ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Одил судловга юбориш. Процессуал қонунчилик / Жиноят процессуал қонунчилиги /

Ўзбекистон Республикасининг 13.03.2024 й. ЎРҚ-920-сон "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 17.10.2023 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 19.01.2024 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

13.03.2024 й.

N ЎРҚ-920



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЖИНОЯТЧИЛИККА

ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА ФАОЛИЯТНИНГ ҲУҚУҚИЙ

АСОСЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН

ҚЎШИМЧА ВА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 17 октябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2024 йил 19 январда маъқулланган


Республикамизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шахс, жамоат ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича яхлит ҳуқуқий тизим яратилди.

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдига янги вазифаларни қўймоқда ҳамда ушбу органларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш бўйича тезкор ва самарали қарорлар қабул қилиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишга қаратилган.

Мазкур Қонун билан "Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маълумотларни тўплаш, тезкор киритиш, ниқобланган операция каби тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш тартибини аниқлаштиришни, шунингдек ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашни, тезкор-қидирув тадбирлари ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда, шу жумладан кибермаконда ва (ёки) унинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўтказилиши мумкин эканлигини белгилашни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шу билан бирга "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига жиноятларнинг ҳолатларини аниқлаш, жиноятларни содир этган шахсларни аниқлаш ва қидириш, шунингдек жазони ўташдан бўйин товлаётган ёки бедарак йўқолган шахсларни қидириш мақсадида оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан бепул фойдаланишга доир ички ишлар органларининг ҳуқуқларини аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.

Бундан ташқари "Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассасада тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш мумкин эканлигини белгиловчи қўшимча киритилмоқда.

Ушбу Қонун жамоат тартибини сақлашни ва фуқаролар хавфсизлигини янада ишончли таъминлашга, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 25 декабрда қабул қилинган "Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида"ги ЎРҚ-344-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, N 12, 335-модда; 2016 йил, N 4, 125-модда; 2017 йил, N 9, 506-модда, N 10, 605-модда; 2019 йил, N 1, 5-модда, N 2, 47-модда, N 9, 589-модда, N 12, 891-модда; 2020 йил, N 12, 689-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, N 6, 524-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:


1) 14-модда:

биринчи қисмининг:

учинчи хатбошиси "маълумотлар базаларини" деган сўзлардан кейин "ахборот тизимларини ва ахборот ресурсларини" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

ўн тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"тезкор киритиш - тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган ходимини ёхуд махфийлик асосида кўмаклашувчи шахсни жиноий-криминоген муҳитга ёки тезкор аҳамиятга эга бўлган объектга тезкор-қидирув фаолиятининг вазифаларини ҳал этиш мақсадида киритишдан ва уларнинг имкониятларидан ноошкора фойдаланишдан иборат бўлган тадбир";

ўн олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ниқобланган операция - икки ёки ундан ортиқ тезкор-қидирув тадбирини тезкор-қидирув фаолиятининг вазифаларини ҳал этиш мақсадида ошкора ва ноошкора усуллардан фойдаланган ҳолда ўтказишни ўз ичига оладиган комплекс тадбир";

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Тезкор-қидирув тадбирлари ахборот-коммуникация технологиялари қўлланилган ҳолда, шу жумладан кибермаконда ва (ёки) унинг имкониятларидан фойдаланилган ҳолда ўтказилиши мумкин";

иккинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин;


2) 19-модданинг тўртинчи қисмидаги "Тақдим этиладиган материалларнинг ҳажми" деган сўзлар "Тақдим этиладиган материалларнинг тури, тоифаси ва ҳажми" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 16 сентябрда қабул қилинган "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги ЎРҚ-407-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, N 9, 272-модда; 2017 йил, N 6, 300-модда, N 9, 510-модда; 2019 йил, N 2, 47-модда, N 5, 267-модда, N 9, 588, 591-моддалар, N 10, 674-модда, N 12, 891-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, N 3, 216-модда, N 5, 466-модда, N 6, 570-модда, N 10, 984-модда) 17-моддаси биринчи қисмининг йигирма биринчи хатбошиси "давлат органлари" деган сўзлардан кейин "ва бошқа ташкилотлар" деган сўзлар билан тўлдирилсин.


3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 9 январда қабул қилинган "Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида"ги ЎРҚ-420-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 1, 2-модда; 2019 йил, N 12, 880-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, N 11, 1061-модда; 2022 йил, N 10, 984-модда; 2023 йил, N 3, 185-модда) 1-боби қуйидаги мазмундаги 6-1-модда билан тўлдирилсин:


"6-1-модда. Махсус қабулхоналардаги тезкор-қидирув фаолияти


Махсус қабулхоналардаги тезкор-қидирув фаолияти жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга барҳам бериш ва уларни фош этиш, шунингдек жиноятларга тайёргарлик кўришга ва уларни содир этишга дахлдор бўлган шахсларни аниқлаш, топиш ҳамда қидириш мақсадида, қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади".


4-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


6-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                Ш. Мирзиёев

         

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 14 март













































































Время: 0.0047
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск