ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июнь, 2024 й. / Айрим тармоқларнинг фаолияти / Саноат /

Табиий газдан фойдаланиш Қоидалари (ЎзР ВМ 31.05.2024 й. 319-сон карорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 31 майдаги

319-сон қарорига

2-ИЛОВА



Табиий газдан фойдаланиш

ҚОИДАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар табиий газни етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасидаги талабларни белгилайди.


2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


авария ҳолатларида газ етказиб бериш жадваллари - авария ҳолатларида ёки газ қувурлари ва тармоқларининг технологик иш режими бузилган ҳолатларда, истеъмолчиларни газ тармоқларидан (қисман ёки тўлиқ) узиб қўйиш навбатини ҳисобга олган ҳолда, уларга табиий газни етказиб бериш жадваллари;


аралашиш ҳолати ва санасини тасдиқлайдиган ҳужжатлар - ҳисоблагич ёки ўлчов қисмларининг ишлашига аралашиш ҳолати ва санасини аниқлаш имконини берадиган маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар ёки материаллар;


бошқа истеъмолчилар - маиший истеъмолчилар тоифасига кирмаган табиий газдан фойдаланувчи истеъмолчилар;


газдан фойдаланиш ускунаси - энергия самарадорлиги, энергияни тежаш ва хавфсизлик талабларига жавоб берадиган, марказлаштирилган иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимларида иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш учун турли ишлаб чиқаришларнинг технологик жараёнларида табиий газдан ёқилғи сифатида фойдаланадиган қозонлар, ишлаб чиқариш печлари, утилизаторлар, технологик линиялар, компрессор ҳамда газдан хомашё сифатида фойдаланадиган қурилмалар, шунингдек, кўп квартирали ва турар жой биноларида ўрнатилган ҳамда газдан маиший эҳтиёж учун ёқилғи сифатида фойдаланиладиган ускуналар;


газ узатиш ташкилоти - табиий газни ташиш, сақлаш ва транзит қилишга ихтисослашган магистрал газ узатиш тизими оператори;


газ таъминоти ташкилоти - табиий газни газ узатиш ташкилотидан қабул қилувчи ва тақсимлаш тармоқлари орқали истеъмолчиларга шартнома асосида етказиб берувчи (сотувчи) ташкилот;


газ хўжалиги - истеъмолчиларга тегишли ҳудуддаги барча газдан фойдаланиш ускуналари, тармоқлар, зулфинлар, жўмраклар, электр кимёвий емирилишдан ҳимоялаш воситалари, газ тақсимлаш пунктлари (кейинги ўринларда - ГТП) ва газ тақсимлаш қурилмалари (кейинги ўринларда - ГТҚ);


газ тармоғининг бўлиниш чегараси - газ узатиш ташкилоти, газ таъминоти ташкилоти ва истеъмолчилар ўртасидаги газ тармоғининг ҳисоблагич ўрнатилиши лозим бўлган ва тегишлилиги бўйича аниқланадиган бўлиниш нуқтаси.

Бунда агар ҳисоблагичлар истеъмолчига тегишли ва истеъмолчининг ҳудудида бўлса, ташқи (узиб қўядиган) зулфин ёки жўмрак, агар ҳисоблагичлар газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотга тегишли бўлиб, истеъмолчи ҳудудидан ташқари бўлса - ҳисоблагич газ тармоғининг бўлиниш чегараси ҳисобланади;


газ ҳисоблаш ускунаси (кейинги ўринларда - ҳисоблагич) - бир ёки бир нечта функцияларни, хусусан табиий газ сарфини (ҳажмини), ҳароратини ва босимини ўлчаш, ҳисоблагичнинг ишлаш вақтини ҳисобга олиш, ўлчов кўрсаткичлари тўғрисидаги ахборотларни тўплаш, сақлаш ва акс эттириш, масофадан онлайн режимда автоматик тарзда ўчириб-ёқиш клапанига ҳамда табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига (кейинги ўринларда - ТГНҲАТ) уланиш имкониятига эга бўлган ўлчов - техник воситаси;


газлаштириш техник шартлари - истеъмолчининг янги ва қўшимча газдан фойдаланиш ускуналарини газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотининг газ қувурларига ёки тармоқларига улашнинг техник имкониятини яратадиган ва газлаштириш лойиҳа-техник ҳужжатларини (кейинги ўринларда - ЛТҲ) ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланадиган дастлабки ҳужжат;


газ тақсимлаш тармоқлари (кейинги ўринларда - газ тармоқлари) - газ таъминоти ташкилотининг ёки истеъмолчининг тасарруфида (балансида) бўлган табиий газни етказиб берувчи ҳамда тақсимловчи кўча ва уй ичида жойлашган газ тармоқлари комплекси.


захира ёқилғи - табиий газни етказиб бериш қисқарадиган ёки тўхтатиладиган даврда табиий газга муқобил манба сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган бошқа турдаги ёқилғи;


захира ёқилғи хўжалиги - захира ёқилғини сақлаш, узатиш ва ундан фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналар ва қурилмалар комплекси;


ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи истеъмолчилар - умумий ҳисоб қуввати соатига 100 кВт ва ундан юқори бўлган табиий газдан фойдаланиш ускуналарида маиший ва ишлаб чиқариш (тижорат) мақсадида фойдаланувчи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар;


ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмолчилар - табиий газни етказиб бериш шартлари ва рўйхати маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан белгиланадиган ижтимоий соҳа муассасалари ва бюджет ташкилотлари;


ишга тушириш-созлаш ишлари (кейинги ўринларда - ИТСИ) - техник коммуникациялар ва арматураларга эга газдан фойдаланиш ускунасини ишлашга тайёрлаш ва ишга тушириш, газдан фойдаланиш ускунаси юкламасини унинг эгаси ҳисобланган ташкилот билан келишилган даражагача етказиш, шунингдек, фойдали иш коэффициентини мақбуллаштирмасдан газдан фойдаланиш ускунасининг иситиш режимини созлашдан иборат бўлган ишлар комплекси;


коммунал-маиший истеъмолчилар - умумий ҳисоб қуввати соатига 100 кВтгача бўлган табиий газдан фойдаланиш ускуналарида маиший ва ишлаб чиқариш (тижорат) мақсадида фойдаланувчи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар;


кўрсаткичларни назорат учун олиш - масъул ходим томонидан ҳисоблагич кўрсаткичларини ёзиб олиш ва ўрнатилган пломбалар бутунлигини кўздан кечириш;


қисман ўчириладиган истеъмолчилар - табиий газни етказиб бериш шартлари ва рўйхати маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан белгиланадиган, куз-қиш мавсумида ҳаво ҳарорати пасайиб кетган даврларда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида фақатгина ишлаб чиқариш фаолияти ўчириладиган, лекин иситиш тизимидаги газдан фойдаланиш ускуналари ўчирилмайдиган (ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган) истеъмолчилар;


мавсумий истеъмолчилар - газлаштириш техник шартларига мувофиқ табиий газдан асосий ёқилғи сифатида маълум бир давр мобайнида фойдаланувчи истеъмолчилар;


маиший истеъмолчилар - турар жойларда маиший (овқат тайёрлаш, иссиқ сув ва иситиш) эҳтиёжлар учун табиий газдан ёқилғи сифатида фойдаланувчи аҳоли;


маиший мақсадларда газдан фойдаланиш - турар ва нотурар жойларда, ишлаб чиқариш объектларида, ташкилотларда овқат тайёрлаш, иссиқ сув ва иситиш учун табиий газдан ёқилғи сифатида фойдаланиш;


магистрал газ қувури (кейинги ўринларда - газ қувурлари) - таркибида ҳалқалари (лупинглари) ва тармоқлари бўлган, газни узоқ масофага етказиб беришга мўлжалланган қувур;


табиий газда ишлайдиган иситиш жиҳозлари ва дудбуронларни даврий кўрикдан ўтказиш хизмати - тегишли далолатнома тузган ҳолда таъмирлаш, шунингдек, дудбуронлар ва шамоллатиш тизимларини кўрикдан ўтказиш, тозалаш ва носозликларни бартараф этиш ишлари билан шуғулланувчи ихтисослашган ташкилот;


режим-созлаш ишлари (кейинги ўринларда - РСИ) - ускуналарни ишлаб чиқарувчи завод томонидан белгиланган техник параметрларида (паспортида) кўрсатилган иш юкламалари оралиғида фойдали иш коэффициентига эришиш мақсадида газдан фойдаланиш ускуналарини созлаш, ёқилғи ёқиш жараёнларини тартибга солиш воситаларини, иссиқликни утилизация қилувчи ва ёрдамчи ускуналарни созлашни ўз ичига оладиган ишлар комплекси;


сўнгги кўрик далолатномаси - газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ва трейдерлар ваколатли ходимлари томонидан ўзларига бириктирилган ҳудудларда зиммасига юкланган вазифалари доирасида ўтказилган назорат тадбирлари, газ истеъмоли ҳажмини аниқлашга таъсир кўрсатадиган барча зарур маълумотларни акс эттирувчи охирги электрон ёки қоғоз шаклда расмийлаштирилган ҳужжат;


стратегик аҳамиятга эга бўлган истеъмолчилар - узлуксиз фаолият кўрсатувчи ишлаб чиқариш-технологик объектларга эга бўлган ҳамда табиий газни етказиб бериш шартлари ва рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган истеъмолчилар;


табиий газ - газ ёки нефть хомашёсини қайта ишловчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган, шунингдек республикага импорт қилинадиган, ёқилғи ёки хомашё сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳамда физик-кимёвий кўрсаткичлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланадиган гази;


табиий газ ишлаб чиқарувчилар - табиий газни қабул қилиш, қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ва етказиб беришни, шунингдек углеводород хомашёсини қабул қилиш ва қайта ишлаш орқали табиий газни етказиб бериш фаолиятини амалга оширадиган ташкилотлар;


табиий газни етказиб бериш шартномаси - газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотлари ёки трейдер ташкилотига табиий газни истеъмолчига ўзининг газ қувурлари (тармоқлари) орқали етказиш, истеъмолчига эса қабул қилинган табиий газ учун тўловни амалга ошириш, шунингдек, мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши мажбуриятини юклайдиган битим;


тўлиқ ўчириладиган истеъмолчилар - табиий газни етказиб бериш шартлари ва рўйхати маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан белгиланадиган, куз-қиш мавсумида ҳаво ҳарорати пасайиб кетган даврларда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида газ тармоқларидан тўлиқ ўчирилиши белгиланадиган (ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган) истеъмолчилар;


трейдер - табиий газни марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш билан шуғулланувчи юридик шахс (газ узатиш ва газ таъминоти ташкилотлари бундан мустасно);


ҳисоб-китоб даври - табиий газ истеъмолининг сарфи (ҳажми) аниқланиши, истеъмол қилинган табиий газ учун истеъмолчи ва газ таъминоти ташкилоти ўртасида ўзаро ҳисоб-китоб амалга оширилиши зарур бўлган вақт оралиғи (ой);


хатлов далолатномаси - ваколатли ходимлар томонидан истеъмолчи иштирокида истеъмолчининг табиий газ истеъмоли ҳажмини аниқлашга таъсир кўрсатадиган барча маълумотлари (номланиши, манзили ва реквизитлари, ҳисоблагичлар ва уларнинг кўрсаткичлари, ҳисоблагичлар ва бошқа қурилмаларга ўрнатилган пломбаларнинг бутлиги ва газдан фойдаланиш ускунасининг техник тавсифлари, газ хўжалигининг лойиҳа маълумотлари, расмийлаштириш санасидаги ҳисоб-китоблар ҳолати, ваколатли органлар томонидан табиий газдан оқилона фойдаланиш бўйича берилган хулосаларнинг мавжудлиги, шунингдек, маиший истеъмолчилар бўйича яшовчилар, уй ҳайвонлар сони ва иситиладиган бинолар ҳажми) акс эттирилган ҳужжат;


чеклов киритиладиган истеъмолчилар - табиий газни етказиб бериш шартлари ва рўйхати маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан белгиланадиган, куз-қиш мавсумида ҳаво ҳарорати пасайиб кетган даврларда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида сутканинг маълум бир вақтларида вақтинча табиий газни етказиб берилиши тўхтатиладиган (ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган) истеъмолчилар.



2-БОБ. ИСТЕЪМОЛЧИЛАР, ГАЗ ТАЪМИНОТИ

ТАШКИЛОТЛАРИ ВА НАЗОРАТ ОРГАНЛАРНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


3. Маиший истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

табиий газнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган ҳажмларда ва сифатда, узатиш (етказиш) режимига риоя қилган ҳолда узлуксиз етказиб берилишини талаб қилиш;

табиий газни етказиб бериш шартномаси бекор қилинганда, фойдаланилмаган газ ҳажми учун тўланган суммани қайтаришни талаб қилиш;

табиий газни етказиб бериш шартномасини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бир томонлама бекор қилиш;

табиий газни узатилиши тўхтатилиши натижасида вужудга келган (белгиланган тартибда тегишли ҳужжатлар асосида тасдиқланадиган) зарарни қоплашни талаб этиш;

газ таъминоти ташкилоти вакилини, қайта уланиш учун қўшимча ҳақ тўламасдан, газдан фойдаланиш ускуналарини газ таъминотидан вақтинча ёки тўлиқ узиб қўйиш мақсадида чақириш.

Маиший истеъмолчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


4. Маиший истеъмолчиларнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

янги турар жойларга кўчиб ўтилганда ҳамда мавжуд уй-жой фондини газлаштириш давомида газ хўжалигида хавфсизлик қоидалари бўйича газ таъминоти ташкилоти ходими томонидан берилган зарур кўрсатмалар билан танишиш;

ўз тасарруфидаги газ тармоқлари, газдан фойдаланиш ускуналари, шунингдек, фойдаланилаётган ертўлалар, техник йўлаклар ва бошқаларда электр ёритиш ва шамоллатиш тизимининг доимий ишлашини таъминлаш, биноларнинг ертўлаларидаги ер ости газ тармоқларини бинога кирган қисмининг мустаҳкамлиги ва зичлигини таъминлаш. Бунда:

кўп квартирали ва турар жой биноларидаги газ плиталар - икки йилда бир марта;

бошқа газдан фойдаланиш ускуналарини - буюртма асосида бир йилда бир марта газ таъминоти ташкилоти ёки тегишли ваколатга эга бўлган ташкилотларни жалб қилган ҳолда техник тафтишдан ўтказилишини таъминлаш;

фавқулодда вазият ва авария ҳолатларида, куннинг исталган вақтида ўз хизмат гувоҳномаларини кўрсатган ваколатли ходимларини газ сизиб чиқиш ҳолатини текшириш учун барча ертўлалар, техник йўлаклар, хоналарга киришини таъминлаш;

белгиланган тартибда дудбуронлар ва шамоллатиш тизимларининг ҳолатини ўз вақтида текширилишини ташкил қилиш;

дудбуронлар ва шамоллатиш тизимларидаги носозликлар тўғрисида табиий газда ишлайдиган иситиш жиҳозлари ҳамда дудбуронларни кўрикдан ўтказиш хизматларига носозликларни тузатиш учун зудлик билан хабар бериш ва хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чораларни кўриш;

газ таъминоти ташкилотини газ таъминотини вақтинча тўхтатиш мақсадида турар жойларнинг бузилиши ва (ёки) қурилиши ҳақида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилиш;

газ таъминоти ташкилотининг техника хавфсизлиги ва газ хавфсизлигини таъминлаш масалаларида мажбурий кўрсатмаларини бажариш;

уй ичи газ тармоғини коррозия ва бошқа таъсирдан ҳимоя қилиш чораларини кўриш, мунтазам равишда бўяб туриш;

табиий газдан оқилона фойдаланиш, табиий газдан фойдаланишда сертификатланган газдан фойдаланиш ускуналарини ўрнатиш, уларни хавфсизлик автоматика тизимлари билан жиҳозлаш;

фойдаланилган табиий газ ва газдан фойдаланиш ускунаси ҳамда уй ичи газ тармоқларига хизмат кўрсатиш доирасида бажарилган ишлар учун газ таъминоти ташкилоти билан белгиланган хизмат кўрсатиш тарифлари бўйича ўз вақтида ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

газдан фойдаланиш ускунасини тоза сақлаш, овқат тайёрлаш жараёнида газ ёндиргичларни ифлосланишдан сақлаш;

газлаштириш лойиҳаси - ЛТҲ сақланишини таъминлаш ҳамда уни газ таъминоти ташкилоти ва бошқа ваколатли давлат органлари вакили талаби билан тақдим қилиш;

ертўла, йўлак, ҳовли, кўчада табиий газ ҳиди сезилган тақдирда, авария хизматига "104" ёки "112" телефони орқали хабар бериш;

газ билан тўлган (тўпланиб қолган) жойлардан одамларни олиб чиқиш, электр ёритиш тизимларини ёниб ёки ўчиб қолиши, очиқ олов ёки учқун пайдо бўлишининг олдини олиш бўйича амалий чоралар кўриш;

газ таъминоти ташкилоти ваколатли ходимларига соат 08:00 дан 20:00 гача ҳисоблагичларни кўздан кечириш, ички газ тармоқлари ва газдан фойдаланиш ускуналарига техник ҳамда профилактика хизматларини кўрсатиш учун қаршиликсиз киришини таъминлаш;

ҳисоблагичлар кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларнинг ишлашига тўсқинлик қилувчи ҳаракатларни амалга оширмаслик, уларга қасддан шикаст етказишнинг олдини олиш ва ўрнатилган пломбаларнинг бутунлигини таъминлаш;

одамлар ухлайдиган ва дам оладиган хоналарда очиқ оловда ишлайдиган газдан фойдаланиш ускуналаридан (табиий газда ишлайдиган иситиш жиҳозлари, қозонлари) фойдаланмаслик, бундай ускуналарни газлаштириш лойиҳаси асосида ўрнатиш, одамлар ухлайдиган ва дам оладиган хоналарни иситиш тизимларида фақатгина сув иситиш қозонларидан фойдаланишни таъминлаш.


5. Бошқа истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

шартнома асосида етказиб берилган табиий газнинг аниқланган ҳажмига ва бошқа параметрларга норози бўлган тақдирда, газ етказиб берувчи ташкилот ҳисоблагичларининг ишлаш ишончлилигини текшириш учун ишчи комиссияни ташкил этиш;

табиий газнинг техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларида белгиланган кўрсаткичларда ва етказиб бериш режимига риоя қилган ҳолда узатилишини талаб қилиш;

табиий газни етказиб бериш шартномасини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бир томонлама бекор қилиш;

табиий газни етказиб бериш шартномаси бекор қилинганда, фойдаланилмаган газ ҳажми учун тўланган суммани қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайтариб олиш;

табиий газни етказиб берилишини тўхтатилиши натижасида вужудга келган (белгиланган тартибда тегишли ҳужжатлар асосида тасдиқланадиган) зарар қопланишини;

табиий газни етказиб бериш вақтинча тўхтатилишини талаб этиш.

Бошқа истеъмолчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


6. Бошқа истеъмолчиларнинг мажбуриятлари:

табиий газдан оқилона ва самарали фойдаланиш;

ўз тасарруфидаги газ қувурлари ва газ хўжалиги ускуналарини техник соз ҳолатда сақлаш, бинолар ертўлалардаги ер ости коммуникацияларининг бинога кирган қисмининг мустаҳкамлиги ва зичлигини таъминлаш, шунингдек биноларнинг қурилиш элементлари билан газ тармоқларининг ўзаро кесишган жойларини кузатиб бориш;

газ тармоқларида ёки газдан фойдаланиш ускуналарида вужудга келган табиий газнинг сизиб чиқиши ҳолати ҳақида газ таъминоти ташкилотини зудлик билан хабардор қилиш;

ўзининг газ тармоқлари дахлсизлигини таъминлаш ва эҳтимоли бўлган рухсатсиз уланишларни аниқлаш мақсадида тармоқларни ва улардаги ускуналарни мунтазам равишда кўздан кечириб чиқиш;

газ таъминоти ташкилотларининг газ тармоқларига сертификатланмаган, ЛТҲга мувофиқ бўлмаган газдан фойдаланиш ускунасининг уланишига йўл қўймаслик;

ваколатли ходимларни (тегишли хизмат гувоҳномаси кўрсатилган тақдирда) ҳисоблагичларни ва/ёки газдан фойдаланиш ускуналарини, давлат ёнғиндан сақлаш хизмати ходимларини дудбурон ва шамоллатиш тизимларини куннинг исталган вақтида эркин кўздан кечиришларини таъминлаш;

газдан фойдаланиш ускунасидаги носозликларни (бундай турдаги ишларни бажариш ҳуқуқига эга бўлган ихтисослаштирилган бригадалар ёки ходим ёрдамида) бартараф этиш;

ҳисоблагич кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларнинг ишлашига тўсқинлик қилувчи ҳаракатларни амалга оширмаслик, уларнинг қасддан бузилишига йўл қўймаслик ва ўрнатилган пломбаларнинг бутунлигини таъминлаш;

ҳисоблагич ишидаги носозлик аниқланган тақдирда, газ таъминоти ташкилотини ўзи учун қулай шаклда дарҳол хабардор қилиш;

ўзининг газ хўжалигидаги ҳисоблагичларидан газ таъминоти ташкилотининг ТГНҲАТга онлайн тарзда маълумотлар узатилишини таъминлаш;

газ тармоғи транзит сифатида ташкилот ҳудудидан ўтказилган ҳолларда ушбу ҳудуд эгаси газ таъминоти ташкилотининг газ тармоғини текшириб туриш ва унга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, авария ҳолларининг олдини олиш ҳамда улар юзага келганда бартараф этиш учун газ таъминоти ташкилоти вакилини ушбу ташкилот ҳудудига кириши учун зарур шароит яратиши;

ҳисоблагични газ тармоғининг бўлиниш чегарасига (кузатув мосламалари ҳамда кириш эшиги очилганда сигнал берувчи қурилмалар билан таъминланган бинога (контейнерга) ўрнатиш ҳамда уни газ таъминоти ташкилоти ваколатли ходими томонидан доимий назорат қилиниши учун зарур шароит яратиш;

газ тармоқлари бино ва иншоотларнинг том, девор ва пол ости қисмидан ёпиқ ҳолда ўтказмасликни (монтаж қилинмаслигини) таъминлаш;

ўзининг газ хўжалигидаги ер остидан ўтказилган газ қувурларининг трассаси бўйлаб зарур огоҳлантирувчи белгиларни ўрнатиш;

газдан фойдаланиш ускуналарининг уланиш жойларида метан ва ис гази сизиб чиқишини барвақт аниқлайдиган, хабар (сигнал) берадиган ва газ сизиб чиқиш ҳолатларида газни тармоқдан клапан орқали автоматик тарзда ўчириб қўядиган газ анализаторлари билан таъминлаш;

Ўзэнергоинспекция ва газ таъминоти ташкилоти ўзларининг ваколатлари доирасида (табиий газдан ноқонуний ва самарасиз фойдаланишни олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш ва бошқа йўналишларда) берилган кўрсатмаларни бажариш;

табиий газдан фойдаланишда сертификатланган, энергия тежамкор бўлган газдан фойдаланиш ускуналарини ўрнатиш, хавфсизлик автоматикаси билан жиҳозлаш.


7. Табиий газдан фойдаланишда қуйидагилар тақиқланади:

ўзбошимчалик билан газлаштириш, газдан фойдаланиш ускунасини мустақил равишда кўчириш, алмаштириш ва таъмирлашга;

газдан фойдаланиш ускунаси жойлашган хоналарда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга номувофиқ тарзда қайта режалаштириш ва қурилиш-монтаж ишларини бажаришга;

газдан фойдаланиш ускунаси, дудбурон ва шамоллатиш тизимларининг конструкциялари ва ўрнатилган элементларига (қисмларига) ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритишга, шунингдек, дудбуронларни тозалашга мўлжалланган шамоллатиш тизимларини ва люкларни ёпиб қўйишга;

хавфсизлик ва тартибга солиш автоматика тизимларини ўзбошимчалик билан ўчиришга, газдан фойдаланиш ускуналари, автоматика ва беркитиш арматуралари яроқсиз ҳолга келган тақдирда газдан фойдаланишга;

табиий газда ишлайдиган иситиш жиҳозлари ҳамда дудбуронларда синч зичлиги, сувоқдаги (ёриқлар) бузилиши ҳолатлари юзага келганда, дудбурон ва шамоллатиш тизимлари яроқлилиги ҳақидаги далолатнома мавжуд бўлмаганда ёки унинг муддати ўтганда, шунингдек, газдан фойдаланиш ускуналари техник тафтишдан ўтказилмаганда ҳамда дарчалар (фрамугалар), жалюза панжаралари, шамоллатиш тизими панжаралари, ҳаммом ва ошхона эшиклари остидаги тирқишларнинг ёпиқ ҳолатларида, дудбурон ва шамоллатиш тизимларида тортиш кучи йўқ бўлганда, газдан фойдаланиш ускуналаридан фойдаланишга;

дудбурон ва шамоллатиш тизимларини ўзбошимчалик билан тозалашга;

ишлаб турган газдан фойдаланиш ускуналарини қаровсиз қолдиришга (узлуксиз ишлаб туришни назарда тутадиган ва бунинг учун тегишли автоматлаштирилган тизимга эга газдан фойдаланиш ускуналари бундан мустасно);

газдан фойдаланиш ускуналаридан ўн икки ёшгача бўлган болалар ва ўз хатти-ҳаракатларини назорат қила олмайдиган шахсларни фойдаланишига йўл қўйишга;

газ қувурларига (тармоқларига) юкларни осиш ва оғир вазнли буюмларни устига қўйишга;

табиий газ ва газдан фойдаланиш ускуналаридан бошқа мақсадларда, шунингдек, газ плиталаридан ҳамда очиқ оловда ишлатиладиган газдан фойдаланиш ускуналаридан хоналарни иситиш учун фойдаланишга;

газдан фойдаланиш ускунаси ўрнатилган хоналарда ухлаш ва дам олиш мақсадида фойдаланишга;

табиий газ сизиб чиқиш жойларини аниқлаш учун очиқ оловдан фойдаланишга;

ТГНҲАТга уланган ҳисоблагичларга ўрнатилган модем қурилмасини газ таъминоти ташкилоти ваколатли ходимини хабардор қилмасдан ўчириб қўйишга ёки алмаштиришга.


8. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий давлат ёнғин назорат органлари ҳар йили иситиш мавсуми бошланишидан олдин аҳоли хонадонлари ҳамда турар жойлардаги дудбурон ва шамоллатиш каналларининг техник ҳолатини тафтишдан ўтказади. Тафтиш натижалари бўйича аниқланган носозликларни бартараф этади ҳамда ушбу соҳада давлат, идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизматлари томонидан дудбуронларни текшириш, профилактик хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини бажаради ва назоратга олади.

Газ хўжалигида хавфсизлик қоидалари ва мазкур Қоидаларга риоя этмаслик натижасида содир бўладиган салбий оқибатлар учун жавобгарлик газ тармоғининг бўлиниш чегарасига мувофиқ равишда тегишли газ тармоғи эгасининг зиммасига юклатилади.


9. Газ таъминоти ташкилоти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

техник заруратга кўра истеъмолчини мазкур Қоидаларга мувофиқ белгиланган тартибда хабардор қилган ҳолда, истеъмолчига етказиб бериладиган табиий газни қисқартириш ёки тўхтатиш;

газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари аниқланганда ва истеъмолчилар томонидан мазкур Қоидаларнинг 129, 133 ва 134-бандларида белгиланган мажбуриятларни бажармасдан ўзи ва ўзгаларнинг хавфсизлиги учун хавф туғдирганда, ушбу истеъмолчиларни дарҳол газ тармоғидан узиш;

истеъмолчилардан мазкур Қоидаларни ва табиий газни етказиб бериш шартномаси шартларини бажарилишини талаб қилиш;

табиий газни етказиб бериш шартномасини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бир томонлама бекор қилиш;

газ тармоқларида авариянинг олдини олиш ёки бартараф этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш зарурати юзага келганда, истеъмолчи билан келишмасдан ва уни огоҳлантирмасдан, лекин зудлик билан хабардор қилган ҳолда, табиий газни етказиб беришни тўхтатиш ёки чеклаш;

мазкур Қоидаларнинг 129, 130 ва 134-бандларида назарда тутилган ҳолатларда, аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилгунига қадар аввалдан огоҳлантирмаган ҳолда газ етказиб беришни тўхтатиш;

ҳисоблагичларга уларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида ташқаридан аралашилганда, ўрнатилган пломбаларнинг бутунлиги бузилганда ва пломбалар узилган ҳолатларда газ тармоқларига рухсатсиз уланганда, мазкур Қоидаларнинг 127, 129, 130 ва 134-бандларида белгиланган чораларни қўллаш;

истеъмолчиларнинг газдан фойдаланиш ускуналари белгиланган муддатда техник кўрикдан ўтказилмаганлиги ёки истеъмолчи томонидан ушбу ускуналарни техник кўрикдан ўтказишдан бош тортиши, ушбу истеъмолчиларни вақтинча табиий газ тармоғидан узиб қўйиш;

истеъмолчиларнинг эскирган ва яроқсиз ҳолга келган газдан фойдаланиш ускуналари, таъмирталаб газ тармоқлари ва газ тақсимлаш пунктларига табиий газни етказиб беришни тўхтатиш;

металл прокати ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан индукцион печлардан фойдаланган ҳолда қурилиш ишлари учун ишлаб чиқарилган металл прокати қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга номувофиқ деб топилган тақдирда, улар билан тузилган табиий газни етказиб бериш шартномасини бир тарафлама бекор қилиш.


10. Газ таъминоти ташкилоти қуйидагиларга мажбур:

ўзининг тасарруфидаги газ тармоқларини соз ҳолатда сақлаш ва уларда ўз ҳисобидан зарур таъмирлаш-тиклаш ишларини бажариш;

ўз газ тармоқларининг техник ҳолатини ва уларга рухсатсиз уланиш ҳолатларини аниқлаш учун тармоқларни даврий кўздан кечириш;

табиий газни етказиб бериш қисқарган ёки тўхтаган тақдирда, бу тўғрисида истеъмолчиларни ўз вақтида хабардор қилиш;

табиий газнинг рухсатсиз истеъмол қилинганлиги, газ тармоқлари моддий бойликларининг талон-торож қилинганлиги тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини кечиктирмасдан ўз вақтида хабардор қилиш;

ҳисоблагич кўрсаткичларини ҳар ойда киритиб бориш ва интерактив хизматларнинг бошқа имкониятларидан фойдаланиш учун истеъмолчиларга ҳақ ундирмасдан шахсий кабинет очиш имконини бериш;

маиший истеъмолчининг аризасига асосан истеъмол қилинган табиий газ бўйича ҳисоб-китоб ҳолати ҳамда қарздорлик мавжуд эмаслиги (мавжудлиги) ҳақида маълумотномани икки иш куни ичида ҳақ ундирмаган ҳолда тақдим этиш;

истеъмолчига табиий газни етказиб бериш шартномасида кўрсатилган шартларга мувофиқ газ етказиб бериш. Баҳор-ёз даврида барча истеъмолчиларга газ етказиб бериш учун ресурслар ва қувватлар етарли бўлмаган ҳолатларда, истеъмолчилар ўртасида газ ресурсларининг тақсимотини Энергетика вазирлиги билан келишилган кўрсаткичларга мувофиқ амалга ошириш;

истеъмолчиларга зарур йўриқномаларни бериш (ўтказиш) ва газ хўжалигида ўрнатилган газдан фойдаланиш ускуналаридан ва ҳисоблагичлардан хавфсиз фойдаланиш бўйича эслатмаларни топшириш. Бунда йўриқномалар ваколатли ходим томонидан ўтказилиб, табиий газни етказиб бериш шартномаси иловасига белги қўйилиши ва истеъмолчи томонидан имзоланиши шарт. Эслатмада эса газ таъминоти ташкилотининг авария хизмати телефон рақамлари кўрсатилади;

ваколатли давлат органларининг, шу жумладан, Ўзэнергоинспекциянинг мажбурий кўрсатмаларини бажариш;

истеъмолчининг ёзма, оғзаки ва электрон буюртмаси асосида уч иш кунида газдан фойдаланиш ускуналарига техник хизмат кўрсатиш;

олдиндан тўловни амалга оширмаган ҳамда истеъмол қилинган табиий газ учун қарздорлик мавжуд бўлган ҳолларда истеъмолчиларнинг газ таъминотини тўхтатиш (узиш);

ҳисоблагичга ва бошқа қурилмаларга (жумладан, ҳисоблагичдан олдинги ва кейинги монометрларга) пломба қўйиш;

ҳисоблагич ва бошқа қурилмаларга ўрнатилган QR-кодли пломбаларни электрон дастури (Биллинг тизими) орқали юритиш;

ҳисоблагичнинг ички конфигурация маълумотларини ўзгартиришнинг олдини олиш мақсадида ҳисоблагич клавиатураси ва портини узиб қўйиш;

Газ таъминоти ташкилоти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Истеъмолчи томонидан берилган ёзма, оғзаки ва электрон буюртмаси асосида белгиланган тарифлар бўйича газдан фойдаланиш ускуналарига техник хизмат кўрсатиш ишлари қуйидаги муддатларда амалга оширилади:

овқат тайёрлаш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида - бир кун давомида;

табиий газ сизиб чиқишида - дарҳол. Бундай ҳолатлар газ таъминоти ташкилотининг авария хизмати томонидан бартараф этилади;

иситиш мавсумида иситиш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида - бир кун давомида;

иссиқ сув ва иситиш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида (иситиш мавсумидан ташқари вақтда) - икки кун давомида;

газдан фойдаланиш ускуналарини алмаштиришда - беш кун давомида.


12. Газ таъминоти ташкилоти ёки Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг тегишли рухсатномасига эга бўлган юридик шахслар истеъмолчилардан келиб тушган ёзма, оғзаки ва электрон буюртмалар асосида газдан фойдаланиш ускуналари ва газ тармоқларига белгиланган тарифлар ва табиий газни етказиб бериш шартномаси асосида белгиланган муддатларда техник хизмат кўрсатади.

Истеъмолчиларга кўрсатилаётган техник хизматлар рақамлаштирилган дастурий таъминот орқали рўйхатга олинади, кўрсатилган хизматлар тўғрисидаги маълумотлар истеъмолчиларга СМС-хабар орқали юборилади.


13. Табиий газни ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш, истеъмол қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назорати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзэнергоинспекция томонидан амалга оширилади.

Ўзэнергоинспекциянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари унинг фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Ўзэнергоинспекциянинг ваколатли ходимлари томонидан табиий газдан самарасиз ва нооқилона фойдаланиш, табиий газни истеъмол қилиш режимига риоя қилмаслик ва табиий газ қурилмаларининг авария хавфини туғдирадиган ёки одамлар ҳаётига хавф соладиган қониқарсиз техник ҳолати, газ тармоқларига ноқонуний уланиш, ҳисоблагичларга қасддан шикаст етказганлик, ҳисоблагичлар кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш ҳолатлари аниқланганда, тегишли газ таъминоти ташкилотига ёки истеъмолчига ушбу қурилмаларга газ етказиб беришни тўхтатилиши тўғрисида мажбурий кўрсатма бериш ҳуқуқига эга.

Ўзэнергоинспекция томонидан истеъмолчида табиий газдан нооқилона фойдаланганлик, табиий газни тежаш бўйича ташкилий-техник тадбирларни бажармаслик, техник шарт талабларига мувофиқ қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этмаслик ҳолатлари аниқланганда (тегишли расмийлаштирилган далолатномага мувофиқ), газ таъминоти ташкилоти ушбу ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, табиий газ истеъмолининг шартномада белгиланган миқдорларини камайтиришга ҳақли.



3-БОБ. ТАБИИЙ ГАЗГА БЎЛГАН ЙИЛЛИК

ЭҲТИЁЖНИ АНИҚЛАШ


14. Истеъмолчилар (маиший истеъмолчилардан ташқари) ҳар йили 15 июлгача газ таъминоти (трейдер) ташкилотига келгуси йил учун ойлар кесимида тақсимланган табиий газ истеъмолининг прогноз ҳажмлари бўйича буюртма беради.


15. Табиий газни ишлаб чиқарувчилар ҳар йили 1 августга қадар келгуси йил учун табиий газни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳамда газ узатиш ташкилотнинг магистрал газ қувурларигача етказиб бериладиган ҳажмларни, ўзининг газга бўлган эҳтиёжлари ва технологик йўқотишларини аниқлайди.


16. Келгуси йил учун табиий газга бўлган эҳтиёж ишлаб чиқариладиган маҳсулот (ишлар, хизматлар) бирлиги учун техник ва илмий асосланган меъёрларга мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқаришнинг прогноз ҳажмларини ҳисобга олган ҳолда, табиий газнинг икки йиллик (ҳар чораклик) амалдаги сарфи ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларига боғлиқ равишда истеъмолчи томонидан тегишли ҳисоб-китоблар билан асосланган бўлиши керак.

Маиший ва коммунал-маиший истеъмолчиларнинг келгуси йилда табиий газга бўлган эҳтиёжи табиий газни белгиланган истеъмол қилиш меъёрлари ва (ёки) икки йиллик (ҳар чораклик) амалдаги сарфи асосида газ таъминоти ташкилотлари томонидан аниқланади.


17. Газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотлари ҳар йили 1 сентябргача газ транспорт тизими техник жиҳатдан барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида ўз эҳтиёжлари ва технологик йўқотишларга сарфланадиган ҳамда истеъмолчиларга етказиб бериладиган газ ҳажмларига бўлган эҳтиёжни (ойлар кесимида) тақсимлаган ҳолда (келгуси йилда янги ишга тушириладиган объектлар учун захира ҳажмларини назарда тутган ҳолда), келгуси йил учун табиий газ эҳтиёжининг прогнозини шакллантиради ҳамда Энергетика вазирлигига тақдим этади.


18. Энергетика вазирлиги тақдим этилган буюртмалар асосида ресурс ва газ узатиш имкониятлари, шунингдек, республикадаги истеъмолчиларнинг эҳтиёжлари ва табиий газ экспорти ҳажмларини ҳисобга олиб, табиий газ ресурсига бўлган эҳтиёжни ойлар кесимида тақсимлаган ҳолда, республика бўйича келгуси йил учун табиий газ ресурслари ва истеъмоли балансини ишлаб чиқади ҳамда келгуси йил учун республика бўйича табиий газ ресурслари ва истеъмоли баланси лойиҳасини тайёрлаш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 1 октябрга қадар тақдим этади.


19. Энергетика вазирлиги келгуси йил учун республика бўйича табиий газ ресурслари ва истеъмолининг тасдиқланган балансига мувофиқ ҳар йили 1 декабрга қадар трейдер ва газ таъминоти ташкилотларига табиий газни етказиб бериладиган йиллик ва ойлик ҳажмларини тақдим этади. Трейдер ташкилоти томонидан ўз навбатида магистрал газ қувурларига уланган истеъмолчиларга табиий газни етказиб беришнинг йиллик ва ойлик ҳажмларини газ узатиш ташкилотига юборади.

Газ таъминоти ташкилотлари истеъмолчиларнинг (маиший истеъмолчилардан ташқари) буюртмаларини табиий газ ресурслари ва истеъмолининг тасдиқланган балансига мувофиқ белгиланган ҳажмлар доирасида қайта кўриб чиқишга ҳақлидир.


20. Қуйидаги истеъмолчиларга табиий газни етказиб беришда устуворлик берилади:

маиший истеъмолчиларга;

идоравий ва муниципал уй-жой фондига, юридик шахслар ётоқхоналарига ва уй-жой мулкдорлари ширкатларига - аҳолини газ билан таъминлаш мақсадида ҳамда локал қозонхоналарга - аҳолининг маиший эҳтиёжлари учун;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмолчиларга.



4-БОБ. МАИШИЙ ВА КОММУНАЛ-

МАИШИЙ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИ ТАБИИЙ ГАЗ

ТАРМОҚЛАРИГА УЛАНИШ УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


21. Истеъмолчилар (шу жумладан, умумий ҳисоб қуввати соатига 100 кВт.гача бўлган газдан фойдаланиш ускуналарига эга оилавий корхоналар) амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талаблар асосида газлаштириш ишларини бажариш ҳуқуқига эга ташкилотлар томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилган ҳолда, ишлаб чиқилган газлаштириш лойиҳаларига асосан табиий газ билан таъминланади.


22. Истеъмолчиларни қуйидаги тартибда табиий газ билан таъминлашнинг техник имкониятлари кўриб чиқилади:

истеъмолчи давлат хизматлари маркази (кейинги ўринларда - ДХМ) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали газ таъминоти ташкилотига газлаштириш ҳақидаги аризани тақдим этади;

табиий газ ресурслари ва истеъмоли баланси ҳамда газ тақсимлаш тизимининг техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, истеъмолчи объектини газлаштириш бўйича техник имкониятлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш мақсадида газ тақсимлаш тармоқларига уланадиган истеъмолчиларнинг объектлари газ таъминоти ташкилотининг мутахассислари томонидан уч иш куни мобайнида ўрганилади.

Истеъмолчининг объекти жойлашган ҳудудда газ таъминоти ташкилоти томонидан тегишли параметрларда истеъмолчига табиий газни етказиш имкони мавжуд қувватга (босим, ҳажм) эга бўлган газни тақсимлаш тармоғи ҳамда табиий газ ресурслари мавжуд бўлганда, истеъмолчини газ билан таъминлаш бўйича техник имконият мавжуд деб ҳисобланади.

Ўрганиш натижаси бўйича газ таъминоти ташкилоти томонидан ижобий қарор қабул қилингандан сўнг истеъмолчига ички газ қувурлари, газдан фойдаланиш ускуналари (тури ва сони), газдан фойдаланиш даври ва ҳисоблагичларга нисбатан қўйилган талабларни ўз ичига олган газлаштириш техник шартлари берилади.

Газлаштирилган уй-жойлар маиший истеъмолчи ва оилавий корхонага ажратилганда, уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида техник шарт ва ЛТҲ ишлаб чиқиш ҳамда истеъмолчи ҳисобидан алоҳида ҳисоблагичларни ўрнатиш шарти билан ҳамда уй-жойга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларга (кадастр ҳужжати) асосланиб газ билан таъминланади.

Газлаштирилган уй-жойлар икки ва ундан ортиқ маиший истеъмолчига ажратилган тақдирда, истеъмолчиларнинг маблағлари ҳисобидан ҳар бир маиший истеъмолчи (оила) учун ЛТҲларга ўзгартириш киритиш (газлаштириш учун қўшимча техник шартларни олмасдан) ҳамда алоҳида ҳисоблагични ўрнатиш шарти билан уй-жойга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларга (кадастр ҳужжати) асосланиб газ билан таъминланади.


23. Газлаштириш (газдан фойдаланиш ускуналари, қурилма ва уй ичи газ қувурлари) ЛТҲлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мазкур фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган лойиҳа ташкилотлари томонидан газлаштириш техник шартлари асосида ишлаб чиқилади.


24. ЛТҲда қуйидаги ечимлар назарда тутилиши керак:

белгиланган стандартларга мувофиқ самарали газдан фойдаланиш ускунасини ўрнатиш;

истеъмол қилинаётган табиий газ сарфининг ҳисобланган диапазонида ҳисобга олишнинг ишончлилигини таъминлайдиган, газ ҳажмини стандарт шартларга мувофиқлаштириш учун зарур қурилмалар билан жиҳозланган ҳамда табиий газ истеъмолини ТГНҲАТга мос келадиган ҳисоблагичларни (уларни жойлашув нуқталарини кўрсатган ҳолда) ўрнатиш;

газ қувури ва ундаги қурилмаларни техник назорат қилишда шаффофликни таъминлаш мақсадида газ қувурларини бурчаксимон темир тиргаклар (устунлар)га ўрнатиш.


25. Газ таъминоти ташкилоти томонидан газлаштириш лойиҳаси қурилиш-монтаж ишлари (кейинги ўринларда - ҚМИ) бошланишидан аввал, бироқ газлаштириш учун техник шартлар берилган кундан бошлаб 12 ойдан кечикмасдан, рўйхатдан ўтказилиши лозим. Ушбу муддат якунлангандан сўнг берилган техник шарт ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.


26. ҚМИ ЛТҲга ҳамда қурилиш меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ мазкур ишларни бажариш ҳуқуқига эга ташкилот томонидан ижро-техник ҳужжатлари асосида ва ертўла иншоотларидаги бошқа коммуникацияларнинг ертўла иншоотига кириш жойларини мустаҳкам ва зич ёпилганлигини таъминлаган (ушбу ишларни бажарилганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштириб) ҳолда, табиий газ истеъмолчисининг (ташаббускор) маблағлари ҳисобидан бажарилади.


27. ҚМИни амалга оширган ташкилот газ таъминоти ташкилотига дудбурон ва каналларини текшириш ишларини, шунингдек, ертўла иншоотларидаги бошқа коммуникацияларнинг кириш жойларини мустаҳкам ва зич (герметик) ёпилганлигини таъминлаган ҳолда, амалга оширилганлиги тўғрисида тегишли далолатномаларни тақдим этади.


28. Истеъмолчининг объектини газ тармоғига улаш жараёнида мавжуд газ тармоқларидаги босимни нолгача пасайтиришда атмосферага чиқарилган, паст, ўрта ва юқори босим остидаги газ қувурларининг узиб қўйиладиган қисмларини газ билан тозалаш ва кейинги тўлдириш ҳамда ташқи газ қувурларини ишга тушириш ишларини амалга ошириш учун сарфланган газ ҳажми бўйича тўловлар истеъмолчининг ҳисобидан қопланади.

Истеъмолчининг объектини газ тармоқларига уланишида келтирувчи газ тармоқларини (янги газ қурилмаларини ва газ тармоғи хўжалиги объектларини) лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш ишлари газ таъминоти ташкилоти маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


29. ИТСИ якунлангач, газ таъминоти ташкилоти томонидан ишга тушириш далолатномаси тузилади ва истеъмолчига мазкур Қоидаларга мувофиқ зарур кўрсатмалар берилади. Шундан сўнг истеъмолчи ишга тушириш далолатномасига имзо чекади ва табиий газни етказиб бериш шартномаси тузилади (ишга тушириш далолатномасининг бир нусхаси газ таъминоти ташкилотида сақланади).

Истеъмолчилар билан табиий газни етказиб бериш шартномаси ДХМ, ЯИДХП ёки газ таъминоти ташкилотининг электрон дастурий таъминоти тизими орқали электрон рақамли имзодан (кейинги ўринларда - ЭРИ) фойдаланган ҳолда амалга оширилади.



5-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ФАОЛИЯТИ БИЛАН

ШУҒУЛЛАНУВЧИ, ИЖТИМОИЙ ВА СТРАТЕГИК

АҲАМИЯТГА ЭГА ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИ ТАБИИЙ

ГАЗ ТАҚСИМЛАШ ТАРМОҚЛАРИГА УЛАШ УЧУН

ҲУЖЖАТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


30. Истеъмолчилар (шу жумладан умумий ҳисоб қуввати соатига 100 кВт ва ундан юқори ёки йиллик газ сарфи 100 000 куб метрдан юқори бўлган газдан фойдаланиш ускуналарига эга оилавий корхоналар) амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлардаги талабларга кўра газлаштириш ишларини бажариш ҳуқуқига эга ташкилотлар томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилган ҳолда ишлаб чиқилган ЛТҲга асосан табиий газ билан таъминланади.


31. Янги турдаги газдан фойдаланиш ускуналарини ишга тушириш ва (ёки) фойдаланилаётган қувватларни реконструкция қилиш ёки техник жиҳатдан қайта жиҳозлашни мўлжаллаётган истеъмолчи газ тармоқларига уланишнинг техник имкониятларини келишиш ва техник шартни олиш учун ДХМ ёки ЯИДХП орқали белгиланган тартибда табиий газ истеъмоли бўйича асосланган ҳисоб-китобларга эга буюртмани газ таъминоти ташкилотига (йирик стратегик корхоналар газ транспорт тизимига уланиш бўйича газ узатиш ташкилотига тўғридан тўғри мурожаат қилади) тақдим этади.

Буюртмада табиий газдан фойдаланиш даври, газдан фойдаланиш ускунасининг тури ва техник тавсифлари тўғрисидаги маълумотлар захира ёқилғисидан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда, газ истеъмолининг режалаштирилаётган ҳажмлари кўрсатилади ва ишлаб чиқариш қувватларининг жойлашиш режаси буюртмага илова қилинади.


32. Буюртма янги газлаштириш техник шартларини олишда ёки муддатини узайтиришда ҳам истеъмолчи томонидан газ таъминоти ташкилотига тақдим этилади.

Буюртмани кўриб чиқиш муддати уч иш кунини ташкил қилади.


33. Газ таъминоти ташкилоти томонидан буюртмани кўриб чиқиш натижаси бўйича ижобий қарор қабул қилган тақдирда, истеъмолчига қуйидагилар кўрсатилган газлаштириш техник шартлари берилади:

газ қувурига уланиш жойи;

бўлиниш чегаралари ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларининг жойлашув схемаси;

уланиш нуқтасидаги табиий газнинг максимал соатлик, кунлик, йиллик сарфи ва ишчи босими, шунингдек, ушбу босимнинг ўзгариш чегаралари;

газ тақсимлаш шохобчаси (кейинги ўринларда - ГТШ) иншоотини қуриш зарурлиги, ГТШга бўлган техник талаблар, автоматика тури, газ қувурлари сони ва уларнинг ҳар биридаги табиий газ босими, газ хўжалигидаги қурилмалар, жиҳозлар ва қувурларни коррозиядан ҳимоялаш чора-тадбирлари ва бошқалар;

қўшимча газ қувурларини қуриш ишлари;

газдан фойдаланиш ускунаси ва газ горелкали қурилмаларга қўйиладиган талаблар (тури ва сони), мувофиқлик сертификатининг мавжудлиги;

ҳисоблагичга қўйиладиган талаблар;

табиий газдан асосий ёқилғи тури сифатида фойдаланишнинг аниқ даври (ойлар бўйича);

захира ёқилғидан фойдаланиш даврини кўрсатган ҳолда, захира ёқилғи хўжалигини қуриш зарурлиги;

газдан фойдаланиш ускуналари уланиш жойида метан ва ис газини барвақт аниқлайдиган, хабар (сигнал) берадиган ва газни клапан орқали автоматик тарзда ўчириб қўядиган газ анализаторларини ўрнатиш.

Газлаштириш техник шартларининг амал қилиш муддати улар берилган кундан бошлаб бир йилни ташкил қилади. Белгиланган муддат ўтгач, агар истеъмолчи лойиҳалаштириш ишларини тугатмаган бўлса, газлаштириш учун янги техник шартлар олиниши лозим.


34. Табиий газ ресурслари ва истеъмоли баланси ҳамда қурилмаларнинг техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, газлаштириш учун техник шартларни бериш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, газ таъминоти ташкилоти мазкур Қоидаларнинг 32-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган муддатда истеъмолчига рад этиш сабабларини асослаган ҳолда, тегишли ёзма хабарнома юборади ва тақдим қилинган ҳужжатларни қайтаради.


35. Истеъмолчилар ва газлаштириш ЛТҲларини ишлаб чиққан лойиҳалаштириш ташкилотлари учун газлаштириш техник шартлари талабларини бажариш мажбурий ҳисобланади. Техник шартларда кўрсатилган талабларни рад этишга фақат газ таъминоти ташкилоти билан келишилган тақдирда йўл қўйилади.

Мазкур келишиш газ таъминоти ташкилоти томонидан истеъмолчининг мурожаати (буюртмаси) берилган кундан кейин уч иш куни давомида амалга оширилади ва ёзма шаклда расмийлаштирилади.

Истеъмолчиларнинг (маиший истеъмолчилардан ташқари) газ тармоқларига уланишлари билан боғлиқ янги газ қурилмаларини ва газ тармоғи хўжалиги объектларини лойиҳалаш ва қуриш, ишлаб турган объектлар (қурилмалар)ни кенгайтириш ва реконструкция қилиш ишлари истеъмолчиларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


36. Истеъмолчи, кўчмас мулк эгаси ўзгарган ҳолларда, техник шартларда кўрсатиб ўтилган талабларни ўзгартиришга эҳтиёж бўлмаганда, табиий газни етказиб бериш тўғрисидаги шартнома янги истеъмолчи билан қайта тузилади. Бунда газлаштириш техник шартларини такрорий расмийлаштириш талаб қилинмайди.


37. Тадбиркорлик субъектларига газлаштириш техник шартлари ДХМ ёки ЯИДХП орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлов ундирилмасдан берилади. Бунда истеъмолчиларнинг хоҳиши билан газ тармоқларига "тайёр ҳолда" бажариш шартларида объектлар лойиҳалаштирилади ва қурилади.


38. Газлаштириш ЛТҲлари қуйидаги қисмлардан иборат бўлади:

тушунтириш хати;

иссиқлик-механика қисми;

технология қисми;

назорат-ўлчов приборлари ва автоматика қисми;

газ таъминоти қисми;

захира ёқилғи хўжалиги қисми;

ускуналар ва материаллар тавсифи (спецификацияси) қисми;

электр таъминоти қисми.


39. ЛТҲ мазкур турдаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган лойиҳалаштириш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилади.

Лойиҳалаштириш ташкилоти газ таъминоти тизими бўйича ишлаб чиқилган лойиҳанинг амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлардаги талабларга мувофиқлиги юзасидан жавобгар ҳисобланади.


40. ЛТҲ қуйидагиларни назарда тутиши керак:

юқори энергия самарадорлигига ва тежамкорликка эга технологик схемалар, жараёнлар ва сертификатга эга газдан фойдаланиш ускуналарини ва газ ёндиргичларнинг қўлланилиши;

истеъмол қилинаётган табиий газ сарфининг ҳисобланган оралиғида (диапазонида) ҳисобга олишнинг ишончлилигини таъминлайдиган, газ ҳажмини белгиланган стандарт шароитларга келтириш учун зарур қурилмалар билан жиҳозланган ҳамда ТГНҲАТга мос бўлган ҳисоблагичларни қўллаш;

ишлаб чиқариш жараёнларида ҳосил бўладиган иккиламчи энергия ресурсларидан иқтисодий асосланган ва техник жиҳатдан имконияти мавжуд бўлган тарзда фойдаланиш;

хавфсизлик автоматикаси қурилмаларининг мавжудлиги;

иссиқлик алмашинуви жараёнларини автоматик тарзда тартибга солиш ва назорат қилиш тизимларини қўллаш;

табиий газни ва ундан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳисобга олинишини таъминлаш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулот (ишлар, хизматлар) бирлигига ёқилғи-энергия ресурсларининг белгиланган норматив кўрсаткичлари бўйича сарфланиш меъёрларини;

амалдаги лойиҳалаштириш нормаларига мувофиқ агрегатларни ва иссиқлик қувурларининг қизиш юзасини ҳимояловчи иссиқлик изоляция қопламаларини қўллаш;

ёнувчи маҳсулотларнинг таркиби ва ҳароратини назорат қилинишини таъминлаш;

бинолар ва иншоотларнинг иситиладиган ҳажмлари, шунингдек, ушбу объектлардан газ қувурларигача бўлган масофалар тўғрисидаги маълумотлар.


41. ЛТҲ белгиланган тартибда саноат хавфсизлиги экспертизасидан ўтказилиши керак.


42. ЛТҲ газ таъминоти ташкилоти томонидан ҚМИ бошланишига қадар техник шартлар берилган кундан бошлаб 12 ойдан кечиктирилмасдан рўйхатдан ўтказилиши керак.

ЛТҲ қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда саноат хавфсизлиги экспертизасидан ўтказилгандан сўнг истеъмолчининг ёзма шаклдаги мурожаати асосида ЛТҲ газ таъминоти ташкилотида беш иш кунидан кечикмай тўлов ундирилмасдан рўйхатдан ўтказилади.

Агар ҚМИ рўйхатдан ўтказиш кунидан буён 12 ой мобайнида бошланмаган ёхуд газлаштиришда техник шартлардан чекланиш ҳолатлари аниқланган бўлса, ЛТҲ газ таъминоти ташкилотида қайта рўйхатдан ўтказилиши шарт.

ЛТҲни рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда, газ таъминоти ташкилоти беш иш куни мобайнида истеъмолчига рад этиш сабабларини ва бартараф этилиши керак бўлган камчиликларни асослаган ҳолда, тегишли ёзма хабарнома юборади.


43. ЛТҲга мувофиқ ҚМИ ушбу ишларни амалга ошириш ҳуқуқига эга ташкилот томонидан тегишли ижро-техник ҳужжатларини тузган (ишлаб чиққан) ҳолда бажарилади.


44. Газ таъминотидаги мавжуд тизимларни кенгайтириш, реконструкция қилиш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашда уларни қуриш ва фойдаланишга топшириш талаблари янги қурилиш объектларига нисбатан белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.


45. ҚМИ тугалланганидан сўнг мазкур ишларни бажариш ҳуқуқига эга ташкилот томонидан газдан фойдаланиш ускунасида ИТСИ ва РСИ амалга оширилади.

РСИ бир йилда 100 000 куб метр ва ундан кўп табиий газдан фойдаланадиган корхоналар ва технологик нефть-газ объектлари (қурилмалари) учун мажбурий ҳисобланади.


46. ИТСИ ва РСИ тугалланганлиги тегишли далолатномалар билан расмийлаштирилади. Бундан ташқари, техник ҳисобот тузилади ва унда газдан фойдаланиш ускунасининг турли иш режимларида газдан оқилона фойдаланиш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда ёқилғининг ёниш жараёнларини автоматик бошқариш жиҳозлари ва воситалари, иссиқликни утилизация қилиш ҳамда ёрдамчи ускуналар, қозонхоналар учун сув тайёрлаш тизимларидаги ускуналарни созлашга таъсир кўрсатувчи энергия самарадорлик кўрсаткичлари қайд этилади.


47. ИТСИ ва РСИ натижалари асосида уларни бажарган ташкилот истеъмолчи томонидан тасдиқланадиган вақтинча режим (технология) хариталарини ишлаб чиқади ва истеъмолчига топширади.


48. Вақтинча режим (технология) хариталари истеъмолчи томонидан тасдиқланади ва унинг асл нусхалари истеъмолчида сақланади, иш жойларида (объектларда) эса уларнинг нусхалари кўринадиган жойларга ўрнатилган бўлиши керак.


49. Эксплуатация қилинадиган табиий газдан фойдаланиш ва ёрдамчи ускуналарда ҳар уч йилда камида бир маротаба, газдан энергия сифатида фойдаланувчи ташкилотларда эса (мукаммал ва жорий таъмирлашни ўтказиш хусусиятини ҳисобга олган ҳолда) ҳар тўрт йилда бир маротаба РСИнинг қуйидаги турларини ўтказиш назарда тутилиши керак:

газдан фойдаланиш ускунасини иссиқлик техникаси (режимлари) жиҳатидан созлаш;

ёниш жараёнини назорат қилиш ва автоматик бошқариш воситаларини созлаш;

газдан фойдаланиш ускунасини ишлатишда хавфсизликни таъминловчи автоматика воситаларини созлаш;

иссиқликни утилизация қилувчи ва ёрдамчи ускуналарни созлаш;

сувни тайёрлаш тизимларини созлаш;

захира ёнилғиси хўжалигини эксплуатация қилиш жараёнларини созлаш;

табиий газ ва захира ёқилғисини биргаликда ёндиришда ёниш жараёнини созлаш.


50. Газдан фойдаланиш ускунасида ва ёрдамчи ускунада РСИ қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

газдан фойдаланиш ускунасини мукаммал ёки режадан ташқари таъмирлашдан кейин;

газдан фойдаланиш самарадорлигига таъсир кўрсатадиган конструктив ўзгаришлар киритилгандан кейин;

газдан фойдаланиш ускунаси режим (технология) хариталари талабларидан мунтазам равишда четланиш ҳолатларида ишлаганда;

фойдаланилаётган ёқилғининг тури ва тавсифлари ўзгарганда.


51. Янги қурилган, реконструкция қилинган ёки техник жиҳатдан қайта жиҳозланаётган газдан фойдаланиш ускунасини, газ қувурларини ва улардаги ускуналарни фойдаланишга қабул қилиш ишлари қабул қилиш комиссияси томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга, техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳамда мазкур Қоидаларга мувофиқ қонунчилик ҳужжатларида белгиланган махсус ахборот тизимлари орқали ЭРИдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.


52. Газдан фойдаланиш ускунасини кўрикдан ўтказиш ва табиий газ узатишга рухсатнома бериш истеъмолчининг аризаси тушган кундан бошлаб, ўн иш куни мобайнида газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти томонидан амалга оширилади.

Истеъмолчининг объектини кўрикдан ўтказиш учун истеъмолчи томонидан газ таъминоти ташкилотига лойиҳа ва ижро-техник ҳужжатлари билан биргаликда қуйидаги рухсатномалар тақдим этилиши керак:

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан ИТСИни ўтказиш учун берилган рухсатнома;

Ўзэнергоинспекция ҳудудий бошқармаларининг истеъмолчи (бир йилда 100 000 куб метр ва ундан кўп табиий газдан фойдаланадиган) объектида қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлиги ҳамда ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш йўлга қўйилганлиги тўғрисида хулосаси.


53. Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг тегишли рухсатномасисиз ҳамда Ўзэнергоинспекция ҳудудий бошқармаларининг истеъмолчининг (бир йилда 100 000 куб метр ва ундан кўп табиий газдан фойдаланадиган) объектида қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлиги ҳамда ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш йўлга қўйилганлиги тўғрисидаги хулосасисиз табиий газдан фойдаланиш ускуналарига табиий газни етказиб бериш тақиқланади.

Юридик шахсларга тегишли ташкилот ёки ишлаб чиқариш объектлари сотилганда ёки ижарага берилганда, ушбу ташкилотдаги табиий газдан фойдаланиш ускуналари ўзгармаганда, мазкур ташкилотга илгари берилган рухсатнома ва хулосаларнинг амал қилиш муддати сақланиб қолади.


54. Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг тегишли рухсатномасисиз ва Ўзэнергоинспекция ҳудудий бошқармасининг қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлиги ҳамда ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш йўлга қўйилганлиги тўғрисидаги хулосасисиз газ сарфловчи ускуналарга табиий газни етказиб бериш ҳолатлари аниқланганда, тегишли мутасадди органлар (ташкилотлар)нинг тақдимномаларига асосан табиий газни етказиб бериш тўхтатилади. Газдан фойдаланиш ускуналарига табиий газни етказиб бериш аниқланган камчиликлар бартараф этилганидан сўнг қайта тикланади.


55. Янги қурилган, реконструкция қилинган ёки техник жиҳатдан қайта жиҳозланган газдан фойдаланиш ускунасига, газ қувурлари ва ёрдамчи ускуналарга газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти табиий газ мазкур Қоидаларнинг 52-банди талаблари бажарилган тақдирда узатилади.


56. Истеъмолчида мазкур Қоидаларнинг 52-бандида кўрсатилган ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, ИТСИ ва РСИни амалга ошириш учун кўрсатилган ҳажмда газ берилишини таъминлаш учун газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ва истеъмолчи ўртасида табиий газни етказиб бериш шартномаси тузилади.


57. Истеъмолчи томонидан РСИ тугатилгандан сўнг бажарилган ишларнинг сифатини баҳолаш учун истеъмолчи Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармаларига ёзма шаклда мурожаат қилиши ва техник ҳисоботни илова қилиши лозим.

Бажарилган созлаш ишларининг сифати белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, Ўзэнергоинспекция ҳудудий бошқармаларининг кўрсатмасига асосан созлаш ишларини бажарган ташкилот ҳисобидан (истеъмолчи ва ташкилот ўртасида тузиладиган шартномада белгиланиши тавсия қилинади) газдан фойдаланиш ускунаси такроран созланади.



6-БОБ. ТАБИИЙ ГАЗНИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ

ШАРТНОМАСИНИ ТУЗИШ


58. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан табиий газни етказиб бериш шартномалари газ таъминоти ташкилотининг дастурий таъминоти ёхуд қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга асосан ташкил этилган махсус ахборот тизимлари орқали ЭРИдан фойдаланган ҳолда тузилади.

Бунда:

газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ва истеъмолчи ўртасида табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома газ таъминотининг намунавий шартномасига мувофиқ тайёрланган шаклда тузилади;

газ таъминотининг намунавий шартномаси "Ҳудудгазтаъминот" АЖ томонидан ишлаб чиқилади, "Ўзэнергоинспекция", Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан келишилади ва Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланади;

мазкур тартиб юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун ёқилғи-энергия ресурслари истеъмоли бўйича лимитларни белгилаш ва уларга ўзгартиришлар киритилишида ҳам татбиқ этилади;

давлат ташкилотлари (буюртмачилари) билан тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотлар давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига автоматик равишда юборилиши таъминланади;

бюджет буюртмачилари билан тузилган шартномалар туман (шаҳар) ғазначилик бўлинмаларида электрон шаклда (инсон омилисиз) рўйхатдан ўтказилади.


59. Маиший истеъмолчилар билан табиий газни етказиб бериш шартномаси тузилмаган тақдирда, шартнома истеъмолчи газ тармоғига белгиланган тартибда амалда уланган вақтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Бунда газ таъминоти ташкилоти мазкур истеъмолчи билан табиий газни етказиб бериш шартномасини тузиши ҳамда мазкур Қоидалардаги талаблар таъминланиши юзасидан зарур чораларни кўриши шарт.

Кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари истеъмолчининг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказгандан сўнг уч кун муддатда истеъмолчи билан табиий газни етказиб бериш шартномасини қайта расмийлаштириш учун газ таъминоти ташкилотига кўчмас мулк эгаси тўғрисида маълумот юборади.


60. Табиий газ истеъмолчиларининг бошқа тоифаларига табиий газ фақат белгиланган тартибда тузиладиган шартномалар асосида етказиб берилади.


61. Истеъмолчиларга шартномада белгиланган ҳажмда табиий газ (маиший истеъмолчилардан ташқари) мазкур Қоидаларнинг 14 ва 19-бандларида белгиланган талабларга мувофиқ етказиб берилади.


62. Табиий газни етказиб бериш шартномасида газдан фойдаланиш ускуналари ва ҳисоблагичларга техник хизмат кўрсатиш даврийлиги ҳамда тартиби қонунчилик ҳужжатлари талабларига ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатларга мувофиқ кўрсатилиши шарт.


63. Табиий газни етказиб бериш шартномаси электрон шаклда тузилади ва уни газ таъминоти ташкилотининг рақамлаштирилган дастурий таъминоти ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга асосан ташкил этилган махсус ахборот тизимларидан истеъмолчи ёки назорат қилувчи органларнинг сўровларига асосан олиш имконияти яратилади.



7-БОБ. ИСТЕЪМОЛЧИЛАРГА ТАБИИЙ

ГАЗНИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ТАРТИБИ


64. Истеъмолчиларга табиий газ трейдер ва газ таъминоти ташкилолари томонидан мазкур Қоидаларга мувофиқ етказиб берилади.


65. Истеъмолчи томонидан унга етказиб берилаётган табиий газдан фақат табиий газни етказиб бериш шартномасида кўрсатилган мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилади. Етказиб берилган табиий газ ҳажмидан бир қисмини учинчи шахсларга ўтказиш ёки сотиш фақат газ таъминоти ташкилоти билан учинчи шахс ўртасида тегишли шартномани тузиш ҳамда учинчи шахс объектига алоҳида ҳисоблагич ўрнатиш асосида амалга оширилиши шарт. Бунда истеъмолчига (битта юридик шахсга) тегишли бўлган бир нечта ҳудудларда жойлашган объектларда газ сарфи ҳисобини алоҳида юритиш учун ушбу объектларнинг ҳар бири алоҳида ҳисоблагичлар билан таъминланиши керак. Бунда газ таъминоти ташкилоти ва истеъмолчи ўртасида етказиб берилган табиий газ учун ҳисоб-китоблар газ қувурларининг бўлиниш чегарасида ўрнатилган ҳисоблагич орқали амалга оширилади.


66. Газ таъминоти ташкилоти табиий газни белгиланган ўртача суткалик меъёр доирасида ой мобайнида бир хил миқдорда, истеъмол қилишнинг суткалик меъёридан камайтириш орқали чеклаш зарурати юзага келган ҳолатларда эса - томонлар ўртасида келишилган режа-жадваллар бўйича табиий газни етказиб бериши, истеъмолчи эса (маиший истеъмолчилар ва умумий ҳисоб қуввати соатига 100 кВт.дан кўп бўлмаган газдан фойдаланиш ускунасига эга оилавий корхоналардан ташқари) бўлиниш чегарасида ўрнатилган масофадан туриб, ўчириб-ёқиш клапанига эга бўлган ҳисоблагич орқали олиши шарт.

Газ таъминоти ташкилотининг тармоқларига ва газ тақсимлаш станциясига тўғридан-тўғри уланган истеъмолчиларга табиий газ газ узатиш ташкилотининг газ тақсимлаш станцияси (кейинги ўринларда - ГТС) орқали етказиб берилади ва унинг сарфи фақат ГТСда ўрнатилган ҳисоблагич кўрсаткичлари асосида аниқланади.

ГТСлардан кейин ўрнатилган бошқа ҳисоблагичлар газ узатиш ва газ таъминоти ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар учун қўлланилмайди.

ГТСда истеъмолчилар табиий газ билан аҳоли ва саноат тармоғи орқали таъминланади. Бунда ГТСда аҳоли тармоғи, саноат тармоғи ва алоҳида тартиб билан белгиланган стратегик ташкилотлар тармоғи бўлиши талаб этилади.

Магистрал газ қувурлари ва ГТСларнинг меъёрий ҳужжатларда белгиланган ҳимоя ҳудудида табиий газ истеъмолчилари жойлашуви қатъиян ман этилади.

Эгалик ҳуқуқидан қатъи назар, барча газ тақсимлаш станциялари қурилиши учун мўлжалланган ер майдонлари доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида Энергетика вазирлигига ажратилади ва кейинчалик газ узатиш ташкилотига ижара ҳуқуқи асосида фойдаланишга берилади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилган барча ГТС газ узатиш ташкилоти тасарруфига ҳамда ГТС ичида ва (ёки) ташқарисига қурилган саноат тугунлари газ таъминоти ташкилоти тасарруфига (агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса) беғараз ўтказилади.

Мазкур Қоидаларга иловада келтирилган табиий газни етказиб беришнинг алоҳида тартиби белгиланадиган стратегик ташкилотларга ҳақи тўланмагани учун табиий газни етказиб бериш белгиланган тартибда энергия билан таъминлашнинг технологик ва авария брони даражасигача камайтирилади, уларни табиий газдан тўлиқ узиб қўйиш эса - фақат суд қарорига биноан амалга оширилиши мумкин.


67. Газ узатиш ташкилоти табиий газнинг ГТСдан чиқиш босимини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган параметрларга мос равишда бўлишини таъминлайди.


68. Мазкур Қоидаларнинг 20-бандида келтирилган истеъмолчиларни (маиший ва коммунал-маиший истеъмолчилар ҳамда оилавий корхоналардан ташқари) об-ҳаво совиб кетиши даврида табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзэнергоинспекция, табиий газ ишлаб чиқарувчи, газ таъминоти, газ узатиш ташкилотлари билан келишилган ҳолда тўлиқ ўчириладиган, қисман ўчириладиган ва чеклов киритиладиган истеъмолчилар рўйхатини тасдиқлаб, Энергетика вазирлигига киритади.


69. Тасдиқланган рўйхат барча манфаатдор ташкилотларга юборилади. Мазкур рўйхатни қўллашда табиий газни етказиб бериш прогноз кўрсаткичлари Қоидаларнинг 20-бандида келтирилган истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш имконини бермаган тақдирда, Энергетика вазирлигининг қарорлари билан қайта тузилган (тасдиқланган) рўйхатлар газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотлари томонидан жорий этилади.

Рўйхатларга киритилган истеъмолчилар зарур миқдорда (эҳтиёжни қоплайдиган) муқобил ёқилғи захирасига эга бўлиши зарур ва ҳаво ҳарорати пасайиб кетган даврларда ушбу ёқилғидан фойдаланишга ўтадилар.

Шунингдек, захира ёқилғисининг яратилмаганлиги ва истеъмолчини мавсумга тайёр эмаслиги ушбу истеъмолчилар билан тузилган табиий газни етказиб бериш шартномаларини белгиланган тартибда бекор қилишга асос бўлиши мумкин.

Иситиш мавсуми бошланишидан олдин муқобил ёқилғи захирасига эга бўлмаган (маиший, коммунал-маиший истеъмолчилар ва оилавий корхоналар бундан мустасно), ёқилғининг ва зарур захирасини яратиш чораларини кўрмаган истеъмолчиларга табиий газни етказиб берилмаслиги мумкин.

Ҳаво ҳарорати пасайиб кетган даврда ёки куз-қиш мавсумида захира ёқилғисига ўтказиш жадвалига киритилган алоҳида истеъмолчиларга табиий газ Энергетика вазирлигининг тегишли қарорлари билан қайтадан етказиб берилади, бунда истеъмолчиларни захира ёқилғи турларига ўтказиш бўйича тасдиқланган жадвалларга зарур ўзгартишлар киритилади.


70. Трейдер, газ узатиш ва газ таъминоти ташкилоти томонидан ишлаб чиқилиб, тақдим қилинган жадвалларга асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари истеъмолчиларга (маиший ва коммунал-маиший истеъмолчилари, шунингдек, оилавий корхоналар бундан мустасно) табиий газни етказиб бериш жадвалларини ва авариялар рўй бериши эҳтимолини инобатга олиб ёки магистрал газ узатиш тизими ва газ тақсимлаш тармоқлари ишида табиий газни узатиш технологияси ва гидравлик балансга риоя этган ҳолда, уларни тармоқлардан тўлиқ ўчириш, қисман ўчириш ва вақтинча чеклов киритиш навбатини тасдиқлайдилар.

Авариялар рўй бериши мумкин бўлган пайтдаги тасдиқланган газ етказиб бериш жадваллари тегишли ташкилотларга юборилади ва магистрал газ қувурлари, газ тақсимлаш тармоқларида авариявий вазиятларда газ таъминоти ташкилоти томонидан қўлланилади.

Авариялар натижасида объектлар, магистрал газ қувурлари ва газ тақсимлаш тармоқларининг технологик иш режимлари бузилган тақдирда, газ таъминоти ташкилотларининг диспетчерлик хизматлари истеъмолчиларга авариялар пайтида қўлланиладиган жадвалларни амалда жорий этиш тўғрисида истеъмолчиларга суткалик газ етказиб бериш ҳажмларидаги тегишли ўзгаришлар билан бирга зарур кўрсатмаларни берадилар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини ҳамда маиший истеъмолчиларини бу ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қиладилар.

Газ етказиб беришнинг режалаштирилаётган қисқариши (тўхтатилиши) тўғрисида:

табиий газ ишлаб чиқарувчилар газ узатиш ташкилотини - 2 соат мобайнида;

газ узатиш ташкилоти газ таъминоти ташкилоти ва трейдерларни - 2 соат мобайнида;

газ таъминоти ташкилоти (жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари орқали) истеъмолчиларни - 1 соат мобайнида хабардор қилиши шарт.


71. Табиий газни қазиб олиш, қайта ишлаш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилишнинг республика миқёсида ягона узлуксиз технологик жараёнини ва режимларини ҳисобга олган ҳолда, истеъмолчилар табиий газни ишлаб чиқарувчи, газ узатиш ва газ таъминоти ташкилотининг тегишли кўрсатмаларини бажаришлари мажбурий ҳисобланади.


72. Газни узатишда табиий газни ишлаб чиқарувчилар, газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ва истеъмолчилар газ қазиб чиқариш объектларида, газни қайта ишлаш заводларида, магистрал газ қувурлари, шунингдек, истеъмолчиларнинг газдан фойдаланиш ускуналари ва газ тармоқларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга қатъий риоя этишлари шарт.


73. Газ узатиш ташкилоти табиий газни:

магистрал газ қувурларига тўғридан-тўғри чиқиш (уланиш) жойига эга истеъмолчиларга трейдер томонидан бевосита тузилган шартномалар асосида бўлиниш чегарасида ўрнатилган ҳисоблагичлар орқали;

магистрал газ қувурлари ва газ тармоқлари бўлиниши чегарасидаги газ таъминоти ташкилотига - кейинчалик истеъмолчиларга сотиш учун хўжалик ҳисобидаги ҳисоблагичлар орқали етказиб беради.


74. Табиий газни истеъмолчиларга етказиб беришнинг бошқа шартлари табиий газни етказиб бериш шартномаларида белгиланади.



8-БОБ. ТАБИИЙ ГАЗНИ ҲИСОБГА

ОЛИШ ТАРТИБИ


75. Истеъмолчиларга масофадан туриб ўчириб-ёқиш клапанига ҳамда ТГНҲАТга уланиш имкониятига эга бўлмаган ҳисоблагичларсиз табиий газни истеъмолчиларга етказиб беришга йўл қўйилмайди.


76. Истеъмолчиларга (маиший истеъмолчилардан ташқари) етказиб берилаётган табиий газ миқдори газ тармоқларининг бўлиниш чегарасида ўрнатилган ҳисоблагич кўрсаткичлари бўйича аниқланади.

Етказиб берилган табиий газ учун ҳисоб-китоб стандарт шароитларга (t = 20 0С, Р = 760 мм симоб устуни) келтирган газ ҳажмини куб метрларда ўлчаш асосида амалга оширилади.

Газ тақсимлаш тармоқларига уланган истеъмолчилар бўйича табиий газ сарфини ҳисоб-китоб қилишда қуйидаги жиҳатлар ҳисобга олинади:

манометрлар ва термометрларнинг созлиги, қиёсловдан ўтказилганлиги ва амал қилиш муддатларига мувофиқлиги;

ГТШни созлаш (тартибга солиш) муддати, шунингдек, амалдаги ишчи босимининг, ГТШнинг созланганлиги тўғрисидаги далолатномада қайд этилган параметрларга мувофиқлиги.

Юқоридаги кўрсаткичларга риоя қилинмаганида, ҳисоб-китоблар амалга оширилишида Р ортиқча = 1,0 кг/см2 босимга мос равишда стандарт шароитига келтирилади.

Газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти истеъмолчи билан биргаликда ҳисоблагичга газ узатиш ташкилотининг сифат лабораторияси томонидан тақдим этиладиган табиий газнинг физик-кимёвий кўрсаткичлари бўйича зарур тузатувчи ўзгартиришларни уларни тақдим этилган вақтдан 12 соатдан кечиктирмасдан киритиши зарур. Табиий газнинг физик-кимёвий кўрсаткичлари ҳисоблагичларга ўз вақтида ва ҳаққоний киритилиши учун жавобгарлик газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотининг зиммасида бўлади.


77. Ҳисоблагичлардан олинган кўрсаткичларнинг электрон архив маълумотлари охирги уч йил давомида газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ва истеъмолчида сақланиши лозим.


78. Маиший истеъмолчилар томонидан истеъмол қилинаётган табиий газ ҳажми ҳисоблагичлар бўйича, улар мавжуд бўлмаган тақдирда эса - Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган, ҳисоблагич мавжуд бўлмаган ҳолларда аҳолига маиший эҳтиёжлари учун бериладиган табиий газнинг бир ойлик сарф меъёрлари бўйича аниқланади.


79. Ҳисоблагичларни монтаж қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни текшириш амалдаги қонунчилик ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.

Янги газлаштирилаётган хонадонларга (ТГНҲАТга уланиш ва автоматик ўчириб-ёқиш клапанига эга бўлган) ҳисоблагичлар (тегишли давлат дастурлари асосида ўрнатиладиган ҳисоблагичлар бундан мустасно) истеъмолчининг ўз ҳисобидан сотиб олиниши ва газ таъминоти ташкилоти томонидан ўрнатилиб, пломбаланиши лозим.


80. Табиий газ сарфини (ҳажмини) ҳисоблашда фақатгина Ўзбекистон Республикаси Ўлчов воситаларининг давлат реестрига киритилган турдаги, масофадан туриб ўчириб-ёқиш клапанига эга ва ТГНҲАТга уланиш имконияти мавжуд ҳисоблагичлардан фойдаланилиши шарт.


81. Ҳисоблагичлар уларнинг фойдаланиш учун яроқли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ қиёслов сертификатига ҳамда ишлаб чиқарувчи корхона томонидан белгиланган шаклдаги амал қилувчи белгилари ва пломбаларига эга бўлиши шарт.


82. ТГНҲАТни жорий қилиш лойиҳаси доирасида ўрнатилган замонавий ҳисоблагичлар газ таъминоти ташкилотининг мулки ҳисобланади.


83. Мавжуд ҳисоблагичларнинг замонавий ҳисоблагичларга алмаштирилишига қадар даврий қиёсловдан ўз вақтида ўтказишни ташкил этиш учун жавобгарлик газ таъминоти ташкилоти зиммасига юкланади.

Қиёсловдан ўтказиш вақтида ҳисоблагичларнинг яроқсизлиги (таъмирлаш имконияти бўлмаганда) аниқланган тақдирда, улар аккредитациядан ўтказилган метрология ташкилоти ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ваколатли органнинг тегишли хулосаси билан мулкдорга қайтарилади.


84. Ҳисоблагичларнинг алмаштириш, таъмирлаш, хизмат кўрсатиш, қиёсловдан ўтказиш ва созлигини мониторинг қилиш учун ечиб олиниши тегишли сарф-харажатлар ҳисоблагичнинг мулкдори ҳисобидан қопланган ҳолда ҳамда газ таъминоти (газ узатиш) ташкилотининг вакиллари томонидан истеъмолчи иштирокида амалга оширилади.


85. Ҳисоблагичга ва бошқа қурилмаларга пломба қуйидаги тартибда қўйилади:

трейдер билан табиий газ ишлаб чиқарувчи ўртасидаги табиий газ сотиб олиш шартномасига асосан газ узатиш ташкилотининг газ транспорти тизими бўлиниш чегарасида ўрнатилган ҳисоблагичда табиий газ ишлаб чиқарувчи ва газ узатиш ташкилотининг ваколатли ходимлари томонидан пломба ўрнатилади ва тегишли далолатнома билан расмийлаштирилади;

трейдер билан газ узатиш ташкилоти ўртасидаги газни ташиш шартномасига асосан табиий газни истеъмолчиларга етказиб беришда истеъмолчиларнинг газ тармоқлари билан газ узатиш ташкилотининг бўлиниш чегарасида ўрнатилган ҳисоблагичларда газ узатиш ташкилоти ва истеъмолчининг пломбалари ўрнатилади ва тегишли далолатнома билан расмийлаштирилади;

газ таъминоти ташкилотининг газ тақсимлаш тармоқлари билан истеъмолчининг газ тармоқлари бўлиниш чегарасида ўрнатилган ҳисоблагичларда газ таъминоти ташкилотининг пломбалари ўрнатилади ва далолатнома билан истеъмолчи иштирокида расмийлаштирилади;

газ таъминоти ташкилотидан табиий газ сотиб олиш шартномасига асосан газдан фойдаланувчи истеъмолчиларнинг ГТС ҳудудида жойлашган ҳисоблагичларда газ таъминоти ва газ узатиш ташкилотининг пломбалари ўрнатилади ва тегишли далолатнома билан истеъмолчи иштирокида расмийлаштирилади;

Ўзэнергоинспекция томонидан амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти вакиллари билан биргаликда истеъмолчиларнинг газ жиҳозларига табиий газни етказиб беришни тўхтатиш бўйича пломбалар ўрнатилади ва тегишли далолатнома билан истеъмолчи иштирокида расмийлаштирилади.


86. Ҳисоблагич, шу жумладан, ўрнатилган пломбаларнинг сақланиши ва бутунлиги учун жавобгарлик истеъмолчи зиммасига юкланади.


87. Ҳисоблагич ўрнатилгандан сўнг газ таъминоти ташкилоти томонидан ҳисоблагич рўйхатга олинади ва ТГНҲАТнинг платформасига киритилади.


88. Ҳисоблагичлар белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган метрология ташкилоти ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ваколатли органлар томонидан қиёсловдан ўтказилади.


89. Ҳисоблагичларни қиёсловдан ўтказиш даврийлиги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан белгиланади.


90. Ҳисоблагичларни ўрнатиш, уларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва қиёсловдан ўтказишни ташкил этиш ишлари газ узатиш (газ таъминоти) ташкилоти томонидан тасдиқланадиган ҳисоблагичларга техник хизмат кўрсатиш регламентига мувофиқ газ таъминоти ташкилоти ва трейдерлар томонидан амалга оширилади.


91. Ҳисоблагичларни алмаштириш, таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш ва қиёсловдан ўтказиш мақсадларида ечиб олиш газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходимлар томонидан истеъмолчи иштирокида амалга оширилади.

Бундай ҳолатда маиший истеъмолчиларига (бошқа истеъмолчилар эса ўз ҳисобидан) ҳисоблагич ўрнига текширилган бошқа ҳисоблагич газ таъминоти ташкилоти ҳисобидан дарҳол ўрнатилади.

Ҳисоблагичларнинг қиёсловдан ўтказиш учун ечиб олиниши тегишли далолатнома билан расмийлаштирилади.

Юридик шахсларга тегишли ташкилот ёки ишлаб чиқариш объектлари сотилганда ёки ижарага берилганида, ушбу объектлардаги ҳисоблагични қиёсловдан ўтганлиги тўғрисида берилган сертификатнинг амал қилиш муддати сақланиб қолади.


92. Алмаштириш, таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш, қиёсловдан ўтказиш ва созлигини мониторинг қилиш учун ечиб олинган ҳисоблагичлар газ узатиш (газ таъминоти) ташкилоти ваколатли ходимлари томонидан ўрнатилади ва шу вақтнинг ўзида пломбаланади.

Заруратга кўра автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида ҳисоблагичнинг импульс тармоқлари ва торайтирувчи қурилмани (шайба) ўрнатиш ва алмаштириш жараёнида комиссион тартибда Ўзэнергоинспекция, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва бошқа мутахассислар иштирок этади.


93. Хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва қиёсловдан ўтказиш учун ҳисоблагичларни ечиб олиш ва ўрнатиш шартлари табиий газни етказиб бериш шартномасида кўрсатилади.


94. Ҳисоблагичларни қиёсловдан ўтказиш натижаларидан норози бўлган истеъмолчилар белгиланган тартибда юқори турувчи органга (ташкилот) ёки судга мурожаат қилишлари мумкин.


95. Истеъмолчи (маиший истеъмолчилардан ташқари) ваколатли ходимлар томонидан хизмат гувоҳномаларини кўрсатиб, ўзларини таништирган тақдирда сутканинг исталган вақтида ҳисоблагичларни, газ тармоқларини, газдан фойдаланиш ускуналарини, уларнинг уланиш схемаларини ҳамда газдан фойдаланиш ҳолатини кўздан кечириш учун тўсқинликсиз ўзларига тегишли ҳудудга кириш имкониятини таъминлаши шарт.

Маиший истеъмолчиларнинг ҳисоблагичи, газдан фойдаланиш ускуналари ва газдан фойдаланиш ҳолатларини кўздан кечириш соат 08:00 дан 20:00 гача амалга оширилади. Кўздан кечириш ва қайта назорат ишларининг натижалари ваколатли ходимлар томонидан далолатнома асосида расмийлаштирилиши лозим.


96. Истеъмолчи газ таъминоти ташкилоти, Ўзэнергоинспекция ваколатли ходимларини ҳисоблагичлар, газдан фойдаланиш ускуналари ва уларнинг уланиш схемаларини кўздан кечириш имкониятини таъминламаган тақдирда, ваколатли ходимлар ушбу ҳолатни далолатнома билан расмийлаштиради ва унинг бир нусхасини истеъмолчига тақдим этган ҳолда уни табиий газ тармоғидан узиб қўйиш ҳуқуқига эга бўлади.

Истеъмолчи мазкур далолатнома билан танишиши лозим. Истеъмолчи далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, далолатномада бу ҳолат қайд этилади. Рад этиш ҳолати икки гувоҳ ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили томонидан ёхуд тегишли далиллар (фотосурат ёки видео тасвир) билан тасдиқланиши керак. Истеъмолчи далолатномани имзолашни рад этиш сабабини баён қилиш ҳуқуқига эга ва бу тўғрисида далолатномада зарур қайдлар кўрсатилиши шарт.

Далолатномага имзо қўйишни рад этиш истеъмолчини газ тармоғидан узиб қўйиш учун асос бўлади ва бу ҳақида истеъмолчи дарҳол огоҳлантирилади.

Газ узатиш, газ таъминоти ва трейдер ташкилоти ўртасида ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар уч нусхада Маҳсулотни етказиб бериш-қабул қилиш тўғрисидаги товар транспорт юк хати расмийлаштирилади ва уч томонлама имзоланади.

Хатлов далолатномасини расмийлаштиришда шаффофликни таъминлаш учун хатлов натижалари тўғрисидаги маълумотларни кунлик киритиб бориш мақсадида газ таъминоти ташкилоти ва трейдер томонидан белгиланган тартибда (ваколатли органлар томонидан мониторинг қилиш имконини берувчи ҳамда киберхавфсизлик талабларига мос келувчи) электрон база яратилади;

мазкур электрон база Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Энергетика вазирлиги, Ўзэнергоинспекция ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг электрон тизимларига интеграция қилинади ёки ундан фойдаланиш имконияти яратилади;

ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи ва коммунал-маиший истеъмолчилар бўйича хатлов далолатномаларини расмийлаштириш газ таъминоти (газ узатиш, трейдер) ташкилотлари томонидан ёки Ўзэнергоинспекция ваколатли ходимлари билан биргаликда ўтказиладиган хатлов натижалари бўйича амалга оширилади.



9-БОБ. МАИШИЙ ИСТЕЪМОЛЧИЛАР

ТОМОНИДАН ТАБИИЙ ГАЗ УЧУН ҲИСОБ-

КИТОБ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


97. Ҳисоб-китоб ойида истеъмолчиларга етказиб берилган табиий газ ҳажми истеъмолчиларда ўрнатилган Ўзбекистон Республикаси Ўлчов воситалари давлат реестрига киритилган турдаги ТГНҲАТга уланиш имконини берувчи ҳисоблагичлар орқали газ таъминоти ташкилоти ёки трейдерларнинг электрон дастурларига онлайн равишда келиб тушадиган маълумотлар асосида аниқланади. Ҳисобот ойида ҳисоблагичлардан газ таъминоти ташкилоти ёки трейдерларнинг дастурларига маълумотлар тўлиқ келиб тушмаган тақдирда ёки ТГНҲАТга уланмаган ҳисоблагичнинг кўрсаткичлари газ таъминоти ташкилоти ёки трейдерларнинг ваколатли ходимлар томонидан жойига чиққан ҳолда бевосита ҳисоблагичдан ёзиб олиш асосида аниқланади.


98. Ҳисоб-китоб ойида ҳисоблагичлардан кўрсаткичлар тўлиқ келиб тушиши таъминланмаган ёки ТГНҲАТда ҳисоблагичнинг носозликлари кузатилган тақдирда, ушбу истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб фақатгина жорий ойда табиий газни истеъмол қилишнинг амалдаги меъёрларидан келиб чиқиб амалга оширилади. Кейинги ойда ҳисоб-китоблар ҳақиқатда истеъмол қилинган ҳажмга (зарурият туғилганида, жойига чиққан холда) аниқлик киритилган тарзда амалга оширилади. Бунда тегишли кўрсаткичларга аниқлик киритилгандан сўнг ҳақиқатда истеъмол қилинган газ ҳажми бўйича қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилади. ТГНҲАТга уланган истеъмолчиларга табиий газни газ таъминоти ташкилотининг биллинг тизимига охирги марта ҳақиқий кўрсатгич келиб тушган даврдан (сана, ой) бошлаб хатловда аниқланган маълумотлар бўйича истеъмол қилиш меъёрларини инобатга олиб, ҳисоб-китоблар амалга оширилади.


99. ТГНҲАТга уланган ва белгиланган меъёрлар асосида ҳисоб-китоб қилинадиган истеъмолчиларга ҳисоб-китоб ойида етказиб берилган табиий газ ҳажми биллинг тизими орқали автоматлаштирилган режимда аниқланади.


100. Газ таъминоти ташкилотининг вакили ёки истеъмолчи томонидан биллинг тизимига киритилган кўрсаткичлар асосида етказиб берилган табиий газ ҳажми, дебитор ва кредитор қарздорликлар бўйича тўлақонли (якуний) ҳисоб-китоблар ҳар бир истеъмолчининг шахсий ҳисобварағлари бўйича амалга оширилади.


101. Истеъмолчининг телефон рақами мавжуд бўлган тақдирда, газ таъминоти ташкилоти истеъмолчиларни табиий газ учун тўловни амалга ошириш зарурлиги ҳақида автоматик тарзда (овозли қўнғироқ ёки СМС хабар ёрдамида) хабардор қилишни таъминлайди.

Бунда биллинг тизимидаги истеъмолчи мобил телефон рақамининг тўғрилигига ва мобил телефон рақами ўзгарган тақдирда, бу ҳақидаги маълумотни жорий ой якунига қадар газ таъминоти ташкилотига тақдим қилишга ёки ўзининг шахсий кабинет орқали ўзгартиришга масъул ҳисобланади. Ушбу юборилган хабарномалар газ таъминоти ташкилотининг расмий огоҳлантириши ҳисобланади.


102. Истеъмолчилар истеъмол қилинадиган табиий газ учун тўловларни олдиндан амалга оширадилар.


103. Истеъмол қилинган табиий газ ҳақи ўз вақтида тўланмаган тақдирда, истеъмолчи газ таъминоти ташкилотига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда пеня тўлайди.

Истеъмол қилинган табиий газ бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда, маиший истеъмолчига тегишли бўлган доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган вояга етган жисмоний шахслар қарздорликни тўлаш бўйича солидар жавобгар бўладилар. Вояга етган жисмоний шахснинг солидар жавобгарлиги у маиший истеъмолчига тегишли бўлган доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган вақтдан бошлаб вужудга келади ва рўйхатдан чиқарилган вақтгача амал қилади.


104. Табиий газ учун тўлов банк муассасалари ва коммунал тўловларни қабул қилиш кассалари, шунингдек, электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши мумкин.


105. Газ таъминоти ташкилоти томонидан огоҳлантирилган истеъмолчилар хабардор қилинган вақтдан бошлаб истеъмол қилинган табиий газ бўйича қарздорликни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбурий ундириш учун тегишли ҳужжатлар судга тақдим қилинади ва истеъмолчиларни газ тармоқларидан узиш чораларини кўради.


106. Истеъмолчиларни дебитор қарздорлик учун газ тармоқларидан узиш ва уларни қайтадан улаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


107. Қайта уланишда истеъмолчидан тўлов куни амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида ҳақ ундирилади (ТГНҲАТга уланган истеъмолчилар бундан мустасно).


108. Газ таъминоти ташкилоти маълумотлар базасида белгиланган тарифларнинг ўзгариш (ортиш) вақтига қадар истеъмолчи томонидан амалга оширилган тўловлар ҳақидаги ҳисобга олинмаган ҳужжатлар аниқланган тақдирда, ушбу истеъмолчи бўйича ҳисоб-китоблар (қайта ҳисоб-китоблар) тўлов вақтида (санасида) амалда бўлган тарифлар асосида амалга оширилади, кейинчалик биллинг тизимидаги шахсий ҳисобварағидаги кўрсаткичларга зарур тузатишлар киритилади.


109. Фойдаланилган табиий газ учун тўлов суммаси ҳисоблагичлардан кўрсатгичларни олиш вақтида амалда бўлган тарифлар асосида ҳисобланади. Тарифлар ўзгарганда, аввал ҳисобланган сумма бўйича тарифлар ўзгаришига қадар тўлов амалга оширилмаган бўлса, қайта ҳисоб-китоб қилинмайдиган қарздорлик вужудга келган деб тан олинади.


110. Тарифлар ўзгарган ҳолларда, табиий газ ҳажми учун аванс тариқасида тўловни амалга оширган истеъмолчи икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга қўшимча тўловларни амалга оширишдан (ушбу давр мобайнида аванс тўловига тенг миқдордаги газ ҳажмидан ортиқ истеъмол қилмаган ҳолларда) озод қилинади.



10-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ФАОЛИЯТИ БИЛАН

ШУҒУЛЛАНУВЧИ, ИЖТИМОИЙ ВА СТРАТЕГИК

АҲАМИЯТИГА ЭГА ИСТЕЪМОЛЧИЛАР, ШУНИНГДЕК,

КОММУНАЛ-МАИШИЙ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ ТАБИИЙ

ГАЗ УЧУН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


111. Истеъмолчи томонидан табиий газни етказиб бериш учун тузилган шартнома асосида етказиб бериладиган табиий газ учун 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ҳукуматининг қарорларига асосан табиий газни сотишда нархни шакллантиришнинг алоҳида тартиби белгиланадиган истеъмолчилар учун етказиб берилган табиий газ тўловлари алоҳида тарифлар асосида амалга оширилади.

Маиший истеъмолчини газ билан таъминлаш учун табиий газдан фойдаланадиган идоравий ва муниципал уй-жой фондига, юридик шахслар ётоқхоналарига, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига ҳамда аҳоли эҳтиёжилар учун локал қозонхоналарга етказиб бериладиган табиий газ бўйича тўловлар ва ҳисоб-китоблар коммунал-маиший истеъмолчилар учун белгиланган тарифлар ва шартлар асосида амалга оширилади.


112. Истеъмолчилар томонидан шартномада кўрсатилган ҳажмдан кам табиий газ фойдаланилган тақдирда, улар томонидан табиий газ учун аванс тарзида тўланган маблағлар қайтарилмайди ва ушбу маблағлар келгуси ойларда табиий газдан фойдаланишда ҳисобга олинади.


113. Ҳисоб-китоб даврида истеъмолчилар томонидан (ушбу қоидаларга иловада кўрсатилган табиий газни етказиб беришнинг алоҳида тартиби белгиланадиган стратегик ташкилотлар ва автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари ҳамда маиший истеъмолчилардан ташқари) табиий газ истеъмоли шартномавий миқдордан 10 фоиз ва ундан ортишига йўл қўйилган тақдирда, ортиқча истеъмол қилинган табиий газ учун белгиланган тарифнинг икки баравари миқдорида қўшимча тўлов ундирилади.

Шартномада кўрсатиб ўтилган муддатларда етказиб берилган газ ҳақи ўз вақтида тўланмаган тақдирда, истеъмолчи (табиий газни етказиб беришнинг алоҳида тартиби белгиланадиган стратегик ташкилотлар бундан мустасно) муддати ўтган ҳар бир кун учун муддати ўтган тўлов суммасининг 0,1 фоизи миқдорида, бироқ муддати ўтган тўлов сумманинг 50 фоизидан ошмайдиган миқдорда пеня тўлайди.

Истеъмолчиларга ўзларининг тасарруфидаги мавжуд маънан эскирган ва фойдали иш коэффициенти паст бўлган газдан фойдаланиш ускунасини янги энергия тежамкор ускуналарга алмаштириш натижасида иқтисод қилинган табиий газ ҳажмига 3 йил давомида амалдаги тарифга нисбатан 15 фоиз чегирма берилади. Бунда:

истеъмолчилар газдан фойдаланиш ускунасини алмаштириш жадвали ва унинг натижасида эришиладиган иқтисодни назарда тутувчи дастурни тасдиқлаш учун Ўзэнергоинспекцияга киритади;

Ўзэнергоинспекция ўн кун муддатда тақдим этилган дастурни асосланганлигини кўриб чиқади ва натижаси бўйича келишади ёки асослантирган ҳолда келишишни рад этади;

тасдиқланган дастурга асосан амалга оширилган ишлар натижасида иқтисод қилинган табиий газ хажми энергия аудитори томонидан ўрганилади ва ушбу ҳажмлар бўйича хулоса берилади;

энергия аудитор хулосаси Ўзэнергоинспекция ва газ таъминоти ташкилотига тақдим этилади ва ижобий хулоса тақдим этилган кундан бошлаб чегирмалар қўлланилади.


114. Навбатдаги ой (чорак) учун шартномада кўрсатилган табиий газ ҳажмлари бўйича табиий газни етказиб бериш шартномасини ўзгартиришдан аввал истеъмолчи томонидан газ таъминоти ташкилотига бу ҳақида ўн кундан кечикмай хабар берилган тақдирда, бундай ҳолатлар ортиқча олинган табиий газ миқдори деб ҳисобланмайди.


115. Табиий газ учун истеъмолчининг тўлов муддати ўтган қарзи мавжуд бўлган тақдирда, унинг аванс тўлови ҳисобига ўтказилган маблағлари истеъмолчини хабардор қилган ҳолда, унинг тўлов муддати ўтган қарзини тўлашга йўналтирилади ва аванс тўлови сифатида ҳисобга олинмайди.


116. Ваколатли орган томонидан табиий газ учун амалдаги тарифлар (нархлар) ўзгаришлари тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилингандан кейин ушбу ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар газ таъминоти ташкилоти томонидан ўзгаришларнинг кучга киришидан олдин камида ўн беш кун аввал оммавий-ахборот воситалари орқали эълон қилинади.

Бунда табиий газ учун тарифларнинг ўзгарган санасидан қатъи назар, табиий газни етказиб бериш бўйича шартнома ўз кучида қолади, истеъмолчи эса истеъмол қилинган табиий газ учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тарифларнинг ўзгариши тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари кучга кирган кундан бошлаб янги тариф бўйича тўловларни амалга ошириши шарт.


117. Истеъмолчиларни дебитор қарздорлик учун газ тармоқларидан узиб қўйиш ва уларни қайтадан улаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Фойдаланилган табиий газдан қарздорлиги бартараф этилмаган ҳолатларда, истеъмолчини газ тармоқларига қайта улаб берган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


118. Истеъмолчи газ тармоқларига қайта уланишда истеъмолчидан тўлов куни амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида ҳақ ундирилади (ҳисоблагичда масофадан автоматик тарзда ўчириб-ёқиш клапанига эга бўлган истеъмолчилар бундан мустасно).


119. Истеъмолчилар ҳисоб-китоб даври бошланишидан камида беш кун олдин табиий газни етказиб бериш шартномасида кўрсатилган ойлик табиий газ ҳажми қиймати суммасининг 100 фоизи миқдорида газ таъминоти ташкилотининг ҳисоб-варағига тўловларни олдиндан амалга ошириши шарт.


120. Олдиндан тўлов суммаси ўтказилмаган тақдирда, истеъмолчиларга (стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга истеъмолчилардан ташқари) табиий газни етказиб берилмайди.


121. Истеъмолчилар томонидан истеъмол қилинган табиий газ учун узил-кесил ҳисоб-китоб ҳисоб-китоб ойидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар амалга оширилади.


122. Стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмолчилар томонидан истеъмол қилинган табиий газ учун узил-кесил ҳисоб-китоб ҳисоб-китоб ойи тугаганидан сўнг кейинги ойнинг якунига қадар амалга оширилади.


123. Ҳисоблагичлардан истеъмол қилинган табиий газ ҳажмлари бўйича кўрсаткичлар ёзиб олинганидан сўнг кейинги ойнинг 10-санасига қадар газ таъминоти ташкилоти томонидан ҳисоб-китоб ойи учун электрон шаклда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади ва истеъмолчига юборилади.

Жумладан:

газ узатиш ташкилоти трейдер билан имзоланган табиий газни етказиб бериш шартномасига асосан истеъмолчиларга табиий газни етказиб берилганлиги тўғрисидаги далолатномани (товар транспорт юк хатини) ҳисоб-китоб ойидан кейинги ойнинг 7-санасига қадар трейдерга тақдим қилади;

трейдер томонидан истеъмолчиларга табиий газни етказиб берилганлиги тўғрисидаги электрон шаклда товар-транспорт юк хатига асосан ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-санасига қадар ҳисоб-китоб ойи учун электрон шаклда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади ва истеъмолчига юборилади;

газ таъминоти ташкилоти томонидан ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-санасига қадар ҳисоб-китоб ойи учун истеъмолчиларга табиий газни етказиб берилганлиги тўғрисидаги электрон шаклда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади ва истеъмолчига юборилади;

газ узатиш ташкилоти томонидан товар транспорт юк хатлари асосида табиий газни етказиб бериш бўйича кўрсатилган хизмат учун ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-санасига қадар ҳисоб-китоб ойи учун электрон шаклда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади ва трейдерга юборилади.


124. Истеъмолчи газ таъминоти ташкилоти томонидан юборилган электрон ҳисобварақ-фактурани икки кундан кечиктирмасдан, газ таъминоти ташкилотидан ҳисоб-китоб ойи учун қабул қилиб олади ва эътирозлари бўлмаса, ЭРИ ёрдамида имзолайди ҳамда унинг бир нусхасини газ таъминоти ташкилотига юборилган манзил орқали жўнатади.


125. Ҳисобварақ-фактурани имзоламаслик ёки уни эътирозлар билан имзолаш истеъмолчига тақдим этилган истеъмол қилинган табиий газ ҳажмлари учун тўловлардан озод қилмайди. Узатилган ёки қабул қилинган газ миқдорини аниқлашдан норози бўлган томон норозилик сабабларини мажбурий акс эттириш йўли билан ҳисоб-китоб қилиш ойи тугагандан кейин 10-кунгача бошқа томонга бу тўғрисида маълум қилади. Ушбу масалани ўзаро ҳал этиш имконияти бўлмаганда, келишмовчилик сабаблари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилиши керак.


126. Истеъмолчилардан табиий газ бўйича дебиторлик қарзлар газ таъминоти ташкилоти ва трейдерлар томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади.


127. Истеъмолчи табиий газдан узиб қўйилганидан сўнг яна ўзбошимчалик билан уланган ҳолда, истеъмол қилинган табиий газ ҳажмлари, унинг қиймати, газ тармоғидан узиб қўйилган вақтдан бошлаб газдан фойдаланиш ускунасининг тўлиқ сутка давомида (24 соат) тўлиқ қувват билан ишлаши ҳисобидан келиб чиққан ҳолда аниқланади (ҳисоб-китоб қилинади). Бунда, истеъмолчи томонидан фойдаланилган табиий газ ҳажмларининг ҳисоботга олинган миқдори инобатга олинади.


128. Рухсатсиз фойдаланилган газ ҳажмлари қийматининг ундирилиши ўз навбатида истеъмолчини мазкур Қоидаларни бузганлик учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа жавобгарликлардан озод қилмайди.



11-БОБ. ТАБИИЙ ГАЗДАН ФОЙДАЛАНИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗИШ, УШБУ ҲОЛАТЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА ҲИСОБГА ОЛИНМАГАН

ТАБИИЙ ГАЗ ҲАЖМИНИ ҲИСОБ-КИТОБ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


129. Қуйидаги ҳолатлар истеъмолчилар томонидан табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг бузиш (ноқонуний фойдаланиш) деб ҳисобланади:

ваколатли ташкилотлардан рухсат олмасдан, ЛТҲсиз, шартнома расмийлаштирмасдан табиий газдан фойдаланиш;

ҳисоблагичга ва масофадан туриб ўчириб-ёқиш клапанига қасддан шикаст етказиш;

ўчириш қурилмалари, газдан фойдаланиш ускуналари ёки ҳисоблагичга ўрнатилган пломбаларни қасддан бузиш;

табиий газ ҳисобини юритмасдан ёки ўрнатилган ҳисоблагичдан фойдаланмасдан табиий газни ишлатиш (ойлик меъёрлар бўйича аҳоли маиший эҳтиёжлар учун табиий газни етказиб бериш бўйича хизмат кўрсатиш ҳолатлари бундан мустасно);

газ қувурлари ёки ГТШларда, газ тақсимлаш тармоқларини технологик иш режимини бузишга олиб келадиган қурилмаларни ўрнатиш;

ҳисобга олишни нотўғри кўрсатиш мақсадида ҳисоблагичнинг ишлаб чиқарувчи томонидан ўрнатилган ички эҳтиёт қисмларини ўзбошимчалик билан ўзгартириш, ҳисоблагичнинг конфигурацияси ва созлигини ўзгартириш, рухсат этилмаган модем ёки бошқа алоқа воситаларини рухсатсиз улаш ёхуд бошқача тарзда ташқи таъсир кўрсатиш;

ҳисоблагичнинг хотирасидаги маълумотлар истеъмолчининг хатти-ҳаракати билан қисман ёки тўлиқ йўқ қилиниши;

ҳисоблагични ўрнатиш тартиби ва схемасини ўзбошимчалик билан ўзгартириш (давлат стандарти талабларига амал қилмаслик);

ҳисоблагич ўрнатилган жойдан ташқари визуал аниқлаб бўлмайдиган яширин йўллар билан, жумладан газ қувурлари (тармоқлари), байпас линиялари ва бошқа техник воситаларни яширинча монтаж қилиш орқали истеъмолчининг газ тармоқларига (қувурларига) уланиш;

ҳисоблагич ўрнатилган жойдан ташқари визуал аниқлаб бўладиган йўллар билан, жумладан газ қувурлари (тармоқлари), байпас линиялари ва бошқа техник воситаларни яширинча монтаж қилиш орқали истеъмолчини газ тармоқларига (қувурларига) уланиш;

ҳисоблагичнинг қиёсловдан ўтказиш муддати ўтиб кетганда (маиший истеъмолчилардан ташқари), бунда ушбу ҳисоблагич аккредитациядан ўтказилган метрология ташкилоти ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ваколатли органлар томонидан фойдаланиш учун яроқсиз деб топилганда;

табиий газдан шартнома ва лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш;

ҳисоблагичнинг рухсат этилган максимал соатлик ўтказиш қувватидан ортиб кетиши;

ўзбошимчалик билан ҳисоблагичнинг рухсат этилган максимал ўлчаш чегарасидан (диапазони) четга чиққан ҳолда ЛТҲдан ташқари ортиқча газ анжомларини ўрнатиш;

ҳисоблагичнинг манифольд қурилмаси жўмракларига ташқи таъсир кўрсатиш, ҳарорат ўлчагичига ҳар хил иситиш мосламаларини ўрнатиш;

газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ваколатли ходими томонидан ҳисоблагич ва ўлчов узелларига белгиланган тартибда пломбалар ўрнатилмаганлиги (симларнинг таранг тортилмаганлиги, яъни симни узмаган ёки пломбаларни бузмаган ҳолда уларни ечиш орқали манифольд жўмраклари, калибрлаш болтлари, импульсли тармоқ жўмракларига таъсир кўрсатиш имконини берадиган ҳолатда ўрнатилганлиги).

Истеъмолчилар томонидан қуйидаги техник қоидаларга риоя этмаслик ҳолатлари ҳам газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳисобланади:

ўзбошимчалик билан ҳисоблагичнинг рухсат этилган максимал ўлчаш чегарасидан (диапазони) четга чиқмаган ҳолда ЛТҲдан ташқари ортиқча газ анжомларини ўрнатиш;

ўрнатилган газдан фойдаланиш ускуналарининг ўрнини ўзбошимчалик билан ўзгартириш;

техник шартларда ва газ етказиб бериш шартномасида кўрсатилмаган бошқа газдан фойдаланиш ускуналарини (ҳисоблагичнинг рухсат этилган максимал ўлчаш чегарасидан четга чиқмаган ҳолда) ўзбошимчалик билан ўрнатиш;

газдан фойдаланиш ускунасига газни рухсатсиз очиб бериш ёки газ истеъмол қилишнинг белгиланган тартибига риоя қилмаслик ёхуд газдан фойдаланиш ускуналарида газ сарфлашнинг тасдиқланган солиштирма меъёрларисиз газ сарфлаш ёки бундай меъёрлардан ортиқча сарфлаш;

газ ёниш жараёнини автомат тарзда бошқариб турувчи қурилмаларнинг бўлмаслиги ёки уларни яроқсизлиги;

табиий газни истеъмол қилувчи ташкилотлар учун назарда тутилган захира ёқилғи хўжалигининг яратилмаганлиги ёки газдан фойдаланиш ускуналарининг белгиланган захира ёқилғи турларида ишлашга тайёр эмаслиги;

газ ҳисоблагични, модем алоқа воситасини электр манбалардан ўчириб қўйиш (модемни масофадан туриб пульт орқали бошқариш) ёки бошқа усуллар билан фойдаланилган табиий газ ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар ТГНҲАТга онлайн равишда узатилишини тўхтатиб қўйиш.

Қоидаларнинг ушбу бандида назарда тутилган қоида бузилишлари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ тегишли жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Мазкур Қоидаларни бузиш ҳолатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлганда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузишга ваколати бўлган шахслар томонидан белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.

Ўзэнергоинспекция иштирокида аниқланган табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича расмийлаштирилган қоидабузарлик далолатномасига асосан:

истеъмолчига табиий газни етказиб бериш тўхтатилади ва Ўзэнергоинспекция мутахассислари томонидан ҳисоблагичлар ва ўчириб-ёқиш жиҳозларига пломба ўрнатилади;

амалга оширилган қайта ҳисоб-китоб бўйича тўловлар Вазирлар Маҳкамасининг "Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясини молиялаштиришни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2023 йил 28 сентябрдаги 512-сон қарорига мувофиқ газ таъминоти ташкилотининг алоҳида ҳисобварағига (22636) ундирилади ва тўловлар амалга оширилгандан сўнг тармоққа қайта уланишга рухсат берилади.

Бунда истеъмолчи рухсатсиз пломбани бузганлиги учун белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.


130. Истеъмолчилар томонидан мазкур Қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш газ таъминоти (газ узатиш, трейдер) ташкилотининг ваколатли мутахассислари ва Ўзэнергоинспекция ходимлари томонидан амалга оширилади. Истеъмолчиларнинг айбисиз қуйидаги ҳолатлар вужудга келганда, истеъмолчи жавобгарликка тортилмайди, бироқ газ ҳажмининг амалдаги сарфи бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилади:

ҳисоблагич техник жиҳатдан носоз ҳолга келиши (тўхтаб қолиши);

ҳисоблагичнинг хотирасидан унга ташқи таъсир кўрсатмаган ҳолда маълумотларнинг тўлиқ ёки қисман йўқолиши.


131. Мазкур Қоидаларни бузиш ҳолатлари юзасидан ваколатли ходимлар (жумладан, муҳандис-техник ходимлар ва бошқа ваколатли ходим) томонидан тегишли далолатнома расмийлаштиради.

Далолатнома ваколатли ходимлар, истеъмолчи ва бошқа иштирокчилар томонидан имзоланади. Истеъмолчи далолатномага имзо қўйишдан бош тортган тақдирда, икки нафар холис жалб этилиб, иш ҳолатлари уларга маълум қилинади ҳамда уларнинг далолатномага имзо қўйиши таъминланади ёхуд тегишли далил (фотосурат ёки видео тасвир)лар билан тасдиқланиши керак.

Истеъмолчи томонидан мазкур Қоидалар бузилгани аниқланганда газ таъминоти ташкилоти, трейдер ёки Ўзэнергоинспекциянинг ваколатли ходими томонидан мазкур истеъмолчи белгиланган тартибда табиий газ тармоғидан узиб қўйилади.

газ таъминоти ташкилоти, трейдер ёки Ўзэнергоинспекциянинг ваколатли ходимларнинг ўз ваколатлари доирасидаги қонуний ҳаракатларига тўсқинлик қилганлик ёки соғлиғига зарар етказган шахсларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик келиб чиқишига сабаб бўлади.


132. Табиий газни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар томонидан газ узатиш (газ таъминоти) ташкилотининг газ қувурларига (тармоқларига) ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисоблагичларга, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш, шунингдек, ҳисоблагичларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ва бошқа қурилмаларга ташқи таъсир кўрсатиш лицензия битими талаблари ҳамда шартларини бир маротаба қўпол равишда бузиш ҳисобланади ҳамда ушбу фаолият турлари амалга оширилишини лицензияловчи ваколатли орган томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда лицензиянинг бекор қилинишига олиб келади.


133. Газ таъминоти ташкилоти, Ўзэнергоинспекция ёки трейдернинг ваколатли ходимлар далолатномани расмийлаштириш жараёнида газдан ноқонуний фойдаланишда қўлланилган қуйидаги (ишга алоқадор бўлган) ашёлар ва буюмларни муҳрлаган ҳолда олиб қўйиб, ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатларга қўшиш чораларини кўради:

ҳисоблагичлар;

модем ва бошқа алоқа воситалари;

газ ёндиргич (горелка)лар;

газ тортиш (сўриш) мосламалари;

резина, полиэтилен ва темир қувурлар;

қўлбола усулда ясалган бошқа қурилмалар;

заруратдан келиб чиқиб, регулятор, зулфин ва ГТШлар;

узилган сим ва пломбалар;

ноқонуний фойдаланишни тасдиқловчи бошқа ашёлар, далиллар ва буюмлар.

Далолатномада мазкур Қоидаларни бузган истеъмолчи, фойдаланилган газ ҳажми, ҳисоблагич кўрсаткичлари тўғрисидаги ва бошқа зарур маълумотлар келтирилади.

Бунда газ ҳажми қуйидаги ҳолатларга аниқлик киритиш орқали мазкур Қоидаларнинг 134-бандида келтирилган мезонлар асосида ҳисобланади:

истеъмолчининг газ тармоқларига уланган вақти ва табиий газдан фойдаланилган давр;

бўлиниш чегарасидаги газ босими кўрсаткичи (яроқлилик сертификатига эга бўлган ўлчов воситалари ёрдамида аниқланади);

ноқонуний фойдаланиш ҳолатида аниқланган газдан фойдаланиш ускуналарининг сони, тури ва соатлик газ сарфи;

ҳисоблагичдан олинган электрон архив маълумотлари;

электрон тизимлардан олинган маълумотлар;

газдан фойдаланиш мақсади (фаолият тури).

Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва тегишли далолатномани расмийлаштиришда иштирок этган газ таъминоти ташкилоти, трейдер ёки Ўзэнергоинспекциянинг ваколатли ходимлар мазкур Қоидаларнинг ушбу бандида келтирилган талабларга амал қилмаганликлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Газ таъминоти ташкилоти, трейдер ёки Ўзэнергоинспекциянинг ваколатли ходимлар томонидан мазкур Қоидаларни бузиш ҳолати аниқланганда бу ҳақида зудлик билан ўз раҳбарига хабар берилади. Газ таъминоти ташкилотининг бошқа ходимлари томонидан мазкур Қоидаларни бузиш ҳолатлари аниқланганда, улар бу ҳақда ўз раҳбари ҳамда далолатнома расмийлаштиришга ваколатли бўлган ходимларга маълум қиладилар.


134. Мазкур Қоидаларни бузганлик ҳолатларида газ ҳажми истеъмолчи билан табиий газни етказиб бериш шартномасини тузган ташкилотнинг ваколатли ходимлари (муҳандис-техник ва бошқа ваколатли ходимлар) томонидан аниқланади.

Табиий газнинг сарфланган (фойдаланилган) ҳажми мазкур Қоидаларни бузганлик ҳолатлари доирасида тўпланган ҳужжатлар (фото, видео тасвир, ашёвий далиллар ва бошқа тааллуқли ҳужжатлар) асосида тўлиқ сутка давомида (24 соат) тўлиқ қувват билан ишлаши ҳисобидан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, қўшимча ўрганиш ва ваколатли мутахассислар хулосаларини олиш зарурати юзага келганда, ушбу хулосалар олингандан сўнг ҳисоб-китоб қилинади.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан табиий газнинг сарфланган (фойдаланилган) ҳажмини қайта ҳисоб-китоб қилиш зарур деб топилганда, ушбу ваколатли шахслар ва органларнинг қарорлари (ҳужжатлари)га асосан комиссиявий таркибда газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти, Ўзэнергоинспекция ва заруратга қараб бошқа малакали мутахассислар, шунингдек, хулоса бериш ваколатига эга бўлган экспертлар томонидан амалга оширилади.

Истеъмолчи томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги учун газ ҳажмлари ва нархи ҳисоб-китоб кунида амалда бўлган энг юқори тариф бўйича таъминотчи ташкилотнинг ваколатли ходими томонидан газдан фойдаланиш ускунасининг тўлиқ сутка давомида (24 соат) тўлиқ қувват (маиший истеъмолчиларга белгиланган меъёрлардан) билан ишлаши ҳисобидан келиб чиқиб, қуйидаги даврлардан бошлаб мазкур Қоидалар бузилганлиги аниқланган кунга қадар ҳисобланади:

ваколатли ташкилотлардан рухсат олмасдан, ЛТҲларисиз, шартномасиз табиий газдан фойдаланиш аниқланганда - газ ҳажмларининг қиймати истеъмолчи давлат рўйхатидан расмий ўтказилган кундан бошлаб (тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда) ҳисобланган вақт мобайнида, бироқ даъво муддатидан кўп бўлмаган даврда;

ҳисоблагичга ва/ёки масофадан туриб ўчириб-ёқиш клапанига қасддан шикаст етказиш аниқланганда - ТГНҲАТда сўнгги маълумот мавжуд бўлган кундан, ушбу маълумотлар мавжуд бўлмаганда газ таъминоти ташкилоти ваколатли ходимлар томонидан сўнгги кўрикдан ўтказилган даврдан бошлаб;

ўчириш қурилмалари, газдан фойдаланиш ускуналари ёки ҳисоблагичга ўрнатилган пломбаларни бузилиши аниқланганда - газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходими томонидан сўнгги кўрикдан ўтказилган даврдан, бироқ ушбу пломба ўрнатилган кундан кўп бўлмаган даврдан бошлаб;

табиий газ ҳисобини юритмасдан ёки ўрнатилган ҳисоблагичдан фойдаланмасдан табиий газни ишлатиш аниқланганда - газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходими томонидан сўнгги кўрикдан ўтказилган вақт мобайнида, бироқ даъво муддатидан кўп бўлмаган даврдан бошлаб;

газ қувурлари ёки ГТШларда, газ тақсимлаш тармоқларини технологик иш режимини бузишга олиб келадиган қурилмалар ўрнатилганда - газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходими томонидан сўнгги кўрикдан ўтказилган вақтдан бошлаб;

ҳисоблагичларда газ ҳажмларини ҳисобга олишни нотўғри кўрсатиш мақсадида ҳисоблагичнинг ишлаб чиқарувчи томонидан ўрнатилган ички қисмларини ўзбошимчалик билан ўзгартириш, ҳисоблагичнинг конфигурацияси ва созлигини ўзгартириш, рухсат этилмаган модем ёки бошқа алоқа воситаларини рухсатсиз уланганда - рухсатсиз аралашилган кундан бошлаб (аралашиш ҳолати ва санасини тасдиқловчи ҳужжатлар (маълумотлар) мавжуд бўлганда), лекин охирги қиёсловдан ўтказилган кундан ошмаган даврдан бошлаб;

ҳисоблагичнинг хотирасидаги маълумотларни истеъмолчининг айби билан қисман ёки тўлиқ йўқ қилинганда - маълумотлар йўқолган даврдан бошлаб;

ҳисоблагични улаш тартиби ва схемаси ўзбошимчалик билан ўзгартирилганда - газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходими томонидан ҳисоблагич сўнгги хатловдан ўтказилган вақтдан бошлаб ҳисобланадиган давр мобайнида, лекин охирги қиёсловдан ўтказилган кундан ошмаган даврдан бошлаб;

ҳисоблагичдан ташқари визуал аниқлаб бўлмайдиган яширин йўллар билан, жумладан, газ қувурлари (тармоқлари), байпас линиялари ва бошқаларни яширинча монтаж қилиш орқали уланганда - корхона фаолият бошлаган (рўйхатдан ўтган кундан) ёки охирги хатловдан ўтказилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан кўп бўлмаган даврдан бошлаб;

табиий газдан ноқонуний фойдаланиш мақсадида истеъмолчи томонидан ҳисоблагичдан ташқари визуал аниқлаб бўладиган йўллар билан, жумладан газ қувурлари (тармоқлари), байпас линиялари ва бошқа жиҳозларни монтаж қилиш орқали уланиш аниқланганда - газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходими томонидан сўнгги хатлов ўтказилган вақтдан бошлаб ҳисобланадиган давр мобайнида, бироқ уч ойдан кам бўлмаган даврдан бошлаб;

газ истеъмоли ҳажмига таъсир кўрсатадиган бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлар аниқланганда - ҳисоблагичга рухсатсиз аралашилган кундан бошлаб (аралашиш ҳолати ва санасини тасдиқловчи ҳужжатлар (маълумотлар) мавжуд бўлганда), бироқ даъво муддатидан кўп бўлмаган даврдан бошлаб;

ҳисоблагичнинг қиёсловдан ўтказиш муддати ўтиб кетганда, бунда ушбу ҳисоблагич носоз деб топилган тақдирда - ҳисоблагичнинг қиёслов муддати ўтиб кетган даврдан бошлаб;

ҳисоблагичнинг манифольд қурилмаси жўмракларига ташқи таъсир кўрсатиш, ҳарорат ўлчагичига ҳар хил иситиш мосламаларини ўрнатиш ҳолатлари аниқланганда - газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходими томонидан пломба ўрнатилган кундан бошлаб, бироқ уч ойдан кам бўлмаган даврдан бошлаб.

Бунда истеъмолчи томонидан фойдаланилган табиий газ ҳажмларининг ҳисоботга олинган миқдорлари, шунингдек муайян даврларда Ҳукуматнинг тегишли топшириқлари, юқори турувчи вазирлик ва идораларнинг кўрсатмаларига асосан истеъмолчиларга табиий газни етказиб берилиши чекланган даврлар (тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда) инобатга олинади.

Мазкур Қоидаларни бузганлик ҳолатлари аниқланганда газ ҳажмини ҳисоблаш жараёнига ваколати бўлган ходимлардан ташқари бошқа шахсларнинг аралашувига қатъиян йўл қўйилмайди.

Мазкур Қоидаларнинг 129-банди иккинчи қисмида келтирилган қоидабузарликлар учун қўшимча газ ҳажми ҳисобланмайди, бироқ ушбу ҳолатлар истеъмолчини маъмурий жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Ваколатли ташкилотлардан рухсат олмасдан, ЛТҲларисиз, табиий газни етказиб бериш шартномасиз ва ҳисоблагичсиз табиий газдан фойдаланиш - юридик шахслардан сарфланган табиий газ қийматининг уч баравари миқдорида жарима ундирилишига сабаб бўлади.


135. Мазкур Қоидаларнинг 130-бандида келтирилган ҳолатлар бўйича ҳисоб-китоблар қуйидаги тартибда амалга оширилади:

истеъмолчиларнинг айбисиз ҳисоблагич техник жиҳатдан носоз ҳолатга келганлиги аниқланганда (тўхтаб қолганда) - ТГНҲАТда сўнгги маълумот мавжуд бўлган кундан, ушбу маълумотлар мавжуд бўлмаганда эса газ таъминоти ташкилотининг ваколатли ходими томонидан сўнгги кўрикдан ўтказилган давр учун охирги газ сарфи ҳисоботи кўрсаткичларнинг ўртача миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади;

ҳисоблагичнинг хотирасидан унга ташқи таъсир кўрсатмаган ҳолда маълумотлар тўлиқ ёки қисман йўқолиб қолганда - ТГНҲАТда мавжуд маълумотлар бўйича (бунда ёзги ва қишки мавсумдаги истеъмол ҳажмлари инобатга олиниши лозим), ТГНҲАТда маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, сўнгги маълумотлар таҳлили асосида газ сарфи ҳисоботи кўрсаткичларининг ўртача миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.


136. Мазкур Қоидаларнинг 129, 130 ва 134-бандларида қайд этилган қоидабузарлик ҳолатлари аниқланганда, фойдаланилган газ ҳажмлари қийматининг қопланиши истеъмолчиларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа жавобгарликлардан озод қилмайди.


137. Аниқланган қоидабузарлик ҳолати юзасидан расмийлаштирилган далолатнома, газ ҳажмини ҳисоблаш далолатномаси ва ҳолатга алоқадор бошқа ҳужжатлар ҳамда олинган ашёлар, далиллар ва буюмлар қонуний чораларни кўриш учун тегишлилигига кўра ўн иш куни ичида ваколатли органларга тақдим этилиши керак.



12-БОБ. 100 КВТ.ДАН ОРТИҚ ҚУВВАТГА ЭГА

БЎЛГАН ГАЗДАН ФОЙДАЛАНИШ УСКУНАЛАРИНИ

ИШЛАТАДИГАН ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ТОМОНИДАН

ТАБИИЙ ГАЗДАН ОҚИЛОНА, ХАВФСИЗ

ФОЙДАЛАНИШ ВА УНИ МЕЪЁРЛАШ


138. Истеъмолчилар томонидан табиий газдан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ёки бажарилаётган ишлар (хизматлар) бирлигига натура ҳолида ва шартли равишда ҳисобланган газ сарфининг тасдиқланган меъёрларига эга бўлишлари керак.


139. Ишлаб чиқаришнинг барча даражаларида газ сарфини меъёрлаш қонунчилик ҳужжатларида ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган меъёрлар ва қоидаларга мувофиқ амалга меъёрланади.


140. Газдан фойдаланиш ускуналарини ишлатадиган ташкилотлар ушбу ускуна учун газ сарфининг индивидуал меъёрларига эга бўлиши, улар мавжуд бўлмаганда эса, лойиҳалаштириш ёки ихтисослаштирилган ташкилотларни жалб этган ҳолда уларнинг техник асосланган меъёрларини ишлаб чиқиши керак.


141. Ёқилғи-энергия ресурсларини ишлатадиган истеъмолчиларни энергетика текширувидан ва экспертизадан ўтказиш қоидаларига мувофиқ истеъмолчилар ихтисослашган ташкилотларни (энергия аудиторларини) жалб этган ҳолда ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш мақсадида энергетика текширувини ўтказиши керак.

Ёқилғи-энергия ресурсларидан ёки уларнинг турларидан ҳар бирининг жами истеъмоли йилига икки минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғини ташкил қиладиган истеъмолчилар энергетика текширувларидан мажбурий ўтказилиши керак.

Ёқилғи-энергия ресурсларини энергетика текшируви натижалари бўйича энергия аудиторлари томонидан ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланишда қоида бузилишларни бартараф этишга доир тавсиялар ҳамда улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий-техник тадбирлар рўйхати истеъмолчининг объектларида техник имкониятлар мавжуд бўлганда иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланишни назарда тутилган ҳолда берилади.


142. Табиий газни сарфлаш меъёрлари истеъмолчи томонидан тасдиқланади ва газдан самарали ва оқилона фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши, такомиллаштирилиши керак.


143. Йил мобайнида тасдиқланган меъёрлар ускуналар алмаштирилган ёки реконструкция қилинган жиҳозларнинг турлари, фойдаланадиган хомашёнинг таркиби ўзгарган ҳолларда газ сарфининг ўзгаришига сабаб бўлган ёқилғи-энергия ресурсларини тежаш бўйича зарур ташкилий-техник тадбирлар бажарилишини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши мумкин.


144. Табиий газни сарфлаш меъёрларига риоя қилиниши ҳамда ундан самарали ва оқилона фойдаланиш юзасидан ички назорат табиий газни истеъмол қилувчи ташкилот раҳбарлари томонидан амалга оширилади.



13-БОБ. ГАЗ ТАЪМИНОТИ ТАШКИЛОТИНИНГ

ТАБИИЙ ГАЗ ҲИСОБОТИ БАЛАНСИНИ

ТУЗИШ ТАРТИБИ


145. Газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти газ тақсимлаш тармоқлари орқали олинган табиий газнинг қабул қилинган ва тақсимланган ҳажми бўйича ҳисобот балансини (кейинги ўринларда - табиий газ баланси) тузади.


146. Ҳисобот даври учун табиий газ баланси олинган табиий газ умумий ҳажмини унинг тақсимланган ҳажмлари йиғиндисига тенглиги асосида қуйидагилар бўйича аниқланади:

истеъмолчиларга сотилган табиий газ ҳажми (шу жумладан, ноқонуний фойдаланиш ҳолатларида истеъмолчилар томонидан сарф қилинган газ ҳажми);

фойдаланиш ва технологик эҳтиёжлар учун сарфланган табиий газ ҳажми (қонунчилик ҳужжатларида ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида тартибга солинади);

табиий газни йўқотиш ҳажмлари (қонунчилик ҳужжатларида ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида тартибга солинади);

табиий газнинг газ тармоқларидаги технологик қолдиқлари;

қабул қилинган ва тақсимланган табиий газ ҳажмлари орасидаги мусбат ва манфий фарқлар.


147. Мусбат фарқ вужудга келганда, яъни тақсимланган табиий газ ҳажми қабул қилинган табиий газ ҳажмидан ортиқ бўлганда, мазкур фарқ ҳисоботда маълумот ўрнида кўрсатилиб, етказиб берилган табиий газ ҳажмига (ҳажм ошмаган ҳолда) таъсир қилмайди.


148. Манфий фарқ вужудга келганда, яъни тақсимланган табиий газ ҳажми қабул қилинган табиий газ ҳажмидан кам бўлганда, мазкур фарқ ҳисоботда табиий газ таннархига қўшиб ҳисобланади. Бунда узоқ вақт давомида табиий газнинг талон-торож қилиниши оқибатида аниқланган табиий газ ҳажмлари ҳисобот даври якунида табиий газ ҳажмида вужудга келган манфий фарқ ҳисобидан чиқарилади.


149. "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖ (кейинги ўринларда - жамиятлар) бошқарув органлари томонидан ҳар бир ҳисобот йили якунида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда табиий газ балансида вужудга келган фарқлар юзасидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

манфий фарқнинг қолдиқ ҳажми кейинги ҳисобот ойлари якуни билан асосланган ҳолда техник ҳисоботларда қайд этилади, асосланмаган газ ҳажмлари эса газ таъминоти ташкилотининг келгуси давр табиий газ балансига ўтказилади;

мусбат фарқнинг қолдиқ суммаси жамиятнинг даромади деб тан олинади.

Жамиятлар уларнинг бошқарув органлари томонидан ҳисобот йили якуни бўйича қабул қилинган ва тақсимланган табиий газ ҳажмлари бўйича вужудга келган фарқлар юзасидан қабул қилинган қарорларини Энергетика вазирлигига тақдим этади.


150. Газ таъминоти ташкилоти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар ойда манфий фарқнинг вужудга келиш сабабларини аниқлаши ва бунда:

аниқланган ва асосланган манфий фарқ бўйича ҳисобланган газ ҳажмлари асосида қарздорлик кейинги ҳисобот ойи якунига қадар қоидабузарлик содир этган истеъмолчилар рўйхатини шакллантириб, газни белгиланган сотиш нархларида ундириш чораларини кўриши, табиий газнинг газ тақсимлаш тармоқлари орқали етказиб беришда йўқотишларни рухсат этилган меъёрларини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаш учун табиий газ бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш бўйича ваколатли органга киритиши;

аниқланган, лекин асосланмаган манфий фарқ бўйича ҳисобланган газ ҳажмлари бўйича кейинги ҳисобот ойига қадар ушбу асоссиз йўқотишларга йўл қўйган газ таъминот ташкилотларининг айбдор ходимлари ёки истеъмолчиларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда зарур чораларни (шу жумладан ҳисобланган газ ҳажмлари бўйича қарздорликни газни сотиб олиш нархларида ундириш) кўриши шарт.


151. "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖларда табиий газ ҳажмлари бўйича юзага келган манфий фарқнинг қолдиқ суммаси фақатгина Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида ушбу жамиятларнинг "даврий харажатлари"га ўтказилади.



14-БОБ. ТАБИИЙ ГАЗДАН ФОЙДАЛАНИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


152. Газ таъминоти (газ узатиш) ташкилоти ва истеъмолчилар мазкур Қоидаларда белгиланган талабларни бузилишига йўл қўйилганлик учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

      

       




Қоидаларга

ИЛОВА



Табиий газни етказиб беришнинг алоҳида

тартиби белгиланадиган стратегик ташкилотлар

РЎЙХАТИ


I. Иссиқлик электр станциялари:


1. "Навоий ИЭС" АЖ


2. "Сирдарё ИЭС" филиали


3. "Тошкент ИЭС" АЖ


4. "Янги Ангрен ИЭС" АЖ


5. "Тошкент ИЭМ" филиали


6. "Фарғона ИЭМ" филиали


7. "Толимаржон ИЭС" АЖ


8. "Муборак ИЭМ" филиали


9. "Тахиатош ИЭС" АЖ


10. "Тўрақўрғон ИЭС" филиали


11. Акса Энержи Тошкент - 1 ИЭС


12. Акса Энержи Тошкент - 2 ИЭС


13. Акса Энержи Бухоро ИЭС


14. Женгиз Энержи Тошкент ИЭС


15. Женгиз Энержи Сирдарё ИЭС


16. Одаш Энержи Хоразм ИЭС


17. Аква Сирдарё - 2 ИЭС


18. ЭДФ Сирдарё - 3 ИЭС


19. Стоун Сити Энерди Сурхондарё ИЭС



II. Кимё саноати корхоналари:


1. "Навоийазот" АЖ


2. "Максам-Чирчиқ" АЖ


3. "Фарғонаазот" АЖ



III. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой

коммунал хўжалиги вазирлиги, "Иссиқлик электр станциялари"

АЖ ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасига

кирадиган иссиқлик ва электр энергиясини ишлаб

чиқариш ташкилотлари

        

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 6 июнь




























































































Время: 0.1985
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск