ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Май, 2024 й. / Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари / Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш /

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.05.2024 й. 295-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 20 майдаги

295-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос

агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, Кенгашда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартибини белгилайди.


2. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.


3. Кенгаш юридик шахс ҳисобланмайди ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигига (кейинги ўринларда - Агентлик) ҳисобот беради.



2-БОБ. КЕНГАШНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини амалга ошириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг моддий маданий мерос объектлари билан боғлиқ масалалар бўйича фаолиятини мувофиқлаштиришни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш жараёнида юзага келадиган масалаларни илмий жиҳатдан кўриб чиқиш, уларни ҳал этиш бўйича илмий ва амалий таклифлар тайёрлаш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари, уларда режалаштирилган асрашга доир ишларни объектнинг тарихий-маданий аҳамияти ҳамда ноёблигига путур етказмаган ҳолда технология ва материалларнинг қўлланилиши бўйича тегишли хулоса бериш;

юридик ва жисмоний шахсларга моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилишларининг олдини олиш бўйича илмий-экспертлик таклифларини бериш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, тарихий-маданий аҳамиятига кўра ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектларни (ҳудудларни) ишончли муҳофаза қилиш, ушбу ҳудудларда қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишларини уларнинг умумбашарий бемисл қийматига салбий таъсир этмаган ҳолда амалга ошириш бўйича илмий хулосалар бериш;

маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини (уларнинг қисмларини) тарихий-маданий аҳамиятидан келиб чиқиб, Маданий мерос объектларининг миллий рўйхатига киритиш ёки ундан чиқариш бўйича хулосалар бериш;

маданий мерос объектларининг тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қийматига салбий таъсир қилмаслигини таъминлаш мақсадида улардан фойдаланиш мақсадлари ва шартларини тасдиқлаш ёки етарли даражада асослантирган ҳолда тасдиқлашни рад этишга доир масалалар юзасидан хулосалар бериш.


5. Кенгаш ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари тарихий-маданий экспертиза хулосаларини тасдиқлаш, давлат суд экспертизаси хулосалари бундан мустасно;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича хулоса бериш;

республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш амалиётини кўриб чиқишда иштирок этиш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда иштирок этиш;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳаларга хулоса бериш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳамда тарихий-маданий қийматига кўра ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда (объектларда) қурилиш-монтаж, ободонлаштириш ҳамда тарихий-маданий қийматга эга бўлмаган бино ва иншоотларни бузиш ишлари ва ердан фойдаланиш лойиҳаларига хулоса бериш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, тарихий-маданий қийматига кўра ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар (объектлар) бошқарув режаларига хулоса бериш;

тарихий-маданий қийматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг (объектларнинг) қўриқланадиган тегралари лойиҳаларига хулоса бериш;

ҳудудлардаги моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларига уларнинг тури ва жойлашувидан келиб чиқиб, муҳофаза белгилари намуналарини тасдиқлаш.



3-БОБ. КЕНГАШНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун Агентлик томонидан ташкил этиладиган ҳайъат йиғилишларида ва ҳудудлардаги сайёр йиғилишларда иштирок этиш;

Агентлик фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда қатнашиш;

Кенгашнинг кун тартибига киритилган масалалар юзасидан таҳлилий материалларни вазирлик ва идоралар, Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлардан сўраб олиш.

Кенгаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


7. Кенгашга қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

Кенгашнинг йиғилиш кун тартибига киритилган материалларни адолатли ва холисона кўриб чиқиш;

Кенгашнинг йиғилиш кун тартибига киритилган материалларни кўриб чиқишда маданий мерос объектлари муҳофазаси ва сақлаш чораларини кўриш;

ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси марказининг тавсиялари ва Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси талаблари бажарилишини таъминлаш;

маданий мерос объектлари, алоҳида муҳофаза қилинадиган ҳудудлар ва ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси ҳудудлари тарихий қиёфасини сақлаб қолиш чораларини кўриш;

Кенгаш хулосаларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш.

Кенгашга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.



4-БОБ. КЕНГАШ ТАРКИБИНИ ТАСДИҚЛАШ

ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Кенгаш таркибига раис, унинг ўринбосари ва аъзоларидан иборат тарих, меъморчилик, моддий маданий мерос соҳасида илмий, амалий тажрибага эга бўлган 9-11 нафаргача олим ва юқори малакали мутахассислар киритилади.

Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Кенгаш раиси ҳисобланади.


9. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида Илмий-маслаҳат кенгашлари ташкил этилади ва ушбу кенгашларнинг таркиби Агентлик директори томонидан тасдиқланади.


10. Кенгаш раиси ўз ваколатлари доирасида:

Кенгаш фаолиятини ташкил этади;

Кенгаш йиғилишларига раислик қилади;

Кенгаш номидан ҳужжатларни имзолайди;

Кенгаш қарорларини амалга ошириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиради;

Кенгашнинг самарали ишини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

Кенгашнинг раиси бўлмаган тақдирда, унинг ваколатлари ва мажбуриятларини раис ўринбосари бажаради.


11. Кенгаш раиси ўринбосари:

раис йўқлигида Кенгашнинг йиғилишларида раислик қилади;

Кенгаш қарорларининг ижросини назорат қилиш бўйича ишларни ташкил этади;

Кенгашнинг ваколатига кирадиган масалалар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқади ва натижалари бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;

Кенгаш ишини самарали ташкил этиш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.


12. Агентлик директорининг тегишли буйруғига асосан Агентликнинг Кенгаш фаолиятига масъул ходими Кенгаш масъул котиби вазифасини бажаради ва Кенгаш таркибига кирмайди ҳамда овоз бериш ваколатига эга эмас.


13. Кенгаш масъул котиби:

Кенгаш фаолиятини услубий, ташкилий-ҳуқуқий ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

Кенгашда кўриб чиқиш учун киритилган масалалар бўйича барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, Агентлик ходимларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;

зарур ҳолларда, кун тартибига мувофиқ Кенгаш сайёр йиғилиши ўтказилишини ташкил этади;

Кенгаш сайёр йиғилиши ўтказиладиган сана, жой ва таклиф этиладиган шахслар рўйхатини Кенгаш раиси билан келишади;

Кенгаш аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни Кенгаш йиғилиши ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида олдиндан хабардор қилади;

Кенгаш йиғилишининг баённомасини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённоманинг Кенгаш аъзолари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларга таништирилишини таъминлайди;

Кенгашнинг йиғилишлари ва кун тартибидаги масалалар тўғрисидаги маълумотларни ҳамда кун тартибидаги масалалар юзасидан қабул қилинган қарорлар тўғрисида Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилиш учун Агентликка тақдим этади.


14. Қуйидаги ҳолатларда Кенгаш раиси, раис ўринбосари ва аъзолари Кенгаш таркибидан чиқарилиши мумкин:

Кенгаш таркибидан чиқиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

ҳуқуқбузарлик, шунингдек, жамиятда ўрнатилган одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда умумэътироф этилган нормаларни қўпол равишда бузувчи ва Кенгаш аъзоси номига доғ туширувчи ҳамда Кенгаш обрўсига путур етказувчи ҳаракатлар, ножўя ишлар содир этганда;

ўз вазифаларини узрли сабабларсиз уч ойдан ортиқ мунтазам равишда бажармаганда, шу жумладан, Кенгаш йиғилишларида иштирок этмаганда;

суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган деб топилганда ёки суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига асосан озодликдан маҳрум этилганда;

вафот этганда.


15. Кенгаш аъзолари унинг йиғилишларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.


16. Кенгаш аъзолари ва котибига Агентликнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармаси ҳисобидан ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг уч баравари миқдорида ҳақ тўланади, Кенгаш аъзолари таркибига киритилган Агентлик бошқарув ходимлари бундан мустасно.


17. Кенгаш йиғилишларида ва Кенгашда кўриб чиқиш учун киритилган масалалар юзасидан узрли сабабларсиз иштирок этмаганлиги ёки овоз бермаганлиги учун Кенгаш аъзоларига тўланадиган ҳақнинг 30 фоизи тўланмайди.

Бунда Кенгашда кўриб чиқиш учун киритилган масалалар юзасидан Кенгаш йиғилишларида кетма-кет уч марта иштирок этмаслик ёки овоз бермаслик уларга белгиланган тўловлар тўланмаслиги ҳамда аъзоликдан чиқариш масаласини кўриб чиқиш учун асос ҳисобланади.


18. Кенгаш қарорларининг ижро этилиши устидан мониторинг юритиш ва унинг натижаларини таҳлил қилиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилишини таъминлаш Агентлик томонидан амалга оширилади.



5-БОБ. КЕНГАШ ЙИҒИЛИШЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


19. Кенгаш йиғилишларини Кенгаш раиси олиб боради, Кенгаш раиси қатнашмаган ҳолларда унинг топшириғига кўра йиғилишни раис ўринбосари олиб боради.

Кенгаш йиғилишлари бир ойда камида икки марта ўтказилади.


20. Кенгашнинг навбатдан ташқари йиғилиши Кенгаш аъзоларининг учдан бир қисмининг ёзма мурожаати ёки Агентликнинг сўрови асосида чақирилиши мумкин.


21. Кенгаш йиғилишларининг кун тартиби, шунингдек, уларни ўтказиш жойи ва вақти Кенгаш раиси ёки унинг топшириғига кўра раис ўринбосари томонидан белгиланади.

Кенгаш йиғилиши ўтказиладиган вақт, сана, жой ва кун тартиби Кенгаш аъзолари эътиборига йиғилиш бўлишидан камида уч кун олдин етказилади.


22. Йиғилишлар Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда (кворум), ваколатли ҳисобланади.

Йиғилишни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, Кенгаш йиғилиши ўн кун муддатдан кейин такроран ўтказилади.


23. Кенгаш қарорлари йиғилишда қатнашаётган Кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда, йиғилишга раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Кенгаш аъзолари овоз бериш жараёнида бетараф қолишга ҳақли эмас. Кенгаш қароридан рози бўлмаган Кенгаш аъзолари ўзининг алоҳида фикрини баён қилишга ҳақли.

Кенгаш йиғилишида иштирок этиш имкони бўлмаган ҳолатларда, унинг аъзоси йиғилиш кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрини ёзма шаклда юбориши мумкин. Бунда унинг фикри йиғилишда кўриб чиқилади ва овоз беришда ҳисобга олинади.


24. Кенгаш йиғилиши қарорларининг мазмуни (шарҳи) оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиб борилиши мумкин.


25. Фойдаланиш ҳуқуқи чекланган ахборотлар мавжуд материаллар Кенгашнинг ёпиқ йиғилишларида Кенгашнинг ваколатли аъзолари иштирокида кўриб чиқилади. Ушбу йиғилишларда қабул қилинган қарорлар белгиланган тартибда расмийлаштирилади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмайди.


26. Кенгаш йиғилишларига бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакиллари, оммавий ахборот воситалари таклиф этилиши мумкин.


27. Кенгаш йиғилишлари онлайн, оффлайн, сайёр ёки аралаш шаклда ўтказилиши мумкин.


28. Кенгаш йиғилиши кун тартибининг лойиҳаси котиб томонидан Кенгаш аъзоларининг таклифлари ва Кенгаш раисининг топшириғи асосида шакллантирилади.


29. Кенгаш йиғилишида қабул қилинган қарор баённома билан расмийлаштирилади. Кенгаш йиғилишининг баённомаси котиб ҳамда ҳар бир Кенгаш аъзоси томонидан имзоланиб, йиғилишга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади ва тасдиқланган кундан бошлаб уч иш кунида Агентликка, Кенгаш аъзоларига ҳамда манфаатдор шахсларга юборилади.


30. Агентлик Кенгашнинг қабул қилган қарорига қўшилмаган ҳолларда, Кенгаш қарорини олган кундан бошлаб ўн кундан кечикмай унга асослантирилган таклиф ва эътирозини ёзма шаклда тақдим этади.

Кенгаш Агентлик томонидан берилган таклиф ва эътирозларни ўн кун муддатда навбатдаги Кенгаш йиғилишининг кун тартибида кўриб чиқади ва якуний қарор қабул қилади.


31. Кенгаш баённомалари Агентлик томонидан рўйхатга олинади ва сақланади.


32. Кенгашда кўриб чиқиш учун киритилган барча мурожаатлар Агентлик томонидан рўйхатга олинади ва Кенгаш масъул котибига юборилади.


33. Кенгаш баённомаларидан кўчирмалар алоҳида рўйхатга олинади ва Кенгаш раиси томонидан имзоланади ҳамда Агентлик муҳри билан тасдиқланган ҳолда манфаатдор шахсларга юборилади.


34. Кенгаш қарорларидан норози бўлган томонлар 10 кун муддатда Кенгаш қарорлари устидан Агентликка шикоят қилиши мумкин.



6-БОБ. КЕНГАШДА МУРОЖААТЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


35. Кенгашда мурожаатлар ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ кўриб чиқилади.


36. Ариза берувчи (юридик ёки жисмоний шахс) Агентликнинг автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда - электрон ахборот тизими) орқали, жумладан қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш бўйича мурожаат қилади:

моддий маданий мерос объектини давлат кадастрига белгиланган тартибда киритиш ва чиқариш;

моддий маданий мерос объектларини тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш;

аҳоли пунктлари бош режаларининг лойиҳаларини кўриб чиқиш;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларини кўриб чиқиш;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳаларни кўриб чиқиш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳамда тарихий-маданий қийматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда (объектларда) қурилиш-монтаж, ободонлаштириш ва тарихий-маданий қийматга эга бўлмаган бино ва иншоотларни бузиш ишлари ва ердан фойдаланиш лойиҳаларини кўриб чиқиш.


37. Аризада куйидаги маълумотлар кўрсатилади:

юридик шахслар учун - юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган ери, почта манзили, телефон рақами, СТИР, электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса);

жисмоний шахслар учун - ариза берувчининг ФИО, ЖШШИР, яшаш манзили, телефон рақами, электрон почта манзили (мавжуд бўлса).

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

амалга оширилиши назарда тутилаётган асрашга доир ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари;

лойиҳада кўрсатилган объектнинг кадастр йиғмажилди (агар мавжуд бўлса);

археология маданий мерос объектларининг муҳофаза теграларида амалга ошириладиган лойиҳалар юзасидан археолог хулосаси.


38. Лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган лойиҳа ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган бўлиши керак.

Лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларида қуйидагилар акс эттирилиши мажбурий ҳисобланади:

бинонинг фасад қисми;

бино ва унинг атрофининг мавжуд ҳолати;

кўча развёрткаси;

қирқим (разрез);

бош режа (М 1:500 масштабда);

лойиҳалардаги мавжуд ҳолат режаси.


39. Ариза берувчи мурожаат қилган куннинг ўзида ушбу мурожаатни кўриб чиқиш ва тегишли хулоса бериш учун Агентликнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармасига қуйидаги миқдорлардаги тўловни амалга оширади:

а) моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишларини ўтказишга оид лойиҳаларни кўриб чиқиш бўйича:

республика тоифасидаги объектлар учун - БҲМнинг 10 баравари;

маҳаллий тоифадаги объектлар учун - БҲМнинг 5 баравари;

б) алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, шу жумладан, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда бино ва иншоотларни қуриш ёки уларни бузишга оид лойиҳаларни кўриб чиқиш бўйича:

юридик шахслар учун - БҲМнинг 20 баравари;

жисмоний шахслар учун - БҲМнинг 1 баравари;

в) моддий маданий мерос объектини давлат кадастрига белгиланган тартибда киритиш ва чиқариш учун - БҲМнинг 50%;

г) моддий маданий мерос объектларини тарихий-маданий экспертизадан ўтказишда республика тоифасидаги объектлар учун-БҲМнинг 7 баравари, маҳаллий тоифадаги объектлар учун - БҲМнинг 4 баравари;

д) аҳоли пунктлари бош режаларининг лойиҳаларини кўриб чиқиш ва уларга хулоса бериш учун - БҲМнинг 5 баравари.

Бунда Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектларини давлат кадастрига белгиланган тартибда киритиш ва чиқариш, шунингдек, уларни тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилган лойиҳалар бўйича тўлов ундирилмайди.


40. Мурожаатчи томонидан белгиланган тўлов тўлиқ тўланмаганлиги мурожаатни кўриб чиқишни рад этиш учун асос бўлади.


41. Агентлик мурожаат келиб тушганидан кейин бир иш куни ичида аризани электрон ахборот тизими орқали тегишлилиги бўйича Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгашлари (кейинги ўринларда - Илмий-маслаҳат кенгашлари)га кўриб чиқиш учун юборади.


42. Илмий-маслаҳат кенгашлари ариза келиб тушганидан бошлаб 7 иш куни ичида (қушимча ўрганиш талаб этилганда 14 иш кунигача) лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ҳамда объектни жойига чиққан ҳолда ўрганади, тақдим этилган лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларида хато-камчиликлар аниқланган тақдирда эса, уларни бартараф этишда маслаҳат ҳамда амалий ёрдам кўрсатади.

Илмий-маслаҳат кенгашлари ўрганиш натижалари юзасидан ўз хулосасини Кенгашга юборади.


43. Кенгаш мурожаатни Илмий-маслаҳат кенгаши хулосаси ҳамда қуйидагиларга асосан кўриб чиқади:

архив маълумотлари;

тарихий манбалар;

илмий адабиётлар;

ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси марказининг тавсиялари ва Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси талаблари;

анъанавий меъморчилик мактаблари хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда.


44. Кенгаш Илмий-маслаҳат кенгаши хулосаси келиб тушгандан бошлаб 7 иш куни ичида (қушимча ўрганиш талаб этилганда 14 иш кунигача) аризада кўрсатилган масалалар бўйича тегишли қарор қабул қилади (хулоса беради).


45. Кенгаш котиби Кенгашнинг тегишли қарори қабул қилингандан бошлаб бир иш куни ичида қабул қилинган қарорни ариза берувчига электрон ахборот тизими орқали электрон шаклда ёки ариза берувчининг талабига кўра қоғоз шаклида почта орқали юборади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


46. Кенгаш фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Агентлик томонидан қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


47. Кенгаш фаолиятига вазирлик ва идораларнинг бошқа мансабдор шахслари, шунингдек, бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди.


48. Кенгаш фаолияти унинг Низомига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги Агентлик директори томонидан назорат қилинади.


49. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

      

        




Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос

агентлигининг Илмий-эксперт кенгашида

мурожаатларни кўриб чиқиш

СХЕМАСИ

         

     

Босқичлар

      


    

Субъектлар

    


    

Тадбирлар

    


     

Бажариш муддати

       











1-босқич


Ариза берувчи

(юридик ёки жисмоний шахс)


          

1. Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик) автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда - ААТ) орқали қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш бўйича мурожаат қилади:

моддий маданий мерос объектини давлат кадастрига белгиланган тартибда киритиш ва чиқариш;

моддий маданий мерос объектларини тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш;

аҳоли пунктлари бош режаларининг лойиҳаларини кўриб чиқиш;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳалар;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳамда тарихий-маданий қийматига кўра ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда (объектларда) қурилиш-монтаж, ободонлаштириш ва тарихий-маданий қийматга эга бўлмаган бино ва иншоотларни бузиш ишлари ва ердан фойдаланиш лойиҳалари.


1.Заруратга кўра







2. Мурожаатни кўриб чиқиш ва тегишли хулоса бериш учун зарур тўловларни амалга оширади.

         


2. Мурожаат қилган

куннинг ўзида








2-босқич


Агентлик


    

Мурожаат келиб тушганидан кейин Агентликнинг Илмий-эксперт кенгаши (кейинги ўринларда - Илмий-эксперт кенгаши) котиби аризани ААТ орқали тегишлилиги бўйича Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгашларига юборади.

         


1 иш куни ичида











3-босқич


Агентликнинг ҳудудий

бошқармалари


     

1. Ҳудудий бошқарма ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши ариза келиб тушганидан кейин лойиҳаолди, лойиҳа-смета ҳужжатларини ва объектни жойига чиққан ҳолда ўрганади, тақдим этилган лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатларида хато-камчиликлар аниқланган тақдирда эса, уларни бартараф этишда маслаҳат ҳамда амалий ёрдам кўрсатади.


2. Ўрганиш натижаси юзасидан ўз хулосасини Илмий-эксперт кенгашига юборади.

       


Ариза келиб тушгандан

бошлаб 7 иш куни ичида

(қушимча ўрганиш талаб

этилганда 14 иш

кунигача)











4-босқич


Илмий-эксперт кенгаши


1. Ҳудудий бошқарманинг Илмий-маслаҳат кенгаши хулосасини пухта ўрганиб чиқади.


2. Аризада кўрсатилган масалалар бўйича тегишли қарор қабул қилади (хулоса беради).


     

Ҳудудий бошқарманинг

илмий-маслаҳат кенгаши

хулосаси келиб тушгандан

бошлаб 7 иш куни ичида

(қушимча ўрганиш талаб

этилганда 14 иш

кунигача)

       











5-босқич


Илмий-эксперт кенгаши

котиби


         

Қабул қилинган қарорни ариза берувчига ААТ орқали электрон шаклда ёки ариза берувчининг талабига кўра қоғоз шаклида почта орқали юборади.

       


Қарор қабул қилингандан

бошлаб 1 иш куни ичида




         

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 21 май













































































Время: 0.3144
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск