язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Монополияга қарши сиёсат. Табиий монополиялар/ Табиий монополиялар/ Ўзбекистон Республикасининг 24.04.1997 й. 398-I-сон "Табиий монополиялар тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

24.04.1997 й.

N 398-I



ТАБИИЙ МОНОПОЛИЯЛАР ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси товар бозорларида табиий монополия субъектларининг фаолияти билан боғлиқ бўлган муносабатларни тартибга солишдан, шунингдек истеъмолчилар, давлат ва табиий монополия субъектлари манфаатларининг мутаносиблигини таъминлашдан иборатдир.



2-модда. Табиий монополиялар

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


табиий монополия - товар бозорининг ҳолати бўлиб, унда технологик хусусиятлар туфайли муайян товарлар (ишлар, хизматлар) турларига (бундан буён матнда товарлар деб юритилади) бўлган талабни қондиришнинг рақобатли шароитларини яратиш мумкин эмас ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас;


табиий монополия субъекти - табиий монополия шароитида товарлар ишлаб чиқариш (реализация қилиш) билан банд бўлган хўжалик юритувчи субъект (юридик шахс);


истеъмолчи - табиий монополия субъекти ишлаб чиқараётган товарни олаётган жисмоний ёки юридик шахс;


4-модда. Табиий монополия субъектларининг

фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш

Табиий монополия субъектларининг фаолияти қуйидаги соҳаларда давлат томонидан тартибга солинади:

нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қувур орқали транспортировка қилиш;

электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ҳамда транспортировка қилиш;

темир йўллар инфратузилмасидан фойдаланиш ҳисобга олинган ҳолда темир йўлларда ташиш;

умумий эркин фойдаланиладиган почта алоқаси хизматлари;

сув қувурлари ва канализация хизмати;

аэронавигациялар, портлар ва аэропортлар хизматлари.

Қуйидагилар табиий монополия субъектлари фаолиятини давлат томонидан тартибга солувчи органлардир:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган орган (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади).

Табиий монополия шароитида ишлаб чиқариладиган (реализация қилинадиган) товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати ваколатли орган томонидан белгиланади.


5-модда. Табиий монополия субъектларининг

фаолиятини тартибга солиш усуллари


Табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солиш қуйидаги усулларда амалга оширилади:

нархларни (тарифларни) ёки уларнинг энг юқори (энг паст) даражасини белгилаш (ўрнатиш) воситасида нархларни тартибга солиш;

хизмат кўрсатилиши шарт бўлган истеъмолчиларни аниқлаш ва (ёки) уларни табиий монополия субъектлари реализация қиладиган товар билан тўлиқ ҳажмда қондиришнинг имкони бўлмаган тақдирда, таъминлашнинг энг кам даражасини белгилаш.

Табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усуллар ҳам қўлланилиши мумкин.



6-модда. Табиий монополия субъектлари фаолиятини

тартибга солувчи давлат органи томонидан тартибга солиш

усулларини қўллаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш учун асослар


Табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солувчи тегишли давлат органи томонидан муайян табиий монополия субъектига нисбатан ушбу Қонунда ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибга солиш усулларини қўллаш тўғрисидаги қарор ишлаб чиқарилаётган (реализация қилинаётган) товарлар сифатини ошириш ва уларга бўлган талабни қондиришдаги рағбатлантирувчи роли ҳисобга олинган ҳолда унинг фаолиятини таҳлил қилиш асосида қабул қилинади. Бунда сарф-харажатларнинг қанчалик асосли эканлиги баҳоланади ва қуйидагилар ҳисобга олинади:

товарлар ишлаб чиқариш (реализация қилиш) чиқимлари, шу жумладан иш ҳақи, хом ашё ва материаллар қиймати, қўшимча харажатлар;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;

асосий ишлаб чиқариш воситаларининг қиймати, уларни такрор ишлаб чиқариш учун талаб этиладиган инвестицияларга бўлган эҳтиёж, ҳамда амортизация ажратмалари;

товарлар турли нархларда (тарифларда) реализация қилиниши эҳтимолидан кутилаётган фойда;

истеъмолчилар турли гуруҳларининг товарлар ишлаб чиқариладиган жойдан олислиги;

ишлаб чиқарилаётган (реализация қилинаётган) товарлар сифатининг истеъмолчилар талабига мувофиқлиги;

давлат дотациялари ва давлат ёрдамининг бошқа чора-тадбирлари.

Муайян табиий монополия субъектининг фаолиятини тартибга солиш усулларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилаётганда табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солувчи орган табиий монополия субъекти товарларининг истеъмолчилари тақдим этган ахборотни ҳам қўриб чиқади.



7-модда. Нархларни тартибга солиш


Табиий монополия субъектлари фаолиятида нархларни тартибга солиш ваколатли орган томонидан амалга оширилади.

Товарларга нархлар (тарифлар) белгилаш учун табиий монополия субъектлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгиланган тартибга мувофиқ ваколатли органга нархларнинг (тарифларнинг) лойиҳаларини ҳамда улар бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этадилар.

Табиий монополия субъектлари товарларига тааллуқли нархлар (тарифлар) лойиҳалари ваколатли орган томонидан истеъмолчи маҳсулоти нархларига уларнинг таъсири ҳисобга олинган ҳолда бир ой муддат ичида кўриб чиқилади.

Ваколатли органнинг нархлар (тарифлар) бўйича қарори табиий монополия субъектлари томонидан улар кучга киришидан камида ўн беш кун аввал оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


8-модда. Хизмат кўрсатилиши шарт

бўлган истеъмолчиларни аниқлаш


Табиий монополия субъектлари томонидан хизмат кўрсатилиши бўлган истеъмолчиларни аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.


9-модда. Табиий монополия субъектлари

фаолияти устидан давлат назорати

Табиий монополия субъектлари фаолияти устидан давлат назорати монополияга қарши давлат органи томонидан амалга оширилади.

Монополияга қарши давлат органи:

истеъмолчиларга реализация қилинадиган товарларнинг ҳажмлари бўйича шартномаларга риоя этилиши устидан;

товарлар нархини белгилаш ҳамда нархларни (тарифларни) қўллаш тартибига риоя этилиши устидан;

табиий монополия субъектларининг ташкил этилиши, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши устидан назоратни амалга оширади.



10-модда. Монополияга қарши давлат органининг табиий

монополия субъектлари фаолияти соҳасидаги ваколатлари


Монополияга қарши давлат органи:

давлат томонидан тартибга солиш ва назорат амалга оширилаётган табиий монополия субъектларининг Давлат реестрини тузади ва юритади;

табиий монополиялар тармоқларини таркибий жиҳатдан ўзгартириш дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ушбу Қонунга риоя этилишини ўз ваколати доирасида назорат қилади;

қонун ҳужжатларининг бузилиш фактлари юзасидан ўз ваколати доирасида қарорлар қабул қилади;

табиий монополия субъектларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юборади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бажарилиши мажбурий бўлган улар томонидан ушбу Қонунга зид тарзда қабул қилинган ҳужжатларни бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги кўрсатмаларни юборади;

ушбу Қонунни қўллаш ёки бузиш билан боғлиқ бўлган ишларда судга даъво ва ариза билан мурожаат этади ҳамда ишлар судда кўриб чиқилаётганда қатнашади.



11-модда. Табиий монополиялар тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги

ишларни кўриб чиқиш


Монополияга қарши давлат органи ўз ваколати доирасида юридик шахслар, шу жумладан чет эл юридик шахслари, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

Назорат вазифаларини амалга ошириш чоғида монополияга қарши орган томонидан олинган материаллар, шу жумладан табиий монополия субъектлари фаолиятини текшириш ва таҳлил қилишга доир материаллар, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мурожаатлари ҳамда прокуратура органларининг тақдимномалари табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш учун асос бўлади.

Табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисидаги ишлар бир ой муддатда кўриб чиқилади.

Кўриб чиқилаётган ишлар юзасидан қарор хўжалик юритувчи субъект ёки бошқарув органининг вакиллари ҳозирлигида, шунингдек манфаатдор шахсларнинг иштирокида қабул қилинади.

Ишни кўриб чиқиш натижалари юзасидан монополияга қарши давлат органининг қарори (кўрсатмаси) у қабул қилинган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай манфаатдор тарафларга жўнатилади ҳамда унда белгиланган муддатларда ижро этилиши шарт.



12-модда. Табиий монополия субъектларининг

фаолияти тўғрисидаги маълумотдан

фойдаланиш ҳуқуқи


Монополияга қарши давлат органи зиммасига юкланган вазифаларни бажариш мақсадларида унинг мансабдор шахслари маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги, шунингдек табиий монополия субъектларидаги мавжуд бўлган табиий монополия субъектлари фаолиятига тааллуқли маълумотдан монеликсиз фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Табиий монополия субъектлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари монополияга қарши давлат органининг талабига биноан монополияга қарши давлат органи ушбу Қонунда назарда тутилган вазифаларни амалга ошириши учун зарур бўлган ҳужжатларни, тушунтиришларни ва бошқа маълумотни ёзма ёки оғзаки шаклда тақдим этишлари шарт.

Монополияга қарши давлат органи томонидан ушбу моддага асосан олинган, тижорат сири бўлган маълумотлар ошкор этилиши мумкин эмас.



13-модда. Табиий монополия субъектлари фаолиятини

давлат томонидан тартибга солишни жорий этиш,

ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида

қарор қабул қилиш


Табиий монополия субъектлари фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни жорий этиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, шунингдек тартибга солиш усулларини қўллаш масалалари юзасидан қарорлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда қабул қилинади.

Табиий монополия субъектлари фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни жорий этиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш масалалари давлат органлари, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг таклифлари асосида кўриб чиқилиши мумкин.



14-модда. Табиий монополия субъектларининг ҳуқуқлари


Табиий монополиялар субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

реализация қилинган товарлар ҳақини тўлашни таъминламаётган истеъмолчиларга хизмат кўрсатишни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рад этиш;

табиий монополия шароитларида реализация қилинадиган товарлар нархларини (тарифларини) ваколатли органни хабардор қилган ҳолда, барча истеъмолчилар учун бир вақтнинг ўзида пасайтириш.

Табиий монополия субъектлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.



15-модда. Табиий монополия субъектларининг мажбуриятлари


Табиий монополия субъектлари қуйидагиларга мажбурдирлар:

монополияга қарши давлат органига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз фаолиятлари тўғрисида ҳисобот тақдим этиш;

ўз товарлари сотиб олинишида истеъмолчиларга тенг шароитлар яратиб бериш. Барча истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш учун қувватлар етарли бўлмаган ҳолларда товарлар истеъмолчилар ўртасида тақсимланишини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ тартибга солиш;

монополияга қарши давлат органининг тақдимномаларига биноан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартномаларга ўзгартишлар киритиш;

истеъмолчиларнинг зарур ҳажмдаги ва лозим даражадаги сифатли товарларни олишдан иборат ҳуқуқлари камситилишига йўл қўймаслик;

нархларни (тарифларни) белгилаш учун ваколатли органга ишончли ахборот тақдим этиш;

нархлар (тарифлар) ёки уларнинг энг юқори (энг паст) даражалари тасдиқланаётганда ҳисобга олинадиган асосий воситаларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда танлов асосида харид қилиш;

табиий монополия шароитларида товарлар ишлаб чиқариш (реализация қилиш) учун амалга ошириладиган тўғридан-тўғри харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиш.

Табиий монополия субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлишлари мумкин.



16-модда. Табиий монополия субъектларининг

фаолиятини чеклаш


Табиий монополия субъектларига қуйидагилар ман этилади:

агар табиий монополия субъектининг тегишли товарларни ишлаб чиқариш (реализация қилиш) имконияти мавжуд бўлса, шундай товарларни ишлаб чиқариш (реализация қилиш) юзасидан айрим истеъмолчилар билан шартнома тузишни рад этиш;

товарлар учун ваколатли орган белгилаган миқдордан ортиқ ҳақ олиш;

табиий монополия субъектларининг товарларидан фойдаланиш шартларини тиқиштириш ёки табиий монополия субъектларининг товарлари истеъмолчиларини камситилишига ёхуд истеъмолчилардан белгиланган нархларда (тарифларда) ҳисобга олинмаган ҳақ ундириш эвазига даромад олишга олиб келадиган бошқача хатти-ҳаракатларни содир этиш;

табиий монополия соҳасига киритилмаган товарлар (ишлар, хизматлар) бозоридаги рақобатни чеклаш учун табиий монополия ҳолатидан фойдаланиш.


17-модда. Табиий монополия субъектлари

товарлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари


Табиий монополия субъектлари товарларининг истеъмолчилари қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

табиий монополия субъектларининг товарларини ваколатли орган белгилаган нархларда (тарифларда) сотиб олиш;

ҳаёт, соғлиқ ва мол-мулк учун хавфли камчиликлари бўлган товарлар, шунингдек табиий монополия субъектларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида етказилган моддий зарар тўлиқ ҳажмда тўланишини ва маънавий зиён қопланишини талаб этиш.

Истеъмолчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


18-модда. Истеъмолчиларнинг

ҳуқуқларини ҳимоя қилиш


Табиий монополия субъектлари товарлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солувчи давлат органлари, монополияга қарши давлат органи ҳамда бошқа махсус вакил қилинган органлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


19-модда. Табиий монополиялар тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


20-модда. Монополияга қарши давлат органининг

қарорлари (кўрсатмалари) устидан шикоят қилиш

Табиий монополия субъектлари, давлат органлари, истеъмолчилар, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари монополияга қарши давлат органининг қарорлари (кўрсатмалари) устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилишга ҳақли.

Монополияга қарши давлат органининг қарорлари (кўрсатмалари) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиниши судга шикоят қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.

Монополияга қарши давлат органининг қарорлари (кўрсатмалари) устидан судга шикоят қилиниши уларнинг ижро этилишини суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар тўхтатиб туради, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ бўлган қарорлар (кўрсатмалар) мустасно.


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси", 1999 йил, 9-сон, 212-модда