавфсизлик.


18. Ташқи баҳолаш жараёнида ички баҳолаш натижалари, дарс жараёнлари ва таълим фаолияти таҳлил қилинади, битирувчи синф (4, 9 ва 11-синфлар) ўқувчиларидан назорат ишлари олинади ва тарбияланувчиларнинг ривожланиши кузатилади.

Битирувчиларнинг билим даражасини аниқлаш ва тарбияланувчиларнинг ривожланишини кузатиш Вазирлик томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади. Бунда баҳолашнинг янги тизими (форматив ва сумматив баҳолаш усули) жорий этилган умумий ўрта таълим ташкилотларида битирувчи синф (9 ва 11-синф) ўқувчиларининг ўзлаштириш натижалари ҳисобга олинади. Битирувчиларни баҳолаш жараёнига нодавлат баҳолаш ташкилотлари жалб этилиши мумкин.

Таълим ташкилотлари фаолияти республикада тан олинган халқаро аккредитация ташкилотлари томонидан баҳоланган тақдирда, баҳолаш тартиби халқаро аккредитация ташкилотлари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


19. Аккредитация комиссиясининг қарорига мувофиқ таълим ташкилотларининг аккредитацияси жойига чиқмасдан ҳам ўтказилиши мумкин.


20. Нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Аттестациядан ўтказганлик учун тўлов Вазирликнинг бюджетдан ташқари ҳисобварағига ўтказилади ва аттестация билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун йўналтирилади.


21. Аккредитациядан ўтказиладиган таълим ташкилотлари рўйхати аккредитация муддати тугайдиган йилдан олдинги йилнинг 1 октябрига қадар белгиланган тартибда Вазирлик томонидан тасдиқланади.

Бошқа вазирликлар ва идоралар тизимидаги таълим ташкилотларининг аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги аризалари бўйсунувига кўра тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан қабул қилиниб, рўйхат асосида ҳар йили 1 октябрга қадар Вазирликка тақдим этилади.


22. Нодавлат таълим ташкилотлари аттестациядан ўтказиш тўғрисида Вазирликка қуйидаги маълумотлар кўрсатилган ариза билан мурожаат қилади:

таълим ташкилотининг тўлиқ ва қисқартирилган номи, жойлашган жойи, телефон рақами, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайти ва электрон почта манзили тўғрисидаги маълумот (филиали мавжуд бўлган таълим ташкилоти маълумотларни филиал бўйича ҳам тақдим этади);

солиқ тўловчининг идентификация рақами.


23. Тизимида давлат таълим ташкилотлари бўлган бошқа вазирлик ва идоралар аттестациядан ўтказиш жадвалини ҳамда аттестацияга оид бошқа ҳужжатларни таълим ташкилотлари фаолиятини ташқи баҳолашдан камида икки ой олдин Вазирликдан, нодавлат таълим ташкилотлари эса Вазирликнинг ҳудудий бошқармаларидан оладилар.

Давлат таълим ташкилотларида ички баҳолаш ҳар йили амалга оширилади ва натижалари туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ёки Вазирликнинг ҳудудий бошқарма раҳбарларининг электрон рақамли имзоси билан онлайн аккредитация платформасига жойлаштириб борилади.

Таълим ташкилотлари фаолиятини ички ва ташқи баҳолаш натижасида тўпланган маълумотлар ва материаллар қоғоз шаклида ҳам сўраб олиниши мумкин.

Таълим ташкилотлари фаолияти ташқи баҳоланган йилда ички баҳолаш натижалари ташқи баҳолаш бошланишидан камида бир ой олдин Вазирликка юборилади ва онлайн аккредитация платформасига жойлаштирилади.

Белгиланган муддатда ҳужжатларнинг тақдим этилмаслиги ёки ҳужжатлардаги камчиликларнинг бартараф этилмаслиги таълим ташкилотининг аттестациядан ўтказилмаслигига асос бўлади.


24. Таълим ташкилотлари фаолиятини ички ва ташқи баҳолаш натижасида тўпланган маълумотлар ва материаллар Вазирликка қуйидаги шакллардан бирида тақдим этилади:

а) қоғоз шаклида - ташкилотларининг ишончли вакили ёки почта алоқаси хизмати орқали;

б) электрон шаклда - туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғининг электрон рақамли имзоси билан Вазирликнинг онлайн аккредитация платформаси орқали.


25. Вазирликнинг ҳудудий бошқармаларида аттестациядан ўтувчи таълим ташкилотига оид аттестация ва аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ бўлган қуйидаги ҳужжатлар йиғмажилди жамланади:

аттестация комиссиясини тузиш ҳақидаги буйруқ;

аттестация натижалари бўйича комиссия хулосаси;

аккредитация бўйича Вазирлик буйруғи;

аттестация ва аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатлар.

Ҳужжатлар йиғмажилди навбатдаги аттестация ўтказилгунга қадар (электрон ёки қоғоз шаклида) сақланади.



3-БОБ. АТТЕСТАЦИЯ КОМИССИЯЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УЛАРНИНГ ТАРКИБИ


26. Аттестация комиссияларининг таркиби Вазирлик буйруғи билан тасдиқланади.

Аттестация комиссиялари таркибига давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, шунингдек, хорижий экспертлар ҳам жалб этилиши мумкин. Бунда бир ҳудудда бир неча аттестация комиссиялари фаолияти йўлга қўйилиши мумкин.

Нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини ташқи баҳолаш учун ташкилот жойлашган ҳудуддаги аттестация комиссияси таркибидаги экспертлар жалб этилади.


27. Аттестация комиссиялари томонидан таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш учун экспертлар рўйхати тасдиқланади ҳамда мазкур рўйхатга киритилган экспертлар аттестация жараёнларига жалб этилади.

Экспертларга қўйиладиган талаблар ва уларнинг иш тартиби Вазирлик томонидан белгиланади.


28. Бошқа вазирлик ва идоралар тизимидаги таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш учун аттестация комиссиялари таркибига тегишли вазирлик ва идоралар, уларнинг ҳудудий бўлинмалари мутахассислари, таълим ташкилотларининг педагог ходимлари жалб этилиши мумкин.


29. Давлат таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш бўйича экспертлар комиссиялари аъзоларининг хизмат сафарлари билан боғлиқ бўлган харажатлар уларнинг асосий иш жойи маблағлари ҳисобига қопланади.

Бунда тегишли бюджет ташкилотларидан жалб қилинган эксперт комиссиялари аъзоларининг хизмат сафари билан боғлиқ бўлган харажатлари ушбу бюджет ташкилотларининг тасдиқланган харажатлар сметасида хизмат сафари учун назарда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.

Нодавлат таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказишга жалб этилган экспертлар меҳнати асосий иш жойи ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда, Вазирликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан соатбай ҳақ тўлаш тартибида рағбатлантирилади.

Умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини баҳолашга жалб этилган экспертлар учун дарс таҳлили, назорат иши ўтказилиши ҳамда назорат ишларини баҳолаш соатлари, мактабгача таълим ташкилотларини баҳолашга жалб этилган экспертлар учун машғулот таҳлили, тарбияланувчиларни кузатиш ҳамда сўровнома ўтказиш ва ҳужжатлар таҳлили соатлари ҳисобланади.

Бунда экспертларнинг тегишли тоифалари бўйича ўқитувчиларга, тоифага эга бўлмаган экспертлар бўйича эса олий маълумотли ўқитувчиларга ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари ҳисобга олинади.

Таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказишга эксперт сифатида жалб этилган ўқитувчилар ва бошқа педагоглар қуйидаги имтиёзларга эга бўладилар:

эксперт сифатида фаолият кўрсатган даврида мажбурий малака оширишдан озод этилади;

таълим ташкилотлари фаолиятини баҳолаш борасидаги фаолияти туман (шаҳар) миқёсида оммалаштирилган ҳисобланади;

эксперт сифатидаги фаолияти туман (шаҳар) миқёсида ўқув семинарлари ёки методик бирлашмаларда методик ишланмалар билан иштирок этганлигига тенглаштирилади.


30. Аттестация комиссияларининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

таълим ташкилотининг фаолиятини ички баҳолаш натижалари бўйича олинган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш;

таълим ташкилоти таълим сифати ва мазмунининг давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига мувофиқлиги ҳамда кўрсатилаётган таълим хизматларининг сифати ва самарадорлигини баҳолаш;

таълим сифатини ошириш ва таълим хизматларини такомиллаштириш бўйича таклифлар бериш;

таълим ташкилотлари фаолиятини ташқи баҳолаш юзасидан хулоса тайёрлаш ҳамда Вазирликка тақдим этиш.


31. Таълим ташкилотлари фаолиятини ташқи баҳолаш комиссиялари томонидан тегишли ташкилотларга бормай, улар томонидан тақдим этилган маълумотлар ва материалларни ўрганиш асосида Вазирликда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Аттестация комиссиялари аъзоларига ўқувчиларнинг эришган натижалари, улар томонидан фанларни ўзлаштириши ҳолати ва таълим фаолияти билан боғлиқ бошқа маълумотларни олиш учун таълим фаолиятини бошқаришда фойдаланиладиган электрон платформалардан фойдаланишга рухсат берилади.

Таълим ташкилотлари томонидан тақдим этилган маълумотлар давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ҳамда ўқув дастурларига мос келмаслиги ҳолатлари аниқланган тақдирда, аттестация комиссиялари томонидан мазкур Низомга иловада белгиланган баҳолаш мезонларидан келиб чиққан асословчи қўшимча маълумотлар сўраб олиниши мумкин. Таълим ташкилотларининг раҳбарлари аттестация комиссиялари томонидан сўралган маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этишлари шарт.

Ҳужжатларнинг белгиланган муддатларда тақдим этилмаслиги ёки тақдим этилган ҳужжатларда ҳаққоний бўлмаган маълумотларнинг мавжудлиги таълим ташкилотларига "аттестациядан ўтмади" деб хулоса берилишига асос бўлади.


32. Давлат таълим ташкилотлари фаолиятини ташқи баҳолаш бўйича аттестация комиссиялари аъзоларининг хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатлар уларнинг асосий иш жойи маблағлари ҳисобига қопланади.

Бунда тегишли бюджет ташкилотларидан жалб қилинган аттестация комиссиялари аъзоларининг хизмат сафари билан боғлиқ бўлган харажатлар ушбу бюджет ташкилотларининг тасдиқланган харажатлар сметасида хизмат сафари учун назарда тутилган маблағлар доирасида фақат суткалик ва транспорт харажатлари доирасида қоплаб берилади.



4-БОБ. АТТЕСТАЦИЯ ЯКУНЛАРИ


33. Ташқи баҳолаш натижалари асосида аттестация комиссиялари томонидан таълим ташкилотларида таълим сифатининг давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига мувофиқлиги юзасидан хулоса тайёрланади.

Бунда таълим ташкилотларининг тегишли йўналиш бўйича ўқув жараёнини амалга оширишга тайёрлиги юзасидан ваколатли органлар томонидан берилган хулосалар Вазирлик сўровига мувофиқ 5 иш куни ичида онлайн платформага жойлаштирилади.

Хулоса беришга ваколатли органлар томонидан тегишли хулосани тақдим этиш учун объектларни жойига чиқиб ўрганиш талаб этилса, фақат ўзининг фаолият йўналишига тегишли қисми бўйича ўрганиш ўтказиши мумкин. Таълим ташкилотлари жойига чиқиб ўрганиш учун хулоса беришга ваколатли органларга тегишли шароитларни яратиб бериши керак.

Ваколатли органлар белгиланган муддатларда хулоса тақдим этмаган ҳолларда, ижобий хулоса олинган деб ҳисобланади ва ички баҳолаш натижалари эътиборга олинади. Бунда хулоса беришга ваколатли органлар юзага келиши мумкин бўлган барча оқибатлар учун жавобгар бўлади.


34. Аттестация комиссиялари таълим ташкилотлари раҳбарияти билан биргаликда ташкилот фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади. Вазирлик аттестациядан ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш устидан назоратни ташкил қилади.

Таълим ташкилотлари томонидан чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар ҳар йил якунида онлайн платформага киритиб борилади.

Аттестациядан ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, таълим ташкилотига берилган аккредитация сертификати бекор қилинади. Бунда таълим ташкилоти навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилади.


35. Мактабгача таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш натижаларига кўра:

а) "аттестациядан ўтди" деган хулоса қуйидаги шартлар тўлиқ бажарилганда берилади:

ривожланиш даражаси кузатилган тарбияланувчиларнинг 55 фоизи ва ундан кўпи ижобий баҳоланса;

мактабгача таълим ташкилоти аттестациядан ўтказиш мезонларида белгиланган умумий баллнинг 55 фоизи ва ундан кўпини тўплаганда;

б) "аттестациядан ўтмади" деган хулоса қуйидаги ҳоллардан бири содир бўлганда берилади:

ривожланиш даражаси кузатилган тарбияланувчиларнинг 45 фоизи ва ундан кўпи қониқарсиз баҳоланса;

мактабгача таълим ташкилоти аттестациядан ўтказиш мезонларида белгиланган умумий баллнинг 55 фоизидан кам балл тўпласа;

ички баҳолаш жараёнлари ўз вақтида ўтказилмаганда, ҳужжатлар белгиланган муддатларда Аттестация комиссиясига тақдим этилмаганда ёки ҳужжатларда ҳаққоний бўлмаган маълумотлар мавжудлиги аниқланганда.


36. Мактабгача таълим ташкилотлари "аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилганда:

давлат мактабгача таълим ташкилоти директорининг малакаси етарли эмас деб топилади ҳамда иш берувчи томонидан у билан тузилган меҳнат шартномаси қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилинади;

давлат мактабгача таълим ташкилотидаги фаолиятига бир йил тўлмаган директор мажбурий равишда навбатдан ташқари малака оширишга юборилиб, давлат мактабгача таълим ташкилоти бир йилдан кейин қайта аттестациядан ўтказилади ҳамда давлат мактабгача таълим ташкилоти унинг натижаларига кўра аттестациядан ўтмаган тақдирда, директор билан тузилган меҳнат шартномаси қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилинади;

давлат-хусусий шериклик (оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари бундан мустасно) асосидаги ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари лицензиясининг амал қилиши қонунчиликда белгиланган тартибда тугатилади.

"Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилган ҳамда лицензиясининг амал қилиши қонунчиликда белгиланган тартибда тугатилган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларини бошқа давлат мактабгача таълим ташкилотларига кўчириш чоралари кўрилади.


37. Умумий ўрта таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш натижаларига кўра:

а) "аттестациядан ўтди" деган хулоса қуйидаги шартлар тўлиқ бажарилганда берилади:

назорат ишларида қатнашган ўқувчиларнинг 55 фоизи ва ундан кўпи ижобий баҳоланса (баҳолашнинг янги тизими жорий этилган мактаблар учун эса, ушбу мактабнинг 9 ва 11-синфлари ўқувчиларинг камида 55 фоизи қониқарли баҳоланган бўлса, бунда 4-синфда ўтказилган назорат ишлари натижаси умумий натижага қўшилади);

умумий ўрта таълим ташкилоти аттестациядан ўтказиш мезонларида белгиланган умумий баллнинг 55 фоизи ва ундан кўпини тўплаганда;

б) "аттестациядан ўтмади" деган хулоса қуйидаги ҳоллардан бири содир бўлганда берилади:

назорат ишларида қатнашган ўқувчиларнинг 45 фоиздан кўпи қониқарсиз баҳоланса (баҳолашнинг янги тизими жорий этилган мактаблар учун эса, ушбу мактабнинг 9 ва 11-синфлари ўқувчиларинг 45 фоиздан кўпи қониқарсиз баҳоланган бўлса, бунда 4-синфда ўтказилган назорат ишлари натижаси умумий натижага қўшилади);

умумий ўрта таълим ташкилоти аттестациядан ўтказиш мезонларида белгиланган умумий баллнинг 55 фоизидан кам балл тўпласа;

ички баҳолаш жараёнлари ўз вақтида ўтказилмаганда, ҳужжатлар белгиланган муддатларда Аттестация комиссиясига тақдим этилмаганда ёки ҳужжатларда ҳаққоний бўлмаган маълумотлар мавжудлиги аниқланганда.


38. Умумий ўрта таълим ташкилоти "аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилса:

а) давлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг:

директори, унинг ўқув ишлари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарларининг малакаси етарли эмас деб топилади ҳамда иш берувчи томонидан улар билан тузилган меҳнат шартномаси қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилинади, бундан ташқари ушбу мактаб ўқитувчилари навбатдан ташқари мажбурий аттестацияга жалб этилади, ўқитувчилар аттестацияси қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказилади;

фаолиятига бир йил тўлмаган директор, унинг ўқув ишлари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари мажбурий равишда навбатдан ташқари малака оширишга юборилади. Давлат умумий ўрта таълим ташкилоти бир йилдан кейин қайта аттестациядан ўтказилганда, унинг натижаларига кўра яна аттестациядан ўтмаган тақдирда, директор, унинг ўқув ишлари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари билан тузилган меҳнат шартномалари қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилинади;

б) нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари лицензиясининг амал қилиши қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилади.

"Аттестациядан ўтмади" деб эътироф этилган ҳамда лицензиясининг амал қилиши қонунчиликда белгиланган тартибда тугатилган нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари ўқувчиларини бошқа давлат умумий ўрта таълим ташкилотларига кўчириш чоралари кўрилади.



5-БОБ. ХАЛҚАРО АККРЕДИТАЦИЯ

ТАШКИЛОТЛАРИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ҲАМДА

УЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


39. Халқаро аккредитация ташкилотларини рўйхатга олиш қуйидаги босқичлардан иборат:

Ўзбекистон Республикасида фаолият юритиш учун Вазирликка ариза тақдим этиш;

Вазирлик томонидан халқаро аккредитация ташкилоти фаолиятини ўрганиш;

ўрганиш натижалари асосида халқаро аккредитация ташкилотларини рўйхатга киритиш бўйича қарор қабул қилиш.

Рўйхатга киритилган халқаро аккредитация ташкилотлари фаолияти уч йил муддатга амал қилади.


40. Халқаро аккредитация ташкилотларига қўйиладиган асосий талаблар ва рўйхатга киритишнинг шартлари қуйидагилардан иборат:

ушбу йўналишда камида 5 йиллик халқаро тажрибага эга бўлиш;

аккредитациянинг якуний босқичи офлайн тартибда бўлиши;

халқаро аккредитация ташкилотининг расмий веб-сайтида аккредитациядан ўтказилган таълим ташкилотлари тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлиги;

халқаро аккредитация ташкилоти Ўзбекистоннинг ҳуқуқий ва маънавий асосларига мутаносиб бўлиши, миллий-анъанавий қадриятлар ва ижтимоий-сиёсий ҳаётига қарши бўлмаслиги;

халқаро аккредитация ташкилоти сифатида фаолият юритиши учун таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш йўналишига оид сертификатга эга бўлиш;

умумий экспертларининг камида 30 фоизи хорижий экспертлар бўлиши.


41. Халқаро аккредитация ташкилоти ёки унинг ходимлари таъсисчилигида ташкил этилган ёхуд халқаро аккредитация ташкилоти ходими ҳар қандай шартнома асосида фаолият юритадиган таълим ташкилотларининг халқаро аккредитациясидан ўтказилишига йўл қўйилмайди.


42. Халқаро аккредитация ташкилоти томонидан таълим ташкилотларида ўтказилган баҳолаш хулосасидан бир нусха Вазирликка тақдим этилади.


43. Халқаро аккредитация ташкилотининг ташқи баҳолаш бўйича хулосаларида нотўғри ёки қалбаки ҳужжатлар асосида шакллантирилган маълумотлар, шунингдек, бошқа қонун бузилиш ҳолатлари аниқланса, ташқи баҳолаш натижалари тан олинмайди ва халқаро аккредитация ташкилоти рўйхатдан чиқарилади.


44. Таълим ташкилотлари халқаро аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги ёки унга тенглаштирилган ҳужжатни олганларидан сўнг унинг нусхасини икки ҳафта муддатда Вазирликка тақдим этишлари шарт.


45. Таълим ташкилотларини халқаро аккредитациядан ўтказиш жараёнларида Вазирлик вакиллари ҳам иштирок этишлари мумкин.



6-БОБ. ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИНИ

АККРЕДИТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ


46. Таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш учун Вазирликда доимий фаолият кўрсатувчи Аккредитация комиссияси тузилади. Аккредитация комиссияси таркиби Вазирлик буйруғи билан тасдиқланади.


47. Аккредитация таълим ташкилотлари аттестацияси хулосаларига кўра ўтказилади. Аккредитация комиссияси таълим ташкилотлари фаолиятининг давлат таълим стандартлари ёки давлат таълим талабларига мувофиқлигини эътироф этиш билан биргаликда унинг мақомини ҳам белгилайди.


48. Таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш учун аттестация комиссиялари томонидан аттестация хулосаси Аккредитация комиссиясига тақдим этилади.


49. Аккредитация комиссиясининг қарори қабул қилинишидан олдин аттестация комиссиясининг таълим ташкилотларидаги таълим сифатининг давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига мувофиқлиги ҳақидаги ижобий хулосаси Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказига келишиш учун тақдим этилади. Бунда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини аттестация ва аккредитациядан ўтказишга берилган хулосаларни ўрганиб чиқиб, натижаларини Вазирликка юборади.

Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказининг таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш бўйича салбий хулосаси аккредитация комиссиясининг ушбу таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор чиқариши учун асос бўлади.


50. Таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш ёки ўтказмаслик ҳақидаги қарор аккредитация комиссиясига ҳужжатлар топширилгандан кейин бир ой муддатда қабул қилинади.

Таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш юзасидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, икки ҳафта давомида ташкилотнинг аккредитациядан ўтганлиги тўғрисида электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва ушбу Низомга 3-иловада келтирилган шаклдаги сертификат электрон шаклда аккредитация платформаси орқали онлайн генерация қилинади.

Сертификатда таълим ташкилотларининг ташкилий-ҳуқуқий шакли, тури, мақоми ва сертификатнинг амал қилиш муддати қайд этилади.

Сертификат мактабгача таълим ташкилотларига 5 йил муддатга, умумий ўрта таълим ташкилотларига 11 йил муддатга берилади.

Аккредитация комиссияси ушбу низом талаблари бузилганлиги ҳолатини аниқлаганда, аттестация хулосасидан қатъи назар, таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказмаслиги мумкин.


51. Таълим ташкилоти қайта ташкил этилган (ўзгартириш - қайта расмийлаштириш бундан мустасно) ёки тугатилган тақдирда, аккредитация ҳақидаги сертификат ўз кучини йўқотади.


52. Аккредитациядан ўтган таълим ташкилоти доимий равишда таълим сифатини таъминлаши шарт ва бу жараён Вазирлик томонидан мунтазам назорат қилиб борилади.

Бунда давлат таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган аккредитация мониторинги амалга оширилади.

Мониторинг натижаларига кўра таълим сифатида пасайиш кузатилган давлат таълим ташкилотлари фаолияти алоҳида режага мувофиқ жойига чиққан ҳолда ўрганилади.


53. Аккредитациядан ўтган таълим ташкилотлари Вазирликда ҳисобга олинади ҳамда аккредитация реестрига киритилади.

Таълим ташкилотлари янги ташкил этилганда, қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда, Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан (бошқа вазирлик ва идоралар таркибида ташкил этилса, улар томонидан), нодавлат таълим ташкилотлари тугатилганда эса муассислар томонидан тегишли қарор нусхаси бир ҳафта муддатда Вазирликка тақдим этилиши лозим.

Вазирлик ушбу ҳужжатлар асосида аккредитациядан ўтган таълим ташкилотлари реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.


54. Аттестация хулосасидан норози бўлган таълим ташкилоти раҳбари хулоса имзоланган кундан бошлаб уч кун муддатда апелляция комиссиясига ёзма ёки Вазирликнинг аккредитация платформаси орқали электрон шаклда ариза (шикоят) бериши мумкин.


55. Апелляция комиссияси аттестация бошланишидан олдин Вазирлик буйруғига кўра 5-7 кишидан иборат таркибда тузилади.

Апелляция комиссиясининг таркиби ва иш тартиби Вазирлик буйруғи билан тасдиқланади.

Апелляция комиссиясининг таркиби ва иш тартиби апелляция комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги буйруқда белгиланади.


56. Апелляция комиссиясининг мурожаатларни масофадан туриб онлайн тарзда кўриб чиқиш вақтлари тўғрисидаги маълумотлар Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.


57. Апелляция комиссияси таркибига аттестация комиссияси таркибидан аъзо киритилмайди.

Апелляция комиссияси аризаларни (шикоятларни) кўриб чиқиш жараёнига жамоатчилик асосида малакали мутахассисларни жалб этиши мумкин.

Апелляция комиссияси йиғилишида комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этса, унинг қабул қилган қарори қонуний кучга эга бўлади.


58. Ариза (шикоят) рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун муддатда кўриб чиқилади.

Мурожаат этувчи таълим ташкилоти раҳбари апелляция комиссияси томонидан мурожаати кўриб чиқилиши жараёнида бевосита ёки масофадан туриб онлайн тарзда иштирок этиши мумкин.


59. Апелляция комиссияси аттестация жараёнларига оид мурожаатни кўриб чиқиб, аттестация натижаларини ўзгартиришсиз қолдириш ёки аттестация натижаларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилади.

Апелляция комиссияси қарорининг нусхаси мурожаат этувчи таълим ташкилоти раҳбарига апелляция комиссияси қарори чиққан кундан эътиборан беш кун муддатда тақдим этилади.


60. Аттестация ва аккредитация натижаларидан норози бўлган таълим ташкилотлари раҳбарлари ёки уларнинг муассислари апелляция комиссиясидан ташқари белгиланган тартибда судга мурожаат қилишлари мумкин.

      

    




Низомга

1-ИЛОВА



Таълим ташкилотларини аттестациядан

ва аккредитациядан ўтказиш

СХЕМАСИ

       

     

Босқичлар



    

Субъектлар

   


    

Тадбирлар

    


  

Муддатлар

     








1-босқич


    

Вазирлик




Нодавлат таълим

ташкилотлари


     

1. Давлат таълим ташкилотларининг аккредитация муддатини хатловдан ўтказиш натижаларига мувофиқ аттестацияга жалб этиладиган ташкилотлар рўйхатини шакллантириш.


2. Нодавлат таълим ташкилотлари томонидан Вазирликка аттестациядан ўтказиш тўғрисида ариза ва унинг иловаларини тақдим этиш.

     


Аккредитация муддати

тугайдиган йилдан

олдинги йилнинг

1 октябрига қадар








2-босқич


   

Вазирлик




Вазирлик,

Вазирликнинг ҳудудий

бошқармалари


    

1. Шакллантирилган таълим ташкилотларининг рўйхати ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари аризаси асосида таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш жадвалини тасдиқлаш.


2. Тасарруфида таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат таълим ташкилотларига аттестациядан ўтказиш жадвалини ҳамда аттестацияга оид бошқа ҳужжатларни юбориш.

    


  

1 ой муддатда




Ташқи баҳолаш

бошланишидан камида

икки ой олдин














Давлат таълим

ташкилотлари


1. Давлат таълим ташкилотларида комиссиялар тузиш ва ички баҳолашдан ўтказиш.



2. Давлат таълим ташкилотлари фаолиятини ички баҳолаш натижасида тўплаган маълумотлар ва материалларни Вазирликка юбориш.

      


        

Ҳар йили камида

бир марта



Ташқи баҳолаш

баҳоланишидан камида

бир ой олдин

          








3-босқич


   

Вазирлик, тизимида

таълим ташкилотлари

бўлган бошқа вазирлик

ва идоралар




Аттестация

комиссиялари


       

1. Вазирлик ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар томонидан таълим ташкилотлари фаолиятини ташқи баҳолашни амалга оширадиган доимий аттестация комиссияларини ташкил этиш.


2. Аттестация комиссиялари томонидан таълим ташкилотлари фаолиятини ички баҳолаш натижаларини таҳлил қилиш.


3. Аттестация комиссиялари томонидан таълим ташкилотлари фаолиятини ташқи баҳолашдан ўтказиш.

     


Низомда белгиланган

муддатларда








4-босқич


Вазирлик ва тизимида

таълим ташкилотлари

бўлган бошқа вазирлик

ва идоралар


       

1. Аттестациядан ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини белгилаш.



2. Аттестация натижалари асосида аттестация комиссиялари томонидан таълим ташкилотида таълим бериш сифатининг давлат таълим стандартларига мувофиқлиги ҳақида хулоса тайёрлаш ва аккредитация комиссиясига тақдим этиш.

     



Ташқи баҳолаш

якунлангандан кейин

икки ҳафта муддатда


Ташқи баҳолаш

якунлангандан кейин

бир ой муддатда








5-босқич


    

Аккредитация комиссияси




Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази



1. Аттестация комиссиялари томонидан тақдим этилган маълумотларни умумлаштириш ҳамда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказига тақдим этиш.


2. Аккредитация комиссияси томонидан тақдим этилган таълим ташкилотлари фаолиятини ташқи баҳолаш натижаларини ҳамда таълим ташкилотларида таълим бериш сифатининг давлат таълим стандартларига мувофиқлиги ҳолатини таҳлил қилиш.


3. Таълим ташкилотларида таълим бериш сифатининг давлат таълим стандартларига мувофиқлиги тўғрисида маълумотнома тайёрлаш ва Вазирликка тақдим этиш.

   


Ҳужжатлар қабул қилингандан кейин икки ҳафта муддатда











6-босқич


       

Аккредитация

комиссияси



Вазирлик




Вазирлик


    

1. Аккредитация комиссияси томонидан таълим ташкилотларинг аккредитациядан ўтказиш ёки ўтказмаслик ҳақидаги қарор қабул қилиш.


2. Таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш юзасидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, Вазирлик буйруғига мувофиқ таълим ташкилотларини сертификатлаш.


3. Аккредитациядан ўтган таълим ташкилоти ҳақида Вазирлик расмий веб-сайтида ёки оммавий ахборот воситалари эълон қилиш.

       


Ҳужжатлар қабул

қилингандан кейин

икки ҳафта муддатда








7-босқич


      

Вазирлик ва тизимида

таълим ташкилотлари

бўлган бошқа вазирлик

ва идоралар

     


Аттестациядан ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларда белгиланган вазифалар ижросини назорат қилиш.


Доимий равишда

          

       




Низомга

2-ИЛОВА



Таълим ташкилотларини аттестациядан

ўтказиш мезонлари


Мактабгача таълим ташкилотларини

баҳолаш мезонлари


I. Таълим-тарбия жараёни


1. "Илк қадам" давлат ўқув дастурининг таълим-тарбия жараёнига жорий этилганлиги.


2. Тарбияланувчиларнинг ривожланишини кузатиш жараёнининг ташкил этилганлиги.


3. Ўқув-методик материалларнинг (тарбияланувчиларда фойдаланиш имкониятининг) мавжудлиги ва қўлланилиш даражаси.


4. Мактабгача таълим ташкилотида хавфсиз, ривожлантирувчи ва рағбатлантирувчи таълим муҳитининг ташкил этилиши.


5. Мактабгача таълим ташкилотида алоҳида эҳтиёжи бўлган болалар учун таълим-тарбия муҳити (инклюзия).



II. Бошқарув сиёсати ва кадрлар салоҳияти


1. Мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини белгиловчи амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида бошқарувнинг ташкил этилганлиги.


2. Раҳбар ва тарбиячи педагог кадрлар салоҳияти.


3. Тарбияланувчилар сонининг мактабгача таълим ташкилоти қувватига мутаносиблиги.



III. Ривожлантирувчи таълим муҳити


1. Моддий-техник базанинг ҳолати ва тарбияланувчилар ривожланиши учун яратилган шароитлар.


2. Тарбиявий ишлар самарадорлиги.


3. АКТ билан таъминланганлик даражаси ва инфратузилмаси.


4. Овқатлантириш тизимининг мавжуд санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ташкил этилганлиги.



IV. Жамоатчилик билан ҳамкорлик


1. Ота-оналар ва жамоатчилик билан ҳамкорлик ишлари.


2. Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик ишлари.



Умумий ўрта таълим ташкилотларини

баҳолаш мезонлари


I. Ташкилий-бошқарув фаолиятининг самарадорлиги


1. Умумий ўрта таълим муассасаси фаолиятини ташкил этиш ва режалаштириш.


2. Раҳбарият фаолияти ва стратегик режалаштириш.



II. Таълим сифати кўрсаткичлари


1. Ўқитувчилар фаолиятининг асосий йўналишлари.


2. Мактаб ўқувчиларининг академик натижаларини баҳолаш.


3. Мактаб ўқувчиларининг ноакадемик натижаларини баҳолаш.



III. Ўқув жараёнини ташкил этиш ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги


1. Ўқув жараёнининг ташкил этилишини баҳолаш;


2. Маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги.



IV. Таълим таъминоти ва АКТ инфратузилмаси


1. Мактабда лаборатория тажрибалари ва амалий машғулотларни ўтказиш имкониятининг мавжудлиги.


2. Умумтаълим муассасасида АТ инфратузилмаси.



V. Жамоатчилик билан ҳамкорлик ва тарғибот ишлари


1. Ота-оналар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги.


2. Тарғибот ишларини йўлга қўйилганлиги.



VI. Хавфсизлик


1. Мактаб ҳудудининг кузатув камералари билан қамраб олинганлиги.


2. Таълим муассасасида ўқувчилар учун хавфсиз ва қулай шароит яратилганлиги.


Изоҳ. Ушбу мезонлар бўйича баҳолаш кўрсаткичлари, ҳар бир кўрсаткичга ажратилган баллар ҳамда баҳолаш методикаси Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

          

          




Низомга

3-ИЛОВА



НАМУНА



O`zbekiston Respublikasi gerbi


O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI

MAKTABGACHA VA MAKTAB TA`LIMI VAZIRLIGI


Davlat akkreditatsiyasidan o`tganlik to`g`risida

SERTIFIKAT

     

20__y. "___" _________


N 00000

         

Ushbu sertifikat attestatsiya natijalariga ko`ra


       


manzilida joylashgan

(joylashgan joyi)


           


ning

(davlat ta`lim tashkiloti yoki nodavlat ta`lim tashkilotining nomi)


           

davlat akkreditatsiyasi


         


(davlat ta`lim tashkiloti yoki nodavlat ta`lim tashkilotining turi)

         


ga

(davlat ta`lim tashkiloti yoki nodavlat ta`lim tashkilotining maqomi)


         

mosligini tasdiqlaydi va bitiruvchilarga mazkur sertifikatga muvofiq ta`lim dasturlari, bosqichlari bo`yicha davlat namunasidagi ta`lim to`g`risida hujjatlar berish huquqini kafolatlaydi.



Amal qilish muddati _____ yil



Maktabgacha va maktab

ta`limi vaziri

E.I.

____________

(F.I.O.)




       

      

Seriya N 0000


QR kod

         

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 15 февраль





































































Время: 0.0318
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск