ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Май, 2024 й. / Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари / Вазирликлар, қўмиталар фаолиятини ва таркибини тартибга солиш /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.05.2024 й. 292-сон "Маҳалла еттилиги" фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолашда маҳалла раисининг иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.05.2024 й.

N 292




"МАҲАЛЛА ЕТТИЛИГИ" ФАОЛИЯТИНИ

САМАРАЛИ ТАШКИЛ ЭТИШ ҲАМДА ҲОКИМ

ЁРДАМЧИСИ, ЁШЛАР ЕТАКЧИСИ, ХОТИН-ҚИЗЛАР

ФАОЛИ, ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРИ, ИЖТИМОИЙ

ХОДИМ ВА СОЛИҚ ИНСПЕКТОРИ ФАОЛИЯТИНИ ЭНГ

МУҲИМ САМАРАДОРЛИК КЎРСАТКИЧЛАРИ (KPI) БЎЙИЧА

БАҲОЛАШДА МАҲАЛЛА РАИСИНИНГ ИШТИРОКИНИ

ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Сўнгги йилларда маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, унинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, маҳаллалардаги муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал этишда давлат органлари ва ташкилотларининг маҳаллалардаги вакилларининг имкониятларини янада кенгайтириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори фаолиятини баҳолашда маҳалла раисларининг мақомини ошириш зарурлиги тақозо этилмоқда.

"Маҳалла еттилиги" фаолиятини самарали ва режали асосда ташкил этиш ҳамда унинг аъзоларини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида" 2023 йил 21 декабрдаги ПФ-209-сон Фармонига мувофиқ:

маҳалла раиси томонидан ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ҳамда солиқ инспекторлари "Маҳалла еттилиги"нинг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича алоҳида баҳоланиши. Бунда кўрсаткичлар мазкур ходимларнинг иш берувчилари томонидан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан келишилган ҳолда тасдиқланиши;

маҳалла раислари ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолашда 20 фоиз балл бериш ҳуқуқига эга бўлиши;

"Маҳалла еттилиги" аъзоларининг иш ҳақини асосий иш жойидан бериш тартиби сақлаб қолинган ҳолда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, улар моддий рағбатлантирилиб борилиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки, маҳалла раиси томонидан ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ҳамда солиқ инспекторларининг (кейинги ўринларда - "Маҳалла еттилиги" аъзолари) фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича иловада келтирилган индикаторларга мувофиқ баҳоланади.


3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) маҳалла раисининг фаолияти туман (шаҳар) маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши томонидан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган ҳар ойлик иш режалар асосида амалга оширилади;

б) "Маҳалла еттилиги" аъзоларининг фаолияти тегишинча Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлигининг бўлинмалари ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказларининг туман (шаҳар) раҳбарлари томонидан тасдиқланадиган ҳар ойлик иш режалар асосида амалга оширилади;

в) ҳар ойлик иш режаларда устувор равишда қуйидаги асосий тадбир ва вазифалар белгиланади:

маҳалла раиси учун:

миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни тарғиб қилиш;

давлат органлари вакилларини аҳоли муаммоларини ҳал этишга сафарбар этиш;

маҳалла инфратузилмасини яхшилаш;

"Обод маҳалла", "Обод кўча" ва "Обод хонадон" мезонларини жорий этиш;

"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси амалга оширилишига кўмаклашиш;

оммавий ҳашарларни ташкил қилиш ва уларга аҳолини жалб қилиш;

қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш;

нуронийлар билан биргаликда таълим муассасаларида тарбиявий соатлар ва суҳбатлар ўтказиш;

"Маҳалла еттилиги" аъзолари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;

ҳоким ёрдамчиси учун:

доимий даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш;

аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, кредит ва субсидиялар ажратилишида кўмаклашиш;

деҳқон хўжаликлари билан экспорт қилувчи, брокер ва қайта ишловчи корхоналарнинг ҳамкорлигини ташкил этиш;

маҳаллаларда микролойиҳалар манзилли дастурини шакллантириш ва уларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш;

бўш турган бино ва иншоотлар ҳамда ер майдонларини аукцион савдоларига чиқаришда кўмаклашиш;

камбағал оилаларнинг даромадини ошириш чораларини кўриш;

меҳнат миграциясига чиқиб кетган ёки қайтиб келган фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари билан ишлаш;

томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш ишларини ташкил этиш;

ёшлар етакчиси учун:

уйма-уй юриш орқали "Ёшлар баланси"ни шакллантириш;

ёшлар билан манзилли ишлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш;

ижтимоий фаол ёшларни қўллаб-қувватлаш;

соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш;

"Ёшлар дафтари"даги ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш;

хориждаги ватандош ёшлар билан ишлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш;

ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш;

хотин-қизлар фаоли учун:

оилаларни мустаҳкамлаш ва ажримларнинг олдини олиш;

хотин-қизлар муаммолари ва қизиқишларини ўрганиб, уларга кўмаклашиш;

хотин-қизлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда "Соғлом оила - соғлом жамият" тамойилини тарғиб қилиш;

хотин-қизлар ўртасида тизимли маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш;

хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда таълим имкониятларини кенгайтириш;

тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратишда фаол иштирок этиш;

профилактика инспектори учун:

маҳалла ҳудудида жамоат тартибини сақлаш;

ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан манзилли ишлаш;

маҳалладаги криминоген вазиятни таҳлил қилиш, ҳуқуқбузарликларни содир этиш сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриш;

қаровсиз ва назоратсиз қолган вояга етмаганларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш;

аҳолини террорчилик, экстремистик ва бошқа ғайриқонуний бузғунчилик ҳамда ахлоқсизлик йўналишидаги оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш;

ижтимоий ходим учун:

парваришга муҳтож ёлғиз кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

ногиронлиги бўлган ва оғир касалликка чалинганлар шахслар ҳамда турли нуқсонлари бўлган ва узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларга ёрдам бериш;

кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда тўлиқ бўлмаган оилалардаги болаларга ёрдам кўрсатиш;

ота-онаси хорижий давлатларга кетган болалар ҳамда вояга етмаган ёлғиз оналар ва оталар билан ишлаш;

"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"да рўйхатда турган шахсларга ёрдам бериш;

солиқ инспектори учун:

ҳудуднинг солиқ базасини кенгайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштиришга кўмаклашиш;

мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўловчиларини ҳисобга олиш ишларини бажариш ҳамда солиқлар ўз вақтида тўланишини назорат қилиш;

солиқлар ихтиёрий тўланишига қаратилган тарғибот ишларини ташкил этиш;

маблағларнинг ғайриқонуний айланиши манбаларига барҳам бериш, нақд пул тушумининг тўлиқ ва ўз вақтида топширилишини назорат қилиш;

солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда кўмаклашиш;

г) маҳалла раиси ва "Маҳалла еттилиги" аъзоларининг фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолашда бошқа кўрсаткичлар билан бир қаторда ҳар ойлик иш режаларнинг амалда бажарилиш ҳолати ҳам инобатга олинади.


4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишилган ҳолда бир ой муддатда "Маҳалла еттилиги" аъзолари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолаш методикасини қайта ишлаб чиқсин.

Бунда:

хотин-қизлар фаоли фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолашда ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ва (ёки) зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга берилган ҳимоя ордерлари сони инобатга олинмасин;

ҳоким ёрдамчилари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолашда "янги ташкил қилинган субъектлар" кўрсаткичига асосан уларнинг олис ҳудудларда фаолият юритаётганларига қўшимча коэффициент бериш назарда тутилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан биргаликда уч ой муддатда Маҳалланинг ягона платформаси доирасида маҳалла раиси томонидан "Маҳалла еттилиги" аъзолари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолаш механизмларини назарда тутувчи модулни яратсин ва ушбу тизимни ишга тушириш билан боғлиқ барча ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга оширсин.

Бунда ушбу тизимни яратиш ва техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан биргаликда уч ой муддатда "Маҳалла еттилиги" аъзолари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) маълумотлари шаклланадиган ахборот тизимларини Маҳалланинг ягона платформаси билан ўзаро интеграция қилишни таъминласин.


7. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасига:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда доимий равишда барча фуқаролар йиғинларида маҳалла раиси томонидан "Маҳалла еттилиги" аъзолари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолашни йўлга қўйишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳар томонлама кўмаклашиб бориш;

бир ой муддатда маҳалла раисларининг фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳолаш тартибини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш, бунда баҳолаш натижалари бўйича маҳалла раисларини моддий рағбатлантиришни назарда тутиш тавсия этилсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Маҳалла еттилиги", ёшлар сиёсати ва маънавият масалалари департаментига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 18 майдаги

292-сон қарорига

ИЛОВА



Маҳалла раиси томонидан ҳоким ёрдамчиси,

ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика

инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторларининг

фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари

(KPI) бўйича баҳолаш индикаторлари


20___ йилнинг ___ чораги учун

Т/р

Мезонлар


Кўрсаткичлар


Бериладиган балл


1.

Маҳалла раиси томонидан йўналтирилган муаммоли масалаларни бартараф этганлиги


30 та ва ундан ортиқ


+ 10,0

20 та ва ундан ортиқ


+ 3,0

16 та ва ундан ортиқ


+ 1,0

15 та ва ундан кам


0

2.

Меҳнат мажбуриятларининг ҳақиқатда бажарилган вақти


Ҳақиқатда ишланган кунлари тўлиқ бўлган


+ 10,0

Сабабсиз ўн кунгача ишга келмаган


+ 3,0

Сабабсиз ўн кун ва ундан ортиқ ишга келмаган


0

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 21 май




















































Время: 0.1599
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск