ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Статистика. Ҳисобот / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 04.03.2024 й. ПҚ-114-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 4 мартдаги

ПҚ-114-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Статистика агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг (кейинги ўринларда - Статистика агентлиги) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятининг ташкилий асосларини белгилаб беради.


2. Статистика агентлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунади ва унга ҳисоб беради.


3. Статистика агентлиги расмий статистика соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи, расмий статистикани ривожлантириш масалалари бўйича фаолиятни миллий статистика тизими доирасида мувофиқлаштирувчи ваколатли давлат органи ҳисобланади.


4. Статистика агентлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.


5. Статистика агентлиги ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган кўп йиллик статистика дастури ҳамда Статистика кенгаши томонидан тасдиқланадиган бир йиллик статистика дастури асосида амалга оширади.


6. Статистика органлари фаолиятига, шу жумладан, статистика ҳисоботларини йиғиш, статистика кузатувларини ўтказиш, расмий статистика маълумотларини шакллантириш ҳамда уларни тарқатиш ва эълон қилиш жараёнларига ҳар қандай аралашишга йўл қўйилмайди.


7. Статистика агентлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарор ва буйруқлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик шахслар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


8. Статистика агентлиги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳр ва бланкларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги ҳисобварақларига эга бўлади.


9. Статистика агентлигининг расмий номланиши:


а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги, қисқартирилган номи - Статистика агентлиги;


б) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Statistics Agency under the President of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи - StatAgency;


в) рус тилида:

тўлиқ номи - Агентство статистики при Президенте Республики Узбекистан, қисқартирилган номи - Агентство статистики.


10. Статистика агентлигининг жойлашган манзили (почта манзили): 100170, Тошкент шаҳри, Мустақиллик шоҳкўчаси, 63-уй.



2-БОБ. СТАТИСТИКА АГЕНТЛИГИНИНГ ТУЗИЛМАСИ


11. Статистика агентлиги тизимига қуйидагилар киради:

Статистика агентлигининг марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри статистика бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий статистика бошқармалари);

туманлар (шаҳарлар) статистика бўлимлари;

Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти.


12. Статистика агентлигининг Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти (кейинги ўринларда - Институт) статистика органлари ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар ходимларининг статистика соҳасида касбий даражаси ва малакасини оширади, статистика соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боради ва инновацион ишланмаларни амалга оширади.



3-БОБ. СТАТИСТИКА АГЕНТЛИГИНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


13. Қуйидагилар Статистика агентлигининг асосий вазифалари ҳисобланади:

расмий статистика соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, расмий статистикани ривожлантириш масалалари бўйича фаолиятни миллий статистика тизими доирасида мувофиқлаштириш, статистика услубиётлари ва халқаро тавсияларга мувофиқ бўлган статистика кузатувлари шаклларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалиётга жорий қилиш;

фойдаланувчилар эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган иқтисодий, демографик, ижтимоий, молиявий, экологик ҳамда бошқа хусусиятга эга долзарб статистика маълумотларини йиғиш, уларни қайта ишлаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, тарқатиш ва сақлаш жараёнларини ташкил этиш;

халқаро даражада умумқабул қилинган расмий статистиканинг асосий принциплари асосида сифатли ва ишончли статистика маълумотларини шакллантириш, уларнинг шаффофлиги ва ошкоралигини оширишга қаратилган таъсирчан механизмларни амалиётда қўллаш;

статистика маълумотларини тайёрлаш жараёнларида рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, ўз ахборот тизимларини расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари ва маъмурий маълумотларни етказиб берувчиларнинг ахборот тизимлари билан ўзаро интеграциясини таъминлаш;

давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини шакллантириш, юритиш ва янгилаш ҳамда тегишли ахборотларнинг Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида ўз вақтида акс эттирилиши бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш;

рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва уларнинг юқори даражада амалга оширилишини таъминлаш;

миллий статистика тизимидаги кадрлар салоҳиятини ошириш ва статистик тадқиқотларни ривожлантириш борасида фаол сиёсатни юритиш.


14. Статистика агентлиги ўз зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) расмий статистика соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, расмий статистикани ривожлантириш масалалари бўйича фаолиятни миллий статистика тизими доирасида мувофиқлаштириш, статистика услубиётлари ва халқаро тавсияларга мувофиқ бўлган статистика кузатувлари шаклларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалиётга жорий қилиш соҳасида:

расмий статистикадан фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларини ўрганиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда расмий статистика соҳаси ривожланишининг истиқболли мақсадлари ва йўналишларини белгилайди;

миллий статистика тизимига статистика фаолиятини ташкил этишнинг халқаро даражада тавсия этилган илғор услубиётлари ва тавсияларини жорий этиш юзасидан зарур чораларни амалга оширади;

кўп йиллик ва бир йиллик статистика дастурларининг ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради ва амалга оширилишини мониторинг қилади;

расмий статистикани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари билан биргаликда амалга оширади ва статистика дастурлари доирасида уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

расмий статистиканинг асосий принципларига риоя этилишини ва халқаро тавсияларга мувофиқ бўлган статистика услубиётлари ягоналигини таъминлайди, расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари статистика услубиётларини халқаро тавсияларга мувофиқлиги юзасидан аудитдан ўтказади;

миллий статистика тизими фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади, расмий статистика соҳаси масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади;

расмий статистика соҳасидаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳамда халқаро тавсиялар асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан, статистик кўрсаткичларни ҳисоблаш услубиётларини ишлаб чиқади, тасдиқлайди, жорий этади ва такомиллаштиради;

ваколати доирасидаги масалалар бўйича тавсия, қўлланма ва кўрсатмалар ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалиётга жорий этади;

расмий статистикадан фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларини ўрганиш асосида статистика кузатувлари шаклларини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалиётга жорий этади, статистика кузатувларини ўтказиш усулларини белгилайди;

маъмурий маълумотларни етказиб берувчиларнинг ўзлари йиғадиган статистика кузатувлари шаклларини келишади.

б) фойдаланувчилар эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган иқтисодий, демографик, ижтимоий, молиявий, экологик ҳамда бошқа хусусиятга эга долзарб статистика маълумотларини йиғиш, уларни қайта ишлаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, тарқатиш ва сақлаш жараёнларини ташкил этиш соҳасида:

иқтисодий, демографик, ижтимоий, молиявий, экологик ҳамда бошқа хусусиятга эга статистика маълумотларини йиғиш, қайта ишлаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, сақлаш, тарқатиш ва эълон қилиш ишларини амалга оширади;

миллий статистика тизимига кирувчи расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари билан биргаликда статистика дастурларининг бажарилишини таъминлайди;

мамлакатни, унинг ҳудудларини, тармоқлар ва соҳаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат дастурларининг бажарилиши жараёнлари юзасидан статистика кузатувларини ташкил этади ва амалга оширади;

статистика маълумотларини йиғишни, уй хўжаликларининг статистика кузатувларини, рўйхатга олишларни, бир маротабалик ҳисобга олишларни, танланма сўровларни ва бошқа статистика кузатувларини ўтказишни ташкил этади;

макроиқтисодий кўрсаткичларнинг статистик ҳисоб-китобларини амалга оширади ҳамда мамлакатдаги энг муҳим ижтимоий-иқтисодий ҳодисалар ва жараёнларнинг дастлабки статистик таҳлилини олиб боради;

респондентларга электрон шаклдаги статистика ҳисоботларини тўлдириш ва тақдим этиш учун махсус ахборот тизимидан бепул фойдаланиш имконини яратади;

респондентларга ишончли статистика маълумотларини тақдим этишда ҳар томонлама кўмаклашади, статистика маълумотларини тақдим этиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни ошириш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқади;

статистика ҳисоботларини йиғиш, статистика кузатувларини ўтказиш, расмий статистика маълумотларини шакллантириш ҳамда уларни тарқатиш ва эълон қилиш жараёнларига давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларининг ҳар қандай аралашувини истисно қилиш чора-тадбирларини кўради;

маълумотлар базасини, статистика регистрларини, веб-сайтларни шакллантиради, юритади ва янгилаб боради, фойдаланувчиларга улардан фойдаланишга доир зарур тушунтиришлар беради;

расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари билан статистика маълумотлари ва метамаълумотлар алмашинувини кенг йўлга қўяди;

олинган статистика маълумотларининг махфийлигини, бирламчи ҳисобот ва индивидуал маълумотлардан юридик шахсларнинг фаолиятини, бошқа хусусиятларини ёки миқдор кўрсаткичларини расмий тасдиқлаш мақсадида фойдаланишга йўл қўймасликни, давлат сирларига эга бўлган статистика маълумотларининг ҳимоя қилинишини таъминлайди;

ўз ваколатлари доирасида статистика органлари фаолияти жараёнларида олинган хизмат, банк, тижорат сирларини ва бошқа махфий маълумотларни ўз ичига олган ахборотларни сақлаш ва ҳимоялашни таъминлайди;

қўшимча равишда ишлов берилган статистика маълумотларини, босма нашрларни ва бошқа материалларни расмий статистикадан фойдаланувчиларнинг сўровига кўра пулли асосда тақдим этишни амалга оширади;

шартнома асосида расмий статистика масалалари бўйича пулли хизматлар, шунингдек, Статистика дастуридан ташқари бошқа хизматларни кўрсатади ҳамда ишларни бажаради;

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ статистика органлари фаолияти жараёнларида юзага келган архив ҳужжатларини жамлаш, сақлаш, ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш ишларини амалга оширади;


в) халқаро даражада умумқабул қилинган расмий статистиканинг асосий принциплари асосида сифатли ва ишончли статистика маълумотларини шакллантириш, уларнинг шаффофлиги ва ошкоралигини оширишга қаратилган таъсирчан механизмларни амалиётда қўллаш соҳасида:

расмий статистика маълумотлари расмий статистиканинг асосий принципларига риоя этган ҳолда тайёрланиши ва тарқатилишини ташкил этади;

сифатли ва ишончли статистика маълумотларини шакллантириш, уларнинг шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлаш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганади ва уларни расмий статистика соҳасига жорий этиш чораларини кўради;

расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари ва маъмурий маълумотларни етказиб берувчилар томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга ошириладиган статистика кузатувлари тизимини мақбуллаштириш йўли билан холисона, сифатли ва талаб юқори бўлган ҳисобот маълумотлари тайёрланишини, танланма статистика кузатувлари сонини ва натижаларининг ишончлилиги босқичма-босқич оширилишини мувофиқлаштиради;

расмий статистика учун зарур бўлган статистик таснифлагичларни ишлаб чиқади ва юритади, халқаро стандарт таснифлагичлар асосида уларнинг мунтазам равишда қайта кўриб чиқилишини амалга оширади;

очиқ статистика маълумотларини статистика органлари, расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари, бошқа давлат органлари ва халқаро ташкилотларнинг интернет ресурслари ҳамда нашрларида жойлаштириш йўли билан тарқатади ва барча фойдаланувчиларга расмий статистика маълумотларидан кенг фойдаланиш учун тенг имкониятларни яратади;

бошқа мамлакатларнинг расмий статистикани тайёрловчилари ва халқаро ташкилотлар билан очиқ статистика маълумотларини ўзаро алмашади;

миллий ва хорижий фойдаланувчилар учун расмий статистика маълумотларининг максимал даражада очиқлиги ва шаффофлигини, шу жумладан, республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириб бориш кўрсаткичлари халқаро статистик тўпламларда чоп этилишини таъминлаш мақсадида халқаро статистика ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминлайди;

расмий статистика соҳасида халқаро ташкилотлар, статистика институтлари ва бошқа мамлакатларнинг расмий статистикани тайёрловчилари билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида белгиланган тартибда битимлар тузади ва уларнинг амалга оширилишини ташкил этади;

расмий статистика соҳасига халқаро даражада тавсия этилган илғор тизимлар ва тавсияларни жорий этиш учун халқаро ташкилотлар, молия институтлари ва бошқа чет эллик донорларнинг маблағлари ҳамда грантлари (техник кўмаги)ни жалб этиш ишларини амалга оширади;

расмий статистикадан фойдаланувчилар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, статистика маълумотларининг мазмуни ва сифатини янада яхшилаш мақсадида фойдаланувчилар ўртасида тақдим этилаётган статистика маълумотларидан қониқиш даражасини баҳолаш бўйича сўровлар ўтказади;

расмий статистика маълумотларининг манбалари, уларни тайёрлаш усуллари, ишончлилиги, шаффофлиги, ошкоралиги ва сифати тўғрисида фойдаланувчиларни метамаълумотлар ёрдамида хабардор қилиб боради;


г) статистика маълумотларини тайёрлаш жараёнларида рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, ўз ахборот тизимларини расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари ва маъмурий маълумотларни етказиб берувчиларнинг ахборот тизимлари билан ўзаро интеграциясини таъминлаш соҳасида:

статистика ахборотларининг тезкорлик билан узатилиши ва уларни қайта ишлашни таъминловчи рақамли технологияларни статистика органлари фаолиятига жорий этади;

статистика кузатувларини ўтказиш, расмий статистика маълумотларини шакллантириш ва таҳлил қилиш мақсадида, заруратга кўра, мавжуд ахборот тизимларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ахборот тизимлари билан ўзаро интеграциясини босқичма-босқич йўлга қўяди;

статистика маълумотлари билан ишлаш жараёнларини автоматлаштириш даражасини ошириш, статистика органларида фойдаланиладиган ахборот тизимларини доимий такомиллаштириш, статистика маълумотларининг ягона банкини шакллантириш, кўрсатилаётган интерактив хизматлар таркибини кенгайтириш ва сифатини яхшилашни таъминлайди;

расмий статистикадан фойдаланувчиларга реал вақт режимида статистик кўрсаткичларнинг кенгайтирилган рўйхатидан эркин фойдаланиш имконини берувчи статистика маълумотлари базасини ишлаб чиқади ва юритади;

ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот алмашинувининг ҳимояланган электрон шаклига босқичма-босқич ўтиш, хавфларга қарши тизимнинг самарали ишлашини таъминлаш учун норматив-ҳуқуқий ва ташкилий-техник базани такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга оширади;

миллий ахборот макони яхлитлигини сақлаш, статистика органлари ахборот тизимлари ва ресурсларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, уларни рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни кўради;

ягона таснифлаш тизими асосида юридик шахсларни ҳисобга олиш ва идентификациялашни, Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри самарали фаолият кўрсатишини ҳамда янгилаб борилишини таъминлайди;

ўзаро мос ахборот тизимлари ва ресурсларини яратиш учун асос сифатида статистик таснифлагичлардан фойдаланишни таъминлайди;

интернет ресурсларига жойлаштириш йўли билан статистик таснифлагичлар ва уларга киритилаётган ўзгартиришлар тўғрисида фойдаланувчиларни хабардор қилади;


д) давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини шакллантириш, юритиш ва янгилаш ҳамда тегишли ахборотларнинг Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталида ўз вақтида акс эттирилиши бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш соҳасида:

давлат органлари ва ташкилотларининг Порталда эълон қилинадиган очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини умумлаштириш ҳамда янгиланишнинг аниқ муддатлари ва даврийлигини белгилаган ҳолда тасдиқланишини ҳамда мунтазам янгилаб турилишини ташкил этади;

Портални янада ривожлантириш ва унинг функционал имкониятларини кенгайтириш бўйича "йўл харита"ларининг ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда тасдиқланишини ташкил этади;

очиқ маълумотларни етказиб берувчи давлат органлари ва ташкилотларига ҳамда фойдаланувчиларга Порталдан самарали фойдаланиш бўйича услубий ёрдам кўрсатади;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан рўйхат асосида маълумотларнинг тўлиқ жойлаштирилиши ҳамда уларнинг ўз вақтида Порталда акс эттирилиши бўйича фаолиятни баҳолашда иштирок этади ва мувофиқлаштиради;

Порталда эълон қилинган очиқ маълумотлар тўпламлари долзарблигини доимий мониторинг қилади;

очиқ маълумотларни етказиб берувчи давлат органлари ва ташкилотлари масъул ходимларининг очиқ маълумотлар соҳасида малакаларини ошириб боришни амалга оширади;

Порталнинг функционал имкониятлари ўзгарганлиги тўғрисида ундан фойдаланувчиларнинг хабардор қилинишини ташкил этади;

мамлакатда очиқ маълумотлар соҳасини янада ривожлантириш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;


е) рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва уларнинг юқори даражада амалга оширилишини таъминлаш соҳасида:

рўйхатга олиш ҳужжатлари шаклларини, рўйхатга олувчи ходимлар гувоҳномаси шаклини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

рўйхатга олиш дастурларини ва рўйхатга олиш варақалари шаклларини ишлаб чиқади ва уларнинг ҳудудларга етказилишини таъминлайди;

рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисида аҳолини хабардор қилишга доир ишларни мувофиқлаштиради;

рўйхатга олишга жалб этиладиган ходимларни танлаб олиш ва ўқитиш тартибини белгилайди ва ўқитишни ташкил этади;

рўйхатга олиш натижалари миллий ва хорижий фойдаланувчиларнинг кенг оммаси учун эълон қилинишини таъминлайди;

рўйхатга олиш варақлари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатларининг сақланиши (шу жумладан, вақтинча сақланиши), йўқ қилиниши тартибини белгилайди ва уларнинг бажарилишини таъминлайди;


ж) миллий статистика тизимидаги кадрлар салоҳиятини ошириш ва статистик тадқиқотларни ривожлантириш борасида фаол сиёсатни юритиш соҳасида:

Статистика агентлиги тизими кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш дастурини тасдиқлайди ҳамда унинг амалга оширилишини мувофиқлаштиради;

статистика соҳасида кадрлар тайёрлаш, ходимлар малакасини ошириш ишларини ташкил этишда республика илмий ва таълим муассасалари ҳамда халқаро статистика институтлари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади;

вазирлик ва идоралар ходимларининг статистика соҳасидаги билим ҳамда кўникмаларини ривожлантириш бўйича малака ошириш ва қайта тайёрлаш дастурларини тасдиқлайди ҳамда амалга оширилишини ташкил этади;

кадрлар малакасини ошириш жараёнларига видеоконференцалоқа тизими ва рақамли технологияларни қўллаган ҳолда масофавий ўқитиш тизимини самарали ташкил этади;

бошқарув ходимларини ишга қабул қилишда лавозимларга номзодларни очиқ танлов асосида қабул қилишни амалга оширади;

статистика органлари фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш, ходимларнинг самарали меҳнат қилишлари, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш учун муносиб шарт-шароитларни яратиш чораларини кўради;

статистика органлари ходимлари учун лавозим ва малака даражаларига кўтарилишда уларнинг меҳнат фаолияти, иродавий ва ахлоқий сифатлари, иқтидори ва кўникмаларини холисона баҳолашга асосланган тенг имкониятлар яратади;

статистика органлари ходимларида юксак касбий одоб-ахлоқни, коррупцияга қарши туриш маданиятини ва унга тоқат қилиб бўлмайдиган муносабатни шакллантириш бўйича таъсирчан чораларни кўради;

расмий статистика соҳасида амалиётга жорий этишга қаратилган илмий ва статистик тадқиқотларнинг устувор йўналишларини белгилайди ва амалга оширилишини мувофиқлаштиради;

статистика органлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида илғор статистик усуллар ва воситалар асосида инновацион ишланмаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш чораларини кўради;

халқаро тавсиялар ва илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб бориш мақсадида статистикага доир турли халқаро тадбирлар, семинар, тренинглар ва бошқа тадбирларда тизим вакилларининг иштирокини таъминлайди;

Статистика агентлиги Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



4-БОБ. СТАТИСТИКА АГЕНТЛИГИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


15. Статистика агентлиги ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

расмий статистика соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

статистика кузатувлари шаклларини, уларни тақдим этиш тартибини тасдиқлаш, статистика кузатувларини олиб бориш усулларини белгилаш ҳамда маъмурий маълумотларни етказиб берувчиларнинг ўзлари йиғадиган маълумотлари мазмуни, услубиёти ва рўйхатини келишиб бериш;

статистика маълумотларини тақдим этувчи давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик шахслар (шу жумладан уларнинг алоҳида бўлинмалари, филиаллари ва ваколатхоналари) ва бошқа респондентлар, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан статистика соҳасидаги бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни белгиланган тартибда қабул қилиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, банклардан ҳамда бошқа юридик шахслардан (шу жумладан уларнинг алоҳида бўлинмалари, филиаллари ва ваколатхоналаридан) статистика кузатуви шаклларини олиш ва статистика кузатуви маълумотларидан статистика мақсадларида фойдаланиш;

кузатувларни, таҳлилларни ўтказиш ва расмий статистикани шакллантириш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари маъмурий маълумотлар базаларидан, жумладан уларни ўзаро интеграциялаш орқали тўсиқларсиз фойдаланиш;

жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги регистрлар ва маълумотлар базаларини яратадиган ҳамда юритадиган давлат органлари ва уларнинг тасарруфидаги ташкилотлардан статистика регистрларини шакллантириш ҳамда ўз вақтида янгилаш учун зарур бўлган ахборотларни бепул олиш;

расмий статистиканинг бошқа тайёрловчиларининг статистика услубиётларини халқаро тавсияларга мувофиқлиги юзасидан аудитдан ўтказиш, номувофиқлик аниқланган тақдирда ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

расмий статистика соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларини белгилаш, уларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси илмий муассасалари, бошқа ташкилотлари ва хорижий ташкилотларни, шунингдек, республиканинг етакчи олимлари ва хорижий мутахассисларни белгиланган тартибда жалб этиш;

расмий статистикани тайёрлаш учун зарур бўлган статистика маълумотларини йиғишга жисмоний ва юридик шахсларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида жалб этиш, жисмоний шахс бўлган респондентларни статистика кузатувларида иштирок этганлиги учун моддий рағбатлантиришни мустақил равишда амалга оширишни ташкил этиш;

юридик ва жисмоний шахслар билан тузилган шартнома асосида статистик, консалтинг, таҳлилий, ахборот, ноширлик ва статистика дастуридагидан ташқари бошқа хизматларни кўрсатиш ҳамда экспертлар, консультантлар ва ташкилотларни (шу жумладан, хорижий) жалб этиш;

статистика кузатувларида иштирок этган респондентларни моддий рағбатлантириш қийматлари ва шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар тарифларини мустақил равишда белгилаш;

статистика ҳисоботларини тақдим этиш билан боғлиқ қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш ҳақида кўрсатмалар бериш ва қонунга мувофиқ ўз ваколатлари доирасида мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жазо чораларини қўллаш;

Статистика агентлигининг махсус жамғармасини статистика ҳисоботларини тақдим этиш тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга қўлланадиган маъмурий жарималар ва бошқа тушумлар ҳисобига шакллантириш ва ундан белгиланган тартибда фойдаланиш;

ҳудуднинг эҳтиёж ва шароитларини инобатга олган ҳолда Статистика агентлиги тизимига кирувчи вилоят ёки туман (шаҳар) ёхуд туманлараро (ҳудудлараро) шаклда бўлинмалар ташкил этиш, алоҳида вазифаларни амалга ошириш учун функционал бўлинмаларни шакллантириш;

халқаро статистика ташкилотлари билан ҳамкорликни амалга ошириш, расмий статистика масалалари бўйича, шу жумладан, халқаро семинарлар ва анжуманлар ўтказиш;

зарур ҳолларда, вазирлик ва идоралар билан бирга қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилиш.

Статистика агентлиги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


16. Статистика агентлиги:

ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни самарали бажариш, шунингдек, расмий статистика соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш;

расмий статистиканинг асосий принципларига риоя этилишини ва халқаро тавсияларга мувофиқ бўлган статистика услубиётларининг бирлигини таъминлаш;

мамлакатни, ҳудудларни, тармоқлар ва соҳаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат дастурларининг бажарилиши жараёнлари юзасидан статистика кузатувларини ташкил этиш;

статистика маълумотларини йиғишни, уй хўжаликларининг статистика кузатувларини, рўйхатга олишларни, бир маротабалик ҳисобга олишларни, танланма сўровларни ва бошқа статистика кузатувларини ўтказишни ташкил этиш;

расмий статистика соҳасини ривожлантириш бўйича стратегиялар, дастурлар, чора-тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларни самарали амалга ошириш;

барча даражадаги фойдаланувчиларни белгиланган тартибда расмий статистика маълумотлари билан таъминлаш;

халқаро ва минтақалараро статистик қиёслашларни амалга ошириш;

статистика мақсадларида фойдаланиш учун статистика регистрлари ва таснифлаш тизимини юритиш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг статистика соҳасидаги ҳуқуқларига риоя этилишини ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун жавобгар ҳисобланади.



5-БОБ. СТАТИСТИКА АГЕНТЛИГИ РАҲБАРЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИОНАЛ МАЖБУРИЯТЛАРИ


17. Статистика агентлиги зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ унинг раҳбарлари қуйидаги функционал мажбуриятларни бажарадилар:

а) Статистика агентлиги директори:

Статистика агентлиги фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, юклатилган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши юзасидан шахсан жавобгар бўлади;

ўз ўринбосарлари ва Статистика агентлиги марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари ва идоравий ташкилотлари мансабдор шахсларининг ваколатлари ҳамда шахсий жавобгарлик даражасини белгилайди;

ўз ваколати доирасида Статистика агентлиги марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари ва идоравий ташкилотларининг барча ходимлари томонидан ижро этилиши мажбурий бўлган қарор ва буйруқлар қабул қилади;

ўз ваколати доирасида Статистика агентлиги марказий аппаратининг харажатлар сметасини ва белгиланган штатлар сони доирасида штатлар жадвалини тасдиқлайди;

белгиланган штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўз ваколати доирасида Статистика агентлиги марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалар ва идоравий ташкилотларининг тузилмасига ўзгартиришлар киритади;

Статистика агентлиги марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари, ҳудудий бошқармаларнинг низомлари ва Институт уставини тасдиқлайди;

ижро интизомига, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқиш муддатлари ва тартибига қатъий риоя этилишини таъминлайди;

Статистика агентлиги тизими ходимларининг тизимли равишда малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этади;

давлат сири ва махфий ахборотни ташкил қиладиган маълумотлар билан ишлашда қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида ишларни ташкил қилади;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функционал мажбуриятларни бажаради;

б) Статистика агентлиги директори ўринбосарлари:

расмий статистика соҳасини ривожлантириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ва сифатли тайёрлашни ташкил этишда иштирок этади;

Статистика агентлиги директорининг топшириқларига биноан расмий статистикани ривожлантиришга оид дастурий ҳужжатларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради;

Статистика агентлиги марказий аппаратининг тасдиқланган тузилмасига мувофиқ тегишли бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштиради;

ўзлари мутасаддилик қилаётган марказий аппарат таркибий бўлинмаларида кадрлар захирасини шакллантириш бўйича ишларни тизимли асосда ташкиллаштиради;

Статистика агентлиги директори вақтинча иш фаолиятида бўлмаганида тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажаради;

давлат сири ва махфий ахборотни ташкил қиладиган маълумотлар билан ишлашда қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида ишларни ташкил қилади;

қонунчилик ҳужжатлари ва Статистика агентлиги директорининг қарор ва буйруқларига мувофиқ бошқа функционал мажбуриятларни бажаради;

в) Статистика агентлиги марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари:

таркибий бўлинма тўғрисидаги низомларга мувофиқ аниқ йўналишлар бўйича вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди;

ўзлари мувофиқлаштираётган соҳаларнинг ривожланиш ҳолатини баҳолайди ва амалга оширишнинг самарали механизмлари билан уларни янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифларни Статистика агентлиги раҳбариятига киритади;

Статистика агентлиги ҳайъати қарорлари, Статистика агентлиги директорининг қарор, буйруқ, кўрсатмалари, унинг ўринбосарлари кўрсатма ҳамда топшириқлари ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлайди;

давлат сири ва махфий ахборотни ташкил қиладиган маълумотлар билан ишлашда қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида ишларни ташкил қилади;

қонунчилик ҳужжатлари ва Статистика агентлиги директорининг қарор ва буйруқларига мувофиқ бошқа функционал мажбуриятларни бажаради;

г) Статистика агентлиги ҳудудий бўлинмалари ва идоравий ташкилотлари раҳбарлари:

юклатилган вазифаларга, шунингдек, Статистика агентлиги раҳбариятининг топшириқларига мувофиқ бошқармаларнинг фаолиятини ташкил этади;

Статистика агентлиги ҳайъати қарорлари, Статистика агентлиги қарор ва буйруқлари, кўрсатмалари ҳамда топшириқлари билан юкланган вазифа ва функцияларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлайди;

давлат сири ва махфий ахборотни ташкил қиладиган маълумотлар билан ишлашда қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида ишларни ташкил қилади;

қонунчилик ҳужжатлари ва Статистика агентлиги директорининг қарор ва буйруқларига мувофиқ бошқа функционал мажбуриятларни бажаради.



6-БОБ. СТАТИСТИКА АГЕНТЛИГИ

РАҲБАРЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


18. Статистика агентлиги директори:

Статистика агентлигига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомда белгиланган Статистика агентлигининг жавобгарлик соҳалари ҳамда ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши бўйича шахсан жавоб беради.


19. Статистика агентлиги директори ўринбосарлари:

Статистика агентлигининг ўзлари назорат қиладиган таркибий бўлинмаларида Статистика агентлигига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомда белгиланган Статистика агентлиги мутасаддилик қиладиган масалаларга доир жавобгарлик соҳалари ҳамда ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши бўйича шахсан жавоб беради.



7-БОБ. СТАТИСТИКА АГЕНТЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. Статистика агентлиги раҳбарияти


20. Статистика агентлигига Статистика агентлиги директори раҳбарлик қилади.


21. Статистика агентлиги директорининг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга эга.

Статистика агентлиги директори иш фаолиятида вақтинча бўлмаганда унинг ваколатлари вазифалар тақсимотига мувофиқ директор ўринбосарлари томонидан амалга оширилади.


22. Статистика агентлиги директори ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича тегишли равишда вазир ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

Статистика агентлиги директори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти бериладиган мансабдор шахслар рўйхатига киритилади.


23. Статистика агентлиги марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари раҳбар ва ходимлари Статистика агентлиги директори томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.


24. Ҳудудий статистика бошқармалари бошлиқлари ва ўринбосарлари, Институт директори ва ўринбосарлари Статистика агентлиги директори томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.


25. Туман (шаҳар) статистика бўлимлари бошлиқлари Статистика агентлиги билан келишилган ҳолда ҳудудий статистика бошқармалари бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.


26. Ҳудудий статистика бошқармалари ва туман (шаҳар) статистика бўлимларининг ходимлари - ҳудудий статистика бошқармалари бошлиқлари томонидан, Институт ходимлари - Институт директори томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.



2-§. Статистика агентлиги ҳайъати, бошқа кенгаш,

маслаҳат ва эксперт органлари


27. Статистика агентлигида Статистика агентлиги директори (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек, Статистика агентлиги фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади.

Ҳайъат аъзолари сони ва шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилади.


28. Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юкланади:

Статистика агентлиги фаолиятининг ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Статистика агентлиги тизими ходимлари ва раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўрган ҳолда таркибий ва ҳудудий бўлинмалар ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари мунтазам равишда эшитилишини ташкил этиш;

Статистика агентлигининг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари томонидан статистика дастурларининг бажарилиши натижадорлигини ҳар чоракда ва мунтазам кўриб чиқиш;

Статистика агентлиги фаолиятига оид долзарб масалалар муҳокама қилинишини таъминлаган ҳолда ҳайъатнинг кенгайтирилган, шу жумладан жойларда сайёр мажлислари ўтказилишини ташкил этиш, шунингдек, юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ҳамда топшириқлари билан белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун статистика органлари раҳбарлари ва ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Статистика агентлиги ваколатига киритилган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиши мумкин.


29. Ҳайъат мажлисига давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлар раҳбарлари уларнинг ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклиф этилиши мумкин.


30. Ҳайъат, агар унинг мажлисида ҳайъат таркибининг ярмидан кўпи қатнашса, ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.


31. Ҳайъат қарорлари ҳайъат раиси томонидан имзоланади ва Статистика агентлиги директорининг буйруғи (қарори) билан амалга оширилади.


32. Статистика агентлиги директори ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Статистика агентлиги директори юзага келган келишмовчиликлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ўз фикрини маълум қилиши мумкин.


33. Ҳайъат фаолиятининг тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган регламент билан белгиланади.


34. Статистика агентлиги ҳузурида расмий статистикани ривожлантириш, фаолият юритиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича давлат бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, шунингдек статистика бўйича миллий экспертлардан таркиб топган коллегиал маслаҳат органи ҳисобланувчи Статистика кенгаши фаолият юритади.

Статистика кенгаши фаолиятининг ташкилий-техник таъминоти Статистика агентлиги томонидан амалга оширилади.

Статистика кенгаши фаолиятининг тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжати билан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.


35. Статистика агентлиги ҳузурида ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланадиган Жамоатчилик кенгаши фаолият юритади.

Жамоатчилик кенгаши таркибига статистика соҳасида намунали хизмат кўрсатган меҳнат фахрийлари, жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга обрў-эътиборли фуқаролар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари жалб этилади.

Жамоатчилик кенгашининг шахсий таркиби, шунингдек, унинг низоми Статистика агентлиги директорининг буйруғи билан тасдиқланади.


36. Қуйидагилар Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда жамоатчилик манфаатларининг ҳисобга олиниши, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари талаблари ижросини таъминлаш, Статистика агентлиги зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш, давлат хизматларини кўрсатиш бўйича Статистика агентлиги ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

мамлакатда миллий иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш жараёнларининг ишончлилиги ва тўлиқлигини инобатга олган ҳолда статистика дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ва келишиш;

Статистика агентлиги фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни мониторинг қилиш, унинг фаолияти тўғрисида батафсил ахборот олиш имкониятларини таҳлил қилиш, уларни янада кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Статистика агентлиги фаолиятини ҳамда фойдаланувчиларнинг расмий статистика маълумотларига бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

статистика маълумотларининг шаффофлиги, ошкоралиги ва қулайлигини янада оширишни таъминлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

Статистика агентлиги томонидан долзарб, сифатли ва ишончли статистиканинг шакллантирилишига кўмаклашиш;

мавжуд статистика маълумотлари ҳақида жамоатчиликни хабардорлигини ҳамда уларнинг статистика маълумотларига бўлган ишончини ошириш учун фойдаланувчилар билан яқиндан алоқа ўрнатиш.


37. Статистика агентлигида расмий статистика соҳасидаги ташкилий ва услубиётга оид ишларни амалга ошириш мақсадида бошқа кенгаш, маслаҳатлашув, ишчи гуруҳлар, ҳайъат ва эксперт органлари тузилиши мумкин.

Уларнинг таркиби ва улар тўғрисидаги низомлар Статистика агентлиги директори томонидан тасдиқланади, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан тасдиқланадиган ҳолатлар бундан мустасно.



8-БОБ. СТАТИСТИКА АГЕНТЛИГИ ФАОЛИЯТИНИНГ

САМАРАДОРЛИГИ ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ

МЕЗОНЛАРИ ВА ИШ ИНДИКАТОРЛАРИ


38. Қуйидагилар:

Статистика агентлиги директори, директорнинг ўринбосарларининг фаолияти самарадорлиги - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан белгиланадиган фаолият самарадорлигини баҳолашнинг интеграциялашган кўрсаткичлари асосида баҳоланади;

Статистика агентлиги марказий аппарат таркибий бўлинмалари, ҳудудий бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари ва ходимларининг фаолияти самарадорлиги - Статистика агентлиги директори томонидан тасдиқланадиган фаолият самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари асосида баҳоланади.



9-БОБ. СТАТИСТИКА АГЕНТЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ,

УНИНГ ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ

ВА МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


39. Статистика агентлигининг мол-мулкини асосий воситалар ва айланма маблағлар, шунингдек, қиймати унинг мустақил балансида акс эттириладиган бошқа бойликлар ташкил этади.


40. Статистика агентлигини молиялаштириш ва унинг моддий-техника таъминоти статистика дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Статистика агентлиги бюджет маблағлари олувчиси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига зарур молиялаштириш ҳажмини белгилашда бюджет қонунчилигига амал қилади.

Статистика дастурида белгиланган ва амалга оширилган статистика ишлари учун ҳақ тўлаш статистика ишларини бажаришга шартнома ва Статистика агентлиги томонидан ҳар ойда тақдим этиладиган бажарилган ишлар далолатномалари асосида Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига таъминланади.

Статистика дастурига киритилмаган ва уларни ишлаб чиқишга қўшимча харажатлар талаб қилинадиган қўшимча статистика ишларига ҳақ тўлаш буюртмачилар маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

Статистика агентлиги томонидан олинган фойда, амортизация ажратмалари, шунингдек, бошқа тушумлар унинг ихтиёрида қолади ҳамда улардан статистика органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш, ходимларнинг касб маҳоратини, ўз лавозим вазифаларини сифатли бажарганлигини, ижодий фаоллигини ва ташаббускорлигини рағбатлантириш учун белгиланган тартибда фойдаланилади.


41. Статистика агентлиги Статистика дастурини бажариш доирасида ажратилган маблағларнинг ва ўз ишларининг бошқа натижаларининг тезкор ва бухгалтерия ҳисобини "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларига мувофиқ амалга оширади, статистика ҳисоботини юритади.



10-БОБ. CТАТИСТИКА АГЕНТЛИГИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИГА ҲИСОБДОРЛИГИ


42. Cтатистика агентлиги раҳбарлари ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобот беради.


43. Cтатистика агентлиги расмий веб-сайтида ҳар чорак якунларига кўра тегишли ҳисобот даврида республикада расмий статистикани ривожлантириш ҳолати тўғрисида таҳлилий маълумотларни эълон қилиб боради.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


44. Cтатистика агентлигини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

       

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 5 март












































































Время: 0.0132
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск