ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Жамоат тартибини муҳофаза қилиш, ҳуқуқбузарликлар проилактикаси /

Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларида алкотестер ёрдамида шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини аниқлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.04.2024 й. 190-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 5 апрелдаги

190-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларида

алкотестер ёрдамида шахсларнинг алкоголли ичимлик

истеъмол қилганлигини аниқлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ички ишлар органлари ходимлари ёки Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари ҳарбий хизматчилари ва (ёки) ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига олиб келинган шахсларнинг алкотестер ёрдамида алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини аниқлаш тартибини белгилайди.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ аниқланади.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


алкотестер - шахс томонидан ҳавога чиқарилган этанол буғларини аниқловчи ва текширув натижаларини қоғозда акс эттирувчи махсус мослама;


алкотестер текшируви - ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига олиб келинган шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини алкотестер ёрдамида текшириш;


масъул ходимлар - ички ишлар органларининг навбатчилик қисмига текширилувчи шахсни олиб келган ички ишлар органлари ходимлари ёки Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари ва ходимлари;


текширилувчи шахс - ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига олиб келинган ҳамда алкоголли ичимлик истеъмол қилганлик ҳолати алкотестер орқали текшириладиган шахс;


тиббий текширув - ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларига олиб борилган шахснинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлик ҳолатини текшириш мақсадида ўтказиладиган текширув.


3. Текширилувчи шахс алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги масъул ходимлар томонидан ушбу Низомда белгиланган тартибда алкотестер ёрдамида текширилади.


4. Қуйидагилар алкотестер текширувини ўтказиш учун асос бўлади:

шахснинг оғиз бўшлиғидан алкоголь ҳиди келиши;

шахснинг бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши);

шахс нутқининг бузилганлиги;

шахс қўл бармоқларининг қалтираши;

шахс юз териси рангининг сезиларли ўзгарганлиги.


5. Масъул ходимлар алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда бўлиб, мустақил ҳаракатланиш қобилиятини йўқотган ёки қаердалигини аниқ англаб етмайдиган шахсларни аниқлаган тақдирда, ушбу шахсларни Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 ноябрдаги 644-сон қарори билан тасдиқланган Алкоголь, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб боради.



2-БОБ. АЛКОТЕСТЕР ТЕКШИРУВИ ДАВОМИДА

АЛКОТЕСТЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


6. Алкотестер текшируви камида икки нафар холис иштирокида, зарур ҳолларда эса шифокор ёки бошқа мутахассис иштирокида ўтказилади.


7. Алкотестер текширувидан олдин масъул ходимлар текширилувчи шахс ва холисларни алкотестернинг ишлаш тартиби ва кўрсаткичлари билан таништиради, уларнинг талабига асосан қиёслаш сертификати (нусхаси)ни кўрсатади.

Ушбу бандда кўрсатиб ўтилган ҳужжат ва бошқа кўрсаткичлар билан таништирилмаганда ёки махсус мослама носозлигига шубҳа мавжуд бўлганда ёхуд алкотестер текширувини ўтказиш жараёнида санитария-гигиена қоидалари бузилганда, шахс алкотестер текширувидан ўтишдан бош тортиши мумкин.


8. Алкотестер текшируви жараёнида масъул ходим томонидан текширилувчи шахс билан мулоқотда хушмуомала, унга нисбатан хатти-ҳаракатлари тушунарли ва қонунчилик талаблари асосида бўлиши, шунингдек, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилиши лозим.


9. Алкоголли ичимлик истеъмол қилганлик ҳолатини аниқлаш учун алкотестер текширувини ўтказишда текширилувчи шахс томонидан чиқарилган ҳаво намунаси алкотестер мосламасини қўллаш йўриқномасига асосан олинади.


10. Текширилувчи шахснинг оғиз бўшлиғидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлар концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда, масъул ходимлар текширилувчи шахсга нисбатан алкоголли ичимликларни истеъмол қилганлиги ҳолати юзасидан холислар иштирокида (алкотестер мосламасининг қиёслаш сертификати рақами баённомада кўрсатилади) баённома расмийлаштиради ҳамда алкотестер текшируви натижаларини ушбу баённомага илова қилади.


11. Текширилувчи шахс алкотестер ёрдамида алкотестер текширувидан ўтишдан бош тортган ёки унда техник воситалар орқали ўтказилган алкотестер текшируви натижаларига эътироз мавжуд бўлган ҳолларда, масъул ходимлар ушбу шахсни тиббий текширувдан ўтказиш учун туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасасига олиб борадилар.

Текширилувчи шахс туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасасида ҳам тиббий текширувдан ўтишдан бош тортган тақдирда, унга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.


12. Масъул ходимларнинг алкотестердан фойдаланиш, уни сақлаш, қабул қилиш, топшириш ва унинг ҳисобини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.



3-БОБ. МАСЪУЛ ХОДИМЛАРНИНГ АЛКОТЕСТЕР

ТЕКШИРУВИНИ ЎТКАЗИШДА ФУҚАРОЛАР

БИЛАН ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРИДАГИ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


13. Масъул ходимлар:

текширилувчи шахсга ўзини таништириш, лавозими, унвони, фамилияси ҳақида маълумот бериш, унинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолда кўрсатиши (бунда ходим томонидан хизмат гувоҳномасини ҳуқуқбузар ихтиёрига (қўлига) бериши тақиқланади);

ҳар қандай вазиятда текширилувчи шахс билан вазмин, хушмуомала, одобли ва эътиборли бўлиш, уларга ҳурмат билан ҳамда "Сиз" деб мурожаат қилиш, улар билан ўзаро муносабатларда муомала маданияти ва қонунийликка риоя қилиши;

текширилувчи шахс ва холисларни алкотестернинг ишлаш тартиби ва кўрсаткичлари билан таништириш, уларнинг талабига асосан қиёслаш сертификати (нусхаси)ни кўрсатиши;

ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатини аниқлаш зарурати мавжуд бўлган шахсни алкоголли ичимлик истеъмол қилган деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлган тақдирда, уни белгиланган тартибда алкотестер текшируви ёки тиббий текширувдан ўтказишни ташкил қилиш, алкоголли ичимлик истеъмол қилган ёки истеъмол қилмаганлигини аниқлаш учун текширув ўтказилишидан бош тортган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш учун ҳужжатларни расмийлаштириши;

рухсат этилмаган, қиёслаш сертификатга эга бўлмаган, қиёслаш сертификатининг амал қилиш муддати тугаган ёки белгиланган тартибда ички ишлар органлари ҳисобида мавжуд бўлмаган алкотестердан фойдаланмаслиги;

текширилувчи шахсга алкотестер текшируви ёки тиббий текширув ўтказиш жараёнидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;

текширилувчи шахсни алкотестер текшируви натижаларининг нусхаси билан таъминлаши лозим.

Масъул ходимлар қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятларни ҳам бажаради.


14. Масъул ходимлар хизмат вазифаларини бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган асосларга кўра алкотестер текширувини ўтказиш;

ўз хизмат мажбуриятларини амалга ошириш чоғида фуқароларнинг шахсини аниқлаш мақсадида махсус электрон маълумотлар базасидан фойдаланиш.

Масъул ходимлар қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



4-БОБ. ТЕКШИРИЛУВЧИ ШАХСНИНГ

МАСЪУЛ ХОДИМЛАР БИЛАН ЎЗАРО

МУНОСАБАТЛАРИДАГИ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


15. Текширилувчи шахс масъул ходимлар билан ўзаро муносабатларда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

масъул ходимлардан нима сабабдан ички ишлар органларига олиб келинганлигини, ўзини таништиришини, хизмат гувоҳномасини кўрсатишини талаб қилиш;

ўз она тилидан ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиш;

алкотестер текшируви натижалари билан танишиш;

ҳуқуқбузарлик ҳолатини аниқлашда фойдаланилган алкотестернинг қиёслаш сертификатини кўрсатишни талаб қилиш;

масъул ходимларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, расмийлаштирилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги маъмурий баённома ҳамда чиқарилган қарор устидан юқори турувчи орган (мансабдор шахс)га ёки судга шикоят қилиш;

алкотестер текширувидан бош тортиш ва тиббий текширув ўтказилишини талаб қилиш.

Текширилувчи шахс қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


16. Текширилувчи шахс:

масъул ходимларнинг қонуний талабларига бўйсуниши ва уларни бажариши;

ёнида шахсини тасдиқловчи ёки ўзини идентификация қилиш имконини берадиган ҳужжатлари бўлган ҳолларда масъул ходимлар талабига кўра уларни текшириш учун тақдим этиш лозим.

Текширилувчи шахсга алкотестер текшируви жараёнида юқоридагилардан бошқа мажбуриятлар юкланиши мумкин эмас.


17. Шахсини тасдиқловчи ҳужжати мавжуд бўлмаган текширилувчининг шахси ички ишлар органларининг ваколатли ходимлари томонидан махсус электрон маълумотлар базасидан ёрдамида аниқланади.

Текширилувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати мавжуд эмаслиги уни алкотестер текшируви ёки тиббий текширувдан ўтказмаслик учун асос бўлмайди.



5-БОБ. ТИББИЙ ТЕКШИРУВДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


18. Тиббий текширув ички ишлар органларига олиб келинган вақтда ёки узоғи билан икки соат ичида ўтказилиши лозим.


19. Туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларида алкоголли ичимлик истеъмол қилганлик ҳолатида эканлигига гумон қилинган шахс ҳар тарафлама клиник текширувдан ўтказилади ва этанол буғлари бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида улардан чиқарилаётган нафас ҳавоси намунаси олинади.


20. Алкоголли ичимлик истеъмол қилганлик ҳолатининг клиник белгиларини аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда (шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатилишини талаб қилувчи ҳолатлар), текширувдан ўтказиш учун қон намунаси масъул ходимнинг қарори асосида тегишли даволаш-профилактика муассасаларида олинади.

Бунда текширилувчи шахснинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги тўғрисидаги тиббий хулоса қоннинг лаборатория текшируви натижалари асосида чиқарилади.


21. Чиқарилаётган нафас ҳавоси таркибидаги алкоголь миқдорини ва сифатини аниқлаш учун Ўзбекистон Республикасида қўлланишга рухсат этилган ҳамда текширувдан ўтган алкотестерлардан фойдаланилади.



6-БОБ. ТИББИЙ ТЕКШИРУВ НАТИЖАЛАРИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ


22. Тиббий текширув натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклдаги баённома тузилади. Баённомада текширув санаси ва тартиб рақами алкоголли ичимлик истеъмол қилганлик ҳолатини аниқлаш бўйича тиббий текширувдан ўтган шахслар ҳисобини юритиш дафтарининг тартиб рақамига мувофиқ ҳолда кўрсатилади.


23. Баённоманинг барча бандлари ҳеч қандай қисқартириш ва бошқа ўзгартиришларсиз тўлдирилади. Баённома тиббий текширувни ўтказган шифокор томонидан имзоланади ва текширув ўтказилган тиббиёт муассасасининг муҳри билан тасдиқланади.


24. Тиббий текширувдан ўтказилган шахсга тиббий текширув баённомаси нусхаси (қоғоз ёки электрон шаклда) берилади.


25. Биологик суюқликларнинг ва чиқарилаётган нафас ҳавоси таркибининг лаборатория текшируви натижалари инобатга олинган комплекс тиббий текширув натижалари текширилувчи шахснинг ҳолати тўғрисидаги хулосанинг асоси ҳисобланади.


26. Текширилувчи шахс текширувдан ёки айрим текширув туридан бош тортган ҳолларда, шифокор томонидан дафтарга ва баённомада "текширувдан бош тортди" деб ёзиб қўйилади.


27. Тиббий текширув асосида хулоса тузилади, унда текширилувчи шахснинг текширув вақтидаги ҳолати аниқ ёритилиши зарур. Шифокор хулоса тузаётганда, қуйидаги ҳолатлардан бирини белгилаши лозим:

алкоголли ичимлик истеъмол қилганлик ҳолати аниқланмади;

алкоголли ичимлик истеъмол қилганлик ҳолати аниқланди.


28. Тиббий текширувдан ўтказилган шахс текширувдан ўтказиш натижалари тўғрисидаги хулоса билан уни олиб келган масъул ходимлар олдида таништирилади.


29. Текширилувчи шахсда хулосага нисбатан эътирозлар мавжуд бўлган ҳолларда, у бошқа тиббиёт муассасасида қайта тиббий текширувдан ўтказишни талаб қилишга ҳақли. Бунда қайта тиббий текширув алкоголли ичимлик истеъмол қилганлик ҳолати аниқланган ёки масъул ходим шахснинг алкоголли ичимликлар истеъмол қилганлиги бўйича асосларини маълум қилган пайтдан бошлаб, узоғи билан бир соат ичида бошқа яқин масофада жойлашган тиббиёт муассасасида ўтказилиши лозим.

Текширилувчи шахс алкоголли ичимлик истеъмол қилганлик ҳолатини аниқлаш юзасидан хусусий тиббиёт муассасаларида тиббий текширувдан ўтишини маълум қилган тақдирда, текширилувчи шахс хусусий тиббиёт муассасасида ўз ҳисобидан текширувдан ўтказилиб, текширув тўғрисида маълумотнома олинади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


30. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 6 апрель





























































Время: 0.0086
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск