ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Апрель, 2024 й. / Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 25.03.2024 й. 8-сон "Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни апелляция, кассация тартибида кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

25.03.2024 й.

N 8



МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ

ИШЛАРНИ АПЕЛЛЯЦИЯ, КАССАЦИЯ ТАРТИБИДА

КЎРИБ ЧИҚИШНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ

ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритилганлиги муносабати билан, шунингдек, қонун нормалари бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 22-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни апелляция, кассация тартибида кўриб чиқиш суд процесси иштирокчиларининг биринчи инстанция суди қарори устидан шикоят беришга бўлган ҳуқуқини кафолатловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (бундан буён матнда МЖтК деб юритилади) 324-1, 324-13-моддаларига мувофиқ, биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича чиқарган қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқи қуйидагиларга тегишли:

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича ўзига нисбатан қарор чиқарилган шахсга, унинг қонуний вакилига, адвокатига;

жабрланувчига, унинг қонуний вакилига, адвокатига;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган органга;

прокурорга.

Шу муносабат билан биринчи инстанция суди томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган қарорнинг кўчирма нусхаси уч кун мобайнида ўзига нисбатан қарор чиқарилган шахсга, шунингдек, ўзининг илтимосига кўра, жабрланувчига топширилади ёки юборилади. Қонуний вакилга, адвокатга, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган органга ва прокурорга қарорнинг кўчирма нусхаси уларнинг илтимосига кўра, топширилади ёки жўнатилади (МЖтК 311-моддаси).


3. Қонунга кўра, апелляция, кассация шикояти (протести) апелляция, кассация инстанцияси судлари номига йўлланади, бироқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарор чиқарган судга топширилади ёки жўнатилади.

Қуйидагилар апелляция, кассация инстанцияси судлари ҳисобланади:

жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича тегишлича, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати;

иқтисодий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича тегишлича, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати;

фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича тегишлича, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати;

ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди.

Шуни назарда тутиш лозимки, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқиш чоғида чиқарилган қарор устидан шикоят (протест) апелляция ёки кассация тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъати томонидан кўрилади.


4. МЖтК 324-3-моддасига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган суд қарори устидан апелляция шикояти (протести) қарор эълон қилинган кундан эътиборан ўн сутка ичида, ўзига нисбатан қарор чиқарилган шахс ва жабрланувчи томонидан эса, қарор топширилган (электрон ҳужжат тарзида юборилган) ёки олинган кундан эътиборан шундай муддат ичида берилиши мумкин.

Фуқаролик, иқтисодий ишларни кўриб чиқиш пайтида шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида чиқарилган суд қарори устидан апелляция шикояти (протести) тегишлича, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Иқтисодий процессуал кодексларида белгиланган тартиб ва муддатларда берилади (МЖтК 315-моддаси).

МЖтК 324-14-моддасига мувофиқ, кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг қарори чиқарилган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.


5. Қонунга кўра, суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори қабул қилинган кундан бошлаб қонуний кучга киради. Бироқ, МЖтК 318-моддасига кўра, белгиланган муддатда апелляция шикояти (протести) берилиши маъмурий жазони қўллаш ҳақидаги (маъмурий қамоқ бундан мустасно) қарорни тўхтатиб туришини инобатга олиб, суд мазкур муддат ўтгунга қадар уни ижрога қаратмай туриши лозим. Бундай ҳолда қарор ижросини тўхтатиб туриш тўғрисида ажрим чиқариш талаб этилмайди.


6. Шикоят (протест) берувчи шахснинг илтимосномасига биноан, узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган апелляция шикояти (протести)ни бериш муддати маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида қарор чиқарган суд томонидан тикланиши мумкин.

Шуни назарда тутиш лозимки, процессуал ҳаракатни амалга оширишга объектив тўсқинлик қилувчи ҳолатлар узрли сабаблар деб топилиши мумкин (масалан, фавқулодда ҳолатлар, сув тошқинлари, эпидемиялар, пандемия, карантин, қилмишда жиноят аломатлари аниқланиши).

Шахснинг касаллиги, оилавий аҳволи (оила аъзоларининг ўлими ёки оғир касаллиги), шунингдек, бошқа ҳолатлар, агар улар қонунда белгиланган муддатда апелляция шикояти беришни истисно этган ёхуд жиддий тарзда қийинлаштирган бўлса, узрли ҳолатлар деб топилиши мумкин.

Кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтказиб юборилган ҳолларда, кассация инстанцияси суди кассация шикояти (протести) берувчи шахснинг илтимосномасига асосан, агар уни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, ўтказилган муддатни тиклашга ҳақли. Муддат тикланганда кассация инстанцияси суди иш бўйича кассация шикоятини (протестини) умумий асосларда кўриб чиқади.

Апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимоснома суд мажлисида судья томонидан тарафларнинг иштирокида кўриб чиқилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади. Ажримда муддатни ўтказиб юборишнинг суд томонидан узрли деб топилган сабаблари кўрсатилиши керак.


7. Апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддатини тиклашни рад қилиш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят (хусусий протест) берилиши мумкин.

Хусусий шикоят (хусусий протест) қаноатлантирилганда, апелляция инстанцияси суди иш бўйича апелляция шикоятини (протестини) умумий асосларда кўриб чиқади.

Кассация инстанциясининг шикоят (протест) бериш муддатини тиклашни рад қилиш ҳақидаги ажрими устидан берилган хусусий шикоят тафтиш инстанцияси томонидан қаноатлантирилганда, иш кассация инстанциясига умумий тартибда кўриб чиқиш учун юборилади.


8. Суд апелляция шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш билан бир вақтда ажримда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича ижро қилинмаган қарор ижросини апелляция шикояти (протести) кўриб чиқилгунга қадар тўхтатиб туриш масаласини ҳал қилади.


9. МЖтК 324-1-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларига мувофиқ, суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) иш билан бирга шикоят (протест) келиб тушган кундан бошлаб уч сутка ичида, суд томонидан маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий тартибда чиқариб юбориш тариқасидаги жазо чораси қўлланилган ҳолларда эса, шикоят (протест) олинган куни апелляция инстанцияси судига юборилиши лозим.

МЖтК 324-17-моддасининг биринчи қисмига асосан ишни биринчи инстанцияда кўриб чиққан суд кассация шикояти (протести) келиб тушганлиги тўғрисида ишда иштирок этувчи шахсларни, агар шикоят (протест) уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, уч кунлик муддатда хабардор қилади.

Шикоятни (протестни) иш билан бирга апелляция, кассация инстанцияси судига юборилаётганлиги тўғрисида қуйидагиларга хабар берилади:

ўзига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарор чиқарилган шахсга ва унинг қонуний вакилига;

жабрланувчига, унинг қонуний вакилига;

адвокатга;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган органга;

апелляция, кассация протести киритган прокурорга.

Ишда иштирок этувчи шахсларга бир вақтнинг ўзида шикоятнинг (протестнинг) кўчирма нусхаси юборилиб, апелляция инстанцияси судига эътироз тақдим этиш ҳуқуқи тушунтирилади.

Тарафларга кассация шикоятининг (протестининг) нусхаси ёки унинг электрон нусхаси билан қарор чиқарган суднинг интернет-ресурси орқали танишиш имконияти тўғрисидаги хабарнома юборилиб, ўз эътирозларини ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида тақдим этиш ҳуқуқи эътирозларни тақдим этиш муддати кўрсатилган ҳолда тушунтирилади.


10. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича суд қарори устидан шикоят қилиш учун қонунда белгиланган муддат ўтказилиб берилган апелляция шикояти (протести) келиб тушганда, апелляция инстанцияси суди шикоятни (протестни) иш билан бирга биринчи инстанция судига қайтаради.


11. МЖтК 324-5, 324-18-моддаларига мувофиқ, апелляция, кассация инстанцияси суди қарор қабул қилиш учун алоҳида хонага киргунига қадар апелляция, кассация шикояти берган шахс шикоятни, протест келтирган прокурор, шунингдек, юқори турувчи прокурор протестни қайтариб олишга ҳақли.

Ўзига нисбатан суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарори чиқарилган шахс, шунингдек, жабрланувчи ўз адвокатининг шикоятини қайтариб олишга ҳақли. Айни пайтда адвокат, қонуний вакил, тегишлича, ўзига нисбатан суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарори чиқарилган шахснинг ёки жабрланувчининг розилигисиз ўзининг апелляция, кассация шикоятини қайтариб олишга ҳақли эмас.

Шикоят (протест) қайтариб олинганда, башарти иш бўйича бошқа шикоят ёки протест бўлмаса, апелляция, кассация инстанцияси суди иш бўйича апелляция, кассация тартибида иш юритишни тугатиш ҳақида қарор чиқаради.


12. Судларга тушунтирилсинки, қонунга кўра (МЖтК 324-6-моддаси), маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича суд қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш бўйича ишнинг тоифаси ва қўлланилган маъмурий жазо чораси туридан келиб чиққан ҳолда, турлича муддатлар белгиланган. Жумладан, агар апелляция инстанцияси суди томонидан апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқишнинг умумий муддати ўн беш суткани ташкил этса, МЖтК 51-2 - 51-9-моддаларида назарда тутилган ишлар бўйича берилган шикоятни (протестни) кўриш муддати иш билан бирга келиб тушган пайтдан эътиборан беш кунни ташкил этади.

Маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор устидан берилган апелляция шикояти (протести), башарти қамоққа олиш тариқасидаги жазо чораси ўталмаган ёки шахс чиқариб юборилмаган бўлса, шикоят (протест) берилган пайтдан эътиборан бир сутка ичида кўрилиши лозим.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича суд қарори устидан берилган кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқишнинг умумий муддати ўн беш суткани ташкил этади.


13. Қонунда ишда иштирок этувчи шахсларни апелляция, кассация шикояти (протести) кўриладиган вақт ва жой ҳақида хабардор қилиш мажбурияти апелляция, кассация инстанцияси судига юклатилганлиги сабабли, иш материалларида улар тегишли тарзда хабардор қилинганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд бўлиши лозим.

Апелляция, кассация инстанцияси суди мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор этилган шахсларнинг келмаганлиги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш учун тўсқинлик қилмайди.


14. Апелляция, кассация инстанцияси судлари томонидан ишда иштирок этувчи шахсларга апелляция, кассация шикояти (протести) бўйича келиб тушган эътирозлар ва ишдаги бошқа материаллар билан танишиш имконияти берилиши шарт.


15. Биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан берилган апелляция, кассация шикояти (протести) апелляция, кассация инстанцияси судларининг судьяси томонидан якка тартибда кўрилади.


16. Апелляция, кассация инстанцияси судлари апелляция, кассация шикоятини (протестини) суд мажлисида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни биринчи инстанция судида кўриш қоидалари бўйича, айни пайтда, апелляция, кассация инстанцияси судларида иш юритиш хусусиятларини инобатга олган ҳолда кўриб чиқади (МЖтК 324-8-моддасининг иккинчи қисми ва 324-19-моддасининг иккинчи қисми).


17. Апелляция, кассация инстанцияси судлари апелляция, кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқишда апелляция, кассация шикояти (протести) важлари билан чегараланмасдан ишда мавжуд, шунингдек, судга тақдим этилган (суд томонидан талаб қилиб олинган) янги далилларни тўлиқ ҳажмда текширади.

Қонун апелляция, кассация инстанцияси судларининг ҳар қандай далилларни, улар биринчи инстанция судида муҳокама қилинганлиги ёки янгидан тақдим этилганлигидан қатъий назар, текшириш ҳуқуқини чекламайди.


18. Апелляция, кассация инстанцияси судлари апелляция, кассация шикоятини (протестини) кўришда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича биринчи инстанция суди қарорининг қонунийлиги, асослантирилганлиги ва адолатлилигини текширади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича суд қарори, башарти у моддий ва процессуал қонуннинг барча талабларига риоя этилган ҳолда чиқарилган бўлса, қонуний деб топилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича суд томонидан ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилган далиллар асосида чиқарилган қарор асослантирилган деб топилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган қарор, башарти тайинланган маъмурий жазо чораси содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг шахсига оид маълумотлар инобатга олинган ҳолда тайинланган бўлса, адолатли ҳисобланади.


19. МЖтК 321-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган суд қарори бекор қилиниши ва ўзгартирилиши учун умумий асослар белгиланган бўлиб, апелляция, кассация инстанцияси судлари ишнинг муайян ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда, бу асосларни қарорни ўзгартириш ёки бекор қилиш учун қўллаши мумкин.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан суд чиқарган қарорни бекор қилиш ёки ўзгартириш учун қуйидагилар асос бўлади:

суд томонидан ишни тўлиқ бўлмаган ҳолда ёки бир томонлама кўриб чиқилиши;

қарор ва суд томонидан қўлланилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун нормалари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг иш бўйича фактик ҳолатларга мос келмаслиги;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритиш қоидаларининг жиддий бузилиши;

қўлланилган маъмурий жазо чорасининг адолатсизлиги.


20. Биринчи инстанция судининг қарори устидан берилган апелляция, кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқиш натижаларига кўра, апелляция, кассация инстанцияси судлари қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

суд қарорини ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса, қаноатлантирмай қолдириш тўғрисида;

суд қарорини, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган орган (мансабдор шахс) қарорини бекор қилиш ва ишни ўша органга (мансабдор шахсга) қайтариш ҳақида;

суд қарорини ўзгартириш ёки уни бекор қилиб, янги қарор чиқариш тўғрисида;

суд қарорини бекор қилиш ва иш юритишни тугатиш тўғрисида;

жазо чорасини оғирлаштирмаган ҳолда уни маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатида назарда тутилган доирада ўзгартириш ҳақида;

апелляция, кассация шикояти (протести) қайтариб олиниши муносабати билан апелляция, кассация иш юритишини тугатиш тўғрисида.

Апелляция, кассация инстанцияси суди қарори чиқарилганидан кейин дарҳол ўқиб эшиттирилади.


21. Агар иш ҳолатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилганлиги, МЖтК нормалари жиддий бузилишига йўл қўйилмаганлиги, ҳуқуқбузарликни квалификация қилишда моддий қонун нормаларининг тўғри қўлланилганлиги, тайинланган маъмурий жазо чораси МЖтК 30-моддаси талабларига мувофиқлиги аниқланса, апелляция, кассация инстанцияси судлари биринчи инстанция суди қарорини ўзгаришсиз қолдиради.

Қарор ўзгаришсиз қолдирилганда апелляция инстанцияси суди унинг ижросини МЖтК 328-моддасига мувофиқ кечиктиришга ҳақли.


22. Апелляция, кассация инстанцияси судлари суд қарорини ўзгартирганда қуйидагиларга ҳақли:

маъмурий ҳуқуқбузарлик квалификациясини маъмурий жазо чорасини ўзгартирмаган ҳолда ўзгартиришга;

маъмурий ҳуқуқбузарлик квалификациясини маъмурий жазо чорасини енгиллаштирган ҳолда ўзгартиришга;

маъмурий жазо чорасини МЖтК Махсус қисми моддаси санкцияси доирасида ўзгартиришга;

бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш ҳақидаги МЖтКнинг 34-моддаси талаблари бузилган ҳолатларда қонунга мувофиқлаштириб ўзгартиришга;

МЖтК Махсус қисми муайян моддасини ёки ҳуқуқбузарлик эпизодларини чиқаришга;

моддий зарар миқдорини кўпайтириш ёки камайтиришга, шунингдек, ҳуқуқбузарлик ашёлари тўғрисидаги масалани ҳал қилишга.

Апелляция, кассация инстанцияси судлари МЖтК 33-моддасига мувофиқ, бундай қарор қабул қилиниши сабаб ва асосларини кўрсатган ҳолда, МЖтК Махсус қисми муайян моддаси санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазони ёки мазкур моддада назарда тутилмаган бошқа жазони қўллашга ҳақли.


23. Апелляция, кассация инстанцияси судлари иш бўйича МЖтК 281, 282-моддаларида назарда тутилган талаблар бузилганлигини аниқласа, башарти бу қабул қилинган қарор қонунийлигига таъсир этган бўлса, суд қарорини, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган орган (мансабдор шахс) қарорини бекор қилади ва ишни ўша органга (мансабдор шахсга) қайтаради.


24. МЖтК 278-моддасига мувофиқ, агар ишни кўриб чиқиш пайтида апелляция, кассация инстанцияси судлари ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бор деган хулосага келса, биринчи инстанция суди қарорини бекор қилади ва иш ҳужжатларини асослантирилган қарор билан бирга прокурорга юборади.

Тергов ёки суриштирув органи иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиш ва текшириш натижаси бўйича ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ деган хулосага келса, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш судга жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор билан бирга юборилади.


25. Апелляция, кассация инстанцияси судлари, агар жабрланувчининг, унинг вакилининг ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган органнинг шикоятини ёхуд прокурор протестини кўриб чиқиш натижаларига кўра, жазо чорасини оғирлаштириш ёки қилмишни МЖтК Махсус қисмининг оғирроқ жавобгарликни назарда тутувчи моддасига қайта квалификация қилиш зарурати бор деган хулосага келса, қарорни бекор қилади ва янги қарор чиқаради.


26. Судларга тушунтирилсинки, агар апелляция, кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқиш пайтида МЖтК 271-моддасида (10, 10-1-бандларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно) назарда тутилган маъмурий жавобгарликни истисно қилувчи ҳолатлардан бири аниқланса, биринчи инстанция судининг қарори бекор қилиниши, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш эса, тугатилиши лозим.

МЖтК 324-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўришни тугатиш орқали қарорни бекор қилиш ундириб олинган пул суммаларини, ҳақи тўлаб олиб қўйилган ва мусодара қилинган нарсаларни қайтариб беришга, шунингдек, илгари қабул қилинган қарор билан боғлиқ бошқа чеклашларни бекор қилишга асос бўлади. Нарсани қайтариб бериш имкони бўлмаган ҳолларда унинг қиймати, башарти бу нарсалар тадбиркорлик учун мўлжалланган бўлса, бой берилган фойдаси ҳам қопланади. Мазкур қоида МЖтК 271-моддасининг 5, 7, 9-бандларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Фуқарони ғайриқонуний равишда маъмурий қамоққа олиш натижасида унга етказилган зарар қонунчиликда белгиланган тартибда қопланади.


27. Апелляция, кассация инстанцияси судлари иш бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилиши сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни аниқлаганда, тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбари номига тегишли чоралар кўриш тўғрисида тақдимнома киритиши лозим.

Апелляция, кассация инстанцияси судлари томонидан бундай тақдимнома маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича иш юритиш учун масъул орган (мансабдор шахс) томонидан қонун бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланган ҳолларда ҳам киритилиши керак.


28. Апелляция, кассация инстанцияси судлари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарорни ўқиб эшиттирганидан сўнг суд процесси иштирокчиларига унинг мазмун-моҳияти ва унинг устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш тартибини тушунтириши шарт бўлиб, бу ҳолат суд мажлиси баённомасида акс эттирилиши лозим.


29. Апелляция, кассация инстанцияси суди қарори ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради.

Апелляция, кассация инстанцияси суди қарори устидан у чиқарилган кундан эътиборан олти ой ичида тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин.


30. Апелляция, кассация инстанцияси судларининг эътибори шунга қаратилсинки, қарорнинг кўчирма нусхаси ўзига нисбатан қарор чиқарилган шахсга ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган органга уч кунлик муддатда юборилиши (топширилиши) лозим. Ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга эса, қарорнинг кўчирма нусхаси уларнинг сўровига биноан берилади.

Шуни назарда тутиш керакки, маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий тартибда чиқариб юбориш тариқасидаги маъмурий жазо чораси қўлланилган иш бўйича чиқарилган қарорнинг кўчирма нусхаси қарорни ижро этувчи органга, шунингдек, ишда иштирок этувчи шахсларга қарор қабул қилинган куннинг ўзидаёқ юборилади (топширилади).


31. Қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилиши ҳолатини таҳлил қилиб бориш мақсадида вилоят ва уларга тенглаштирилган судларга маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни апелляция ва кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиётини ҳар ярим йилда умумлаштириш тавсия этилсин.


32. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни апелляция тартибида кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти тўғрисида" 2022 йил 14 майдаги 8-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

         

         

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

Б. Исламов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

Н. Хакимова

       

       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)




















































































Время: 0.0103
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск