ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июнь, 2024 й. / Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари / Вазирликлар, қўмиталар фаолиятини ва таркибини тартибга солиш /

"Маҳалла еттилиги" аъзолари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маҳалла фуқаролар йиғини олдида ҳисобот бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.06.2024 й. 334-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 13 июндаги

334-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Маҳалла еттилиги" аъзолари томонидан амалга

оширилган ишлар бўйича маҳалла фуқаролар

йиғини олдида ҳисобот бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "маҳалла еттилиги" аъзолари - фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маҳалла фуқаролар йиғини (кейинги ўринларда - фуқаролар йиғини) олдида ҳисобот бериш тартибини белгилайди.


2. "Маҳалла еттилиги" аъзолари маҳалла доирасида амалга оширган ишлари бўйича тегишли фуқаролар йиғинларида ҳар чорак якуни бўйича ҳисобот беради.


3. "Маҳалла еттилиги" аъзоларининг ҳисобот бериш жараёнида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қўриқланадиган давлат, хизмат ва солиқ сирларининг муҳофаза қилиниши ҳамда фуқароларнинг шахсий ва оилавий сирларининг дахлсизлиги таъминланади.


4. "Маҳалла еттилиги" аъзоларининг ҳисоботлари юзасидан фуқаролар йиғинлари томонидан чиқарилган қарорлар уларнинг фаолияти баҳоланишида инобатга олинади.


5. "Маҳалла еттилиги" аъзолари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маҳалла фуқаролар йиғини олдида ҳисобот бериш мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. "МАҲАЛЛА ЕТТИЛИГИ" АЪЗОЛАРИНИНГ

ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ ОЛДИДА ҲИСОБОТ

БЕРИШ ЙЎНАЛИШЛАРИ


6. Фуқаролар йиғини раиси фуқаролар йиғини олдида қуйидаги йўналишлар бўйича ҳисобот беради:

фуқаролар йиғини томонидан қабул қилинган қарорлар ижроси;

маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилаш, шу жумладан, маҳалла ободлигини сақлаш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш;

маслаҳат марказлари фаолиятини ташкил этиш;

кам таъминланган оилалар, етим болалар, ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек, табиий офатлар ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган фуқароларга ёрдам кўрсатиш;

"маҳалла еттилиги"нинг коллегиал қарорлари асосида кўрсатилган ижтимоий ёрдам ва ажратилган субсидиялар;

кексалар, айниқса, ёлғиз кексаларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш, уларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, "Кексалар маслаҳати" гуруҳи фаолиятини ташкил этиш;

байрам кунлари ва муҳим саналар билан боғлиқ оммавий тадбирлар ўтказилишини ташкил қилиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;

маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасини шакллантириш, бошқа маблағлар ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайрияларини жалб этиш, шунингдек, жамғарма ва маблағлардан фойдаланиш;

маҳалла ҳудудидаги долзарб муаммолар, шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудга бириктирилган масъул ходимлари, сектор штаби аъзолари, йўл қурилиши, электр энергияси, газ, сув, канализация, коммунал ва ижтимоий соҳа вакилларининг ҳудудда амалга оширган ишлари натижалари юзасидан сектор раҳбари ва Халқ қабулхоналарига киритилган маълумотлар ҳамда улар бўйича кўрилган чоралар;

"маҳалла еттилиги"нинг бошқа аъзолари фаолиятини мувофиқлаштириш, баҳолаш ва уларни ҳудуддаги биринчи навбатда ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларни бартараф этишга йўналтириш ҳамда бу борада амалга оширилган жамоатчилик назорати натижалари;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахслари томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун мансабдор шахсларга жавобгарлик чораларини қўллаш юзасидан қонунда белгиланган тартибда тегишли давлат органлари ва ташкилотларга киритилган тақдимномалар ва уларнинг натижалари;

"маҳалла еттилиги"нинг бошқа аъзолари фаолияти натижалари бўйича халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига киритилган ахборот ва унинг натижалари.


7. Ҳоким ёрдамчиси қуйидаги йўналишлар бўйича ҳисобот беради:

аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг даромад манбаларини ва томорқа ерларидан самарали фойдаланишини ривожлантириш;

тадбиркорликни, шу жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ташаббускорларга кредит ва субсидиялар ажратиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларнинг тегишли давлат органлари ва ташкилотлар томонидан ҳал этилишини таъминлаш;

ишсизликнинг олдини олишга қаратилган чоралар кўриш, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, уларни бўш иш ўринларига жойлаштириш ёки мустақил фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш;

кооперация асосида етакчи тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратиш, уларга ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқароларни бириктириш;

аҳолига иссиқхона қуриш, суғориш қудуқларини бурғилаш, қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзо бўлиш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш, бино ва иншоотнинг ижара тўлови ҳамда касб-ҳунар ёки тадбиркорликка ўқиши учун субсидиялар ажратиш;

маҳалладаги бўш бино ва ер майдонларини тадбиркорлик субъектларига ажратиш бўйича тегишли ташкилотларга таклифлар киритиш;

меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларга реинтеграция ёрдами кўрсатилиши ва уларнинг расмий бандлиги таъминланиши;

ўзини ўзи банд қилган ҳамда ташаббускор фуқароларнинг тадбиркорликка қизиқишларини аниқлаш, уларни кичик бизнес субъектига айлантириш;

камбағал оилаларнинг ҳар бири учун "индивидуал дастур" ишлаб чиқиш ва уларнинг даромадини ошириш.


8. Ёшлар етакчиси қуйидаги йўналишлар бўйича ҳисобот беради:

маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, жумладан, уларни "Беш ташаббус олимпиадаси"да иштирок этишга жалб этиш;

ишсиз ёшлар ва мактаб битирувчилари бандлигига кўмаклашиш, жумладан, "Ёшлар бандлиги дастури"ни маҳаллада амалга ошириш;

давлат кўмагига муҳтож "оғир" тоифадаги ёшларга бириктирилган раҳбарлар билан биргаликда уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш;

ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан, шунингдек, профилактика инспектори билан биргаликда ҳукуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган вояга етмаганлар билан тизимли ишлаш;

"Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, шу жумладан, ёшларга кўрсатиладиган ёрдам турларидан самарали фойдаланиш;

хориждаги ватандош ёшлар билан ишлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш;

иқтидорли ёшларни излаб топиш, истеъдодини рўёбга чиқариш ва уларни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш;

ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, маҳалла ёшларини хорижий тилларни ўрганишга доимий қизиқтириб бориш.


9. Хотин-қизлар фаоли қуйидаги йўналишлар бўйича ҳисобот беради:

хотин-қизларни манзилли ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, таълим имкониятларини кенгайтириш ва маънавиятини янада юксалтириш;

миграциядан қайтган, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган хотин-қизларнинг ижтимоий мослашувига, улар билан манзилли ишлаш орқали зарур ёрдамлар олишларига кўмаклашиш;

ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш;

"Аёллар маслаҳат кенгашлари" билан ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашга кўмаклашиш;

"Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар билан манзилли ишлаш;

хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёллар билан ишлаш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш;

оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, соғлом овқатланиш ҳамда репродуктив саломатлик қоидаларини оммалаштириш;

олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар фаолларини давлат олий таълим муассасаларига сиртқи таълим шаклида давлат гранти асосида ўқишга тавсиянома бериш амалиётини жорий этиш;

хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини олиб бориш, ижтимоий ходим ва бошқа давлат хизматчилари билан ҳамкорликда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш.


10. Профилактика инспектори қуйидаги йўналишлар бўйича ҳисобот беради:

маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш;

маҳалла ҳудудидаги криминоген вазиятни мунтазам равишда ўрганиб бориш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича қонунчилиқда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш;

аҳоли, айниқса, ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш;

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган фуқароларга ҳимоя ордерини бериш ва назоратни ўрнатиш;

вояга етмаганлар ва ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, терроризм, экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоялашга йўналтирилган ишларни амалга ошириш;

бириктирилган ҳудудида паспорт режими қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

пробация ҳисобида турган шахсларни хулқ-атворини назорат қилиш, ўрнатилган чекловларга риоя этишини текшириш, шунингдек, янги жиноят содир этишининг олдини олишда пробация инспекторларига кўмаклашиш;

узоқ муддатга кетган шахслар ҳисобини юритиш, уларнинг қариндошлари билан ишлаш, узоқ муддат мобайнида чет элда бўлиб қайтган шахслар билан профилактик ишларни амалга ошириш.


11. Ижтимоий ходим қуйидаги йўналишлар бўйича ҳисобот беради:

ота-она қарамоғисиз қолган болаларни аниқлаш, уларга васийлик ва ҳомийлик белгилаш ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар билан ишлаш;

ногиронлиги белгиланмаган шахсларни аниқлаш, уларга кунлик реабилитация хизматларини кўрсатиш, муҳтожларни протез-ортопедия мосламалари билан таъминлаш;

ўзгалар парваришига муҳтож кексалар билан ишлаш ва уларнинг кунлик ҳаёт тарзини ижтимоий хизмат кўрсатиш орқали яхшилаш;

кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларни аниқлаш уларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш;

хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар хонадонидаги аҳволни ўрганиш, оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш, уларнинг ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжи аниқлаш, шу жумладан, уларнинг болаларига таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишга ёрдам бериш.


12. Солиқ инспектори қуйидаги йўналишлар бўйича ҳисобот беради:

солиқ базасини кенгайтириш;

тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахсларни кичик бизнес тоифасига ўтказиш;

мол-мулк, ер ва даромад солиғини тўловчи шахсларнинг ўз вақтида тўлашларини назорат қилиш;

солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш;

аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар томонидан нақд пул тушумининг тўлиқ ва ўз вақтида топширилиши устидан мунтазам назоратни таъминлаш;

солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда кўмаклашиш;

тадбиркорларга солиқ хизматларини кўрсатиш, солиқларни ундириш ва маҳалла бюджетининг даромадини шакллантириш;

солиқ маъмурятчилигини маҳалла даражасида ташкил этиш, солиққа оид ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш юзасидан профилактика тадбирларини ўтказиш;

солиқ қонунчилигини бузиш ҳолатлари ҳамда уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар.



3-БОБ. "МАҲАЛЛА ЕТТИЛИГИ" АЪЗОЛАРИНИНГ

ҲИСОБОТИ МАҲАЛЛА ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИДА

КЎРИБ ЧИҚИЛИШИ


13. "Маҳалла еттилиги" аъзоларининг ҳисоботи фуқаролар йиғинида ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасигача эшитилади.

"Маҳалла еттилиги" аъзоларининг ҳисоботини эшитиш бўйича фуқаролар йиғинини чақиришга ҳамда йиғилиш кун тартибини ишлаб чиқишга фуқаролар йиғинининг қарорларини бажариш ва фуқароларнинг йиғинлари оралиғидаги даврда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жорий фаолиятини амалга оширишни таъминлаш мақсадида шакллантириладиган коллегиал ижро органи - фуқаролар йиғини кенгаши масъул ҳисобланади.

Фуқаролар йиғини мажлиси кун тартиби ва регламенти мажлис бўлиб ўтадиган кундан камида бир ҳафта олдин фуқаролар йиғини кенгаши томонидан тасдиқланади.


14. Фуқаролар йиғини мажлиси Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Қонунида белгиланган тартибда ташкил этилади ва ўтказилади.

"Маҳалла еттилиги" аъзолари ҳисоботини эшитиш бўйича ўтказиладиган фуқаролар йиғини мажлиси фуқаролар йиғинида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг ярмидан кўпроғи ҳозир бўлган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.


15. Фуқаролар йиғинини чақиришнинг имкони бўлмаган тақдирда, "Маҳалла еттилиги" аъзоларининг ҳисоботи қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролар вакилларининг йиғилишида эшитилади.


16. Фуқаролар йиғини мажлисида "маҳалла еттилиги" аъзоларининг ҳисоботи билан бир қаторда уларнинг кейинги чоракда амалга ошириш режалаштирган вазифалари тўғрисидаги маълумот ҳам эшитилади.


17. Фуқаролар йиғинига (фуқаролар вакиллари йиғилишига) "маҳалла еттилиги" аъзоларининг юқори турувчи ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокими, сектор раҳбарлари, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлими раҳбари, давлат органлари ва ташкилотларнинг вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари таклиф этилиши мумкин.


18. Фуқаролар йиғини мажлисини олиб бориш учун раёсат сайланади. Фуқаролар йиғини мажлисини фуқаролар йиғинининг раиси ёки раиснинг маслаҳатчиларидан бири олиб боради.

Фуқаролар йиғини раиси ҳисобот берадиган мажлисда фуқаролар йиғини раисининг маслаҳатчиларидан бири раислик қилади.

Барча масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.


19. Фуқаролар йиғини мажлисида йиғилиш ўтказилган сана, ҳозир бўлган фуқаролар сони, кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар кўрсатилган баённома юритилади.

Фуқаролар йиғини мажлиси баённомаси ва қарори фуқаролар йиғинининг раиси ёки мажлисда раислик қилган унинг маслаҳатчиларидан бири томонидан имзоланади.



4-БОБ. "МАҲАЛЛА ЕТТИЛИГИ" АЪЗОЛАРИНИНГ

ҲИСОБОТИ БЎЙИЧА КЎРИЛАДИГАН ЧОРАЛАР


20. "Маҳалла еттилиги" аъзоларининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) қарори нусхаси 3 кун муддатда тегишли чораларни кўриш учун:

фуқаролар йиғини раисини рағбатлантириш, интизомий тартибда жазолаш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этиш масалаларини кўриб чиқади;

ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторини рағбатлантириш ёки уларга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш учун уларнинг иш берувчи қори турувчи) ташкилотига тақдим этилади.


21. Фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) қарори, йўлланган тақдимнома ҳамда хатлари уларни қабул қилган давлат органлари ва ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши, 15 кун муддат ичида фуқаролар йиғинига жавоб берилиши шарт.


22. "Маҳалла еттилиги" аъзолари ҳисоботини фуқаролар йиғинида муҳокама қилиш натижалари, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакиллари йиғилиши) қарорида кўрсатилган масалалар бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлар томонидан кўрилган чоралар тўғрисида таҳлилий ахборот фуқаролар йиғинлари томонидан ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг якунига қадар сектор раҳбари, Халқ қабулхоналари, тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига киритиб борилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


23. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



"Маҳалла еттилиги" аъзолари томонидан амалга

оширилган ишлар бўйича маҳалла фуқаролар

йиғини олдида ҳисобот бериш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар



1-босқич

Фуқаролар йиғини кенгаши


1. Фуқаролар йиғинини чақиради.



Ҳар чоракда


2. Фуқаролар йиғини мажлиси кун тартиби ва регламентини ишлаб чиқади.



Мажлис кунидан камида бир ҳафта олдин


3. Йиғилиш ўтказиладиган жойи, вақти ва кун тартибидаги масалалар юзасидан иштирокчиларни хабардор қилади.


Мажлис кунидан камида 5 кун олдин







2-босқич

Фуқаролар йиғини


1. "Маҳалла еттилиги" аъзоларининг ўзларига бириктирилган маъмурий ҳудуд бўйича ҳисоботини эшитади.



Ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар


2. "Маҳалла еттилиги" аъзоларининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича қарор қабул қилади.



1 кун муддатда


3. Қарорни Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг тегишли туман (шаҳар) бўлимига ҳамда "Маҳалла еттилиги" аъзоларининг иш берувчи (юқори турувчи) ташкил отига тақдим этади.


3 кун муддатда







3-босқич

Давлат органлари ва ташкилотлар


Фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) қарори кўриб чиқилиши натижалари юзасидан фуқаролар йиғинига жавоб беради.


15 кун муддатда









4-босқич

Фуқаролар йиғини


"Маҳалла еттилиги" аъзолари ҳисоботини муҳокама қилиш натижаларини, фуқаролар йиғини қарорида кўрсатилган масалалар бўйича тугишли давлат органлари ва ташкилотлар томонидан кўрилган чоралар тўғрисида таҳлилий ахборотни сектор раҳбари, Халқ қабулхоналари, тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига киритиб боради.


Ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг якунига қадар



       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 14 июнь




































Время: 0.0100
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск