ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Апрель, 2024 й. / Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 25.03.2024 й. 10-сон "Судлар томонидан иқтисодий ишларни апелляция, кассация тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

25.03.2024 й.

N 10



СУДЛАР ТОМОНИДАН ИҚТИСОДИЙ ИШЛАРНИ

АПЕЛЛЯЦИЯ, КАССАЦИЯ ТАРТИБИДА КЎРИШНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлигини инобатга олиб ҳамда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 22-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, иқтисодий ишни апелляция ва кассация тартибида қайта кўриб чиқиш суд процесси иштирокчиларининг суд ҳужжатининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш ҳуқуқини таъминловчи муҳим ҳуқуқий институтлардан бири ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)нинг 50, 259, 282-моддаларига мувофиқ апелляция, кассация инстанцияси судида иш юритиш:

ишда иштирок этувчи шахсларнинг шикояти;

ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахсларнинг шикояти;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг шикояти, бундан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно;

қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат органлари ва бошқа шахсларнинг шикояти;

прокурор, юқори турувчи прокурор фақат прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек, ишда иштирок этувчи шахслар ҳамда ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда, прокурорнинг протести бўйича амалга оширилади.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳам палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб апелляция, кассация шикояти билан мурожаат қилиши мумкин.


3. Судларга тушунтирилсинки, ИПК 50-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, давлат органлари ва бошқа шахслар (масалан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ва ҳ.к.) даъво (ариза) улар томонидан тақдим этилган ҳолдагина суд ҳужжати устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериши мумкин, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари бундан мустасно.

ИПК 50-моддаси биринчи қисмининг мазмунига кўра, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ўз аъзоларининг манфаатини кўзлаб киритган даъво бўйича даъвогарнинг барча ҳуқуқларидан фойдаланиши ва мажбуриятини ўз зиммасига олиши сабабли, судларнинг эътибори Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ўзлари киритган даъво бўйича низодаги жавобгарнинг манфаатида апелляция, кассация шикояти тақдим эта олмаслигига қаратилиши лозим. Бундай шикоятни қабул қилиш ИПК 268-моддаси биринчи қисмининг 1-банди ҳамда ИПК 291-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади.


4. Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд апелляция, кассация шикояти (протести) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция, кассация инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.

Судлар шуни эътиборга олишлари керакки, иш апелляция, кассация инстанциясига кўриш учун юборилгандан кейин ҳал қилув қарорини қабул қилган судга апелляция, кассация шикояти (протести)га алоқадор қўшимча ҳужжатлар ёхуд бошқа шахслардан апелляция, кассация шикояти келиб тушган тақдирда, улар келиб тушган куннинг эртасидан кечиктирмай шикоят (протест) кўриб чиқилаётган суд инстанциясига юборилиши лозим.


5. Апелляция, кассация шикояти (протести) нафақат биринчи инстанция судининг бутун ҳал қилув қарорига, балки унинг бир қисмига нисбатан ҳам берилиши мумкин.

Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар ИПКнинг 189-моддасига мувофиқ қабул қилинган қўшимча ҳал қилув қарори устидан ҳам апелляция, кассация шикояти (протести) беришга ҳақлидирлар.


6. ИПКга мувофиқ биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги, шунингдек, ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида, кассация шикояти (протести) эса, апелляция тартибида кўрилмаган иш бўйича суд ҳужжати қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.


7. Апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтишининг бошланиши, тегишлича суд ҳужжати қабул қилинган ёки қонуний кучга кирган кундан эътиборан ҳисобланади.

ИПК 189-моддасининг бешинчи ва олтинчи қисмлари мазмунига кўра, қўшимча ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) бериш муддати асосий ҳал қилув қарори қабул қилинган, кассация шикояти (протести) эса, қонуний кучга кирган кундан ҳисобланади.

Судлар шуни эътиборга олишлари керакки, апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати, шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан берилган, кассация инстанцияси суди томонидан эса, агар илтимоснома кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва апелляция, кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Шикоятни (протестни) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномада муддатнинг ўтказиб юборилиши сабаблари кўрсатилиши ва асослантирилиши лозим. Илтимоснома шикоятнинг ўзида (протестда) ёки алоҳида аризада баён этилиши мумкин ва шикоят (протест) билан бир вақтда берилиши лозим.

Судларга тушунтирилсинки, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар, шунингдек, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган ишда иштирок этувчи шахслар учун апелляция шикоятини бериш муддати уларга ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги маълум бўлган кундан эътиборан ҳисобланади.

Апелляция, кассация шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги илтимоснома ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан, судьянинг якка ўзи томонидан кўриб чиқилади.

Апелляция, кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилганлигининг узрли сабаблари бўлиб, судга бундай шикоят (протест) билан ўз вақтида мурожаат қилишга тўсқинлик қилган, аризачига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар ҳисобланиши мумкин.

Апелляция, кассация шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати тикланганда, бу ҳақда апелляция, кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда, шикоятни (протестни) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш рад этилганда эса, апелляция, кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажримда баён этилади.

Судларга тушунтирилсинки, апелляция, кассация шикояти (протести) ИПК 262-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари ҳамда 285-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса, апелляция, кассация инстанцияси суди шикоят (протест)ни қайтариш тўғрисида ажрим чиқаради.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги ажрим устидан шикоят (протест) қилинмайди.


8. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ИПК 268-моддасининг биринчи қисми ва 291-моддасининг биринчи қисмида белгиланган апелляция, кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари рўйхати тугал ҳисобланади.

Шуни инобатга олиш керакки, апелляция, кассация шикоятини иш юритишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, давлат божи тўлашни кечиктириш, ва суд ҳужжатининг ижросини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномалар муҳокама қилинмайди.

Агар шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш учун бир нечта асослар мавжуд бўлса, суд ажримида ушбу асосларнинг ҳар бири кўрсатилиши керак.

Апелляция, кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин.


9. ИПК 269-моддасининг биринчи қисми ва 292-моддасининг биринчи қисмида белгиланган апелляция, кассация шикоятини (протестини) қайтариш асослари рўйхати тугал ҳисобланади ва унинг кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.

Апелляция, кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади. Судья апелляция, кассация шикоятини (протестини) хат билан ёки қонунда назарда тутилмаган бошқа усулда қайтаришга ҳақли эмас.

Агар шикоятни (протестни) қайтариш учун бир нечта асослар мавжуд бўлса, суд ажримида ушбу асосларнинг ҳар бири кўрсатиб ўтилиши ва улар бартараф этилгач, шикоятни (протестни) берган шахс апелляция, кассация шикояти (протести) билан судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли эканлиги тушунтирилиши керак.

Апелляция, кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин.

Судларга тушунтирилсинки, апелляция, кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ИПКнинг 197-моддасида белгиланган муддатда ва тартибда ишда иштирок этувчи шахсларга ва ажрим дахлдор бўлган бошқа шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ажрим электрон тарзда юборилиши мумкин.

ИПК 269-моддаси биринчи қисмининг 2, 3, 4-бандлари ва 292-моддаси биринчи қисмининг 2, 3, 4-бандларида назарда тутилган апелляция ёки кассация шикоятини (протестини) қайтариш асослари суд томонидан апелляция, кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг аниқланган ҳолларда, иш апелляция, кассация инстанциясида мазмунан кўриб чиқилиши лозим.

Бунда, шикоятга (протестга) унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилганлигини (топширилганлигини) тасдиқловчи далил илова қилинмаган бўлса, апелляция, кассация инстанцияси суди шикоят (протест) берган шахсдан бундай далилни талаб қилади. Апелляция, кассация шикоятини (протестини) берган шахс томонидан шикоятнинг (протестнинг) нусхаси бошқа шахсларга юборилганлигини (топширилганлигини) тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш имкони бўлмаганда, суд шикоятнинг (протестнинг) нусхасини ишда иштирок этувчи шахсларга суд мажлиси залида топшириш чораларини кўради.


10. Агар шикоятни қабул қилишда судьяда шикоятни имзолаган шахсда таъсис ҳужжатларига мувофиқ уни имзолаш ҳуқуқи мавжудлиги борасида шубҳа туғилса, судья апелляция, кассация шикоятини иш юритишга қабул қилади ва аризачига унинг шикоятни имзолаш ваколатини тасдиқловчи далилни тақдим этишни таклиф қилади. Шикоятни имзолаш ваколатини тасдиқловчи далил тақдим этилмаганда, апелляция, кассация инстанцияси суди шикоятни ИПК 272-моддасининг биринчи қисми ва 295-моддасининг биринчи қисмига асосан кўрмасдан қолдиради.


11. ИПКнинг 271-моддасига мувофиқ апелляция шикояти (протести) уни бериш муддати ўтказиб юборилган ҳолда берилган ва ушбу муддатни тиклаш тўғрисидаги илтимоснома қаноатлантирилганда, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг ижросини ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида суд қарор қабул қилган шахсларнинг илтимосномасига кўра тўхтатиб туришга ҳақли.

Суд апелляция инстанциясида иш юритиш тамомлангунига қадар ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида ажрим чиқаради. Бунда апелляция инстанцияси суди томонидан якуний суд ҳужжати қабул қилинганидан сўнг ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туришни бекор қилиш талаб этилмайди.

Ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш ёки унинг ижросини тўхтатиб туришни рад этиш ҳақида апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.

Агар илтимоснома шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилинганидан кейин берилган бўлса, судлов ҳайъати ушбу илтимоснома бўйича алоҳида ажрим чиқаради.

Судлов ҳайъати томонидан ишни кўриш давомида берилган илтимоснома ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрлари эшитиб бўлинганидан кейин ҳал қилинади.

Кассация инстанцияси суди, ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, биринчи инстанция судида қабул қилинган ҳал қилув қарорининг ижросини кассация инстанциясида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туриши шарт.


12. Апелляция, кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш масаласи судья томонидан якка тартибда, у иш билан бирга иқтисодий судга келиб тушган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ҳал этилади. Бунда, беш кунлик муддат иш шикоят билан бирга апелляция, кассация инстанцияси судига келиб тушган вақтдан бошлаб ҳисобланиши лозим.

Белгиланган шакл ва мазмун талабларига риоя қилинган ҳолда берилган апелляция, кассация шикояти (протести) иш юритувга қабул қилиниши лозим.

Апелляция, кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида апелляция, кассация инстанцияси суди судьяси ажрим чиқаради ва унда суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади.

Ажримнинг нусхаси ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахсларга, шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил мурожаат қилганда, вакилга, апелляция, кассация протестини берган прокурорга юборилади.

Апелляция, кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганидан кейин барча суд ҳужжатлари коллегиал тартибда қабул қилинади.

Иш апелляция, кассация инстанцияси судида кўрилаётган вақтда суд ҳужжатига нисбатан ишда иштирок этувчи бошқа шахслардан шикоят (протест) келиб тушганда, уни қайтариш ёки иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари мавжуд бўлмаганда, у дастлаб қабул қилинган шикоят (протест) билан бирга кўриб чиқилади.

Судларга тушунтирилсинки, апелляция тартибида ишни кўриш жараёнида, айнан шу суд ҳужжати устидан бошқа шахслар томонидан кассация шикояти тақдим этилган тақдирда, кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш ИПК 291-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан рад этилади ва шикоят берган шахсга апелляция шикояти билан мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.


13. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган ажримлар устидан ИПК ва "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида назарда тутилган ҳоллардагина шикоят қилиниши мумкин.


14. Биринчи инстанция судида иштирок этган вакил, шу жумладан адвокат суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан берилган апелляция, кассация шикоятини, агар унга берилган ишончномада бундай ваколат махсус назарда тутилган бўлса, имзолашга ҳақли.

Агар апелляция, кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг шикоятга (протестга) имзо қўйган шахснинг уни имзолашга ваколатли эканлигига шубҳа туғилса, аризачига тегишли далилларни тақдим этиш таклиф этилади. Бундай далиллар тақдим этилмаганда, апелляция, кассация шикояти (протести) ИПК 272-моддасининг биринчи қисми ва 295-моддасининг биринчи қисмига мос ҳолда кўрмасдан қолдирилади.

Судларга тушунтирилсинки, апелляция, кассация шикоятида (протестида) уни имзолаган шахснинг фамилияси кўрсатилиб, исми ёки исми ва отасининг исми кўрсатилмаганлиги шикоятни (протестни) ИПК 269-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига ҳамда 292-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан қайтариш, агар шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинган бўлса, шикоятни (протестни) кўрмасдан қолдириш учун асос бўлмайди.

Апелляция, кассация шикояти (протести) электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши мумкин. Шикоятдаги (протестдаги) электрон рақамли имзо айни бир вақтнинг ўзида қўлда қўйилган имзо билан бир хил юридик кучга эгадир.

Апелляция, кассация шикоятини имзолашда факсимиледан фойдаланишга йўл қўйилмайди, қонунчиликда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.


15. Судларнинг эътибори ишни апелляция, кассация тартибида кўришда ИПК 277 ва 300-моддаларида белгиланган муддатларга риоя қилиниши лозимлигига қаратилсин.

Апелляция, кассация шикояти (протести) бўйича ишни кўриш муддати алоҳида ҳолларда (масалан, қўшимча далилларни талаб қилиб олиш ва уларни текшириш, ишга мутахассисларни жалб қилиш, ва ҳ.к.) ишни кўраётган судлов ҳайъати томонидан кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.

Чет эллик шахслар иштирокидаги ишлар апелляция, кассация инстанцияси судларида, агар бу шахслар ёки уларнинг филиаллари, ваколатхоналари ёхуд уларнинг иш юритишга ваколатли бўлган вакиллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган ёки яшаётган бўлса, ушбу Кодексда белгиланган муддатларда кўрилади, ишда иштирок этувчи чет эллик шахсларни Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида белгиланган тартибда хабардор қилиш зарур бўлган ҳолларда эса, ишни кўриш муддати суд топшириқларини юбориш учун Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида белгиланган муддатга, бундай муддат шартномада мавжуд бўлмаганда ёки кўрсатилган шартнома мавжуд бўлмаганда эса, олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.


16. ИПК 16-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ апелляция, кассация инстанциясида барча ишлар ҳайъатда кўрилади. Агар судда апелляция, кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқиш учун суд таркибини шакллантиришнинг имкони бўлмаса (масалан, судья ўзини-ўзи рад этиши натижасида ёки бошқа сабаблар бўйича судьяларнинг сони етарли бўлмаса), иш апелляция, кассация тартибида кўриш учун бошқа судга ўтказилади. Бундай ҳолатда ишни бошқа судга ўтказиш масаласи ИПКнинг 32-моддасига асосан Олий суд томонидан ҳал этилади.


17. Апелляция, кассация шикоятини иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар шикоятни берган шахс уни қайтариб олишга ҳақли. Бундай ҳолатда шикоят ИПК 269-моддаси биринчи қисмининг 6-банди ва 292-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига асосан қайтарилади.

Иш кўрилаётган вақтда шикоятни берган шахс шикоятидан воз кечганда, протест келтирган прокурор ёки юқори турувчи прокурор суд ҳужжати чиқарилгунига қадар протестни чақириб олганда, шикоят (протест) бўйича иш юритиш ИПК 273-моддаси биринчи қисмининг 4 ва 5-бандлари, 296-моддаси биринчи қисмининг 4 ва 5-бандларига асосан тугатилади.

Агар ишни тегишли инстанция судида кўриш жараёнида ишда тараф бўлган юридик шахс судга даъво аризаси билан мурожаат қилгунга қадар ёки биринчи инстанция суди томонидан суд ҳужжати қабул қилингунига қадар тугатилганлиги аниқланса, суд ҳужжати бекор қилинади ва иш юритиш ИПК 110-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига асосан тугатилади.

Ишни апелляция, кассация инстанцияси судида кўриш жараёнида ишда тараф бўлган юридик шахс биринчи инстанция суди томонидан суд ҳужжати қабул қилинганидан кейин тугатилганлиги аниқланса, шикоят бўйича иш юритиш ИПК 273-моддаси биринчи қисмининг 6-банди ҳамда 296-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига асосан тугатилади.

Судларнинг эътибори апелляция, кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш асослари ИПК 273-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари ҳамда 296-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига асосан тугал ҳисобланиши ва уларнинг кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмаслигига қаратилиши керак.


18. Судларга тушунтирилсинки, иш апелляция, кассация инстанцияси судида кўрилаётганда ҳал қилув қарори биринчи инстанция суди томонидан янги очилган ҳолатлар бўйича кўриб чиқилиб, бекор қилинганлиги аниқланган тақдирда, апелляция, кассация шикояти (протести) бўйича иш юритиш ИПК 273-моддаси биринчи қисмининг 1-банди, 296-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда тугатилиши керак.

Апелляция, кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.


19. Апелляция, кассация инстанцияси суди янги далилларни текшириши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.

Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган қўшимча далилларни ва апелляция, кассация шикоятига (протестига) билдирилган ёзма фикрни асослаш учун тақдим этилган далилларни ўрганиш бўйича апелляция, кассация инстанцияси судининг ваколатлари чекланмаган. Шунинг учун бундай далиллар тақдим қилинганда, апелляция, кассация инстанцияси суди уларни муҳокама қилган ҳолда ҳуқуқий баҳо бериши лозим.


20. ИПКнинг 276 ва 299-моддаларига кўра, биринчи инстанция судида кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талаблар апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан кўрилмайди.

Апелляция, кассация шикоятида (протестида) биринчи инстанция суди томонидан кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талаблар билдирилган бўлса, апелляция, кассация инстанцияси суди шикоятнинг (протестнинг) ушбу қисми бўйича иш юритишни тугатади. Бунда, янги талаблар деганда, даъво предмети бўлмаган, жавобгарга ёки бошқа ишда иштирок этувчи шахсларга ёхуд ишда иштирок этмаган шахсларга нисбатан қаратилган талаб тушунилади.


21. ИПК 276-моддасининг иккинчи қисми ва 299-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ апелляция, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текшириши шарт.

Шу сабабли, апелляция, кассация инстанцияси суди, апелляция, кассация шикоятида (протестида) баён этилган важлар билан чекланиб қолмай, ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослантирилганлигини тўлиқ ҳажмда, ҳал қилув қарори устидан шикоят қилган шахсларга нисбатан ҳам, шикоят қилмаган шахсларга нисбатан ҳам текширади.

Судлар ишни кўришда биринчи инстанция суди томонидан иш ҳолатлари тўғри аниқланганлиги ҳамда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг тўғри қўлланилганлиги текширилиши зарурлигини эътиборга олишлари лозим.

Апелляция, кассация инстанцияси суди ўз қарорида шикоятдаги (протестдаги) ҳар бир важни, унинг асосли ёхуд асоссизлиги ҳақидаги хулосани баён этган ҳолда муҳокама қилиши шарт.

Судларга тушунтирилсинки, ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текшириш деганда, шикоят (протест) важларидан қатъий назар, биринчи инстанция суди томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари аниқланганлиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини текшириш тушунилади.


22. Биринчи инстанция суди томонидан ишда иштирок этувчи шахсларнинг экспертиза тайинлаш, далилларни таъминлаш ва талаб қилиб олиш, гувоҳларни сўроқ қилиш ҳақидаги ва бошқа илтимосномалари рад этилганлиги, уларнинг апелляция, кассация инстанцияси судига мазкур илтимосномалар билан мурожаат қилишига тўсқинлик қилмайди.

Далиллар биринчи инстанция суди учун белгиланган қоидалар бўйича текширилади.


23. ИПКнинг 101, 102-моддаларида назарда тутилган иш юритишни тўхтатиб туриш асослари апелляция, кассация инстанцияси судида ҳам қўлланилади.

Бунда, судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, ИПКнинг 101-моддасида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда, суд иш юритишни тўхтатиб туриши шарт, ИПКнинг 102-моддасида қайд этилган асослар мавжуд бўлганида эса, иш юритишни тўхтатиб туриш масаласи суд томонидан иш ҳолатларидан келиб чиқиб ҳал этилади.

ИПК 101-моддаси биринчи қисмининг 1-бандини қўллашда шуни назарда тутиш керакки, иқтисодий суд шикоят бўйича иш юритишни ушбу ишни Конституциявий, фуқаролик, жиноят, маъмурий ёки иқтисодий суд томонидан кўрилаётган бошқа иш ёки масала юзасидан, шунингдек, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган иш юзасидан қарор қабул қилингунига қадар кўриш мумкин бўлмаганда тўхтатиб туришга мажбур. Агар кўрсатилган ҳолатлар ишни кўришга тўсқинлик қилмаса, иш юритишни тўхтатиб туришга йўл қўйилмайди.

Судларга тушунтирилсинки, иш кассация инстанцияси судининг иш юритувида бўлган вақтда қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида ариза биринчи инстанция судига келиб тушса, кассация инстанцияси суди суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш натижалари олингунга қадар иш юритишни ИПК 101-моддасининг 1-бандига мос равишда тўхтатиб туради.

Иш юритишни тўхтатиб туриш, иш юритишни тиклашни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Шуни назарда тутиш лозимки, иш юритишни тиклаш ҳақидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин эмас.

Судларга тушунтирилсинки, шикоят бўйича иш юритиш тиклангунига қадар суд бирор-бир процессуал ҳаракатни амалга оширишга ҳақли эмас, бундан даъвони ва далилларни таъминлашга қаратилган ҳаракатлар мустасно.

Суд иш юритишни тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф қилинганлиги ҳақидаги ҳужжатни олган кундан бошлаб беш кунлик муддатда шикоят бўйича иш юритишни тиклаш ва ишни суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинлаш ҳақида ажрим чиқаради ва унинг кўчирма нусхасини ишда иштирок этувчи шахсларга юборади.


24. Апелляция, кассация инстанцияси суди шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилади.

Апелляция ва кассация инстанцияси судларининг эътибори, шикоятда (протестда) келтирилган ҳар бир важни, уларнинг асосли ёки асоссиз эканлиги ҳақидаги хулосани қарорда кўрсатган ҳолда муҳокама қилиш зарурлигига қаратилсин.

Апелляция, кассация инстанцияси суди қарорининг хулоса қисмида шикоятни (протестни) кўриш натижалари тўғрисидаги хулосалар бўлиши, зарур бўлганда эса, суд харажатларининг тақсимланиши кўрсатилиши керак.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, апелляция, кассация инстанцияси суди қабул қилинган қарорни ўқиб эшиттирганидан сўнг, унинг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтириши шарт.


25. Судлар ИПКнинг 278 ва 301-моддаларида санаб ўтилган ваколатларнинг рўйхати қатъий бўлиб, унинг кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмаслигини ҳисобга олишлари керак.

Агар апелляция, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда ишнинг фактик ҳолатлари тақдим этилган далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва объектив текшириш асосида аниқланган, аммо суднинг хулосалари ушбу ҳолатларга мувофиқ эмас деб топса, у ҳал қилув қарорини бекор қилади ва янги қарор қабул қилади.

Агар апелляция, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда ишнинг фактик ҳолатлари тўлиқ аниқланмаган ва шу сабабли қабул қилинган ҳал қилув қарори етарли асослантирилмаган деб топса, у ҳал қилув қарорини бекор қилади ва мавжуд бўлган ҳамда янги далиллар асосида янги қарор қабул қилади.


26. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, агар биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган суд ҳужжати ўзгартирилган ёки тўлиқ ёхуд қисман бекор қилинганда, суднинг хулосаларига қўшилмаганлигининг сабаблари қабул қилинган қарорда кўрсатилиши лозим.

Апелляция, кассация инстанцияси судининг қарори ИПКнинг 280 ва 303-моддалари талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

Апелляция, кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича қабул қилинган қарорнинг кўчирма нусхаси у қабул қилинган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмасдан ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, қарор электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.


27. Апелляция, кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд даъвони тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга, ИПК 279-моддаси бешинчи қисмининг 7-банди ва 302-моддаси бешинчи қисмининг 7-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда эса, ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва иш материалларини тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга ҳақли.

Процессуал қонунчиликка кўра, апелляция, кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли эмас, бундан даъво аризасини қайтариш, даъво аризасини иш юритишга қабул қилишни рад этиш, даъво аризасини кўрмасдан қолдириш, иш бўйича иш юритишни тугатиш ва иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги ажримларни бекор қилиш мустасно.

Агар биринчи инстанция суди ҳал қилув қарори билан билдирилган талаблардан бирини ёки бир нечтасини кўрмасдан қолдирган ёхуд талаб (талаблар) бўйича иш юритишни тугатган, қолган талаб (талаблар)ни эса мазмунан кўрган бўлса, апелляция, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг талабнинг кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритиш тугатилганлиги ҳақидаги хулосаси билан келишмаса, ИПК 279-моддаси бешинчи қисмининг 6-банди ва 302-моддаси бешинчи қисмининг 6-банди асослари бўйича ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради.


28. Судларнинг эътибори ИПК 279-моддаси бешинчи қисмининг 2, 3 ва 6-бандлари ва 302-моддаси бешинчи қисмининг 2, 3 ва 6-бандларида назарда тутилган асослар аниқланганда, апелляция, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриб чиқилишига қаратилсин.

Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш ҳақида ажрим чиқарилиб, унда бажарилиши лозим бўлган ҳаракатлар кўрсатилади.


29. Судларга тушунтирилсинки, ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриб чиқилишига ўтишда биринчи инстанция судининг ҳужжати бекор қилинмаган ҳолда ажрим чиқарилади. Бунда, суд ҳужжатининг қонунийлигига ишни мазмунан кўриб чиқиш натижалари бўйича баҳо берилади.


30. Шуни назарда тутиш лозимки, суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинмаганлиги ёки нотўғри ҳал қилинганлиги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолда, қарорнинг хулоса қисмида суд харажатлари ИПКнинг 118-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича тақсимлаш ҳақида кўрсатилади.


31. Апелляция, кассация инстанцияси суди қонунда белгиланган асослар мавжуд бўлганда, ИПКда назарда тутилган тартибда ёзувдаги йўл қўйилган хатоларни, ҳарфий хатоларни ёки ҳисоб-китобдаги янглишишларни қарорнинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тузатишга ҳақли.

Ушбу масалалар суд мажлисида ишда иштирок этувчи шахсларни, давлат ижрочисини ёки суднинг ҳал қилув қарорининг ижроси зиммасига юклатилган бошқа органларни суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилган ҳолда кўрилади. Бироқ, мазкур шахсларнинг келмаганлиги ушбу масалаларни ҳал этиш учун тўсқинлик қилмайди.

Судларнинг эътибори, мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган ҳаракатлар суднинг ташаббуси билан амалга оширилганда суд мажлиси ўтказилмасдан ҳал этилишига қаратилсин.


32. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, ИПКнинг нормаларида тўғридан-тўғри назарда тутилган ва иш кўришни давом эттиришга тўсқинлик қилаётган ажрим (хусусий ажрим)ларгина шикоят (протест) қилиниши мумкин. ИПКда шикоят (протест) қилиниши назарда тутилмаган бошқа ажримлар юзасидан эътирозлар ишни мазмунан кўриб чиқиш якуни бўйича қабул қилинган суд ҳужжати шикоят (протест) қилинганда билдирилиши мумкин.

Хусусан, ИПКнинг нормаларига мувофиқ:

ишни ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиш (ИПКнинг 11-моддаси);

ўзини ўзи рад қилиш ёки судья, прокурор, эксперт, мутахассис, суд мажлиси котиби, таржимонни рад қилиш тўғрисидаги масалани кўриш натижалари (ИПКнинг 23-моддаси);

ишни бир суддан бошқасига ўтказиш (ИПКнинг 39-моддаси);

бошқа жавобгарни ишда иштирок этишга жалб этиш ёки жалб этишни рад қилиш (ИПКнинг 44-моддаси);

ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни алмаштириш (ИПКнинг 45-моддаси);

ишда иштирок этишга учинчи шахсларни жалб қилиш (ИПКнинг 47, 48-моддалари);

мутахассисни суд мажлисида иштирок этиш учун жалб қилиш (ИПКнинг 57-моддаси);

далилларни талаб қилиб олиш ва уларни турган жойида кўздан кечириш (ИПКнинг 69, 70-моддалари);

ашёвий далилларни қайтариш (ИПКнинг 79-моддаси);

экспертиза тайинлаш ёки экспертиза тайинлаш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш (ИПКнинг 80-моддаси);

суд топшириғи (ИПКнинг 91-моддаси);

суд топшириғининг ижроси (ИПКнинг 92-моддаси);

иш юритишни тиклаш (ИПКнинг 105-моддаси);

процессуал муддатларни тиклаш (ИПКнинг 123-моддаси);

процессуал муддатни узайтириш ёки узайтиришни рад этиш (ИПКнинг 124-моддаси);

келишув битимини тасдиқлашни рад этиш (ИПКнинг 134-моддаси);

суд буйруғини бекор қилиш (ИПКнинг 147-моддаси);

даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш (ИПКнинг 153-моддаси);

даъвонинг асосини ёки предметини ўзгартиришни, даъво талаблари миқдорини кўпайтиришни ёки камайтиришни, даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечишини қабул қилиш ёхуд қабул қилишни рад этиш (ИПКнинг 157-моддаси);

ишларни бирлаштириш (ИПКнинг 158-моддаси);

талабларнинг бир қисмини алоҳида иш юритишга ажратиш (ИПКнинг 159-моддаси);

қарши даъвони қабул қилиш (ИПКнинг 161-моддаси);

ишни суд муҳокамасига тайёрлаш (ИПКнинг 162-моддаси);

ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризалари ва илтимосномаларини ҳал этиш (ИПКнинг 169-моддаси);

суд муҳокамасини кейинга қолдириш (ИПКнинг 171-моддаси);

қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажрим (ИПКнинг 189-моддаси);

апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш (ИПКнинг 267-моддаси);

қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани иш юритишга қабул қилиш (ИПКнинг 330-моддаси);

ижро ишини юритишни тиклаш (ИПКнинг 346-моддаси) ҳақидаги ажримлари устидан апелляция, кассация тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин эмас.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қонунга кўра, суд буйруғи (ИПК 147-модда) ва ижро варақаси (ИПК 336-моддаси) устидан шикоят қилинмайди (протест келтирилмайди).


33. Биринчи инстанция судининг ажримлари устидан апелляция, кассация шикоятлари (протестлари) суднинг ҳал қилув қарорлари устидан берилган апелляция, кассация шикоятларини (протестларини) кўриш учун назарда тутилган тартибда ва муддатда кўрилади.


34. ИПКнинг 202-моддасига мувофиқ, апелляция, кассация инстанцияси судининг ҳар бир мажлисида, шунингдек суд мажлиси залидан ташқарида алоҳида процессуал ҳаракат амалга оширилганда баённома тузилади.

Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлиси баённомаси билан ИПКнинг 203-моддасида белгиланган тартиб ва муддатларда танишишга ҳақли. Суд мажлисининг баённомаси юзасидан берилган фикр-мулоҳазалар раислик қилувчи томонидан кўриб чиқилади.


35. Апелляция, кассация инстанцияси судида ишни кўришда давлат органи ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъий назар, суд ИПКнинг 200-моддасига мувофиқ хусусий ажрим чиқаришга ҳақли.


36. Қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилиши ҳолатини таҳлил қилиб бориш мақсадида вилоят ва уларга тенглаштирилган судларга иқтисодий ишларни апелляция ва кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиётини ҳар ярим йилда умумлаштириш тавсия этилсин.


37. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Судлар томонидан иқтисодий ишларни апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида" 2021 йил 20 апрелдаги 16-сонли ҳамда "Иқтисодий ишларни кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида" 2021 йил 27 ноябрдаги 36-сонли қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

        

         

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

Б. Исламов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

Н. Хакимова

       

       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)























































































Время: 0.0071
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск