ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Апрель, 2024 й. / Тадбиркорлик фаолияти тўғрисида / Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология /

Миллий стандартларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, рўйхатдан ўтказиш, бекор қилиш ҳамда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.03.2024 й. 177-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 30 мартдаги

177-сон қарорига

1-ИЛОВА



Миллий стандартларни ишлаб чиқиш,

тасдиқлаш, рўйхатдан ўтказиш, бекор қилиш

ҳамда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар

киритиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг "Ўзбекистон стандартлар институти" давлат муассасасида (кейинги ўринларда - Стандартлар институти) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ миллий стандартларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, рўйхатдан ўтказиш, бекор қилиш ҳамда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом ҳарбий соҳа, давлат сирларини ва бошқа ахборотни ҳимоя қилиш соҳаси, атом энергиясидан фойдаланиш, ядровий ҳамда радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳаси ҳамда молия ва таълим соҳаларини стандартлаштиришга татбиқ этилмайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


дастлабки стандарт - стандартлаштириш бўйича техник қўмита томонидан ёки ушбу техник қўмита мавжуд бўлмаган тақдирда, Стандартлар институти томонидан стандарт лойиҳасида келтирилган талаблар, илмий ишланмалар, тадқиқотларни давом эттириш мақсадга мувофиқ деб топилган уч йил муддатгача қабул қилинган стандарт;


миллий стандарт - Стандартлар институти томонидан қабул қилинган ҳамда кенг жамоатчилик учун очиқ бўлган стандарт;


Стандартлаштириш бўйича техник қўмита - фаолиятнинг йўналишлари бўйича стандартлаштириш тизимини ривожлантиришни амалга оширишда иштирок этувчи маслаҳат-кенгаш органи;


стандартлаштириш объекти - маҳсулот, товарлар, хизматлар (кейинги ўринларда - маҳсулот), жараёнлар, менежмент тизимлари, атамалар, шартли белгилар, тадқиқотлар (синаш), ўлчаш (шу жумладан, намуналарни танлаш) ҳамда синаш усуллари, тамғалаш, мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомиллари ва бошқа объектлар;


ташаббускор - миллий стандартни ишлаб чиқиш бўйича ташаббус кўрсатган, жумладан, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотлар ва фуқаролар;


ўзаро келишув - кўпчилик манфаатдор тарафларнинг мавжуд масалалар бўйича эътирозлари йўқлиги билан тавсифланадиган ҳамда барча тарафларнинг фикрларини инобатга олишга ва мос келмаётган нуқтаи назарларни яқинлаштиришга қаратиладиган жараён натижасида эришиладиган умумий келишув.


3. Ўзбекистон Республикасида стандартлаштириш бўйича қуйидаги тоифадаги норматив ҳужжатлар қўлланилади:

миллий стандартлар;

халқаро (минтақавий) стандартлар;

хорижий мамлакатларнинг стандартлари.


4. Миллий стандартларни ишлаб чиқиш қонунийлик, манфаатдор тарафларнинг ўзаро келишуви, холислик, стандартлардаги такрорланишлар ва зиддиятларнинг олдини олиш тамойилларига асосланади.

Миллий стандартларни ўзаро келишув асосида қабул қилиш, экспертизадан ўтказиш, бекор қилиш ҳамда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг Стандартлар институти фаолиятига ҳар қандай шаклда аралашишга йўл қўйилмайди.



2-БОБ. МИЛЛИЙ СТАНДАРТЛАРНИНГ ТУЗИЛИШИ

ВА УЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


5. Миллий стандартларни баён этиш, расмийлаштириш ва мазмунига қўйиладиган талаблар асос бўлувчи миллий стандартларда белгиланади. Ушбу асос бўлувчи стандартларнинг қўлланиши мажбурий ҳисобланади.


6. Миллий стандарт унинг мазмунига мувофиқ бўлган ҳамда стандартлаштириш объектини акс эттирувчи қисқа номга эга бўлиши лозим. Ҳужжат номи аниқ ва равон бўлиши керак.


7. Миллий стандартда унинг бошқа бандларига, шунингдек, бошқа стандартларга ҳавола қилиш уларнинг ўзаро алоқасини кўрсатиш ёки такрорланишларнинг олдини олиш учунгина йўл қўйилади.


8. Миллий стандартнинг матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилиши керак. Бунда ҳужжатнинг ҳар бир банди тўлиқ ва тугалланган маъно ҳамда мазмунга эга бўлиши лозим.

Миллий стандартда фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, агар мавжуд бўлса, уларнинг қонунчилик ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади.


9. Миллий стандартда қуйидагиларнинг қўлланилишига йўл қўйилмайди:

оғзаки нутқ шакллари;

давлат тилида тенг маъноли сўзлар ва тушунчалар бўлган тақдирда, хорижий тилларнинг атамалари;

эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар.


10. Миллий стандартнинг матни умумэътироф этилган грамматик, орфографик ва пунктуация қоидалари асосида тузилади.


11. Миллий стандартда қўлланиладиган атамаларнинг таърифлари ушбу стандартда келтирилади.


12. Миллий стандартда умумий қабул қилинган қисқартмалар қўлланилиши ва бошқа қисқартмаларга тушунчалар берилиши мумкин.


13. Миллий стандартнинг матни қуйидаги тузилиш элементларига бўлиниши мумкин: бўлимлар, кичик бўлимлар, бандлар, кичик бандлар. Бўлимлар бандларга ёки тегишли бандлар билан кичик бўлимларга бўлиниши мумкин. Бандлар кичик бандларга бўлиниши мумкин.

Ҳар битта банд ёки кичик банд стандартни алоҳида қоидаларини ўз ичига олиши ҳамда тўлиқ ва тамомланган матнга эга бўлиши керак.


14. Бўлимлар, кичик бўлимлар, бандлар ва кичик бандлар араб рақамлари билан рақамланади.

Бўлимлар стандартнинг бутун матнида кетма-кет рақамланган бўлиши керак.

Бўлим рақамига бўлим ва кичик бўлим рақамлари, банд рақамига эса нуқталар (нуқта) билан ажратилган бўлим, кичик бўлим ва банд рақамлари (ёки бўлим ва банд рақамлари) киради.


15. Миллий стандартларнинг бўлимлари ва кичик бўлимлари сарлавҳаларга эга. Сарлавҳалар тегишли бўлимлар, кичик бўлимлар, бандларнинг мазмунини аниқ ва қисқа акс эттириши керак.


16. Миллий стандартни расмийлаштиришда лойиҳанинг матни А4 форматидаги қоғоз варағининг бир томонида унинг матнини камайтирмасдан жойлаштирилиши керак. Саҳифанинг тартиб рақами саҳифанинг пастки ўнг бурчагида жойлаштирилиши керак, 1 рақамидан бошлаб рақамланади.

Миллий стандарт, қоида тариқасида, Мiсrоsоft Wоrd редакторидан ва қуйидаги параметрлардан фойдаланган ҳолда тайёрланади:

"Times New Roman" 12 ўлчамли шрифт;

саҳифанинг чап ҳошияси 3 см, ўнг ҳошияси 1,5 см, паст ва юқори ҳошиялари 2 см;

биринчи қаторнинг сатр бошиси 1,27 см;

хатбоши беш-олти белгига тенг ва бир хилда бўлиши лозим.


17. Миллий стандарт лойиҳаси матнини тайёрлашда грек ёки бошқа алифболарнинг ҳарфларини, формулаларни, алоҳида шартли белгилар Microsoft Word редакторидан фойдаланган ҳолда белгиланиши керак. Бунда ёзилган матннинг зичлиги, қолган матн зичлигига яқинлаштирилган бўлиши керак.


18. Миллий стандарт давлат тилида қабул қилинади ва чоп этилади. Миллий стандартлар фақат Стандартлар институти томонидан шартнома асосида бошқа тилларга таржима қилиниши мумкин.


19. Миллий стандартлар матн тилидан қатъи назар, ҳужжат номининг давлат тилидаги қуйидаги қисқартиришлари билан белгиланади:

Ўзбекистон миллий стандарти - O`zMSt (O`zbekiston Milliy Standarti); тартиб рақами;

икки нуқта билан ажратилган тасдиқлаш йили;

Дастлабки стандарт - DS (Dastlabki Standart).


20. Миллий стандарт бўлимларининг сарлавҳаси, таркиби ва тузилиши стандартлаштирилаётган маҳсулотнинг хусусиятлари ва унга қўйиладиган талабларни инобатга олган ҳолда белгиланади.

Маҳсулотларга техник талабларни белгилашни назарда тутувчи миллий стандартлар қуйидаги бўлимлардан иборат бўлиши мумкин:

тасниф, асосий параметрлар ва (ёки) ўлчамлар;

умумий техник талаблар;

қабул қилиш қоидалари;

тамғалаш, қадоқлаш, ташиш ва сақлаш.

Стандартлаштириш объектига қараб, бўлимлар Стандартлар институти билан келишилган ҳолда ўзгартирилиши мумкин.

Фойдаланилиши аҳоли саломатлиги ва (ёки) мулкига, шунингдек, атроф-муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган маҳсулотлар учун стандартларга "Хавфсизлик талаблари" ва "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талаблари" бўлимлар киритилади. Ушбу бўлимларда фақат стандартлаштириш объектининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, хавфсизлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология талаблари киритилиши лозим.

Бунда конструктив ва бошқа техник талабларни ўрнатиш ва уларга риоя қилиш билан таъминланадиган талаблар "Умумий техник талаблар" бўлимида ўрнатилади.

Миллий стандартларда маҳсулотга ва унинг таснифига, атамаларга, шартли белгиларга, синаш (ўлчаш), намуналар танлаш, тамғалаш усулларига, мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларига, бошқариш тизимларига доир талаблар белгиланиши мумкин.

Миллий стандартларда ҳуқуқий нормалар киритилиши тақиқланади.


21. Бир турдаги маҳсулот ва хизматларнинг бутун гуруҳига стандартларни ишлаб чиқиш имкони бўлмаганда, маҳсулот ва хизматларнинг муайян тури, маркаси, моделига, ёки бир турдаги маҳсулотнинг ушбу гуруҳига тааллуқли бўлган, барча маҳсулотни қамраб олмайдиган, муайян маҳсулот ва хизмат гуруҳига стандартлар ишлаб чиқилади.


22. Миллий стандарт лойиҳасидаги тамғалашга оид маълумотлар қонунчилик ҳужжатларида ҳамда техник регламентлар ва стандартларда белгиланган маълумотларга мувофиқ бўлиши керак.


23. Хизматларга тегишли стандартлар таркиби қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:

муайян соҳада хизматларни стандартлаштириш бўйича асосий қоидалар;

атамалар ва уларнинг таърифлари;

хизматлар ва (ёки) уларни амалга оширувчи ташкилотлар таснифланиши;

сифат (қулайлик, тежамлилик, эргономиклик, эстетиклилик ва бошқалар) ва хавфсизлик (ёнғин, сейсмик, кимёвий, санитар, радиацион, экологик, энергия самарадор) кўрсаткичлари, мол-мулк бут сақланиши талаблари.



3-БОБ. МИЛЛИЙ СТАНДАРТЛАРНИ ИШЛАБ

ЧИҚИШ ВА КЕЛИШИШ ТАРТИБИ


24. Миллий стандартлар Стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар томонидан ишлаб чиқилади. Стандартлаштириш бўйича техник қўмита мавжуд бўлмаган соҳалар ва маҳсулотлар бўйича стандартлар Стандартлар институти томонидан ишлаб чиқилади.


25. Ташаббускорлар стандарт ишлаб чиқиш бўйича Стандартлаштириш бўйича техник қўмитага, ушбу техник қўмита мавжуд бўлмаганда эса, Стандартлар институтига мурожаат қилади.


26. Миллий стандартлар ташаббускорларнинг таклифи ҳамда илм-фан ва технологияларнинг ривожланишини инобатга олган холда қабул қилинган Стандартлаштириш режаси асосида ишлаб чиқилади.

Миллий стандартлар қуйидагилар инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилади:

илмий тадқиқотларнинг (синашнинг) ва ўлчашнинг натижалари;

илм-фан ва техника ютуқлари;

маҳсулотнинг янги турларини, жараёнларни ва хизматларни қўллаш орқали орттирилган амалий тажриба;

халқаро (минтақавий) стандартлар ва хорижий мамлакатларнинг стандартлари ҳамда стандартлаштириш объектига доир талабларни белгилайдиган бошқа ҳужжатлар.


27. Миллий стандартни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби қуйидаги босқичлардан иборат:

миллий стандартни ишлаб чиқиш учун Стандартлаштириш бўйича техник қўмита ёки ташаббускор томонидан техник топшириқ ишлаб чиқилиб, Стандартлаштириш бўйича техник қўмита томонидан тасдиқланади;

миллий стандарт Стандартлаштириш бўйича техник қўмитада манфаатдор тарафларнинг вакиллари билан биргаликда ишлаб чиқилади;

миллий стандартда белгиланадиган талаблар синов ва илмий изланишлар натижалари асосида манфаатдор тарафлар томонидан ўзаро келишилган ҳолда белгиланади.


28. Миллий стандартларни ишлаб чиқишнинг бошланиши ва якунланиши тўғрисидаги ахборот Стандартлар институтининг расмий веб-сайти ва электрон порталига жойлаштирилади.


29. Лойиҳа тасдиқлангунига қадар Стандартлаштириш бўйича техник қўмита томонидан манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан келишилиши лозим.

Бунда лойиҳа бўйича келиб тушган таклифлар лойиҳани ишлаб чиққан Стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар томонидан умумлаштирилади, кўриб чиқилади, заруратга кўра, лойиҳага тегишли ўзгартиришлар киритилади.


30. Миллий стандартлар лойиҳалари Стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар томонидан Стандартлар институтининг расмий веб-сайтига ва электрон порталига жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Стандартлар институтининг расмий веб-сайтига ва электрон порталига жойлаштирилган миллий стандартлар лойиҳалари олтмиш календар кун ичида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

Жамоатчилик муҳокамаси якунлари бўйича келиб тушган таклифлар ўн беш календар куни ичида Стандартлаштириш бўйича техник қўмита, у бўлмаганда эса, Стандартлар институти томонидан кўриб чиқилиб, манфаатдор тарафлар билан ўзаро келишув асосида келишилган ҳолда қабул қилинади. Жамоатчилик томонидан келиб тушган таклифлар қабул қилинганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисидаги маълумот Стандартлар институтининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Бунда рад этилганлиги тўғрисидаги маълумотда рад этилишининг сабаблари аниқ кўрсатилиши лозим.

Жамоатчилик муҳокамасидан сўнг Стандартлаштириш бўйича техник қўмита ёки техник қўмита мавжуд бўлмаганда эса, Стандартлар институти тегишли соҳа мутахассисларини жалб этган холда уч иш куни ичида миллий стандарт лойиҳасини ўзаро келишув асосида техник муҳокама қилишни ташкил қилади.


31. Техник муҳокама қилинган миллий стандарт ёки дастлабки стандарт лойиҳасини уч иш куни ичида қарор қабул қилиш учун Стандартлаштириш бўйича миллий органга киритишга тайёрлашни ташкил этади.


32. Стандартлаштириш бўйича техник қўмита раисининг қарори бўйича Стандартлаштириш бўйича техник қўмита йиғилиши онлайн ва офлайн шаклларда ўтказилиши мумкин.

Стандартлаштириш бўйича техник қўмитанинг масъул котиби миллий стандарт ёки дастлабки стандарт лойиҳасини муҳокама қилиш учун уни қабул қилиш бўйича баённома ва хулоса лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан сўнг уч иш куни ичида Стандартлаштириш бўйича техник қўмита аъзоларига Стандартлаштириш бўйича техник қўмита мажлисини ўтказиш тўғрисида, уни ўтказиш шакли кўрсатилган ҳолда электрон шаклда ахборот-телекоммуникация умумий фойдаланиш тармоқлари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ҳамда Стандартлар институтининг расмий веб-сайти орқали хабарнома юборади.

Стандартлаштириш бўйича техник қўмита раиси томонидан миллий стандарт лойиҳаси ёки дастлабки стандарт бўйича келишмовчиликлар мавжуд эмаслиги аниқланган тақдирда, ўзаро келишувга эришилган ҳисобланади.

Ўзаро келишувга эришилгандан сўнг Стандартлаштириш бўйича техник қўмитанинг масъул котиби миллий стандарт ёки дастлабки стандартни қабул қилиш бўйича ўзаро келишувга эришиш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган баённома ва хулосани имзолаш учун Стандартлаштириш бўйича техник қўмита раисига киритади.


33. Миллий стандарт лойиҳасини қабул қилиш бўйича Стандартлаштириш бўйича техник қўмита томонидан баённома ва хулоса расмийлаштирилади ва ушбу стандарт лойиҳаси билан баённома қабул қилинган кундан бошлаб ўн календарь кун ичида Стандартлар институтига экспертизадан ўтказиш ва қабул қилиш учун юборилади.

Бунда миллий стандарт лойиҳасига уни экспертизадан ўтказиш ва давлат рўйхатига олиш ҳамда тасдиқлаш учун электрон нусхада (Word ва PDF форматда) ёки қоғоз шаклида стандарт лойиҳаси, Стандартлаштириш бўйича техник қўмита баённомаси ва хулосаси, стандартни ишлаб чиқишга асос бўлувчи барча ҳужжатлар (мурожаат хати, тушунтириш хати, асосий чора-тадбирлар режаси, илмий изланишлар натижалари тўғрисидаги хулоса, синов баённомалари) илова қилинади.


34. Дастлабки стандартни ишлаб чиқиш ва келишиш талаблари:

дастлабки стандарт билан ўрнатилган кўрсаткичлар (талаблар) Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган тегишли маҳсулотларга оид миллий стандартлар, халқаро (минтақавий) стандартлар ва хорижий мамлакатларнинг стандартлари талабларидан паст бўлишига ва такрорланишига йўл қўйилмайди;

дастлабки стандарт лойиҳаси Стандартлаштириш бўйича техник қўмитада, агарда Стандартлаштириш бўйича техник қўмита мавжуд бўлмаган тақдирда, Стандартлар институтида миллий стандартга қўйилган талаблар асосида ишлаб чиқилади, келишилади, экспертизадан ўтказилади ва муайян қисқа муддатга қабул қилинади;

ишлаб чиқилган миллий стандарт лойиҳаси Стандартлаштириш бўйича техник қўмитада ёки у мавжуд бўлмаганда Стандартлар институтида "миллий стандарт" кўринишида қабул қилиш лозим деб топилмаган тақдирда, Стандартлаштириш бўйича техник қўмита ёки Стандартлар институти хулосасига асосан дастлабки стандарт кўринишида уч йил муддатгача қабул қилиниши мумкин. Бунда дастлабки стандарт кейинчалик, ишлаб чиқарувчи томонидан дастлабки стандарт фойдаланилиши давомида етарли тажриба тўплангани, унда келтирилган талаблар, илмий ишланмалар, тадқиқотлар ўз тасдиғини топгани тўғрисида хулоса асосида "миллий стандарт" сифатида ўрнатилган тартибда қабул қилинади.

Дастлабки стандартнинг амал қилиш муддати тадқиқотлар тугалланмаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва Стандартлаштириш бўйича техник қўмита ёки Стандартлар институти хулосасига асосан фақат бир марта икки йилгача муддатга узайтирилиши мумкин.



4-БОБ. МИЛЛИЙ СТАНДАРТЛАРНИ

ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


35. Экспертизага қўйиладиган умумий талаблар қуйидагилардан иборат:

миллий стандартлар мамлакатимиз илм-фани ва хорижий илм-фан ютуқларига асосланиши;

амалдаги қонунчилик, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси иштирокидаги халқаро шартномалар талабларига зид бўлмаслиги;

миллий стандартни қабул қилишда ўзаро келишувга эришилганлиги.


36. Миллий стандарт лойиҳасининг экспертизаси Стандартлар институти томонидан ўн иш кунидан ошмаган муддатда ўтказилади ва унинг натижаси бўйича эксперт хулосаси расмийлаштирилади.

Стандартлар институти экспертиза жараёнига тегишли соҳада мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиши мумкин.

Стандартлар институти томонидан ишлаб чиқилган миллий стандарт лойиҳасининг экспертизаси ушбу миллий стандартни ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этмаган ҳамда ишлаб чиққан мутахассисларнинг бевосита бўйсунувида бўлмаган мутахассислар томонидан амалга оширилади.

Экспертиза асос бўлувчи стандартлар асосида ўтказилади ва хулоса расмийлаштирилади.

Экспертизанинг ижобий натижалари бўйича расмийлаштирилган эксперт хулосаси стандарт лойиҳасини тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш учун асос бўлади.


37. Экспертизанинг қуйидаги тартиб ва турлари ўрнатилади:

норманазорат;

терминологик;

метрологик;

очиқ эълон қилишга тегишли бўлмаган маълумотлар назорати;

техник экспертиза;

нашриёт таҳрири.


38. Норманазоратда қуйидагилар текширилиши керак:

ҳаволаларнинг тўғрилиги ва қонунийлиги, зарур ахборот қидирув белгиларини тўғри ёзилганлиги (номи, белгиланиши, маҳсулотларни умумий давлат таснифлагичидаги коди (МУТ), стандартларни умумий давлат таснифлагичидаги гуруҳи (СУТ белгилар, қисқартириш, киритилиш санаси ва/ёки амал қилиш муддати, ишлаб чиқилган ҳужжат ўрнига норматив ҳужжат тўғрисида маълумот), тегишли ташкилотлар билан келишилганлиги, жадвалларнинг ва чизмаларнинг тўғри тўлдирилганлиги, ҳужжатларни расмийлаштирилиши ва тузилиши тўғрилиги.


39. Терминологик экспертиза белгиланган илмий-техник атамалар, халқаро (минтақавий) ва миллий терминологик стандартларга риоя қилиш тўғри қўлланилишини текшириш босқичи ҳисобланади.


40. Метрологик экспертизада стандартларнинг метрология соҳасидаги амалдаги қонунчиликка мувофиқлиги текширилади.


41. Очиқ эълон қилишга тегишли бўлмаган маълумотлар киритилган стандартлар амалдаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда текширилади.


42. Техник экспертизани ўтказишда қуйидагилар текширилади:

миллий стандартларни тузиш, баён этиш, расмийлаштириш мазмуни ва белгиланишига қўйиладиган умумий талаблар асос бўлувчи стандартлар талабларига мувофиқлиги;

миллий стандарт номининг техник топшириққа (мавжуд бўлса), стандартлар мазмунига ва стандартлаштириш режаларига мувофиқлиги, стандартлаштириш объектининг стандарт тоифасига мувофиқлиги;

миллий стандарт мазмуни ва ифода этилишининг тўғрилиги, аутентиклилиги;

миллий стандарт кўрсаткичларининг техник регламентлар, халқаро (минтақавий) стандартлар ва миллий стандартлари талабларига мувофиқлиги;

такрорланиш омили ва мавжуд ўзаро боғлиқ бўлган амалдаги миллий стандарт билан орасида зиддият мавжуд эмаслиги.


43. Нашриёт таҳрири илмий-адабий ва техник таҳрирни ўз ичига олади.


44. Миллий стандарт қайта кўриб чиқишга қуйидаги ҳолларда қайтарилади:

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига зид бўлганда;

Ўзбекистон Республикасининг миллий стандартлаштириш тизими талабларига жавоб бермаса;

Стандартлаштириш бўйича техник қўмитада ва Стандартлар институти томонидан расмийлаштирилган баённомада ўзаро келишув шартлари ушбу Низомнинг 27-бандига мувофиқ бажарилмаган бўлса.


45. Ушбу Низомнинг 44-бандида келтирилган сабабларга кўра миллий стандарт лойиҳаси қайта кўриб чиқиш учун тегишли Стандартлаштириш бўйича техник қўмитага қайтарилади.

Экспертиза хулосасига асосан миллий стандарт лойиҳаси Стандартлаштириш бўйича техник қўмита аъзолари ва манфаатдор тарафлар иштирокида ўттиз иш кунида қайта кўриб чиқилади ҳамда Стандартлаштириш бўйича техник қўмита томонидан баённома расмийлаштирилган ҳолда қайта экспертиза қилиш учун Стандартлар институтига киритилади.

Миллий стандарт лойиҳаси Стандартлаштириш бўйича техник қўмита томонидан ушбу банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган муддатда қайта экспертизадан ўтказиш учун Стандартлар институтига киритилмаганда, лойиҳа янги киритилган ҳисобланади ҳамда уни қайта экспертизадан ўтказиш учун мазкур банднинг олтинчи хатбошисида белгиланган миқдорда тўлов амалга оширилади.

Миллий стандарт лойиҳаси тақдим этилган кундан бошлаб етти иш кунидан кўп бўлмаган муддатда такрорий экспертизадан ўтказилади.

Бунда такрорий экспертизани дастлабки эксперт хулосасида кўрсатилмаган камчиликлар бўйича ўтказишга йўл қўйилмайди.

Миллий стандарт лойиҳаси экспертизаси фақат Стандартлар институти томонидан шартнома асосида (бир саҳифаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи) амалга оширилади. Бунда экспертиза учун тўловлар Стандартлаштириш бўйича техник қўмита ташкил этилган республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ёки ташаббускорлар билан тузилган шартнома асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.



5-БОБ. МИЛЛИЙ СТАНДАРТЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ

ВА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


46. Миллий стандартлар экспертизанинг ижобий хулосаси асосида Стандартлар институти томонидан беш иш куни ичида қарор қабул қилиш йўли билан тасдиқланади.

Қарорда миллий стандартнинг белгиланиши бўйича тартиб рақами кўрсатилади.

Миллий стандартлар чекланмаган муддатга ва дастлабки стандартлар уч йил муддат даврда амал қилишга қабул қилиниши мумкин.

Бунда миллий стандартни амалга киритиш санаси ва амал қилиш муддати кўрсатилади.


47. Миллий стандартлар давлат рўйхатига олиш ва тасдиқлаш учун электрон нусхада (Word ва PDF форматда) ҳамда қоғоз шаклида топширилади.

Бунда миллий стандарт лойиҳасига уни давлат рўйхатига олиш ва тасдиқлаш учун Стандартлаштириш бўйича техник қўмита баённомаси ва хулосаси, стандартни ишлаб чиқишга асос бўлувчи барча ҳужжатлар (тушунтириш хати, чора-тадбирлар режаси, илмий изланишлар натижалари тўғрисидаги хулоса, синов баённомалари) нусхалари ва экспертиза хулосаси илова қилинади.


48. Стандартлар институти томонидан миллий стандартни тасдиқлаш бўйича қабул қилинган қарор ушбу миллий стандарт тоифаси бўйича давлат реестрига киритилади.


49. Миллий стандартнинг биринчи саҳифасида давлат рўйхатига олинган сана ва рақам кўрсатилади ва автоматлаштирилган тизим орқали миллий стандартнинг барча саҳифалари, рўйхатга олиш маълумотларини ўз ичига олган QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланади.


50. Миллий стандарт кенг жамоатчилик томонидан фойдаланиш учун Стандартлар институтининг расмий веб-сайтига қабул қилинган кундан бошлаб беш календарь куни ичида жойлаштирилади ва мунтазам янгилаб борилади.


51. Қабул қилинган миллий стандартлар расмий эълон қилинган кундан эътиборан кўпи билан олтмиш кундан кейин кучга киради.



6-БОБ. МИЛЛИЙ СТАНДАРТЛАРГА ЎЗГАРТИРИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАМДА УЛАРНИ

БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ


52. Миллий стандартларга ўзгартишлар киритиш, миллий стандартларни алмаштириш, алоҳида талабларга қўшимчалар киритиш ёки уларни чиқариб ташлаш, миллий стандартларнинг амал қилиш муддатларини узайтириш ёки тиклаш, уларга янги талаблар киритиш ва уларни халқаро (минтақавий) стандартлар билан уйғунлаштириш амалдаги қонунчиликнинг бузилишига олиб келмайдиган ҳолларда амалга оширилади.


53. Миллий стандартларга ўзгартишлар киритиш мазкур стандартни ишлаб чиқувчи ёки Стандартлар институти томонидан амалга оширилади.


54. Миллий стандартга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки уни бекор қилиш бўйича таклифлар Стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар томонидан кўриб чиқилади. Стандартлаштириш бўйича техник қўмита мавжуд бўлмаган соҳалар, йўналишлар ва маҳсулотлар бўйича миллий стандартлар Стандартлар институти томонидан кўриб чиқилади.

Бунда миллий стандартга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки уни бекор қилиш ушбу Низомнинг 26 ва 27-бандлари ҳамда асос бўлувчи миллий стандартлар талаблари асосида амалга оширилади.


55. Миллий стандартга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лойиҳалари унинг матнини қисман ўзгартириш (алмаштириш), талабларни чиқариб ташлаш ёки қўшиш ҳамда миллий стандартнинг амал қилиш муддатини узайтириш, чегаралаш, чегаралашни бекор қилиш орқали амалга оширилади.

Миллий стандартларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лойиҳасини экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби мазкур Низомнинг 4 ва 5-бобларида назарда тутилган тартибга асосан амалга оширилади.


56. Миллий стандартга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда унинг иловалари, жадваллари, бўлимлари, бандлари ва кичик бандларининг рақамланиши ўзгармайди.


57. Миллий стандартларни бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

мазкур стандартларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига зид эканлиги;

мазкур стандартлар ўрнига янги миллий, халқаро (минтақавий) стандарт амалга киритилганлиги;

мазкур стандартни қўллашнинг долзарблиги йўқолганлиги.


58. Миллий стандартни бекор қилиш ташаббуси билан чиққан шахслар уни бекор қилиш учун Стандартлаштириш бўйича миллий органга стандартни бекор қилиш мақсадга мувофиқ эканлигини асослантирган ҳолда ўз таклифларини юборади.

Бунда миллий стандартни бекор қилиш бўйича Стандартлар институтининг тегишли қарори қабул қилинади.


59. Миллий стандартларга ўзгартишлар киритиш ва уларни бекор қилиш тўғрисидаги ахборот Стандартлар институтининг расмий веб-сайтига ҳамда электрон порталига жойлаштирилади, шунингдек, жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш олтмиш календарь куни ичида амалга оширилади.

         

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 1 апрель




































































Время: 0.1946
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск