ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Апрель, 2024 й. / Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 25.03.2024 й. 7-сон "Жиноят ишларини апелляция, кассация тартибида кўриш амалиётининг айрим масалалари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

25.03.2024 й.

N 7



ЖИНОЯТ ИШЛАРИНИ АПЕЛЛЯЦИЯ, КАССАЦИЯ

ТАРТИБИДА КЎРИШ АМАЛИЁТИНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан, шунингдек, қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 22-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, жиноят ишларини апелляция, кассация тартибида кўриб чиқиш суд процесси иштирокчиларининг биринчи инстанция судининг қарорлари устидан шикоят беришга бўлган ҳуқуқини кафолатловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг (бундан буён матнда ЖПК деб юритилади) 497-2, 499-моддаларига мувофиқ апелляция, кассация тартибида иш юритиш маҳкум, оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, жабрланувчи ва унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ҳамда улар вакилларининг шикояти, шунингдек, тегишли прокурор ёки унинг ўринбосари протести бўйича қўзғатилади.

Апелляция, кассация тартибида иш юритиш ЖПК 497-2-моддасининг тўртинчи қисми ва 499-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ ҳукмнинг ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахлдор қисми устидан шикоят бериш ҳуқуқига эга бошқа шахслар томонидан ҳам қўзғатилиши мумкин. Бундай шахслар жумласига ишда тараф бўлмаган, бироқ ўзининг ҳақиқий ҳолатига кўра иш бўйича ҳукмининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган қисмида суд ҳимоясига муҳтож бўлган (гаров берувчи, мулки хатланган шахс ва бошқалар) шахслар киради.

Шу муносабат билан биринчи инстанция суди шикоят (протест)ни қабул қилиш пайтида апелляция, кассация шикояти (протести) берган шахснинг бундай ҳуқуққа эгалигини текшириши шарт.


3. Қонунга кўра апелляция, кассация шикояти (протести) ҳукм чиқарган суд орқали берилади.

Апелляция шикояти (протести) ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан ўн сутка ичида, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи, (фуқаровий даъвогар) томонидан эса, уларга ҳукм нусхаси топширилган кундан эътиборан шунча муддат ичида берилади.

Белгиланган муддатларда бевосита апелляция, кассация инстанцияси судларига берилган шикоят (протест) ЖПК 479-моддаси ҳамда 497-6-моддаси, шунингдек, 503-моддаси талабларини бажариш учун ҳукм чиқарган судга юборилиши керак.

Ҳар бир апелляция, кассация шикояти (протести) келиб тушган сана кўрсатилган ҳолда рўйхатга олиниши шарт.


4. Апелляция шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимоснома суд мажлисида ЖПК 497-5-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан ЖПК 497-11 моддасининг биринчи қисми қоидаларига мувофиқ ўн кун ичида хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят (протест) берилганда, апелляция инстанцияси суди хусусий шикоятни (протестни) асосли деб топса, биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилиб, ўтказиб юборилган муддатни тиклайди (бунда муддатни ўтказиб юборишнинг суд томонидан узрли деб топилган сабаблари ажримда кўрсатилиши керак) ва ишни апелляция шикояти, протести (хусусий шикоят ёки хусусий протест) бўйича мазмунан кўради. Бунда, кўрсатилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ажрим эълон қилингандан сўнг апелляция инстанцияси судининг мажлиси ЖПК 479-моддаси талабларини бажариш учун кейинга қолдирилади.

Шуни назарда тутиш лозимки, процессуал ҳаракатни амалга оширишга объектив тўсқинлик қилувчи ҳолатлар узрли сабаблар деб топилиши мумкин (масалан, фавқулодда ҳолатлар, сув тошқинлари, эпидемиялар, пандемия, карантин).

Шахснинг касаллиги, оилавий аҳволи (оила аъзоларининг ўлими ёки оғир касаллиги), шунингдек, бошқа ҳолатлар, агар улар қонунда белгиланган муддатда апелляция шикояти беришни истисно этган ёхуд жиддий тарзда қийинлаштирган бўлса, узрли ҳолатлар деб топилиши мумкин.


5. Қонунда кассация шикояти (протести) бериш учун бирон-бир муддат белгиланмаган. Шу билан бирга, ЖПК 501-моддасининг мазмунига кўра, ҳукм (ажрим) қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир йил ўтгандан сўнг берилган шикоят (протест), башарти унда оғирроқ жиноятга доир қонун моддаларини қўллаш зарурлиги, жазони кучайтириш ёки маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган бошқа ўзгаришлар (маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топиш, жазони ижро этиш колониясининг қаттиқроқ турини белгилаш, шартли ҳукмни бекор қилиш, ундирув миқдорини кўпайтириш, башарти бу жиноят квалификацияси маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга ўзгартирилишига олиб келса ва ҳ.к.), шунингдек, оқлов ҳукмини ёхуд ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини бекор қилиш назарда тутилган бўлса, суд томонидан қаноатлантирилиши мумкин эмас. Бунда бир йиллик муддат тегишли ҳукм, ажрим қонуний кучга кирган кундан бошлаб кассация инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилинган кун қўшилган ҳолда ҳисобланиши керак. Бир йиллик муддат ўтгандан сўнг берилган кассация шикояти (протести) кўриб чиқилмайди ва уни берган шахсга қайтарилади.

Агар кассация шикояти (протести) ЖПК 501-моддасида кўрсатилган бир йиллик муддат ўтгунга қадар берилган бўлиб, мазкур муддат иш бўйича қарор қабул қилингунга қадар ўтиб кетса, у қаноатлантирилмасдан қолдирилади ва бу ҳақда шикоят (протест) берган шахсга маълум қилинади.


6. Судларга тушунтирилсинки, қонунда апелляция, кассация тартибида иш юритиш предмети бўйича алоҳида муайян истиснолар белгиланган. Жумладан, биринчи инстанция суди томонидан суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ва далилларни текшириш тартибига, процесс иштирокчиларининг илтимосномаларига, эҳтиёт чорасини танлаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга, шунингдек суд мажлиси залида тартиб сақлашга оид ҳамда ЖПК 416, 417-моддалари тартибида чиқарилган ажримлар устидан шикоят (протест) берилиши мумкин эмас. Ушбу ажримлар бўйича эътирозлар апелляция, кассация шикояти (протести)га киритилиши мумкин.

Ҳукм чиқарилгандан сўнг қабул қилинган амнистия актини татбиқ этиш, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масалалари юзасидан, шунингдек, маҳкумга нисбатан ижро этилмаган бир неча ҳукм мавжуд бўлиб, кейинги ҳукмни чиқарган суд бундан бехабар бўлган ва ҳ.к. ҳолларда берилган шикоят (протест), агар унда айни бир пайтда жиноят ишининг мазмуни ёки ҳукм (ажрим)нинг қонунийлиги ва асослилиги бўйича бошқа масалалар қўйилган бўлмаса, апелляция, кассация тартибида алоҳида кўрилмайди. Бу масалалар биринчи инстанция суди томонидан ЖПК 540-моддаси ва 541-моддасининг биринчи қисми қоидаларига мувофиқ ҳал этилади. Бундай масалалар юзасидан чиқарилган суд ажрими устидан умумий асосларда хусусий шикоят (хусусий протест) берилиши мумкин.

ЖПК 546-1-моддасига мувофиқ суднинг ҳукмини, ажримини ва қарорларини ижро этиш чоғида юзага келган масалаларни ҳал қилиш тўғрисидаги ажрим суд томонидан ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради. Шу сабабли суднинг ажрими устидан берилган хусусий шикоят (хусусий протест) кассация тартибида кўриб чиқилади.


7. ЖПК 480-моддасида апелляция, кассация шикояти (протести)нинг мазмуни юзасидан муайян талаблар белгиланганлиги туфайли, биринчи инстанция суди шикоят (протест) берувчи шахс томонидан уларни бажарганлигини текшириши шарт.

Агар шикоят (протест)нинг мазмуни қонун талабларига жавоб бермаса ва бу кейинчалик ишни мазмунан кўришга тўсқинлик қилса, судья шикоят (протест)ни ажрим билан уни берган шахсга қайтаради. Бундай ҳолда шикоят (протест)ни қайта тузиш учун ЖПК 497-7, 502-моддаларида белгиланган доирада муддат белгиланади.

Агар шикоят (протест) берган шахс суд томонидан белгиланган муддатда ажримда кўрсатилган камчиликларни бартараф этса, шикоят (протест) судга дастлаб тақдим этилган кундан бошлаб берилган ҳисобланади. Суд кўрсатмалари бажарилмаган тақдирда шикоят (протест) берилмаган ҳисобланади.


8. ЖПК 497-4, 501-моддаларида белгиланган муддатлар ўтгандан сўнг берилган, маҳкумнинг аҳволини оғирлаштириш ҳақидаги талаблар апелляция, кассация инстанцияси судлари томонидан эътиборга олинмаслиги керак.


9. ЖПК 497-10, 504-1-моддаларига мувофиқ апелляция, кассация шикояти (протести) берган шахс ўз шикояти (протести)ни, маҳкум эса, ҳимоячиси берган шикоятни ҳам қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Протестни қайтариб олиш ҳуқуқи юқори турувчи прокурорга ҳам тегишли.

Бундай ҳолатда апелляция, кассация шикояти (протести) апелляция, кассация инстанцияси судлари маслаҳатхонага киргунга қадар қайтариб олиниши мумкин.

Апелляция, кассация шикояти (протести)нинг қайтариб олиниши, агар иш бўйича бошқа процесс иштирокчилари томонидан берилган апелляция, кассация шикояти (протести) бўлмаса, апелляция, кассация тартибида иш юритиш тугатилишига олиб келади. Бунда, агар шикоят (протест) апелляция, кассация инстанцияси судлари мажлиси бошлангунга қадар қайтариб олинган бўлса, у шикоят (протест) нусхаси, шунингдек уни қайтариб олиш тўғрисидаги ҳужжат ишда сақланган ҳолда шикоят (протест) берган шахсга хат орқали қайтарилади, бошқа ҳолларда эса, суд, қайтариб олинган шикоят (протест) бўйича апелляция, кассация тартибида иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Апелляция ёки кассация тартибида иш юритиш тугатилиши мазкур шахс томонидан қайта кассация шикояти (протести) берилишига тўсқинлик қилмайди.


10. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, шикоят (протест) билан келиб тушган жиноят иши бўйича суд мажлисини тайинлаш чоғида ЖПК 497-15 ва 509-5-моддаларида назарда тутилган масалалар ҳал этилади ва ажрим чиқарилган кундан эътиборан уч сутка ичида процесс иштирокчиларига суд мажлиси тайинланганлиги ҳақида хабарнома юборилади.

Жиноят ишини ўрганиш чоғида биринчи инстанция суди томонидан ЖПК 497-6-моддасининг иккинчи қисми ва 503-моддаси талаблари бажарилмаганлиги аниқланса, судья апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишни кўриб чиқишга монелик қилувчи ҳолатларни бартараф этиш учун жиноят ишини шу судга қайтаради.


11. Эҳтиёт чораси сифатида қамоқда ёки уй қамоғида сақланаётган ва апелляция инстанцияси суди мажлисида қатнашиш истагини билдирган маҳкумнинг иштирокини таъминлаш ушбу суднинг мажбурияти ҳисобланади. Шунинг учун жиноят иши келиб тушгандан сўнг маҳкумнинг апелляция инстанцияси судида иштирок этиш истагини билдирган ёки билдирмаганлиги аниқланиши ва натижасига қараб, уни суд мажлисида бевосита ёки видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш орқали иштирок этиш ҳуқуқи таъминланади.

Қўлланилган эҳтиёт чораси туридан қатъий назар, маҳкумнинг апелляция инстанцияси суди мажлисида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши жиноят-процессуал қонунининг жиддий бузилиши деб баҳоланади ва суд ажримининг бекор бўлишига асос бўлади.

Маҳкум (оқланган шахс)нинг кассация инстанцияси суди мажлисида қатнашиш масаласини ҳал этиш суднинг ҳуқуқига тегишлидир. Шунинг учун жиноят иши келиб тушгандан сўнг маҳкум (оқланган шахс)нинг кассация инстанцияси судида иштирок этишига зарурат борлиги аниқланиши ва натижасига қараб, унинг суд мажлисида бевосита ёхуд видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш орқали иштирок этиши чоралари кўрилиши лозим.


12. ЖПК 481-моддасининг биринчи қисми мазмунига кўра апелляция, кассация инстанцияси судлари мазкур инстанцияда давлат айбловини қувватлаш ваколатига эга бўлган прокурорни ҳар бир иш бўйича олдиндан хабардор этиш чораларини кўриши шарт.


13. Апелляция, кассация инстанцияси судлари мажлисида иштирок этиш ҳуқуқига эга шахслар доираси қонунда белгиланган (ЖПК 479-моддасининг тўртинчи қисми).

Ишнинг кўрилиш жойи, санаси ва вақти тўғрисида тегишли равишда хабардор этилган шахсларнинг узрли сабабларсиз суд мажлисига келмаслиги уни кўриш учун тўсиқ бўлмайди.

Айни пайтда, қонунга кўра апелляция, кассация инстанцияси судларида прокурорнинг иштироки шарт бўлиб, бундай ҳолда ЖПК 25-моддасининг биринчи қисми ҳамда 51-моддаси биринчи қисмининг 6, 9-бандлари мазмунидан келиб чиқиб, ушбу инстанцияда ҳимоячининг иштироки ҳам таъминланиши шарт. Шу сабабли прокурор ёки ҳимоячи келмаган ҳолларда ишнинг муҳокамаси кейинга қолдирилиши керак.


14. Апелляция, кассация инстанцияси судлари холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда тарафларга ўз процессуал ҳуқуқларини амалга оширишга ва мажбуриятларини бажаришга зарур шароит яратиб бериши шарт.

Апелляция, кассация инстанцияси судларида ишнинг муҳокамаси, ЖПК 483, 497-17 ва 509-7-моддаларида назарда тутилган истисноларни инобатга олган ҳолда, биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари асосида олиб борилади.


15. Апелляция, кассация инстанцияси судлари қисман ёки тўлиқ суд тергови ўтказиши, шу жумладан, биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далилларни текшириб чиқиши ва уларга суд мажлисида аниқланган янги ҳолатларни инобатга олган ҳолда ҳуқуқий баҳо бериши мумкин (ЖПК 483-моддасининг учинчи қисми).

Апелляция, кассация инстанцияси судлари тарафларнинг илтимосномаларини (янги гувоҳларни сўроқ қилиш, экспертизалар ўтказиш, ашёвий далиллар ва ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва бошқалар ҳақида), улар биринчи инстанция суди томонидан рад этилганлиги сабаблигина, рад этишга ҳақли эмас. Зарур ҳолларда суд қўшимча далилларни талаб қилиб олишда ташаббус кўрсатиши лозим.

Қонунга кўра, қўшимча материалларни талаб қилиб олишда муайян тергов ҳаракатларини ўтказиш зарурати туғилса, бу ҳақида апелляция, кассация инстанцияси судлари ажрим чиқариши ва ижро учун тегишли тергов органига юбориши мумкин. Ишнинг муҳокамаси эса, кейинга қолдирилади.


16. Апелляция, кассация шикоятида процесс иштирокчиларининг суд мажлиси баённомасида қайд этилган кўрсатувлари уларнинг биринчи инстанция судида аслида берган кўрсатувларига мос эмаслиги тўғрисида келтирилган важлари бу шахсларни апелляция, кассация инстанцияси судлари мажлисида сўроқ қилиш йўли билан текширилиши мумкин.

Апелляция, кассация инстанцияси судлари ишни кўришда, илгари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (бундан буён матнда ЖК деб юритилади) 238-моддаси билан била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилган процесс иштирокчисининг бир-биридан жиддий фарқ қилган кўрсатувларига, тегишли муносабат билдиришлари шарт.


17. Апелляция, кассация инстанцияси судларида тарафлар музокаралари тегишлича ЖПК 497-18, 509-7-моддалари қоидаларига мувофиқ ўтказилади.

Иш бўйича бир неча апелляция, кассация шикояти (протести) мавжуд бўлганда, биринчи бўлиб айблов тарафига тегишли процесс иштирокчилари сўзга чиқади.


18. Қонунга кўра, апелляция, кассация инстанцияси судлари мажлисида иштирок этаётган маҳкумга охирги сўз берилмаслиги, жиноят-процессуал қонунининг жиддий бузилиши саналади ва апелляция, кассация инстанцияси ажримининг бекор бўлишига сабаб бўлади.


19. Апелляция, кассация инстанцияси судлари биринчи инстанция суди томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари қанчалик тўғри аниқланганлигини, жиноят ва жиноят-процессуал қонуни нормалари қанчалик тўғри қўлланилганлигини текширади.

ЖПК 494-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, апелляция, кассация инстанцияси судлари суднинг ҳукмини бекор қилишга ва маҳкумга жазони кучайтирган ёки унга нисбатан дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган айблов доирасида (айбловнинг айрим қисмлари биринчи инстанция суди томонидан муҳокама қилинмаган ҳолатларда ҳам) оғирроқ жиноят тўғрисидаги қонунни қўллаган ҳолда янги айблов ҳукми чиқаришга ҳақли.

ЖПК 494-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, апелляция, кассация инстанцияси судлари жазони кучайтиришга, шунингдек, оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллашга фақат шу асосларга кўра жабрланувчи ёки унинг вакили томонидан шикоят берилган ёки прокурор томонидан протест билдирилган ва ЖПК 497-4, 501-моддаларида белгиланган муддатлар ўтиб кетмаган ҳоллардагина ҳақли.

Агар ишни кўриш вақтида судланувчи томонидан айб эълон қилинмаган бошқа жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, апелляция, кассация инстанцияси судлари ЖПК 416-моддасининг биринчи қисми қоидаларига мувофиқ қарор қабул қилади.

Агар ишни кўриш вақтида жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, апелляция, кассация инстанцияси судлари ЖПК 417-моддасининг биринчи қисми қоидаларига мувофиқ қарор қабул қилади.

Апелляция, кассация инстанцияси судлари фақат прокурор томонидан протест билдирилган, жабрланувчи ёки унинг қонуний вакили томонидан шикоят берилган ҳоллардагина оқлов ҳукмини бекор қилиб, айблов ҳукми чиқаришга ҳақли.


20. ЖПК 483-моддасига мувофиқ апелляция, кассация инстанцияси судлари шикоят (протест)да баён этилган важлар билангина чегараланмасдан, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини тўла ҳажмда текшириши шарт.

Иш бўйича бир неча маҳкум (оқланган шахс) ўтган бўлиб, ҳукм устидан улардан айримлари шикоят берган ҳолларда ҳам апелляция, кассация инстанцияси судларида иш барча маҳкумларга (оқланган шахсларга) нисбатан кўрилади.

Бироқ агар бу маҳкум (оқланган шахс)нинг аҳволини оғирлашувига олиб келса, прокурор протести ёки жабрланувчининг шикояти бўлмаган ҳолларда, суд шикоят (протест)да келтирилган важлар доирасидан четга чиқишга, шунингдек, апелляция, кассация шикояти бермаган маҳкумлар (оқланган шахслар)га нисбатан ишни кўришга ҳақли эмас (ЖПК 494-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари).

Апелляция тартибида шикоят бермаган шахс, агар апелляция инстанцияси суди ажримида унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор хулосалар қилинмаган бўлса, суд қарори устидан кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқини сақлаб қолади.


21. Муайян сабабга кўра, айрим маҳкумларга нисбатан қонунда белгиланган муддатда берилган апелляция шикояти (протести) бошқа маҳкумларга нисбатан иш кўрилгандан сўнг келиб тушса ёки ўтказиб юборилган муддат ЖПК 497-5-моддаси тартибида тикланса ёхуд маҳкумнинг, унинг ҳимоячисининг ёки қонуний вакилининг апелляция шикояти шу маҳкумга нисбатан процесснинг бошқа иштирокчиси томонидан берилган шикоят (протест) кўрилгандан сўнг келиб тушса, апелляция инстанцияси суди ЖПК 497-35-моддасида белгиланган қоидаларга риоя қилиши керак.

Агар муайян сабабга кўра айрим маҳкумларга нисбатан қонунда белгиланган муддатда берилган кассация шикояти (протести) бошқа маҳкумларга нисбатан иш кўрилгандан сўнг келиб тушса ёки маҳкумнинг, унинг ҳимоячисининг ёки қонуний вакилининг кассация шикояти шу маҳкумга нисбатан процесснинг бошқа иштирокчиси томонидан берилган шикоят (протест) кўрилгандан сўнг келиб тушса, кассация инстанцияси суди ЖПК 509-13-моддасида белгиланган қоидаларга риоя қилиши керак.


22. Апелляция, кассация инстанцияси судлари, агар чиқарилган ҳукм ЖПК 455-моддаси талабларига мувофиқ эканлигини аниқласа, уни ўзгаришсиз қолдиради.

Ҳукм ўзгаришсиз қолдирилганида апелляция, кассация инстанцияси судлари қуйидагиларга ҳақли:

ЖПК 533-моддаси биринчи қисмининг 1 - 4-бандларида кўрсатилган асос мавжуд бўлганда, ҳукмнинг ижросини кечиктиришга;

амнистия актини қўллашга.

Апелляция, кассация инстанцияси судлари томонидан қуйи инстанцияси суди ҳукми, ажримининг тавсиф ёки қарор қисмига ўзгартириш киритилганда ҳам, башарти бу айблов ҳажми, қилмишнинг квалификацияси, тайинланган жазо тури ва миқдори ўзгаришига олиб келмаса, суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилади.


23. ЖПК 485-моддасида ҳукм, ажримни бекор қилиниши ва ўзгартирилиши учун умумий асослар белгиланган бўлиб, апелляция, кассация инстанцияси судлари уларни ишнинг муайян ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда қўллаши мумкин.

Ҳукм қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши шарт, агар:

суд тергови тўлиқ бўлмаса ёки бир ёқлама олиб борилган бўлиб, бироқ йўл қўйилган камчиликлар тўлдирилганидан сўнг апелляция, кассация инстанцияси судлари жиноят квалификацияси ўзгартирилиши зарурлиги ҳақида хулосага келса;

ҳукмда баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ бўлмай, бироқ апелляция, кассация инстанцияси судлари уларга, шу жумладан, маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмаган ҳолда тегишли баҳо бера олса;

иш бўйича ЖПК нормалари бузилган бўлиб, уларнинг апелляция, кассация инстанциясида бартараф этилиши ҳукмнинг ўзгартирилишига олиб келса;

суд томонидан ЖК нормалари нотўғри қўлланилган бўлиб, бироқ апелляция, кассация инстанцияси судлари бу хатони, шу жумладан, маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмаган ҳолда тузатиши мумкин бўлса;

апелляция, кассация инстанцияси судлари тайинланган жазо енгиллаштирилиши лозим деб ҳисобласа.


24. Апелляция, кассация инстанцияси судлари ҳукмни ўзгартириш учун асослар мавжуд бўлганда қуйидагиларга ҳақли:

қилмишни ЖК бошқа моддасига (бир неча модда ёки қисмларига) қайта квалификация қилишга;

ҳукмдан айбловнинг бир қисмини (айрим эпизодларини) ёки маҳкумнинг жавобгарлигини оғирлаштирувчи белгиларни чиқаришга;

ҳукмдан жиноятларнинг идеал мажмуи тариқасида қилмишни нотўғри баҳолаш туфайли ортиқча эълон қилинган ЖК моддасини чиқаришга;

ЖК 70 - 72, 87-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, маҳкумни жазодан озод қилишга;

жазо миқдорини ўзгартириб, ЖК Махсус қисми моддаси санкцияси доирасида енгилроқ ёхуд ЖК 57-моддасини қўллаган ҳолда жазо тайинлашга;

жиноят натижасида етказилган зарарни қоплаш миқдорини кўпайтириш ёки камайтиришга, шунингдек, ушбу масала биринчи инстанция суди томонидан ҳал этилмаган ҳолларда, бундай зарарни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилишга;

маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишга ёки ҳукмдан уни ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳақидаги қарорни чиқаришга;

маҳкумга нисбатан жазони ижро этиш колониясининг бошқа, шу жумладан, қаттиқроқ турини белгилашга;

ЖК 96-моддасига мувофиқ маҳкумга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашга;

ашёвий далиллар, процессуал чиқимлар тўғрисидаги масалаларни ва бошқа масалаларни ҳал этишга.


25. ЖПК 494-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари талабларига риоя этган ҳолда маҳкумнинг қилмишини ЖК бир моддасидан икки ва ундан ортиқ моддаларига ёки бир модданинг бир неча қисмларига қайта квалификация қилганда, апелляция, кассация инстанцияси судлари ҳукмга жазони кучайтирмаган ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритиш ва ЖК 59-моддасида белгиланган қоидаларга мувофиқ жазо тайинлашга ҳақли.

Бунда янги жазо ҳукм бўйича тайинланган жазодан оғирроқ бўлиши фақат шу асосларга кўра жабрланувчи ёки унинг вакили томонидан шикоят берилган ёки прокурор томонидан протест билдирилган ҳоллардагина мумкин.

Агар ЖК бир моддаси билан квалификация қилиниши шарт бўлган икки ёки ундан ортиқ қилмиш Кодекснинг бир неча моддаси билан нотўғри квалификация қилинган бўлса, апелляция, кассация инстанцияси судлари ушбу қилмишларни ЖК тегишли моддасига қайта квалификация қилиб, шу модда бўйича илгари тайинланган жазони кучайтирмаган ҳолда янги жазо белгилашга ҳақли.


26. Биринчи инстанция суди томонидан жазоларни қоплаш қоидалари (ЖК 59-моддасининг учинчи қисми) нотўғри қўлланилганлиги аниқланганда, апелляция, кассация инстанцияси судлари жазоларни қўшиш тартибини қўллаши мумкин. Бунда, агар шу асосларга кўра жабрланувчи ёки унинг вакили томонидан шикоят берилмаган ёки прокурор томонидан протест билдирилмаган бўлса, янги жазо ҳукм бўйича тайинланган узил-кесил жазо миқдоридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


27. Бошқа эпизодлар билан умумий квалификация қилинган бир ёки бир неча эпизод (масалан, бир неча марта пора олганлик) бўйича иш ҳолатлари тўлиқ текширилмаган деб топилганда, агар йўл қўйилган камчиликларни тўлдириш учун имконият бўлмаса, апелляция, кассация инстанцияси судлари ҳукмни ўзгартириб, уларни ҳукмдан чиқариши лозим.

Агар маҳкум ЖКнинг турли моддалари бўйича квалификация қилинган бир неча жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган бўлса, апелляция, кассация инстанцияси судлари ҳукмнинг бир ёки бир неча жиноятга оид қисмини ўзгартириб, ўша маҳкумга нисбатан ҳукмнинг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдириши мумкин.


28. Жиноят-процессуал қонуни нормаларининг ҳукм сўзсиз бекор қилинишига сабаб бўладиган даражада жиддий бузилиши тушунчаси ЖПК 488-моддасида белгиланган. Бундай қонун бузилиши аниқлаганда, апелляция, кассация инстанцияси судлари жиноят иши кимнинг шикояти (протести)га кўра, кўрилаётганлигидан қатъий назар, йўл қўйилган қонун бузилиши дахл этган барча маҳкумларга нисбатан ҳукмни бекор қилиши шарт.

Шуни назарда тутиш лозимки, жиноят-процессуал қонуни нормалари жиддий бузилганлигининг аниқланиши апелляция, кассация инстанцияси судларини шикоят, протестда келтирилган бошқа важларни ҳам (айбловнинг исботланганлиги, квалификациянинг тўғрилиги, жазонинг адолатлилиги тўғрисида ва ҳ.к.) мазмунан кўриб чиқиш ва улар бўйича ажримда тегишли хулоса чиқариш мажбуриятидан озод этмайди.

Жиноят иши бўйича йўл қўйилган ЖПК нинг жиддий бузилиши ҳоллари апелляция, кассация инстанцияси судлари томонидан ҳукм бекор қилиниб, янги ҳукм (айблов ёки оқлов ҳукми) чиқарилишига ёки ишнинг ЖПК 84-моддасига мувофиқ тугатилишига тўсқинлик қилмайди.


29. Шахсни жиноий жавобгарликдан озод этишни назарда тутувчи амнистия актига зид равишда ёки жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтгандан сўнг жиноят иши қўзғатилган ҳолларда, ҳукм, гарчи унда маҳкум жазодан озод қилинган бўлса-да, бекор қилиниб, иш тугатилиши керак.

Агар апелляция, кассация инстанцияси судлари маҳкумнинг ҳаракатларини ЖК бошқа моддасига қайта квалификация қилиш кераклиги тўғрисида хулосага келса ва бу модда шахсни жазодан озод этишни назарда тутувчи ёки жазо қўлланилишини истисно этувчи амнистия акти таъсири доирасига тушса, биринчи инстанция суди қабул қилиши шарт бўлган қарорни чиқариши керак. Маҳкумнинг ҳаракатлари ЖКнинг бошқа моддасига қайта квалификация қилиниб, ушбу модда бўйича шахс ЖПК 463-моддаси иккинчи қисмининг 2-банди ҳамда учинчи қисмининг 2 ва 5-бандларига мувофиқ жазодан озод қилиниши лозим бўлган ёки унга нисбатан жазо тайинланиши истисно этилган ҳолларда ҳам шундай қарор қабул қилиниши лозим.


30. ЖПК 494-моддасининг иккинчи қисми мазмунига кўра, ҳукм апелляция, кассация инстанцияси судлари томонидан маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга фақат жабрланувчи (унинг вакили)нинг шикоятида, прокурор протестида кўрсатилган асослар бўйича бекор қилиниши мумкин.

Бошқа маҳкумлар ёки улар ҳимоячиларининг оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллаш зарурлиги ёки жазонинг енгиллиги тўғрисидаги шикоятлари ҳукмни маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга бекор қилиш учун асос бўла олмайди.


31. Апелляция, кассация инстанцияси судлари ҳукмни бекор қилиш учун асослар мавжуд бўлганда қуйидагиларга ҳақли:

1) айблов ҳукмини бекор қилиш ва оқлов ҳукми чиқаришга;

2) айблов ҳукмини бекор қилиш ва янги айблов ҳукми чиқаришга;

3) оқлов ҳукмини бекор қилиш ва айблов ҳукми чиқаришга;

4) айблов ҳукмини бекор қилиш ва жиноят ишини тугатишга;

5) ЖПК 493-моддасининг 4-қисмида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, суднинг айблов ҳукмини бекор қилиш ва жиноят ишини биринчи инстанция судига юборишга.

Апелляция, кассация инстанцияси судлари ушбу банднинг 1 - 3-кичик бандларида назарда тутилган ҳолларда апелляция, кассация ҳукмини чиқаради.


32. ЖПК 497-34, 509-11-моддаларига мувофиқ, ишни хусусий шикоят (протест) бўйича кўрганда, апелляция, кассация инстанцияси судлари қуйидагиларга ҳақли:

1) биринчи инстанция судининг ажримини ўзгаришсиз, хусусий шикоятни (хусусий протестни) эса, қаноатлантирмасдан қолдиришга;

2) биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилишга ва ишни янгидан судда кўриб чиқиш учун юборишга;

3) биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилишга ва ишни умумий қоидалар бўйича суриштирув ёки дастлабки терговни ўтказиш учун прокурорга юборишга;

4) биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилишга ва амнистия актини қўллашга;

5) биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга;

6) биринчи инстанция судининг хусусий ажримини бекор қилишга;

7) биринчи инстанция судининг ажримини ўзгартиришга.

Апелляция, кассация инстанцияси судларининг биринчи инстанция судининг ажрими устидан берилган хусусий шикоят (хусусий протест) бўйича чиқарилган ажрими узил-кесил ҳисобланиб, бундан ЖПК 308, 317-моддаларида ва 59-бобида назарда тутилган ҳоллар мустасно.


33. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, оқлов ҳукмининг асоси бу ҳақда шикоят берилган ҳоллардагина ўзгартирилиши мумкин (ЖПК 495-моддасининг иккинчи қисми).

Оқлов ҳукми апелляция, кассация инстанцияси судлари томонидан, фақат шахснинг асоссиз оқланганлиги тўғрисида жабрланувчи (унинг вакили)нинг шикояти ёки прокурорнинг протести бўлган ҳолларда бекор қилиниши мумкин.

Айрим оқланган шахсларга нисбатан шикоят (протест) берилиши бошқа оқланган шахсларга нисбатан ҳукмнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлмайди.


34. Агар маҳкумнинг ўзи ёки процесснинг бошқа иштирокчилари томонидан апелляция, кассация шикояти (протести) берилгандан сўнг, бироқ иш апелляция, кассация инстанцияси судларида кўрилгунга қадар вафот этса, иш юритиш умумий асосларда давом эттирилади.

Марҳумни реабилитация қилиш учун асослар бўлган тақдирда, апелляция, кассация инстанцияси судлари айблов ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаради, бошқа ҳолларда эса, ҳукмни бекор қилиб, ушбу шахсга нисбатан жиноят ишини ЖПК 84-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мувофиқ тугатади.

Иш тугатилганда, ашёвий далиллар тақдири ҳақидаги масала ЖПК 211-моддасига мувофиқ, уларнинг тегишлилиги тўғрисида низо келиб чиққанда эса - фуқаролик иш юритуви тартибида кўрилиши мумкин. Марҳумнинг ҳаракатлари билан етказилган зарарни ундириш масаласи ҳам жабрланувчи ёки прокурор томонидан марҳумнинг ворисларига ёки унинг мулкини бошқариш ҳуқуқини ўзига олган шахсга нисбатан қўзғатилган даъво бўйича фуқаролик иш юритуви тартибида кўрилади.


35. Апелляция ёки кассация инстанцияси судлари жиноят ишини кўриб чиқишда илгари аниқланган ҳолатлар билан бирга иш бўйича ЖПК 83-моддаси ҳамда 84-моддасининг биринчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган асослар аниқланган бўлса ёки иш бўйича тўпланган далиллар маҳкумни айбдор деб топиш учун етарли бўлмаса, шунингдек, қўшимча далилларни тўплаш имконияти қолмаган бўлса, ЖПК 496-моддасига мувофиқ, суд қарорини бекор қилади ва жиноят ишини тугатади.


36. Апелляция, кассация инстанцияси судлари жиноят ишини кўриш натижаларига кўра:

- ЖПК 497-26, 509-9-моддалари биринчи қисмининг 1-бандида, 5 - 8-бандларида назарда тутилган ҳолларда - ажрим;

- ЖПК 497-26, 509-9-моддалари биринчи қисмининг 2 - 4-бандларида назарда тутилган ҳолларда - ҳукм;

- бир вақтнинг ўзида ҳар иккала ҳолат юзасидан қарор қабул қилиш лозим бўлса, тегишлича алоҳида ҳукм ва ажрим чиқаради.


37. Апелляция, кассация инстанцияси судларининг ажрими ЖПК 497-31, 509-10-моддалари талабларига мувофиқ бўлиши, жумладан, унда апелляция, кассация шикояти (протести)да келтирилган ҳар бир важ муҳокама этилиб, унинг асослилиги ёки асоссизлиги юзасидан хулосалар баён этилиши шарт.

Апелляция, кассация инстанцияси судларининг ҳукми, ажрими эълон қилинган пайтдан эътиборан кучга киради ва ЖПК 497-31-моддасининг саккизинчи ва тўққизинчи қисмлари ҳамда 509-10-моддасининг олтинчи ва еттинчи қисмларида кўрсатилган муддатларда ижро этилади.


38. ЖПК 298-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, шунингдек, суриштирув, дастлабки тергов юритилган ёки суд муҳокамаси вақтида қонун бузилишига йўл қўйилганлигини аниқлаган тақдирда, апелляция, кассация инстанцияси судлари ЖПК 497-32, 509-11-моддаларига асосан хусусий ажрим чиқариш йўли билан тегишли орган ёки мансабдор шахснинг эътиборини бунга қаратиши мумкин.

Суд қарори ўзгаришсиз қолдирилганда, апелляция, кассация инстанцияси судлари унинг қонунийлиги ва асослилигини шубҳа остига қўювчи хусусий ажрим чиқаришга ҳақли эмас.


39. Қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилиши ҳолатини таҳлил қилиб бориш мақсадида вилоят ва уларга тенглаштирилган судларга жиноят ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиётини ҳар ярим йилда умумлаштириш тавсия этилсин.


40. Мазкур қарор қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида" 2021 йил 20 апрелдаги 13-сонли ҳамда "Жиноят ишларини кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида" 2021 йил 27 ноябрдаги 37-сонли қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

    

       

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

Б. Исламов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

Н. Хакимова

       

       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)













































































Время: 0.1974
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск