ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июнь, 2024 й. / Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари / Вазирликлар, қўмиталар фаолиятини ва таркибини тартибга солиш /

Кўчабоши ва уйбошиларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Намунавий низом (ЎзР ВМ 13.06.2024 й. 334-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 13 июндаги

334-сон қарорига

2-ИЛОВА



Кўчабоши ва уйбошиларнинг фаолиятини

ташкил этиш тартиби тўғрисидаги

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Намунавий низом фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида кўчабоши ва уйбошиларни сайлаш, уларнинг мақомини, асосий вазифалари ва функцияларини ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Намунавий низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


кўчабоши - фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўчаларнинг локал (маҳаллий) жойлашуви бўйича уларда яшовчи аҳолининг умумий йиғилишида сайланган ва ўзига бириктирилган кўча аҳолиси номидан фуқаролар йиғинида доимий фаолият олиб борадиган фуқаро;


тегишли ҳудуд - фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўчалар, кўп квартирали уйлар;


уйбоши - фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп квартирали уйларнинг локал (маҳаллий) жойлашуви бўйича уларда яшовчи аҳолининг умумий йиғилишида сайланган ва ўзига бириктирилган уй аҳолиси номидан фуқаролар йиғинида доимий фаолият олиб борадиган фуқаро;


фуқаролар йиғини кенгаши - фуқаролар йиғини (фуқаролар вакиллари йиғилиши) қарорларини бажариш ва фуқаролар йиғинлари оралиғидаги даврда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жорий фаолиятини амалга оширишни таъминлаш мақсадида шакллантириладиган коллегиал ижро органи.


3. Кўчабоши ва уйбоши сифатида ўн саккиз ёшга тўлган ва тегишли ҳудудда доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайланиши мумкин.

Кўчабоши ва уйбоши сифатида сайлашда номзодларнинг ташкилотчилик қобилияти, ҳаётий тажрибаси ва тегишли ҳудуд аҳолиси ўртасида обрў-эътиборга эга бўлишига устунлик берилади.


4. Кўчабоши ва уйбошилар ўз фаолиятини жамоатчилик асосида юритади.


5. Кўчабоши ва уйбошиларни рағбатлантириш тариқасида уларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича ҳар ойда компенсация тўловлари Вазирлар Маҳкамасининг "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларни рағбатлантириш тартибини жорий этиш тўғрисида" 2021 йил 23 февралдаги 99-сон қарори асосида тўланади.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаол меҳнат қилаётган кўчабоши ва уйбошиларни рағбатлантириш тариқасида пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирлаши, давлат ва бошқа мукофотларга тавсия этиши мумкин.


6. Кўчабоши ва уйбошиларнинг фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги низом фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан тасдиқланади.



2-БОБ. КЎЧАБОШИ ВА УЙБОШИ САЙЛОВИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


7. Кўчабоши ва уйбошилар сайлови фуқаролар йиғини кенгаши томонидан қабул қилинадиган қарор асосида ўтказилади.


8. Кўчабоши ва уйбошилар сайлови тегишли ҳудудда доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг фуқаролар йиғини раиси раҳбарлигидаги йиғилишда (кейинги ўринларда - йиғилиш) очиқ овоз бериш орқали ўтказилади.


9. Кўчабоши ва уйбоши сайловини ташкил этиш ва ўтказиш санаси, вақти, жойи ҳамда номзодлар тўғрисидаги ахборот фуқаролар йиғини раиси ёки унинг маслаҳатчилари томонидан сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин тегишли ҳудуд фуқаролари эътиборига етказилади.


10. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган ҳамда тегишли ҳудудда доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқаролар (кейинги ўринларда - сайловчилар) кўчабоши ва уйбошини сайлаш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир сайловчи бир овозга эга бўлади.

Агар кўчабоши ва уйбоши сайловида сайловчиларнинг ярмидан камроғи иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб ҳисобланади.


11. Кўчабоши ва уйбоши сайловчилар томонидан беш йил муддатга сайланади.


12. Ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар саноғи фуқаролар йиғини раиси томонидан юритилади.

Сайлов очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилишига фуқаролар йиғини раиси масъул ҳисобланади.

Сайлов натижаси бўйича йиғилиш баённомаси тузилади. Баённома фуқаролар йиғини раиси ва сайловчилар томонидан имзоланади.


13. Сайловчиларнинг ярмидан ортиқ овозини олган номзод кўчабоши ва уйбоши этиб сайланган ҳисобланади.


14. Кўчабоши ва уйбоши сайловини ўтказиш жараёни видеокузатув мосламалари орқали қайд қилиниши ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёритиб борилиши мумкин.


15. Кўчабоши ва уйбошиларнинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилиши мумкин:

ўз вазифаларини зиммасидан соқит қилганда;

умумқабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларини қўпол равишда бузувчи, фуқаролар йиғини обрўсига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар ва ножўя ишлар содир этган, шунингдек, ўз вазифаларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаган тақдирда;

кўчабоши ва уйбоши вазифасидан озод этиш тўғрисидаги сайловчиларнинг ярмидан ортиғи томонидан ёзма шаклда берилган мурожаати мавжуд бўлганда;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда ва (ёки) яшаётган ҳудудидан бошқа ҳудудга кўчиб ўтганда;

соғлиғи ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;

вафот этганда.


16. Кўчабоши ва уйбошиларнинг ваколати муддатидан илгари тугатилган тақдирда, янги сайловлар тегишли фуқаролар йиғини кенгаши қарори асосида ушбу Намунавий низом талабларига риоя этилган ҳолда ўтказилади.



3-БОБ. КЎЧАБОШИ ВА УЙБОШИЛАРНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ, ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


17. Қуйидагилар кўчабоши ва уйбошининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўзига бириктирилган кўчалар ёки кўп квартирали уйларда яшовчи аҳолининг рўйхатини шакллантириш;

оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни ҳал қилиш бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

"Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" мезонларини жорий этишга кўмаклашиш, шунингдек, ўзига бириктирилган кўчалар ёки кўп квартирали уйлар атрофини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, таъмирлаш, шунингдек, болалар майдончаларини ташкил этиш ва жиҳозлашга доир чора-тадбирлар режалари лойиҳаларига таклифлар киритиш;

аҳоли тинчлиги ва хотиржамлигига хавф туғдирувчи ҳолатлар ҳақида фуқаролар йиғини раиси, профилактика инспекторига хабар бериш;

фуқаролар йиғини кенгашининг аъзоси сифатида йиғилишларда аҳолининг истакларини ва ўз таклифларини билдириш;

аҳолини ихтиёрийлик асосида ҳашар ва ободонлаштириш тадбирларига жалб этишга кўмаклашиш;

ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга, боқувчисини йўқотган оилаларга, нотинч ва муаммоли оилаларга ёрдам кўрсатиш;

тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича фуқаролар йиғини кенгашига таклифлар киритиш;

аҳоли томонидан иссиқлик ва электр энергиясидан, иссиқ ва совуқ сувдан тежамли фойдаланишларини тарғиб қилиш, тегишли ҳудудни намунали сақлашга кўмаклашиш.


18. Кўчабоши ва уйбошилар ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фаолияти учун зарур бўлган маълумотларни тегишли ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраб олиш;

тегишли ҳудудда оилалар ва муайян шахсларга ёрдам бериш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва иш жараёнида унга ўзгартириш киритиш;

фаолият йўналишига оид у ёки бу масалалар юзасидан қабул қилган қарорларини кўриб чиқиш учун фуқаролар йиғини кенгашига тақдим этиш;

ушбу Намунавий низомда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида тадбир ва машғулотларга давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакилларини, малакали мутахассисларни ва бошқа шахсларни жалб қилиш.


19. Кўчабоши ва уйбошилар:

ўз фаолиятида қонунчилик ҳужжатларига, мазкур Намунавий низом талабларига қатъий риоя қилиши;

тегишли ҳудуддаги кўча ва кўп квартирали уйларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этишга кўмаклашиши;

мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли ҳудудда фуқаролар билан ишлашда фаол иштирок этиши;

қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган ҳолларда тегишли органларга хабар бериши шарт.


20. Кўчабоши ва уйбошиларга ушбу Намунавий низомда назарда тутилганидан ташқари қўшимча вазифалар юкланишига йўл қўйилмайди.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Кўчабоши ва уйбошилар фаолияти билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


22. Мазкур Намунавий низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 14 июнь










































Время: 0.0292
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск