ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июнь, 2024 й. / Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.06.2024 й. ПФ-89-сон "Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

10.06.2024 й.

N ПФ-89



ТЕЗКОР-ҚИДИРУВ ҲАМДА ТЕРГОВ ФАОЛИЯТИДА

ШАХСНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ИШОНЧЛИ

ҲИМОЯ ҚИЛИШ КАФОЛАТЛАРИНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини "Инсон қадри учун" тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, суд-тергов амалиёти инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича самарали механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлиги, шунингдек, жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли таъминлаш чораларини кучайтириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.

"Ўзбекистон - 2030" стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида:


1. Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Адлия вазирлигининг 2025 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилсин:

жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар - тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш;

жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини киритиш;

жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгилаш;

тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш;

тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш.


2. Тергов судьясига қуйидаги жиноят материалларини, шу жумладан санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилсин:

а) қуйидагилар бўйича санкциялар:

қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;

қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома;

паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;

мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;

почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;

телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;

мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

б) қуйидагилар бўйича мажбурлов чоралари:

айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;

шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;

айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;

ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома;

в) прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаси.


3. Қуйидагилар тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

қонунчиликда белгиланган тартибда тергов судьясига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариш;

қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш;

фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш.


4. Белгилаб қўйилсинки:

тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди;

тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади;

тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раислари томонидан амалга оширилади.


5. Тергов судьяси лавозими учун штат бирликлари судларнинг мавжуд штат бирликлари ҳамда 2025-2027 йиллар учун ажратиладиган қўшимча штат бирликлари ҳисобидан шакллантирилсин.

Олий суд раиси Б. Исламов жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларининг иш ҳажмидан келиб чиқиб ажратиладиган штат бирликларининг чекланган сонини белгиласин.


6. Судьялар олий кенгаши Олий суд билан биргаликда 2025 йил 1 январга қадар тергов судьяси лавозими жорий этиладиган судларнинг юқори малакали ва масъулиятли кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин.


7. Олий суд Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни киритсин.


8. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Олий суд раиси Б.Д. Исламов белгилансин.

Фармон ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Д.Б. Кадиров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 11 июнь











































Время: 0.0061
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск