ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш / Экологик назорат /

Жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.02.2024 й. 101-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 24 февралдаги

101-сон қарорига

1-ИЛОВА



Жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом жамоатчилик экология назоратчиси (кейинги ўринларда - экология назоратчиси) фаолиятини ташкил қилиш тартиби, унинг мақоми, вазифаси, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (кейинги ўринларда - вазирлик), Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармалари;


номзод - Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлган ва 18 ёшга тўлган экология назоратчиси бўлиш истагини билдирган жимоний шахс;


сертификат - тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари асосида махсус тайёргарликни тўлиқ ўзлаштиргандан сўнг якуний имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганликни тасдиқловчи ҳужжат;


экология назоратчиси - давлат экологик назоратини амалга оширувчи органларга жамоатчилик асосида ихтиёрий асосда ёрдам берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси.


3. Экология назоратчиси ўз фаолиятини қонунийлик, холислик, мустақиллик ва ошкоралик принциплари асосида амалга оширади.


4. Вазирлик экология назоратчиларига фаолиятини амалга оширишда услубий ёрдам кўрсатади ҳамда кўмаклашади.


5. Экология назоратчиси мақоми мазкур Низомга 1-иловадаги схема асосида берилади.



2-БОБ. НОМЗОДЛАР РЎЙХАТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ҲАМДА УЛАРНИ МАХСУС ТАЙЁРГАРЛИКДАН

ЎТИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


6. Номзодлар экология назоратчиси мақомини олиш учун махсус тайёргарликдан ўтишлари лозим.

Номзодлар махсус тайёргарликдан ўтиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаларига (кейинги ўринларда - вазирликнинг ҳудудий органлари) ёзма ариза ёки вазирликнинг расмий веб-сайти орқали электрон ариза билан мурожаат қилади.

Аризага фуқаронинг биометрик паспорти (идентификацияловчи ID-картаси) нусхаси ва 3х4 см ҳажмдаги рангли фотосурат илова қилинади.


7. Номзодларнинг аризалари тегишлилиги бўйича вазирликнинг ҳудудий органлари томонидан ўн иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилади ва уларнинг рўйхати вазирлик ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик экология назоратчиси мақомини бериш комиссиясига (кейинги ўрниларда - Комиссия) тақдим этилади.


8. Комиссия таркиби вазирлик ва Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари ҳамда экология соҳасидаги олимлардан шакллантирилади. Вазир маслаҳатчиси Комиссия раиси ҳисобланди.

Комиссия таркиби ва низоми вазир томонидан тасдиқланади.

Комиссия йиғилишлари, агар уларнинг ишида барча аъзолар умумий сонининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.

Комиссия ўз фаолиятини коллегиаллик, ошкоралик, холислик ва бетарафлик принциплари асосида амалга оширади.

Комиссия йиғилишлари заруратга қараб, лекин йилига камида тўрт марта ўтказилади.


9. Комиссия номзодлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни уч иш кунида кўриб чиқиб, уларнинг рўйхатини тасдиқлайди ва вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилади.


10. Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳужжатлар (маълумотлар) тўлиқ тақдим этилмаганда, номзодга камчиликларни бартараф этиш учун уч кун муддат берилади. Белгиланган муддатда ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда, Комиссия номзоднинг махсус тайёргарликдан ўтишини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда бу ҳақда номзодни уч иш кунида ёзма равишда хабардор қилади.


11. Вазирлик номзодлар рўйхатини уч иш кунида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказига (кейинги ўринларда - Марказ) уларни махсус тайёргарликдан ўтказиш учун юборади.



3-БОБ. НОМЗОДЛАРНИ МАХСУС ТАЙЁРГАРЛИКДАН

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


12. Номзодлар вазирлик томонидан тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари асосида Марказ томонидан бепул махсус тайёргарликдан ўтказилади. Номзодларнинг махсус тайёргарлиги уларнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, масофавий таълим тарзида амалга оширилиши мумкин. Бунда номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказганлик учун Марказнинг мураббий ва ўқитувчиларига ҳақ тўлаш вазирликнинг Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


13. Ўқув жараёни ўқув гуруҳларига бўлинган ҳолда, Марказ раҳбари томонидан тасдиқланган машғулотлар жадвали асосида амалга оширилади.


14. Махсус тайёргарликнинг муддати 72 соатни ташкил этади.


15. Марказ номзодларни махсус тайёргарлик бошланишидан ўн кун аввал махсус тайёргарликни ўтказиш муддатлари тўғрисида хабардор қилади.


16. Махсус тайёргарликни ўтказиш жараёнида номзодларга экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган жамоатчилик назорати тўғрисида, давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик тадбирларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштироки, шунингдек, экология назоратчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жамоатчилик экология назорати натижаларини расмийлаштириш тартиби ҳамда экология соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик юзасидан таянч тушунча ва билимлар берилади.


17. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш жараёнига тегишли олий таълим ташкилотлари ўқитувчилари, илмий ташкилотлар ходимлари, вазирлик тизими ходимлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар, шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг тажрибали мутахассислари белгиланган тартибда шартнома асосида жалб қилиниши мумкин.


18. Номзод махсус тайёргарликда узрли сабабларга кўра қатнаша олмаган тақдирда, у олти ой ичида навбатдаги махсус тайёргарликка қабул қилиш тўғрисида ариза билан Комиссияга мурожаат қилиши мумкин.

Комиссия номзоднинг аризасини қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқиб, навбатдаги махсус тайёргарликдан ўтиши лозим бўлган номзодлар рўйхатига киритади ва вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинишини таъминлайди.


19. Номзодлар қуйидаги ҳолларда махсус тайёргарликдан четлаштирилади:

ўз хоҳишига биноан;

Марказнинг ички меъёр ва одоб-ахлоқ қоидаларини бир марта қўпол равишда ёки мунтазам бузганда;

сабабсиз 6 соат машғулотни қолдирганда;

саломатлиги туфайли (тиббий маълумотномага асосан);

доимий яшаш учун бошқа мамлакатга кўчиб кетганда;

номзодга нисбатан жиноий жазо тайинлаш бўйича суд ҳукми кучга кирганда;

вафот этганда.


20. Марказ номзоднинг махсус тайёргарликдан четлаштирилганлиги тўғрисида бир иш кунида Комиссияни ва тегишлилига бўйича вазирликнинг ҳудудий органини хабардор қилади.



4-БОБ. ЭКОЛОГИЯ НАЗОРАТЧИСИ

МАҚОМИГА ЭГА БЎЛИШ


21. Махсус тайёргарликни тўлиқ якунлаган номзодларга якуний имтиҳондан ўтиш учун рухсат берилади.


22. Якуний имтиҳон масофавий шаклда якка тартибдаги суҳбат кўринишида Комиссия томонидан махсус тайёргарликдан ўтиш якунлангандан сўнг ўн беш иш кунида ўтказилади.

Суҳбат Комиссия аъзоларининг номзодларга берадиган саволларига оғзаки жавоб бериш орқали ўтказилади. Бунда ҳар бир номзодга махсус тайёргарликдан ўтиш бўйича тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари доирасида бешта савол берилади.

Якуний имтиҳон шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида суҳбат жараёни аудио ва видео тасвирга олинади.


23. Номзодлар беш баллик тизимда баҳоланади ҳамда имтиҳон жараёнида берилган бешта саволдан учтасига жавоб бера олмаса, Комиссиянинг қарорига мувофиқ имтиҳондан ўтмаган ҳисобланади.

Имтиҳон натижалари бўйича Комиссиянинг қарори имтиҳон якунлангандан сўнг уч иш кунида вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Номзод Комиссиянинг қароридан норози бўлган тақдирда, белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга мурожаат қилиши мумкин.


24. Якуний имтиҳон натижалари бўйича номзодларга вазирликнинг тегишли ҳудудий органлари томонидан ўн иш кунида сертификат ҳамда вазирнинг электрон рақамли имзоси (QR-код) билан тасдиқланган экология назоратчиси гувоҳномаси берилади.

Сертификат ва экология назоратчиси гувоҳномасининг амал қилиш муддати уч йилни ташкил этади ҳамда белгиланган муддат тугаганидан сўнг номзод қайта тайёрловдан ўтказилади.


25. Экология назоратчиси гувоҳномаси тартиб рақамга эга бўлади.

Экология назоратчиси гувоҳномаси ушбу Низомга 2 ва 3-иловалардаги шакл ва тавсиф бўйича уч йил муддатга берилади.


26. Экология назоратчиси гувоҳномасини олган фуқаро бу ҳақда вазирликнинг расмий веб-сайтидаги ҳисобга олиш саҳифасига электрон рақамли имзоси билан қайд этади. Бунда гувоҳнома рақами ҳисобга олишнинг электрон саҳифасидаги тартиб рақамга мос келиши керак.


27. Номзод гувоҳнома берилган кундан эътиборан экология назоратчиси мақомига эга бўлади ҳамда ўз фаолиятини ваколатли органлар билан ҳамкорликда амалга оширади.



5-БОБ. ЭКОЛОГИЯ НАЗОРАТЧИСИ ФАОЛИЯТИНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


28. Экология назоратчиси ўз фаолиятини ваколатли органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширади:

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишда иштирок этиш;

атроф-муҳитнинг ҳолатини кузатиб бориш, атроф-муҳитнинг ифлосланишига, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишга олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига хавф солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлашда ваколатли органга, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўмаклашиш;

ваколатли органлар билан ҳамкорликда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишга доир ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, шунингдек, броконьерликка қарши курашиш;

табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирокини таъминлашга кўмаклашиш.

Экология назоратчиси ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа йўналишлар бўйича ҳам амалга ошириши мумкин.


29. Экология назоратчиси қуйидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаганда, ҳуқуқбузарлик бўйича далолатнома расмийлаштиради:

қаттиқ маиший, саноат, қурилиш ва бошқа чиқиндиларни белгиланмаган жойларга жойлаштириш, ташлаш ва оқизиш;

чиқиндиларни ёқиб юбориш ва бошқача ҳолатда атмосфера ҳавосини ифлослантириш;

автотранспорт воситаларини очиқ сув ҳавзалари (канал, коллектор, ариқлар) яқинида ювиш ҳамда оқова сувларни ушбу ҳавзага оқизиш;

дарёлар, сойлар ва каналларнинг муҳофаза зоналарида қум-шағал материалларини қазиб олиш жараёнини рухсатсиз ёки белгиланмаган жойда амалга ошириш;

жисмоний ва юридик шахслар фаолиятидан ҳосил бўлган оқова сувларни белгиланмаган жойларга оқизиш;

овчилик ва балиқчилик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар томонидан ов қилиш қоидалари бузилиши, ов ҳудудидан чиқиб кетилиши, ҳайвонлар рухсатномасиз овланиши, шунингдек, ов қуроли рухсатномаси мавжуд эмаслилиги;

ерни оқова сувлар ва чиқиндилар билан ифлослантириш;

дарахтларни ноқонуний кесиш, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни ноқонуний йиғиш ва бошқа турдаги ўсимлик дунёсини йўқ қилишга олиб келадиган ҳолатлар.


30. Далолатномада экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги рухсат этувчи ҳужжатлар мавжудлиги, ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ҳамда уни содир этган шахс тўғрисида маълумотлар кўрсатилади.


31. Экология назоратчиси ушбу Низомнинг 29-бандида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлардан бирини аниқлаган тақдирда, Эконазорат электрон тизими орқали далолатномани расмийлаштириб, фото ёки видео тасвирни ва бошқа далилларни илова қилган ҳолда, ваколатли органларга дарҳол хабар беради.



6-БОБ. ЭКОЛОГИЯ НАЗОРАТЧИСИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


32. Экология назоратчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз фаолиятини амалга оширишда махсус билим ва кўникмаларга эга бўлиш учун бепул таълим олиш ва малакасини ошириш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликка юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини кузатиб бориш;

ваколатли органлар томонидан давлат экологик назорати амалга оширилишида кузатувчи сифатида иштирок этиш;

экологик ҳуқуқбузарликни аниқлаш, тегишли далолатномани расмийлаштириш ва Эконазорат электрон тизимига киритиш;

аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан кўрилган чоралар юзасидан ахборот олиш, ҳуқуқбузарга жазо тайинлаш билан боғлиқ жараёнларда иштирок этиш;

"Яшил макон" ва бошқа платформалардан фойдаланиш ҳамда соҳада амалга оширилаётган ишлар кўлами ва натижалари билан мунтазам танишиб бориш;

атроф-муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун бузилишини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот олиш учун тегишли давлат органларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ва (ёки) нодавлат нотижорат ташкилотининг мурожаатини тайёрлашда иштирок этиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш, жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказишда иштирок этиш;

тегишли давлат органлари, ташкилотлар раҳбарларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши тўғрисидаги масалаларга доир ахбороти ҳамда ҳисоботларини эшитишда иштирок этиш;

аҳолининг экологик маданиятини ошириш, экологик таълим ва тарбияни ривожлантиришга доир ишларда иштирок этиш;

самарали фаолият учун белгиланган тартибда ва миқдорда ҳақ олиш.


33. Экология назоратчиси қуйидагиларни бажариши мажбур:

экологик назорат соҳасидаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш;

ўз фаолиятини ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатилган принциплар асосида амалга ошириш;

экологик назоратни амалга оширишда экологик назоратнинг бошқа субъектларига кўмаклашиш;

экологик назоратнинг бошқа субъектлари вазифаларини бажармаслик.

Экология назоратчиси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.



7-БОБ. ЭКОЛОГИЯ НАЗОРАТЧИСИИНИНГ

МАҚОМИНИ БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ


34. Экология назоратчисининг мақоми Комиссиянинг қарори билан қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

ўз аризасига биноан;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда ёки доимий яшаш учун бошқа мамлакатга кўчиб кетганда;

ушбу Низомнинг 32-бандида назарда тутилган ҳуқуқларини суиистеъмол қилиш ҳолатларига йўл қўйганда ва мажбуриятларини бажармаганда;

фаолиятини давом эттириш имкониятини истисно этувчи жазога тортилганлигига доир суд ҳукми қонуний кучга кирганда, шунингдек, унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги суднинг ажрими чиқарилганда;

соғлиғи ҳолати бўйича (тиббий хулосага кўра) ўзига юкланган вазифа ва мажбуриятларини давом эттириш имкониятига эга бўлмаганда;

вафот этганда.


35. Ушбу Низомнинг 34-бандида назарда тутилган ҳолатлар аниқланган кундан бошлаб ўн иш кунида Комиссиянинг экология назоратчиси фаолиятини тугатиш тўғрисидаги қарори қабул қилинади.

Экология назоратчисининг фаолияти Комиссиянинг қарори қабул қилинган кундан эътиборан тугатилган деб ҳисобланади ва экология назоратчиси мақомининг бекор қилинишига сабаб бўлади.


36. Экология назоратчиси гувоҳномаси унинг мақоми бекор қилинганда ёки гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг ваколатли органга қайтариб берилиши шарт.


37. Экология назоратчиси мақоми бекор қилинган фуқаро тўғрисидаги маълумотлар вазирликнинг расмий веб-сайтидаги ҳисобга олиш саҳифасидан чиқарилади.



8-БОБ. ЭКОЛОГИЯ НАЗОРАТЧИСИ ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА РАҒБАТЛАНТИРИШ


38. Экология назоратчисини махсус тайёргарликдан ўтказиш бўйича ҳаражатлар вазирликнинг Экология жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


39. Экология назоратчиси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги ҳолатларини аниқлаши ва зарур чоралар кўриши натижаларига кўра Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан пул мукофотлари билан қуйидаги тартибда рағбатлантирилади:

дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича - ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида;

экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги бошқа ҳуқуқбузарлик бўйича - ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг ўн беш фоизи миқдорида. Бунда ўн беш фоиз жарима миқдорининг беш фоизи Давлат экологик назорат инспекцияси инспекторини рағбатлантириш учун йўналтирилади.


40. Суд қарорига асосан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун ундирилган жарима (маблағ) бекор қилинганда, экология назоратчисини ҳамда Давлат экологик назорат инспекцияси инспекторини рағбатлантириш учун йўналтирилган маблағлар Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.


41. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда алоҳида ташаббус кўрсатган экология назоратчилари вазирлик ҳудудий органлари таклифига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда "Табиат ҳимоячиси" кўкрак нишони билан тақдирланиши мумкин.


42. Экология назоратчиларига улар томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, қонунчиликда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун жорий қилинган пенсияни ҳисоблаш учун иш стажини ҳисобга олиш тартиби татбиқ этилади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


43. Экология назоратчиси фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки тўсқинлик қилиш, нотўғри маълумотни тақдим этиш ёки тақдим этишдан бўйин товлаш, шунингдек, уни қонунчилик ҳужжатлари билан юкланмаган вазифаларни бажаришга мажбурлаш ҳамда унга ҳар қандай шаклда таъсир кўрсатиш тақиқланади.


44. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Жамоатчилик экология назоратчиси мақомини олиш

СХЕМАСИ

          

      

Босқичлар

   

      

Субъектлар

      

     

Чора-тадбирлар

     

     

Бажариш

муддатлари

     

1-босқич

Номзод

         

Жамоатчилик экология назоратчиси мақомини олиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаларига (кейинги ўринларда - вазирликнинг ҳудудий органлари) ёзма ариза ёки вазирликнинг расмий веб-сайти орқали электрон ариза билан мурожаат қилади.

       

Хоҳишига кўра

2-босқич

Вазирликнинг ҳудудий

органлари

    

1. Аризаларни кўриб чиқади ва номзодларнинг рўйхатини вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик экология назоратчиси мақомини бериш комиссиясига (кейинги ўрниларда - Комиссия) тақдим этади.

    

Ўн иш кунида

3-босқич

Комиссия

      

Номзодларнинг ҳужжатларини кўриб чиқади, уларнинг рўйхатини тасдиқлайди ҳамда вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилади.

       

Уч иш кунида

4-босқич

Вазирлик

    

Рўйхатни Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказига (кейинги ўринларда - Марказ) номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш учун юборади.

       


Уч иш кунида







5-босқич

Марказ

     

1. Номзодларни махсус тайёргарлик бошланиши тўғрисида хабардор қилади.


2. Вазирлик томонидан тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари асосида номзодларни масофавий таълим тарзида махсус тайёргарликдан ўтказади.

       

    

Ўн кун аввал



72 соат








6-босқич

Комиссия

       

1. Махсус тайёргарлик якунлангандан сўнг номзодларни оғзаки суҳбат орқали якуний имтиҳондан ўтказади.


2. Якуний имтиҳон натижаларини эълон қилади.

       


     

Ўн беш иш кунида



Уч иш кунида








7-босқич

      

Вазирликнинг ҳудудий

органлари

        

Номзодларга сертификат ва экология назоратчиси гувоҳномасини беради.


Ўн иш кунида

         

          




Низомга

2-ИЛОВА



Жамоатчилик экология назоратчиси гувоҳномасининг

шакли

        

Гувоҳноманинг олд қисми

          

     

       

Гувоҳноманинг орқа томони

       

         

          




Низомга

3-ИЛОВА



Жамоатчилик экология назоратчиси гувоҳномасининг

ТАВСИФИ

        

Жамоатчилик экология назоратчисининг гувоҳномаси халқаро стандартлар бўйича асосида пластикдан тайёрланади. Пластикдан тайёрланган гувоҳнома ўлчами 54х86 миллиметрни ташкил этади.

Гувоҳнома оч яшил рангли бўлади.

Лотин ёзувидаги давлат тилидан фойдаланилади.

Серияли рақами икки ҳарфли, номери олти рақамли.

Жамоатчилик экология назоратчиси гувоҳномасининг пластик шакли қуйидаги ҳимоя воситаларига эга:

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг логотипи тасвири шаклидаги голограмма, у нишабликнинг турлича бурчагида ўз шаклини ўзгартиради;

микроматн - "JAMOATCHILIK EKOLOGIYA NAZORATCHISI GUVOHNOMASI", ўлчами 30 микрон;

ультрабинафша қоплама;

жамоатчилик экология назоратчиси гувоҳномаси пластик шаклининг серияли рақамининг лазер ўйма нақши.

Жамоатчилик экология назоратчиси гувоҳномасининг олд томонида "JAMOATCHILIK EKOLOGIYA NAZORATCHISI GUVOHNOMASI", "O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI EKOLOGIYA, ATROF-MUHITNI MUHOFAZA QILISH VA IQLIM O`ZGARISHI VAZIRLIGI" сўзлари ёзилган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган, жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси кетма-кет кўрсатилади), гувоҳнома берилган сана ва унинг амал қилиш муддати кўрсатилади, фотосурат учун жой назарда тутилган.

Орқа томонида "JAMOATCHILIK EKOLOGIYA NAZORATCHISI - davlat ekologik nazoratini amalga oshiruvchi organlarga ixtiyoriy asosda yordam beradigan O`zbekiston Respublikasi fuqarosi" сўзлари ёзилади ҳамда жамоатчилик экология назоратчисининг "ASOSIY VAZIFALARI" кўрсатилади.

Шунингдек, гувоҳноманинг орқа томонида Жамоатчилик экология назоратчиси мақомини бериш комиссиясининг қарори тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Сўнгuи қисмда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг манзили, телефон рақамлари ёзилади.

Матннинг жойлашуви - горизонтал.

Гувоҳнома бланкалари жамоатчилик экология назоратчиси паспорти маълумотлари асосида компьютер ёрдамида тўлдирилади. Гувоҳнома матни қора рангда ёзилади.

Гувоҳнома бланкига барча зарур маълумотлар киритилганидан сўнг гувоҳнома эгасининг фотосурати ёпиштирилади.

Гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг электрон рақамли имзоси (QR-код) билан тасдиқланади.

Матн бир хил мазмунда, ўзбек тилида, лотин ёзувида тузилади.

        

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 26 февраль

































































Время: 0.2100
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск