ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.03.2024 й. ПФ-49-сон "Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

13.03.2024 й.

N ПФ-49



РЕСПУБЛИКА ВА МАҲАЛЛИЙ ИЖРО

ЭТУВЧИ ҲОКИМИЯТ ОРГАНЛАРИ ҲАМДА ХЎЖАЛИК

БИРЛАШМАЛАРИ ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ

БАҲОЛАШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



"Ўзбекистон - 2030" стратегиясини амалга ошириш доирасида 2024 йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичларга ўз вақтида, тўлақонли ва сифатли эришилишини таъминлаш, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларининг бу борадаги масъулияти ва шахсий жавобгарлигини ошириш ҳамда фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш мақсадида:


1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КРI) (кейинги ўринларда - самарадорлик кўрсаткичлари), уларга эришиш бўйича "йўл хариталари" ҳамда улар томонидан ҳудудларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичлари ҳамда ҳудудлар кесимидаги чора-тадбирлар дастури асосида ишлаб чиқиладиган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосарларининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан ва уларга эришиш бўйича "йўл хариталари" Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан тасдиқланади;

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичлари асосида туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан ҳамда уларга эришиш бўйича ойлик иш режалари туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тасдиқланади.

Бунда, самарадорлик кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва топшириқларида белгиланган кўрсаткичлардан паст бўлмаган даражада чораклар кесимида белгиланади.


2. Самарадорлик кўрсаткичларига ўз вақтида ва сифатли эришилишини таъминлаш ва уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш тизимини рақамлаштириш мақсадида белгилансинки:

самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги маълумот ҳар чоракда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг "samaradorlik.uz" электрон платформасига (кейинги ўринларда - платформа) киритилади ҳамда унда раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлиги рейтинги шаклланади;

Статистика агентлиги ва бошқа давлат ташкилотларининг ахборот тизимларида электрон ҳисоботи юритиладиган самарадорлик кўрсаткичларига эришиш натижалари ушбу ахборот тизимларини платформага интеграция қилиш орқали автоматик тарзда шакллантирилади;

самарадорлик кўрсаткичлари бажарилганлиги Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ташкилотлар ёки Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари томонидан тасдиқланади, бундан натижаси автоматик тарзда шакллантириладиган самарадорлик кўрсаткичлари мустасно;

ҳар бир самарадорлик кўрсаткичига белгиланадиган салмоқ ўлчови йиғиндисидан келиб чиқиб, самарадорлик кўрсаткичлари улар бажарилиши 70 фоиздан кам бўлганда - "қониқарсиз", 70 фоиздан 85 фоизгача - "қониқарли", 85 фоиздан 100 фоизгача - "яхши" ҳамда 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда "аъло" деб баҳоланади;

самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилиши тўғрисидаги маълумот платформага ўз вақтида ва сифатли киритилиши ҳамда тасдиқланиши танланма тартибда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан мониторинг қилинади.


3. Самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилишида раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш мақсадида ўрнатилсинки:

республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларини рағбатлантириш тўловлари миқдори уларнинг самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб белгиланади;

чорак якуни бўйича самарадорлик кўрсаткичларига эришиш натижалари "қониқарсиз" деб баҳоланган раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига рағбатлантириш тўловлари келгуси уч ой учун тўхтатилади ва уларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилади, бундан Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида самарадорлик кўрсаткичлари асослантирилган сабабларга кўра бажарилмаганлиги тасдиқланган ҳоллар мустасно;

йил якуни бўйича самарадорлик кўрсаткичларига эришиш натижалари "қониқарсиз" деб баҳоланган раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига нисбатан уларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилади.


4. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва ўринбосарларининг самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши юзасидан ҳар бир ташкилот бўйича ҳисоботларни ҳар йили эшитиб бориш тавсия этилсин.


5. Белгилансинки:

республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолашда платформада шакллантирилган самарадорлик кўрсаткичлари бирламчи манба ҳисобланади;

фаолияти самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳоланадиган республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларининг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади;

Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида тасдиқланадиган самарадорлик кўрсаткичлари, уларга белгиланадиган салмоқ ўлчови ва бошқа кўрсаткичлар Вазирлар Маҳкамаси Раёсати қарори билан ўзгартирилиши мумкин.


6. Вазирлар Маҳкамаси:

а) бир ҳафта муддатда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичлари, уларга эришиш бўйича "йўл хариталари" ҳамда улар томонидан ҳудудларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастурини;

б) бир ой муддатда:

республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ўринбосарларининг самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб амалга ошириладиган рағбатлантириш тўловлари турлари ва уларни ҳисоблаш тартибини;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосарларининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ўринбосарларининг самарадорлик кўрсаткичларини тасдиқласин.


7. Рақамли технологиялар вазирлиги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ушбу Фармон талабларидан келиб чиқиб, Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан платформани такомиллаштирсин ва тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилсин.

Рақамли технологиялар вазирлиги Статистика агентлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда электрон ҳисоботи юритилмайдиган самарадорлик кўрсаткичларини 2025 йил якунига қадар босқичма-босқич рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.


8. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги:

бир ой муддатда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмаларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш асослари бўйича Давлат бошқаруви академиясида қисқа муддатли ўқув курсларни ташкил этсин;

икки ой муддатда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларининг фаолиятини самарадорлик кўрсаткичлари асосида платформа орқали баҳолаш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги икки ой муддатда давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган йирик хўжалик жамиятлари уставларига мазкур Фармондан келиб чиқиб, тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминласин.


10. Қуйидагиларга:

Бош вазир ўринбосарлари А.Раматов, Ж.Қўчқоров, Ж.Ходжаев, З.Махкамовага - тегишлилиги бўйича республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмаларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари учун самарадорлик кўрсаткичлари ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши, уларга эришилишини таъминлаш юзасидан;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларига - ўзларининг ўринбосарлари учун самарадорлик кўрсаткичлари ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши, уларга эришилишини таъминлаш, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари учун самарадорлик кўрсаткичларини тасдиқлаш юзасидан;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосарига - республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш ишларини услубий жиҳатдан мувофиқлаштириш, самарадорлик кўрсаткичлари натижалари бўйича таҳлилий маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш юзасидан;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат иштирокидаги йирик корхоналар раҳбарларига - ўзлари масъул бўлган тармоқ ва соҳалар бўйича белгиланган самарадорлик кўрсаткичларига эришилиши ҳамда маълумотларнинг тўғри ва ўз вақтида платформага киритилиши юзасидан шахсий масъулият юклансин.


11. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


12. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 13 март













































Время: 0.0073
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск