ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Май, 2024 й. / Меҳнат қонунчилиги асослари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.05.2024 й. 267-сон "Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) гранти асосида Миллий техник малакани баҳолаш ва малака ошириш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

06.05.2024 й.

N 267




КОРЕЯ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК АГЕНТЛИГИ

(KOICA) ГРАНТИ АСОСИДА МИЛЛИЙ ТЕХНИК

МАЛАКАНИ БАҲОЛАШ ВА МАЛАКА ОШИРИШ

МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили"да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ишсиз аҳолининг замонавий касб ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили"да амалга оширишга оид давлат дастурининг 146-бандида:

ишсиз ва иш қидираётган шахсларнинг 160 минг нафарини талабгор касбларга ўқитиш ҳамда уларнинг камида 5 минг нафари касбий малака даражасини тасдиқлаш ва уларга малака паспортларини тақдим этиш;

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) гранти асосида Миллий техник малакани баҳолаш ва малака ошириш маркази фаолиятини ташкил этиш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг:

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) гранти ҳисобидан Корея тажрибаси асосида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги муассислигида давлат таълим муассасаси шаклидаги Миллий техник малакани баҳолаш ва малака ошириш марказини (кейинги ўринларда - Марказ) ташкил этиш;

"Ишга марҳамат" мономарказлари ҳузуридаги Ўқув-маслаҳат офислари (кейинги ўринларда - Офислар) фаолиятини трансформация қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


3. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

касбий малакани баҳолаш ва тасдиқлаш, ўқитувчи, ишлаб чиқариш таълими усталари, муҳандис-усталар, педагог кадрлар ҳамда таълим фаолиятига бевосита алоқадор бошқа раҳбар-ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг миллий малака тизимини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

профессионал стандартларни ишлаб чиқишда уларни хорижий ташкилотлар ҳамда илмий ҳамжамиятлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали такомиллаштириб бориш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

меҳнат бозорида талаб юқори бўлган ишчи касблар бўйича мутахассислар тайёрлашга доир ўқув-услубий қўлланмалар ва илмий адабиётлар яратиш.


4. Белгилансинки:

а) Марказ Корея тажрибаси асосида миллий малакани баҳолаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг миллий малака тизимига оид қонунчилик ҳужжатлари асосида касбий малакани баҳолаш, тасдиқлаш ва малака паспортларини бериш фаолиятини амалга оширади.

Бунда Марказ қонунчилик ҳужжатларга мувофиқ касбий малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган тартибда аккредитациядан ўтади ва ўз фаолиятини ташкил этади;

б) Марказ фаолияти Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

в) Марказнинг ташкилий тузилмаси, штатлар жадвали, шунингдек, ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари олий таълим муассасалари раҳбар, ўқитувчи ҳамда бошқа ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, устама, рағбатлантириш ва мукофотлаш миқдорларига тенг равишда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан мустақил белгиланади ҳамда тасдиқланади.


5. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги:

2025 йил 15 сентябрга қадар Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) гранти ҳисобидан Марказ фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, Марказ учун бино ва иншоотларни фойдаланишга топширишни таъминласин. Бунда:

Марказ унинг биноси тўлиқ қуриб битказилиб, топширилгунга қадар Тошкент шаҳар Сергели тумани Сергели-8 мавзесида жойлашган Тошкент шаҳридаги ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш марказига тегипши бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида вақтинча жойлаштирилсин ҳамда фаолиятини бошлаш учун етарли хоналар ажратилиши ва мебеллар, жиҳозлар, компьютер ҳамда ташкилий техника воситалари билан таъминлаш чоралари кўрилсин;

2025 йил 25 октябрга қадар Марказни юқори малакали ва тажрибали кадрлар билан тўлдириш чораларини кўрсин.


6. Офислар:

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида касб-ҳунар, тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тиллар бўйича жаҳон стандартлари ҳамда иш берувчиларнинг талабларига биноан ўқув режаси, дастурлари ва услубий қўлланмаларни ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириб бориш;

муҳандис усталар, ишлаб чиқариш таълими усталари ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириш учун хорижий мутахассисларни жалб қилиш;

ишлаб чиқилган ўқув режаси, дастурлари ва услубий қўлланмаларни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда амалиётга татбиқ этиш чораларини кўрсин.


7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2024 йил 1 июндан бошлаб:

"Ишга марҳамат" мономарказлари ва касб-хунарга ўқитиш марказларининг ўқитувчилари ҳамда муҳандис усталарини мақоми бўйича профессионал таълим муассасалари педагогларига тенглаштириш ҳамда уларга ушбу ходимлар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва ижтимоий ҳимоя кафолатлари татбиқ этилади;

хорижий мутахассисларга бажарилган ишлар учун тўланадиган тўлов миқдори уларнинг малакаси, тажрибаси ва уларга юкланадиган иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан белгиланади;

хорижий мутахассисларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш визасини олишга консуллик йиғимлари ҳамда яшаш жойида рўйхатга олинганлик учун ундириладиган давлат божи "Ишга марҳамат" мономарказлари маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги:

а) 2024 йил 30 декабрга қадар ишсиз ва иш қидираётган шахсларнинг 160 минг нафарини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш ҳамда уларнинг камида 5 минг нафари касбий малака даражасини тасдиқлаш орқали уларга малака паспортларини тақдим этиш чораларини кўрсин;

б) 2024 йил 15 ноябрга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга инсон ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлиги билан боғлиқ бўлган касбларни мажбурий сертификатлаштириш тизимини тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифлар киритсин. Бунда қуйидагилар назарда тутилсин:

касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари билан биргаликда инсон ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлиги билан боғлиқ бўлган касблар (лавозим)ларни аниқлашга доир тадқиқотлар ўтказиш;

тадқиқотлар натижасига кўра 2024-2025 йилларда босқичма-босқич мажбурий сертификатлаштириладиган касб (лавозим)ларни тармоқ ва ҳудудлар кесимида жорий этиш режа-графигини шакллантириш;

мажбурий сертификатлаштириш учун касбий фаолиятнинг муайян тури бўйича шахснинг кўникмаларини ифодалайдиган, билими, қобилияти ва маҳоратига оид талабларни ишлаб чиқиш;

мажбурий сертификатлаштириладиган касб (лавозим)ларни тажриба-синов тариқасида жорий этиш.


9. Марказ Тошкент шаҳрнинг Сергели тумани Сергели-8 мавзесида жойлашган Тошкент шаҳридаги ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш марказига тегишли ҳудудда қуриладиган бинода текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                       А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 7 май












































Время: 0.1858
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск