язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари/ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбарлари, бош бухгалтерлари, бошқарув аъзолари ҳамда кредит уюшмалари ижро органлари раҳбарлари лавозимларига тавсия этилаётган номзодларга нисбатан малака талаблари қўйиш тартиби тўғрисида Низом (янги таҳрири) (АВ томонидан 10.03.2005 й. 1455-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 29.01.2005 й. 1/7-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2005 йил 10 мартда 1455-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2005 йил 29 январдаги

1/7-сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан

тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбарлари,

бош бухгалтерлари, бошқарув аъзолари ҳамда кредит

уюшмалари ижро органлари раҳбарлари лавозимларига

тавсия этилаётган номзодларга нисбатан малака

талаблари қўйиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

(Янги таҳрири)


Ушбу Низом "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 51-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, у тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбарлари, бош бухгалтерлари, бошқарув аъзолари ҳамда кредит уюшмалари ижро органлари раҳбарлари лавозимларига тавсия этилаётган номзодларга нисбатан малака талабларини қўйиш ва касбга мувофиқлигини аниқлаш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Малака талабларини қўйиш ва касбга мувофиқликни аниқлаш (кейинги матнларда "касбга мувофиқликни аниқлаш" деб юритилади) - банк иши ва амалиётини, шунингдек кредит уюшмаларининг фаолиятини юритишда амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш учун юқори малака ва салоҳиятга ҳамда бенуқсон ишбилармонлик ва жамоа орасида обрў-эътиборга эга бўлган мутахассисларни танлаш усулидир.

2. Касбга мувофиқликни аниқлашнинг асосий тамойиллари - очиқлик, кенгашлилик ва холисликдан иборат.


3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбарлари, бош бухгалтерлари, бошқарув аъзолари ҳамда кредит уюшмалари ижро органлари раҳбарларининг касбга мувофиқлигини аниқлаш комиссияси (кейинги матнларда "Комиссия" деб юритилади) касбга мувофиқликни аниқловчи коллегиал орган ҳисобланади.


4. Мазкур Комиссияда тижорат банклари Бошқаруви раислари ва раис ўринбосарлари (Вазирлар Маҳкамаси номенклатурасига кирадиган лавозимлар бундан мустасно), Бошқарув аъзолари, Бош банкнинг бош бухгалтери, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туман филиаллари, Амалиёт бошқарма (бўлим)лари раҳбарлари ҳамда бош бухгалтерлари, шунингдек, кредит уюшмалари ижро органлари раҳбарлари (кейинги матнларда "Тижорат банклари ва кредит уюшмалари раҳбарлари" деб юритилади) лавозимларига тайинлаш учун тавсия этилаётган номзодларнинг касбга мувофиқлиги аниқланади.


5. Тижорат банклари ва кредит уюшмалари раҳбарлари қуйидаги ҳолларда тавсия этилаётган лавозимга мувофиқ эмас деб топиладилар ва ўз навбатида улар бу лавозимларга тайинланиши мумкин эмас:

амалга оширган ҳаракатлари юридик шахсларнинг банкротликка ёки молиявий аҳволи ёмонлашувига олиб келганлиги тўғрисида далиллар маълум бўлган тақдирда, банкротликка учраган ёки молиявий аҳволи ёмонлашган банклар, кредит уюшмалари ва юридик шахсларнинг собиқ раҳбарлари, бошқарув ва кузатув кенгаши аъзолари ҳамда йирик иштирокчилари (устав капиталида 10 фоиз ва ундан кўп миқдорида овоз берувчи акциялар ёхуд улушларга эга бўлган шахслар);

ўзининг ишбилармонлик ва шахсий хатти-ҳаракатида нотўғри иш олиб бориш ва виждонан иш юритмасликни намоён қилган шахслар;

ўзаро яқин қариндош бўлган шахслар бир банкда раҳбарлик ёки моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида бирга ишласа.


6. Банк ёки филиал раҳбарлари бир банк таркибида бошқа филиалга ёки умуман бошқа банкка тенг лавозимларга, бир кредит уюшмаси ижро органи раҳбари бошқа кредит уюшмаси ижро органи раҳбарлигига ўтказилганида уларнинг касбга мувофиқлиги Комиссия томонидан қайта кўриб чиқилади.

7. Тижорат банклари ва кредит уюшмалари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши масаласи тижорат банки Бошқаруви (кредит уюшмаси кенгаши) тақдимномаси асосида Комиссияни хабардор қилган ҳолда амалга оширилади.

Тижорат банклари ва кредит уюшмалари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма 3 иш куни муддат ичида Марказий банкнинг Тижорат банклари раҳбар ходимларини танлаш ва улар билан ишлаш Бош бошқармасига етказилиши ҳамда ушбу ўринларга тайинлаш учун тавсия этилаётган номзодларнинг ҳужжатлари тижорат банклари томонидан 1-иловага, кредит уюшмалари томонидан 2-иловага мувофиқ 15 кун муддат ичида Комиссияга кўриб чиқиш учун тақдим этилиши лозим.

8. Ушбу Низомнинг 4-бандида қайд этилган раҳбарлик лавозимларига тавсия этилган номзод узоғи билан 1 ой муддатгача мазкур лавозимда вазифани бажарувчи сифатида ишлаб туриши ҳамда шу муддат ичида Комиссия суҳбатидан ва (ёки) тест синовидан ўтиши шарт.


9. Тижорат банклари ва кредит уюшмалари ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандлари талабларига риоя қилмаган тақдирда, уларга нисбатан Марказий банк томонидан қуйидаги чоралар қўлланилиши мумкин:

тижорат банкларига ўрнатилган минимал устав капитали миқдорининг 0,01 фоизи миқдорида жарима солиш;

тижорат банкларида ушбу ҳолатлар қайта такрорланган тақдирда, банк филиалини ёпишгача бўлган чораларни кўриш;

кредит уюшмаси лизенциясини амал қилишини тўхтатиб туриш ва лицензиясини бекор қилишгача бўлган чораларни кўриш.



II. МАЛАКАГА ДОИР ТАЛАБЛАР


10. Тижорат банклари раҳбарлик лавозимига тавсия этилаётган номзод қуйидагиларни билиши лозим:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг асарларида ёритилган асосий масалалар моҳияти;

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва банк фаолиятига оид қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, Марказий банкнинг меъёрий ҳужжатлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларни, шу жумладан:

фуқаролик, хўжалик ва меҳнат қонунчилиги;

банк ҳисоботларини тузиш тартиби;

ҳисоб-китоблар ва тўловларни амалга ошириш тартиби;

молиявий ҳисоботлар, бухгалтерия ҳисобининг миллий ва халқаро стандартлари;

банк ички кредит сиёсати ва кредитлаш тартиби;

кичик бизнесни кредитлаш тартиби;

омонатларни қабул қилиш ва уларни бериш тартиби;

банкни корпоратив бошқариш тартиби;

ички аудит вазифалари ва фаолияти;

эмиссия-касса операцияларини амалга ошириш тартиби;

чет эл валютаси билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш тартиби;

пул муомаласини ташкил этиш масалалари;

Республика банк тизимида олиб борилаётган кадрлар сиёсатининг моҳияти ва аҳамияти.

Шунингдек, номзод Базель қўмитасининг банк фаолиятига оид асосий тамойилларини билиши лозим.

Кредит уюшмалари ижро органлари раҳбарлари лавозимига тавсия этилаётган номзод қуйидагиларни билиши лозим:

Ўзбекистон Республикаси Конститутицияси, банк ва кредит уюшмаси фаолиятига оид қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, Марказий банкнинг меъёрий ҳужжатлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларни, шу жумладан:

фуқаролик, хўжалик ва меҳнат қонунчилиги;

кредит уюшмаси ҳисоботларини тузиш тартиби;

ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби;

кредит сиёсати ва кредитлаш тартиби;

омонатларни қабул қилиш ва уларни бериш тартиби;

Республика банк тизимида олиб борилаётган кадрлар сиёсатининг моҳияти ва аҳамияти.


11. Тижорат банклари раҳбарлари лавозимларига тавсия этилаётган номзодлар олий иқтисодий маълумотга, банк тизимида етарли иш тажрибасига ва охирги иш жойидан тавсияга, кредит уюшмалари ижро органлари раҳбарлари лавозимларига тавсия этилаётган номзодлар эса олий маълумотга, банк ёки молия соҳасида етарли иш тажрибасига, ишбилармонликдаги бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлиши лозим.

Тижорат банкларининг туман филиаллари раҳбарлари ҳамда бош бухгалтерлари лавозимларига истисно тариқасида банк ёки иқтисодий мутахассислик бўйича олий ўқув юртида таълим олаётган ноиқтисодий йўналиш бўйича олий маълумотга эга бўлган номзодлар тавсия этилиши мумкин.



III. НОМЗОДНИНГ КАСБГА

МУВОФИҚЛИГИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


12. Комиссия таркиби Марказий банк Раисининг буйруғи билан тасдиқланади. Комиссия таркибидаги ходимлар бошқа лавозимга ёки бошқа ишга ўтган тақдирда, улар ўрнига тайинланган ходимлар Комиссия таркибига киритилган ҳисобланади.


13. Комиссия йиғилиши ва қарорлари унинг аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этган тақдирдагина ҳақиқий ҳисобланади. Комиссия қарори унда иштирок этган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг келиб қолганда, Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


14. Комиссия раиси йўқлигида мажлисни унинг ўринбосари ўтказади.


15. Комиссия ишини ташкил этиш (ҳужжатларни қабул қилиш ва олдиндан таҳлил қилиш, Комиссия мажлиси баённомасини юритиш ва ҳ. к.) Тижорат банклари раҳбар ходимларини танлаш ва улар билан ишлаш Бош бошқармаси томонидан олиб борилади.


16. Тижорат банклари ва кредит уюшмалари тавсия этилаётган номзодларга оид ҳужжатларни тақдим этадилар. Тижорат банклари раҳбар ходимларини танлаш ва улар билан ишлаш Бош бошқармаси комиссиянинг барча аъзоларини мазкур ҳужжатлар билан таништириб чиқиши лозим.

Марказий банк зарурат туғилган ҳолларда, номзод тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилигини тасдиқлайдиган ахборотларни номзоднинг ўзидан, шунингдек тегишли ваколатли идоралардан сўраб, аниқлаб олиши мумкин.


17. Тижорат банклари ва кредит уюшмаларининг раҳбарлари лавозимга тавсия этилаётган номзодларнинг Комиссияга тақдим этилган ҳужжатларидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгардирлар.


18. Тижорат банклари ва кредит уюшмаларидаги Марказий банк номенклатурасига кирадиган лавозимларга тавсия этилаётган номзодларнинг ҳисоб-тавсифлов ҳужжатлари дастлаб тижорат банклари ва кредит уюшмалари томонидан кўриб чиқилиб, сўнг Комиссияга тақдим этилади. Комиссия тижорат банклари ва кредит уюшмалари томонидан тақдим этилган номзодларнинг ҳисоб-тавсифлов ҳужжатларини ушбу Низом талабларига мувофиқ ҳолда, 10 кун муддатда ўрганиб чиқади ва номзоднинг лавозимга мувофиқлигини аниқлаш масаласини ўзининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритади.

19. Тавсия этилаётган номзоднинг лавозимга мувофиқлиги Комиссия томонидан ўтказиладиган суҳбат ва (ёки) тест синови орқали аниқланади. Суҳбат ва (ёки) тест натижаларига кўра номзоднинг тавсия этилаётган лавозимга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинади. Мазкур қарордан кўчирма тижорат банклари ва кредит уюшмаларига юборилади.

20. Фаолият кўрсатаётган Тижорат банклари ва кредит уюшмалари раҳбарлари лавозимига тавсия этилган номзодлар мувофиқ эмас деб топилганда, тижорат банки (банк Кенгаши) ва кредит уюшмаси Комиссия қароридан тегишли кўчирмани олганидан сўнг, 15 кун муддат ичида ушбу лавозимга бошқа малакали номзод(лар)ни тавсия этиши лозим.


21. Тавсия этилаётган лавозимга мувофиқ эмас, деб топилган номзодлар ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган лавозимларга тайинланиши учун камида олти ой муддат ўтгандан сўнг, қайта тавсия этилиши мумкин.

22. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси банк тизимининг раҳбар ходимларини аттестациядан ўтказиш тўғрисида" 1998 йил 24 сентябрдаги Р-896-сонли фармойишига мувофиқ ҳолда ўтказиладиган аттестация якунлари бўйича эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб топилган раҳбар ходимлар 1 йилдан сўнг Комиссияга қайта суҳбатга ва (ёки) тест синовига қўйилиши мумкин. Бунинг учун қўшимча равишда қуйидагилар тақдим этилиши лозим:

а) банк Бошқаруви раисининг тавсияномаси;

б) банк Кенгаши ёки Бошқарувининг камида иккита аъзосининг фикрномаси;

г) ходимнинг ўтган вақт мобайнида иш фаолияти натижалари, малакаси,

назарий ва амалий билимларини оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар

(агар шундай тавсиялар берилган бўлса)."

Тавсия этилаётган номзод учун аттестацияда эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб топилган санадан 3 йил ўтгандан сўнг раҳбарлик лавозимига тавсия этилган тақдирда ушбу банднинг биринчи хатбошисида келтирилган қўшимча равишдаги ҳужжатлар талаб қилинмайди.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг

Тижорат банклари ва улар филиаллари раҳбарлари,

бош бухгалтерлари, бошқарув аъзоларининг касбга

мувофиқлигини аниқлаш комиссиясига тақдим

этилиши лозим бўлган ҳужжатлар

РЎЙХАТИ


- Бош банк Бошқаруви тақдимномаси (Банк Кенгаши тақдимномаси);

- Сўровнома;

- Таржимаи ҳол;

- ўқув юртини тугатганлиги тўғрисида диплом нусхаси (агар олий ўқув юртида ўқиётган бўлса - ўқиётган жойидан маълумотнома);

- Охирги иш жойидан тавсифнома;

- тавсия этилаётган номзод билан республика банкида ўтказилган суҳбат баённомаси;

- 6 х 4 ҳажмдаги 4 дона рангли сурат;

- айни пайтда ишлаб турган банк томонидан тайёрланган номзоднинг иш фаолияти ҳақидаги маълумотнома;

- Номзоднинг иш фаолияти ҳақида касбдошлари томонидан билдирилган фикрнома ёки мулоҳазалар (Бош банк ва унинг вилоятлардаги бошқармалари раҳбарларига 5 та, бош бухгалтерларига 3 та ҳамда шаҳар ва туманлардаги бўлим раҳбарларига 3 та, бош бухгалтерларига 3 тадан кам бўлмаслиги керак)

- турар жойидан маълумотнома ва тавсифнома.


Бундан ташқари, номзод шахсини тасдиқловчи ҳужжат, маълумоти тўғрисидаги диплом, меҳнат дафтарчаси ёки ўқиётганлигини тасдиқловчи синов дафтарчасининг асл нусхасини ўзи билан бирга олиб келиши шарт.






Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг

Кредит уюшмалари ижро органлари раҳбарларининг

касбга мувофиқлигини аниқлаш комиссиясига тақдим

этилиши лозим бўлган ҳужжатлар

РЎЙХАТИ


- Кредит уюшмаси Кенгаши тақдимномаси;

- Сўровнома;

- Таржимаи ҳол;

- ўқув юртини тугатганлиги тўғрисида диплом нусхаси (агар олий ўқув юртида ўқиётган бўлса - ўқиётган жойидан маълумотнома);

- Охирги иш жойидан тавсифнома;

- 6 х 4 ҳажмдаги 4 дона рангли сурат;

- Кредит уюшмаси томонидан тайёрланган номзоднинг иш фаолияти ҳақидаги маълумотнома;

- Номзоднинг иш фаолияти ҳақида касбдошлари томонидан билдирилган фикрнома ёки мулоҳазалар (5 тадан кам бўлмаслиги керак);

- турар жойидан маълумотнома ва тавсифнома.


Бундан ташқари, номзод шахсини тасдиқловчи ҳужжат, маълумоти тўғрисидаги диплом, меҳнат дафтарчаси ёки ўқиётганлигини тасдиқловчи синов дафтарчасининг асл нусхасини ўзи билан бирга олиб келиши шарт.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 10-11-сон, 77-модда.