Внимание!

NB! Мазкур Конун расмий эълон килинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июнь, 2024 й. / Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари / Вазирликлар, қўмиталар фаолиятини ва таркибини тартибга солиш /

Ўзбекистон Республикасининг 05.06.2024 й. ЎРҚ-931-сон "Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 25.10.2022 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 01.06.2023 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

05.06.2024 й.

N ЎРҚ-931



МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 25 октябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2023 йил 1 июнда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва амал қилиш соҳаси


Ушбу Қонуннинг мақсади манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига (бундан буён матнда давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

ўз устав фондида (устав капиталида) давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан;

ўз устав фондида (устав капиталида) ушбу модда учинчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан фақат уларнинг давлат харидлари соҳасидаги муносабатларига татбиқ этилади.



2-модда. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик


Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритишни, шунингдек суд ишини юритиш чоғида юзага келадиган муносабатларни тартибга солувчи қонунларда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга оид бошқа қоидалар белгиланиши мумкин.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими - давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда меҳнат шартномаси (контракт) асосида ёхуд сайлаб қўйиладиган ёки тайинланадиган лавозимларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган бошқарув ходими;


манфаатлар тўқнашуви - шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият;


манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича махсус бўлинма (бундан буён матнда махсус бўлинма деб юритилади) - давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари (ва) ёки кадрлар бўлинмалари;


шахсий манфаатдорлик - давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд у билан алоқадор шахслар ушбу ходим томонидан бевосита ёки билвосита қарор қабул қилиниши ёки ходимнинг ушбу жараёнда бошқача тарзда иштирок этиши натижасида олиши мумкин бўлган ҳар қандай наф ёки афзаллик;


яқин қариндошлар - ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари.



4-модда. Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ

муносабатларни тартибга солишнинг

асосий принциплари


Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ва давлатнинг қонуний манфаатлари устуворлиги;

очиқлик ва шаффофлик;

холислик;

коррупцияга нисбатан муросасизлик.



5-модда. Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг

ходимига алоқадор шахслар


Қуйидаги шахслар давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар деб эътироф этилади:

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндошлари;

давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди (устав капитали) акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс;

давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахсда бошқарув органининг раҳбари ёки аъзоси бўлса, ўша юридик шахс.



6-модда. Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг

манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни

тартибга солиш чоғидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш чоғида:

махсус бўлинмага маслаҳат сўраб мурожаат этиш;

эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияда кўрсатилиши керак бўлган маълумотлардан ташқари қўшимча маълумотларни электрон ёки ёзма шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими:

ўз лавозим мажбуриятларини ёки хизмат ваколатларини виждонан бажариши ва уларнинг бажарилишига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўз шахсий манфаатлари билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши;

лавозим мажбуриятларини ёки хизмат ваколатларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги;

мавжуд манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, ўз иш юритувидаги ҳужжатлар бўйича қарор қабул қилингунига қадар ўзининг бевосита раҳбарини (ташкилот раҳбари - юқори турувчи раҳбарни) ёки махсус бўлинмани хабардор қилиши;

ўзининг бевосита бўйсунувидаги ходимларни ёки бошқа ходимларни бевосита ёки билвосита ўзининг шахсий манфаатларини кўзловчи ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) мажбурламаслиги;

ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органи ёки бошқа ташкилот назорати остидаги ташкилотдан ёки унинг таркибий бўлинмасидан ишга қабул қилиш тўғрисида таклифлар келиб тушганлиги ҳолати ҳақида бир иш куни ичида хабар бериши;

бошқа ходимларга нисбатан ўзига маълум бўлган манфаатлар тўқнашуви ҳоллари тўғрисида хабар бериши;

эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш мақсадида махсус бўлинманинг сўровига кўра маълумотлар тақдим этиши шарт.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



7-модда. Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг

ходимига алоқадор шахсларнинг манфаатлар тўқнашуви

билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш чоғидаги

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар мазкур ходим меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органи ёки бошқа ташкилот билан муносабатларга киришганда:

манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш учун махсус бўлинмадан бепул маслаҳат олиш;

давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ёки қарорлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар мазкур ходим меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органи ёки бошқа ташкилот билан муносабатларга киришганда:

шахсий манфаатларини кўзлаб манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги;

эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни электрон ёки ёзма шаклда тўлдириши, унга била туриб ёлғон ва нотўғри маълумотларни киритмаслиги шарт.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими билан алоқадор шахслар томонидан эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияда била туриб ёлғон ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги ушбу Қонунда белгиланган ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.



8-модда. Давлат органи ёки бошқа ташкилот

ходимининг фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг

олдини олиш бўйича чекловлар


Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими:

хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш орқали шахсий наф олишга;

манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги ахборотни ошкор этиш чоғида маълумотларни яширишга ёхуд била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборот тақдим этишга;

бири бошқасига бўйсунувчи ёки бири бошқасининг назоратидаги ташкилотларда ўриндошлик бўйича ишлашга, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

тижорат ташкилотларининг таъсисчиси (акциядори, иштирокчиси) бўлишга, бундан акциядорлик жамиятларининг эркин муомалада бўлган акцияларининг ўн фоизигача эгалик қилиш ҳоллари мустасно;

ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органи ёки бошқа ташкилотнинг назоратида бўлган тадбиркорлик фаолияти субъектининг акцияларига ёки устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига эгалик қилишга, шунингдек ушбу тадбиркорлик фаолияти субъектларининг бошқарув органи аъзоси бўлишга, бундан Ўзбекистон Республикаси қонунларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган ёки бу фаолият қонунчиликка мувофиқ лавозим мажбуриятлари ҳисобланадиган ҳоллар мустасно. Бунда давлат органи ёки бошқа ташкилот назоратида бўлган тадбиркорлик фаолияти субъектларининг акцияларига ёки устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига эгалик қилган ёхуд мазкур тадбиркорлик фаолияти субъектларининг бошқарув органлари аъзоси бўлган шахс мазкур давлат органида ёки бошқа ташкилотда ходим лавозимини эгаллаган ҳолларда, у қонунчиликда белгиланган тартибда ушбу акцияларни ёки улушларни бир ой ичида реализация қилиши, бошқарув органларининг аъзолигидан чиқиши керак;

ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда ўзига тааллуқли бўлган ишларни кўриб чиқишда ёки ўзига алоқадор шахсларга тааллуқли бўлган ишларни кўриб чиқишда вакил сифатида иштирок этишга, агар у қонунчиликка мувофиқ қонуний вакил бўлмаса;

ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган ташкилотнинг мол-мулкини сотиб олишда ёки ижарага олишда ўзи иштирок этишга ҳақли эмас.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ўзи билан меҳнат шартномаси тугатилган ёки хизматдан бўшатилган ходими икки йил ичида охирги иш жойида ўзи бевосита ёки билвосита назоратни амалга оширган ташкилотлар ёки уларнинг таркибий бўлинмалари томонидан ишга ушбу ходим меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга оширган ташкилотларнинг коррупцияга қарши назорат бўлинмаси вазифасини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг хулосасига асосан қабул қилинади.

Ушбу модда биринчи қисмининг бешинчи хатбошисида кўрсатилган чеклов фақат давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат мақсадли жамғармаларининг ходимларига, давлат муассасаларининг ва давлат унитар корхоналарининг, ўз устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларининг раҳбарларига нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу модда биринчи қисмининг саккизинчи хатбошисида кўрсатилган чеклов давлат органи ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Ушбу Қонуннинг мақсадларини назарда тутган ҳолда мазкур моддада "назорат" деганда давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг тегишли ташкилот фаолиятини шахсан ёки ўзининг бўйсунувидаги шахс орқали текшириш ёхуд унга нисбатан қонунчиликда белгиланган ҳар қандай имтиёзларни (преференцияларни) қўллаш ёки уни ҳар қандай жавобгарликка тортиш (жавобгарликка тортиш бўйича ташаббус кўрсатиш) ёхуд унга лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни бериш (хабарномани қабул қилиш) ҳуқуқи тушунилади.

Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар ходими лавозим мажбуриятларининг ёки хизмат ваколатларининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда, унга нисбатан қонунчиликда белгиланган бошқа чекловлар қўлланилиши мумкин.



2-БОБ. МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИ БИЛАН

БОҒЛИҚ МУНОСАБАТЛАРНИ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ


9-модда. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши

курашиш агентлигининг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ

муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ахборотни ва материалларни давлат органларидан ёки бошқа ташкилотлардан сўраб олади ва ўрганади;

давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги фаолиятини, шу жумладан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ўрганади;

манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда, битимни бекор қилиш, қарорни ҳамда бошқа ҳужжатни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга тақдимнома киритади ёхуд уларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга даъво киритади;

Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарноманинг ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг намунавий шаклларини тасдиқлайди;

давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар учун манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича услубий тавсияларни эълон қилади;

манфаатлар тўқнашуви натижасида фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг манфаатларига етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланишига эришилиши устидан назоратни амалга оширади;

махсус бўлинмалар ходимларининг тизимли равишда малакасини оширишни, уларда тегишли кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқитишни ташкил этади;

маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этмаганлик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённомани тузади ва уни кўриб чиқиш учун судга юборади.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



10-модда. Давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг

манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни

тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари


Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасида:

ходимлар томонидан мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабардор қилиш тизимини ташкил этади;

эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг ва мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарноманинг белгиланган шаклини ўзининг расмий веб-сайтларига жойлаштиради;

манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарорларни белгиланган тартибда ўзгартиради ёки бекор қилади;

манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган битимларни ўзгартиради ёки бекор қилади ёхуд бундай битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида белгиланган тартибда судга даъволар билан мурожаат этади;

одоб-ахлоқ комиссияларининг ва махсус бўлинмаларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш бўйича фаолиятини ташкил этади;

давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича ички идоравий тартибни белгилайди;

аниқланган манфаатлар тўқнашуви бўйича хизмат текширувининг холисона ташкил этилишини ва унинг натижалари одоб-ахлоқ комиссиялари томонидан кўриб чиқилишини таъминлайди;

манфаатлар тўқнашувининг олдини олишда ўрнак бўлаётган ходимларни рағбатлантириш чораларини кўради;

манфаатлар тўқнашуви натижасида фуқароларга, ташкилотларга, жамиятга ёки давлатга етказилган зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш, шунингдек аҳолининг тегишли давлат органига ёки бошқа ташкилотга бўлган ишончини тиклаш чораларини кўради.

Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



11-модда. Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар

одоб-ахлоқ комиссиясининг манфаатлар тўқнашуви

билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш

соҳасидаги ваколатлари


Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими томонидан ушбу Қонун талабларига риоя этилиши устидан назорат ушбу давлат органида ёки бошқа ташкилотда тузилган одоб-ахлоқ комиссияси томонидан амалга оширилади.

Одоб-ахлоқ комиссияси:

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими томонидан ушбу Қонунда белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлаш чораларини кўради;

манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан кўрилаётган чораларнинг етарлилиги (тўғрилиги) ҳақидаги масалаларни кўриб чиқади;

мавжуд манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳоллар устидан коллегиал назоратни амалга оширади;

ушбу Қонунда белгиланган талабларнинг давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимлари томонидан бузилишлари мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хизмат текшируви натижаларига кўра хулоса чиқаради;

манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар қилмаган, била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборот тақдим этган ёхуд бундай ахборотни яширган ходимни жавобгарликка тортиш ҳақида давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг раҳбарига таклиф киритади.

Одоб-ахлоқ комиссияси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



12-модда. Махсус бўлинманинг манфаатлар тўқнашуви

билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш

соҳасидаги ваколатлари


Махсус бўлинма:

давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими томонидан аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳоллари тўғрисидаги ахборотни умумлаштиради;

давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ушбу Қонун талабларини бузган ходимига нисбатан хизмат текширувини ўтказади;

давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимлари ўртасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш юзасидан қонунчиликка мувофиқ тушунтириш ишларини амалга оширади;

эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияларни, шунингдек мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарномани кўриб чиқади, уларнинг натижаларига кўра одоб-ахлоқ комиссиясига таклифлар киритади;

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги хабарлари муносабати билан манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида хулоса беради;

давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолларини таҳлил қилади ҳамда уларни тартибга солиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда ушбу Қонун талабларига риоя этилиши ҳолати тўғрисидаги ҳар йилги ҳисоботларни тайёрлайди ҳамда ҳисоботлар унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминлайди.

Махсус бўлинма қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИ ТЎҒРИСИДАГИ

АХБОРОТНИ ОШКОР ЭТИШГА ВА МАНФААТЛАР

ТЎҚНАШУВИНИ АНИҚЛАШГА ДОИР ЧОРАЛАР


13-модда. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги

ахборотни ошкор этиш


Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими томонидан мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабарнома ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларация тақдим этиш орқали амалга оширилади.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш уларнинг эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни тақдим этиши орқали амалга оширилади.



14-модда. Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома


Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бераётган давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими, шунингдек жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг манфаатлар тўқнашуви юзага келаётган яқин қариндошининг фамилияси, исми, отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (мавжуд бўлган тақдирда) ёхуд давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимига алоқадор шахснинг номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами;

мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборот.

Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича кўрилган чораларни ўз ичига олиши, давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг ва (ёки) унинг бевосита раҳбарининг (айрим ҳолларда, унинг ўринбосарининг) ўз қўли билан қўйилган имзоси ёки электрон рақамли имзоси билан тасдиқланиши керак.



15-модда. Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги

хабарномани тақдим этиш тартиби


Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими қуйидаги ҳолларда мавжуд манфаатлар тўқнашуви ўзига маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги белгиланган шаклдаги хабарномани тўлдириши ва ўзининг бевосита раҳбарига (ташкилот раҳбарига - юқори турувчи раҳбарга) ёки махсус бўлинмага тақдим этиши шарт, агар:

яқин қариндошлари бевосита ходимнинг бўйсунувидаги ишга қабул қилинган бўлса (давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига кирувчи лавозимга ишга қабул қилинган ҳоллар бундан мустасно) ёки ходимнинг ишига фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ўзига алоқадор шахслар жалб этилган бўлса;

у ўзига алоқадор шахсларга тааллуқли масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда иштирок этаётган бўлса;

яқин қариндоши текширув ўтказилаётган объектда (юридик шахсда) текширув йўналиши бўйича масъул мансабдор шахс сифатида ишлаётган бўлса ёки мазкур текширув объекти (юридик шахс) унга алоқадор шахс бўлса;

бошқа ҳар қандай мавжуд манфаатлар тўқнашуви ўзига маълум бўлиб қолса.



16-модда. Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги

хабарномани кўриб чиқиш тартиби


Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг раҳбар ходими ҳамда махсус бўлинманинг раҳбари манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш учун масъул ҳисобланади.

Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар таркибий бўлинмасининг раҳбари мавжуд манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича ўз ваколатлари доирасида кўрилган чоралар тўғрисида махсус бўлинмага бир иш куни ичида ахборот тақдим этиши шарт.

Махсус бўлинма кўрилган чораларнинг етарлилиги (тўғрилиги) тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун ахборотни уч иш куни ичида одоб-ахлоқ комиссиясига тақдим этади.



17-модда. Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви

тўғрисидаги декларация


Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг лавозими ҳамда унинг фамилияси, исми, отасининг исми, шунингдек унинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими яқин қариндошларининг фамилияси, исми ва отасининг исми, уларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (мавжуд бўлган тақдирда), шунингдек иш жойи ва лавозими;

давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёки унинг яқин қариндошлари акциядор бўлган акциядорлик жамиятининг расмий номи ва унинг солиқ тўловчининг идентификация рақами;

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндоши муассис (иштирокчи), бошқарув органи аъзоси бўлган юридик шахснинг расмий номи, шунингдек унинг солиқ тўловчининг идентификация рақами.

Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация уни тўлдирган давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг ўз қўли билан қўйилган имзоси ёки электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.



18-модда. Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги

декларацияни тақдим этиш тартиби


Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими шахсга доир маълумотлари ўзгарган тақдирда, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни тўлдириши ва ҳар йили 15 январдан кечиктирмай махсус бўлинмага тақдим этиши керак.

Давлат органига ёки бошқа ташкилотга ишга қабул қилинаётган номзод, шунингдек бошқа ишга ўтказилган ходим эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги белгиланган шаклдаги декларацияни тўлдириши ва тақдим этиши керак.

Махсус бўлинма:

эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ҳар йилги декларацияни ҳар йили 15 февралгача умумлаштиради ва таҳлил қилади;

эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича чораларнинг етарлилигини (тўғрилигини) таъминлаш учун ҳар йили 1 мартга қадар одоб-ахлоқ комиссиясига таклиф киритади;

одоб-ахлоқ комиссияси томонидан қабул қилинган хулосага асосан эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг бевосита раҳбарига ёхуд давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг юқори турувчи раҳбарига таклиф киритади.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимлигига номзод ишга қабул қилинаётганда ёхуд давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими бошқа ишга ўтказилаётганда, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни тақдим этганидан кейин махсус бўлинма ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ишларни беш кунлик муддатда амалга оширади.



19-модда. Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг

ходимига алоқадор шахслар томонидан тақдим этиладиган

эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация


Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар томонидан тақдим этиладиган эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимига алоқадор шахс ҳисобланган жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, шахсий идентификация рақами ёхуд юридик шахснинг номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами;

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг фамилияси, исми ва отасининг исми, лавозими;

давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими билан қариндошлик тўғрисидаги маълумотлар;

юридик шахснинг давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимига алоқадорлиги тўғрисидаги маълумотлар.

Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация уни тўлдирган жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг (ишончли шахсининг) ўз қўли билан қўйилган имзоси ёки электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.



20-модда. Манфаатлар тўқнашувини аниқлаш


Манфаатлар тўқнашувини аниқлаш қуйидаги манбалардан олинган маълумотларни ўрганиш орқали амалга оширилади:

ушбу Қонуннинг 17-моддасида назарда тутилган эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациядан;

давлат харидлари жараёнида олинган таклифлардан, харид комиссияси мажлисларининг баённомаларидан, тузилган шартномалардан;

жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг фаолиятидаги мавжуд манфаатлар тўқнашуви ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги мурожаатларидан ёки хабарларидан;

тижорат ташкилотларининг аффилланган шахслари ва якуний наф олувчилари (бенефициарлари) рўйхатларидан;

Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш модулидан;

ҲДЁ Ягона электрон архиви" ахборот тизимидан;

"Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро аппарат-дастурий мажмуидан;

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан;

махсус ваколатли давлат органи томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича киритилган тақдимномадан.

Ушбу модда биринчи қисмининг бешинчи - тўққизинчи хатбошиларида кўрсатилган манбалардан маълумотлар олиш махсус бўлинма раҳбарининг сўрови бўйича амалга оширилади.

Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг оммавий ахборот воситаларига, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштирилган мавжуд манфаатлар тўқнашуви ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари улар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва ўрганиш орқали аниқланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган маълумотларни ўрганиш махсус бўлинма томонидан амалга оширилади.



4-БОБ. МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИНИ ТАРТИБГА

СОЛИШ БЎЙИЧА КЎРИЛГАН ЧОРАЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ТЕКШИРИШ


21-модда. Манфаатлар тўқнашувига оид ҳолларга

нисбатан кўриладиган чоралар


Манфаатлар тўқнашуви ҳолларини тартибга солиш учун уларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги чоралардан бири кўрилиши керак:

ўзига нисбатан манфаатлар тўқнашуви юзага келган раҳбарнинг бевосита бўйсунувидаги давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимини манфаатлар тўқнашуви юзага келмайдиган бошқа раҳбарнинг бўйсунувига ўтказиш;

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимини манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган коллегиал орган таркибидан ихтиёрий равишда ўзини ўзи рад этиши орқали ёки мажбуран четлаштириш;

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг лавозим мажбуриятлари ёки хизмат ваколатлари доирасини қайта кўриб чиқиш;

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин бўлган ахборотидан ва ҳужжатларидан фойдаланишига чекловлар белгилаш;

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг якка тартибда қарорлар қабул қилишга доир ваколатларини қонунчиликка мувофиқ амалга ошириши устидан коллегиал назоратни таъминлаш;

давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига ўзидаги шахсий манфаатдорликни қонунчиликка мувофиқ бартараф этиши тўғрисида таклифлар тақдим этиш;

ходим томонидан ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг манфаатларига зид бўлган шахсий манфаатдорлигидан воз кечиши;

давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг шахсий манфаатдорлигини бартараф этиш чораларини кўриш мумкин бўлмаган тақдирда, ходимнинг розилиги асосида уни аввалги лавозимига тенг бошқа лавозимга ўтказиш ёки меҳнат шартномасини (контрактни) умумий асосларда бекор қилиш.

Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича чоралар давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг розилиги билан кўрилиши керак.

Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар томонидан манфаатлар тўқнашувини тартибга солишга доир чораларни кўриш чоғида бирор-бир шахсларга, гуруҳларга ёки ташкилотларга афзаллик, устунлик беришга ёхуд давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг ходимларини, шунингдек фуқароларни камситишга йўл қўйилмайди.

Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар ўз ходими билан ўзаро келишувга кўра, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан қонунчиликда тақиқланмаган бошқа чораларни ҳам кўриши мумкин.



22-модда. Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ

ҳужжатларнинг махфийлигини таъминлаш


Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ва аниқлашда иштирок этадиган ходимларга ишониб топширилган ёхуд уларга касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан маълум бўлиб қолган шахсларнинг шахсга доир маълумотларини ошкор этишга йўл қўйилмайди.

Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг фаолиятидаги манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш чоғида шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.



23-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатлар

тўқнашуви ҳоллари тўғрисидаги мурожаатлари

ва хабарларини кўриб чиқиш


Жисмоний ва юридик шахсларнинг ходимдаги мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида давлат органларига ва бошқа ташкилотларга келиб тушган ҳар бир мурожаати ёки хабари қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади ҳамда текширилади.

Текшириш давомида аниқланган манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги билан боғлиқ ҳоллар тўғрисидаги маълумотлар одоб-ахлоқ комиссияси томонидан махсус бўлинма тақдим этганидан кейин ўн иш куни ичида кўриб чиқилади.

Одоб-ахлоқ комиссияси давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг раҳбарига манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш бўйича чораларни кўриш ёхуд ходимни тегишли жавобгарликка тортиш тўғрисида таклиф киритади.



24-модда. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги

ахборотнинг ҳисобини юритиш


Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрини юритади.

Мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувлари Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрига қуйидаги асосларга кўра киритилади:

давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга ишга қабул қилишда номзод томонидан тақдим этилган декларация асосида мавжуд манфаатлар тўқнашуви аниқланганда;

давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими бошқа ишга ўтказилган тақдирда, ўзидаги мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни хабар қилганда;

давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими томонидан тақдим этиладиган эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ҳар йилги декларация асосида мавжуд манфаатлар тўқнашуви аниқланганда;

мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабарнома тақдим этилганда;

эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларация тақдим этилганда;

расмий электрон маълумотлар базалари орқали давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимида манфаатлар тўқнашуви аниқланганда;

келиб тушган мурожаатга ёки хабарга асосан давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимида манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тасдиқланганда;

қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказиладиган хизмат ҳамда бошқа турдаги текширувлар натижасида давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимида манфаатлар тўқнашуви аниқланганда.

Манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрига ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган асослардан ташқари қуйидаги маълумотлар киритилади:

мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувларини тартибга солиш юзасидан кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотлар;

манфаатлар тўқнашувини ошкор этиш чоғида била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборотни тақдим этган ёхуд бундай ахборотни яширган давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига нисбатан кўрилган таъсир чоралари тўғрисидаги маълумотлар.

Махсус бўлинма аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолларининг ҳисоби ўз вақтида ва тўлиқ юритилиши учун жавобгардир.



25-модда. Манфаатлар тўқнашуви ҳолларини тартибга

солиш учун кўрилган чораларни кўриб чиқиш


Давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг одоб-ахлоқ комиссияси мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувлари тўғрисида ҳар ярим йилда хулоса қабул қилади ҳамда уларни тартибга солиш бўйича кўрилган чораларнинг етарлилигини (тўғрилигини) кўриб чиқади.

Давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг одоб-ахлоқ комиссияси аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолларини махсус бўлинма билан биргаликда таҳлил қилади ва давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимлари ўртасида тушунтириш ишларини олиб боради.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26-модда. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган

ҳолда қарорлар қабул қилиш ёки битимлар тузиш


Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарорлар ёки тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади.

Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарор ёки тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ушбу қарор қабул қилинганлиги ёки битим тузилганлиги натижасида олинган фойда битим бўйича олинган ҳамма нарсани қайтариб бериш тўғрисида талаб қўйилмаган ҳолда, суд тартибида давлат даромадига ўтказилади. Бунда ҳақиқий эмас деб топилган бундай битимнинг ижроси билан боғлиқ харажатларнинг ўрни манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган шахснинг ҳисобидан қопланади.

Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарор ёки тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилганлиги натижасида жисмоний ёки юридик шахсларга, шу жумладан давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга етказилган зарар давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг айбдор ходимларидан регресс тартибида ундириб олиниши мумкин.



27-модда. Давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг

манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича қабул

қилинган қарорлари устидан шикоят қилиш


Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар томонидан қабул қилинган қарорлар устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи ташкилотга, махсус ваколатли давлат органига ёки судга шикоят қилишга ҳақли.



28-модда. Низоларни ҳал этиш


Давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг фаолиятидаги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



29-модда. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



30-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш


1. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 9, 193-модда, N 12, 269-модда; 1996 йил, N 5-6, 69-модда, N 9, 144-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 4-5, 126-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 3, 38-модда, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда, N 7-8, 217-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, N 1, 20-модда, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 5, 67-модда, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда, N 9, 171-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 312-модда, N 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, N 6, 261-модда, N 9, 498-модда, N 10, 536-модда, N 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, N 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, N 9, 416, 421-моддалар, N 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, N 4, 181, 189, 192-моддалар, N 9, 486, 488-моддалар, N 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, N 1, 1-модда, N 9, 334, 335, 337-моддалар, N 10, 380-модда, N 12, 462, 468, 470, 472, 474-моддалар; 2010 йил, N 5, 175, 179-моддалар, N 6, 231-модда, N 9, 335, 339, 341-моддалар, N 10, 380-модда, N 12, 468, 473, 474-моддалар; 2011 йил, N 1, 1-модда, N 4, 104, 105-моддалар, N 9, 247, 252-моддалар, N 12/2, 365-модда; 2012 йил, N 4, 108-модда, N 9/1, 242-модда, N 12, 336-модда; 2013 йил, N 4, 98-модда, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 1, 2-модда, N 5, 130-модда, N 9, 244-модда, N 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, N 6, 228-модда, N 8, 310, 312-моддалар, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 1, 2-модда, N 4, 125-модда, N 9, 276-модда, N 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, N 4, 137-модда, N 6, 300-модда, N 9, 510-модда, N 10, 605-модда; 2018 йил, N 1, 1, 4, 5-моддалар, N 4, 224-модда, N 7, 430, 431, 432-моддалар, N 10, 671, 673, 679-моддалар; 2019 йил, N 1, 1, 3, 5-моддалар, N 2, 47-модда, N 3, 161, 165, 166-моддалар, N 5, 259, 261, 267, 268-моддалар, N 7, 386-модда, N 8, 469, 471-моддалар, N 9, 591, 592-моддалар, N 10, 674, 676-моддалар, N 11, 787, 791-моддалар, N 12, 880, 891-моддалар; 2020 йил, N 1, 4-модда, N 3, 203, 204-моддaлар, N 7, 449-модда, N 9, 539, 540-моддалар, N 10, 593, 596-моддалар, N 11, 651-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, N 1, 5, 7, 12, 13, 14-моддалар, N 2, 142-модда, N 3, 217-модда, N 4, 290, 293-моддалар, 4-сонга илова, N 8, 800, 802, 803-моддалар, N 9, 903-модда, N 10, 966, 967, 968, 973-моддалар, N 11, 1066-модда; 2022 йил, N 1, 1, 2-моддалар, N 2, 80, 81-моддалар, N 3, 215, 216-моддалар, N 4, 337-модда, N 5, 464, 465, 466, 467-моддалар, N 8, 787-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 175-8-модданинг тўртинчи қисмидаги "ва манфаатлар тўқнашуви" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


2) қуйидаги мазмундаги 193-4-модда билан тўлдирилсин:


"193-4-модда. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги

қонунчилик талабларини бажармаслик


Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахси ёки ходими томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида хабар бермаслик, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахсига маълум бўлиб қолган, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўрмаслик, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар давлат харидлари соҳасида содир этилган бўлса, -

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади";


3) 245-модданинг биринчи қисми "193-3" рақамидан кейин "193-4" рақами билан тўлдирилсин;


4) 245-10-модданинг биринчи қисмидаги "215-7-моддасида" деган сўзлар "193-4 ва 215-7-моддаларида" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 163-I-сонли ва 1996 йил 29 августда қабул қилинган 256-I-сонли қонунлари билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 2-сонга илова, N 11-12; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 5-6, 102-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 9, 229-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 182-модда; 2002 йил, N 1, 20-модда, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 5, 67-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда, N 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 4, 154-модда, N 9, 494, 498-моддалар; 2007 йил, N 1, 3, 5-моддалар, N 4, 156, 164-моддалар, N 8, 367-модда, N 9, 416-модда, N 12, 598, 608-моддалар; 2008 йил, N 4, 192-модда, N 12, 640-модда; 2009 йил, N 9, 337-модда; 2010 йил, N 9, 335, 337, 340-моддалар; 2011 йил, N 12/2, 363, 364, 365-моддалар; 2012 йил, N 4, 106, 109-моддалар, N 12, 336-модда; 2013 йил, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 5, 130-модда, N 12, 343-модда; 2015 йил, N 8, 310, 312-моддалар; 2016 йил, N 4, 125-модда; 2017 йил, N 4, 137-модда, N 9, 510-модда, N 12, 773-модда; 2018 йил, N 1, 4-модда, N 4, 224-модда, N 7, 433-модда, N 10, 673-модда; 2019 йил, N 3, 161, 166-моддалар, N 5, 267-модда, N 10, 671-модда, N 12, 880, 886-моддалар; 2020 йил, N 1, 3, 4-моддалар, N 10, 593-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, N 8, 801-модда, N 10, 968-модда; 2022 йил, N 2, 79-модда, N 3, 217, 218-моддалар, N 4, 3-модда, N 5, 46-модда, N 6, 570, 577-моддалар) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:


1) 114-модда қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ушбу битимни тузиш натижасида олинган фойда битим бўйича олинган ҳамма нарсани қайтариб бериш тўғрисида талаб қўйилмаган ҳолда, суд тартибида давлат даромадига ўтказилади. Бундай битимни ижро этиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган шахснинг ҳисобидан қопланади.

Коррупцияга йўл қўйилган ҳолда тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, бундай битимни тузиш натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни айбдор шахслар томонидан суд тартибида қопланади";


2) 116-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Коррупцияга, шу жумладан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилган битим суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади".


3. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январда қабул қилинган "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги ЎРҚ-419-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 1, 1-модда; 2019 йил, N 1, 5-модда, N 5, 267-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) 3-моддасининг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"манфаатлар тўқнашуви - шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият".



31-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



32-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



33-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 5 июнь


























































Время: 0.2537
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск