язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Муддатли ҳарбий хизматга чақириш ва захирага бўшатиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.03.2005 й. 84-сон "Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йиғиш ва жўнатиш, уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига қайтариш тартиби тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.03.2005 й.

N 84



ФУҚАРОЛАРНИ МУДДАТЛИ ҲАРБИЙ

ХИЗМАТГА ЙИҒИШ ВА ЖЎНАТИШ, УЛАРНИ

ҲАРБИЙ ҚИСМЛАРДА ҚАБУЛ ҚИЛИШ, ШУНИНГДЕК

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

РЕЗЕРВИГА БЎШАТИЛГАН ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРНИ

ЯШАШ ЖОЙЛАРИГА ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА


Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига қайтаришнинг самарали ташкил этилишини таъминлаш, шунингдек ҳарбий хизмат нуфузини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йиғиш ва жўнатиш, уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига қайтариш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Қуйидагиларнинг:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарларининг - фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга уюшган ҳолда йиғиш ва қўшинларга тантанали вазиятда жўнатишни; Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларнинг яшаш жойларида тантанали равишда кутиб олинишини таъминлаш; муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишга жойлашишда ва олий таълим муассасаларига ўқишга киришда кўмаклашиш юзасидан;

қўшинлар қисмлари командирларининг - муддатли ҳарбий хизматга янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларни қўшинларда қабул қилиб олиш бўйича тантанали тадбирларни ўтказиш, уларни ҳарбий хизмат шароитларига кўниктириш; озиқ-овқат ва кийим-кечакларнинг барча турлари билан таъминлаш, жанговар ва ижтимоий-сиёсий жиҳатдан самарали тайёрлаш, маънавий, ахлоқий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш; Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган муддатли ҳарбий хизматчиларни қўшинлар қисмларидан уюшган ҳолда кузатиб қўйиш юзасидан шахсан жавобгарлиги белгилаб қўйилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги (Ғуломов Қ.), Ички ишлар вазирлиги (Алматов З.), Миллий хавфсизлик хизмати (Иноятов Р.) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йиғиш ва жўнатиш, уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига қайтариш тартиби тўғрисидаги Низом талабларининг сифатли бажарилишини таъминласинлар.


4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Назиров Ф.) жойлардаги тиббий ва муқобил комиссияларнинг самарали ишлашини, чақирилувчиларнинг тиббий текширувдан сифатли ва холисона ўтказилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (Обидов О.) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, уларнинг эгаллаган ҳарбий ва фуқаролик ихтисосларини ҳисобга олган ҳолда ишга жойлаштириш чора-тадбирларини кўрсин.


6. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Қосимов Р.) Давлат тест маркази (Исмоилов Б.), тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқаролар орасидан олий таълим муассасаларига ўқишга кирадиган шахсларни сифатли тайёрлаш учун зарур шарт-шароитларни таъминласин;

олий таълим муассасаларига ўқишга кириш чоғида абитуриентларни тест синовларидан ўтказишда муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида жанговар ва ижтимоий-сиёсий тайёргарлик бўйича юқори кўрсаткичларга эришган ҳамда қўшинлар қисмлари қўмондонлигининг белгиланган намунадаги тавсияномасини олишган фуқаролар учун уларга мумкин бўлган энг юқори баллнинг 20 фоизи миқдорида қўшимча баллар бериш тарзида қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзларни ҳисобга олсин.


7. Ушбу қарор билан тасдиқланган Низом талабларини бажариш бўйича тадбирларни маблағ билан таъминлашнинг давлат ва маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобига белгиланган тартибда амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.


8. "Ўзтелерадио" компанияси (Кўчимов А.), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (Ҳазратқулов М.), Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (Алимов Б.)га Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йиғиш ва жўнатиш, уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига қайтариш тартиби тўғрисидаги Низом талабларини амалга ошириш тадбирларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этиш тавсия қилинсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Қосимов ва С.Т. Иномова зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 10-11-сон, 74-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2005 й., N 3, 15-модда.